ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Атом энергетикаси /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.10.2019 й. ПҚ-4492-сон "Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.10.2019 й.

N ПҚ-4492



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЯДРО-

ЭНЕРГЕТИКА ДАСТУРИ УЧУН КАДРЛАР

САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

СТРАТЕГИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда мамлакат атом энергетикасини умумий энергетика балансига киритиш, ундан камида 60 йил давомида хавфсиз фойдаланишни таъминлаган ҳолда республика ҳудудида атом электр станцияси барпо этишни назарда тутувчи ядро-энергетика дастурини амалга оширишга старт берилди.

Ўзбекистон атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида илмий базага эга. Хусусан, республикамизда тадқиқот ядро реакторидан фойдаланган ҳолда илмий изланишлар 1959 йилдан бери олиб борилмоқда.

Атом энергетикасини ривожлантириш бўйича халқаро тажрибани ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги тавсияларини ҳисобга олган ҳолда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш миллий ядровий инфратузилманинг ғоят муҳим элементларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги "2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-4165-сон қарорини ижро этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ядро-энергетика дастурини атом энергиясидан хавфсиз фойдаланиш талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар билан ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги "Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5484-сон Фармонига мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида "Атом ядроси ва элементар зарралар физикаси, тезлаштирувчи техника", "Ядро физикаси ва ядро технологиялари (қўллаш соҳалари бўйича)", шунингдек, Самарқанд давлат университетида "Атом ядроси ва элементар зарралар физикаси, тезлаштирувчи техника" янги магистратура мутахассисликлари очилди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги "Тошкент шаҳрида "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-3875-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида атом соҳаси учун кадрлар тайёрлашда таянч олий таълим муассасаси ҳисобланувчи "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) филиали ташкил этилиб, "Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси", "Ядро физикаси ва технологияси", "Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси", "Электр энергетикаси ва электр техникаси" йўналишлари бўйича талабаларни ўқитиш йўлга қўйилди;

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг "Иссиқлик техникасининг назарий асослари" кафедраси "Иссиқлик энергияси ва атом электр станциялари" кафедрасига айлантирилди, унинг негизида "Энергетика (атом энергетикаси)" мутахассислиги бўйича талабаларни ўқитиш ташкил этилди;

2018 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - "Ўзатом" агентлиги) ва "Росатом" давлат корпорацияси (Россия Федерацияси) ўртасида Ўзбекистон Республикаси атом энергетикаси соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди, унга кўра 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном олий таълим муассасасида (Россия Федерацияси) Ўзбекистон Республикаси талабаларини ўқитиш бошланди.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари этиб белгилансин:

атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликнинг сўзсиз устуворлиги;

атом электр станцияси (кейинги ўринларда - АЭС) барпо этиш ва ундан фойдаланишда иштирок этувчи ташкилотлар ходимларининг юқори даражадаги хавфсизлик маданиятини доимий равишда таъминлаб бориш;

тегишли лавозим учун талаб қилинган малака ва тажрибага эга бошқарув, муҳандислик, оператив ва таъмирлаш ходимларининг АЭСда ишлашига рухсат беришни таъминлаш;

Халқаро атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда - МАГАТЭ) тавсияларига ва энг яхши халқаро амалиётга асосланган ҳолда кадрлар тайёрлашга тизимли ёндашиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш узлуксизлиги, тайёрлов дастурлари атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ҳаётий даврининг жорий босқичларига, атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли органнинг хавфсизлик талабларига мослигини таъминлаш.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси (кейинги ўринларда - Ҳаракатлар режаси) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

"Ўзатом" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳаракатлар режасида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминласин.


4. Белгилансинки, Стратегияда ва Ҳаракатлар режасида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларни амалга ошириш "Ўзатом" агентлиги ва ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи бошқа вазирлик ва идораларнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига биноан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


5. Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси (кейинги ўринларда - "Эл-юрт умиди" жамғармаси):

"Ўзатом" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда 2020 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги учун Давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар, "Ўзатом" агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига хорижда кадрлар малакасини ошириш ва стажировка қилиш, шунингдек, хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларнинг магистратура, аспирантура ва докторантурасида ёш мутахассисларни ўқитиш мақсадли кўрсаткичларини тузишда ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва "Ўзатом" агентлиги билан биргаликда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасининг малакали ваюқори малакали мутахассислари бўлган ватандошларимизни ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи вазирликлар ва идораларнинг раҳбар лавозимларига жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни мунтазам кўриб борсин.


6. "Ўзатом" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини моддий-техник таъминлаш бўйича харажатларни қўшимча молиялаштириш, шунингдек, унинг ходимларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириш билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзатом" агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


7. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига - Стратегия ва Ҳаракатлар режасини амалга оширишда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзатом" агентлигининг бош директори Ж.Т. Мирзамаҳмудов, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига - Стратегия ва Ҳаракатлар режасида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек, Стратегия ва Ҳаракатлар режасини амалга ошириш жараёнини ёритиш бўйича мақолалар ва мавзуга доир телекўрсатувлар ташкил этсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 16 октябрдаги

ПҚ-4492-сонқарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика

дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш

стратегиясини амалга ошириш бўйича

ҲАРАКАТЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Молиялаштириш

манбалари


Ижро

муддатлари


Масъул ижрочилар


I. АТОМ ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА МУТАХАССИСЛАРНИ

ЎҚИТИШНИНГ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ВА УЛАРНИ АТОМ СОҲАСИГА БИРИКТИРИШ

1.

Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига, шунингдек, Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторига атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларини киритиш.

1. Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш.


2. Классификаторларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

-

2020 йил

апрель

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Мухитдинов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), Фанлар академияси (Юлдашев)


2.

Атом электр станциясининг (кейинги ўринларда - АЭС) ташкилий тузилмаси ва штат жадвалидан келиб чиққан ҳолда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига янги лавозимлар киритиш.


Классификаторга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.


-

2020 йил

декабрь

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Мухитдинов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), Фанлар академияси (Юлдашев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов)


3.

Атом энергияси объектларини ишлатиш учун керакли кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия тақдим қилиш тартибини тасдиқлаш.


Лицензия бериш тартибини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.


-

2019 йил

декабрь


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ташкенбаев), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Фанлар академияси (Юлдашев)


4.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат таълим стандартларини, шу жумладан ядро технологияларини етказиб берувчининг амалдаги стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.

1. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат таълим стандартлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


-

2020 йил

июнь


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), "Ўзстандарт" агентлиги (Сатторов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов)


2. Тасдиқланган давлат таълим стандартлари асосида ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш.



2020йил

август

5.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатнома бериш тартибини тасдиқлаш.


1. Ҳукуматнинг тегишли қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


2. Ядровий қурилмалар, сақлаш пунктлари ходимлари ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борувчи юридик шахслар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатномалар олиши зарур бўлган иш турлари рўйхатини шакллантириш.


3. Бажарадиган фаолиятига қараб атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатномалар олиши лозим бўлган ходимлар лавозимлари рўйхатини шакллантириш.


-

2020 йил

июнь


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Фанлар академияси (Юлдашев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов)


6.

Халқаро атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда - МАГАТЭ) тавсияларини ҳисобга олган ҳолда АЭС объектларидан фойдаланиш учун кадрларга қўйиладиган зарур малакавий талабларни тасдиқлаш.


Кадрларга қўйиладиган малакавий талаблар бўйича идоравий норматив ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


-

2021 йил

декабрь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Мухитдинов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов),

"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов)


7.

АЭСнингоператив ва таъмирлаш ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини тасдиқлаш.


Аттестациядан ўтказиш тартиб-таомилларини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.


-

2021 йил

декабрь


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Мухитдинов)


8.

Ядро қурилмалари ва (ёки) сақлаш пунктлари ходимлари айрим тоифаларининг, шунингдек, ушбу объектларда назорат функцияларини амалга оширувчи атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчиорган ходимларининг меҳнат шароитларининг ва ижтимоий-маиший таъминоти хусусиятларини тасдиқлаш мақсадида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.


-

2021 йил

июнь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Мухитдинов), Молия вазирлиги (Ишметов), Фанлар академияси (Юлдашев), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов)


II. АТОМ ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА МУТАХАССИСЛАР,

ОЛИЙ МАЛАКАЛИ ИЛМИЙ ХОДИМЛАР ВА ИШЧИ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ,

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ҲАМДА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ УЧУН

ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

9.

Ядровий технологиялар етказиб берувчиси билан АЭС ташкилий тузилмаси ва штат жадвалини келишиш.


1. АЭС қурилиши бўйича асосий Контрактнинг кадрлар тайёрлашга доир тегишли иловаларини муҳокама қилиш.


2. АЭСнинг ташкилий тузилмаси ва штат жадвалини келишиш.


3. Олий ва касб-ҳунар маълумотга эга мутахассислар, олий малакали илмий ходимлар ва ишчилар тайёрлаш учун мутахассисликлар (ихтисосликлар) рўйхатини белгилаш.


4. АЭС қурилиши бўйича Контрактни имзолаш.


-

2019 йил

декабрь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов)


10.

Ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи ташкилотларнинг қисқа ва узоқ муддатли даврда кадрларга бўлган эҳтиёжини шакллантириш.


Кадрларга бўлган эҳтиёжни қисқа ва узоқ муддатли давр учун ҳисоблаб, "Ўзатом" агентлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ахборот тақдим этиш.

-

2019 йил

декабрь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Фанлар академияси (Юлдашев), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар


11.

Ядро-энергетика дастурини амалга ошириш йиллари бўйича олий ва касб-ҳунар маълумотга эга мутахассислар ҳамда ишчиларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) миллий режасини тасдиқлаш.


1. Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлаш миллий режасини ишлаб чиқиш.


2. Ходимлар тоифаларини ва кадрлар тайёрлаш мақсадли кўрсаткичларини белгилаш.


3. Миллий режани тасдиқлаш.


-

2020 йил

март


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов)


12.

Ядро-энергетика дастурини амалга ошириш йиллари бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг белгиланган мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ таълим муассасаларига қабул квоталарини тасдиқлаш.


Квоталарни тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.


-

ҳар йили

август

ойига

қадар


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), ядро-энергетика дастурида иштирок этувчи вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар


13.

Олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим ва қўшимча касб-ҳунар таълими соҳасида, шунингдек, илм-фаннинг атом соҳаси манфаатлари йўлидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида олий таълим муассасалари ҳамжамиятини - "Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциумини ташкил этиш.


1. Ядро-энергетика дастурини амалга ошириш учун кадрлар тайёрлашда иштирок этадиган таълим ва илмий тадқиқот муассасалар рўйхатини белгилаш.


2. "Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциуми тўғрисидаги низомни ва ушбу ҳамжамиятнинг иш режасини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.


-

2020 йил

сентябрь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Фанлар академияси (Юлдашев)


III. АТОМ ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА КАДРЛАР

ТАЙЁРЛАШДА ИШТИРОК ЭТАДИГАН ЯНГИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ МУАССАСАЛАРНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

ВА ЎҚУВ-ЛАБОРАТОРИЯ БАЗАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

14.

"ММФИ" миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали (кейинги ўринларда - "ММФИ" филиали) фаолиятини ривожлантириш.


1. "ММФИ" филиали негизида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ўқув марказини ташкил этиш.


2. Ўқув маркази мураббийларини саралаб олиш ва қайта тайёрлаш.


3. Ўқув маркази норматив ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


4. Бакалаврлар тайёрлаш йўналишларини кенгайтириш.


5. Магистратура йўналишларини очиш.


6. Олий таълимдан кейинги таълимни ташкил қилиш.


Ўзбекистон Республикаси Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси


График

асосида


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов)


15.

АЭС жойлашган ҳудудда аниқ ва табиий фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослашган мактаб-интернат ташкил этиш.


1. Жиззах вилоятидаги таълим муассасалари ҳолатини ва таълим сифати кўрсаткичларини ўрганиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш:

биринчи АЭС жойлашган ҳудудда ихтисослашган мактаб-интернат ташкил этиш;

мактаб-интернатни "Замонавий мактаб" дастурининг 2020 йилги режасига киритиш.


Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси, Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари


2019 йил

ноябрь


Халқ таълими вазирлиги (Шерматов), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (Бобохужаев), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Жиззах вилояти ҳокимлиги (Солиев)


3. Жиззах шаҳрида 2020 йилда ташкил этиладиган "Президент мактаби" билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали STEM таълим элементларини ва ўқувчиларни саралаб олиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш.


2020 йил

сентябрдан

бошлаб


16.

АЭС жойлашган ҳудудда Ўқув-машғулот маркази (кейинги ўринларда - ЎММ) барпо этиш ва фойдаланишга топшириш.

1. ЎММ барпо этиш ва фойдаланишга топшириш графигини тасдиқлаш.


2. Объектни барпо этиш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш.


3. ЎММ инструкторларини танлаб олиш ва уларни, шу жумладан хорижда қайта тайёрлаш.


4. ЎММ норматив ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


АЭСни қуриш

контракти

доирасида


2026 йил

декабрь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси (Аманов)


17.

Жиззах политехника институти фаолиятини ривожлантириш.


1. АЭС жойлашган майдон ҳудудида атом энергетикаси тармоғини ва унга ўзаро боғлиқ тармоқларни ривожлантириш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Жиззах политехника институтининг мутахассисликлари рўйхатини ва кадрлар тайёрлаш йўналишларини кенгайтириш.


Институтнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари


2020 йил

апрель


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Жиззах политехника институти (Усманкулов)


2. Танланган йўналишлар бўйича хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини ташкил этиш.


2020 йил

август

18.

АЭС учун сувнинг радиокимёвий сифатини назорат қилувчи кадрларни тайёрлаш мақсадида "Радиокимё" йўналишида янги таълим ихтисослигини ташкил этиш.


1. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кимё факультетининг "Табиий бирикмалар кимёси" кафедрасида "Радиокимё" йўналишини ташкил этиш.


Университетнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари


2020 йил

апрель


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (Мараҳимов)


2. Лаборатория ускуналарини харид қилиш ва кафедрани жиҳозлаш.


3. Лаборатория ускуналаридан фойдаланишни методик қўллаб-қувватлаш.


2020 йил

август

19.

"Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциуми таълим ва илмий муассасалари моддий-техника ва ўқув-лаборатория базасини яратиш ҳамда модернизация қилиш.


1. Ўқув ва илмий лабораториялар моддий-техника базасини модернизация қилиш, олий таълим муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.


Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


доимий

равишда


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов)


2. "Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциуми олий таълимни бошқариш ахборот тизимини жорий этиш.


3. "Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциуми учун "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали қошида доим янгилаб туриладиган маълумотлар базасига ва электрон кутубхонага эга замонавий Ахборот-ресурс марказиниташкил этиш.


4. Nucleus, Web of Science, Scopus каби техник ва илмий ахборотларнинг илмий-таълим маълумотлар базасидан фойдаланиш тизимини жорий этиш.


2021 йил

август

20.

"Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги" ва "Атроф муҳитни муҳофаза қилиш" йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланадиган республиканинг тегишли таълим муассасаларини махсус лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш.


1. Махсус лаборатория ускуналари рўйхатини ишлаб чиқиш ва келишиш.


2. Лаборатория ускуналарини харид қилиш ва жиҳозлаш.


3. Лаборатория ускуналаридан фойдаланишни методик қўллаб-қувватлаш.


Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси, олий таълим муассасаларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2020 йил

август


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров)


21.

"Ўзатом" агентлиги таянч олий таълим муассасалари консорциуми эҳтиёжи учун хорижий ўқув адабиётлари тизимли равишда чоп этилишини ташкиллаштириш, таълим жараёнининг ўқув-методик таъминотини ишлаб чиқиш.


1. Ўқув ва ўқув-методик адабиётларни чоп этишга тайёрлайдиган бўлинма ташкил этиш.


2. Хорижий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш, чоп этиш ва тарқатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2020 йил

август


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Фанлар академияси (Юлдашев), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов)


IV. АЭСни ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛУВЧИ ТАШКИЛОТ

ХОДИМЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

22.

АЭСни қуриш ва фойдаланишга топшириш даврларида эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлашни режалаштириш.


1. Эксплуатация қилувчи ташкилот ташкилий тузилмасини ва штат жадвалининг тегишли таҳририни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.



ҳар йили

2020-2030

йиллар


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси (Аманов)

2. Номзодларни тайёрлаш учун малакали танлаб олиш жадвалларини, ўқитиш жадвалини ишлаб чиқиш.



ҳар йили

декабрь

ойигача

3. Эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш дастури салоҳиятли иштирокчиларини иш жойи учун ўрнатилган махсус талабларга мувофиқлиги мезонларини ишлаб чиқиш.



2022 йил

май

23.

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг раҳбар, эксплуатация (оператив ва таъмирлаш), ёрдамчи (техник) ва маъмурий-бошқарув ходимларини МАГАТЭ тавсияларига мувофиқ тайёрлаш.


1. Эксплуатация қилувчи ташкилотдаги салоҳиятли ходимларининг базавий таълим олишини ташкил этиш.


2. Эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларида АЭСни мустақил бошқариш компетенциясини шакллантириш мақсадида замонавий кенг кўламли тренажёрлар ва машғулот марказларидан фойдаланган ҳолда уларни махсус тарзда тарзда тайёрлашни ташкил этиш.


3. АЭСдаги иш жойида амалиёт ўташни ташкил этиш.


АЭС қурилиши бўйича контракт доирасида, Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси


2025 йил

декабрь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси (Аманов)

24.

Кадрлар захирасини саралаб олиш ва тайёрлаш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш.


1. Халқ хўжалигининг турли тармоқларида банд бўлган мутахассислар, ўз малакасига кўра атом соҳасини кадрлар билан тўлдириш манбаларига кирадиган таълим муассасалари битирувчилари доирасини белгилаш.


2. Ўта муҳим лавозимларда ривожлантириш модул дастурларини ишлаб чиқиш ҳамдалавозимда кўтарилиш ва ротация билан самарадорлик кўрсаткичлари ўртасида ўзаро боғлиқлигини таъминлаш.


3. Ўта муҳим лавозимлар учун номзодларнинг бошқарув салоҳияти самарадорлигини баҳолаш комплекс тизимини ишлаб чиқиш.


4. Ўта муҳим лавозимлар учун кадрлар захирасини шакллантириш учун тавсиялар тайёрлаш.


-

2022 йилдан бошлаб доимий равишда

"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси (Аманов)

25.

АЭС хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўта муҳим лавозимларда изчилликни таъминлаш.


1. Турли йўналишда бошқарув тажрибасига эга бўлган мутахассислар (олий таълим муассасаларининг юқори курс талабалари, энергетика корхоналарининг тажрибали ходимлари, бошқарувчилар ва тест якунлари бўйича тегишли талабларга мос деб топиладиган бошқа малакали мутахассислар) учун Кадрлар захирасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Эксплуатация қилувчи ташкилотнинг Кадрлар захирасини ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш.


-

2020 йил

январь


"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси (Аманов)

V. АТОМ ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА ХАВФСИЗЛИКНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ОРГАНЛАРИ ВА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

ОРГАНЛАРИ, ЯДРО-ЭНЕРГЕТИКА ДАСТУРИДА ИШТИРОК ЭТАДИГАН ЎЗАРО

БОҒЛИҚ ТАРМОҚЛАР ТАШКИЛОТЛАРИ УЧУН КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ

26.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ходимларини тайёрлаш.


1. Ходимлар тайёрлаш графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари


2019 йил

декабрь


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов)

2. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.


график

асосида

27.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ходимларини тайёрлаш.

1. Номзодларни тайёрлаш учун малакали саралаб олиш графикларини, мутахассисларни ўқитиш графикларини ва ишга қабул қилиш графикларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.


Вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2019 йил

декабрь

Энергетика вазирлиги (Султонов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), ФВВ (Мўминов), Давлат экология қўмитаси (Қўчқоров), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Фанлар академияси (Юлдашев), тегишли вазирликлар ва идоралар


2. Тасдиқланган ўқитиш графиклари ва ишга қабул қилиш графиклари асосида номзодларни тайёрлаш учун малакали саралаб олишни, мутахассисларни ишга қабул қилишни ташкил этиш.


график

асосида

28.

ЎММда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар ва давлат бошқаруви органлари, ядро-энергетика дастурида иштирок этадиган ўзаро боғлиқ тармоқларнинг ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини лозим даражада таъминлаш.


1. Ходимларни тайёрлаш графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2019 йил

декабрь


Давлат экология қўмитаси (Қўчқоров), ИИВ (Бобожонов), ФВВ (Мўминов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Мудофаа вазирлиги (Курбанов), Миллий гвардия (Тошматов), Қурилиш вазирлиги (Зокиров), тегишли вазирликлар ва идоралар


2. ЎММда қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш.


график

асосида

29.

Таълим муассасаларини профессор-ўқитувчилар таркиби билан ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларини ушбу соҳадаги илмий ходимлар билан таъминлаш учун атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида олий малакали кадрларни тайёрлаш.


1. Атом энергетикаси йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ташкил этиш.


2. Атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги фалсафа докторларини (PhD) ва фан докторларини (DSc) тайёрлаш учун квоталар ажратиш.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2020

йилдан

бошлаб

Олий аттестация комиссияси (Юсупов), Инновацион ривожлантириш вазирлиги (Абдураҳмонов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Фанлар академияси (Юлдашев)


30.

ЎММ инструкторлари ва ихтисослашган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини оширишни ташкил этиш.


1. Ихтисослашган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини тизимли равишда ошириш графигини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.


2. "Росатом" техник академияси", Жаҳон ядро университети ва бошқалар билан малака ошириш бўйича шартномалар тайёрлаш ва имзолаш.


Вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2027 йил

сентябрдан

бошлаб

"Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), "Эл-юрт умиди" жамғармаси (Бекмуродов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги(Шодмонов), Фанлар академияси (Юлдашев)


31.

Ядро физикаси, ядро тиббиёти, радиокимё, радиация хавфсизлиги, ҳаёт фаолиятини таъминлаш хавфсизлиги, метеорология, гидрогеология, материалшунослик ва бошқа ноэнергетик йўналишларда кадрлар тайёрлаш.

1. Қисқа ва узоқ муддатли даврларда кадрларга бўлган эҳтиёжларни ҳисоблаб чиқиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кадрларга бўлган эҳтиёжи тўғрисида ахборот тақдим этиш.


3. Кадрлар тайёрлашни ташкил этиш.


Вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


2020 йил

июнь


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Фанлар академияси (Юлдашев), Қурилиш вазирлиги (Зокиров), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Молия вазирлиги (Ишметов)


VI. РЕСПУБЛИКАНИНГ АТОМ СОҲАСИ УЧУН КАДРЛАР

ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

32.

Техник ҳамкорлик дастури доирасида МАГАТЭ билан ҳамкорлик қилиш.


1. Мақсадли ўқитиш бўйича эҳтиёжларни шакллантириш (ўқитиш мавзулари ва иштирокчилар рўйхати).


2. Сўров тайёрлаш ва МАГАТЭ котибиятига юбориш.


3. МАГАТЭ билан биргаликда тадбирлар режасини келишиш.


Вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари


доимий

равишда

келишувлар

асосида


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Гулямов), "Ўзатом" агентлиги (Мирзамахмудов), Фанлар академияси (Юлдашев), тегишли вазирликлар ва идоралар


33.

Кадрлар тайёрлаш, хусусан, тажриба алмашиш, ўқув семинарлари ва тренингларини, шу жумладан шартнома асосида ташкил қилиш ва ўтказиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

1. Ходимларни хорижда ўқитиш графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, тегишли жамғармалар маблағлари


2020 йил

октябрь


Давлат экология қўмитаси (Қўчқоров), ИИВ (Бобожонов), ФВВ (Мўминов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Мудофаа вазирлиги (Курбанов), Миллий гвардия (Тошматов), Қурилиш вазирлиги (Зокиров), тегишли вазирликлар ва идоралар


2. Қуйидаги таълим муассасалари билан ядро энергетикаси учун ходимлар тайёрлаш бўйича шартномани келишиш ва имзолаш:

"Росатом" давлат корпорацияси (Россия Федерацияси) таянч олий таълим муассасалари консорциумига кирадиган таълим муассасалари;

"Росатом" техник академияси"нинг (Россия Федерацияси) қўшимча касб-ҳунар таълими автоном нотижорат ташкилоти;

"Росатом корпоратив академияси"нинг (Россия Федерацияси) автоном нотижорат ташкилоти;

Жаҳон ядро уюшмаси (Буюк Британия) ҳузуридаги Жаҳон ядро университети;

АЭСни эксплуатация қилувчи ва ўқув-машғулот мажмуаларига ҳамда махсус тренажёрларга эга хорижий ташкилотлар.


график

асосида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 21 октябрь, 42-сон, 793-модда














































Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск