язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2019 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ устамалар тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.09.2019 й. 743-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 сентябрдаги

743-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ

устамалар тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ устамалар тўлаш тартиби ва миқдорларини тартибга солади.


2. Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамалар белгиланадиган ходимлар касблари ва лавозимлари рўйхати, шунингдек, устамалар миқдори иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда белгиланади ва коллектив шартномада кўрсатилади.


3. Кўчма ёки қатнаш тусидаги ишларнинг хусусияти ва устамалар миқдори иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасида кўрсатилади.


4. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган миқдорлардан ошмайдиган миқдорлардаги кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамаларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди ва ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишни талаб қиладиган барча ҳоллар учун ходимнинг ўртача иш ҳақини аниқлашда ҳисобга олинмайди.


5. Ушбу Низомда назарда тутилган миқдорлардаги кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамалар маҳсулотлар (хизматлар) таннархида ҳисобга олинади.


6. Ушбу Низомда белгиланган миқдорлардан ошадиган кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинади ва буюртмачи билан келишув бўйича ишларни (хизматларни) бажариш учун сметага киритилади.



2-БОБ. УСТАМАЛАР ВА УЛАРНИНГ

МИҚДОРЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ШАРТЛАРИ


1-§. Ишнинг кўчма хусусияти


7. Ишнинг кўчма хусусияти учун устама ташкилот жойлашган аҳоли пунктидан ташқаридаги хизмат кўрсатиладиган ҳудуд доирасида мунтазам хизмат сафарларини амалга ошириш билан боғлиқ ишни, ташкилот жойлашган жойдан анча олисда жойлашган, бироқ ҳар куни яшаш жойига ёки ташкилот жойлашган жойга қайтиб келиш мумкин бўлган объектларда ишни бажарувчи ходимларга, шунингдек, доимий иши йўлда ўтадиган ходимларга белгиланади.


8. Ишнинг кўчма хусусияти учун устама:

а) ташкилот жойлашган жойдан иш (объект) жойигача бориш ва у ердан қайтиш учун бир кунда кетадиган вақт камида 3 соатни ташкил этадиган ва иш вақтидан ташқари амалга оширадиган ҳолларда - қонун ҳужжатларида белгиланган суткалик миқдорларнинг 80 фоизигача, шу жумладан, 80 фоизи миқдорида, 3 соатдан камни ташкил этадиган ҳолларда эса - 40 фоизигача, шу жумладан, 40 фоизи миқдорида;

б) иш йўлда бажариладиган кўчиб юришларда - йўлда бўладиган ҳар сутка учун ойлик тариф ставкасининг ёки лавозим маошининг 1,5 фоизи миқдорда, йўловчи поездларида, почта-багаж поездларида, йўловчи поездлари ва почта вагонларининг вагон-ресторанларида (кафе-буфетларида) хизмат кўрсатадиган ходимларга - 3 фоизи миқдорда;

в) бир ойда 12 ва ундан ортиқ кун давомида сафарда бўладиган ходимларга - қонун ҳужжатларида белгиланган суткалик миқдорлар нормасининг 25 фоизигача ва унгача бўлган миқдорида, бир ойда 12 кундан кам сафарда бўладиган ходимларга эса - кўчма хусусиятга эга шароитларда ишланган суткалар учун ойлик тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 15 фоизигача, шу жумладан, 15 фоизи миқдорида тўланади.

Ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган устама хизмат сафарлари ҳақиқатда амалга оширилган кунлар учун тўланади.

Ушбу банднинг "а" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган устаманинг аниқ миқдори тузилган коллектив шартномага мувофиқ белгиланади.

Ушбу банднинг "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган устама ходим ишлайдиган ташкилот жойлашган жойдан жўнаб кетиб у ерга қайтиб келгунигача тўланади. Бунда ходимлар йўлда ўтказган 12 соатдан ортиқ, бироқ ярим суткадан кам бўлган вақт бир сутка деб ҳисобга олинади.


9. Ишнинг кўчма хусусияти устама фақат ходим амалда кўчма хусусиятга эга иш бажарган кунлар учун тўланади.

Ишнинг кўчма хусусияти учун устаманинг аниқ миқдори тузилган коллектив шартномага мувофиқ белгиланади. Бунда устама миқдори республика ҳудудида белгиланган бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак.


10. Доимий иши кўчма (қатнаш) хусусиятга эга бўлган ходимларнинг хизмат юзасидан сафарда иш бажариши хизмат сафари деб ҳисобланмайди. Кўчма хусусиятга эга бўлган иш учун устамалар тўланадиган ходимларга хизмат сафарига юборилган ходимлар учун назарда тутилган суткалик устамалар тўланмайди.


11. Ишнинг кўчма хусусияти учун устамадала устамаси, ишнинг кўчма хусусияти учун устамалар, бепул озиқ-овқат ёки унинг ўрнига пул таъминоти оладиган ҳамда вахта усулидаги иш учун устама оладиган ходимларга тўланмайди.



2-§. Ишнинг қатнаш хусусияти


12. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама ишлаб чиқариш зарурати туфайли ҳар куни доимий яшаш жойига қайтиб кела олмайдиган ходимларга уларнинг доимий яшаш жойидан узилганлиги билан боғлиқ ошган харажатларни қоплаш мақсадида белгиланади.


13. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама бажарилаётган ишнинг қатнаш шартлари ва хусусияти туфайли ҳар куни доимий яшаш жойига қайтиб кела олмайдиган ходимларга олис объектларда (иш бажариладиган жойларда) ишланган календарь кунлар учун ва ташкилот жойлашган жойдан иш бажариладиган жойгача ва у ердан ташкилот жойлашган жойгача амалда йўлда бўлган кунлар учун тўланади.


14. Олис объектларда бўлган кунлар учун қатнаш хусусиятига эга иш учун устама ҳар бир тўлиқ ишланган иш куни (смена) учун ходим кунлик ставкасининг 30 фоизигача бўлган миқдорда тўланади.

Ишнинг қатнаш хусусияти учун устаманинг аниқ миқдори тузилган коллектив шартномага мувофиқ белгиланади. Бунда устама миқдори республика ҳудудида белгиланган бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак.


15. Йўлда бўлган кунлар учун ташкилотда белгиланган иш куни нормал муддати ҳисоб-китобидан келиб чиққан кунлик тариф ставкаси тўланади. Бунда иш жойигача ва у ердан қайтгунгача йўлда бўлган кунлар иш вақти нормасига киритилмайди.

Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама ходимга доимий яшаш жойидан ташқарида вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган ва касаллик варақаси берилган кунлар учун ҳам тўланади.


16. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама:

меҳнат таътилида ёки ижтимоий таътилда бўлган вақт учун;

узрли сабабларсиз ишга чиқмаган кунлар учун;

вахта усулида иш бажарувчи ходимларга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ муқобил хизматни ўтаётган ходимларга тўланмайди.


17. Ходим хизмат сафарига юборилса, унга устама тўлаш тўхтатилади, хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар эса қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланади.


18. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама дала устамаси, ишнинг кўчма хусусияти учун устамалар, бепул озиқ-овқат ёки унинг ўрнига пул таъминоти оладиган ҳамда вахта усулидаги иш учун устама оладиган ходимларга тўланмайди.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Кўчма ёки қатнаш тусидаги ишда транспорт воситаси иш берувчи томонидан берилмаганда ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан сарфланган йўлкира харажатлари ва бошқа харажатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.


20. Кўчма ва қатнаш тусидаги иш учун устамалар тўғри белгиланиши ва тўланиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбари ва бош бухгалтерига юкланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 сентябрь