язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Туризм, меҳмонхона хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.10.2019 й. 843-сон "Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.10.2019 й.

N 843




ФАРҒОНА ВИЛОЯТИНИНГ ТУРИСТИК

САЛОҲИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туризм, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги "Шохимардон" туризмни ривожлантириш дирекциясини (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. "Шохимардон" туризмни ривожлантириш дирекцияси аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 5 нафар бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Фарғона вилояти ҳокимлигига, зарур ҳолларда, Дирекция тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Белгилансинки, Дирекциясининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларининг иш ҳақи, транспорт ва бошқа харажатларни молиялаштириш манбалари тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ Фарғона вилояти маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобланади.


4. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Фарғона вилояти Фарғона туманидаги "Шохимардон" маҳалла фуқаролар йиғини ва "Ёрдон" маҳалла фуқаролар йиғинида (кейинги ўринларда маҳалла фуқаролари йиғинлари деб аталади) туризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш;

маҳалла фуқаролари йиғинларида замонавий туризм инфратузилмаси объектларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан бўш турган объектлар негизида туризм хизматларини ташкил этиш учун хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш;

маҳалла фуқаролари йиғинларининг экотуризм салоҳиятини инобатга олган ҳолда янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш;

маҳалла фуқаролари йиғинларига ташриф буюрувчи туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларини инобатга олган ҳолда туризм хизматларини диверсификациялаш;

туристлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматларини кўрсатиш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

маҳалла фуқаролари йиғинларида туризм намойиши объектлари ва туризм инфратузилмасининг ягона рўйхатини шакллантириш ва паспортлаштириш.


5. Фарғона вилояти ҳокимлиги:

"Шохимардон" туризмни ривожлантириш дирекциясининг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин.

Дирекцияни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин ва туризмни ривожлантириш соҳасида етарли тажриба ва малакага эга бўлган кадрлар билан тўлдирсин,

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудидаги бўш турган объектларни хатловдан ўтказсин ва аниқланган объектларнинг фаолиятини тиклаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


6. Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудида қуйидагиларни назарда тутувчи:

туристлар ҳамда доимий яшовчи фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиши чораларини кўриш ҳамда турли хил кўнгилсизлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш;

содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, кунлик тартибда об-ҳаво маълумотларини таҳлил қилиш, юзага келиши мумкин бўлган табиий офатлардан туристлар ва маҳаллий фуқароларни хабардор қилиш, Дирекция ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларини огоҳлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.


7. Мазкур карорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.M. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 3 октябрдаги

843-сон қарорига

ИЛОВА



"Шохимардон" туризмни ривожлантириш

дирекцияси аппаратининг

ТУЗИЛМАСИ







Директор








































Маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва туризмни ривожлантириш гуруҳи

2

Юрисконсульт


Бухгалтер







Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони - 5 нафар.