ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат қонунчилигига оид умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.10.2019 й. ПФ-5843-сон "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

03.10.2019 й.

N ПФ-5843



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КАДРЛАР

СИЁСАТИ ВА ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ

ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечиш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётганлигига, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга номувофиқлигига, қабул қилинаётган қарорлар сифатининг пастлигига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгиловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмас.

Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл қўймаяпти.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ҳамда давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар ва алоҳида хизматлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари шакллантирилмаган.

Шунингдек, аҳоли, айниқса ёшлар орасида барча даражалардаги давлат фуқаролик хизмати нуфузини ошириш, коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларни йўқ қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг муносиб даражасини кафолатлаш чоралари жорий этилмаган.

Давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларниизчил амалга ошириш мақсадида:


1. Белгилансинки:

ўз фаолиятини Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланади;

хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан ўрнатилган тартибда давлат фуқаролик хизматчиси лавозимини эгаллаши мумкин;

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланади ва алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


2. Қуйидагилар давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари деб ҳисоблансин:

касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи меритократия тамойилини қўллаш;

кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, давлат фуқаролик хизматчиларини тоифалаш ва уларга малака мартабалари (даражалари) бериш орқали хизмат карьерасининг лавозим поғоналаридан босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматининг "карьера модели"ни жорий этиш;

номзоднинг барча фазилатлари ва устунликларини, шу жумладан унинг маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларини объектив баҳолаш имконини берадиган очиқ мустақил саралаб олиш асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш;

давлат органи ва ташкилотида ражасидан (республика, вилоят, туман ва шаҳар), ходимнинг малака мартабаси (даражаси) ва шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини белгилашга нисбатан унификациялаштирилган талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш;

миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматига энг малакали номзодларни саралаб олиш учун хусусий бандлик агентликларини фаол жалб этиш ва замонавий аутсорсинг шаклларидан фойдаланиш;

давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқаришда ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

давлат фуқаролик хизматчиларига ижтимоий кафолатлар, шунингдек, уларни ўз касб маҳоратини ва фаолият самарадорлигини ошириш учун рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини жорий этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги) ташкил қилинсин, у давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисоблансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунади ва унга ҳисоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бир вақтнинг ўзида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ҳисобланади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


4. Қуйидагилар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш;

Миллий кадрлар захирасини бошқариш, Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталини ташкил этиш ва юритиш;

давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлари) тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантириш;

малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан аниқлаш ва жалб этиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича тизимлиишларни олиб бориш;

энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш;

давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш;

давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;

давлат хизматчилари ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этишга кўмаклашиш.

5. Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ихтиёрига ўтказилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошида юридик шахс тузмаган ҳолда Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил қилинсин.

Қуйидагилар:

а) Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

республика бюджетидан 100 млрд сўм миқдорида бир марталик беғараз молиявий ёрдам, шундан 25 млрд сўми 2019 йилда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳар йили тасдиқланадиган параметрлари доирасида ажратиладиган маблағлар;

давлат органлари ва ташкилотларининг (Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар бундан мустасно) бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган тушумнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак воситалари ва грантлари;

Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва бошқа молиявий инструментлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар этиб белгилансин:

давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги илмий ва бошқа тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқотчилик ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;

малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшовчи ватандошларни ва хорижий давлатларнинг фуқароларини жалб этиш;

давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизимидан фойдаланиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

давлат фуқаролик хизматчиларининг хорижда тажриба орттиришларини, шунингдек, геральдика фани ривожланиши билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш соҳасида ўқитиш тадбирлари, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан чет элларда ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантириш, шу жумладан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг қарорига биноан ҳар ойлик устамаларни тўлаш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа йўналишлар.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.


9. Қуйидагилар белгилансин:

а) давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида қуйидаги тартибда амалга оширилади, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимлар бундан мустасно:

2020 йил 1 январдан бошлаб - тажриба тартибида, 2-иловага мувофиқ бутун вертикал бўйлаб - давлат бошқаруви органларида ва ҳудудлардаги барча давлат ташкилотларида;

2021 йил 1 январдан бошлаб - давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида;

б) очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинадиган шахслар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишмасдан туриб лавозимдан озод қилиниши мумкин эмас;

в) давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган уларнинг ташкилий-штат тузилмаларини ўзгартириш масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишиб олиниши лозим;

г) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

д) давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади;

е) давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг раҳбарлари:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

ҳар уч йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида аттестациядан ўтади.


10. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг қуйидаги тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, унга мувофиқ:

давлат органлари ва ташкилотлари давлат фуқаролик хизматчиларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳар йили қисқа муддатли (30-60 соатли) малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаши шарт;

давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларни ўргатиш қонун билан белгиланадиган тартибда ажратиладиган Жамғарманинг грант маблағлари, давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига тегишли давлат органи ва ташкилотининг буюртмаси асосида амалга оширилади. Бунда, давлат фуқаролик хизматчисининг иш жойидаги лавозими, ўртача ойлик иш ҳақи ва меҳнат стажи сақлаб қолинади;

давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларга ўргатишни ташкил этишга шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек, белгиланган тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан лицензияланган нодавлат таълим муассасалари жалб этилади. Бунда, давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги компетенцияларни ўргатиш бўйича хизматларнинг давлат харидларини энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномаларга мувофиқ амалга оширишга йўл қўйилади;

Истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш бўйича республика "Тараққиёт" танловини ўтказиш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади;

республика олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан мажбурий тартибда келишиб олинади.


11. Барча даражалардаги давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатларига, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини обрўсизлантирадиган бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилсин.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мазкур банд талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласин ва ушбу талабларнинг бузилишига йўл қўядиган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш бўйича таклифлар киритсин.


12. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича мақолалар ва мавзуга оид кўрсатувларни мунтазам равишда ташкил этиб борсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.


15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 3 октябрдаги

ПФ-5843-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида кадрлар

сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини

тубдан такомиллаштиришга оид биринчи

навбатдаги чора-тадбирлар

ДАСТУРИ


Т/р

Ҳал этилиши лозим бўлган биринчи

навбатдаги чора-тадбирлар


Амалга ошириш

механизми


Молиялаштириш

манбаи


Ижро этиш

муддатлари


Масъул ижрочилар


I. КАДРЛАР СИЁСАТИ ВА ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ

ТИЗИМИНИНГ КОНЦЕПТУАЛ АСОСЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

1.

Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш орқали Ўзбекистон Республикасида давлат фуқаролик хизматининг асосий тушунчалари, регламентлари ва кафолатларини қонун билан мустаҳкамлаш.


Ўзбекистон Республикаси Қонуни


Талаб этилмайди

2020 йил

1 февраль

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, вазирликлар ва идоралар


2.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш:

мамлакатни инновацион ривожлантиришнингузоқ истиқболга мўлжалланган мақсад ва вазифаларига мос, давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини яратиш;

табақалаштирилган ёндашувни инобатга олган ҳолда, ходимларни интеграциялашган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида бошқариш ва фаолиятини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш орқали ҳар ерда татбиқ этиш;

давлат фуқаролик хизматчиларида коррупцияга қарши маданиятни ва коррупцияга тоқат қилиб бўлмайдиган муносабатни шакллантиришнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш;

истиқболли ва иқтидорли шахсларни, айниқса, ёшлар орасидан излаб топиш ва саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (маҳаллаларни) кенг жалб қилиш орқали ушбу жараёнда гендер тенглигини таъминлаш;

таълим муассасаларида танлов асосида давлат фуқаролик хизматчилариниқайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш;

ёш кадрлар учун давлат органлари ва ташкилотларидаги тажрибали раҳбарлар ва мутахассислар томонидан устозлик институтини жорий қилиш;

давлат фуқаролик хизматида ислоҳотларни амалга ошириш бўйича энг муҳим прогноз кўрсаткичларни ва уларни таъминлаш механизмларини тасдиқлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий тузилмасини оптималлаштириш;

давлат фуқаролик хизматчиларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва саломатлигини давлат томонидан мажбурий суғурталаш;

давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш ва хизмат текширувларини ўтказиш механизмини жорий қилиш;

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

Талаб этилмайди

2020 йил

1 апрель

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, вазирликлар ва идоралар


II. КАДРЛАР СИЁСАТИ СОҲАСИДА ВА ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ

ТИЗИМИДАНОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

3.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг лавозимларини ваколатларга (сиёсий, маъмурий ва техник) ва уларнинг даражаларига (миллий, республика, вилоят ва туман (шаҳар) қараб таснифлаш асосида Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини тасдиқлаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги


4.

Кадрларни марказлаштирилган тарзда танлов асосида саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг хизмат поғоналарида ўсишини мониторинг қилиш ва қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган Миллий кадрлар захираси тизимини шакллантириш ва фаолият юритиш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги


5.

Давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг номланиши, уларнинг тузилмаси, штатлари сони, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлашга қўйиладиган унификациялаштирилган талабларни белгилаш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги


6.

Қуйидагиларни:

"бошқарув ходимлари" ва "ишлаб чиқариш ходимлари" тушунчаларини давлат фуқаролик хизматчиси тоифасига ўтказиш, шунингдек, идоравий мансублигидан қатъи назар ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларидаги таркибий бўлинмалар ва лавозимлар номини унификациялаштиришни назарда тутувчи Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари классификаторининг тузилмасини (матрицасини);

идоравий мансублигидан қатъи назар давлат фуқаролик хизматчиларининг эгаллаб турган лавозими ва малака мартабаси (даражаси) учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган устамаларнинг аниқ миқдорларини ҳисобга олган ҳолда ягона базавий лавозим маошларини;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ишчиларнинг ойликмеҳнат ҳақи фондига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланиши мумкин бўлган шахсий устамаларнинг энг кўп миқдорини тасдиқлаш.

Аҳоли сони, иқлим шароитлари ва бошқа табақалаштирувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини белгилашга унификациялаштирилган ёндашувлар асосида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича вилоятлар ва туманлар гуруҳларини қайта кўриб чиқиш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги


7.

Давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимларини эгаллаш учун танловлар ўтказишнинг ягона тартиби ва талабларини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги


8.

Давлат фуқаролик хизматчиларига уларнинг меҳнат стажи, эгаллаб турган лавозими, касбий сифатлари, алоҳида хизматлари, мураббийлик сифатлари, шунингдек, малака ошириш бўйича имтиҳон натижаларини ҳисобга олган ҳолда малака мартабаларини (даражаларини) бериш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2020 йил

1 январь

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги


9.

Узоқ муддатли ўқитиш курслари ҳажмини мақбуллаштириш ва қисқа курсларни кенг жорий этишга эътибор қаратишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолиятини такомиллаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2020 йил

1 январь

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги


10.

Давлат хизматини ташкил этишга қўйиладиган янги талабларни инобатга олган ҳолда давлат махсус хизматини ўташ масалаларини мувофиқлаштирувчи қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжатлар


Талаб этилмайди

2020 йил

1 январь

Хавфсизлик кенгаши аппарати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари


11.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг, шу жумладан хорижда малакасини ошириш, уларни имтиҳондан ўтказишни ташкил қилиш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2020 йил

1 февраль


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги


12.

Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ишлаган фуқароларга пенсия имтиёзларини белгилаш.


Ўзбекистон

Республикаси-

нинг Қонуни


Талаб этилмайди

2020 йил

1 февраль


Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги


13.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини ошириш соҳасида хизмат кўрсатувчи нодавлат таълим муассасаларини лицензиялаш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори


Талаб этилмайди

2020 йил

1 февраль


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги


14.

Давлат хизматчилари томонидан даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларациялашни босқичма-босқич жорий қилиш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони


Талаб этилмайди

2020 йил

1 июнь


Молия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги


III. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ ТИЗИМИНИНГ

САЛОҲИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ

15.

Миллий кадрлар захираси, вакант лавозимлар ва уларга тайинлаш учун ўтказилаётган танловлар, давлат органлари ва ташкилотларининг сон ва сифат таркиби тўғрисида ахборот маълумотлар базасини шакллантириш учун давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизимини яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги


Техник топшириқ


Талаб этилмайди

2019 йил

1 декабрь


Дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш


Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маблағлари


2020 йил

1 март


16.

Давлат фуқаролик хизмати ва геральдика соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган илмий тадқиқот йўналишлари рўйхатини шакллантириш, ушбу рўйхат асосида Олий таълим йўналишлари ва ихтисосликлари классификаторига янги истиқболли мутахассисликларни киритиш.


Таҳлилий маълумотнома ва таклифлар


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси


2020 йил

1 февраль


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, "Эл-юрт умиди" жамғармаси, Меҳнат вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


17.

Давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизимини Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали, Ягона миллий меҳнат тизими, давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа ахборот тизимлари, шу жумладан Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Персоналлаштириш марказининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш.


Техник

чора-тадбирлар комплекси


Талаб этилмайди

-

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Олий аттестация комиссияси


18.

Истиқболли кадрларни Миллий кадрлар резервига қўшиш учун танлов саралашларини ташкил қилиш.


Амалий

чора-тадбирлар комплекси


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси


2020 йил

1 март


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси


19.

Тармоқ хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда республика, вилоят ва туман даражасидаги давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш.


Режа-жадвал

Талаб этилмайди

2020 йил

1 апрель


Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, масъул вазирлик ва идоралар


20.

Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

2020 йил

1 апрель


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


21.

Давлат бошқаруви академияси негизида яқин хорижий мамлакатлар билан давлат хизматини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш бўйича минтақавий платформа яратиш.


Ижрочиларнинг қарори


Талаб этилмайди

2020 йил

1 апрель


Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


22.

Давлат фуқаролик хизмати ва геральдика фанини ривожлантириш соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, шу жумладан хорижга чиқиб халқаро тажрибани ўрганиш учун давлат грантини олиш бўйича республика кўрик-танловини ташкил этиш.


Ижрочиларнинг қарори


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

2020 йил

1 май


Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


23.

Танлов саралашлари натижалари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар захирасини интеграциялаш асосида Миллий кадрлар захирасини шакллантириш.


Техник

чора-тадбирлар комплекси


Талаб этилмайди

2020 йил

1 декабрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги,Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,масъул вазирлик ва идоралар


24.

Истиқболли давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда Миллий кадрлар захирасига киритилган шахсларнинг, шу жумладан хорижий стажировкаларини ташкил этиш бўйича миллий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш.


Стажировка дастурлари

Ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси


Ҳар чоракда

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, масъул вазирлик ва идоралар


25.

Малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшовчи ватандошларни ва хорижий давлатларнинг фуқароларини саралаб олиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида ишлаш учун жалб этиш бўйича фаолиятни ташкиллаштириш.


Мониторинг,

музокаралар


Талаб этилмайди

Ҳар чоракда

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Комиссия*


26.

Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизимини ишлатиш ва техник қўллаб-қувватлаш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва ўқитиш бўйича методик материаллар тайёрлаш, шунингдек, семинар-тренинглар ўтказиш.


Ижрочиларнинг қарори


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси


Ҳар чоракда

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


27.

Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат фуқаролик хизмати ва геральдикани ривожлантириш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш бўйича республика ва халқаро даражадаги тадбирларни (конференциялар, симпозиумлар, давра суҳбатлари, семинарлар, тренинглар ва бошқалар) ташкил этиш.


Ижрочиларнинг қарори


Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси


Ҳар йили

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси


           

*) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги ПҚ-3982-сон қарори билан тасдиқланган Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси ва Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш комиссияси.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 3 октябрдаги

ПФ-5843-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ишга қабул қилиш тажриба тартибида

танлов асосида амалга ошириладиган давлат

бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудлар



I. Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар

Т/р

Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар номланиши


1.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги


2.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


3.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги


4.

"Халқ банки" АЖ


II. Ҳудудлар

Т/р

Шаҳар ва туманлар


1.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри


2.

Андижон вилояти Андижон шаҳри


3.

Бухоро вилояти Бухоро шаҳри


4.

Жиззах вилояти Жиззах шаҳри


5.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри


6.

Навоий вилояти Навоий шаҳри


7.

Наманган вилояти Наманган шаҳри


8.

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри


9.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри


10.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри


11.

Ангрен шаҳри, Тошкент вилоятининг Бўка ва Бекобод туманлари


12.

Фарғона вилояти Фарғона шаҳри


13.

Хоразм вилояти Урганч шаҳри


14.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 октябрь











































Время: 0.1540
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск