ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Дончилик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.09.2019 й. 806-сон "Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.09.2019 й.

N 806




БОШОҚЛИ ДОН ЕТИШТИРИШДА КЛАСТЕР

ТИЗИМИНИ БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ЖОРИЙ ЭТИШ

ОРҚАЛИ ЮҚОРИ ҲОСИЛДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг кластер усули йўлга қўйилди, кластерларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда 62 фоизни, чорвачиликда 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда 7,5 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, замонавий ресурс тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари томонидан ер, сув ва моддий-техник ресурслардан самарали фойдаланиш, етиштирилган хомашёни қайта ишлаган ҳолда тайёр маҳсулот кўринишида истеъмолчига етказиб бериш имконини бермоқда.

Натижада жорий йилда бошоқли дон етиштиришда гектаридан ўртача 60 центнердан ҳосил олиниб, ялпи ишлаб чиқариш ҳажми 7 млн тоннадан ортиқни ташкил этди ҳамда давлатга 3 млн 552 минг тонна дон топширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 140 фоизга ошди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда самарали бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш орқали бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари билан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан бошоқли донни етиштириш ёки шартнома асосида харид қилиш орқали ғаллачилик кластерларини (кейинги ўринларда ғаллачилик кластери деб аталади) босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Белгилансинки, ғаллачилик кластерини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

ғаллачилик кластери ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)нинг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда, бошоқли дон етиштириш ёки уни шартнома асосида сотиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни таъминлайди;

ғаллачилик кластери иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган, биринчи навбатда, салоҳиятли чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан ташкил этилади;

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талабларига мувофиқ ғаллачилик кластерига ер майдони юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, заҳирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан белгиланган тартибда эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилади;

келгуси йил ҳосили учун ғаллачилик кластерини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳар йили 1 сентябрга қадар шакллантирилади;

ғаллачилик кластерининг фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди, хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластери бундан мустасно;

ғаллачилик кластерига ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ҳамда мазкур қарорда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор бўлишига олиб келади.


3. Ғаллачилик кластерини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шундай тартиби белгилансинки, унга мувофиқ:

ер майдонларини фойдаланишга киритган ғаллачилик кластерига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонида;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорида;

қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.


4. Белгилансинки:

а) ғаллачилик кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ажратилади;

б) хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластерига ер майдони Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда ғаллачилик кластерини ташкил этувчи ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ғаллачилик кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

ғаллачилик кластери фаолиятини ташкил этишда фермер хўжаликларида бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш, ғаллани қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

ташаббускорнинг банкдаги пул маблағлари айланмаси тўғрисидаги хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма;

ғаллачилик кластерини фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (шу жумладан ижара асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари ғаллачилик кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахслар танланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2020 йил ғалла ҳосилидан бошлаб:

а) ғаллачилик кластери ташаббускорнинг бевосита ўзига берилган ер майдонларида ташкил этилганда:

ғаллачилик кластери томонидан етиштириладиган бошоқли донни давлат хариди учун сотиш бўйича шартнома тузилмайди;

ҳосилдорликни ошириш чораларини кўради ҳамда ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан камида 70 центнер ҳосилдорликка эришишни таъминлайди;

ўзи етиштирган буғдойнинг камида 50 фоизини қайта ишлаш, шу жумладан озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали қўшилган қийматни кўпайтиради;

дастлабки 3 йилда 30 фоиз, 5 йилда 50 фоиз бошоқли дон экиладиган майдонларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг депозит маблағлари ҳисобидан ғаллачилик кластерларида бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маҳсулот қийматининг 70 фоизигача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида (шу жумладан 2 фоизи банк маржаси) 12 ойгача бўлган муддатга кредитлар ажратилади, хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластери бундан мустасно;

ғаллачилик кластерига ажратилган кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш ва уларга ҳисобланган фоизларни тўлаш бошоқли дон қабул қилиб олингандан сўнг йил якунига қадар тўлиқ амалга оширилади;

б) ғаллачилик кластери бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида ташкил этилганда:

ғаллачилик кластери билан "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизимидаги дон корхоналари ўртасида давлат хариди учун бошоқли дон етказиб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади;

ғаллачилик кластери билан фермер хўжаликлари ўртасида ғаллачилик кластери томонидан давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон миқдорини ҳисобга олган ҳолда қўшимча шартнома тузилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қуватлаш жамғармаси ғаллачилик кластерларига давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизи миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади ва ушбу маблағлар фермер хўжаликларида маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштиришга йўналтирилади;

ғаллачилик кластери ўз айланма маблағлари ҳисобидан фермер хўжаликларидан қўшимча харид қиладиган бошоқли дон учун маблағ ажратади;

ғаллачилик кластери томонидан қўшимча ажратилган маблағлар, биринчи навбатда, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;

ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартномага мувофиқ давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қиладиган дон қисми учун маблағ ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, ушбу миқдордаги бошоқли дон тўлиқ фермер хўжалиги ихтиёрида қолдирилади;

ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартнома бўйича давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қилинадиган дон қисмига кам миқдорда маблағ ажратган тақдирда, фермер хўжалиги ажратилган маблағ миқдорига тенг қийматда бошоқли дон етказиб беради;

ғаллачилик кластери томонидан қўшимча харид қилинадиган бошоқли дон нархи ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, шартномага мувофиқ бозор баҳосида белгиланади;

ғаллачилик кластери томонидан фермер хўжаликларидан харид қилинадиган бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар ҳосил йилининг 1 сентябрига қадар тўлиқ амалга оширилади.


6. Ғаллачилик кластери қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

бошоқли дон ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари томонидан тупроқ унумдорлиги, ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш борасидаги билим ва кўникмалар ошириб борилишини таъминлаш;

бошоқли дон ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликларига маблағларнинг ўз вақтида ва етарли миқдорда ажратилишини ҳамда ҳосилдорликни ошириш учун қўшимча равишда минерал ўғитлар, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб берилишини таъминлаш;

ердан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, экологияни муҳофаза қилувчи технологияларни қўллаш ва ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;

бошоқли дон экинлари майдонларида сувни тежайдиган технологиялар босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш;

бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш юзасидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

ҳудудларнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш.


7. Ғаллачилик кластерига шартнома асосида бошоқли дон етказиб берувчи фермер хўжаликлари томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

бошоқли дон етиштириш учун ғаллачилик кластери томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

ҳосилдорликни ошириш чораларини кўриш ҳамда ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан камида 70 центнер ҳосилдорликка эришиш;

ғаллачилик кластери билан тузилган шартномада кўрсатилган бошоқли донни белгиланган миқдор, сифатда ва муддатда сотиш.


8. Белгилаб қўйилсинки, бошоқли донни дастлабки қайта ишлаш ғаллачилик кластерининг ўз корхонасида ёки улар томонидан шартнома асосида "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизимидаги дон маҳсулотлари корхоналарида амалга оширилади.

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда дон маҳсулотлари корхоналари активларидан ғаллачилик кластерлари томонидан шартнома асосида фойдаланиш тартибини ва тариф ставкаларини бир ой муддатда ишлаб чиқиб тасдиқласин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 300-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясига (А.Д. Вахабов):

бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил ҳосилидан ғаллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича салоҳиятли ташаббускорларни аниқлаш ҳамда уларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш;

бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда, 2020 йил ҳосили учун ғаллачилик кластерларини ташкил этувчи ташаббускорлар билан учрашиб, улар томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури ва тармоқ жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш;

ғаллачилик кластери фаолиятини мониторинг қилиб бориш ҳамда 2020 йил ҳосили якуни билан улар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳар йили 1 сентябрга қадар келгуси йил ҳосили учун ғаллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифалари юклансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда:

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан биргаликда ғаллачилик кластери билан "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизимидаги дон корхонаси ўртасида тузиладиган контрактация шартномасининг янги намунавий лойиҳасини;

Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ғаллачилик кластери билан фермер хўжалиги ўртасида бошоқли донни харид қилиш бўйича тузиладиган шартноманинг намунавий лойиҳасини;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан ғаллачилик кластери ўртасида ер майдони ажратиш бўйича тузиладиган битимнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ва жойларга етказилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 30 сентябрь, 39-сон, 723-модда































Время: 0.1866
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск