ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2019 й. ПФ-5853-сон "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.10.2019 й.

N ПФ-5853



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

2020-2030 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

СТРАТЕГИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг

2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича "Йўл харита"си (кейинги ўринларда - "Йўл харита"си) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтиришни назарда тутувчи соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви тузилмасини реструктуризация қилиш ва янада ривожлантиришни назарда тутувчи бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш;

фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш;

қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарали шаклларини қўллашни назарда тутувчи илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;

қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор тараққий эттиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш;

замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли услубларини жорий этишни назарда тутувчи тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш.


3. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 3-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.


4. Мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Н. Арипов):

Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этсин ҳамда белгиланган индикаторларга эришиш устидан доимий мониторинг олиб борсин;

бир ой муддатда Стратегиянинг ҳар бир асосий йўналиши бўйича малакали мутахассислардан, шу жумладан, хорижий экспертлардан иборат таркибда доимий ишловчи ишчи гуруҳларини, уларга халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар грантлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда шакллантирсин;

Стратегия ва "Йўл харита"сини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ва ўз муддатида ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминласин;

ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил этган ҳолда Стратегияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини ташкил этсин;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Стратегияни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ахборот тақдим этиб борсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик тузилмасида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этсин ҳамда хорижий экспертлар жалб этилишини таъминласин.

Хорижий экспертларни жалб этиш вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ-4486-сон "Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилганлиги ҳамда унга сув хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги мавжуд инвестиция лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари, шунингдек, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар сақлаб қолинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари бюджетлари параметрларида қишлоқ хўжалиги харажатлари таркибини диверсификация қилишнинг мақсадли йўналишлари 4-иловага мувофиқ белгилансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Стратегия ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотлари ҳар йили Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПФ-5853-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини

ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга

мўлжалланган стратегиясида белгиланган

вазифаларни амалга ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТА"

Т/р

Тадбирлар

Ижро

муддати

Ижро учун масъуллар

I. АҲОЛИНИНГ ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

1.

Халқаро даражада тан олинган методологиялар ва илғор тажрибалар асосида озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш тизимини жорий қилиш натижаларини доимий мониторингини олиб бориш.

Доимий

равишда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш ҳамда қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ва тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида истеъмол ва даромадларни ўрганиш бўйича ижтимоий сўров ўтказиш.

2021 йил

II чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси

3.

Соғлом истеъмол маданиятини тарғиб қилиш бўйича узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш.

2021 йил

I чорак

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

4.

Қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни интенсивлаштиришга доир тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш.

2022 йил

II чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

5.

Чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш, балиқ ва парранда гўшти, шунингдек, сут ишлаб чиқаришни барқарор интенсивлаштиришга қаратилган тадқиқот ишларини олиб бориш.

2022 йил

IV чорак

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

II. ҚУЛАЙ АГРОБИЗНЕС МУҲИТИНИ ВА ҚЎШИЛГАН

ҚИЙМАТ ЗАНЖИРИНИ ЯРАТИШ

6.

Халқаро бозорларда тан олинган сифат стандартларини (Global G.A.P, Organic, HACCP ва бошқалар) жорий этилишига кўмаклашиш.

Доимий

равишда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

"Ўзстандарт" агентлиги

7.

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари мутахассислари учун қисқа муддатли, шу жумладан, масофавий тренинглар ташкил этиш, ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда жойларга етказилишини таъминлаш.

Доимий

равишда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Етакчи қишлоқ хўжалиги корхоналари билан муносабатларнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Бунда:

янги мақсадли экспорт бозорларида музокаралар ўтказиш ва савдо келишувларини амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

халқаро бозорларда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари маркетинги ва ташиш харажатларини камайтириш;

маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини мақсадли экспорт бозорларига чиқариш учун "Made in Uzbekistan" брендидан кенг фойдаланиш имкониятларини баҳолаш;

миллий сифат тизимини такомиллаштириш бўйича батафсил режа ишлаб чиқиш.

Доимий

равишда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

9.

Экспорт бозорлари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш, экспортга тайёргарлик, савдо режими ва савдони молиялаштириш бўйича маслаҳат хизматлари фаолиятини ривожлантириш.

Доимий

равишда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

10.

Экспорт салоҳияти юқори бўлган органик маҳсулотларни назарда тутган ҳолда ички ва халқаро бозорларга мева-сабзавотчилик ҳамда чорвачилик маҳсулотларининг асосий тармоқларини баҳолаш натижаларига кўра (дастлаб кўп йиллик маълумотлар ва бозор тенденциялари таҳлили асосида экспорт қилинувчи асосий 10-15 та маҳсулот турига нисбатан) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш.

2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси

11.

Мавжуд инфратузилмани таҳлил қилиш асосида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда сифатини назорат қилиш тизимини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш.

2021 йил

I чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси

12.

Қишлоқ жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, ички бозорларни модернизация қилиш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришни мақсадли қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш.


2021 йил

III чорак

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси

13.

Ҳудудларнинг хусусиятлари ҳамда тўғридан-тўғри савдо тўпланган жойларни ҳисобга олган ҳолда ривожланишни чекловчи омилларни батафсил баҳолаш асосида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш.

2021 йил

II чорак

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги

14.

Барча тармоқларда кластерларни ривожлантириш ва рағбатлантириш бўйича тадбирларни аниқлаш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш.

2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзпахтасаноат" АЖ

15.

Муҳим экспорт бозорлари ва устувор маҳсулотларга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бозори мониторингини юритиш тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш.

Бунда қарорлар қабул қилишда ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчи корхоналарга кўмаклашиш мақсадида маҳсулотлар нархлари тўғрисидаги ахборотларни мунтазам равишда нашр қилиб бориш назарда тутилади.

2021 йил

II чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

16.

Қўшимча қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган қишлоқ жойлардаги стартап-ташаббуслар ҳамда ишлаб чиқарувчилар бирлашмаларни қўллаб-қувватлаш учун грантлар ва имтиёзли кредитларни тақдим этишни назарда тутувчи кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва диверсификация қилишни қўллаб-қувватлаш учун тажриба синов тариқасида инвестицион дастурларни амалга ошириш.

2021 йил

I чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

17.

Иккиламчи ижара ва ижара ҳуқуқини бериш имкониятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига ўзгартириш киритиш.

2022 йил

I чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

18.

Халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали генетик модификацияланган экинлар ва ўсимликлар навларини синаш учун махсус лаборатория ташкил қилиш.

2022 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

19.

Агрологистика марказлари тармоқлари базасида ягона савдо тизимини (аукцион ва биржа савдолари асосида) жорий этишда кўмаклашиш.


2022 йил

I чорак

Инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

20.

Уруғчилик ва мева-сабзавотчилик билан боғлиқ илмий-тадқиқот институтларининг фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини модернизациялаш.

2022 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

21.

Харажатларни минималлаштириш ва техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш мақсадида савдо инфратузилмаси, агрологистика марказлари, озиқ-овқат хавфсизлиги лабораториялари, санитария ва фитосанитария тизими, зарур ускуналар ҳамда инвентарлар учун инвестицияларни жалб қилишни янада рағбатлантириш.

2025 йил

IV чорак

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

III. СОҲА БОШҚАРУВИДА ДАВЛАТ ИШТИРОКИНИ КАМАЙТИРИШ

ВА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЖОЗИБАДОРЛИКНИ ОШИРИШ

22.

Қишлоқ хўжалиги тармоғининг хусусий инвестициялар ва имтиёзли кредитларга бўлган талабини баҳолаш натижалари асосида халқаро молия институтларининг кредит линияларини мақсадли жалб этилишини таъминлаш мақсадида инвестициявий дастурларни ишлаб чиқиш.

2021 йил

IV чорак

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

23.

Агросаноат мажмуида давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

2021 йил

I чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги

24.

Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар учун моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ностратегик давлат корхоналарини хусусийлаштириш йўли орқали моддий-техника ресурслари бозорида рақобатни кучайтириш. Бунда, қуйидагилар:

давлат кредит маблағлари ҳисобига моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш амалиётидан воз кечиш;

агросаноат мажмуи субъектлари ўртасидаги савдо муносабатларини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш учун стандартлаштирилган бўнак шартномаларини тажриба сифатида жорий этиш назарда тутилсин.

2021йил

III чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

25.

Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фақатгина тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкаларини субсидия қилиш тизимига ўтиш.

2021 йил

III чорак

Молия вазирлиги, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

26.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши интенсификация қилишни рағбатлантирувчи қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш тизимига тўлиқ ўтилишини таъминлаш.

2022 йил

III чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

27.

Давлат томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш амалиётидан воз кечиш.

2023 йил

I чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

IV. ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ВА

АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИНИ ТАЪМИНЛАШ

28.

Тупроқни таҳлил қилишнинг мобил лабораториялари фаолиятини кенгайтириш орқали тупроққлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда ўғитдан фойдаланишнинг самарали тизимини жорий этиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва янада ошириш чораларини кўриш.

Доимий

равишда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Давергеодезкадастр" қўмитаси

29.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш;

ердан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг дастак ва механизмларини белгилаб берадиган мавжуд барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш;

GAEP стандарти ва бошқа тегишли меъёрлар асосида ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини бекор қилиш;

ер участкалари ижарасида дастлабки рад этиш ҳуқуқини киритиш.

2021 йил

I чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

30.

Ерларнинг мелиоратив ҳолати ва шўрланиш даражасини замонавий технологиялар асосида мониторинг қилиб бориш.

Доимий

равишда

Сув хўжалиги вазирлиги,

"Давергеодезкадастр" қўмитаси,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

31.

Ер қийматини баҳолашда бозор механизмларини жорий этишни инобатга олган ҳолда кредитлар ва қарз олишда ер участкаларининг ижара ҳуқуқини гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тартибини соддалаштириш.


2020 йил

IV чорак

Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

32.

Фермерлар учун ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида ёндош ер участкалари сифатида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни интеграциялаш дастурини тажриба тариқасида амалга ошириш.

2021 йил

I чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги

33.

Ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига хусусий инвестицияларни жалб этиш мақсадида суғориш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда тажриба синов тариқасида жорий этиш.


2021 йил

I чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги

34.

Сув ресурсларини бошқариш тизимини қайта кўриб чиқиш.

2021 йил

II чорак

Сув хўжалиги вазирлиги

35.

Мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиётни (GAEP) жорий этиш натижаларини мониторинг қилиб бориш.

Доимий

равишда

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Давергеодезкадастр" қўмитаси

36.

Илмий-тадқиқот соҳасидаги устувор вазифаларга мос равишда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари томонидан келгусида ердан фойдаланиш режаларини аниқлаш учун баҳолаш ишларини олиб бориш асосида уларнинг ер участкаларини мақбуллаштириш.

2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Давергеодезкадастр" қўмитаси, Фанлар академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

37.

Биологик хавфсизликни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида табиий ресурслар, пестицидлар ва кимёвий воситалардан фойдаланишни назорат қилиш борасида институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш.

2022 йил

I чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

38.

Экотизим ва биотопларнинг ҳолатига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг таъсирини мониторинг қилиш учун Мақбул қишлоқ хўжалик ва экологик амалиёт (GAEP) асосида минимал экологик стандартлар ва талабларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

2022 йил

II чорак

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

39.

Смарт технологияларидан (мини ўлчов станциялари ва "ақлли таёқча") фойдаланиш орқали сув хўжалиги ташкилотларининг сувни етказиб бериш ва уни сув истеъмолчилари (сувдан фойдаланувчилар) ўртасида тақсимлаш билан боғлиқ бўлган хизмати учун самарали тўлов тизимини жорий этиш.

2022 йил

IV чорак

Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзбекгидрогеология"

40.

Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг самарасиз фойдаланувчилардан эркин ўтишини таъминлаш учун иккиламчи бозорни ташкил этиш.


2023 йил

II чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

41.

Давлат сиёсати тадбирларининг самарадорлигини ошириш ва ерга эгалик ҳуқуқига асосланган молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр тизимини ривожлантириш, ер ресурсларини бошқариш соҳасидаги муассасаларнинг имкониятлари ва инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган инвестиция дастурини ишлаб чиқиш.

2023 йил

I чорак

"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

V. ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИНГ ЗАМОНАВИЙ

ТИЗИМЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

42.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бозоридаги ўзгаришлар ҳамда тармоқни ислоҳ қилиш ва эришилган натижалар бўйича маълумотларни, давлат хизматларини онлайн шаклида тақдим этувчи веб-саҳифа яратиш.

2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси

43.

Ёш мутахассислар орасидан бошқарув кадрларини тайёрлаш учун стажировка ва стипендиялар дастурини жорий этиш, унда қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти, агробизнес менежменти ва маркетинги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо-сотиқ қилиш ҳамда бошқа шу каби устувор йўналишларда стипендияларни тақдим этиш ва ходимлар алмашинувининг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларини амалга оширилишини назарда тутиш.

2021 йил

IV чорак

"Эл-юрт умиди" жамғармаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар иттифоқи

44.

Қуйидаги йўналишларда давлат хизматларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқиш:

ветеринария, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг соғлиғини сақлаш ва чорвачиликни ривожлантириш;

фитосанитар назорат ва ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматлари;

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматлари;

қишлоқ хўжалиги ва агробизнес соҳасида ахборот хизматлари ҳамда амалий тадқиқотлар олиб бориш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини озиқ-овқат билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш;

қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш хизматлари.

2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Давергеодезкадастр" қўмитаси

45.

Тармоқда муҳим қўшимча хизматларни кўрсатиш соҳасида хусусий сектор ёрдамида аутсорсинг амалиётини жорий этиш ва самарали давлат-хусусий шериклик моделини ривожлантириш.

2025 йил

III чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги

VI. ТАРМОҚНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН ДАВЛАТ

ХАРАЖАТЛАРИНИ БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ДИВЕРСИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ

46.

Ўрта муддатли бюджет дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида халқаро техник кўмак маблағларидан фойдаланиш имкониятларни ошириш бўйича дастурларни жорий этиш.


2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги

47.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида солиққа тортиш тизими таҳлилини ўтказиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларига солиқ юкини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

2021 йил

III чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси

48.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қўйилма ва ички хўжалик хизматлари ҳамда таркибий ўзгаришларни жадаллаштиришга қаратилган имтиёзли кредитлардан бошлаб қўллаб-қувватлашнинг комплекс чораларигача бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш дастаклари номенклатурасини кенгайтириш.


2021 йил

IV чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши

VII. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ИЛМ-ФАН, ТАЪЛИМ, АХБОРОТ ВА

МАСЛАҲАТ ХИЗМАТЛАРИ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

49.

Республика, ҳудудий ва маҳаллий миқёсида фермер хўжаликлари, агробизнес учун билимларни тарқатиш билан шуғулланадиган ахборот-маслаҳат хизматларини ривожлантириш. Бунда куйидагиларни назарда тутиш:

аграр тадбиркорлик субъектлари учун жорий маслаҳат хизматларини баҳолаш ва норматив-хуқуқий базани таҳлил қилиш;

молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш, шу жумладан, хусусий сектор томонидан молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига тадқиқотлар натижаларини етказиш ва инновацияларни жорий этишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш.

2021 йил

II чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

50.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ахборот-маслаҳат тизимларини жорий этиш.

2021 йил

I чорак

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

VIII. ҚИШЛОҚ ҲУДУДЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

51.

"2020-2025 йилларда қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш Концепциясини" ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини мониторингини олиб бориш.

2020 йил

I чорак


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

IX. ТАРМОҚ СТАТИСТИКАСИНИНГ ШАФФОФ

ТИЗИМИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

52.

Йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар тўғрисида маълумот ва ахборотлар каталогини чоп этиш.

Ҳар йили

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги

53.

Асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг иқтисодий кўрсаткичлари (харажат, даромад, фойда, рентабеллик) тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таққослаш ва чоп этиш.

Ҳар йили

Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

54.

Маҳсулот етиштириш самарадорлиги, тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, меҳнат қонунчилиги, солиққа тортиш, кредитлаш ва бошқа зарур маълумотларни қамраб олган фермер хўжалигини юритиш маълумотномасини (справочник) чоп этиш.

Ҳар икки йилда

бир маротаба

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси

55.

Соҳада амалга оширилган натижалар ҳамда давлат сиёсатининг истиқболли чораларини ўзида қамраб олган қишлоқ хўжалигининг йиллик ҳисоботини (Agriculture annual report) чоп этиш.

Ҳар йили

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси

56.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида миллий тизим ва хизматларни ривожлантириш учун маълумотлар алмашинуви платформаларида ҳамда халқаро форумларда фаол иштирок этиш.

Доимий

равишда

Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

57.

Стратегияни амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар экспертларини кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманларини ташкил этиш.

Доимий

равишда

Мувофиқлаштирувчи кенгаш

58.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни (Agriculture census) ўтказиш.


2023 йил

I чорак

Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

59.

Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини идентификациялаш, уларнинг ҳаракатини кузатиш ва мониторинг қилиш тизимини жорий этиш.

2025 йил

III чорак

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

          

Изоҳ: "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси"да 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси"да белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланмоқда.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПФ-5853-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини

ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга

мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш

бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ

1. А. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси

2. А. Вахабов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раисининг ўринбосари

3. Ж. Ходжаев

-

қишлоқ хўжалиги вазири, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раисининг ўринбосари

4. Б. Ходжаев

-

иқтисодиёт ва саноат вазири

5. Ш. Хамраев

-

сув хўжалиги вазири

6. С. Умурзаков

-

инвестициялар ва ташқи савдо вазири

7. А. Шадманов

-

соғлиқни сақлаш вазири

8. А. Касимов


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири

9. А. Эргашев

-

молия вазирининг ўринбосари

10. Б. Бегалов

-

Давлат статистика қўмитаси раиси

11. Б. Норқобилов

-

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси

12. Б. Қўчқоров

-

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

13. А. Абдуллаев

-

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

14. Н. Бакиров

-

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси

15. М. Эсанов

-

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи

16. И. Эргашев

-

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори

17. Д. Саттаров

-

"Ўзстандарт" агентлиги бош директори

18. А. Равшанов

-

Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири, Мувофиқлаштирувчи кенгаш котиби

Изоҳ: Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПФ-5853-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети,

давлат мақсадли жамғармалари ҳамда вазирлик ва

идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари

бюджетлари   параметрларида   қишлоқ   хўжалиги

харажатлари таркибини диверсификация қилишнинг

МАҚСАДЛИ ЙЎНАЛИШЛАРИ

    

Харажатлар йўналишлари

2018 йилда умумий қишлоқ хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларга нисбатан фоиз ҳисобида

Харажатлар таркибини

диверсификация қилишнинг

мақсадли йўналишлари

Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тузиладиган интервенцион захира

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган

қиймат занжирини яратиш

Пахта хомашёси етиштирувчилари учун фоиз ставкасини субсидиялаш

9,2 %

Босқичма-босқич қисқартириш

Ғалла етиштирувчилар учун фоиз ставкасини субсидиялаш

1,9 %

Босқичма-босқич қисқартириш

Уруғликлар етиштириш ва сифатини назорат қилиш дастури

0,1 %

Босқичма-босқич ошириш

Чорвачиликни ривожлантириш дастури

0,1 %

Босқичма-босқич ошириш

Балиқчиликни ривожлантириш дастури

0,1 %

Босқичма-босқич ошириш

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш дастури

5,4 %

Босқичма-босқич қисқартириш

Боғдорчиликни ривожлантириш дастури

0 %

Босқичма-босқич ошириш

Агрологистика хизматларини ривожлантириш дастури

0 %

Харажатларнинг

янги йўналиши

Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва бирлашмаларининг бошқа шаклларини ривожлантириш

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш

ва инвестициявий жозибадорликни ошириш

Қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш дастури

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш дастури

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва

атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш

Унумдорлиги паст ер майдонларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш

1,4 %

Босқичма-босқич ошириш

Мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиётлар

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Ўрмон хўжалигини бошқариш ва ҳимоя қилиш

1 %

Босқичма-босқич ошириш

Суғориш тизимларидаги капитал харажатлари

10,5 %

Босқичма-босқич ошириш

Суғориш тизимларини тиклаш учун капитал қўйилмалар

7,8 %

Босқичма-босқич ошириш

Ирригация тизимларини бошқариш ва улардан фойдаланиш

17,5 %

Босқичма-босқич ошириш

Суғоришда электр энергия харажатлари

23 %

Босқичма-босқич қисқартириш

Давлат бошқарувининг замонавий

тизимларини ривожлантириш

Инспекция хизматлари (қишлоқ хўжалиги, ветеринария, фитосанитария назорати, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги)

0,2 %

Босқичма-босқич ошириш

Ўсимликлар ҳимояси хизмати

0,3 %

Босқичма-босқич ошириш

Ветеринария хизмати ва ҳайвонларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш хизмати

3,9 %

Босқичма-босқич ошириш

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги хизмати

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Табиий офатлар таваккалчиликларини бошқариш

1 %

Босқичма-босқич ошириш

Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва

маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш

Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ишланмалари

0,5 %

Босқичма-босқич ошириш

Қишлоқ хўжалиги таълими

5,9 %

Босқичма-босқич ошириш

Қишлоқ хўжалиги билимларини тарқатиш ва маслаҳат хизматлари

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш

Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастури

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш

Бозор маълумотлари ва статистикаси тизими

0 %

Харажатларнинг янги йўналиши

Бошқа харажатлар

10,2 %

Босқичма-босқич қисқартириш

  

Изоҳ:


1) Мувофиқлаштирувчи кенгаш, иқтисодиётдаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳаси харажатлари таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколатига эга.


2) Кейинги йилларда, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бюджети ўсиши билан ялпи ички маҳсулотга нисбатан фоиз ҳисобида босқичма-босқич қисқартирилиши кўзда тўтилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 октябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 24 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 28 октябрь, 43-сон, 815-модда









































Время: 0.1902
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск