ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 29.10.2019 й. ЎРҚ-576-сон "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.07.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 11.10.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.10.2019 й.

N ЎРҚ-576



ИЛМ-ФАН ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчилик

Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Илм-фан ва илмий фаолият

соҳасининг асосий принциплари

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий принциплари:

илмий ижод ва ахборот эркинлиги;

самарадорлик ва ижодий рақобат;

манфаатдорлик ва рағбатлантириш;

илмий экспертизанинг холислиги;

инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф табиий муҳитга зарар етказмасликдан иборатдир.



4-модда. Илм-фан ва илмий фаолият

соҳасининг асосий йўналишлари

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишлари:

илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ҳамда самарадорлигига эришиш;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ресурсларни мақсадли йўналтириш;

давлат илмий дастурларини ишлаб чиқиш, асослантирилган ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш;

илм-фанга интилиш ва унинг жозибадорлик муҳитини шакллантириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, ёш истеъдод эгаларини тайёрлаб бориш;

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштиришни оқилона ошириб бориш;

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш ҳамда ундан манфаатдорликни ошириш;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг ахборот макони билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.



2-БОБ. ИЛМ-ФАН ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

илм-фан ва илмий фаолият соҳаси асосий йўналишларининг амалга оширилишини таъминлайди;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тасдиқлайди;

илм-фан ва илмий фаолият соҳаси инфратузилмасининг шакллантирилиши ҳамда унинг самарали фаолият юритишини таъминлайди;

давлат илмий дастурларини амалга оширишда мақсадли кўрсаткичларга эришишни баҳолаш тартибини тасдиқлайди;

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш тартиби ҳамда давлат иштирокидаги жамғармаларни ташкил этиш тартибини белгилайди;

илмий фаолият юритувчи жисмоний шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва рағбатлантиришни таъминлайди;

илмий даражалар ва илмий унвонларни бериш тартибини белгилайди;

ахборот маконида илм-фан ва технологиялар асослари, ютуқларини оммалаштириш, шунингдек илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид тегишли тадбирларни тарғиб этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион

ривожланиш вазирлигининг илм-фан ва илмий

фаолият соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини амалга оширади;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантиради;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий ташкилотлар, олий таълим, ахборот-таҳлил муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ва уларнинг ижросини назорат қилади, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар танловини ўтказади ва уларни молиялаштиради;

илмий лойиҳалар бўйича давлат буюртмаларини шакллантиради, давлат рўйхатини юритади, бажарилишини мониторинг қилади ва улар юзасидан ҳисоботлар қабул қилади;

Ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлайди;

ўзаро манфаатли халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, илм-фан ва илмий фаолият соҳасига чет эл инвестицияларини жалб қилишга кўмаклашади;

илмий даражали кадрларни тайёрлаш тизимини мувофиқлаштиради.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар

академиясининг илм-фан ва илмий фаолият

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўз ваколатлари доирасида:

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, давлат илмий дастурлари, шунингдек халқаро дастурларни шакллантириш бўйича таклифлар беради;

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилайди ва амалга оширади;

илмий фаолият субъектлари учун илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, ноёб илмий объектлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш билан боғлиқ зарур шарт-шароитларни яратади;

илмий ташкилотларнинг илмий салоҳиятини оширади ва илмий даражали кадрлар тайёрлайди;

илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга кўмаклашади ва уларнинг эгаларини рағбатлантиради, шунингдек ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, уларнинг самарали илмий фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади;

илмий ташкилотлар ходимларини давлат ва халқаро мукофотларга тақдим этади;

хорижий давлатлар ва мамлакатимиз илм-фани ютуқларини ўрганади, таҳлил қилади, оммалаштиради ҳамда тарғиб қилади, улардан Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

чет эл фанлар академиялари, илмий ташкилотлари ва жамғармалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, халқаро илмий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашади.



8-модда. Олий таълим тизими муассасаларининг,

шунингдек бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган

вазирлик, идоралар ҳамда ташкилотларнинг илм-фан

ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари

Олий таълим тизими муассасалари, шунингдек бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган вазирлик, идоралар ва ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида:

илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини амалга оширишда қатнашади;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар киритади;

давлат илмий дастурлари, шунингдек халқаро дастурларни ишлаб чиқишда қатнашади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

ўз бўйсунувидаги тегишли таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда самарали ҳамда рақобатбардош илмий фаолият юритилишини таъминлайди;

тегишли йўналишлар бўйича илмий даражали кадрлар тайёрлашни таъминлайди, илмий фаолият юритувчиларни рағбатлантириб боради;

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилайди ва амалга оширади;

ўз бўйсунувидаги илмий ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб боради;

илмий ишланмаларни тижоратлаштиради ва улар эгаларини рағбатлантиради, шунингдек ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, уларнинг самарали илмий фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади;

илм-фан ва технологиялар асослари, ютуқларини оммалаштириш, шунингдек илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид тегишли тадбирларни тарғиб этишда қатнашади.



9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини амалга оширишда қатнашади;

илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантиришда қатнашади;

илмий фаолиятни ривожлантириш ва унинг замонавий инфратузилмасини яратишга кўмаклашади;

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилайди ва амалга оширади;

илмий ишланмаларни яратиш, қўллаш ва оммалаштириш билан боғлиқ тизимли ишларни ташкил этади;

маҳаллий ахборот маконида илм-фан ва технологиялар асосларини, ютуқларини, шунингдек илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид тегишли тадбирларни тарғиб этишни тизимли равишда йўлга қўяди.



10-модда. Фуқаролар, нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа

институтларининг илм-фан ва илмий фаолият

соҳасидаги иштироки

Фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари илм-фан ва илмий фаолият соҳасида:

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, давлат илмий дастурларини шакллантириш бўйича таклифлар бериши;

илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;

илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар бериши;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши ҳамда уларга кўмаклашиши;

илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид маълумотларни тарқатиши, оммалаштириши ва тарғиб этиши мумкин.



11-модда. Ёшларни илм-фан ва илмий

фаолиятга жалб этиш

Ёшларни илм-фан ва илмий фаолиятга жалб этиш:

тегишли давлат дастурларини ишлаб чиқиш;

таълим ташкилотида истеъдодларни аниқлаш, танлаш, тарбиялаш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб бориш;

тегишли йўналишлар бўйича ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлар, махсус синфлар, марказлар ва ўқув курслари ташкил этиш;

таълим жараёнида эгалланган билимларни кундалик турмуш ва касбий фаолиятда самарали қўллай олишга қаратиш;

таълим олувчилар ўртасида турли танловлар уюштириб бориш ва рағбатлантириш;

чет эл етакчи илмий ташкилотлари ва таълим муассасаларига магистратура ва докторантура дастурларини ўташ, малака ошириш, тажриба орттиришга юбориш орқали ва бошқа шаклларда амалга оширилади.

Ёш олимларнинг илмий ташкилотлар ва таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқлардаги илмий уюшмалари давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасаларида ёш олимлар ва талабаларнинг илмий фаолият юритиши учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши лозим.



3-БОБ. ИЛМИЙ ФАОЛИЯТ ВА

УНИНГ СУБЪЕКТЛАРИ


12-модда. Илмий фаолият

Илмий фаолият объектлар, ҳодиса (жараёнлар)нинг хусусиятлари, ўзига хосликлари ва қонуниятларини аниқлаш мақсадида борлиқни ўрганиш ва олинган билимларни амалиётда қўллашга йўналтирилган фаолият ҳисобланиб, фундаментал ва амалий тадқиқотлардан иборатдир.

Фундаментал тадқиқотлар табиат, жамият ва инсоннинг тузилиши, шаклланиши ва ривожланишига оид асосий қонуниятлар ҳақида янги билимлар олиш, улар ўртасидаги ўзаро алоқадорлик, шунингдек муайян фаолият натижасида яратилган объектларни ўрганишга йўналтирилган назарий ва (ёки) тажрибага йўналтирилган фаолият ҳисобланади.

Амалий тадқиқотлар амалий мақсадларга эришиш ва аниқ вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимлар ва фундаментал тадқиқотлар натижаларини қўллашга йўналтирилган фаолият ҳисобланади.



13-модда. Илмий фаолият субъектлари

Илмий фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахслар илмий фаолият субъектлари ҳисобланади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидаги илмий фаолияти қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Давлат илмий ташкилотлари, шунингдек давлат таълим муассасалари таркибидаги илмий ва илмий-техникавий тузилмаларда фаолият юритувчи ходимлар лавозимлари қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


14-модда. Илмий фаолият юритувчи шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Илмий фаолият юритувчи шахслар:

илмий фаолият тури, йўналиши ва воситаларини танлаш;

илмий фаолиятни якка тартибда ёки жамоавий асосда олиб бориш;

инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф табиий муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган илмий фаолиятда қатнашишни рад қилиш;

бажарган ишининг даражаси ва сифатига кўра моддий рағбат олиш, шунингдек илмий фаолияти натижаларини амалиётга татбиқ этишдан мукофот ёки даромад олиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган илмий лойиҳалар бўйича танловларда қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиш;

ўзи томонидан ёки ҳаммуаллифликда бажарилган илмий ишланмалар натижаларидан, агар улар давлат, хизмат ва тижоратга оид ёки қонунчиликка мувофиқ муҳофаза қилинадиган бошқа сирлардан таркиб топмаган бўлса, эркин фойдаланиш, уларни тарқатиш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

илм-фан соҳасида тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш;

педагогик фаолият билан шуғулланиш, маслаҳатчи ва эксперт бўлиш;

агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, илмий фаолият натижаларини илмий маъруза, мақола, монография ва диссертация ҳимояси кўринишида ҳамда бошқа шаклларда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Илмий фаолият юритувчи шахслар:

инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф табиий муҳитга зарар етказмасликка;

кўчирмачиликка йўл қўймасликка, ўзгаларнинг илмий ишланмаларини ўзлаштирмасликка ва ёлғон маълумотларга асосланмасликка;

интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва илмий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга мажбурдир.



15-модда. Илмий фаолият юритувчи жисмоний

шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари

Илмий фаолият юритувчи шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили, шунингдек ижодий таътил бериш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Давлат илмий ташкилотларида илмий фаолият юритувчи шахсларга қирқ саккиз иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган ҳамда моддий ёрдамни кўзда тутадиган меҳнат таътили берилади.

Давлат илмий ташкилотларида илмий ходимларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва лабораторияларида, шу жумладан чет элда амалиёт ўташлари ёки малака оширишлари учун бир йилгача бўлган муддатга таътил берилади.



16-модда. Илмий ташкилот

Асосий фаолият тури илмий фаолият юритишга йўналтирилган юридик шахс илмий ташкилот ҳисобланади.

Илмий ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари ва бошқа ташкилотларни, шунингдек ноёб илмий объектларни ташкил этиш ҳуқуқига эгадир.


17-модда. Олий таълим муассасаларида

илмий фаолият юритиш

Олий таълим муассасаларида таълим жараёни билан бирга илмий фаолият ҳам юритилади.

Олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари тегишли йўналишларда илмий фаолият билан шуғулланишлари шарт.

Олий таълим муассасалари қонунчиликда белгиланган тартибда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари ва бошқа ташкилотларни таъсис этиш, шунингдек ноёб илмий объектларни ташкил этиш ҳуқуқига эгадир.

Олий таълим муассасалари илмий фаолиятга миллий ва халқаро даражадаги етук олимлар, илмий ташкилотлар вакилларини жалб этиш, етакчи миллий ва хорижий илмий ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида амалиёт ўташни ташкил қилиш ҳуқуқига эгадир.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини оширишга олий таълим муассасалари, бўйсунувида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъулдир.

Олий таълим муассасасининг илмий фаолиятини баҳолашда унинг илмий салоҳияти, шу жумладан илмий ишланмаларнинг натижадорлиги, илмий мактабларнинг яратилганлиги, илмий даражали педагог кадрлар салоҳияти, шунингдек унинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси инобатга олинади.



18-модда. Илмий фаолият соҳасидаги

бошқа ташкилотлар

Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар илмий фаолият билан шуғулланишга ҳамда таъсис ҳужжатлари (низомлари)да белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида ўз таркибида илмий тузилмаларни ташкил этишга ҳақлидир.



4-БОБ. ИЛМИЙ ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА БАҲОЛАШ


19-модда. Илм-фан ва технологияларни

ривожлантиришнинг устувор

йўналишлари

Илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ҳамда самарадорлигига эришиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги тармоқларни яратиш, аҳоли турмуш даражаси, илм-фан ва таълим тизимларини сифат жиҳатидан юксалтириб бориш билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилади.



20-модда. Давлат илмий дастурлари

Давлат илмий дастурлари илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари ва илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни ўз ичига олади.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқилади ва давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳалардан иборат бўлади.

Илмий лойиҳаларни илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиш танловлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларига кўра амалга оширилади.

Илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари долзарб муаммоларни ҳал этиш учун ишлаб чиқилади ва аниқ маҳсулотга давлат буюртмаси бериш асосида бажариладиган илмий лойиҳалардан иборат бўлади.

Илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар тегишли ҳудуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва янги илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган илмий лойиҳалардан иборат бўлади. Улар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Давлат илмий дастурлари лойиҳаларининг мавзулари, йўналишлари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги ахборот мажбурий тартибда оммавий ахборот воситалари ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



21-модда. Илм-фан ва таълимнинг

узвий боғлиқлиги

Илм-фан ва таълимнинг узвий боғлиқлиги:

таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш;

таълим олувчиларда илмий тафаккурни ривожлантириш;

педагог кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириб бориш,

“устоз-шогирд” мактаб ва анъаналарини мустаҳкамлаш, илмий изланувчиларнинг иқтидорли келажак авлодини шакллантириш;

илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб бориш орқали таъминланади.



22-модда. Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг

узвий боғлиқлиги

Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлиги:

инновацион маҳсулотлар ва хизматларни яратиш ҳамда қўллаш учун қулай муҳитни шакллантириш;

инновацияларни жорий этишдан манфаатдорликнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини такомиллаштириб бориш;

тадбиркорлик субъектлари ҳузурида тегишли йўналишларда илмий ташкилотларнинг фаолиятини йўлга қўйиш, илмий фаолият юритаётган хорижий ҳамкорлар билан изчил ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ишлаб чиқариш тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларидан инновацион маҳсулотлар ва хизматларга буюртмалар олиш;

инновацион инфратузилмани (технология парклари, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур жамғармалари, бизнес-инкубаторлар ва бошқаларни) ривожлантириш;

хусусий илмий ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш;

инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

солиқ имтиёзларини қўллаш орқали таъминланади.



23-модда. Илмий даражали кадрларни тайёрлаш

Илмий даражали кадрларни тайёрлаш таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик асосида амалга оширилади.

Таянч докторантура ва докторантура доирасидаги илмий фаолият ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олиб борилади.

Мустақил изланувчилик доирасидаги илмий фаолият ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олиб борилади.



24-модда. Илмий даражалар ва илмий унвонлар

Тегишли фан йўналишлари бўйича фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD), фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаларини, профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларини бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Чет давлатларда олинган илмий даражалар ва илмий унвонларнинг Ўзбекистон Республикасида тан олиниши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


25-модда. Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш

Илмий даража олиш учун тайёрланган диссертация илмий ташкилот ва таълим муассасаси қошида тегишли ихтисослик бўйича тузилган илмий даражалар берувчи илмий кенгашда ҳимоя қилинади.

Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган, илмий ташкилот ва таълим муассасасида фаолият юритаётган олимлардан иборат бўлиши шарт.

Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб боради ва диссертациянинг танланган ихтисосликка мослиги, экспертизанинг сифати ва холислиги, қабул қилинган қарорнинг асослантирилганлиги учун масъул ҳисобланади.



26-модда. Илмий экспертиза

Илмий экспертиза илмий лойиҳа бўйича асослантирилган қарор қабул қилиш мақсадида уни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса тайёрлашга қаратилган фаолиятдир.

Илмий экспертиза:

қатнашчиларининг мустақиллиги ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги;

илмий лойиҳа илмий ёндашувда, холис, тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганилиши;

экспертиза натижаларининг асослантирилганлиги;

экспертларнинг чуқур билимга эгалиги ва юксак даражада ўз ишининг устасилиги;

қонунчиликка мувофиқ давлат, хизмат ва тижорат сирларига риоя қилган ҳолда экспертиза натижаларининг очиқлиги;

жамоат, техника, экология хавфсизлиги, миллий ва халқаро стандартларга риоя қилиш тамойилларига таянган ҳолда амалга оширилади.

Илмий экспертизани амалга ошириш жараёнида унинг натижаларидан шахсан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйилмайди.

Илмий экспертиза жараёнида қатнашган ва қабул қилинган хулоса билан келишмаган эксперт ўзининг асослантирилган фикрини мазкур хулосага қўшиб қўйиши мумкин.

Илмий экспертизани ўтказишга чет эл мутахассислари жалб этилиши мумкин.

Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳалар давлат илмий экспертизасидан ўтказилиши шарт.

Илмий экспертиза ушбу масала бўйича ваколати бор давлат ташкилотининг қарорига кўра ўтказилади.



27-модда. Давлат буюртмаси асосида бажариладиган

илмий лойиҳалар мониторинги

Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳалар мониторинги уларнинг тасдиқланган режага кўра бажарилишини, молиявий маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланишини, белгиланган муддатларда ҳисоботлар тақдим этилишини ва олинган натижаларнинг самарадорлигини баҳолашни ўз ичига олади.

Давлат буюртмаси асосида бажарилаётган илмий лойиҳалар мониторинги натижалари хулосаларидан илмий йўналишларнинг истиқболини белгилаш, илмий лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш ёки тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилишда фойдаланилади.

Давлат буюртмаси асосида бажарилаётган илмий лойиҳаларнинг натижалари мониторинги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳалар бўйича ҳисоботлар ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.



28-модда. Илмий ишланмаларни баҳолаш

Илмий ишланмаларни баҳолаш илмий фаолият натижалари қийматини аниқлашга йўналтирилган фаолиятдир.

Илмий ишланмаларни баҳолаш фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс томонидан амалга оширилади.

Баҳоланган илмий ишланмалардан:

ташкилотларнинг устав капиталига улуш сифатида қўшиш ва роялти миқдорини аниқлаш;

лицензия келишувларини тузиш;

сарфланган маблағларнинг самарадорлигини аниқлаш ва бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.

Илмий ишланмаларни баҳолаш натижалари расмийлаштирилади ва келгусида фойдаланиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



29-модда. Илмий фаолиятнинг ахборот таъминоти

Илмий фаолият субъектлари, давлат, хизмат, тижорат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа маълумотларни ўз ичига олган ахборотдан ташқари, илмий, статистик ва бошқа ахборотни эркин тарзда излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгадир.

Илмий, статистик ва бошқа ахборотлар, шу жумладан миллий ва халқаро ахборот жамғармаларида, тизимларида, маълумотлар банки ва базаларида жойлаштирилган маълумотлар билан танишиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.

Ваколатли давлат органи ва бошқа давлат бошқаруви органлари ўз бўйсунувидаги илмий ташкилотларни илмий ахборот билан таъминлайди, илмий ҳисоботлар ва тугалланган илмий ишлар маълумотлар базаларини юритади, шунингдек илмий фаолият натижаларини илмий ахборот манбаларида чоп этиш ва улардан амалий фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.

Давлат бошқаруви органлари илмий ахборотни йиғиш, тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи илмий ташкилотлар, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятига ёрдам кўрсатади, илмий маҳсулотлар, шу жумладан илмий журналлар, китоблар ва бошқа босма нашрларни чоп этиш ҳамда тарқатиш, миллий ва халқаро илмий нашрлар, ахборот жамғармалари, тизимлари, маълумотлар банки ва базаларига киришга кўмаклашади.



30-модда. Илм-фан ва илмий фаолиятнинг миллий

ахборот макони билан узвий боғлиқлиги

Илм-фан ва илмий фаолиятнинг миллий ахборот макони билан узвий боғлиқлиги:

илмий-ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай ахборот ресурсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда эркин фойдаланиш;

илм-фан ва технологиялар асослари, ютуқларини оммалаштириш, шунингдек илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид тегишли тадбирларни тарғиб этиш чора-тадбирларини белгилаш;

ихтисослаштирилган илмий нашрлар, оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар тузиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва давлат иштирокидаги жамғармалар ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган нашрлар, оммавий ахборот воситаларида илм-фан ва технологиялар асослари, ютуқлари, илм-фан ва илмий фаолият соҳасига оид тадбирлар ҳақида ахборотни бепул тарқатиш тартибини белгилаш;

глобал ахборот маконининг тегишли ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий чораларини кўриш ҳамда бошқа усуллар орқали таъминланади.



31-модда. Илмий фаолият натижаларини

тижоратлаштириш

Илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш фойда олиш мақсадида илмий фаолият натижаларини фуқаролик муомаласига киритиш жараёнидир.

Илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш:

илмий фаолият натижаларини қўллаган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

таъсисчиси ёки таъсисчиларидан бири устав жамғармасига улуш сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган ташкилот (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) бўлган тижорат ташкилотларини ташкил этиш;

интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳуқуқларни учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини роялти тўловларига асосланган лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.



32-модда. Ноёб илмий объект

Илмий фаолиятни самарали йўлга қўйиш учун алоҳида аҳамиятга эга, мамлакатда ягона бўлган, илмий изланишларда фойдаланилаётган, тегишли соҳаларда мукаммал изланишлар олиб бориш имконини берадиган илмий асбоб-ускуналар, нодир тўпламлар ва бошқа камёб объектлар ноёб илмий объект ҳисобланади.

Ўз юритувида ноёб илмий объект бўлган ташкилот раҳбари уни ишчи ҳолатда сақлаш, унга зарур хизматларни кўрсатиш, ундан унумли фойдаланиш, ажратилган молиявий маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланиши, шунингдек ноёб илмий объектлар бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг ваколатли давлат органига топширилиши учун жавобгардир.



33-модда. Илмий асбоб-ускуналардан

жамоавий фойдаланиш маркази

Илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш маркази илмий ташкилот ёки таълим муассасаси қошида фаолият юритувчи, ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва улардан кўпчилик фойдаланиши мумкин бўлган, тегишли малакали мутахассисларга эга тузилмадир.



5-БОБ. ИЛМ-ФАН ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТ

СОҲАСИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


34-модда. Илм-фан ва илмий фаолият соҳасини

молиялаштириш йўналишлари

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш:

базавий молиялаштириш;

илмий лойиҳаларни молиялаштириш;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура доирасидаги илмий изланишларни молиялаштириш;

ноёб илмий объектларни сақлашни молиялаштириш;

илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларини молиялаштириш йўналишларида амалга оширилади.



35-модда. Базавий молиялаштириш

Базавий молиялаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат илмий ташкилотларига нисбатан қўлланилади. Бундай ташкилотлар рўйхати ваколатли давлат органининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат илмий ташкилотларининг илмий ходимлари меҳнатига тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


36-модда. Илмий лойиҳаларни молиялаштириш

Илмий лойиҳаларни молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети;

маҳаллий бюджет;

махсус ва мақсадли жамғармалар;

хўжалик юритувчи субъектлар;

иш берувчи;

халқаро ташкилотлар ва ҳомийлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳаларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар доирасида бажариладиган лойиҳаларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


37-модда. Стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура

ва докторантура доирасидаги илмий

изланишларни молиялаштириш

Стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура доирасидаги илмий изланишларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



38-модда. Ноёб илмий объектларни

сақлашни молиялаштириш

Ноёб илмий объектларни сақлашни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади ҳамда жорий таъминлаш, шу жумладан бинолар, асбоб-ускуналарни ишчи ҳолатда сақлаш, ашёлар билан таъминлаш, маъмурий ва ёрдамчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олади.



39-модда. Илмий асбоб-ускуналардан жамоавий

фойдаланиш марказларини молиялаштириш

Илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



40-модда. Илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари

Юридик ва жисмоний шахслар ташаббуси билан илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари тузилиши мумкин.

Жамғармаларнинг таъсис ҳужжатларида маблағларни шакллантириш, йўналтириш, тақсимлаш, илмий изланишларнинг (мавзуларнинг) лойиҳалари ва натижаларини баҳолаш, ҳисобот бериш тартиби аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.

Жамғармалар ўз фаолияти ҳақида йиллик ҳисоботни эълон қилиб бориши шарт.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41-модда. Илм-фан ва илмий фаолият

соҳасида халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикасининг илм-фан ва илмий фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлиги миллий илмий мактабларнинг жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлиши, дунё илм-фани ва технологиялари илғор ютуқларидан миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини юксалтиришда фойдаланиш, чет эл инвестициялари, чет эллик етук илмий ва технология марказлари, олимлар, мутахассисларни мамлакатга жалб этиш, илмий фаолият юритувчи жисмоний шахсларнинг хорижда тажриба ва малака орттиришларини таъминлаш мақсадларида амалга оширилади.

Давлат Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари, шунингдек халқаро илмий дастурлар ва лойиҳалар доирасидаги илмий фаолиятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъминлайди.

Илмий фаолият субъектлари халқаро ва хорижий илмий ҳамда технология тузилмаларига аъзо бўлиш, халқаро илмий дастурлар ва лойиҳаларда қатнашиш, чекловлар бўлмаган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан битимлар тузиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий юридик ва жисмоний шахслар иштирокидаги илмий ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.


42-модда. Низоларни ҳал этиш

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



43-модда. Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



44-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ваколатли давлат органи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



45-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



46-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 15-моддасининг иккинчи қисми 2020 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 октябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 30 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 4 ноябрь, 44-сон, 826-модда

















































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск