язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Низом 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритилади

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Фуқаролик. Мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари/ Тутинган ота-оналарни тайёрлаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.09.2019 й. 824-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 сентябрдаги

824-сон қарорига

3-ИЛОВА



Тутинган ота-оналарни тайёрлаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни (кейинги ўринларда бола деб аталади) оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил қилаётган фуқароларни (кейинги ўринларда тутинган ота-оналар деб аталади) тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Тайёрлов курслари етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаси (кейинги ўринларда давлат тарбия муассаса деб аталади) негизида ташкил этилади.

Тайёрлов курслари оила ва болаларга хизматлар кўрсатувчи бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам ташкил этилиши мумкин.

Тайёрлов курсларининг фаолияти васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан назорат қилинади.



2-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


3. Тайёрлов курсларининг асосий мақсади:

болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлашда тутинган ота-оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича тутинган ота-оналарнинг касбий билимлари, қобилиятлари ва кўникмаларини ошириш;

оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш.


4. Қуйидагилар тайёрлов курсларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тутинган ота-оналарнинг болалар психологияси ва педагогикаси соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш;

тутинган ота-оналарни болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик асослари билан таништириш;

тутинган ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан таништириш;

тутинган ота-оналарни болаларни тарбиялаш, парвариш қилиш, соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг ижтимоий мослашуви, таълими ва ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароитларни яратиш билан боғлиқ ота-оналик салоҳиятларини шакллантириш;

тутинган ота-оналарнинг болани оилага қабул қилишга тайёрлик даражасини аниқлаш, болани оилага қабул қилиш шаклини танлашга ёрдам бериш, шунингдек, болани тарбиялаш ва ривожланиши билан шуғулланиш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган муаммо ва қийинчиликларни англашга кўмаклашиш.



3-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Тайёрлов курслари ташкил этилаётган туман (шаҳар) ҳокимлиги тайёрлов курсларининг муассиси бўлади.

Тайёрлов курслари муассиснинг қарори асосида ташкил этилади.

Нодавлат ташкилотлар, шунингдек, жисмоний шахслар нодавлат тайёрлов курсларининг муассиси бўлиши мумкин.

Нодавлат тайёрлов курслари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тайёрлов курслари ташкил этилаётган туман (шаҳар) ҳокимлиги билан келишган ҳолда ташкил этилади.


6. Тайёрлов курсларининг устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


7. Тайёрлов курсларининг фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва давлат тарбия муассасаси томонидан мувофиқлаштирилади.


8. Давлат тарбия муассасасида ташкил этилган тайёрлов курслари фаолиятига ушбу муассаса директорининг ижтимоий ҳимоя бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади.


9. Тайёрлов курсларида гуруҳлар болаларни оилага қабул қилиш истагини билдирган номзод фуқаролар (кейинги ўринларда тингловчи деб аталади) ҳисобидан шакллантирилади.


10. Тингловчилар тайёрлов курсларида бепул ўқитилади.


11. Тингловчилар тайёрлов курсларида ўқиш учун курс ташкил этилган давлат тарбия муассасаси директори номига ариза билан мурожаат этадилар.

Ариза уч иш кунида давлат тарбия муассасаси директори томонидан кўриб чиқилади ва тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.

Ариза билан мурожаат этган номзод фуқаролар алоҳида журналда рўйхатга олинади. Ушбу журнал рақамланади, тикилади, журналнинг сўнгги саҳифасида журналнинг саҳифалари сони тасдиқланиб, юқори турувчи ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва муҳрланади.

Тайёрлов курсларида ўқишнинг бошланиши тўғрисида гуруҳ шакллантирилишига қараб тингловчилар олдиндан огоҳлантирилади.


12. Тайёрлов курсларида ўқиш махсус ўқув режа ва дастурга мувофиқ ташкил этилади. Ўқув режа ва дастур оилага оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида такомиллаштирилиб борилади.


13. Тайёрлов курсларида тингловчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила"илмий-амалий тадқиқот маркази билан келишилган ва тасдиқланган 72 соатлик ўқув дастури бўйича бир ой давомида ишдан ажралмаган ҳолда ўқитилади.

Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.



4-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИ

ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

тайёрлов курслари фаолиятига ўқув-методик раҳбарликни амалга оширади;

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда тайёрлов курслари бўйича ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг янгиланиб боришини таъминлайди;

тайёрлов курсларини такомиллаштириб боради;

тайёрлов курсларига ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этади;

тайёрлов курсларида ўқитиш жараёни мониторингини олиб боради.


15. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар:

ижтимоий-ҳуқуқий, психологик-педагогик, тиббий масалалар бўйича маърузалар билан иштирок этишлари учун тегишли мутахассисларни тайёрлов курсларининг ўқув машғулотларига жалб этади;

тайёрлов курсларига етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муаммоларидан хабардор, бола таълим-тарбияси, соғлиғи, қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиш соҳасидаги салоҳиятли ва тажрибали (юрист, педагог, психологлар, тиббиёт мутахассислари ва бошқалар) ходимларни курс ўқитувчиси сифатида жалб қилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан ҳамкорликда:

тайёрлов курсларининг ўқув-методик асосларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга мунтазам равишда кўмаклашади;

марказ мутахассисларини тайёрлов курсларида ўқув машғулотларини ўтказиш учун жалб этади;

тайёрлов курслари ўқитувчиларининг етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан ишлаш масалалари юзасидан малакасини оширишини ташкил этишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатади.



5-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИНИНГ

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

ТИНГЛОВЧИЛАР БИЛИМИНИ БАҲОЛАШ


17. Тайёрлов курслари ўқув режа ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларни сифатли ўқитиш учун моддий-техник база ҳамда мутахассислар таркиби мавжуд бўлган ҳолда ташкил этилади.


18. Тайёрлов курсларида ўқув машғулотлари давлат тарбия муассаса ходимлари ҳамда тайёрлов курсига жалб этилган мутахассислар томонидан олиб борилади.

Зарур ҳолларда, тайёрлов курсларига хорижий мутахассислар, шунингдек, болани тарбиялаш бўйича ижобий тажрибага эга бўлган тутинган ота-оналар кўнгилли равишда жалб этилиши мумкин.


19. Машғулотлари интерфаол тарзда олиб бориладиган тайёрлов курсларида ўқув машғулотлари маъруза, семинар, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш шаклларида олиб борилади.

Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда тайёрлов курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.


20. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.


21. Тайёрлов курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, қоидага кўра, камида 5 ва кўпи билан 22 кишини ташкил этган академик гуруҳларда ташкил этилади.

Ташкил этилган гуруҳлар тингловчиларининг давомати ва ўзлаштиришини қайд этадиган гуруҳ журнали юритилади. Ушбу журнал рақамланади, тикилади, журналнинг сўнгги саҳифасида журналнинг саҳифалари сони тасдиқланиб, давлат тарбия муассасаси раҳбари томонидан имзоланади ва муҳрланади.

Тутинган ота-оналар учун тайёрлов курслари камида уч ойда бир маротаба ташкил этилади.


22. Узрли сабаблар билан ўқишни давом эттира олмайдиган тингловчилар ўз аризасига кўра тингловчилар сафидан чиқарилади. Узрсиз сабаблар билан 30 соатдан кўп ҳажмда машғулотларда қатнашмаганлик учун курсларнинг тингловчилари давлат тарбия муассасаси директори буйруғи билан тингловчилар сафидан чиқарилади.


23. Тайёрлов курсларида машғулотлар олиб бориш учун ўқитувчиларни танлашда бола ва оилалар, жумладан, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан ишлаш тажрибасига ҳамда катта ёшдагиларни ўқитиш кўникмасига эга бўлган мутахассислар ва ходимларга устунлик ҳуқуқи берилади.


24. Тайёрлов курсларида тингловчиларнинг билими суҳбат асосида баҳоланади.

Тингловчиларни баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун давлат тарбия муассасаси томонидан тегишли соҳаларнинг илғор мутахассислари орасидан камида 3-5 кишидан иборат комиссия шакллантирилади.


25. Баҳолаш жараёнида узрли сабаб билан иштирок этмаган тингловчилар навбатдаги гуруҳ тингловчилари билан биргаликда иштирок этишлари мумкин.


26. Тайёрлов курсларини томомлаган тингловчиларга ушбу Низомга иловага мувофиқ сертификат берилади.


27. Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.


28. Амал қилиш муддати тугаган сертификат эгалари тайёрлов курсларидан қайта ўтишлари талаб этилади.



6-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ


29. Тайёрлов курсларида ўқув машғулотлари олиб борган давлат тарбия муассасаси ходимларининг меҳнатига қўшимча ҳақ тўланмайди.


30. Тайёрлов курсларига жалб этилган ўқув машғулотларини олиб борувчи мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш амалдаги ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда иш ҳақи миқдори умумтаълим мактабларининг олий малака тоифали бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчиларининг базавий лавозим маоши миқдорига тенглаштирилади.


31. Кўнгилли равишда тайёрлов курсларига жалб этилган хорижий мутахассислар ва тутинган ота-оналарга иш ҳақи тўланмайди.



7-БОБ. ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


32. Тайёрлов курсларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан ўқув машғулотларини ўтказишга жалб этиладиган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, курслар тингловчилари учун ўқув, тарқатма материаллар ва канцелярия анжомларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш маблағлари курслар ташкил этилган давлат тарбия муассасаларининг тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Тутинган ота-оналарни тайёрлаш

курсидан ўтганлиги тўғрисидаги

СЕРТИФИКАТ



Ўзбекистон Республикаси

Давлат герби тасвири



SERTIFIKAT

ТК N 000000

(tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20__________ yil ___________ dan 20 _____________ gacha


da

(Davlat tarbiya muassasasining nomi)



jami


soatli

   

(kursning nomi)


bo'yicha tayyorlov kursini tugatdi.



Muhr o'rni



Tayyorlov kurs rahbari _________________



Sana _________________ Qayd raqami ________






Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан

ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг

ТАВСИФИ


Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғоздаги варақда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг юқори қисми марказида лотин ёзуви билан давлат тилида "SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи қисқартмаси - ТК ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 сентябрь