ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Пул тизими / Нақд пул эмиссияси. Пул муомаласини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.09.2019 й. 3183-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 10.08.2019 й. 18/3-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 18 сентябрда 3183-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2019 йил 10 августдаги

18/3-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги

тангалари ва банкнотларини муомаладан

қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

эски намунадаги тангалар - Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик, 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик номинал қийматдаги тангалар;

эски намунадаги банкнотлар - Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик номинал қийматдаги банкнотлар.


2. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 март дан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача белгиланади.



2-БОБ. ЭСКИ НАМУНАДАГИ ТАНГАЛАР

ВА БАНКНОТЛАРНИ МУОМАЛАДАН

ҚАЙТАРИБ ОЛИШ


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош бошқармалари (бундан буён матнда МБББ деб юритилади) Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни 2020 йил 1 мартга қадар алмаштириб беради.


4. 2020 йил 1 мартдан бошлаб (2020 йил 1 мартдан - 2021 йил 1 январга қадар) қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар фақат МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.


5. Тижорат банклари ва уларнинг филиалларида эски намунадаги тангалар ва банкнотларни санаб-саралаш, қимматликларни ташиш ишлари Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) талабларига мувофиқ амалга оширилади.


6. МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиалларида мавжуд бўлган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қуйидагича шакллантирилади:

Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 100 донадан солинган қопларда;

Марказий банкнинг 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 1000 донадан солинган қопларда;

Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик банкнотлари қийматига қараб 100 донадан дасталаб, 10 та дастадан иборат бўлган боғламларда шакллантирилади.


7. Қиймати ва тоифалари бўйича тўлиқ шакллантирилган тангали қоплар ва тўлиқ боғламдаги банкнотлар тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан инкассация хизмати орқали Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилади.


8. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлов воситаси бўлиб ҳисобланиши бўйича белгиланган муддат тугаганидан сўнг тижорат банклари ва уларнинг филиалларида тўлиқ бўлмаган ҳолда шакллантирилган боғламлар ҳам МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилиши лозим.


9. МБББ Ҳисоб-китоб касса марказига тижорат банклари ва уларнинг филиалларидан олиб келинган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлиқ қайта саналади.

Қайта санаш жараёнида аниқланган камомад ва ортиқча қўйилмалар бўйича далолатнома тузилади ва расмийлаштирилади.

МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларида эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қиймати бўйича алоҳида дасталаниб ҳамда тўлиқ боғламлар шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг инкассация хизмати орқали Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказига олиб келиб топширилади.


10. Эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати тугаганидан сўнг 1 ой муддат ичида МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларидаги барча эски намунадаги танга ва банкнотлар Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказига юборилиши шарт.



3-БОБ. БАНКЛАР ТОМОНИДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

ЭСКИ НАМУНАДАГИ ТАНГАЛАР ВА БАНКНОТЛАР

БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


11. Белгиланган муддатга қадар МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари 2021 йил 1 январгача, барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари 2020 йил 1 мартгача мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз, чекловларсиз қабул қилишлари ва ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда улар бўйича ҳисоб-китоб қилишлари шарт.


12. Марказий банкнинг эски намунадаги тангалари ва банкнотлари бўйича ҳисоб-китоблар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан:

банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);

муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;

мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;

коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали амалга оширилади.


13. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар нақд кўринишда айирбошлаб берилганда эски намунадаги тангалар ва банкнотлар миқдорининг 1 тийиндан 49 сўм 99 тийингача бўлган қисми, нақд пулдаги тўловлар учун энг кичик қийматдаги пул белгиси 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик танга бўлиб қолаётганлиги боис, яхлитланган ҳолда айирбошланади. Бунда:

1 тийиндан 24 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати 0 сўмга тенглаштирилган ҳолда;

25 сўмдан 49 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати 50 сўмга тенглаштирилган ҳолда яхлитланади.

(Мисол учун: 257 (257-250=70)250 сўм, 474 (474-450=240)450 сўм, 376 (376-350=2650)400 сўм, 586 (586-550=3650)600 сўм)

Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни яхлитланадиган қисми бўйича норози бўлган мижозлар ва аҳоли ушбу миқдорни банк пластик картасига, тегишли ҳисобварақларига ёки тўловларга (коммунал ва бошқа) ўтказишлари мумкин.


14. Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни айирбошлаш натижасида вужудга келадиган фарқлар банкнинг бошқа активлари ёки мажбуриятларининг алоҳида ҳисобварақларида ҳисобга олинади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


15. МБББ эски намунадаги тангалар ва банкнотларни айирбошлаб бериш учун ҳудудлардаги тижорат банклари ва уларнинг филиалларини етарли миқдордаги муомаладаги тангалар ёки банкнотлар билан таъминлаш чораларини кўришлари лозим.


16. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 23 сентябрь, 38-сон, 711-модда


















































Время: 0.2020
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск