ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари /

Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.10.2019 й. 880-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 октябрдаги

880-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган болалар (кейинги ўринларда бола деб аталади) учун Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасининг (кейинги ўринларда ўқув-тарбия муассасаси деб аталади) мақоми, вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ўқув-тарбия муассасаси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, шахсий ғазна ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади.


3. Ўқув-тарбия муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


4. Ўқув-тарбия муассасаси алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болаларга (кейинги ўринларда тарбияланувчи деб аталади) таълим беришни, уларнинг касб-ҳунарга ўргатиш ва ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга оширади.


5. Қуйидагилар ўқув-тарбия муассасасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тарбияланувчиларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида мажбурий умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш;

баркамол, жисмоний ва руҳан соғлом шахсни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, фидойилик, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;

болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи психологик, тиббий ва ижтимоий реабилитациясини таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;

тарбияланувчилар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган "case-study", гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усулларини ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этиш.


6. Ўқув-тарбия муассасасида махсус шароитларни таъминлаш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:

ўқув-тарбия муассасаси ҳудудини қўриқлаш;

ўқув-тарбия муассасасида тарбияланаётганларнинг унинг ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;

тарбияланувчиларни кеча-кундуз, шу жумладан уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;

тарбияланувчиларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек, улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш;

тарбияланувчиларга ўз оиласи билан алоқада бўлиши ҳамда улар билан учрашиши учун зарур алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган алоҳида хоналар ажратиш.



2-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Ўқув-тарбия муассасаси болаларнинг руҳий ва физиологик ҳолатини инобатга олган ҳолда, таълим олиш билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ташкил этилади.


8. Ўқув-тарбия муассасаси ушбу муассасани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан давлат аккредитациясидан ўтказилади.


9. Ўқув-тарбия муассасасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, умумий ўрта таълимнинг ўқув режаси ва таълим дастурлари, шунингдек, тарбияланувчиларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари туридан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги реабилитация дастурлари (ҳаётий кўникмаларга ўргатиш, алкоголь ва гиёҳвандлик воситаларига қарамликдан даволаш, руҳий жароҳат асоратлари билан ишлаш ва бошқа дастурлар) асосида таълим берилади.

Ўқув йилининг бошланиши, ўқув машғулотлари ва таътилларнинг муддатлари, шунингдек, якуний давлат аттестацияси ва таълим тўғрисидаги ҳужжатларни бериш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


10. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги тегишинча Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасининг ўз вақтида тўлиқ таъминоти ва маиший шарт-шароитлари яхшиланишига кўмаклашиш, ушбу муассасаларда маънавий-маърифий ишларнинг замонавий усул ва шаклларидан фойдаланилган ҳолда соғлом ва жисмонан бақувват, руҳан тетик, билимли, ватанпарвар, фидойи, дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, тарбияланувчиларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга масъул ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги республика ўқув-тарбия муассасаларида сифатли тарбия ва таълим жараёнини йўлга қўйиш, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга масъул ҳисобланади.


11. Ўқув-тарбия муассасасида ўқув машғулотлари ўқув дарслари, амалий ва лаборатория машғулотлари, факультатив ва консультациялар шаклида олиб борилади. Ўқув режа ва таълим дастурларида белгиланадиган мажбурий ўқув машғулотлари тарбияланувчиларнинг мустақил ишлари билан тўлдирилади.

Ўқув-тарбия муассасасида синфлардаги ўқувчилар сони 15-20 нафардан иборат этиб белгиланади, тегишли молия органлари билан келишилган ҳолда ушбу муассасаларда, истисно тариқасида, ўқувчилар сонидан қатъий назар синфлар очишга рухсат этилади.


12. Таълим жараёнини ташкил этишда ўқув-тарбия муассасаси соғлиқни сақлаш, маданият, спорт муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


13. Тарбия, таълим, меҳнат ва дам олишнинг асосланган ҳолда уйғунлаштирилишини таъминлайдиган кун тартиби тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бўлиш муддатларининг давомийлиги ҳисобга олинган ҳолда тузилади.


14. Тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасида бўлган давр мобайнида касбга ўргатиш бўйича амалий меҳнат машғулотлари ўтказилади. Бунда:

ёшларнинг шахсий хусусияти ва қизиқишлари, касбий мойиллиги ва қобилиятини баҳолаб бориш орқали меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўзлари англаган ҳолда танлаши учун кўмаклашиш;

бўлғуси касб (мутахассислик) соҳаларини режалаштиришда ўқувчилар омилкорлигини ошириш, бу йўлда уларга ўзининг алоҳида хусусиятларига мос келадиган психологик тайёргарликни шакллантириш бўйича амалий ёрдам ва зарур маслаҳатлар бериб бориш;

ўқув-тарбия муассасаларининг ўқув дастурларига меҳнат бозорида рақобатбардошликнинг шахсий кўникмаларини ривожлантиришига оид мавзулар киритиш, касбга йўналтириш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асослари, меҳнат бозорида мос вакансиялар излаш кўникмалари, ишга кириш учун резюмени тайёрлаш ва иш берувчи билан суҳбатдан ўтиш, ишга кириш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича дастлабки тушунчалар ўз аксини топиши лозим.


15. Тарбияланувчиларни ўқув-тарбия муассасасида касбга йўналтириш ва амалий меҳнат машғулотлари уларнинг ўзига хос жиҳатлари, ёши, жинси, руҳий ва жисмоний ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ўқув-тарбия муассасасидаги маиший шарт-шароитлар тарбияланувчиларнинг реабилитация жараёнига кўмаклашиши, улардаги ҳиссий зўриқишни йўқотишга қаратилиши керак.


16. Ўқув-тарбия муассасасида амалий меҳнат машғулотлари олиб борилади.

Амалий меҳнат машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида олиб борилади.


17. Ўқув-тарбия муассасасида тарбияланувчилар қизиқишларига кўра касб-ҳунарга йўналтирилади.

Барча касб-ҳунар йўналишлари бўйича амалий меҳнат машғулотлари 10-15 кишидан иборат бўлган гуруҳларда амалга оширилади.

Амалий меҳнат машғулотлари қоидага кўра, ўқув-тарбия муассасасининг устахоналарида ўтказилади.


18. Ўқув-тарбия муассасасида тарбияланувчиларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган турли тўгараклар, қизиқишлар бўйича клублар, секциялар (шу жумладан спорт секциялари), студиялар ташкил этилади.


19. Ёзги таътил даврида ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари учун оромгоҳлар ташкил қилиниши, шунингдек, улар оммавий дам олишнинг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин.


20. Ўқув-тарбия муассасасида малакали психолог, педагог ва шифокорлардан иборат психологик-тиббий-педагогик комиссия ташкил этилади, комиссиянинг фаолияти Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия томонидан назорат қилиб борилади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия ҳар олти ойда реабилитация жараёнидаги ўзгаришларни кўриб чиқади ва тарбияланувчи билан якка тартибда ишлаш режасига тузатишлар киритади.

Ўқув-тарбия муассасаси педагогик кенгашининг психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинган қарорига кўра, ушбу муассаса маъмурияти муассаса жойлашган ҳудуддаги Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга қуйидаги масалалар бўйича тақдимномалар киритади:

тарбияланувчини бошқа таълим муассасаларига ўтказиш;

тарбияланувчининг хулқ-атвори тузалгани сабабли мазкур таъсир кўрсатиш чораси қўлланилишини давом эттириш зарур бўлмаса ёки соғлиғининг ҳолати туфайли мазкур муассасада бўлиши мумкин бўлмаса, унинг бу ерда бўлишини суд белгилаган муддатидан аввал тўхтатиш;

тарбияланувчининг таълим олишини тугатиш зарурати бўлган тақдирда, унинг мазкур муассасада бўлиш муддатини узайтириш.



3-БОБ. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ ЎҚУВ-ТАРБИЯ

МУАССАСАСИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ВА УНДАН

ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


21. Республика ўқув-тарбия муассасасига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган (умумий ўрта маълумот олишни тугатмаган) вояга етмаганлар жойлаштирилади.

Ўқув-тарбия муассасасига қуйидагилар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамасдан мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган вояга етмаганлар суд қарори (ажрим) асосида жойлаштирилади.


22. Вояга етмаганларни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш ва қабул қилиш суд ажрими асосида амалга оширилади.


23. Суднинг ажримига кўра, ўқув-тарбия муассасасига юборилаётган вояга етмаганлар ўқув-тарбия муассасасига ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ходимлари томонидан олиб борилади ва жойлаштирилади.


24. Ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириладиган ҳар бир вояга етмаган бола учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси инспектори томонидан ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходими кўмагида шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади.

Шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши керак:

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш ҳақидаги ажрими;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар (мавжуд бўлса);

ўқиш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;

Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг вояга етмаганнинг яшаш ва тарбияланиш шароитларини текшириш далолатномаси;

тегишли маълумотномалар билан бирга тиббий картадан кенгайтирилган кўчирма;

соғлиқни сақлаш муассасасининг вояга етмаган шахс соғлиғи ва уни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси.


25. Ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилаётган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларида юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши лозим:

етим болалар ҳамда ота-она қаровисиз қолган болаларга нисбатан васийлик белгилаш ҳақида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг нусхаси;

ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар (паспортлар ёки ота-онаси ўлганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, суд ҳукмлари ёки қарорлари, ота-онанинг узоқ вақтдан буён касаллиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онаси йўқлигини ёки уларнинг ўз болаларини тарбиялашга имкони йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар);

қариндошларининг борлиги (агар бор бўлса) ва уларнинг яшаш жойлари тўғрисидаги маълумотнома;

вояга етмаганнинг ота-онасидан қолган мол-мулки (агар мол-мулк мавжуд бўлса) рўйхати, мол-мулкнинг жойлашган жойи, унинг сақланишини таъминлаш учун қандай чора-тадбирлар кўрилгани, унинг сақланиши учун жавобгар шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

турар жойнинг вояга етмаганга бириктириб қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (ордер, уй дафтари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли тумандаги (шаҳар) филиалидан турар жойнинг эгаси ва турар жойни хусусийлаштириш ҳолати тўғрисидаги маълумотнома);

пенсия олаётган вояга етмаганнинг пенсия дафтарчаси, суднинг бола фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги қарори нусхаси, жамғарма дафтарчаси.

Вояга етмаганларни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш учун олиб келган ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари барча ҳужжатларининг тўлиқ ва асослилиги учун масъул ҳисобланади.


26. Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасида ахлоқан тузалгунларига қадар бўладилар, лекин бу муддат уч йилдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ўқув-тарбия муассасаси жойлашган ҳудуддаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси тарбияланувчига кўрсатиб ўтилган муассасада уч йиллик муддат ўтгач, жорий ўқув йилида тегишли синфни тугаллагунигача қолишга рухсат бериши мумкин.

27. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатда назарда тутилган, ўқув-тарбия муассасасида сақланиши, тарбияланиши ва таълим олишига тўсқинлик қиладиган жисмоний нуқсонлари ва касалликлари мавжуд бўлган вояга етмаганлар ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши мумкин эмас.


28. Тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бундан кейин бўлишининг мақсадга мувофиқ ёки номувофиқлиги масаласи вақти-вақти билан, лекин йилига камида икки марта ушбу муассасалар жойлашган ҳудуддаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ўз ташаббуси билан, ўқув-тарбия муассасаси маъмуриятининг тақдимномаси ёки вояга етмаганларнинг ота-оналари ёхуд улар ўрнини босувчи шахслар илтимосига биноан кўриб чиқилади.

29. Тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бўлиши ўқув-тарбия муассасасининг педагогик кенгашининг тавсияси асосида мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси қарори билан тўхтатилади. Тарбияланувчи муассасадан чиққунга қадар камида бир ой олдин унинг яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига бу ҳақида хабар берилади.

Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаганни ишга ёки ўқишга жойлаштириш, унинг ижтимоий мослашуви ҳамда оиласидаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш чораларини кўриши шарт.

30. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилганда, унга тарбияланиши ва таълим олиши даврида фойдаланган кийим-бош ва пойабзал тўплами бепул берилади.

Ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилаётган вақтда якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган тарбияланувчиларга таълим тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар (умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестат) берилади.

Таълимни якунламаган тарбияланувчиларга ушбу ўқув-тарбия муассасасида ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.


31. Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилаётган вақтда доимий яшаш жойларига ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувида юборилади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан доимий яшаш жойларига олиб кетиш имкони бўлмаган тарбияланувчилар доимий яшаш жойларига ўқув-тарбия муассасаси ходимларининг кузатувида олиб борилади.

Бунда тарбияланувчиларни доимий яшаш жойларига олиб кетиш имкони бўлмаган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар ўқув-тарбия муассасасига ушбу муассасалар жойлашган ҳудуддаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан тақдим этилади.

Кузатувчи ходимларга тарбияланувчини доимий яшаш жойларига олиб бориш харажатлари учун белгиланган миқдорда пул маблағлари ажратилади. Ушбу харажатлар ўқув-тарбия муассасаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАСИДА

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ


32. Тарбияланувчилар ва педагог ходимлар ўқув-тарбия муассасасида таълим жараёнининг иштирокчилари ҳисобланадилар.


33. Тарбияланувчилар умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул умумий ўрта ҳамда касбий таълим олиш, малакали тиббий хизмат кўрсатилиши, интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган тўгараклар, клублар ва секцияларда қатнашиш ҳуқуқига эга.


34. Ўқув-тарбия муассасасининг тарбияланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ота-онасини ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларни ўзининг кўрсатиб ўтилган муассасага олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда ўқув-тарбия муассасаларининг қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан юқори органларга, Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияларига, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;

инсон шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлишни талаб қилиш;

чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашувлар, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқотлар ҳамда учрашувлар ёрдамида оиласи билан алоқада бўлиш, посилкалар, бандероллар, йўқловлар, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;

тасдиқланган нормалар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.

Тарбияланувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


35. Ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчиларининг таъминоти ва уларга таълим бериш давлат таъминоти асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминланади.


36. Тарбияланувчиларга тиббий ёрдам ўқув-тарбия муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўқув-тарбия муассасаларига келтирилган вояга етмаганларни қатъий тарзда ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказиб бориш ҳамда бемор тарбияланувчиларни ўз тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул даволаш чораларини кўради.


37. Тарбияланувчининг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этган тақдирда ўқув-тарбия муассасаси маъмурияти бу ҳақда унинг ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга, улар бўлмаган ҳолларда эса - тарбияланувчининг доимий яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига дарҳол хабар беради.

38. Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вафот этган ҳолатларда тарбияланувчи уларни дафн қилишда иштирок этиш, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар оғир касал бўлиб қолган ҳолатларда эса - улардан хабар олиш ҳуқуқига эга. Тарбияланувчининг йўлкира харажатлари ўқув-тарбия муассасаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


39. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасида бўлган даврда унга муассаса маъмуриятининг қарорига кўра таътил берилиши мумкин.


40. Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасаси уставига, шунингдек, муассаса ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши шарт.


41. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасаси ҳудудидан ташқарига муассаса раҳбариятининг ёзма рухсатномасига кўра, фақат ўқув-тарбия муассасасининг ходимлари, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида чиқади.


42. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасини ўзбошимчалик билан тарк этган тақдирда, муассаса маъмурияти бу ҳақда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги ва тарбияланувчининг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади ҳамда ички ишлар органлари билан биргаликда уни топиш ва ўқув-тарбия муассасасига қайтариш чораларини кўради.


43. Таълим олишда ютуқлари, ижобий ҳулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари белгиланади:

ташаккурнома эълон қилиш;

фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға билан тақдирлаш;

ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга намунали хулқ-атвори ва таълим олишдаги ютуқлари ҳақида хабар бериш.


44. Рағбатлантириш чоралари ўқув-тарбия муассасаси директори томонидан тегишли буйруқ чиқариш йўли билан қўлланилади.


45. Ўқув-тарбия муассасасини педагог ходимлари билан таъминлаш мазкур муассаса устави билан тартибга солинади.

Педагоглик ишига мутахассислиги бўйича малакавий тавсифнома талабларига мос келадиган зарур касбий ва педагогик малакага эга бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан маълумоти тасдиқланган шахслар қабул қилинади.


46. Ўқув-тарбия муассасаси педагог ходимлари, муассасани бошқаришда унинг уставида белгиланадиган тартибда қатнашиш, ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


47. Педагог ходимларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

тарбияланувчиларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўқитиш ва юксак маънавий-ахлоқий даражада тарбиялаш;

ўз касбий малака ва кўникмаларини ҳамда педагоглик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

педагог ахлоқ-одобига риоя этиш, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

тарбияланувчиларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни Ватанни, меҳнатни, ота-онани ҳурмат қилиш, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш.

Педагог ходимларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


48. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳеч бир чекловсиз тарбияланувчилардан хабар олиш, ўқув-тарбия муассасасининг ўқув-тарбиявий фаолияти, болаларининг ижтимоий-педагогик реабилитацияси жараёни билан танишиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


49. Ўқув-тарбия муассасасига бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


50. Директор:

ўқув-тарбия муассасаси номидан фаолият юритади, унинг манфаатларини ҳимоя қилади, мол-мулкини тасарруф этади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади;

ўқув-тарбия муассасаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўқув-тарбия муассасасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари ва ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

педагог ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



6-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАСИНИНГ

МОЛ-МУЛКИ ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


51. Ўқув-тарбия муассасаси фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


52. Ўқув-тарбия муассасаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


53. Ўқув-тарбия муассасаси ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молиявий ва статистик ҳисоботларни юритади.


54. Ўқув-тарбия муассасасининг молия-хўжалик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ички аудит ва молиявий назорат хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


55. Ўқув-тарбия муассасаси белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.


56. Ўқув-тарбия муассасаси тугатилган тақдирда, унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва унинг уставига мувофиқ фойдаланилади.

Ўқув-тарбия муассасаси тугатилган тақдирда, тарбияланувчиларни бошқа таълим муассасаларига ўтказиш таъминланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 октябрь




















































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск