ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 23.10.2019 й. ЎРҚ-574-сон "Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 09.10.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 11.10.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

23.10.2019 й.

N ЎРҚ-574



ОНА СУТИ БИЛАН ОЗИҚЛАНТИРИШНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАМДА ГЎДАКЛАР

ВА КИЧИК ЁШДАГИ БОЛАЛАР ОЗИҚ-

ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА ДОИР

ТАЛАБЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш

ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат

маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги

қонунчилик

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


гўдак - бир ёшгача бўлган бола;


гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотлари - гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар организмининг физиологик хусусиятларига ҳамда эҳтиёжларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари;


кичик ёшдаги болалар - бир ёшдан уч ёшгача бўлган болалар;


она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар - гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун она сути ўрнини босадиган озиқ-овқат маҳсулотлари;


сунъий озиқлантириш - гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар билан озиқлантириш;


қўшимча овқат маҳсулотлари - бола ёшининг физиологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқарилган, тавсия этилган муддатларда она сутига, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларга қўшимча сифатида гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар рационига киритиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари.



2-БОБ. ОНА СУТИ БИЛАН ОЗИҚЛАНТИРИШНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАМДА ГЎДАКЛАР ВА

КИЧИК ЁШДАГИ БОЛАЛАРНИ ОЗИҚ-ОВҚАТ

МАҲСУЛОТЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

СОҲАСИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ


4-модда. Она сути билан озиқлантиришни

қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик

ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари

билан таъминлаш соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг она сути билан озиқлантиришга бўлган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат назорати.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат

маҳсулотлари билан таъминлаш

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини (қабул қилинишини) ва амалга оширилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги асосий йўналишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига доир фаолиятини мувофиқлаштиради.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг она сути билан озиқлантиришни

қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги

болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан

таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашади;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилишга доир санитария қоидалари, нормаларини ва гигиена нормативларини белгилайди;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига оид ҳамда миқдорий хусусиятларига, уларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилишга доир талабларни белгилашда иштирок этади;

она сути билан озиқлантиришнинг, шунингдек оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар оқилона овқатланишининг фойдаси ҳамда афзаллиги тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боради;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига доир талабларни бажаришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб боради ва уни баҳолайди.



7-модда. Она сути билан озиқлантиришни

қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик

ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари

билан таъминлаш соҳасидаги давлат назорати

Ушбу Қонун талабларига риоя этилиши, шунингдек гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. ОНА СУТИ БИЛАН ОЗИҚЛАНТИРИШНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ТАРҒИБ ҚИЛИШГА

ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ҲАМДА ГЎДАКЛАР ВА

КИЧИК ЁШДАГИ БОЛАЛАРНИНГ ОЗИҚ-ОВҚАТ

МАҲСУЛОТЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


8-модда. Она сути билан озиқлантиришни

қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш:

она сути билан озиқлантириш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

эмизикли оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш, шунингдек улар учун қулай меҳнат ва ўқиш шароитларини яратиш;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги қонунчиликни, шу жумладан эмизикли оналарга ва кичик ёшдаги болаларга кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиш тартибини такомиллаштириш орқали амалга оширилади.

Она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш соғлиқни сақлаш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида мунтазам равишда ахборот-тушунтириш тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг, репродуктив ёшдаги аёлларга, ҳомиладор аёлларга, эмизикли оналарга тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг тиббиёт ходимлари ушбу аёллар ва оналарга ҳамда уларнинг оила аъзоларига:

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг ёши ҳамда физиологик эҳтиёжларига мувофиқ уларни овқатлантириш қоидаларига риоя этишга доир;

ҳомиладор аёлларнинг, эмизикли оналарнинг тўғри овқатланишига ва уларни она сути билан озиқлантиришга тайёрлашга доир;

она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси, афзаллиги ҳамда унинг она ва бола соғлиғига таъсири тўғрисида;

гўдакни олти ойгача овқатлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасдан фақат она сути билан озиқлантириш, шунингдек она сути билан озиқлантиришни икки ва ундан катта ёшгача давом эттириш зарурлиги ҳақида;

олти ойликдан бошлаб болалар учун қўшимча озиқ-овқатнинг ва қўшимча овқат маҳсулотларининг муҳимлиги тўғрисида;

гўдакларнинг овқатланиш рационига она сутига қўшимча овқат маҳсулотларини барвақт ва кечиктириб киритишнинг, она сути билан озиқлантириш давомийлигини қисқартиришнинг оқибатлари ҳақида;

нооқилона овқатлантиришнинг, айниқса сунъий озиқлантиришнинг болалар соғлиғига салбий таъсири тўғрисида ахборот беради.

Ёзма, аудио ёки визуал шаклда тақдим этилган ҳамда аҳоли ўртасида, айниқса ҳомиладор аёллар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг оналари ўртасида тарқатиш учун мўлжалланган, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир ахборот материаллари ҳамда маърифий материаллар давлат тилида ва зарурат бўлган тақдирда бошқа тилларда ёзилган, шунингдек лўнда, тўлиқ ҳамда ишончли ахборотни ўз ичига олган бўлиши керак.



9-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни

она сути билан озиқлантириш учун

шарт-шароитлар яратиш

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, шунингдек автовокзаллар, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши керак.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун махсус ажратилган жойлар бошқа ташкилотларда ҳам ташкил этилиши мумкин.



10-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар

озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламаси

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламаси қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади:

гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишга йўл қўйилмайди;

она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги ҳар қандай ахборот она сутининг, шунингдек гўдакни олти ойгача озиқлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасдан фақат она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси ва афзаллиги тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак;

бола ҳаётининг биринчи йили мобайнида унинг рационига киритилган қўшимча овқат маҳсулотлари рекламасида бундай маҳсулотлар қўлланилишининг ёшга доир чекловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳати зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши керак.



11-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг,

етказиб берувчиларнинг, рекламани тайёрловчилар

ва тарқатувчиларнинг фаолиятини чеклаш

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек рекламани тайёрловчилар ва тарқатувчилар фаолиятига оид чекловлар қуйидагиларга тааллуқли тақиқлардан иборатдир:

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмаган ҳолда амалга оширишга;

тиббиёт ходимларига гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши учун она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар билан боғлиқ бўлган реклама тусидаги материаллар тақдим этишга, бундан илмий ахборот мустасно;

она сути ўрнини босувчи маҳсулотларнинг номидан фойдаланган ҳолда товарларни (тиббиёт халатларини, футболкаларни, бош кийимларини, канцелярия ашёларини ва бошқаларни) текин асосда тарқатишга;

она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги реклама маҳсулотини оналар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида тарқатишга;

ҳомиладор аёлларга, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг оналарига ҳамда уларнинг оила аъзоларига она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни қўллашга ёки идишчалардан озиқлантиришга кўмаклашиши мумкин бўлган маҳсулотларни, шунингдек буюмлар ёки ашёлар тарзидаги бирор-бир совғани беришга (бундан она сути билан озиқлантиришга тиббий жиҳатдан мутлақ монеликлар мавжуд бўлган ҳоллар мустасно);

тиббиёт муассасаларига (она сути билан озиқлантиришга мутлақ қарши тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган тақдирда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни берувчи болалар уйлари ва даволаш-профилактика муассасаларидан ташқари) она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни, бундан болаларни махсус даволаш бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно, беришга.



12-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар

озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун ишлаб чиқариладиган ҳамда олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари сертификатлаштирилиши ҳамда сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.



13-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар

озиқ-овқат маҳсулотларининг ўровига (идишига)

ҳамда уларни тамғалашга доир талаблар

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб турадиган ўров материалларининг барча турлари (идишлар) қўлланилишига она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдакларни ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат назорати органлари томонидан рухсат берилган бўлиши керак. Ўров (идиш) гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ҳамда яроқлилик (бут сақланиши) муддати ичида реализация қилиш чоғида уларнинг ҳар қандай тарзда ифлосланиши ва бузилиши имкониятини истисно этиши, бут сақланишини таъминлаши керак.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг тамғасида (ёрлиғида) қуйидагилар бўлиши керак:

ишлаб чиқарувчининг, ўровчи-жойловчининг, экспорт қилувчининг, импорт қилувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва мамлакат номи;

маҳсулотнинг номи;

маҳсулот номида унинг гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар овқатланиши учун мўлжалланганлиги, асосий ингредиентга (таркибий қисмга) мувофиқлигининг ифодаси ҳамда қуюқ-суюқлик даражаси тўғрисидаги ахборот;

соф оғирлиги ёки ҳажми тўғрисидаги ахборот;

маҳсулотнинг таркиби;

тайёрлаш усули;

ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (мавжуд бўлган тақдирда);

озиқлик қиммати, витаминлар ва минерал моддаларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

истеъмол идиши очилгунига қадар ва очилганидан кейинги сақлаш шартлари;

яроқлилик муддати ёки сақлашнинг турли ҳарорат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда, маҳсулотдан қайси санагача фойдаланиш керак бўлса, ўша сана;

сертификатлаштириш тўғрисидаги ахборот;

маҳсулот қайси норматив ҳужжатга мувофиқ тайёрланган бўлса ва идентификация қилиниши мумкин бўлса, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ўша норматив ҳужжатга ишора;

маҳсулот ишлаб чиқарилган ва ўраб-жойланган сана;

белгиланган мақсади ва қўлланилиш шартлари;

товарнинг штрих-коди (мавжуд бўлган тақдирда);

маҳсулотни шифокорнинг тавсияси бўйича қўллаш тўғрисидаги ахборот;

она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси ва афзаллиги, шунингдек сунъий озиқлантириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин шифокорнинг дастлабки маслаҳатини олиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзувлар. Бунда ёзувнинг шакли осон ўқиладиган бўлиши керак;

болалар аралашмасини тайёрлашга доир йўриқномада озиқлантириш жадвали тўғрисидаги кўрсатма.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг тамғаси (ёрлиғи) қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

лўнда, тўлиқ ва ишончли ахборотга эга бўлиши;

давлат тилидаги ва зарур бўлган тақдирда бошқа тиллардаги ёзувларни ўз ичига олиши. Агар матн истеъмолчи тушунмайдиган тилда баён этилган бўлса, ёрлиқнинг асл нусхаси алмаштирилмаган ҳолда, давлат тилидаги қўшимча ёрлиқдан фойдаланилади;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун аввал тайёрланган, болани олдинги озиқлантиришдан қолган озиқ-овқат маҳсулотларидан такроран фойдаланишга ҳамда уларни сақлашга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги кўрсатмаларни ўз ичига олиши;

боланинг маҳсулотни истеъмол қилишига рухсат этиладиган ёшини кўрсатиши.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган шифобахш озиқ-овқат маҳсулотларининг тамғасида (ёрлиғида) алоҳида парҳез эҳтиёжлари, функционал ҳолатлар ва (ёки), агар мавжуд бўлса, мазкур маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этиладиган касалликлар ҳам кўрсатилиши зарур.

Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларнинг тамғаларида (ёрлиқларида) ва озиқ-овқат формулаларининг тавсифларида:

мазкур маҳсулотларнинг она сути билан тенг қимматлилиги ва (ёки) ундан кўра фойдалилиги ҳамда афзаллиги тўғрисидаги тасаввурни юзага келтирувчи иборалардан фойдаланиш ёхуд бу маҳсулотларни она сути билан тенглаштириш;

мазмуни она сути билан озиқлантиришни рад этишга ундаши мумкин бўлган матндан фойдаланиш;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг фотосуратларини, шу жумладан сўрғичли идишчаларнинг суратларини, агар ушбу тасвирлар маҳсулотдан фойдаланиш ёки уни тайёрлаш усулларини бевосита ифодаламаса, жойлаштириш тақиқланади.



14-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш,

ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур маҳсулотларни тегишли сақлаш шароитларига эга бўлмаган ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ бўлмаган жойларда реализация қилишга йўл қўйилмайди.



15-модда. Идишчаларни ва сўрғичларни

тамғалашга доир талаблар

Озиқлантириш учун мўлжалланган идишчаларнинг ва сўрғичларнинг тамғасида (ёрлиғида) қуйидагилар бўлиши керак:

ишлаб чиқарувчининг, ўровчи-жойловчининг, экспорт қилувчининг, импорт қилувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва мамлакат номи;

товарнинг номи;

ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (мавжуд бўлган тақдирда);

маҳсулотнинг таркиби;

сақлаш шартлари;

яроқлилик муддати;

сертификатлаштириш тўғрисидаги ахборот;

ишлаб чиқарилган ва ўраб-жойланган сана;

белгиланган мақсади ва қўлланилиш шартлари;

маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қайси норматив ҳужжатга мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлса ва идентификация қилиниши мумкин бўлса, идишчалар ва сўрғичлар учун ўша норматив ҳужжатга ишора;

идишча, сўрғич қайси хом ашёдан ишлаб чиқарилган бўлса, ўша хом ашё тўғрисидаги ахборот;

ювиш ва стерилизация қилишга тааллуқли бўлган, сўзлар орқали ифодаланган ҳамда жадвал шаклидаги йўриқнома.

Идишчалар ва сўрғичларнинг тамғаси (ёрлиғи) қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

лўнда, тўлиқ ва ишончли ахборотга эга бўлиши;

давлат тилидаги ва зарур бўлган тақдирда бошқа тиллардаги ёзувларни ўз ичига олиши. Агар матн истеъмолчи тушунмайдиган тилда баён этилган бўлса, ёрлиқнинг асл нусхаси алмаштирилмаган ҳолда, давлат тилидаги қўшимча ёрлиқдан фойдаланилади. Бунда ёзув шакли осон ўқиладиган бўлиши керак.



16-модда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун

мўлжалланган, санитария қоидалари ҳамда

нормаларига мувофиқ бўлмаган озиқ-овқат

маҳсулотларини қайта ишлаш ва йўқ қилиш

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган, қайта ишланган маҳсулотдан олинган хом ашёни қўллашга йўл қўйилмайди.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган, санитария қоидалари ҳамда нормаларига мувофиқ бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, йўқ қилиш ёки улардан озиқ-овқат эҳтиёжларидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш усуллари ва шартлари уларнинг эгалари томонидан назорат қилувчи давлат органлари билан келишилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17-модда. Низоларни ҳал этиш

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


18-модда. Она сути билан озиқлантиришни

қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги

болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар

тўғрисидаги

қонунчиликни
бузганлик учун жавобгарлик

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


19-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



20-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                       Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 октябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 24 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 28 октябрь, 43-сон, 813-модда























































Время: 0.1915
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск