ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Радиациявий хавфсизлик /

Ўзбекистон Республикасида радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича ягона давлат тизими тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 15.10.2019 й. 869-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 октябрдаги

869-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида радиациявий аварияларни

прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш

ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш

бўйича ягона давлат тизими тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ягона давлат тизимининг (кейинги ўринларда Ягона давлат тизими деб аталади) мақсади ва асосий вазифалари, таркиби ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ягона давлат тизими ўзида аҳолини ва атроф-муҳитни радиациявий авариялардан муҳофаза қилиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ваколатига эга бўлган давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг кучлари ва воситаларини бирлаштирган ташкилий-техник тизимни ифода этади.


3. Ягона давлат тизими Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда Ўзбекистан Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги тизими билан ҳамкорлик қилади.


4. Ягона давлат тизими ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларига амал қилади.


5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


радиациявий авария - ускуна носозлиги, ходимлар (персонал)нинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар туфайли келиб чиққан, фуқароларнинг белгиланган нормалардан кўпроқ нурланиш олишига ёки атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ёхуд олиб келган ионлаштирувчи нурланиш манбаи устидан бошқарувнинг издан чиқиши;


ваколатли ташкилотлар - аҳолини ва атроф-муҳитни радиациявий авариялардан муҳофаза қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ваколатига эга бўлган давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар;


радиациявий хавфли объект - радиоактив моддалар сақланадиган, қайта ишланадиган, фойдаланиладиган ёки транспортда ташиладиган объект бўлиб, унда ҳалокат юз берганда ёки вайрон бўлганда одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар радиациядан оммавий зарарланиши ҳамда атроф-муҳит радиоактив моддалар билан ифлосланиши мумкин.


радиациявий вазият мониторинги - атроф-муҳит объектларининг радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолатини ускуналар ёрдамида дискрет ёки узлуксиз равишда назорат қилиш, ундаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек, радиациявий таъсирнинг аҳоли ва атроф-муҳитга кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатларини баҳолаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олиш.



2-БОБ. ЯГОНА ДАВЛАТ ТИЗИМИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ягона давлат тизимининг мақсади радиациявий вазиятни мониторинг қилиш, радиациявий аварияларни прогноз қилиш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг оқибатларини камайтириш ҳамда бартараф этиш тадбирларини ташкил этиш ва ўз вақтида амалга ошириш орқали аҳолининг ҳаётини ва саломатлигини ҳамда атроф-муҳитни радиациявий авариялар туфайли юзага келган радиациявий таъсирдан ҳимоя қилишдан иборат.


7. Қуйидагилар Ягона давлат тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

радиациявий аварияларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;

радиациявий аварияларни, шунингдек, уларга олиб келадиган ташқи ва ички таҳдидларни прогноз қилиш, уларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш чора-тадбирларини режалаштириш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

радиациявий вазиятни мониторингини ташкил этиш ва амалга ошириш;

Ягона давлат тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш ва такомиллаштиш;

радиациявий хавфсизлик масалалари ва радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



3-БОБ. ЯГОНА ДАВЛАТ ТИЗИМИНИНГ ТАРКИБИ


8. Ягона давлат тизими ваколатли ташкилотларнинг атом энергиясидан фойдаланиш объектларида, радиациявий хавфли объектларда, уларга яқин ҳудудларда ва умуман республика ҳудудида радиациявий вазиятнинг доимий мониторингини олиб бориш, шунингдек, радиациявий вазиятнинг барқарорлигига таҳдид солувчи манбалар ва жараёнларни барвақт аниқлаш, уларни баҳолаш ва таҳлил қилиш асосида (зарур ҳолларда) ушбу манба ва жараёнларни тезкор равишда бартараф этишга қаратилган куч ва воситаларини бирлаштиради.

Ягона давлат тизимининг ташкилий тузилмаси мазкур Низомга 1-иловада келтирилган.


9. Ягона давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимлардан ҳамда Ўзбекистон Республикасида радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича автоматлаштирилган ягона давлат тизимидан иборат.

Ҳудудий қуйи тизимлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, шунингдек, ваколатига радиациявий аварияларни прогноз қилиш, уларнинг олдини олиш, кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш кирадиган ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий тузилмалари куч ва воситаларини бирлаштиради.

Функционал қуйи тизимлар мазкур Низомнинг 16-25-бандларида қайд этилган ваколатли ташкилотларда, шунингдек, уларнинг ҳудудий тузилмаларида уларга юкланган функцияларни бажаришга мўлжалланган куч ва воситаларининг шайлигини таъминлаш мақсадида тузилади.


10. Ягона давлат тизими учта - республика, маҳаллий ва объект - даражасига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири:

раҳбарлик қилувчи орган;

кундалик бошқарув органи;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, олдини олиш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш куч ва воситалари;

моддий ва молиявий ресурслар заҳирларидан иборат бўлади.


11. Раҳбарлик қилувчи органлар - ваколатига аҳоли ва ҳудудларни радиациявий тусдаги хавфлардан ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш кирадиган органлар. Улар:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;

объект даражасида - атом энергиясидан фойдаланиш объекти ёки радиациявий хавфли объект раҳбариятидир (маъмуриятидир).


12. Кундалик бошқарув органлари - ваколатига радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш куч ва воситаларига бевосита раҳбарликни амалга ошириш кирадиган ваколатли ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари:

республика даражасида - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (СХДҚ), Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ("Ўзатом" агентлиги), Гидрометеорология хизмати маркази ("Ўзгидромет"), Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Давлат экология қўмитаси), Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси (Давлат геология қўмитаси), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Давлат ветеринария қўмитаси);

маҳаллий даражада - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва "Ўзгидромет"нинг ҳудудий бўлинмалари;

объект даражасида - атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бўлимлари (мутахассислари).


13. Ваколатли ташкилотларнинг радиациявий вазиятни мониторинг қилиш, шунингдек, аҳоли ҳаёти ва саломатлиги ҳамда атроф-муҳитни радиациявий авариялар таъсиридан ҳимоя қилиш тадбирларини амалга оширадиган ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари Ягона давлат тизимининг куч ва воситалари ҳисобланади.

Ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмалар идоравий ва объектлар бўлинмалари ҳамда тузилмаларига бўлинади:

ваколатли ташкилотларнинг радиациявий вазиятни мониторинг қилиш, шунингдек, аҳоли ҳаёти ва саломатлиги ҳамда атроф-муҳитни радиациявий авариялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари идоравий бўлинмалар ва тузилмаларга киради. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, "Ўзгидромет" ва Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтининг бўлинмалари ҳамда тузилмалари идоравий ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмаларнинг асосини ташкил этади;

объектлар ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларда ташкил этиладиган авария-техник командалар (гуруҳлар), радиациявий разведка, махсус ишлов бериш гуруҳларидан ва бошқа тузилмалардан иборат бўлади.

Радиациявий авариялар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда ўз вақтида ва самарали ҳаракат қилиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш мақсадида маҳаллий ва объект даражаларида радиациявий аварияларда ҳаракат қилишнинг ташқи ва ички режалари ишлаб чиқилади.

Ҳар бир даражадаги радиациявий аварияларда ҳаракат қилиш режаларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши учун тегишли даражадаги раҳбар органлари масъулдир.

Тасарруфида атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектлар бўлган ташкилотлар уларда радиациявий аварияларда ҳаракат қилиш ички режасининг ишлаб чиқилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, шунингдек, уларнинг ҳудудий тузилмалари радиациявий аварияларда ҳаракат қилишнинг ташқи ва ички режалари ишлаб чиқилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади.


14. Радиациявий аварияларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш тадбирларига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг қўшилмалари, қисмлари ва муассасалари жалб этилиши мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ЯГОНА ДАВЛАТ

ТИЗИМИ ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ

БОРАСИДАГИ ФУНКЦИЯЛАРИ


15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ягона давлат тизими ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши ҳамда фаолияти такомиллаштирилишига умумий раҳбарлик қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ваколатли ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг радиациявий аварияларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича фаолиятини махсус орган - Радиациявий ва ядровий хавфсизлик бўйича комиссия орқали мувофиқлаштиради ва уларнинг самарали ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

Ягона давлат тизимининг куч ва воситаларини молиявий ва ресурслар билан таъминлайди.


16. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси:

радиациявий ва ядровий хафсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

радиациявий аварияларни ҳамда уларни келтириб чиқарувчи ички ва ташқи таҳдидларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини режалаштириш ҳамда амалга оширилишини таъминлашда иштирок этади;

Ягона давлат тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришни ташкил этади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларда радиациявий, ядровий ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

радиациявий ва ядровий хавфсизлик, радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш соҳасида илғор хорижий тажрибани жорий қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этади ва амалга оширади.


17. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

Ягона давлат тизимининг кундалик бошқарув органлари, куч ва воситалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ваколатли ташкилотларни радиациявий авариялар хавфи туғилганлиги ёки содир бўлганлиги ҳақида ўрнатилган тартибда хабардор қилади, шунингдек, ушбу ҳолатларга биринчи бўлиб муносабат билдириш ташаббуси билан чиқади;

радиациявий авария кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш тадбирларини ташкил этади ва амалга оширади;

аҳолининг барча қатламларини радиациявий авариялар шароитларида ҳаракат қилишга ўргатишни ташкил этади ва назорат қилади;

идоравий ихтисослаштирилган тузилмаларнинг ионлаштирувчи нурланиш манбаларини аниқлаш, бирламчи идентификациядан ўтказиш, зарарсизлантириш ҳамда радиациявий авария ўчоғи чегараларини белгилаш, шунингдек, шахсий таркиб (ходимлар) ва жойга махсус ишлов бериш бўйича ҳаракат қилишга доимий тайёр туришини таъминлайди;

радиациявий авариялар ҳолатлари учун заҳирага қўйиладиган моддий-техник ресурсларнинг миқдори ва таркиби бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

авария ҳолатида ҳаракат қилиш ташқи режаларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ва тасдиқланишини ташкил этади;

ваколатли ташкилотлар бошқарув органлари, куч ва воситаларининг радиациявий авариялар кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракат қилишга тайёрлигини назорат қилади;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш, кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш соҳасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


18. "Ўзатом" агентлиги:

идоравий мансуб ташкилотларга тегишли бўлган энергетик атом реакторлари, ядро-физик қурилмалар, ядровий материаллар ва радиациявий манбаларни сақлаш пунктлари, шунингдек, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларини ривожлантириш ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлайди;

идоравий мансуб атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг объект даражасидаги ўлчов воситалари ва тармоқлари самарали фаолият юритишини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил этади ва таъминлайди;

идоравий мансуб атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларда авария ҳолатида ҳаракат қилиш ички режасининг ишлаб чиқилишига раҳбарлик ва назорат қилади;

идоравий мансуб объектларда куч ва воситаларни радиациявий авария ҳолатларида ҳаракат қилишга тайёрлаш ташкил этилишини, шунингдек, уларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар бажарилиши юзасидан идоравий назоратни таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини хавфсиз эксплуатация қилиш, шу жумладан, авария ҳолатига тайёрлик ва ҳаракат қилиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этади;

радиациявий авариянинг кенгайишига йўл қўймаслик, оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш тадбирларини амалга оширишда иштирок этади;

идоравий мансуб объектлардаги ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, фаолият юритиш жараёнида ҳосил бўлган радиоактив чиқиндиларнинг ҳисоб-китобини, шунингдек, ядровий материаллар ва технологиялар, радиоактив материаллар тарқалмаслигини таъминлайди;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектларини хавфсиз эксплуатация қилишни таъминлаш соҳасида хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


19. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бевосита радиациявий хавфли объектларда ҳамда уларга яқин ҳудудлардаги радиациявий фон кўрсаткичларининг ўлчовларини мунтазам равишда амалга оширади;

озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, сувнинг (очиқ ва ёпиқ манбаларда) радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолатини назорат қилади;

радиациявий вазиятни мониторинг қилишга жалб этилган идоравий мансуб бўлинмаларнинг самарали фаолиятини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил қилади ва таъминлайди;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ионлаштирувчи нурланиш манбаларини дозиметрик ўлчаш ва бирламчи идентификациялаш орқали радиациявий зарарланган зонанинг чегараларини аниқлайди;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари (кейинги ўринларда ИНМ деб аталади), радиациявий хавфли материалларни (уларни узоқ муддатли сақлашга топширгунга қадар) вақтинча сақлаш тартибини белгилайди;

радиациявий аварияларда биринчи бўлиб ҳаракат қилувчи тузилмалар ходимларини ҳимоя қилиш усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни ташкил этади;

радиациявий авариянинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш ишларига жалб қилинадиган ходимлар (шахсий таркиб) учун радиациявий хафсизлик режимини белгилайди;

идоравий мансуб ихтисослаштирилган тузилмаларнинг радиоактив ифлосланиш зоналари чегараларини аниқлаш, жойнинг радиометриясини ўтказиш ҳамда ИНМни бирламчи идентификациялаш бўйича ишларни бажаришга доимий тайёргарлигини таъминлайди;

якка тартибдаги ва жамоавий дозиметрик назоратни, шунингдек, радиациявий аварияларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш ишларини бажаришга жалб этилган ходимларнинг (шахсий таркибнинг) тиббий ҳимоя қилинишини ташкил этади ва амалга оширади;

радиациявий аварияларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга оширган ҳамда йўл қўйиладиган чекланган миқдорлардан ортиқча нурланган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда, шунингдек, уларга имтиёзлар берилиши ва уларни тиббий-психологик реабилитация қилишда иштирок этади;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ваколатли ташкилотлар ходимларини радиациявий авариялар юз берган шароитларда ҳаракат қилишга ўқитади;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш ва радиациявий вазиятни мониторинг қилиш соҳасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


20. Давлат божхона қўмитаси:

радиоактив материалларни республика ҳудудига олиб кириш, ҳудудидан олиб чиқиш ва ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича радиациявий назоратни амалга оширади;

Ягона давлат тизимининг кундалик бошқарув органларини таркибида белгиланган нормалардан ортиқ радионуклидлар бўлган материалларни республика ҳудудига рухсатсиз олиб кириш/олиб чиқишга уриниш ҳолатлари аниқланганлиги ҳақида хабардор қилади ҳамда уларнинг олиб кирилиши/ олиб чиқилишига йўл қўймаслик, шунингдек, уларни жўнатувчига қайтариш тартиботларини белгиланган тартибда амалга оширилиши бўйича ташаббус кўрсатади;

аниқланган рухсатсиз ИНМларни дастлабки радиометриясини ва идентификациясини ўтказади;

аниқланган рухсатсиз ИНМларни бирламчи идентификациядан ўтказиш ва олиб чиқиш ишлари якунлангунига қадар уларнинг сақланишини таъминлайди;

идоравий мансуб объектларда аниқланган рухсатсиз ИНМларни идентификациядан ўтказиш ва зарарсизлантириш тадбирларига ҳар томонлама кўмаклашади;

хорижий давлатларнинг радиациявий ва ядровий материалларни ноқонуний айланмасини ҳамда у билан боғлиқ турли радиациявий авариялар ва инцидентларнинг олдини олиш соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


21. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:

ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотлари, озуқа, ўтлоқлар ва яйловлар тупроғи ва ўсимликлари радионуклидлар билан ифлосланиши ҳолатини назорат қилади;

радиациявий вазиятни мониторинг қилишга жалб этилган идоравий мансуб бўлинмаларнинг самарали фаолиятини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил қилади ва таъминлайди;

радиациявий фон белгиланган нормалардан ортиқча эканлиги аниқланган тақдирда, қишлоқ хўжалиги ерлари, экинзорлари ва маҳсулотлари, назорат остидаги объектлар радионуклидлар билан ифлосланишининг олдини олиш ҳамда радионуклидлар билан ифлосланиш даражасини пасайтириш чора-тадбирларини ташкил этади ва амалга оширади;

идоравий мансуб ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмаларнинг назорат остидаги объектларда радиациявий аварияларни барвақт аниқлашга ва улар содир бўлганда ҳаракат қилишга доимий тайёрлигини таъминлайди;

назорат остидаги объектлар ва ҳудудларнинг радиоактив ифлосланиш билан кечадиган радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кегайишига йўл қўймаслик ва бартараф этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳамда услубий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини, озуқаларни, қишлоқ ҳўжалиги экинзорлари ва далаларни радионуклидлар билан рухсат этилган нормалардан ошиқ миқдорда ифлосланишининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва бартараф этиш соҳасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


22. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

назорат остидаги объектлар томонидан атроф-муҳитни радионуклидлар билан ифлосланишининг олдини олиш ва камайтириш тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

атроф-муҳитнинг антропоген манбалардан радионуклидлар билан ифлосланиши ҳамда ушбу манбалар таъсирига тушадиган объектлар ҳолати бўйича мониторингни ташкил этади ва амалга оширади;

атроф-муҳитнинг радиациявий ифлосланиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва умумлаштиради, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизимининг давлат ахборот-таҳлил марказини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятини юритиш орқали Ягона давлат тизимининг раҳбар органлари ва кундалик бошқарув органларини ушбу маълумотлар билан таъминлайди;

радиациявий вазиятни мониторинг қилишга жалб этилган идоравий мансуб бўлинмаларнинг самарали фаолиятини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил қилади ва таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг атроф-муҳитга таъсирини мустақил баҳолайди;

идоравий мансуб ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмаларнинг радиациявий авариялар ўчоқларидан олинган сув, ҳаво, ўсимликлар ва тупроқ намуналарини радионуклидлар мавжудлиги бўйича таҳлил қилиш ишларини амалга оширишга доимий тайёрлигини таъминлайди;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ионлаштирувчи нурланишнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олиш борасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


23. Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси:

аҳоли пунктларида ўтказиладиган радиоэкологик мониторингда, шунингдек, ишлатиб бўлинган уран конлари ҳудудларидаги сув ва тупроқларда табиий радионуклидлар тақсимланишининг мониторингида иштирок этади;

радиациявий вазиятни мониторинг қилиш натижалари бўйича маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва умумлаштириб, давлат ахборот-таҳлил марказига тақдим этади;

радиациявий вазиятни мониторинг қилишга жалб этилган идоравий мансуб бўлинмаларнинг самарали фаолиятини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил қилади ва таъминлайди;

умумий фойдаланишда бўлган жойлар ва ҳудудларда радиоактив моддалар билан ифлосланган ўчоқларни аниқлаш ва бартараф этишда иштирок этади;

радиациявий авариялар ва рухсатсиз ИНМ ўчоғи аниқланганда, ваколатли ташкилотларни тезкор равишда хабардор қилади;

аҳоли пунктларида ва ишлатиб бўлинган уран конлари, шунингдек, чиқиндихоналар ва балансдан ташқари рудалар ҳудудларида радиоэкологик мониторингни амалга ошириш борасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


24. Гидрометеорология хизмати маркази:

атроф-муҳит объектларининг радионуклидлар билан ифлосланишини мониторинг қилишга жалб этилган идоравий мансуб бўлинмаларнинг самарали фаолиятини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил қилади ва таъминлайди;

республика ҳудудидаги табиий гамма-фон мониторингини амалга оширади ҳамда унинг натижалари бўйича маълумотларни давлат ахборот-таҳлил марказига тақдим этади;

идоравий мансуб ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмаларни ташкил этади ҳамда уларнинг радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига қўл қўймаслик ва бартараф этишга доимий тайёрлигини таъминлайди;

жойнинг радиоактив ифлосланиши билан боғлиқ жараёнларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва бартараф этишга оид норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув радионуклидлар билан белгиланган нормалардан ортиқча ифлосланиши ҳолатларини прогноз қилиш ва барвақт аниқлаш соҳасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


25. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

идоравий мансуб атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг объект даражасидаги ўлчов воситалари ва тармоқлари самарали фаолият юритишини, шунингдек, уларни маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил этади ва таъминлайди;

Ягона давлат тизимининг радиациявий авария оқибатида юзага келадиган радиациявий вазиятни прогноз қилиш ҳамда радиациявий авария оқибатларининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш қарорларини қабул қилиш бўйича фаолиятини илмий ва эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

радиоактив ва ядровий материалларнинг тури, таркиби ва фаоллигини якуний идентификациядан ўтказиш ишларини ташкил этади ва амалга оширади;

ИНМларни вақтинча ва узоқ муддатга сақлаш ишларини амалга оширади;

идоравий мансуб ядровий тадқиқот реакторлари, ядро-физик қурилмалар, ядровий ва радиациявий материалларни сақлаш пунктлари фаолиятининг хавфсизлигини таъминлайди;

радиациявий авариялар содир бўлиши таҳдидларини прогноз қилиш ва барвақт аниқлашнинг замонавий услубларини ишлаб чиқади ва амалиётга татбиқ этади;

портал мониторинг тизими талаб даражасида фаолият юритишини қўллаб-қувватлаш учун илмий ва техник жиҳатдан кўмаклашади;

радиациявий аварияларда биринчи бўлиб ҳаракат қилувчи тузилмалар шахсий таркибини ҳимоя қилиш усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишда қатнашади;

идоравий мансуб ихтисослаштирилган бўлинмалар ва тузилмаларнинг радиациявий аварияларнинг олдини олиш, кенгайишига қўл қўймаслик ва бартараф этишга доимий тайёрлигини таъминлайди;

радиациявий аварияларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга оширишда ўз ходимларнинг якка тартибдаги ва жамоавий дозиметрик назоратини ташкил этади ва амалга оширади;

радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш, шунингдек, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

хорижий давлатларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳасида ваколатли ташкилотларини илмий ва эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид илғор тажрибасини ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.


26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари:

маҳаллий даражадаги Ягона давлат тизимига радиациявий ва ядровий хавфсизлик бўйича ўз ҳузурида ташкил этиладиган ҳудудий комиссиялар орқали раҳбарлик қилади;

идоравий мансуб ҳудудларда барқарор радиациявий вазиятни сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

барқарор радиациявий вазиятни сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс тадбирлар самарадорлигини оширишга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

ваколатли ташкилотлар ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини ва ўзаро ҳамкорлигини, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштиради;

идоравий мансуб ҳудудда ташкил этилган ва (ёки) жойлаштирилган объектлар ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмаларининг куч ва воситаларини тайёрлашни ҳамда уларни доимий тайёр ҳолатда сақлашни назорат қилади;

аҳолининг барча қатламларини радиациявий авариялар шароитларида ҳаракат қилишга ўқитишни ташкил қилади;

идоравий мансуб ҳудуддаги радиациявий аварияларнинг олдини олиш, кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган моддий ва молиявий ресурслар заҳирасини ташкил этади, уларнинг ўз вақтида тўлдирилиши ва янгиланишини таъминлайди.



5-БОБ. ЯГОНА ДАВЛАТ ТИЗИМИНИНГ

ФАОЛИЯТ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


27. Ягона давлат тизими республика ҳудудида, шунингдек, жойларда юзага келадиган радиациявий вазиятга қараб, қуйидаги уч режимдан бирида фаолият юритади:


1) кундалик режим барқарор радиациявий вазиятда, яъни аҳолининг радиоактив нурланиш ва ҳудудларнинг радионуклидлар билан белгиланган нормалардан ортиқча ифлосланиш хавфи юзага келиши мавжуд бўлмаганда белгиланади.

Ушбу режимда:

Ягона давлат тизими бошқарув органлари, куч ва воситаларининг белгиланган вазифаларни бажаришга тайёргарлигини ошириш;

радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизимини техник ривожлантириш ва такомиллаштириш;

моддий-техник ва молиявий ресурслар заҳираларини тўлдириш ва янгилаш;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг барқарор фаолият юритишини ошириш, шунингдек, радиациявий жиҳатдан номақбул ҳудудларда экологик вазиятни соғломлаштириш;

Ягона давлат тизимининг барча элементлари фаолиятини норматив-ҳуқуқий ва ташкилий таъминлаш тадбирлари амалга оширилади;


2) юқори тайёргарлик режими ҳудудларни радионуклидлар ифлослантириш билан бирга кечадиган ва аҳолининг белгиланган нормалардан ортиқча радиоактив нурланишига олиб келувчи турли хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазият юзага келиш хавфи бўлган тақдирда белгиланади.

Ушбу режимда атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ҳамда радиациявий хавфли объектлар ва ҳудудларда радиациявий аварияларда ҳаракат қилишнинг ташқи ва ички режалари кучга киритилади. Уларга мувофиқ:

раҳбарлик қилувчи органлар ва кундалик бошқарув органларининг доимий жойлашган жойларда кеча-кундуз навбатчилиги ташкил этилади;

потенциал хавфли объектлар ва ҳудудларда радиациявий вазият юзасидан мониторинг олиб бориш кучайтирилади, уларда радиациявий фонни ўлчаш сони кўпайтирилади;

ихтисослаштирилган тузилмалар ва бўлинмалар ҳаракатланишга тайёр ҳолатга келтирилади, моддий ва молиявий ресурслар заҳиралари белгиланган мақсадларда фойдаланишга тайёрланади;

радиациявий аварияларнинг келиб чиқиш эхтимоли юқори бўлган ёки улар юзага келган ҳудудларга радиациявий вазият бўйича назоратни кучайтириш мақсадида мобил радиациявий назорат гуруҳлари юборилади;

юзага келиши мумкин бўлган радиациявий авариянинг кўлами ва оқибатлари прогнози асосида авария ҳолатида ҳаракат қилиш режасига аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш усуллари ҳамда услубларига, шунингдек, уларни таъминлаш тадбирлари бўйича зарур ўзгартиришлар ва аниқликлар киритилади;


3) фавқулодда вазият режими рухсат этилган меъёрлардан ортиқча миқдорда ҳудудларнинг радионуклидлар билан ифлосланишига ва аҳолининг радиоактив нурланишига олиб келган радиациявий авария содир бўлганда белгиланади.

Ушбу режим ундан олдинги юқори тайёргарлик режимини четлаб ўтган ҳолда жорий этилиши мумкин.

Фавқулодда вазият режимида авария ҳолатида ҳаракат қилишнинг ташқи ва ички режалари кучга киритилади. Уларга мувофиқ:

раҳбарлик қилувчи органлар ва кундалик бошқарув органларининг доимий жойлашган жойларда кеча-кундуз навбатчилиги ташкил этилади;

вазиятни баҳолаш ва қарор қабул қилиш учун радиациявий ифлосланиш ўчоқларига биринчи бўлиб ҳаракат қилувчи гуруҳлар юборилади;

моддий ресурслар заҳиралари кундалик эҳтиёжга ўтказилиб, мақсадли равишда фойдаланишга тўлиқ шай ҳолатга келтирилади;

радиациявий вазиятни мониторинг қилишни кучайтириш мақсадида юзага келган радиациявий ифлосланиш ўчоқлари ва уларга туташ бўлган ҳудудларга мобил радиациявий назорат гуруҳлари юборилади;

юзага келган радиациявий авариянинг кўламлари ва оқибатларидан келиб чиққан холда, унинг кенгайишига йўл қўймаслик ва оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, унинг зарарли таъсиридан аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ташкил этилади ва амалга оширилади;

раҳбарлик қилувчи органлар ва кундалик бошқарув органларини радиациявий ифлосланиш ўчоғининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уни бартараф этиш тадбирларининг амалга оширилиши ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиш ташкил этилади.


28. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги радиациявий авариялар хавфи юзага келганда ва содир бўлганда авария ҳолатида ҳаракат қилишнинг ташқи режалари бўйича ҳаракат қилишни режалаштириш ва мувофиқлаштириш борасида ташкилий-услубий раҳбарликни амалга оширади.



6-БОБ. РАДИАЦИЯВИЙ ВАЗИЯТНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТИЗИМИ


29. Радиациявий вазият мониторинги Атроф табиий муҳитнинг давлат мониторингининг таркибий қисми бўлиб, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими томонидан амалга оширилади.

Радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни прогноз қилиш ва олдини олишга, шунингдек, аҳолига ва ҳудудларга салбий радиациявий таъсирларнинг олдини олиш ва камайтиришга қаратилган зарур чораларни кўриш учун ваколатли ташкилотларга тегишли тезкор маълумотларни мунтазам равишда етказиб беришга қодир бўлган ахборот-ўлчов назорат тизими ҳисобланади.

Давлат экология қўмитаси радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизимининг фаолиятини умумий мувофиқлаштиради.


30. Қуйидагилар радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизимининг мақсадлари ҳисобланади:

давлат ҳокимияти органлари, ваколатли ташкилотлар ва аҳолини радиациявий вазиятнинг ҳақиқий ва кутилаётган ҳолати, унинг ёмонлашуви, кўламлари ва оқибатлари ҳақидаги ишончли ахборот билан тезкор таъминлаш;

Ягона давлат тизимини радиациявий вазият мониторингига оид маълумотлар билан таъминлаш, аҳолини ва атроф-муҳитнинг радиациявий хавфсизлигини таъминлаш бўйича қарор қабул қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқиш.


31. Қуйидагилар радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизимининг вазифалари ҳисобланади:

радионуклидларнинг атроф-муҳитга тарқатувчи техноген манбаларини ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектлардаги радиациявий вазият параметрларини назорат қилиш;

атроф-муҳит объектларининг радиациявий ифлосланиш параметрларини ўлчаш;

радиациявий вазиятнинг кескинлашувини аниқлаш ва уларнинг хусусияти ва кўламини белгилаш;

радиациявий вазият параметрларини ўлчаш бўйича вазият ёмонлашуви ҳолатини тезкор аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларни тўплаш, бирламчи қайта ишлаш ва бериш;

замонавий услуб ва акс эттириш воситаларидан фойдаланган ҳолда, республикада ёки унинг айрим ҳудудларидаги радиациявий вазиятни холис таҳлил қилиш ва прогноз маълумотларини тезкор тақдим этиш;

радиациявий аварияларнинг олдини олиш, кенгайишига қўл қўймаслик ва бартараф этиш бўйича қарор қабул қилиш учун ваколатли ташкилотлар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига тавсиялар ишлаб чиқиш;

тизим ичида ҳамда ҳамкорлик қилувчи давлат ва халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашинувини таъминлаш.


32. Радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими уч даражага - объект даражаси, маҳаллий даража ва республика даражасига эга.


Объект даражаси атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларда, ушбу объектларнинг санитария - муҳофаза зоналарида радиациявий вазият параметрларини, шунингдек, атроф-муҳит объектларини фонли ўлчашни амалга оширувчи объектларга тегишли ўлчов воситалари ва тармоқларини ахборот-таҳлил марказлари билан биргаликда бирлаштиради.

Ушбу даражада тегишли атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларга тааллуқли маълумотлар қайта ишланиб таҳлил қилинади ва Ягона давлат тизимининг объект даражасидаги раҳбар органлари учун қарорлар қабул қилиш бўйича прогнозлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.


Маҳаллий даража Ягона давлат тизимининг радиациявий вазиятни мониторинг қилиш соҳасида радиациявий вазият тўғрисида ихтисослаштирилган ахборотни тўплаб, таҳлил қилиб умумлаштирадиган ваколатли ҳудудий органларига идоравий тегишли бўлган ўлчов воситалари ва тармоқларини бирлаштиради.

Ушбу даражада тегишли ҳудудга тааллуқли ихтисослаштирилган ахборот қайта ишланиб таҳлил қилинади, шунингдек, Ягона давлат тизимининг маҳаллий даражадаги раҳбар органлари учун қарорлар қабул қилиш бўйича прогнозлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.


Республика даражаси Ягона давлат тизими кундалик бошқарувининг радиациявий вазият тўғрисида ихтисослаштирилган ахборотни тўплаб, таҳлил қилиб умумлаштирадиган ва Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) тақдим этадиган радиациявий вазият мониторинги соҳасидаги ваколатли органларига идоравий тегишли бўлган ўлчов воситалари ва тармоқларини бирлаштиради.


33. Радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида ишлайди.


34. Радиациявий вазият мониторинги, шунингдек, унинг натижалари тўғрисидаги ахборот Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2019 йил 5 сентябрдаги 737-сон қарори билан белгиланган тартибда берилади ва умумлаштирилади.


35. Радиациявий вазиятни мониторинг қилишни амалга оширишда ваколатли ташкилотлар:

республика ҳудудида радиациявий вазиятни мунтазам равишда кузатиб боради ва назорат ўлчовлари ўтказилишини таъминлайди;

радиациявий вазиятни мониторинг қилиш натижалари бўйича маълумотларни тўплайди, сақлайди, қайта ишлайди ва Марказга тақдим этади;

радиациявий вазиятнинг табиий ва (ёки) антропоген омиллар таъсирида ўзгаришларини аниқлаш мақсадида радиациявий вазият тўғрисидаги ахборотни таҳлил қилади;

республиканинг тегишли ҳудудларида радиациявий вазиятнинг ўзгаришларини прогноз қилади ва баҳолайди;

давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига, бошқа ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига ва аҳолига радиациявий вазият ҳамда унинг прогноз қилинаётган ва амалдаги ўзгаришларига оид маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этади;

Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий, техноген ва экологик ҳусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 28 декабрдаги 1027-сон қарори талабларига мувофиқ Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг раҳбар органларига фавқулодда вазиятнинг содир бўлиши ёки таҳдиди мавжудлигидан далолат берувчи радиациявий вазият тўғрисидаги мониторинг ва прогноз маълумотларни зудлик билан тақдим этилишини таъминлайди;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи органга атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектлардан фойдаланиш оқибатида радиациявий вазият ва унинг ўзгаришидан далолат берувчи маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди;

санитар-эпидемиологик назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган органларга республика ҳудудидаги радиациявий вазият ҳақидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича радиациявий вазият тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ёки бундай маълумотлар билан алмашишни назарда тутувчи мажбуриятларини бажаради.


36. Радиациявий вазият тўғрисидаги маълуомтларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш, тақдим этиш ва алмашиш тартибига бўлган талаблар Давлат экология қўмитаси томонидан "Ўзатом" агентлиги ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар ва давлат органлари билан келишилган холда белгиланади.

Давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига, бошқа давлат органлари ва ваколатли ташкилотларга радиациявий вазият тўғрисидаги маълумотлар электрон ҳужжат айланишнинг ягона ҳимояланган тизими орқали бепул тақдим этилади.

Радиациявий вазият тўғрисида мониторинг тизимидаги мавжуд маълумотлар бошқа ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига ва фуқароларга Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланган тартибда, шу жумладан уларни қўмитанинг Интернет тармоғидаги расмий сайтига жойлаштириш орқали тақдим этилади.


37. Ягона давлат тизими тегишли режимларда фаолият кўрсатганда, радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими қуйидагиларни таъминлаши лозим:


кундалик фаолият режимида:

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ва радиациявий хавфли объектларда, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги радиациявий вазият мониторингини олиб бориш;

атроф табиий муҳит объектларининг радиоактив ифлосланиш даражасини назорат қилиш;

Давлат экология қўмитаси томонидан "Ўзатом" агентлиги билан келишилган ҳолда қўйилган талабларга мувофиқ даврийлиги олдиндан белгиланган радиациявий вазият тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;


юқори тайёргарлик режимида:

атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ва радиациявий хавфли объектларда, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги радиациявий вазият мониторингини кучайтирилган тартибда олиб бориш;

Ягона давлат тизимининг раҳбар органлари ва кундалик бошқарув органларини юқори тайёргарлик режимига ўтилганлиги тўғрисида тезкор хабардор қилиш;

радияциявий авария юзага келиши эҳтимолини прогноз қилиш, авариянинг кечиши мумкин бўлган жараёнини ва кўламини моделлаштириш;

ваколатли ташкилотларнинг бошқарув органлари, куч ва воситаларини радиациявий аварияларда ҳаракат қилишга тайёрлаш;

радиациявий вазиятнинг кескинлашув сабабларини аниқлаш ҳамда уни барқарорлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;


фавқулодда вазият режимида:

авария содир бўлган ҳудудга жалб қилинган барча қуйи тизимларнинг барқарор фаолият юритиши ва ўзаро хамкорлик қилиши;

авариявий объектларда ва уларнинг атрофидаги ҳудудларда радиациявий вазият бўйича узлуксиз мониторингни амалга ошириш;

авария содир бўлган ҳудудда юзага келган радиациявий вазият ва унинг ўзгариб бориши тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида ёки авариявий регламент асосида тўплаш;

авариянинг ривожланишига қараб, радиациявий вазиятнинг ўзгаришларини прогноз қилиш;

аҳолининг саломатлигига ва табиий муҳитга радиациявий авария оқибатларининг таъсирини тезкор равишда баҳолаш;

маълумотларни акс эттиришнинг замований усуллари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда, радиациявий вазият ўзгаришларининг таҳлили ва прогнози натижаларини тезкор тақдим этиш;

радиациявий авария оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг аҳолига ва табиий муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича қарорлар бериш.



7-БОБ. ЯГОНА ДАВЛАТ ТИЗИМИНИНГ ФАОЛИЯТ

ЮРИТИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН АЛОҲИДА ТАЛАБЛАР


38. Радиациявий аварияларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш табдирларини таъминлаш учун моддий ва молиявий ресурслар заҳиралари маҳаллий хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, зарур даражада етарлилик принципи бўйича маҳаллий ҳамда объект даражасида белгиланган тартибда ташкил этилади.


39. Маҳаллий ва объект даражаларидаги моддий ресурслар заҳираларининг турлари ҳамда ҳажмлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари (атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларда - объектлар маъмурияти) томонидан ҳудудий фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг тавсиялари асосида белгиланади.


40. Моддий ва молиявий ресурслар заҳираларининг ҳисобини юритиш, уларни сақлаш ва янгилаш, шунингдек, ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юкланади.


41. Радиациявий авариялар хавфлари ва оқибатларининг олдини олиш, кенгайишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш тадбирлари атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларни ишлатадиган ташкилотларнинг, тегишли вазирликлар ва идоралар, суғурта жамғармалари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


42. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиациявий авария, аварияли радиациявий вазият хавфларини ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун ресурслар етишмаган ҳолларда, улар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг заҳира фондидан ажратилиши мумкин.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида радиациявий

аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш

ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни

мониторинг қилиш ягона давлат тизимининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


Раҳбар органлар


Кундалик бошқарув органлари


Куч ва воситалар


Радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича автоматлаштирилган ягона давлат тизими

Республика даражаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Радиациявий ва ядровий хавфсизлик комиссияси)


ФВВ, ССВ, Давлат ветеринария қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, "Ўзатом" агентлиги, Фанлар академияси ЯФИ, ДБҚ, "Ўзгидромет", Давлат геология қўмитаси


ССВ, ФВВ, "Ўзгидромет", Давлат экология қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, ДБҚ, Давлат ветеринария қўмитаси, Фанлар академияси ЯФИнинг идоравий ихтисослаштирилган тузилмалари ва бўлинмалари


Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази, ФВВ, ССВ, ДБҚ, "Ўзгидромет", Давлат геология қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитасининг идоравий мансуб ахборот-таҳлил хизматлари (тузилмалари)









Маҳаллий даража

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


ФВВ, ССВ, Давлат экология қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, "Ўзгидромет", Давлат геология қўмитаси ҳудудий бўлинмалари


Тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларининг ихтисослаштирилган идоравий тузилмалари, ижтимоий муҳофаза бўйича йиғма мобил отрядлар


Ядровий қурилмалар ва радиациявий манбалар жойлаштирилган ҳудудлар, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар сақлаш пунктлари ҳамда алоҳида ҳудудларда (санитария-муҳофаза ва кузатув зоналари), шунингдек, аҳоли пунктларида ва уларга яқин жойларда ташкил этилган ваколатли ташкилотларнинг радиациявий вазиятни кузатувчи ҳаракатдаги ва турғун постлари









Объект даражаси

Атом энергиясидан фойдаланиш объект, радиациявий хавфли объект маъмурияти (раҳбарияти)


Атом энергиясидан фойдаланиш объектлар, радиациявий хавфли объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бўлимлари (мутахассислари)


Авария-техник командалар (гуруҳлар), радиациявий разведка ва махсус ишлов бериш гуруҳлари, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг бошқа тузилмалари


Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг экологик, радиациявий ва ядровий хавфсизлик лабораториялари (хизматлари)

    





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида радиациявий вазиятни

мониторинг қилиш тизимининг ишлаш

СХЕМАСИ

Мониторинг

объектлари

Мониторинг

турлари


Натижа


Ижрочилар

Атом энергиясидан фойдалниш объектлари

Эмиссия

назорати


Эмиссиянинг меъёрий ҳолатини баҳолаш


Давлат экология қўмитаси, "Ўзатом" агентлиги, вазирликлар, идоралар, ҳўжалик юритувчи субъектлар









Флора ва фауна

Радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолати мониторинги


Аҳолига ва атроф-муҳитга таъсирни назорат қилиш


Давлат экология қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси









Атмосферанинг ербўйи қатламлари

Радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолати мониторинги


Ифлосланиш даражасини прогнозлаш ва баҳолаш


"Ўзгидромет", ССВ









Ер усти сув оқимлари

Радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолати мониторинги


Ифлосланиш даражасини прогнозлаш ва баҳолаш


"Ўзгидромет", Давлат геология қўмитаси, ССВ









Собиқ уран конлари ҳудудлари, майсазорлар, яйловлар, балансдан ташқари рудалар уюмлари ва чиқинди хоналар

Радионуклидлар билан ифлосланиш ҳолати мониторинги


Ифлосланиш даражасини прогнозлаш ва баҳолаш


Ўзгидромет, Давлат геология қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, "Ўздавергеодезкадастр"









Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ҳудудлари, саноат майдончалари

Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ҳудудлари, саноат майдончаларидаги экспозицион доза қувватининг назорати


Ифлосланиш даражасини прогнозлаш ва баҳолаш, салбийоқибатларини бартараф этиш


ССВ, Давлат геология қўмитаси



Метеомайдонча ва метеопостлар

Табиий гамма-фон


Ифлосланиш даражасини прогнозлаш ва баҳолаш, салбий оқибатларини бартараф этиш


"Ўзгидромет"



            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 октябрь













































Время: 0.0073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск