ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Умумий қоидалар /

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 30.10.2019 й. ПФ-5863-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 30 октябрдаги

ПФ-5863-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2030 йилгача бўлган даврда

Ўзбекистон Республикасининг

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Атроф-муҳитнинг жорий ҳолати таҳлили, глобал ва минтақавий экологик муаммолар, янги экологик хавф-хатарлар Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий жараённинг ажралмас қисми ҳисобланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини (кейинги ўринларда - Концепция) ишлаб чиқиш заруратини вужудга келтирди.

Концепция кўрсатиб ўтилган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайди, уларнинг амалга оширилиши эса келажак авлодларнинг манфаатлари йўлида давлатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш имконини беради.



I БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


Қуйидагилар Концепциянинг мақсадлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарур шарти сифатида атроф-муҳитнинг қулай ҳолатини таъминлаш;

атроф-муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирни пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланиш;

атроф-муҳит объектларидан оқилона фойдаланишни ва биологик ресурслар қайта тикланишини таъминлаш.

Қуйидагилар Концепциянинг вазифалари ҳисобланади:

атроф-муҳит объектларини (ер, сув, атмосфера ҳавоси, ер қаъри, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси) сақлаш ва қўриқланишини таъминлаш;

қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;

иқтисодиётни экологиялаштириш, табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини жорий қилиш, экологик жиҳатдан энг кам хавф туғдирувчи материаллар, маҳсулотлардан, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектлардан устувор даражада фойдаланиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини, шунингдек, атроф-муҳитнинг экологик мониторинги тизимини такомиллаштириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни илмий жиҳатдан таъминлаш;

экологик хавфсизликни эътиборга олган ҳолда, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, заҳарли кимёвий ва радиоактив моддалардан экологик хавфсиз фойдаланишни таъминлаш;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг ошкоралик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш;

атроф-муҳитга минимал оғирлик туширадиган барқарор ривожланишни таъминловчи жамиятни шакллантириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.



II БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ ЁНДАШУВЛАРИ


Концепцияни амалга оширишда қуйидаги ёндашувлардан фойдаланилади:


норматив-ҳуқукий базани тизимлаштириш ва такомиллаштириш - халқаро нормаларни имплементация қилиш, экологик қонунчиликни кодлаштириш, экологик суғурталаш, аудит ва стратегик экологик баҳолаш тизимини жорий этиш, экологик сертификатлаштиришни мувофиқлик сертификати тизимига интеграция қилиш, атроф-муҳит ифлосланишини ҳисоблаб чиқишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;


иқтисодиётни экологиялаштириш - табиий ресурслардан уларнинг бузилишини истисно этадиган тарзда оқилона фойдаланиш, мажбурий экологик экспертиза ўтказиш, экотизимларнинг ўз потенциал сиғимини қайта тиклаш имкониятларини баҳолаш;


табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш - ташланмаларни ташлаш учун тўлов миқдорларини уларнинг ҳажмига ҳамда атроф-муҳит ва аҳоли соғлиги учун хавфлилигига боғлиқлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни бюджетдан молиялаштиришнинг мақбул даражаси;


атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида назоратни кучайтириш - атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органларининг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини аниқ чегаралаш, экологик йўналишдаги барча органларни ягона давлат органи доирасида оптимал даражада марказлаштириш ва қарорлар қабул қилиш учун унга зарур, асослантирилган ваколатлар бериш, назорат органларини моддий-техник жиҳозлашнинг мақбул даражаси;


комплекс экологик мониторингни олиб бориш - атроф табиий муҳитнинг ягона давлат экологик мониторинги тизимини такомиллаштириш, ахборот ресурслари фондини шакллантириш;


инновацион технологик жараёнлар ва методикаларни ишлаб чиқиш - экологик тоза технологиялар, ишлаб чиқаришлар, хомашё, материалларнинг турлари, маҳсулотлар ва ускуналарнинг илмий ишланмаларига, экотизимларнинг заифлигини ва табиий муҳит ифлосланиш даражасининг аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳит объектларига таъсирини тадқиқ этишга инвестициялар киритиш;


экологик маданият ва таълимни шакллантириш - фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда, аҳолининг узлуксиз экологик таълими комплекс тизимини ташкил этиш, атроф-муҳит масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда аҳолининг иштирок этиши;


халқаро ҳамкорликни кучайтириш - атроф-муҳитнинг хавфсиз даражасини сақлаб қолиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ишида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларида иштирок этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ва табиатдан оқилона фойдаланишга қўшимча ташқи инвестицияларни жалб этиш.



III БОБ. АТРОФ-МУҲИТ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲОЗИРГИ ҲОЛАТИ


Республиканинг ер фонди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, аҳоли пунктлари ерлари, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган ерлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация учун мўлжалланган ерлар, тарихий-маданий аҳамиятга эга ерлар, ўрмон ва сув фонди ерлари, шунингдек, захира ерларидан иборат.

1990 йилдан буён, 692,6 минг гектар ер турли сабабларга кўра фойдаланишдан чиқарилди. Айрим ингредиентлар бўйича фон кўрсаткичларига нисбатан тупроқнинг ифлосланиши Сирдарё, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.

Ўзбекистоннинг сув ресурслари қайта тикланадиган ер усти ва ер ости сувлари, шунингдек, антропоген фойдаланишдан қайтадиган сувлар (дренаж ва оқова сувлар)дан иборат. Ўртача кўп йиллик жами оқар сув ҳажми 114,4 км-3ни ташкил этадиган Амударё ва Сирдарё трансчегаравий дарёлар Ўзбекистонда ер усти сув оқимини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳудудида 17 777 та табиий оқар сув манбалари (Амударё ҳавзасида - 9 930 та, Сирдарё ҳавзасида - 4 926 та) ва 500 дан ортиқ кўл бўлиб, Айдар-Арнасой кўллар тизими уларнинг энг каттаси ҳисобланади, шунингдек, прогноз қилинган ҳажми суткасига 75,5 млн м-3ни ташкил этадиган чучук сув ва бироз шўрланган ер ости сувлари конларида 26 мингдан зиёд қудуқлар мавжуд.

Статистик ахборотга кўра, 2018 йилда республика бўйича атмосфера ҳавосига чиқарилган жами ифлослантирувчи моддалар миқдори 2,492 млн тоннани ташкил этди, шунинг қарийб 63 фоизи кўчма манбалар ҳиссасига тўғри келади.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги бўйича "Ўзгидромет" тармоғи орқали олинадиган сўнгги йиллардаги маълумотларининг таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон шаҳарларининг аксариятида атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган нормативлардан паст даражададир.

Ўзбекистонда 1 800 дан кўпроқ конлар ва қарийб 1000 та фойдали қазилмаларнинг истиқболли жойлари, минерал хомашёнинг 118 тури мавжуд бўлиб, шуларнинг 65 таси ўзлаштирилмоқда.

Республикада 400 дан кўпроқ руда конлари, шахталар, карьерлар, нефть конлари ва бошқа корхоналар, 450 га яқин сув олиш иншоотлари, бальнеологик шифохоналар, шифобахш ва шифобахш-ошхона сувларини идишларга қуйиш цехлари ва заводлари ишлаб турибди.

Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ёввойи ҳайвонлар яшайдиган ва ўсимликлар ўсадиган хилма-хил жойлардан иборатдир.

Ҳайвонот дунёси салкам 15,7 минг турдан иборатдир (184 тури Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган). Ўсимлик дунёси 11 минг турни ташкил этади (ўсимликларнинг 324 тури ва қўзиқориннинг 3 тури Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган).

Cтатистика маълумотларига кўра 2017 йилда республикада 114,7 млн тонна ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари, шу жумладан қайта ишлаш мумкин бўлмаган заҳарли чиқиндилар - 41,6 млн тонна (36,2 %) ва қайта ишлаш мумкин бўлган заҳарли чиқиндилар - 42,8 млн тонна (37,3 %) ҳосил бўлган.

Мамлакатда чиқиндилар кўмиладиган ва утилизация қилинадиган 296 та жой, шу жумладан қаттиқ маиший чиқиндилар учун (221), саноат чиқиндилари (16), қурилиш чиқиндилари (4), шлам жамланадиган (21), чиқинди омборлари (15), махсус полигонлар (19), шунингдек, хавфли чиқиндилар утилизация қилинадиган 23 та жой мавжуд.



IV БОБ. АТРОФ-МУҲИТНИНГ СИФАТЛИ ҲОЛАТИ

БИЛАН БОҒЛИҚ МАВЖУД МУАММОЛАР


Мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳақиқий хавф солаётган атроф-муҳитнинг асосий муаммолари глобал, минтақавий ва миллий характерга эгадир.


1. Глобал муаммолар


Ўзбекистон Республикаси озон қатламининг емирилиши, иқлим ўзгариши, ерларнинг чўлланиши ва деградациясининг олдини олиш каби бугунги экологик таҳдидларни юмшатиш ва сусайтириш бўйича бутунжаҳон ҳаракатининг бир қисми ҳисобланади.


1.1. Озон қатламининг емирилиши

Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 18 майда Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига қўшилди.

2030 йилда гидрохлорфторуглеродлар ишлатишни батамом тўхтатиш Ўзбекистон учун Монреал протоколининг халқаро мажбуриятларини бажаришга риоя этишнинг стратегик йўналиши ҳисобланади.


1.2. Иқлим ўзгариши

Ўзбекистон 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг (Нью-Йорк, 1992 йил май) аъзоси ҳисобланади, ушбу Конвенцияга Киото протоколи 1998 йилда имзоланган ва 1999 йилда ратификация қилинган, Париж битими эса 2017 йилда имзоланган ва 2018 йилда ратификация қилинган.

Иқлим глобал исишининг тўхтовсиз давом этаётганлиги инсон саломатлиги ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун катта хавф туғдирмоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгаришига нисбатан ҳимояга муҳтож мамлакатлар тоифасига киради.

Ресурсларни тежайдиган қўшимча чора-тадбирларнинг кўрилмаган тақдирда мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида беқарорликка олиб келувчи ва озиқ-овқат ҳамда экологик хавфсизликка таҳдид солувчи сув ресурслари тақчиллигига, қурғоқчиликлар ҳамда хатарли ҳодисалар кўпайишига дуч келиши мумкин.


1.3. Ерларнинг чўлланиши ва деградацияси

Ҳудудининг 80 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси учун чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари барқарор ривожланишни таъминлашда устувор ўрин эгаллайди.

Ҳозирги вақтда қарийб 10 млн гектар яйловлар тубдан яхшиланишга муҳтож. Молларни бир яйловда қайта-қайта ўтлатиш, дарахтларни ёқилғи ва бошқа мақсадлар учун кесиш чўл зонасида дарахт-бута ўсимлигининг анча камайиб кетишига олиб келди.

Республикада кўчадиган қумлар қарийб 1 млн гектар майдонни эгаллайди ва ушбу ерларнинг икки юз минг гектари сўнгги вақтда суғориладиган майдонлар атрофида пайдо бўлган. Бу эса чўллашиш жараёнининг жадаллашувида намоён бўлувчи жиддий таҳдидни вужудга келтирмоқда. Ерлар деградацияси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жалб қилинган суғориладиган ҳудудларда ҳам рўй бермоқда.

Алмашлаб экишнинг йўқлиги, ерларнинг оптимал шудгорланмаслиги, қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш талабларига риоя этилмаслиги, ўғитлардан назоратсиз фойдаланиш, шунингдек, агроэкология стандартларини жорий этиш даражасининг пастлиги тупроқ-экология шароитлари бузилишига ва деградацияга учраган ер майдонлари кўпайишига олиб келмоқда.


2. Минтақавий ва миллий муаммолар


Минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг ресурсларни кўп ҳажмда истеъмол қилиш ва хомашёга йўналтирилганлиги, самарасиз бошқарув тизими ва табиатдан жадал фойдаланиш Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида бир қанча умумий экологик муаммолар шаклланишига сабаб бўлди.

Минтақа табиий ресурсларидан, шу жумладан сув-ер, ёқилғи-энергетика, биологик захираларидан кейинги ривожланиш истиқболини инобатга олмасдан фойдаланиш алоҳида эътиборга сазовордир.


2.1. Сув ресурсларининг камайиши ва ифлосланиши

Марказий Осиёдаги бешта республика ўртасида сув тақсимлаш схемаларига мувофиқ Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича Ўзбекистоннинг лимити 100 фоизли лимитда йилига 63,02 км-3ни ташкил этади.

Сув олиш лимитидан фойдаланиш таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ўрта ҳисобда 85 фоиз, 2008, 2011, 2018 йиллардаги каби сув камчил йилларда эса 70-75 фоизга яқин сув олади.

Қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфи юқорилигича қолмоқда.

Оролбўйидаги вазият Марказий Осиё минтақасининг энг кескин экологик муаммоларидан бири ҳисобланади.

Айни вақтда Ўзбекистонда мавсумий қурғоқчилик кучайиши тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса Орол денгизининг қуриш жараёни минтақадаги иқлим шароитига салбий таъсир кўрсатаётганидан далолат беради. Орол фалокати ёз фаслида қурғоқчилик ва жазирама иссиқни кучайтириб ҳамда совуқ ва қаҳратон қиш фаслини узайтириб, иқлимнинг континенталлигини чуқурлаштирди.

Бугунги кунда Орол сув ҳавзасининг қолдиқ сув баланси Амударё ва Сирдарё сувларининг оқиб келиши чекланганлиги, айрим йилларда эса йўқлиги оқибатида номутаносиб ҳолатга келиб қолган бўлиб, натижада денгиз сатҳи пасайиши, унинг юза қисми майдони қисқариши ва унда эриган элементлар концентрацияси ошиб бориши давом этмоқда.

Оролнинг қуриб қолган тубидан кучли шамоллар заҳарли моддалар билан тўйинган тузлар ва чанг-тўзонни ҳавога кўтариши аҳоли соғлигига жиддий хавф солмоқда, сурункали қон касалликларини, нафас олиш йўллари, буйрак, ошқозон-ичак тракти, юрак-томир тизими, шунингдек, ўт пуфакда тош пайдо бўлиши, онкология ва бошқа касалликларни келтириб чиқармоқда.

"Ўзгидромет" маълумотларига кўра, республиканинг сув оқими асосан II ва III тоифаларга мансуб тоза ва ўртача ифлосланган сувлар тоифасига киради.

Ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектларига ташланиши ортиб бораётганлиги очиқ сув оқимларининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда ва бунинг оқибатида сув флора ва фаунасига ўнглаб бўлмас зарар етказилмоқда, шунингдек, аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатмоқда.


2.2. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши

Мамлакатда металлургия, энергетика корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ ва кончилик саноати корхоналари ҳамда автотранспорт атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалардир.

Атмосфера ҳавосининг жорий ифлосланиш даражаси, шунингдек, келажакда чиқиндилар чиқариш ҳажмларининг янада кўпайиши электр ва иссиқлик энергияси манбаларини диверсификациялаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этади.

Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажми ошиб боришига транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.


2.3. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини сақлаш ва қайта тиклаш

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги экотизимлар ҳолатига бевосита боғлиқдир. Ўзининг географик ва иқлим хусусиятларига кўра, айниқса, арид ва тоғ экотизимларининг нозиклиги ва сув ресурсларининг чекланганлиги сабабли Ўзбекистон салбий экологик, шу жумладан трансчегаравий омилларнинг таъсирига дучор бўлмоқда.

Суғорма деҳқончиликни экстенсив ривожлантириш йўли, шўр босиш, ботқоқланиш, тупроқ эрозияси, сувларнинг ифлосланиши, дарёлар оқимини тез-тез ўзгартириш, молларни бир яйловда қайта-қайта ўтлатиш, дарахтзорлар ва тўқай ўсимликларини кесиш ҳамда бошқа омиллар ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг бир қанча турлари ўсадиган ва яшайдиган жойлар йўқолишига ҳамда уларнинг сони ва ареаллари камайишига олиб келди.

Айни вақтда ҳайвонот дунёсининг 91 тури Халқаро Қизил китобга, ўсимлик дунёсининг 324 тури ва ҳайвонот дунёсининг 184 тури Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган.

Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияда Конвенция томонларига қуруқликдаги қўриқланадиган табиат ҳудудлари улушини мамлакат жами ҳудудининг 17 фоизигача етказиш тавсия этилган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бу кўрсаткич қарийб 5 фоизни ташкил этади.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ўрмон фонди 11 572,6 минг гектарни ёки мамлакат ҳудудининг 25,7 фоизини, шу жумладан ўрмон билан қопланган 3 201,6 минг гектарни ташкил этади.

Ўрмонлар асосан экологик (тупроқни муҳофаза қилиш, сувни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ва бошқа табиат ресурсларини сақлаш ва муҳофаза қилиш, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреацион) вазифалар ва ижтимоий-иқтисодий функцияларни бажаради.

Аҳоли кўпроқ зич яшайдиган ва йирик саноат объектлари яқинидаги ҳудудларда ўсадиган дарахт ва буталарга энг кўп антропоген оғирлик тушмоқда.


2.4. Чиқиндиларни бошқариш

Антропоген фаолият республикада миллиардлаб тонна саноат чиқиндилари, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланиб қолишига олиб келди, улар кўпинча талабга жавоб бермайдиган полигонларда, отваллар ва шлам сақланадиган омборларда жойлаштирилган.

Кончилик, нефть-газ қазиб чиқариш, кўмир ва кимё саноати корхоналарида саноат чиқиндилари айниқса тез тўпланмоқда.

Саноат чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки такроран фойдаланиш технологияларининг мавжуд эмаслиги бундай чиқиндилар тўпланишига имконият яратмоқда.

Бундан ташқари, тақиқланган ва яроқсиз ҳолга келган кимёвий моддаларнинг (пестицидлар ва гербицидлар) қолдиқ захираларининг мавжудлиги ҳам жиддий муаммо ҳисобланади.

Республикадаги мавжуд қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлари санитария ва экология нормаларига жавоб бермайди. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг катта қисми бетартиб ва рухсатсиз жойларда тўпланмоқда ёки махсус воситаларни қўлламасдан ёқиб юборилмоқда.


3. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг институционал муаммолари


3.1. Иқтисодиётни экологиялаштириш

Республикада барқарор ривожлантириш масалалари бўйича давлат сиёсатини шакллантириш, шунингдек, иқтисодиёт секторларини ривожлантириш концепцияларини ишлаб чиқишда экологияга оид ҳолатлар етарли даражада инобатга олинмаяпти.

Экологик стандартларнинг йўқлиги ёки эскирган стандартлардан фойдаланиш дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқишда мавжуд экологик муаммоларни объектив баҳолаш имконини бермайди.


3.2. Табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмлари

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни иқтисодий тартибга солиш республикада самарали экология сиёсатини олиб боришнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.

Айни вақтда атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўловлар республикада қўлланилаётган асосий иқтисодий восита ҳисобланади. Бироқ, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун амалдаги компенсация тўловлари тизими рағбатлантирувчи функцияга эга эмас, чунки уларнинг миқдори хўжалик юритувчи субъектларни ифлослантирувчи моддаларни оқизиб юбориш/чиқариб ташлаш ҳажмларини пасайтиришга ва экологик тоза технологияларни жорий этишга рағбатлантирмайди.


3.3. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назорати

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги назорат табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлашнинг асосий воситаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, республикада, шу жумладан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларда назорат тадбирлари ўтказилишини чеклаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Бироқ, улар томонидан олиб борилаётган назорат тадбирлари хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятига дахл қилмаслигини ҳисобга олганда, давлат органининг назорат функцияларини бундай чеклаб қўйиш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сифатига салбий таъсир қилиши мумкин.


3.4. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишни илмий жиҳатдан таъминлаш

Инсон саломатлиги учун қулай шароитлар яратиш, экологик мувозанатни сақлаш, табиатдан талон-тарож қилмасдан оқилона фойдаланиш инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида замонавий экологик нейтрал технологиялар қўллашни талаб этади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар давлат буюртмаси бўйича илмий муассасалар томонидан бюджет дастурлари ва грантлари, шу жумладан халқаро грантлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.

Бироқ, ҳозирги вақтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий фаолият деярли олиб борилмаяпти.


3.5. Экологик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки

Фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг кенг иштирокисиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларини ҳал этиб бўлмайди. Бунда аҳолининг экологик билим даражаси алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ҳозирда экологик жиҳатдан потенциал хавфли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жамоатчилик эшитишларини ўтказиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар таркибига фуқаролик жамияти институтларини киритиш амалиёти мавжуд эмас.

Бундан ташқари, аҳолига экологик таълим бериш тизими мавжуд эмас.



V БОБ. ЭКОЛОГИК МУАММОЛАРНИ

ҲАЛ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ


Атроф табиий муҳит ҳолатининг сифатини яхшилаш мақсадида 2030 йилга қадар қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

глобал экологик муаммоларни ҳал этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва республиканинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши соҳасида:

Озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Монреал протоколи талабларини бажариш юзасидан янги таҳрирдаги Миллий дастурни ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш;

Париж битимини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар миллий режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

манфаатдор давлатлар билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг Монреал протоколига Кигайли тузатишига, Орхус конвенцияси, Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги конвенция ва унинг асосий протоколларига, Саноат аварияларининг трансчегаравий таъсири тўғрисидаги конвенция, Симоб тўғрисидаги Минамат конвенцияси, Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисидаги Роттердам конвенцияси, Атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция ва Стратегик экологик баҳолаш ҳақидаги протокол, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича конвенцияга Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протокол ҳамда бошқа халқаро битимларга қўшилиши мақсадга мувофиқлигини ўрганиш;

халқаро молия ташкилотлари, донор мамлакатлар билан узоқ муддатли самарали стратегик ҳамкорликни таъминлаш, инвестиция лойиҳалари ва халқаро техник ёрдам лойиҳаларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

чегарадош давлатлар билан қуйидаги соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва такомиллаштиришни таъминлаш:

кимёвий, биологик, радиологик материаллар таъсири хавфини камайтириш;

трансчегаравий экологик муаммолар реестрини ва уларни мониторинг қилиш тизимларини шакллантириш, трансчегаравий объектларнинг атроф-муҳитга таъсирини биргаликда баҳолаш, барвақт огоҳлантириш кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;

трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш;

атроф-муҳит сифатининг ягона нормативлари, стандартларини биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни минтақа мамлакатлари учун ягона методика бўйича тайёрлаш;

трансчегаравий дарёлар ҳавзаларини бошқариш ва Марказий Осиё трансчегаравий юза сув оқимлари мониторингининг ягона комплекс тизимини яратиш;

ерларнинг чўлланиш ва деградация даражасини камайтириш, ер майдонларининг сифати ва унумдорлигини қайта тиклаш соҳасида:

ер ресурсларини комплекс режалаштириш ва бошқаришни жорий этиш салоҳиятини яратиш;

ўрмон ресурслари, яйловлар ва чорвачиликни, шунингдек, сув ва ер ресурсларини барқарор бошқаришни таъминлаш;

Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги қуриган тубида дов-дарахтлар экилган майдонларни кўпайтириш;

далаларни иҳоталовчи ва қирғоқларни мустаҳкамловчи дарахтзор полосаларни яратиш, тоғ ёнбағирларида супа олиш, ўрмон ва мевали дарахтларни экиш орқали ўрмон-мелиорация тадбирлари комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

агротехник экинларни парвариш қилишда алмашлаб экиш кенг жорий этилишини таъминлаш;

бузилган ерларни қайта тиклаш ва рекультивация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида коллектор-дренаж тармоғини реконструкция қилиш ва тиклашни таъминлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш учун янги сув омборларини қуриш;

минерал ўғитларни босқичма-босқич органик ўғитлар билан алмаштиришни таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларини кенг жорий этиш;

органик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

илғор халқаро амалиётга ва ЖСТ талабларига мос келадиган агроэкологик стандартларни кенг татбиқ қилиш;

сув ресурсларини қуриб битиш ва ифлосланишдан муҳофаза қилиш соҳасида:

қишлоқ хўжалиги ва коммунал соҳада сув ресурслари йўқотишларни камайтириш;

қишлоқ хўжалигида сув истеъмоли салмоғини камайтириш;

саноат корхоналарининг тозалаш иншоотлари билан жиҳозланишини рағбатлантириш, шунингдек, саноатда сув таъминотининг айланма цикли кенг жорий этилишини таъминлаш;

аҳолини марказлаштирилган канализация тизими билан қамраб олиш кўламини ошириш;

атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида:

ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариш камайтирилишини таъминлаш;

электр энергия ишлаб чиқарадиган қувватларнинг умумий таркибида қайта тикланадиган муқобил манбалар улушини кўпайтириш;

биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги чора-тадбирларни, паст углеродли технологиялардан (иссиқлик насослари, қайта тикланадиган энергия манбалари) ва хусусий хўжаликларда янада тоза ёқилғи турларидан фойдаланишни рағбатлантириш;

темир йўл тармоғини янада ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юкларни автотранспортда ташишдан темир йўллар орқали ташишга ўтишда кўмаклашиш;

транспортни газ баллон ёқилғисига, электр қувватига ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, тегишли йўл инфратузилмасини ташкил этиш;

ғилдиракли транспорт воситаларининг ҳамда мотор ёқилғисининг "Евро-6" экологик тоифадаги стандартларини қабул қилиш;

электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган ифлослантирувчи моддаларни чиқаришнинг солиштирма нормаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таъминлаш;

ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг, шу жумладан иқтисодиёт секторлари бўйича кадастрларини яратиш;

экологик жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, қаттиқ печ ёқилғиси учун давлат стандартларини қайта кўриб чиқиш;

иссиқлик бериш имкониятини ошириш ва кул чиқаришини камайтириш мақсадида республикада қазиб олинаётган тошкўмирнинг бойитилишини таъминлаш;

транспорт ва пиёдалар оқими кесишадиган жойларни камайтириш, магистралларнинг юклама даражасини пасайтириш, транспорт оқими таркибини, ҳаракат тезлиги режимини, тартибга солиш циклини оптималлаштириш, йўловчи транспорти ҳаракати учун алоҳида полосалар ташкил этиш, алоҳида велосипед йўлакларини барпо этиш ҳисобига йўл ҳаракатининг оқилона ташкил қилинишини таъминлаш;

янгидан фойдаланишга топширилаётган ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар қўлланилишини таъминлаш;

амалдаги ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар қўлланилишини таъминлаш;

биологик ресурсларни сақлаш ва кўпайтириш, шунингдек, ўрмон фонди сифати ва ҳажмларини ошириш соҳасида:

барча типдаги экотизимларни бир хилда қамраб олиш ва барча қўриқланадиган табиий ҳудудлар тармоғининг экологик боғланишини таъминлаш орқали I-V тоифалардаги қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонларини кўпайтириш;

ноёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ўсимликлар турларини генетик банкларда сақлаш технологиясини жорий қилиш;

биологик хавфсизликни кучайтиришга қаратилган ягона чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хусусан, табиий турларга ва қишлоқ хўжалиги экинларига зиён етказиши мумкин бўлган бегона ёт турларни олиб кириш ва тарқатишни назорат қилиш;

ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари, қўриқланадиган табиат ҳудудларининг давлат кадастрлари маълумотлари ягона ахборот базаси яратилишини ҳамда уларни муҳофаза қилиш ва оқилона фойдаланиш мақсадида замонавий ахборот технологиялари асосида мониторинг қилинишини таъминлаш;

шифобахш, озуқабоп ва техник ўсимликларнинг ёввойи ҳолда ўсувчи турлари табиий заҳираларини хатловдан ўтказиш;

питомникларда етиштирилган биологик хилма-хиллик объектларидан фойдаланиш ва уларни табиий муҳитдан олиш ҳажмларини камайтиришни рағбатлантирувчи солиқ ва бож йиғимлари тизимини яратиш;

йўқ бўлиб кетиш арафасида турган ҳайвонот дунёси объектларини кўпайтириш бўйича мавжуд питомникларни кенгайтириш ва янгиларини ташкил этиш;

Қизил китобга киритилган, питомникларда етиштирилган чиройли тувалоқларни табиатга қўйиб юборишни кўпайтириш;

Бухоро ихтисослаштирилган "Жайрон" питомнигида жайронлар сонини кўпайтириш, янги ташкил этиладиган қўриқланадиган табиий ҳудудларда жайронларнинг янги популяцияларини ташкил қилиш;

биологик хилма-хиллик ва экотизим хизматларининг иқтисодий қийматини баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш;

республиканинг вилоят марказлари ва йирик шаҳарлари атрофида "яшил белбоғлар" яратиш;

ўрмон билан қопланган ўрмон фонди ҳудудини кўпайтириш;

республика ўрмонлари атласини яратиш мақсадида ўрмон фондини хатловдан ўтказиш;

асосан биологик ва экологик хавфсиз усуллардан фойдаланган ҳолда, ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ўрмон фондининг сифат таркибини яхшилаш ва унинг ўрмон зараркунандалари ва касалликларига чидамлилигини ошириш мақсадида илмий ва селекция ишларини такомиллаштириш;

механизациялаштириш даражасини ошириш ҳамда ўрмон экинларини яратишнинг янги технологияларини жорий этиш ҳисобига, шу жумладан ген-модификациялаштирилган организмлардан фойдаланган ҳолда, дарахтзорларнинг сифатини ва турлари хилма-хиллигини ошириш;

саноат чиқиндиларининг ҳосил бўлиш ҳажмларини камайтириш ҳамда мавжуд ҳажмларини қисқартириш, шу жумладан хавфли чиқиндиларнинг аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш соҳасида:

чиқиндиларни саноат тармоқлари ва/ёки кимёвий-физик параметрлар асосида таснифлаш тизимини жорий этиш;

ишлаб чиқаришда чиқитсиз ва кам чиқитли технологиялар жорий этилишини, шу жумладан имтиёзли кредитлар тақдим этиш орқали иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришни таъминлаш;

кончилик ва қайта ишлаш корхоналарининг чиқиндиларини қайта ишлаш ва утилизация қилиш бўйича технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни рағбатлантириш;

Турғун органик ифлослантирувчи моддалар тўғрисидаги Стокгольм конвенцияси талабларини бажариш бўйича Ҳаракатлар миллий режасини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга оширишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов беришда ишлатилувчи яроқсиз ҳолга келиб қолган кимёвий воситаларни босқичма-босқич йўқ қилиш ёки экологик жиҳатдан хавфсиз йўқотишни таъминлаш;

саноат объектларида хавфли чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз сақланишини ташкил этишни таъминлаш;

ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган ва таркибида хавфли моддалар мавжуд бўлган товарлар (симобли лампа ва приборлар, батарейкалар, аккумулятор ва бошқалар)ни йиғиш, фойдаланиш ва/ёки зарарсизлантириш тизимини ташкил этиш;

тиббий чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш тизимини ташкил этиш;

заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш учун мўлжалланган махсус полигонларни консервациялаш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан "Чоркесар" ва "Янгиобод" объектларини тўлиқ рекультивация қилиш ва экологик қайта тиклаш;

иқтисодиётни экологиялаштириш соҳасида:

ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, "яшил инфратузилма"ни яратиш;

миллий иқтисодиётни сувдан тежаб фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия технологияларини ривожлантириш ва кенг қўллашни рағбатлантиришга йўналтириб ўзгартириш, шунингдек, юқори энергия самарадор стандартлар асосида иншоотлар барпо этиш;

экологик жиҳатларнинг давлат секторал сиёсатига, шу жумладан режалар, дастурлар ва бошқа стратегик ҳужжатларни стратегик экологик баҳолаш механизмини жорий этиш, шунингдек, алоҳида лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш орқали интеграциялашувини таъминлаш;

экотизимларнинг қайта тикланиш имкониятлари ва потенциал сиғимини баҳолаш параметрларини ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни режалаштиришда ушбу параметрларни ҳисобга олиш тартиб-таомилини жорий этиш;

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини экологик суғурталаш ва экологик аудитдан ўтказиш тизимини татбиқ этиш;

атроф-муҳитнинг сифатини белгиловчи устувор йўналишлар бўйича халқаро стандартларга (БМТ Европа иқтисодий комиссияси, ЕИ ва бошқалар) ўтишни таъминлаш;

давлат харидларини амалга оширишда экологик стандартларни қўллашни кенгайтириш;

табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини қўллаш соҳасида:

"ифлослантирувчи тўлайди" тамойилини тўлиқ амалга ошириш, ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик ва оқизганлик учун тўлов миқдорларининг улар ҳажмига ҳамда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун хатарлилигига боғлиқлигини таъминлаш;

Европа стандартлари асосида назорат қилинадиган ифлослантирувчи моддалар сонини оптималлаштирган ҳолда, уларни чиқариш ва оқизишни самарали назорат қилиш механизмини жорий этиш;

экологик нейтрал технологиялар, маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланиш ҳамда уларни олиб киришни рағбатлантирувчи солиқ ва божлар тизимини яратиш;

хўжалик фаолиятидан атроф-муҳитга етказиладиган зарарни ҳисоблашнинг самарали методикаларини ишлаб чиқиш ва уларни жорий этишни таъминлаш;

қайта тикланадиган энергия манбаларидан, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинган электр энергиясини тармоққа етказиб беришнинг махсус харид тарифи ("яшил тариф")ни жорий этиш орқали фойдаланишни рағбатлантирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

давлат экологик назорати функцияларини амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органларининг функция ҳамда вазифаларини аниқ чегаралаш, шунингдек, уларнинг ҳаракатлари мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

такрорланишларни бартараф этган ҳолда, экология соҳасидаги барча назорат функциялари ягона давлат органи доирасида оптимал равишда марказлаштирилишини таъминлаш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, шу жумладан назорат қилувчи тузилмаларни атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини замонавий мобил таҳлилий назорат воситалари билан жиҳозлаш бўйича бюджетдан мутаносиб равишда молиялаштирилишини таъминлаш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисликлар, ўқув режалари ва мутахассислар тайёрлаш дастурларини янгилашни таъминлаш, кадрларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан экологик хизматлар ташкил этишни амалиётга татбиқ этиш ва маълум бир давр оралиғида мажбурий тартибда уларнинг малакасини ошириб бориш;

давлат экологик экспертизаси ва экологик сертификатлаштиришни амалга ошириш соҳасида:

давлат экологик экспертизаси ўтказилишини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектларнинг экологик хавфлилик тоифасини аниқлаш тизимини халқаро стандартлар асосида танқидий қайта кўриб чиқиш;

"энг яхши мақбул технологиялардан фойдаланиш" принципига ўтиш;

экспертиза объектларининг таъсирини моделлаштиришнинг замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш натижаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

экологик нормативларни индивидуал белгилаш усулидан тармоқ усулига ўтишни таъминлаш;

ифлослантирувчи моддаларни чиқариш ва оқизиш квоталари, шунингдек, экология-хўжалик туманларининг чиқиндиларини жойлаштиришнинг аниқ мезонларини белгилаш;

экспертизадан кейинги назоратнинг самарали механизмини яратиш;

экологик менежмент тизимини яратишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, МДҲ, ЕИ давлатлари ҳамда бошқа мамлакатлар билан экологик сертификатлаштириш бўйича ишларни ўзаро тан олиш механизмини татбиқ этиш;

экологик сертификатлар ва синов протоколлари хорижда эътироф этилиши учун экологик сертификатлаштириш органи ва синов лабораториясининг халқаро даражада аккредитация қилинишини таъминлаш;

амалдаги стандартларнинг халқаро ИСО (Халқаро стандартлаштириш ташкилоти) ва ХЭК (Халқаро электротехника комиссияси) стандартлари билан уйғунлашувини таъминлаш;

экологик сертификатлаштириш, шу жумладан ғилдиракли транспорт воситаларини сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш;

автомобилларнинг экологик тоифаларини белгилаш лабораториясини ташкил этиш ва унинг аккредитациядан ўтказилишини таъминлаш;

атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими соҳасида:

алоқадор вазирликлар ва идоралар лабораторияларининг моддий-техника ва методик таъминотини тубдан яхшилаш;

республика ичкарисида атмосфера ҳавоси ифлосланишини автоматик тарзда ўлчайдиган постлар тизимини яратиш;

атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектларни атмосфера ҳавосига асосий (ташкиллаштирилган) турғун манбалардан ташланмаларни ва сув объектларини ифлослантириш манбаларидан ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик тизимлар билан жиҳозлаш;

алоқадор вазирликлар ва идоралар, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар мониторинги натижалари маълумотларини йиғишнинг замонавий ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

атроф-муҳитнинг ҳолати ва юз бериши мумкин бўлган экологик таҳдидлар тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида республиканинг электрон экологик харитасини яратиш;

аэродинамик диаметри 10 микрондан ошмайдиган (PM10), шу жумладан аэродинамик диаметри 2,5 микрондан ошмайдиган (PM2,5) ўлчанган қаттиқ заррачалар билан атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини мониторинг билан қамраб олинишини таъминлаш;

атроф-муҳит объектлари ҳолатини баҳолаш кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш самарадорлиги мезонларини ишлаб чиқиш;

давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва аҳолини атроф-муҳит ҳолати тўғрисида ишончли ахборот билан таъминлаш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни илмий жиҳатдан таъминлаш соҳасида:

илмий-техник ахборот билан алмашиш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

илмий ғояларни табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ускуналарнинг аниқ саноат намуналарига айлантирилишини таъминловчи механизмни яратиш ҳамда уларни технологик жараёнга татбиқ этиш;

экологик тоза ва ресурс тежайдиган технологиялар, ишлаб чиқаришлар, хомашё, материаллари, маҳсулот ва ускуналарнинг турлари ишлаб чиқилишини таъминлаш;

юз бериши мумкин бўлган глобал ва минтақавий иқлим ўзгаришларига нисбатан табиат тизимлари ва хўжалик фаолияти секторларининг заифлиги тадқиқ этилишини таъминлаш, экологик хавф-хатарларни аниқлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

тирик организмларнинг ёт ва генетик ўзгартирилган турлари тарқалишини таҳлил этишни таъминлаш ва мазкур жараёнларни назорат қилиш, уларнинг салбий оқибатлари даражасини пасайтириш бўйича тегишли усулларни ишлаб чиқиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тўпланган билимларни тизимлаштириш ва бу борадаги илмий тадқиқотлар мувофиқлаштирилишини ташкил этиш;

сув истеъмоли бўйича янги меъёрлар, сув таъминоти ва ичимлик сув манбалари сифати нормативларининг илмий-методик асослантирилишини таъминлаш;

ҳудудларни экологик районлаштириш методологиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, саломатлик учун энг хавфли ҳудудларни аниқлаш учун сув ҳавзалари ва ичимлик сувининг ифлосланиш даражасини баҳолаш мезонларини қайта кўриб чиқиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида фуқаролик жамияти институтларининг иштироки, шунингдек, экологик таълимнинг узлуксиз тизимини яратиш соҳасида:

атроф-муҳитнинг ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маърузаларни мунтазам тайёрлаш ва чоп этиш;

экологик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг албатта иштирок этишини таъминлашнинг самарали механизмни яратиш;

давлат экологик экспертизаси ўтказилгунга қадар атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб (юқори ва ўртача хавф-хатар) фаолият турларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитишларини ва жамоат экологик экспертизасини ўтказиш механизмини яратиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамоат инспекторлари институтининг такомиллаштирилишини таъминлаш;

барча даражалардаги таълим ўқув дастурларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш масалаларини киритиш орқали узлуксиз экологик таълим тизимини такомиллаштириш;

таълим тизимининг барча даражалари учун экология соҳасида мутахассислар тайёрлашни, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлаш.



VI БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепциянинг амалга оширилиши натижасида 2030 йилда;

Орол денгизининг қуриган тубининг Ўзбекистондаги қисмида ўрмонзорлар майдонини унинг жами ҳудудига нисбатан 60 фоизгача етказиш;

қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини йўқотишни 10 фоизга камайтириш;

қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини (солиштирма гектарга нисбатан) 15 фоизга камайтириш;

оқава сувларини тозалаш самарадорлигини 80 фоизгача ошириш;

атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини 10 фоизга камайтириш;

транспорт воситаларининг 80 фоизини газ-баллон ёқилғиси ва электр энергиясида ишлашга ўтказиш;

ўрмонзорлар билан қопланган ўрмон фонди ҳудудини 4,5 млн гектаргача кенгайтириш;

IV тоифадаги қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонини 12 фоизгача кенгайтириш;

Қизил китобга киритилган ва питомникларда парвариш қилинган чиройли тувалоқларни табиатга қўйиб юборишни йилига 4000 гача кўпайтириш;

аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш;

ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 65 фоизгача кўпайтириш;

алоҳида хусусиятга эга чиқиндилар (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатиб бўлинган мойлар, қадоқлар чиқиндилари ва бошқалар)ни қайта ишлаш ҳажмини 30 фоизгача кўпайтириш кутилмоқда.



VII БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


Концепция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган уч йиллик "йўл хариталари"ни қабул қилиш орқали амалга оширилади. Улар асосида тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан тасдиқланадиган идоравий дастурлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тасдиқланадиган ҳудудий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.






Концепцияга

ИЛОВА



2030 йилгача бўлган даврда

Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш концепцияси доирасидаги

МАҚСАДЛИ ВАЗИФАЛАР

Т/р

Кўрсаткичлар

Масъул ижрочилар

I. ОРОЛ ФОЖИАСИ ОҚИБАТЛАРИНИ ЮМШАТИШ

1.

Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги қуриган тубида ўрмонзор майдонларини кенгайтириш.

Ўрмон хўжалиги агентлиги, ФВВ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, мутасадди вазирликлар ва идоралар

2.

Нукус, Урганч, Хива шаҳарлари атрофида маҳаллий турдаги дарахт-буталардан иборат "яшил белбоғ"лар барпо этиш.

Ўрмон хўжалиги агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги

II. ЕР РЕСУРСЛАРИ ВА ЕР ОСТИ БОЙЛИКЛАРИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

3.

Тупроқ унумдорлигини ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини сақлаш ва ошириш учун қисқа-ротация ва пахта-беда алмашлаб экишни кенг жорий этишни таъминлаш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

4.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда органик қишлоқ хўжалиги усулларини жорий этиш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

5.

Бузилган ерларни қайта тиклаш ва рекультивация қилишни таъминлаш.

Хўжалик юритувчи субъектлар, Экология вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

6.

Коллектор-дренаж тармоғининг реконструкция қилиниши ва қайта тикланишини таъминлаш.

Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

III. СУВ РЕСУРСЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

7.

Сув ресурслари йўқотишларини қисқартириш.


Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

8.

Қишлоқ хўжалигида солиштирма гектарга нисбатан сув истеъмолини қисқартириш.

Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

9.

Томчилатиб суғориш ва сувни тежовчи бошқа технологияларга ўтказилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини кенгайтириш.

Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

10.

Оқава сувларни тозалаш самарадорлигини ошириш.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, хўжалик юритувчи субъектлар

11.

Саноатда сув таъминотининг айланма цикли амалиётини кенгайтириш.

Хўжалик юритувчи субъектлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

12.

Республика аҳолисини марказлаштирилган канализация тизими билан қамраб олиш қамровини ошириш.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

IV. АТМОСФЕРА ҲАВОСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

13.

Атмосфера ҳавосига чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш.

Хўжалик юритувчи субъектлар

14.

Жамоат транспортини газ-баллон ёқилғиси ва электр энергиясида ишлашга ўтказиш.

Транспорт вазирлиги, ИИВ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

15.

Амалдаги ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни қўллаш.

Хўжалик юритувчи субъектлар, Экология вазирлиги

16.

Электр энергияси ишлаб чиқарадиган қувватларнинг умумий таркибида қайта тикланадиган муқобил манбалар (қуёш ва шамол энергияси) улушини кўпайтириш.

Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

V. БИОЛОГИК РЕСУРСЛАРНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ

17.

I-V тоифадаги қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш.

Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

18.

Табиий муҳитдан қизилмия, коврак, ковул ва бошқа турдаги доривор, озуқабоп ва техник ўсимликларни олишни қисқартириш.

Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

19.

Қизил китобга киритилган, питомникларда етиштирилган чиройли тувалоқларни табиатга қўйиб юборишни кўпайтириш.

Экология вазирлиги

20.

Янги ташкил этиладиган қўриқланадиган табиий ҳудудларда жайронларнинг янги популяцияларини ташкил этиш.

Экология вазирлиги

21.

Ўрмонлар билан қопланган ўрмон фонди ҳудудини кўпайтириш.

Ўрмон хўжалиги агентлиги

VI. ЧИҚИНДИЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТИЗИМНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

22.

Аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати билан қамраб олиш.

Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

23.

Ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш.

Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик юритувчи субъектлар

24.

Тиббий чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиш тизимини ташкил этиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 31 октябрь













































Время: 0.2042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск