ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Аҳолининг барча қатламларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.09.2019 й. 754-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 сентябрдаги

754-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аҳолининг барча қатламларини фавқулодда

вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро

муҳофазаси соҳасида тайёрлаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом аҳолининг барча қатламларини табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларда (кейинги ўринларда фавқулодда вазиятлар деб аталади) ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


комплекс ўқув машқлари - объектлар раҳбарларини, қутқарув тузилмалари вафуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзоларини, улар таркибига кирмаган ишчи ва хизматчиларини, ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмаган ҳолда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича комплекс тадбирларни бажаришга тайёрлашнинг асосий шакли;


қўмондонлик-штаб ўқув машқлари - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда ФВДТ деб аталади) барча даражалардаги раҳбарларини ва бошқарув органларини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда бартараф этиш ишларига раҳбарлик қилишга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг олий шакли;


махсус-тактик ўқув машқлари - қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни бажаришга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий ва самарали шакли;


объект ўқув машғулотлари - объектлар раҳбарлари, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, тузилмалар таркибига кирмаган ишчи ва хизматчиларга фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича назарий тайёрлашнинг асосий шакли.


3. Қуйидагилар аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш;

қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлаш;

аҳолини, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаганларни, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари талабаларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва усулларига ўргатиш.

4. Барча аҳоли қатламлари қуйидаги тоифаларга бўлинган ҳолда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёргарликдан ўтказилади:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган аҳоли, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ходимлари, ишчи ва хизматчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари (кейинги ўринларда ҳарбий хизматчилар деб аталади);

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари;

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар.


5. Аҳолининг барча тоифаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш (кейинги ўринларда аҳолини тайёрлаш деб аталади) ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


6. Аҳолини тайёрлаш, тоифалар доирасида ташкил этиладиган гуруҳлар таркибида, қуйидаги тартибда амалга оширилади:


а) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган аҳоли, шунингдек, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ходимлари, ишчи ва хизматчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар:

давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари - ФВДТнинг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича йиллик асосий тадбирлар режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан ўтказиладиган йиғинлар ва ўқув машқларида;

республика ва вилоят миқёсидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул мутахассислари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари - 3 йилда бир марта жамлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтининг (кейинги ўринларда Фуқаро муҳофазаси институти деб аталади) малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;

туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги ташкилотлар раҳбарларива масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раҳбарлари - 3 йилда бир марта жамлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади), шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказларининг (кейинги ўринларда ҳудудий марказлар деб аталади) малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида;

ташкилотларнинг ходимлари, ишчива хизматчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар - доимий равишда тайёрлаш дастурларига мувофиқ, хизмат ва ишдан ажралмаган ҳолда, хизмат ва иш жойларида ташкил этиладиган объект ўқув машғулотларида тайёргарликдан ўтказилади;


б) мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари:

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари - доимий равишда мактабгача таълимнинг мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим-тарбия жараёнида муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари - ўқув йили давомида, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқиш жараёнида дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий марказларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларда;

ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари - ўқув йили давомида, ўрта махсус, профессионал таълим ва олий таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқиш жараёнида дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, ҳудудий марказларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларда тайёргарликдан ўтказилади;

в) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар - мунтазам равишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган ўқув-маслаҳат пунктларида суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмаларни тарқатиш, радио ва теледастурларни эфирга узатиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида соҳага оид маълумотларни жойлаштириш орқали;

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар - ташриф давомида, уларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш, йўриқнома, буклет ва эслатмаларни тарқатиш орқали тайёргарликдан ўтказилади.


7. Аҳолини тайёрлаш инновацион технологияларни, уйғунлаштирилган ҳамда масофадан ўқитиш услубларини, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, шунингдек, мустақил ўрганиш орқали амалга оширилади.



3-БОБ. АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ ШАКЛЛАРИ

ВА ДАВРИЙЛИГИ


8. Аҳолини тайёрлаш, уларнинг назарий билимларини ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ФВДТ куч ва воситаларининг ҳамкорликда ҳаракат қилишини такомиллаштириш, шунингдек, тайёргарлик даражасини баҳолаш қуйидаги шакллардаги тадбирларни ўтказиш орқали амалга оширилади:

Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида - 5 йилда бир марта уч кеча-кундузгача;

туманлар ва шаҳарларда - 3 йилда бир марта уч кеча-кундузгача;

давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларда - 1 йилда бир марта бир кеча-кундузгача;

қўмондонлик-штаб ўқув машқларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (кейинги ўринларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги деб аталади) тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунадиган куч ва воситалар жалб этилиши мумкин;

Махсус-тактик ўқув машқлари:

ташкилотларда - 3 йилда бир марта олти соатгача;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларда - 1 йилда бир марта олти соатгача.

Комплекс ўқув машқлари:

ходимлар сони 200 дан ортиқ бўлган ташкилотларда ҳамда 400 дан ортиқ ўринга эга бўлган даволаш-профилактика муассасаларида - 2 йилда бир марта бир кеча-кундузгача;

қолган ташкилотларда - 2 йилда бир марта олти соатгача.

Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ўтказиладиган ўқув машқларига ушбу объектларнинг хавфи доирасига тушувчи ҳудудда яшаётган аҳоли жалб этилади.

"Ёш қутқарувчи" мусобақалари умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларида 1 йилда бир марта ўтказилади.

Ўқув машқлари, машғулотлар ва мусобақалар, шунингдек, бошқа амалий тадбирларга жалб қилинаётган ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислари, қутқарув тузилмалари шахсий таркиби ва аҳоли хавфсизлик қоидалари билан таништирилиши зарур.



4-БОБ. АҲОЛИНИНГ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ЁНҒИНЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ

БЎЙИЧА ТАЙЁРГАРЛИГИНИ ОШИРИШ ҲАМДА

ФАОЛ ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ


9. Ҳар хафтанинг чоршанба кунлари ташкилотларда ва маҳаллаларда аҳолининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси бўйича тайёргарлигини ошириш ҳамда фаол иштирокини таъминлаш тадбирлари ўтказилади.

ФВДТ таркибидаги вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан ушбу кун давомида қуйидаги асосий тадбирлар кенг қамровда амалга оширилади:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган аҳоли, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари билан семинарлар ва мавзули ўқув машғулотлари ўтказилади, уларга тарғибот-ташвиқот материаллари тарқатилади ва зарур тадбирлар юзасидан тавсиялар берилади;

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли билан суҳбатлар ўтказилади, маърузалар ўқилади, уларга эслатмалар, буклетлар ва лифлетлар тарқатилади, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, ёнғинларга олиб келадиган омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, улар содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш усуллари ўргатилади;

аҳоли кўп тўпланадиган жойларда ва жамоат транспортида фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган плакатлар, шунингдек, улардаги мавжуд таблолар ва мониторларга, Интернет сайтларига ижтимоий роликлар жойлаштирилади;

оммавий ахборот воситалари орқали ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар эфирга узатилади, соҳага оид долзарб масалалар бўйича давра суҳбатлари ўтказилади, радиоэшиттиришлар узатилади ва мақолалар чоп этилади.



5-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ

ВА МАҲАЛЛИЙ ИЖРОИЯ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ


10. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини тайёрлаш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини тайёрлаш соҳасида:

ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади, тадбирларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ташкилий кўрсатмалар ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади ва келишади;

ўқув машқлари, машғулотлари ва бошқа тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилади ва кенг фойдаланилишини ташкил этади;

тизимидаги аҳолини тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасаларнинг тингловчилар билан жамлаш режаларини тегишли давр учун шакллантиради ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғига киритади.


11. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари аҳолини тайёрлаш соҳасида:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахсларни, шунингдек, тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ишчи ва хизматчиларини тайёрлаш тадбирларини ташкил этади ва назорат қилади;

ўқув-амалий тадбирларни ташкил этади ва ўтказади, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишини таъминлайди;

ўқув-методик ва тарғибот материаллари чоп этилишини ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳолига тарқатилишини ташкил этади;

маҳаллий аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги тегишли ахборот ва маълумотлар билан таъминлайди.



6-БОБ. ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ

ВА БОШҚА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АҲОЛИНИ

ТАЙЁРЛАШ СОҲАСИДА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар аҳолини тайёрлаш соҳасида:

раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари белгиланган тартибда тайёргарликдан ўтишини таъминлайди;

ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этилган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзолари, ходимлар, ишчива хизматчиларнинг ўртача иш ҳақи сақланишини таъминлайди;

белгиланган дастурлар асосида қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзолари, ходимлари, ишчи ва хизматчиларини ўқитади ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга шай бўлиш даражасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлайди;

ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ўқув-моддий база (ўқув хонаси, зарур кўргазмали ўқув қуроллари ва дарсликлар) билан таъминлайди;

қайта тайёргарлик ва малака ошириш ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари рўйхатини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этади.



7-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ

ОРГАНЛАРИНИНГ АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ

СОҲАСИДАГИ ИШТИРОКИ


13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини тайёрлаш соҳасида:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар билан суҳбатлар, маърузалар ва учрашувларни ташкил этади ва ўтказади;

ФВДТ хизматлари томонидан тайёрланган эслатмалар, методик қўлланмалар ва бошқа тарғибот материалларини тарқатади;

ўқув машқлари ва машғулотларга маҳаллий аҳолини жалб қилади.



8-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ

СОҲАСИДА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Фуқаролар аҳолини тайёрлаш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан, ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларда аҳолини муҳофаза қилиш учун мўлжалланган бошқа мол-мулкидан фойдаланишни ўрганиш;

фуқаро муҳофазаси тадбирларини бажаришда иштирок этиш ва тегишли тайёргарликдан ўтиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида билим олиш ҳамда ўқув машқларида иштирок этиш;

ўқув машқлари ва машғулотлар давомида ўзлари дуч келиши мумкин бўлган хавф тўғрисида хабардор қилиниш ҳамда техника, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқномалар олиш;

ўқув машқлари ва машғулотларда иштироки жараёнида соғлиғига етказилган зарарни қонунчиликда белгиланган тартибда қоплатиш.


15. Фуқаролар аҳолини тайёрлаш соҳасида:

муҳофазаланишнинг асосий усулларини билиш, фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсата олиш ҳамда ўз билим ва амалий кўникмаларини ошириб боришга;

фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ва содир бўлганда огоҳлантириш сигналларини, ҳаракат қилиш тартибини, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидаларини билишга мажбур.

Фуқаролар аҳолини тайёрлаш соҳасида қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



9-БОБ. АҲОЛИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАДБИРЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


16. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, улар таркибига кирмаган ходим ва хизматчиларни ҳамда ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, шунингдек, улар томонидан ўтказиладиган ўқув машқлари ва машғулотларни молиялаштириш, ушбу ташкилотларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


17. Нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, улар таркибига кирмаган ишчи ва хизматчиларни тайёрлашни молиялаштириш уларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


18. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларни тайёрлашни молиялаштириш маҳаллий бюджетлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


19. Фуқаро муҳофазаси институти, Марказ ҳамда ҳудудий марказларда шартнома асосида аҳолини тайёрлаш нархлари (прейскуранти) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Аҳолининг барча қатламларини фавқулодда

вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро

муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби

СХЕМАСИ

Аҳоли тоифаси

Тайёргарликдан

ўтадиган гуруҳлар


Даврийлиги


Тайёрлаш жойи

ва шакли

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган аҳоли, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ходимлари, ишчи ва хизматчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар

Давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари


ФВДТнинг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича йиллик асосий тадбирлар режасига мувофиқ


Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан ўтказиладиган йиғинлар ва ўқув машқларида








Республика ва вилоят миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул мутахассислари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари


3 йилда бир марта, жамлаш режасига мувофиқ


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида








Туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раҳбарлари


3 йилда бир марта, жамлаш режасига мувофиқ


Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари Хаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида








Ташкилотларнинг ходимлари, ишчи ва хизматчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар


Доимий равишда, тайёрлаш дастурларига мувофиқ


Хизмат ва ишдан ажралмаган ҳолда, хизмат ва иш жойларида ташкил этиладиган ўқув машғулотларида









Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасаларининг талабалари

Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари


Доимий равишда мактабгача таълимнинг мактабгача таълим ва тарбия давлат стандартининг ва ўқув дастурларига мувофиқ


Таълим-тарбия жараёнида муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда








Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари


Ўқув йили давомида, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ


Ўқиш жараёнида дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий марказларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларда








Ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари


Ўқув йили давомида, ўрта махсус, профессионал таълим ва олий таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ


Ўқиш жараёнида дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, ҳудудий марказларнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларда









Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар


Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган йиллик асосий тадбирлар режаси асосида


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган ўқув-маслаҳат пунктларида суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмаларни тарқатиш, радио ва теледастурларни эфирга узатиш ҳамда жаҳон Интернет тармоғида соҳага оид маълумотларни жойлаштириш орқали








Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар


Ташриф давомида ҳар бир гуруҳ билан алоҳида


Уларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш, йўриқнома, буклет ва эслатмаларни тарқатиш орқали



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 сентябрь













Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск