ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.10.2019 й. ПҚ-4471-сон "Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда иқтисодий тадқиқотлар сифати ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.10.2019 й.

N ПҚ-4471



ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШДА

ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР СИФАТИ ВА РОЛИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда узоқ вақт давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги жиддий тизимли муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг муайян тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишларини ривожлантириш учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятида ишониб топширилган тармоқ ёки соҳани узоқ муддатли ривожлантириш тўғрисида тасаввур мавжуд эмас, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш чораларини ишлаб чиқишда ташаббускорлик кўзга ташланмаяпти.

Бундан ташқари, тайёрланаётган ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ва ҳар томонлама эксперт-таҳлилий ўрганишни таъминлашга, уларнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Айрим вазирликлар ва идораларнинг фаолиятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда идоравий ва соҳавий манфаатларни илгари суришда намоён бўлаётган эскича ёндашувлар сақланиб қолинмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган ташаббусларнинг сифатини, олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини тубдан ошириш, амалга оширилаётган тадқиқотларни ислоҳотларнинг устувор йўналишларини рўёбга чиқаришга йўналтириш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг ролини ошириш мақсадида:


1. Иқтисодий тадқиқотлар маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (кейинги ўринларда - Марказ) этиб қайта ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

чуқур ўрганилган, шу жумладан ривожланган хорижий мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётларни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг стратегик йўналишлари, хусусан, иқтисодиёт, молия, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳада бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;

иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги муҳим тизимли муаммоларни глобал ва минтақавий хавф-хатарлар таъсирини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг самарали тармоқлараро ва идоралараро ҳамкорлигини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ресурслари ва маблағларини ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал қилиш ёки устувор стратегик вазифаларни амалга оширишнинг энг мақбул йўлларини топиш учун самарали сафарбар этиш, бирлаштириш ва улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда иқтисодий моделлаштиришнинг замонавий воситаларини қўллаш орқали ишлаб чиқилаётган ва амалга оширилаётган иқтисодий сиёсат чора-тадбирларининг сценарийлари ва натижаларини таҳлил қилиш;

ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалаларини ўрганиш, республика минтақаларининг рақобатдаги устунлиги, шунингдек, мавжуд салоҳияти, ресурслари ва захираларидан самарали фойдаланишдан келиб чиққан ҳолда уларни ривожлантириш ва ихтисослаштиришга стратегик ёндашувларни шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ишлаб чиқилаётган ва амалга оширилаётган ташаббуслар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага таъсирини баҳолашни ташкил этиш, уларни тузатиш бўйича таклифлар бериш;

иқтисодиётга нисбатан бошқарув юкини мақбуллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳада ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари сифатини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасига эксперт, ахборот-таҳлилий ва бошқа техник ёрдам материалларини умумлаштириш ва уларни самарали амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини оммавий ахборот воситалари, конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларда очиқ муҳокама қилишни ташкил этиш;

ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш масалалари юзасидан халқаро иқтисодий ва молиявий институтлар, хорижий илмий марказлар ва экспертлар билан ҳамкорлик қилиш ва ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг самарали чора-тадбирлари бўйича таклифлар киритиш.


3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бир вақтнинг ўзида Марказ директори ҳисобланади.


4. Давлат органлари ва ташкилотлари, таҳлилий ва тадқиқот марказлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, бошқа манфаатдор томонларнинг самарали тармоқлараро ва идоралараро ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида Марказ негизида "очиқ макон" тамойили асосида очиқ инновацион платформа ташкил этилсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

давлат органларининг жамоатчилик ва илмий ҳамжамият билан, шу жумладан ижтимоий сўровлар ўтказиш, жамият ва давлатнинг ўзаро қайта алоқа механизмларини жорий этиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳада юзага келадиган муаммоларни муҳокама қилиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилиш учун Интернет тармоғида махсус портал яратиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган ташаббусларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кенг муҳокама қилиш, шунингдек, барча томонларнинг манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида мутахассислар, асосан хусусий сектор вакиллари орасидан илмий-тадқиқот гуруҳларини шакллантириш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралар, экспертлар ҳамжамияти ва кенг жамоатчилик вакиллари билан тематик учрашувлар ва муҳокамаларни ташкил қилиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишга қаратилган ташаббуслар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга оширишнинг амалий масалаларини ҳал қилишда манфаатдор томонларнинг бевосита иштирокини, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали таъминлаш;

олий ўқув юртлари талабалари учун Марказ фаолиятида ва ташкил этилаётган тадбирларда иштирок этиш орқали амалий кўникмаларни ошириш майдонини яратиш.


5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори (кейинги ўринларда - Акселератор) фаолиятини ташкил этиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги жиддий муаммоларни жадаллик билан тезкор ва самарали ҳал қилиш мақсадида Марказ тузилмасида Акселераторнинг ишчи органини тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Марказ директори Акселераторнинг раҳбари ҳисобланади;

ҳар чоракда Марказ томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва уларнинг натижадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар материалларини ўрганиш, вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида тармоқлараро ва идоралараро даражада ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоли масалалар рўйхати (кейинги ўринларда - рўйхат) тузилади;

рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти билан келишилади, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ва Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

рўйхатга киритилган муаммоларни ҳал қилишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг бошқа бўлинмалари билан яқин ҳамкорликда муаммоларнинг ҳар бири бўйича ишчи гуруҳини шакллантириш ва Марказ ходимлари орасидан мувофиқлаштирувчини тайинлаш орқали амалга оширилади.

Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ва келажак вазирлиги ҳузуридаги Ҳукумат акселератори тимсолида Акселераторни ривожлантиришга, шунингдек, унинг ходимлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ходимларини ўқитишни ташкиллаштиришга кўмаклашиш учун тайёр эканлигини билдирганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


6. Марказ зиммасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги ПФ-5614-сон Фармони билан ташкил этилган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг "Йўл харитаси"ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш ҳузуридаги Халқаро экспертлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш, республиканинг вазирлик ва идораларига шартнома асосида жалб қилинган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига техник кўмак дастурларида иштирок этаётган хорижий маслаҳатчилар билан ҳамкорлик қилиш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.


7. Белгилансинки:

Марказ юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган давлат муассасаси бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси олдида ҳисобдордир;

Марказ қайта ташкил этилган Иқтисодий тадқиқотлар марказининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ҳамда мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилган икки нафар ўринбосарга эга;

Марказнинг раҳбар ва илмий ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби қўлланилади.

Марказнинг илмий ва амалий фаолиятини мувофиқлаштириш функцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаментига юклансин.


8. Марказга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари мутахассисларини, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида тадқиқотлар олиб боришга жалб қилиш;

тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва ўқув муассасалари билан шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар ва маърузалар, "Экономическое обозрение" илмий-таҳлилий журналини ва бошқа нашрларни чоп этиш;

Марказга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш.


9.

Марказ директорига, зарур ҳолларда, Марказнинг тасдиқланган таркибий тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, муайян ташаббусларни ишлаб чиқиш ва олдига қўйилган бошқа вазифаларни ҳал қилиш мақсадида шўъбалар доирасида бўлинмалар ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари (З.Ш. Низомиддинов) бир ой муддатда Марказ тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


11. Қуйидагилар Марказни молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

ҳар йили тасдиқланадиган параметрлар доирасида ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижалари асосида ажратиладиган маблағлар;

вазирлик, идора ва муассасалар томонидан уларнинг буюртмалари асосида тадқиқотлар ва баҳолаш ишларини олиб бориш учун ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларининг грант ва мақсадли маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилансинки:

ушбу банднинг учинчи - еттинчи хатбошиларида назарда тутилган маблағлар Марказнинг махсус ҳисобварағига ўтказилади ва Марказ ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш ва малакасини ошириш, шу жумладан хорижий стажировкаларни ташкил этиш, тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, Марказнинг расмий веб-сайтини яратиш ва фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш учун йўналтирилади;

Марказ директори ушбу банднинг тўққизинчи хатбошисида назарда тутилган ҳисобварақ маблағлари ҳисобидан ходимларга ҳар ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача миқдорида устамалар белгилаш ҳуқуқига эга;

Марказнинг даромадлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари (З.Ш. Низомиддинов) 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятига кўмаклашиш жамғармасидан 5 миллиард сўм миқдорида бир марталик беғараз молиявий ёрдам ажратсин.


12. Белгилансинки:

Марказнинг раҳбар ва илмий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларининг базавий лавозим маоши 1,5 баравар кўпайтирилган ҳолда белгиланади;

Марказнинг бошқа ходимларига давлат бошқаруви органларида тегишли лавозимлар учун ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади, уларнинг (ёрдамчи ходимлар бундан мустасно) лавозим маошларини белгилашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тариф коэффициенти 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади;

Марказ ходимларига илгари ишлаган жойида берилган, шу жумладан кўп йиллик меҳнати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устамалар ва қўшимча ҳақлар сақланиб қолади, ҳарбий ва махсус унвонларга эга бўлмаган олий юридик маълумотли ходимлар учун эса ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги органлари ва муассасалари ходимлари учун белгиланган мартаба даражалари берилиши мумкин.

Марказнинг айрим ходимларининг меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган бюджет ажратмаларини 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳа учун назарда тутилган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;

Марказга асослантирилган ҳисоб-китобларга кўра, биноларни таъмирлаш ва зарур жиҳозлар, оргтехника билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), хизмат автотранспорти сотиб олиш (янгилаш), иситиш тизими, шунингдек, Марказ фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратсин;

Марказ директори ва унинг ўринбосарларига 3 дона шахсий бириктирилган, шунингдек, 1 дона навбатчи хизмат автотранспортини сақлаш учун лимит ажратсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги янги тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, Марказнинг интеллектуал-таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш учун, шу жумладан халқаро донорларни жалб қилиш чораларини кўришда Марказга кўмаклашсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказ ходимларини зарур алоқа турлари ва воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан, шунингдек, кенг полосали Интернет тармоғига уланишини таъминласин.


16. Марказ:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг меъёрий ва йўриқнома ҳужжатлари мажбурий тартибда юбориладиган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахборот бюллетенлари мажбурий тартибда юбориладиган реестрга киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Республика товар-хом ашё биржаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар тадқиқотлар олиб бориш учун зарур маълумотларни тақдим этсин.

17. Марказ Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Новза кўчаси, 6-уй манзилида жойлаштирилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Марказ тадқиқотлари натижалари оммавий ахборот воситаларида нашр этилиши ва муҳокама қилинишини ташкиллаштиришга кўмаклашсин.


19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 7 апрелдаги "Иқтисодий тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Ф-982-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


20. Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А. Ғуломов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 3 октябрдаги

ПҚ-4471-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

маркази айрим ходимларининг меҳнатига

Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш

РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимларнинг номланиши


Разрядлар

Бош бухгалтер


14

Юрисконсульт


14

Компьютерда саҳифалаш бўйича муҳандис


12

Ходимлар билан ишлаш бўйича мутахассис


11

Катта муҳаррир


10

Кутубхоначи


9

Девонхона мудири


9

Бухгалтер


9

Муҳаррир


9

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 октябрь









































Время: 0.1347
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск