ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Атом энергетикаси /

Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш Стратегияси (ЎзР Президентининг 16.10.2019 й. ПҚ-4492-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 16 октябрдаги

ПҚ-4492-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

Ядро-энергетика дастури учун кадрлар

салоҳиятини ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Биринчи атом электр станциясини (кейинги ўринларда - АЭС) барпо этиш Ўзбекистон Республикасида энергетикани ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ҳаётий даврининг барча босқичларида хавфсизлик таъминланган тақдирда, экологик тоза энергия тури ҳисобланади. Бу, шу жумладан АЭС ходимларининг, ядро-энергетика дастурини амалга оширишга жалб этилган назорат органлари, вазирликлар ва идоралар ходимларининг юксак малакаси ва хавфсизлик маданияти орқали таъминланади.

АЭС қурилишини 2022 йилда бошлаш режалаштирилмоқда. Биринчи энергия блокини 2028 йилда, иккинчи энергия блокини эса 2030 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастурини кадр ресурслари билан таъминлаш учун атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг самарали миллий тизимини шакллантириш зарур, бу эса Атом энергияси халқаро агентлигининг Миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тавсияларига мос келади.

Ядро энергетикаси дастури учун кадрлар тайёрлаш миллий тизимини яратиш вазифаларини комплекс ҳал қилиш лозим, чунки атом соҳасини ривожлантириш нафақат АЭСни эксплуатация қилишда, балки қурилиш, энергетика, материалшунослик, таълим, илм-фан, техника, тиббиёт каби ўзаро боғланган йўналишларда кадрлар тайёрлашни ҳам талаб қилади.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЯДРО-ЭНЕРГЕТИКА ДАСТУРИ УЧУН КАДРЛАР

САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СТРАТЕГИЯСИ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


АЭС барпо этиш ва хавфсиз эксплуатация қилиш, АЭСнинг бутун ҳаётий даври мобайнида ядровий ва радиациявий хавфсизликни, АЭС ходимлари, аҳоли ва атроф муҳит хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар олишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси атом энергетикаси соҳаси кадрларини комплекс тайёрлаш тизимини яратиш ва келгусида унинг самарадорлигини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикасининг Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия)нинг мақсади ҳисобланади.

Стратегия мақсадига эришиш учун қуйидаги асосий вазифалар ҳал этилишини таъминлаш зарур:

атом энергетикасини хавфсиз ривожлантириш талабларига мувофиқ ва энг яхши халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактаб таълимидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимгача барча босқичларни ўз ичига оладиган атом соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ва малака ошириш тизимини яратиш;

ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлашга давлат буюртмасини шакллантириш;

миллий ядро-энергетика дастурининг таянч олий таълим муассасаси сифатида "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали (кейинги ўринларда - "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали) фаолиятини ривожлантириш;

янги таълим муассасалари ташкил этиш, мавжуд таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва таълим дастурлари ҳамда ўқув методикаларини такомиллаштириш;

Атом энергияси халқаро агентлиги (кейинги ўринларда - МАГАТЭ) тавсияларига мувофиқ эксплуатация қилувчи ташкилот ходимлари сифатли тайёрланиши, қайта тайёрланиши ва малака оширишини таъминлаш, шунингдек, меҳнат фаолияти атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигига таъсир кўрсатадиган ходимлар малакасини узлуксиз қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган, миллий ядро-энергетика дастурини амалга оширишга жалб этилган бошқа давлат органлари ва ташкилотлари мутахассисларини жадал тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ядро физикаси, ядро тиббиёти, радиокимё, радиация хавфсизлиги, энергетика, материалшунослик, ҳаёт фаолиятини таъминлаш хавфсизлиги, гидрогеология, метеорология, экология ва бошқа соҳаларда профессор-ўқитувчилар таркибини ҳамда илмий ходимларни тайёрлаш;

атом соҳасига ходимларнинг профессионал-техник билимларини баҳолашнинг самарали тизимини ва иш ҳақи миқдори ходимнинг малакаси, соҳадаги иш стажи ҳамда иш берувчи ташкилот ва умуман соҳа фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига қўшадиган амалдаги реал ҳиссасига боғлиқлигини назарда тутувчи моддий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

атом соҳасига ходимлар учун соҳада ишлаш обрўсини ва жозибадорлигини оширадиган кафолатлар, компенсациялар ва ижтимоий дастурлар тизимини жорий этиш;

АЭС хавфсизлиги ва қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши нуқтаи назаридан кадрлар захирасини яратишга ва атом энергетикаси ташкилотларининг ўта муҳим лавозимларида изчилликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш узоқ муддатга мўлжалланган истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги асосий йўналишларга мувофиқ амалга оширилади:

атом энергетикаси кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

кадрлар тайёрлашга давлат буюртмасини шакллантириш;

"ММФИ" миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ривожлантириш;

таълим муассасаларини ривожлантириш;

АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш;

атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлашни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги органлар мутахассисларини тайёрлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви органлари мутахассисларини тайёрлаш;

профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларни тайёрлаш;

кадрлар захирасини яратиш ва атом энергетикасининг ўта муҳим лавозимларида изчилликни таъминлаш;

кадрлар тайёрлаш асосида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



1-§. Атом энергетикаси кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг

норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш


Атом энергетикаси кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига, шунингдек, Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторига атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги янги йўналишлар ва таълим мутахассисликларини киритиш;

референт АЭС ташкилий тузилмаси ва штат жадвалидан келиб чиққан ҳолда Хизматчилар асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига янги лавозимлар киритиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат таълим стандартларини, шу жумладан референт АЭС учун ходимлар тайёрлашда фойдаланилган ядро технологияларини етказиб берувчи томонидан таклиф этиладиган таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва юридик шахслар ходимларига атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини тасдиқлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва юридик шахсларнинг ходимларига нисбатан малака талабларини тасдиқлаш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва юридик шахсларнинг бажарадиган фаолиятига қараб атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш олиб бориш ҳуқуқи учун рухсатномалар олиши керак бўлган ходимлари лавозимлари рўйхатини тасдиқлаш;

АЭСнинг эксплуатация қилувчи ходимлари билимларини текшириш ва аттестациядан ўтказиш тартиб-таомилини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрловчи, қайта тайёрловчи, малакасини оширувчи таълим муассасаларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш учун лицензиялар (рухсатномалар) олиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш тартибини тасдиқлаш;

ядро қурилмалари ва (ёки) сақлаш пунктлари ходимларининг айрим тоифалари, шунингдек, мазкур объектларда назорат функцияларини амалга оширувчи атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ходимларининг меҳнат шароитларининг ва ижтимоий-маиший таъминоти хусусиятларини тартибга солувчи нормаларни тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган мажбуриятлар ва ҳуқуқларга нисбатан атом энергиясидан фойдаланиш объектларида меҳнат интизомининг кучайтирилган талабларини белгиловчи эксплуатация қилувчи ташкилотнинг меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми тўғрисидаги уставни тасдиқлаш.



2-§. Кадрлар тайёрлаш учун давлат буюртмасини шакллантириш


Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлашга давлат буюртмасини ўз вақтида шакллантириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

ядро-энергетика дастури учун кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, шу жумладан қуйидаги тоифадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш учун мутахассисликлар (ихтисосликлар) рўйхатини белгилаш:

а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзатом" атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги қошидаги АЭС қурилиши дирекциясининг АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан лойиҳани бошқариш, иш сифатини назорат қилиш ва ишларни қабул қилиб олишни амалга оширувчи ходимлари;

б) АЭСнинг эксплуатация қилувчи (оператив ва таъмирлаш) ходимлари;

в) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизлик масалаларини давлат томонидан бошқариш ва тартибга солиш органлари ходимлари;

г) тайёрланган ходимлар малакасини таъминлаб турадиган ва янги кадрларни ўқитадиган илмий ташкилотлар ва таълим муассасалари ходимлари;

д) АЭС қуришда иштирок этадиган ва АЭСни эксплуатация қилишни қўллаб-қувватлайдиган бошқа ташкилотлар ходимлари;

мутахассисларнинг лавозим мажбуриятларини бажаришга касбий тайёрлиги мезонларини аниқлаш ва уларни ушбу мажбуриятларни бажаришга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш;

ўз малакаси ва профессионал тажрибасига кўра атом соҳасини кадрлар билан тўлдирувчи захира манбаларига кирадиган давлат органлари мутахассислари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган мутахассислар, таълим муассасалари битирувчилари доирасини белгилаш;

касбий тайёрлигини, билим ва тажриба даражасини ҳисобга олиб, мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг йиллик ҳажмларини белгилаш.



3-§. "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети"нинг

Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ривожлантириш


"ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети"нинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

атом тармоғи учун кадрлар тайёрлаш соҳасида таянч олий таълим муассасаси сифатида "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети"нинг Тошкент шаҳридаги филиалини моддий-техник таъминлаш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

ўқув жараёнини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ядро физикаси институтининг ўқув-амалий лабораторияларини лаборатория ва ўқув-лаборатория ускуналари, макетлар ва таҳлилий тренажёрлар билан жиҳозлаш;

"ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети"нинг Тошкент шаҳридаги филиалига юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибини жалб қилиш;

бакалаврлар тайёрлаш йўналишларини кенгайтириш;

магистратура очиш;

олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш;

атом соҳаси ходимлари малакасини оширишнинг тармоқ маркази фаолиятини ташкил этиш.



4-§. Таълим муассасаларини ривожлантириш


Атом соҳасида кадрларни сифатли тайёрлаш узлуксиз тизимини таъминлаш учун таълим муассасаларни ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

Миллий ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлашга жалб этилган таълим ва илмий муассасаларнинг моддий-техник ва ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш дастурини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

Жиззах вилоятида АЭС жойлашадиган асосий майдон танланишини ҳисобга олиб, АЭСнингэксплуатация қилувчи ходимларини тайёрлашга эътибор берган ҳолда Жиззах политехника институтида кадрлар тайёрлаш йўналишларини кенгайтириш;

AЭС бинолари ва иншоотлари мажмуаси таркибида ўқув-машғулот маркази (кейинги ўринларда - ўқув-машғулот маркази) барпо этиш ва фойдаланишга топшириш;

ўқув-машғулот марказида ишлаш учун ўқитувчилар ва инструкторларни тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий қўллаб-қувватлашни, шу жумладан хорижда ташкил этиш;

Жиззах вилоятида "Ўзатом" агентлиги васийлиги ҳамда қўллаб-қувватлаши билан аниқ ва табиий фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш;

атом энергетикаси, ядро технологиялари ҳамда ядро ёқилғиси, ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш бўйича махсус ўқув ва илмий-оммабоп адабиётлар тайёрлаш ва чоп этиш, шунингдек, барча даражадаги таълим жараёнларининг ахборот-методик таъминотини ишлаб чиқиш.



5-§. АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш


Эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш вақт бўйича АЭС ҳаётий даврининг тўртта босқичига бўлинган:

1) барпо этиш;

2) фойдаланишга топшириш;

3) эксплуатация қилиш;

4) фойдаланишдан чиқариш.

Эксплуатация қилувчи ташкилот ходимлари тўртта асосий йўналиш бўйича тайёрланади:

1) олий раҳбар ходимлар;

2) эксплуатация (оператив ва таъмирлаш) ходимлари;

3) ёрдамчи техник ходимлар;

4) маъмурий-бошқарув ходимлари.

АЭСнинг олий раҳбар ходимлари тегишли малакага, иш стажига эга бўлган ва атом энергиясидан фойдаланиш объектини бошқариш учун зарур бошқа талабларга жавоб берадиган эксплуатация қилувчи ходимлар орасидан якка тартибдаги ривожланиш режалари бўйича малакасини ошириш орқали тайёрланади.

Эксплуатация қилувчи ва ёрдамчи техник ходимлар тўрт босқичда тайёрланади:

1) АЭСдаги аниқ лавозим учун талаб этиладиган базавий таълим;

2) ўқув-машғулот марказида назарий тайёрлаш;

3) ўқув-машғулот марказида макетлар, тренажёрлар ва ўқитишнинг бошқа техник воситаларини қўллаган ҳолда амалий тайёрлаш;

4) АЭСдаги иш жойида амалиёт ўташ.

АЭСнинг маъмурий-бошқарув ходимлари ўқув-машғулот марказида малакасини ошириш ва назарий тайёргарликдан ўтказиш орқали тайёрланади.

АЭС барпо этиладиган ва фойдаланишга топшириладиган даврда эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлашни режалаштириш учун:

вақт давомида ривожланиш даврларини (2020, 2022, 2024, 2026, 2028 йилларда) ҳисобга олган ҳолда эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ташкилий тузилмаси ва штат жадвали тегишли таҳрирлари ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади;

эксплуатация қилувчи ташкилотнинг амалдаги ташкилий тузилмаси ва уни ривожлантириш режалари асосида номзодларни тайёрлаш учун малакали саралаб олиш графиклари, ходимларни ўқитиш графиклари ва қабул қилиш графиклари ишлаб чиқилади;

эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш дастури потенциал иштирокчиларининг бўлажак иш жойи учун ўрнатилган махсус талабларга мувофиқлиги мезонлари ишлаб чиқилади;

ўз малакасига кўра атом соҳасини кадрлар билан тўлдирувчи захира манбаларига кирадиган, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган мутахассислар, таълим муассасалари битирувчилари доираси белгиланади.

Биринчи АЭСни фойдаланишга топшириш учун зарур бўлган эксплуатация қилувчи ходимларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 7 сентябрда тузилган битим (кейинги ўринларда - Ҳукуматлараро битим) доирасида амалга оширилади.

Ҳукуматлараро битим татбиқ этилмайдиган АЭС ходимлари давлат таълим муассасалари кучи билан ёки контракт асосида тайёрланади.

АЭСнинг эксплуатация қилувчи ходимларини аттестациядан ўтказиш жараёнида ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида иш бажариш учун рухсатномалар беришда қўлланиладиган малака талаблари ва мувофиқлик мезонлари атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи орган томонидан тасдиқланади.

АЭСни эксплуатация қилиш даврида ходимлар малакаси, билими ва кўникмаларини талаб даражасида таъминлаб туриш ўқув-машғулот марказида, шунингдек, зарур ҳолларда, ихтисослашган миллий ва хорижий таълим муассасаларида амалга оширилади.

Эксплуатация қилувчи ходимларнинг билими Атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган томонидан белгиланган муддатларда текширилиб турилади (аттестациядан ўтказилади).



6-§. Атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни

давлат томонидан тартибга солувчи органлар

мутахассисларини тайёрлаш


Атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органларнинг мутахассислари учта асосий йўналиш бўйича тайёрланади:

1) атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган (кейинги ўринларда - регулятор) мутахассислари;

2) ядро ва радиация хавфсизлиги соҳаси экспертлари;

3) атом энергиясидан фойдаланиш объектларида назорат фаолиятини амалга оширувчи саноат, ёнғин, экологик хавфсизлик, санитария-эпидемиология хавфсизлиги, жисмоний ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати органлари мутахассислари.

Регулятор мутахассислар учта босқичда тайёрланади:

1) муайян лавозим учун талаб қилинадиган базавий маълумот;

2) ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича, шу жумладан ўқув-машғулот марказида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш;

3) ишлаб турган АЭСларда амалиёт ўташ.

Ядро ва радиация хавфсизлиги соҳаси экспертларини тайёрлаш тегишли олий таълим олиш, шунингдек, зарур ҳолларда ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш орқали амалга оширилади.

Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида назорат фаолиятини амалга оширувчи саноат, ёнғин, экологик хавфсизлик, санитария-эпидемиология хавфсизлиги, жисмоний ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати органлари мутахассисларини тайёрлаш, шу жумладан ўқув-машғулот марказида малакасини ошириш орқали амалга оширилади.

Регулятор ходимларини тайёрлашни режалаштириш учун:

регулятор ташкилий тузилмаси ва уни ривожлантириш режалари асосида номзодларни тайёрлаш учун малакали саралаб олиш графиклари, мутахассисларни ўқитиш графиклари ва ишга қабул қилиш графиклари ишлаб чиқилади;

регулятор мутахассисларини тайёрлаш дастурининг потенциал иштирокчиларини бўлажак иш жойи учун ўрнатилган махсус талабларга мувофиқлиги мезонлари ишлаб чиқилади;

ўз малакасига кўра регуляторнинг кадрлар таркибини шакллантирувчи захира манбаларига кирадиган, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган мутахассислар, таълим муассасалари битирувчиларининг доираси белгиланади.

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида назорат фаолиятини амалга оширувчи саноат, ёнғин, экологик хавфсизлик, санитария-эпидемиология хавфсизлиги, жисмоний ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги регулятор ва давлат назорати органлари мутахассислари малакаси, билими ва кўникмаларини талаб даражасида таъминлаб туриш ихтисослашган миллий ва хорижий таълим муассасаларида, шу жумладан, зарур ҳолларда, ўқув-машғулот марказида олиб борилиши мумкин. Бунда мазкур органлар мутахассисларининг билими белгиланган тартибда текширилиши (аттестациядан ўтказилиши) лозим.



7-§. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат

бошқаруви органлари мутахассисларини тайёрлаш


Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари мутахассислари икки тоифага бўлинади:

1) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи (кейинги ўринларда - давлат бошқаруви ваколатли органи) мутахассислари;

2) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат бошқаруви органлари мутахассислари.

Давлат бошқаруви ваколатли органи мутахассислари икки босқичда тайёрланади:

1) муайян лавозим учун талаб қилинадиган базавий маълумот;

2) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида, шу жумладан ўқув-машғулот марказида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш.

Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида алоҳида ваколатларга эга давлат бошқаруви органлари мутахассислари, шу жумладан ўқув-машғулот марказида малака ошириш орқали тайёрланади.

Давлат бошқаруви ваколатли органи ходимларини тайёрлашни режалаштириш учун:

давлат бошқаруви ваколатли органи ташкилий тузилмаси асосида номзодларни тайёрлаш учун малакали саралаб олиш графиклари, мутахассисларни ўқитиш графиклари ва ишга қабул қилиш графиклари ишлаб чиқилади;

давлат бошқаруви ваколатли органи мутахассисларини тайёрлаш дастурининг потенциал иштирокчиларини бўлажак иш жойи учун ўрнатилган махсус талабларга мувофиқлик мезонлари ишлаб чиқилади;

ўз малакасига кўра давлат бошқаруви ваколатли органи кадрлар таркибини шакллантирувчи захира манбаларига кирадиган, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган мутахассислар, таълим муассасалари битирувчилари доираси белгиланади.

Давлат бошқаруви ваколатли органи ва атом энергияси соҳасида алоҳида ваколатларга эга давлат бошқаруви органлари мутахассислари малакаси, билими ва кўникмаларини талаб даражасида таъминлаб туриш ихтисослашган миллий ва хорижий таълим муассасаларида, шу жумладан, зарур ҳолларда, ўқув-машғулот марказида амалга оширилиши мумкин.



8-§. Профессор-ўқитувчилар таркибини

ҳамда илмий ходимларни тайёрлаш


Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олий малакали кадрларни тайёрлаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

таълим муассасаларини профессор-ўқитувчилар таркиби билан ҳамда илмий ташкилотларни ушбу соҳадаги илмий ходимлар билан таъминлаш;

атом энергиясидан фойдаланишнинг ноэнергетик йўналишларини ривожлантириш мақсадида ядро физикаси, ядро тиббиёти, радиация хавфсизлиги, ҳаёт фаолиятини таъминлаш хавфсизлиги, материалшунослик, гидрогеология, метеорология ва бошқа соҳаларда кадрлар тайёрлаш.



9-§. Кадрлар захирасини яратиш ва атом энергетикасининг

ўта муҳим лавозимларида изчилликни таъминлаш


АЭС хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўта муҳим лавозимларда изчилликни таъминлаш ва қонун ҳужжатлари талабларини бажариш учун эксплуатация қилувчи ташкилот турли бошқарув тажрибасига эга мутахассислар (тест синовларига кўра талабларга мос деб топилган олий таълим муассасаларининг юқори курслари талабалари, энергетика корхоналарининг тажрибали ходимлари, бошқарувчилар ва бошқа малакали мутахассислар) учун кадрлар захирасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Ядро-энергетика дастурини амалга оширишда иштирок этувчи вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар кадрлар захирасини яратиш ва ривожлантириш бўйича ўз режаларини ҳамда бўлинмалар ва алоҳида лавозимлар кесимида энг истиқболли кадрларни аниқлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқади.

Атом соҳасининг малакали ва тажрибали ходимлари ёш мутахассисларга ҳам профессионал асосда, ҳам хавфсизлик маданияти ва соҳа қадриятларини ривожлантириш борасида зарур билим ва кўникмаларни ўзлаштиришда кўмаклашишини назарда тутувчи "устоз-шогирд" тизимини ташкил этиш кадрлар захирасини ривожлантириш дастурининг мажбурий таркибий қисми бўлиши лозим.



10-§. Кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро

ҳамкорликни ривожлантириш


Кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қуйидагиларда иштирок этиш бўйича техникавий ҳамкорлик дастури доирасида МАГАТЭ билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур:

"Ўзбекистон Республикасида атом электр станцияси ва тадқиқот реактори қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун кадрлар салоҳиятини ва миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш" UZB2018004 миллий лойиҳаси доирасидаги ўқув тадбирлари;

технологияларни етказиб берувчи томонидан ташкил этиладиган минтақалараро ўқув лойиҳалари;

МАГАТЭ шафелигида ташкил этиладиган халқаро конференциялар, семинарлар ва кенгашлар.

Кадрлар тайёрлаш, шу жумладан тажриба алмашиш, ўқув семинарлари ва тренингларни, шу жумладан контракт асосида ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қуйидагилар билан биргаликда амалга оширилади:

"Росатом" Давлат корпорацияси таянч олий ўқув юртлари консорциумига кирувчи таълим муассасалари (Россия Федерацияси);

"Росатом" техник академияси" қўшимча касб-ҳунар таълими автоном нотижорат ташкилоти (Россия Федерацияси);

"Росатом" корпоратив академияси" автоном нотижорат ташкилоти (Россия Федерацияси);

Жаҳон ядро уюшмаси ҳузуридаги Жаҳон ядро университети (Буюк Британия);

АЭСни эксплуатация қилувчи ва ўқув-машғулот мажмуалари ҳамда махсус тренажёрларга эга бўлган хорижий ташкилотлар.



4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Стратегияни амалга ошириш:

ходимларни тайёрлаш ва мустақил ишлашига рухсат беришдаги ўзига хосликни ҳисобга олиб, АЭСни кадрлар билан таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

АЭСни сифатли барпо этиш ва хавфсиз эксплуатация қилишни, ядровий ва радиация хавфсизлигини, ходимлар, аҳоли ва атроф муҳит хавфсизлигини таъминлаш учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

АЭСни сифатли барпо этиш ва хавфсиз эксплуатация қилиш учун республиканинг атом энергетикаси соҳасини олий ва касб-ҳунар маълумотга эга мутахассислар, олий малакали илмий ходимлар, тегишли мутахассисликлар ва ихтисосликлар бўйича профессионал-техник маълумотга эга ходимлар билан таъминлаш;

атом соҳаси, шу жумладан атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш;

ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда таълим жараёнини самарали илмий-методик, норматив-техник ва ўқув-дастурий қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини яратиш, ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг касбий билим даражасини ошириш;

кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида молиявий маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш имконини беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 21 октябрь, 42-сон, 793-модда
















































Время: 0.0119
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск