ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат хизматлари /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 03.10.2019 й. ПҚ-4472-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 3 октябрдаги

ПҚ-4472-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги)нинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва масъулияти, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.


2. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунади ва унга ҳисоб беради.


3. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.


4. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган муҳр ва бланкларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига эгадир.


5. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, қисқартирилган номи - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Agency for the Development of Public Service Under the President of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Public Service Agency;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство развития государственной службы при Президенте Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - АРГОС.


8. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй, 1-корпус.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тизимига қуйидагилар киради:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг марказий аппарати;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг филиаллари.


10. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиаллари юридик шахс ташкил этмасдан маҳаллий ижро ҳокимияти органларидан, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда ҳамда бевосита Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига бўйсунган ҳолда фаолият юритади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ ВА УНИНГ ФИЛИАЛЛАРИ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ҲАМДА ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Қуйидагилар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш;

Миллий кадрлар захирасини бошқариш, Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш, шунингдек, давлат хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталини ташкил этиш ва юритиш;

давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлари) тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантириш;

малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан аниқлаш ва жалб этиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш;

энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш;

давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касб этикаси, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш;

давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;

давлат хизматчилари ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этишга кўмаклашиш.

12. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформаси ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги сиёсатнинг асосий йўналишларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида илғор халқаро стандартлар ва энг яхши хориж амалиётларини жорий этишга қаратилган давлат дастурлари ҳамда лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий тузилмасини уларнинг бўлинмалари ишини самарали ташкил этиш, бир-бирини такрорловчи вазифа ва функцияларни бекор қилиш нуқтаи назаридан таҳлил қилади ва улар фаолиятини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритади;

давлат фуқаролик хизмати, шу жумладан кадрларга оид иш юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг маълумотлар базасини шакллантириш масалаларида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига услубий раҳбарликни амалга оширади;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритади;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга оид таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига кўриб чиқиш учун киритади;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлайди, улардан самарали, мақсадли ва оқилона фойдаланилишини назорат қилади;


б) давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга оид бошқа масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат фуқаролик хизмати масалаларида давлат органлари ва ташкилотларига тушунтиришлар беради ва зарур ёрдам кўрсатади;

давлат фуқаролик хизмати кадрларини шаффоф равишда ва адолатли саралаб олиш ҳамда жой-жойига қўйишни таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқади;

кадрлар таркибининг сон ва сифат жиҳатидан давлат органлари ва ташкилотларининг мақсадларига мувофиқ келишига эришиш ва уни сақлаб қолишда давлат органлари ва ташкилотларига кўмаклашади;


в) давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини тизимли асосда мониторинг қилади, аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўради;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини таҳлил қилади ва унинг натижалари бўйича соҳадаги нуқсонларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тайёрлайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат ресурсларига бўлган сон ва сифат жиҳатидан ҳақиқий талаб-эҳтиёжларини ўрганади ва прогнозлаштиради;

давлат фуқаролик хизмати соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таъсири самарадорлигини баҳолайди;

давлат фуқаролик хизматининг ҳолати, ривожланиш жараёнлари ва истиқболлари, ушбу соҳадаги қонунчилик ижросининг бориши тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди;

давлат фуқаролик хизмати статистикасини юритади, давлат фуқаролик хизматчиларининг марказлаштирилган ҳисобини юритади;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги статистик ҳисобот шаклларини ишлаб чиқади;


г) ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга инновацион услубларни жорий этиш соҳасида:

мақсадли кўрсаткичларга эришиш самарадорлиги ва натижадорлиги нуқтаи назаридан давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланишини баҳолайди;

давлат органлари ва ташкилотлари жамоаларида ахлоқий-руҳий ҳолатни ўрганади, муҳитнинг ёмонлашувига имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

кадрлар ўз салоҳиятини тўла-тўкис намоён этиши учун муносиб шарт-шароитларни яратишда давлат органлари ва ташкилотларига кўмаклашади;

кадрларнинг профессионал сифатлар ва хизматларни адолатли ҳамда холисона баҳолашга асосланган лавозим бўйича ўсишида давлат органлари ва ташкилотларида тенг имкониятлар таъминланиши устидан назоратни амалга оширади;

кадрларнинг меҳнат салоҳиятини доимий ривожлантириш ва уни тўлиқ ишга солиш асосида давлат органи ва ташкилоти мақсадларига эришишда ҳар бир ходимнинг шахсий ҳиссасини оширишда кўмаклашади;

инсон ресурсларини бошқариш ва кадрлар салоҳиятини оширишнинг инновацион услубларини излайди ва ўрганади, кейинчалик уларни Ўзбекистон шароитида татбиқ этади;

энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида давлат хизматчилари фаолиятининг натижадорлигини баҳолаш тартибини белгилайди;

давлат фуқаролик хизматчиларининг рақобатбардошлигини инобатга олган ҳолда инсон ресурсларини бошқаришга инновацияларни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш натижаларини баҳолаш методикасини ишлаб чиқади;

давлат фуқаролик хизматига инновацион услубларни татбиқ қилиш, давлат фуқаролик хизматчилари ишида буйруқбозликка барҳам беришнинг самарали йўллари ва механизмларини белгилайди;

кадрларнинг профессионал даражасини (соҳага оид ва юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда) мунтазам равишда ошириб боришни ташкиллаштиради, шу жумладан хорижий давлатларда;


д) Миллий кадрлар захирасини бошқариш, Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш соҳасида:

Миллий кадрлар захирасини бошқариш ва Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилишини таъминлайди;

барча тоифалардаги давлат фуқаролик хизматчилари Давлат хизмати лавозимларининг давлат реестри билан қамраб олинганлигини таҳлил этади;

Миллий кадрлар захирасига киритиш учун давлат хизматчилари тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида, тўлиқ ва ҳаққоний тақдим этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Миллий кадрлар захираси ва Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилишини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталини ташкил этади ва унинг доимий янгиланган ҳолатда бўлишини таъминлайди;


е) давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорилигини баҳолашнинг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлари) тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш:

давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида фойдаланиладиган ўлчанадиган индикаторлар (энг муҳим кўрсаткичлар) ишлаб чиқилишини таъминлайди;

ўлчанадиган индикаторлар (энг муҳим кўрсаткичлар)ни ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига раҳбарлик қилади ва услубий ёрдам кўрсатади;

давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигининг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлар) кўрсатган натижалар таҳлилининг холислиги ва ҳаққонийлигини назорат қилади;

давлат фуқаролик хизматчилари кўрсатган ўлчанадиган индикаторлар (энг муҳим кўрсаткичлар) натижаларини таҳлил қилади;

давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятидан қониқиш даражасини баҳолашнинг замонавий услубларидан фойдаланади, шу жумладан жамоатчилик фикрини ўрганади, статистика ва ижтимоий тадқиқотларни таҳлил қилади;

давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиради;


ж) малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан аниқлаш ва жалб этиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш соҳасида:

истиқболли мутахассислар, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизлар, хорижда яшаётган ватандошлар орасида давлат фуқаролик хизматининг ижобий тимсолини шакллантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлайди;

давлат органлари ва ташкилотларига малакали ва юқори малакали мутахассисларни жалб этиш борасида давлат органлари ва ташкилотларидаги ишлар ҳолатини мониторинг қилади;

муҳим илмий ва амалий тажрибага эга бўлган, чет эллардаги нуфузли саноат, молия, илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа ташкилотларда ишлаётган ватандошлар билан алоқа ўрнатади;

давлат фуқаролик хизматчилари лавозимларида ишлаш учун талаб юқори бўлган хорижлик олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни жалб этиш бўйича чоралар кўради;

малакали ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ривожланган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни изчил йўлга қўйиш ва улар билан ҳамкорликни ривожлантиришни таъминлайди;

илғор хорижий таълим муассасаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


з) энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш соҳасида:

ўз амалиёти ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда давлат фуқаролик хизматига саралаб олишнинг асосий параметрларини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

мустақиллик, одиллик ва шаффофлик тамойиллари асосида Миллий кадрлар захирасига кадрларни танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштиради;

давлат фуқаролик хизматига танлов асосида саралаб олишни ўтказиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ишини мувофиқлаштиради;

танлов асосида давлат фуқаролик хизматига кираётган давлат хизматчиларининг хизматга оид фаолиятини мониторинг қилади, шу жумладан уларни давлат хизматидан бўшатиш тўғрисидаги масалани келишади;


и) давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касб этикаси, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш соҳасида;

давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касб этикасини, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш бўйича таъсирчан чораларни кўради;

давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматчиларига юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни сингдириш дастурлари ишлаб чиқилишини таъминлайди;

давлат фуқаролик хизматчиларининг оиласида соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни шакллантириш, оилавий можароларнинг давлат фуқаролик хизматини ўташга таъсир қилишига йўл қўймаслик бўйича тизимли тушунтириш ишларини ташкиллаштиради;


к) давлат фуқаролик хизматига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уни такомиллаштириш ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш соҳасида:

давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими фаолият юритишини таъминлайди;

Миллий кадрлар захираси, бўш иш ўринлари ва лавозимларни эгаллаш учун танловлар, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базасини шакллантиради;

инсон ресурсларини бошқариш ва кадрлар салоҳияти даражасини ошириш миллий ахборот тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларини ишлаб чиқади;

давлат хизмати электрон ахборот-таҳлилий тизимининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чораларни кўради;


л) давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш соҳасида:

давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун талабини бузган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритади;

давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;


м) давлат хизматчилари ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этишга кўмаклашиш соҳасида:

давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича устувор ва талаб юқори бўлган йўналишларни аниқлайди ҳамда таълим дастурларини амалга оширишга ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан кўмаклашади;

давлат хизматчилари ва мутахассислар салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни, энг аввало республика ҳудудларидаги ёшларни рағбатлантириш мақсадида етакчи хорижий ва маҳаллий олимлар ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этади;

хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, ватандошлар билан ҳамкорликда онлайн платформаларга асосланган масофавий таълим дастурлари, ўқув курслари ва бошқа таълим, илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади;

давлат хизматчилари ва мутахассислар томонидан таълим дастурлари бўйича ўқиш жараёнида олган билим, малака ва кўникмалардан самарали фойдаланилишига, шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишига ҳамда илғор хорижий тажрибаларни оммалаштиришга кўмаклашади.

13. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиалларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ҳудудлардаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини бошқаришга йўналтирилган асосий вазифалари ва функциялари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори томонидан белгиланади.



4-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Давлат хизматини ривожлантириш

агентлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


14. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этиш бўйича қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини жалб этган ҳолда ўрганиш;

давлат органлари ва ташкилотларига давлат фуқаролик хизмати соҳасида ишларни такомиллаштириш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни белгиланган тартибда киритиш;

давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида ёзма огоҳлантириш эълон қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг давлат фуқаролик хизмати масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлислари, йиғилишлари ва ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;

давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги қонун ҳужжатларига зид ҳужжатларини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасида илмий ва амалий тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни амалга ошириш бўйича лойиҳаларни саралаб олиш учун танловлар эълон қилиш ва танлов комиссияларини тузиш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги илмий ва амалий тадқиқотларга йўналтириладиган бюджет молиявий ресурсларини тақсимлашда иштирок этиш;

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, янги компетенцияларни ўргатиш учун белгиланган тартибда идоравий илмий ва ўқув марказларини ташкил этиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш масалаларини ёритиш учун матбуот органларини таъсис этиш;

ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг идоравий тузилмаларига тегишли давлат мулкини белгиланган тартибда беғараз фойдаланиш ҳуқуқи билан бир бўлинмадан бошқа бўлинмага топшириш;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, унинг таркибий бўлинмалари ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тизимига кирувчи ташкилотларнинг моддий-техник базасини яхшилаш чораларини кўриш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ижтимоий инфратузилмасини барпо этиш ва такомиллаштириш.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши юзасидан жавобгар бўлади.



2-§. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

филиалларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


16. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиаллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахсларига давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида ёзма равишда огоҳлантиришлар эълон қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига аниқланган қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича белгиланган муддатларда ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмаларининг давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлислари, йиғилишлари, ҳайъатларида иштирок этиш.


17. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиаллари қуйидаги мажбуриятларга эга:

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги қонун ҳужжатлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ўринбосарлари топшириқлари, шунингдек, зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

тегишли ҳудудда давлат фуқаролик хизматининг ҳолати тўғрисида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ҳаққоний таҳлилий ва бошқа ахборотни тақдим этиш.



5-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ФУНКЦИОНАЛ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ унинг раҳбарлари қуйидаги функционал мажбуриятларни бажарадилар:


а) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар бўлади;

ўз ўринбосарлари ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, унинг филиаллари ва идоравий ташкилотлари бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини ҳамда шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколати доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, унинг филиаллари ва идоравий ташкилотларининг ходимлари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва бошқа қарорлар қабул қилади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппаратининг харажатлар сметасини ва белгиланган штатлар сони доирасида штатлар жадвалини тасдиқлайди;

белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппаратининг тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг филиаллари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

ижро интизомига, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;


б) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосарлари:

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва сифатли тайёрлашни ташкил этиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг топшириқларига биноан давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга оид дастурий ҳужжатларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг тегишли бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўзлари мутасаддилик қилаётган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмаларида кадрлар захирасини шакллантириш бўйича ишларни тизимли асосда ташкиллаштиради;

қонун ҳужжатлари ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг қарорларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;


в) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари:

таркибий бўлинма тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқ йўналишлар бўйича вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

ўзлари мувофиқлаштираётган соҳаларнинг ривожланиш ҳолатини баҳолайди ва амалга оширишнинг самарали механизмлари билан уларни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятига киритади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятининг буйруқлари, фармойишлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг қарорларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;


г) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиалларининг раҳбарлари:

юклатилган вазифаларга, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятининг топшириқларига мувофиқ филиалларнинг фаолиятини ташкил этадилар;

ҳудудда давлат фуқаролик хизматининг ривожланиши, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатига баҳо беради ва зарур ҳолларда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятига тегишли таклифларни киритади;

қонун ҳужжатлари ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг қарорларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради.



6-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


19. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори:

мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига юкланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ишидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилиши;

амалга оширилаётган дастурлар, стратегия ва концепцияларда кўзланган натижаларга эришилиши, уларнинг давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга таъсири;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тизимида ижро интизомига риоя этилиши юзасидан жавобгар бўлади.


20. Директор ўринбосарлари:

ишониб топширилган йўналишлар ва соҳалар бўйича вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳамда натижадорлиги;

мутасаддилик қилинаётган йўналишлар бўйича соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга оид кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан жавобгар бўлади.


21. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиалларининг бошлиқлари:

юклатилган вазифа ва функцияларнинг сифатли бажарилишини ташкил этиш;

тегишли ҳудудда давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги қонунчилик, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарларининг топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

тегишли ҳудудда давлат фуқаролик хизматининг ҳолати тўғрисида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ҳаққоний таҳлилий ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш юзасидан жавобгар бўлади.



7-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти


22. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори раҳбарлик қилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосарларга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.


23. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг давлат фуқаролик хизматчиларидан иборат бўлган ходимлари, шу жумладан унинг филиаллари бошлиқлари ва ходимлари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этиладилар.



2-§. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳайъати,

бошқа кенгаш ва консультатив эксперт органлари


24. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида директор, директорнинг биринчи ўринбосари, директор ўринбосарлари, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва топшириқлари сифатли бажарилишини ташкил этиш;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш дастурлари, стратегия ва концепцияларини амалга оширишнинг самарадорлигини баҳолаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳайъатининг йиғилишларига давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Ҳайъат унинг таркибидаги аъзолар ярмидан кўпроғи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг буйруқлари ва ҳайъат баённомалари билан амалга оширилади. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик юзага келган тақдирда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори мустақил равишда қарор қабул қилади.

Ҳайъат фаолиятининг тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


25. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳузурида директорнинг биринчи ўринбосари (Кенгаш раҳбари), Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги алоҳида таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, жамоатчилик ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг таниқли вакилларидан иборат таркибда Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари сони, шахсий таркиби ва низоми Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгаши мажлисида қабул қилинган қарор асосида Кенгаш раисига унинг шахсий таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат фуқаролик хизматини янада ривожлантиришга, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни муҳокама қилиш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурий ҳужжатларнинг амалий ижроси механизмларини танқидий кўриб чиқиш;

давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришнинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқишда, шу жумладан ишлаб чиқилаётган ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига кўриб чиқиш учун киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини муҳокама қилиш йўли билан иштирок этиш.



8-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


26. Қуйидагилар:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори, директорнинг биринчи ўринбосари, директор ўринбосарлари, марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари фаолияти самарадорлиги - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан белгиланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиаллари бошлиқлари ва ходимларининг фаолияти самарадорлиги - Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари асосида баҳоланади.



9-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

УНИНГ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


27. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат кўрсатиш шартлари татбиқ этилади.


28. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:

ойлик, чораклик, ярим йиллик, йиллик иш якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларни бажарганлик ва ошириб бажарганлик учун, шунингдек, байрам кунлари мукофотлаш;

алоҳида муҳим топшириқларни бажарганлик учун якка тартибда мукофотлаш ва бошқа рағбатлантириш тўловлари;

бириктирилган иш соҳасининг мураккаблиги ва муҳимлиги ҳамда меҳнатда эришган юқори натижалари учун ходимнинг лавозим маошига устамалар тўлаш;

хизмат мажбуриятларини бажаришдаги алоҳида хизматлари учун, юбилей саналари ва пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари ходимларига Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан белгиланадиган тартибда уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш кредитлари бўйича бошланғич бадални тўлаш учун базавий ҳисоб-китоб миқдорининг икки юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда фоизсиз қарз тақдим этиш;

ўз турар жойига эга бўлмаган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари ходимларига уй-жойни ижарага олиш шартномалари бўйича харажатларини Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан белгиланадиган тартибда қоплаш.


29. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги қошидаги Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

йил давомидаги иш якунлари бўйича лавозим маошининг беш бараваригача миқдорда мукофот пули;

бошқа устамалар ва тўловлардан қатъи назар лавозим маошларига ҳар ой устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўланади.

Мазкур бандда назарда тутилган моддий рағбатлантириш тадбирлари миқдори ва уларни тўлаш тартиби Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан белгиланади.


30. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан уларнинг лавозим маошига 400 фоизгача миқдорда шахсий устамалар белгилашга ҳақлидир. Шахсий устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан бериладиган шахсий устамалар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчиларининг лавозим маошларига нисбатан меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти ҳам лавозим маоши ҳисобига киритилади.


31. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимлари меҳнат фаолиятини тўхтатганларидан сўнг уларга аввалги иш жойи бўйича эгаллаган ёки унга тенг бўлган лавозим бериш кафолатлари таъминланади, ходимнинг малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғи туфайли ёхуд ўз функционал мажбуриятларини бузганлиги оқибатида бажариладиган ишга номувофиқлиги учун меҳнат фаолияти тўхтатилган ҳоллар бундан мустасно.



10-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

АГЕНТЛИГИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ ТЕГИШЛИ

БЎЛИНМАЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ОЛДИДАГИ ҲИСОБДОРЛИГИ


32. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига белгиланган тартибда юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини киритади;

давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш учун давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрланишини таъминлайди;

белгиланган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.


33. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги филиаллари ҳар чоракда чуқур таҳлиллар асосида қўйилган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисида умумлаштирилган таҳлилий ахборотни, шунингдек, аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклифларни Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига киритади.


34. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳар чоракда республикада давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш ҳолати тўғрисидаги таҳлилий материалларни, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.


35. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз веб-сайтида ҳар чорак якунларига кўра тегишли ҳисобот даврида республикада давлат фуқаролик хизматининг ривожланиш ҳолати тўғрисида пресс-релиз эълон қилиб боради.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 октябрь
























































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск