ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ҳисоб-китоблар / Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар /

Ўзбекистон Республикасининг 01.11.2019 й. ЎРҚ-578-сон "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 19.09.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 11.10.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.11.2019 й.

N ЎРҚ-578



ТЎЛОВЛАР ВА ТЎЛОВ ТИЗИМЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 19 сентябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг амал қилиши тўлов хизматларини етказиб берувчи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш ҳамда тўлов хизматлари кўрсатиш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши крипто-активларга доир операцияларга нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик

Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бенефициар - пул маблағларини олувчи шахс;


валюталаш санаси - ташаббускор томонидан тўлов ҳужжатида кўрсатилган, бенефициарнинг банк ҳисобварағига пул маблағлари ўтказилиши керак бўлган сана;


идентификация воситаси - фармойишни жўнатувчининг электрон рақамли имзоси ёки ҳарфлар, рақамлар ёки рамзлар уйғунлигидан иборат ноёб идентификатор ёхуд тўлов хизматларини етказиб берувчи томонидан тўлов хизматларидан фойдаланувчини идентификациялаш учун белгиланган ҳамда у билан келишилган бошқа идентификатор (шахсий пароль, бир марталик идентификация коди, биометрик идентификациялаш воситаси);


клиринг - тўлов тизими иштирокчиларининг пулга доир ўзаро талаблари ва мажбуриятларини йиғиш, таққослаш ҳамда ҳисобга ўтказиш жараёни;


масофавий хизмат кўрсатиш тизими - электрон хизматлардан фойдаланиш учун тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва ушбу хизматларни етказиб берувчи ўртасидаги алоқани таъминлайдиган телекоммуникация воситалари, рақамли ва ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва ускуналар мажмуи;


операция куни - фармойишларни қабул қилиш ва уларга ишлов бериш амалга ошириладиган вақтнинг даври;


ташаббускор - тўловни амалга ошириш учун фармойиш берган шахс;


тўлов - пул мажбуриятини нақд пул маблағлари билан бажариш ёхуд пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;


тўлов агенти - банк ёки тўлов ташкилоти билан тўлов хизматлари кўрсатиш учун агентлик шартномасини тузган, банк ҳисобланмайдиган юридик шахс;


тўлов воситаси - тўловни амалга ошириш учун асос бўладиган ёки фойдаланиладиган тўлов ҳужжати ёки электрон тўлов воситаси;


тўлов субагенти - тўлов агенти билан тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича субагентлик шартномасини тузган, банк ҳисобланмайдиган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;


тўлов ташкилоти - банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган юридик шахс;


тўловчи - тўлов кимнинг ҳисобидан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс;


тўлов хизмати - тўлов хизматини етказиб берувчининг тўлов хизматларидан фойдаланувчига кўрсатадиган хизмати;


тўлов хизматлари бозори - тўлов хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек тўлов воситаларини чиқариш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар мажмуи;


тўлов хизматларидан фойдаланувчи - тўлов хизматларини етказиб берувчининг тўлов хизматларидан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахс;


фармойиш - тўлов ташаббускорининг тўлов хизматларини етказиб берувчига тўловни амалга ошириш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлиб, у электрон тўлов воситасидан ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланилганда тўлов ҳужжатлари шаклида ёки тўлов хизматларидан фойдаланувчининг розилиги кўринишида ифодаланади;


электрон пуллар - электрон пуллар эмитентининг электрон шаклда сақланадиган ҳамда электрон пуллар тизимида тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган шартсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбуриятлари.



2-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМЛАРИ


5-модда. Тўлов тизими ва тўлов тизимининг иштирокчилари

Тўлов тизими тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини, инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида ҳамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуидир.

Тўлов тизими оператори билан ҳисоб-китобларни амалга оширувчи ва тўлов тизимида иштирок этиш тўғрисида шартнома тузган банклар тўлов тизимининг иштирокчилари ҳисобланади.



6-модда. Тўлов тизимларининг турлари, уларнинг

муҳимлигини аниқлаш мезонлари

Тўлов тизимлари муҳим тўлов тизимлари ва бошқа тўлов тизимларига бўлинади.

Агар тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорининг барқарор фаолият кўрсатишига ёрдам берса, унинг ишидаги тўхталишлар (узилишлар) эса Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорида таваккалчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ушбу тўлов тизимини муҳим тўлов тизими жумласига киритади.

Агар тўлов тизими тўлов хизматлари бозорининг Марказий банк томонидан мазкур бозор учун белгиланган миқдордан кўп улушини эгаллаган бўлса ва (ёки) тўловлар тўлов тизими орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Марказий банк томонидан белгиланадиган кўрсаткичлардан кам бўлмаган ҳажмда бир йил давомида амалга оширилса, бу тизим муҳим тўлов тизими жумласига киради.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида келтирилган тўлов тизимларининг тавсифларига мос келмайдиган тўлов тизимлари бошқа тўлов тизимлари ҳисобланади.



7-модда. Тўлов тизимининг оператори

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс тўлов тизимининг операторидир.

Тўлов тизимининг оператори бўлмаган юридик шахс ўз номида ва (ёки) товар белгисида "тўлов тизими" деган сўзларни ҳамда мазкур сўзлардан ҳосил бўлган, тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни ушбу юридик шахс амалга ошираётганлигини тахмин қилиш имконини берадиган сўзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.

Тўлов тизимининг оператори:

тўлов тизимининг қоидаларини белгилайди ва тўлов тизимининг иштирокчилари томонидан уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

тўлов тизими иштирокчиларининг (иштирокчиларига) тўловга ва ахборотга доир хабарларига ишлов берилишини ҳамда ушбу хабарларнинг берилишини, фармойишларнинг якка тартибда бажарилишини ёки клирингни амалга оширади;

тўлов тизимининг иштирокчиси билан тўлов тизимида иштирок этиш тўғрисида шартнома тузади;

тўлов тизими инфратузилмасининг ишлаб туришини таъминлайди;

ахборот хавфсизлиги талабларига ва тўлов тизимининг узлуксиз ишлаш чораларига риоя қилинишини таъминлайди;

тўлов тизимининг иштирокчилари ўзларига кўрсатиладиган хизматлардан тенг ва очиқ ҳолда фойдаланишини таъминлайди.

Тўлов тизимининг оператори тўлов тизими тўғрисида ахборот тақдим этганда тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир ўз лицензияси рақамини кўрсатиши шарт.



8-модда. Тўлов тизимининг қоидалари

Тўлов тизимининг қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

тўлов тизимининг ишлаш тартиб-таомиллари, шу жумладан тўлов тизимида тўловларни амалга ошириш, тўлов хабарномалари форматларининг қўлланилиш тартиби, тўлов тизимининг иш жадвали ва тўлов тизимидаги таваккалчиликларни бошқариш тизими;

тўлов тизими оператори кўрсатаётган хизматларнинг ва тўлов тизимида амалга оширилаётган операцияларнинг тавсифи;

тўлов тизимида иштирок этиш шартлари;

тўлов тизими иштирокчиларининг тўлов тизими оператори билан ҳамкорлиги тартиби;

тўлов бўйича фармойишни чақириб олиш тартиб-таомили;

тўлов тизими иштирокчиларининг тўловга қобилиятсизлигини ҳал этиш тартиби;

ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиш тартиби;

тўлов тизими қоидаларини бузганлик учун тўлов тизими иштирокчисига нисбатан қўлланиладиган чоралар.

Тўлов тизимининг қоидаларига ушбу тўлов тизими иштирокчиларининг бошқа тўлов тизимларида иштирок этишини, шунингдек мазкур тўлов тизимининг инфратузилмасига хизмат кўрсатувчи шахсларнинг бошқа тўлов тизимларига хизмат кўрсатишини (бундан ушбу тўлов тизими операторининг ходимлари бўлган шахслар мустасно) чекловчи шартларни киритиш тақиқланади.

Тўлов тизимининг қоидалари, ушбу қоидаларга доир ўзгартиш ва қўшимчалар, тўлов тизими операторининг тарифлари (хизматлари қиймати) ҳамда бу тарифларнинг (хизматлар қийматининг) барча ўзгаришлари тўғрисидаги маълумотлар тўлов тизими оператори томонидан тасдиқланганидан сўнг уч иш куни мобайнида тўлов тизими операторининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.

Тўлов тизимининг қоидалари, ушбу қоидаларга доир ўзгартиш ва қўшимчалар, тўлов тизими операторининг тарифлари (хизматлари қиймати) ҳамда бу тарифларнинг (хизматлар қийматининг) барча ўзгаришлари тўлов тизими операторининг расмий веб-сайтида эълон қилинганидан сўнг ўн беш кун ўтгач тўлов тизими оператори ва иштирокчилари томонидан қўлланилади.

Тўлов тизимларининг операторлари ўз тўлов тизимларининг ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномаларни, башарти тўлов тизимларининг қоидаларида бундай ҳамкорлик тартиби акс эттирилган бўлса, тузиши мумкин.

Тўлов тизимининг оператори Марказий банкка:

тўлов тизимининг қоидаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгартиш ҳамда қўшимчалар амалга киритиладиган санага қадар ўн беш иш кунидан кечиктирмай;

тўлов тизими оператори тарифларининг (хизматлари қийматининг) ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгаришлар амалга киритиладиган санага қадар ўн беш иш кунидан кечиктирмай тақдим этади.



9-модда. Тўлов тизимидаги таваккалчиликларни

бошқариш тизими

Тўлов тизимидаги таваккалчиликларни бошқариш тизими таваккалчиликларни аниқлаш, мониторинг қилиш ва бошқариш, шунингдек тўлов тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш тартиб-таомилларини белгилайди ҳамда тўлов тизими операторининг фаолиятини тиклаш режасини ўз ичига олади.

Тўлов тизимидаги таваккалчиликларни бошқариш усуллари тўлов тизимини ташкил этиш хусусиятлари, таваккалчиликларни бошқариш модели, тўлов клирингига ва ҳисоб-китобга оид тартиб-таомиллар, пул маблағлари ўтказмаларининг сони ҳамда уларнинг суммалари, якуний ҳисоб-китоб вақти ҳисобга олинган ҳолда тўлов тизими оператори томонидан белгиланади.

Тўлов тизимидаги таваккалчиликларни бошқариш тизими таваккалчиликларни бошқаришнинг қуйидаги усулларини назарда тутиши мумкин:

таваккалчилик даражаси ҳисобга олинган ҳолда тўлов тизими иштирокчилари мажбуриятларининг энг юқори миқдорларини (лимитларини) белгилаш;

банкдаги алоҳида депозит ҳисобварақда тўлов тизимининг кафолатли жамғармасини ташкил этиш;

тўлов тизими иштирокчиларининг фармойишлари навбатма-навбат бажарилишини бошқариш;

тўлов тизимида ҳисоб-китобни иш куни давомида амалга ошириш;

ҳисоб-китобни тўлов тизими иштирокчилари тақдим этган пул маблағлари доирасида амалга ошириш;

кредит бериш имкониятини таъминлаш.



10-модда. Муҳим тўлов тизими оператори

Муҳим тўлов тизими оператори ушбу Қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган шартларга қўшимча равишда:

тўлов тизими иштирокчиларининг ва тўлов хизматларидан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини кўрсатиладиган хизматлар сифати уларни қаноатлантириши нуқтаи назаридан таҳлил қилади;

тўлов тизими иштирокчилари ва тўлов хизматларидан фойдаланувчилар билан икки томонлама алоқа механизмининг ишлашини таъминлайди;

тўлов тизими иштирокчиларининг ва тўлов хизматларидан фойдаланувчиларнинг қаноатланганлиги нуқтаи назаридан тўлов тизими фаолиятининг самарадорлигини ҳисобот йилида икки томонлама алоқа механизми воситасида келиб тушган мурожаатлар ва сўровларни кўриб чиқиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш натижаларини ўз расмий веб-сайтида бир йилда бир марта, ҳисобот давридан кейинги биринчи чоракдан кечиктирмай эълон қилади;

муҳим тўлов тизимининг ишлашини ўзини ўзи баҳолашдан ўтказади;

тўлов тизимининг таваккалчиликларни бошқариш органини ташкил этади ва таваккалчиликларни бошқаришнинг камида икки усулидан фойдаланади;

ички ҳужжатларида:

1) тўлов тизимининг таваккалчиликларини бошқариш органининг ишлаш регламентини, шу жумладан унинг ваколатларини;

2) тўлов тизими иштирокчиларининг кўрсатилаётган хизматлар сифатига бўлган эҳтиёжлари қаноатлантирилиши баҳоланаётган тўлов тизими ишининг самарадорлигини таъминлаш мезонларини;

3) тўлов тизими иштирокчилари билан низоларни судгача ҳал қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу моддада кўрсатилган ҳужжатлар тасдиқланганидан кейин уч иш куни мобайнида муҳим тўлов тизими оператори томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинади.



11-модда. Муҳим тўлов тизимининг ишлашини

ўзини ўзи баҳолашдан ўтказиш

Муҳим тўлов тизимининг оператори томонидан мазкур тўлов тизимининг ушбу Қонун талабларига ва халқаро стандартларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи муҳим тўлов тизимининг ишлашини ўзини ўзи баҳолашдан ўтказиш ҳисобланади.

Муҳим тўлов тизимининг оператори тўлов тизимининг ишлашини унинг халқаро стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан уч йилда камида бир марта ўзини ўзи баҳолашдан ўтказади.

Муҳим тўлов тизими оператори муҳим тўлов тизимининг ишлашини ўзини ўзи баҳолашдан ўтказиш натижаларини Марказий банкка тақдим этади ва ўзини ўзи баҳолаш тугалланганидан кейин уч иш куни мобайнида ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.



12-модда. Тўлов тизимидаги тўловларнинг якунланганлиги

Тўловлар пул маблағлари қайси иштирокчининг фойдасини кўзлаб амалга оширилган бўлса, ўша иштирокчининг ҳисобига ўтказилгандан сўнг тўлов тизимида якунланган деб ҳисобланади.

Тўлов тизимининг иштирокчиси банк ҳисобварағи бўйича харажатлар операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) мижознинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги ваколатли давлат органларининг қарорларини олгунига қадар ушбу иштирокчи томонидан тўлов тизимига йўналтирилган тўловлар чақириб олинмайдиган ва узил-кесил тўловлардир. Мазкур тўловлар бажарилиши ва якунига етказилиши лозим.



3-БОБ. ТЎЛОВ ХИЗМАТЛАРИ БОЗОРИ


13-модда. Тўлов хизматларини етказиб берувчилар

Тўлов хизматларини етказиб берувчилар қуйидагилардан иборат:

Марказий банк;

банклар;

тўлов ташкилотлари;

тўлов агентлари;

тўлов субагентлари.

Ушбу Қонунда банклар тўлов ташкилотлари, тўлов агентлари ва тўлов субагентлари сифатида кўриб чиқилмайди.



14-модда. Тўлов хизматларининг турлари

Қуйидагилар бўйича хизматлар кўрсатиш тўлов хизматлари жумласига киради:

банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш;

нақд пул маблағларини банк ҳисобварақларига, шу жумладан учинчи шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказиш учун қабул қилиш;

тўловчи томонидан банк ҳисобварағини очмаган ҳолда тўловни амалга ошириш учун нақд пул маблағларини қабул қилиш;

электрон пулларни чиқариш ва қоплаш;

банк карталарини чиқариш;

электрон пулларни ва банк карталарини реализация қилиш;

электрон пуллардан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўловларни қабул қилиш ва бу тўловларга ишлов бериш;

электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўловни амалга ошириш учун зарур ахборотни банкка бериш ёки мазкур тўловлар бўйича пул маблағларини қабул қилиш;

пул ўтказмалари тизими орқали пул маблағларини қабул қилиш ва амалга ошириш.

Қуйидагилар бўйича хизматлар кўрсатиш тўлов хизматлари жумласига кирмайди:

тўловчи қайси шахс олдида тўлов хизматларини етказиб берувчининг иштирокисиз амалга ошириладиган мажбуриятларга эга бўлса, ўша шахсга тўловни амалга оширувчи шахс томонидан нақд пул маблағларини бериш;

банкнотларни, тангаларни ва қимматликларни инкассация қилиш;

банк ҳисобварағини очмаган ҳолда нақд чет эл валютаси билан айирбошлаш операцияларини амалга ошириш;

учинчи шахслар иштирокисиз қабул қилинган тўловлар бўйича пул маблағларини тўлов хизматларини етказиб берувчи томонидан бенефициар фойдасига ўтказишни амалга ошириш чоғида юридик шахс бўлган бенефициар, якка тартибдаги тадбиркор ва тўлов хизматларини етказиб берувчи ўртасидаги ахборот-коммуникацияга оид ва технологик ҳамкорликни таъминлаш.



15-модда. Тўлов хизматлари кўрсатиш

Тўлов хизматлари:

Марказий банк;

банклар;

тўлов ташкилоти, бундан нақд пул маблағларини банк ҳисобварақларига ўтказиш учун қабул қилиш, электрон пулларни ва банк карталарини чиқариш хизматлари мустасно;

банклар ва тўлов ташкилотлари учун рухсат этилган тўлов хизматларининг турлари доирасида тўлов агенти ҳамда тўлов субагенти томонидан кўрсатилади.

Тўлов хизматларидан фойдаланувчи ўз банк ҳисобварағига хизмат кўрсатадиган тўлов хизматларини етказиб берувчининг масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланишга ёки бошқа тўлов хизматларини етказиб берувчининг хизматларидан фойдаланишга, башарти тўлов хизматларини етказиб берувчида бундай фойдаланишнинг техник имкониятлари мавжуд бўлса, ахборот хавфсизлиги ва тўлов хизматларидан барча етказиб берувчилар тенг фойдаланишини таъминлашга доир талабларга риоя этган ҳолда ҳақли бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов хизматларини Марказий банкнинг тегишли лицензиясисиз кўрсатиш тақиқланади. Ушбу талаб тўлов агентларининг ва тўлов субагентларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.

Тўлов ташкилоти тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича агентлик шартномаси асосида тўлов агенти ёки тўлов субагенти сифатида тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Тўлов ташкилоти ўз фаолияти ҳақидаги ахборотни тақдим этишда ўзининг лицензия рақамини кўрсатиши шарт.



16-модда. Тўлов хизматлари кўрсатишга доир шартнома

Тўлов хизмати тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва тўлов хизматларини етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида кўрсатилади. Тўлов хизматлари кўрсатишга доир шартномада қуйидагилар бўлиши керак:

кўрсатиладиган тўлов хизматларининг турлари ва умумий хусусияти;

тўлов хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддати;

ундириладиган йиғимларнинг ва воситачилик ҳақларининг миқдорлари;

тўлов хизматлари ҳақидаги ахборотни тақдим этиш тартиби;

рухсат этилмаган тўловлардан ҳимояланиш ҳаракатларининг тартиби;

тўлов хизматларини етказиб берувчининг тўлов хизматлари кўрсатишни рад этиш ҳуқуқига эга бўлиш шартлари;

рухсат этилмаган тўловлар бўйича масалаларни ҳал этиш тартиби;

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг шартномани бекор қилиш ҳуқуқи;

эътирозлар билдириш ва низоларни ҳал этиш тартиби;

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойишларини бажаришни асоссиз равишда рад этганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тўловларнинг миқдори.

Тўлов хизматлари кўрсатишга доир шартномада тўлов хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин.

Тўлов хизматларини етказиб берувчи ўзи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи ўртасида шартнома тузилган санада белгиланган кўрсатиладиган тўлов хизматлари бўйича воситачилик ҳақи миқдорларини бир томонлама тартибда ошириш томонга ўзгартиришга ҳақли эмас. Бундан халқаро тўловларни амалга ошириш чоғида ундириладиган воситачилик ҳақлари мустасно бўлиб, бу ҳақларнинг ўзгарганлиги тўғрисида тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларидан фойдаланувчини шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда хабардор қилади.



17-модда. Тўлов хизматларини етказиб

берувчига қўйиладиган талаблар

Тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларини фақат тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойишида назарда тутилган шартларга мувофиқ кўрсатади.

Тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойиши шартлари ва реквизитларини тўлов хизматларини етказиб берувчи томонидан ўзгартириш тақиқланади.

Тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойишисиз тўловни бошлашга ҳақли эмас.

Тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларидан фойдаланувчига воситачилик ҳақининг миқдори ҳақида тўлов хизматлари кўрсатилгунига қадар ахборот тақдим этади.

Тўлов хизматлари кўрсатганлик учун воситачилик ҳақини тўлов суммасидан ундириш тақиқланади, бундан бенефициар ва бенефициарнинг тўлов хизматларини етказиб берувчиси ўртасидаги шартномада тўлов суммасидан чегириб ташлаш йўли билан воситачилик ҳақини ундириш шарти назарда тутилган ҳоллар мустасно. Бенефициарнинг тўлов хизматларини етказиб берувчиси бенефициарнинг талабига кўра уни қабул қилинган тўлов суммаси ва ундан амалга оширилган чегирмалар ҳақида хабардор қилади.

Тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларини кўрсатишда қуйидаги шартларга риоя этилишини таъминлайди:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тўлов хизматларидан фойдаланувчини лозим даражада текширишдан ўтказиш ва идентификация қилиш;

тўлов ҳужжатида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликда тўловчи ва бенефициар бўйича назарда тутилган реквизитларнинг мавжуд бўлиши, бундан тўлов ташкилотининг пул маблағларини жўнатувчи томонидан банк ҳисобварағини очмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун нақд пул маблағларини қабул қилиш бўйича хизматлар кўрсатиши мустасно;

тўловчини ва (ёки) бенефициарни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотлар тўлов хизматлари кўрсатилганидан кейин камида беш йил давомида сақланишини таъминлаш;

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг идентификация воситаларини ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўриш.

Тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизмати кўрсатилганидан сўнг тўлов хизматларидан фойдаланувчига тўлов хизмати кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатни қоғозда ёки электрон шаклда тақдим этади. Тўлов хизматлари кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг мазмунига доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар тўлов хизматларини кўрсатиш чоғида ўзи олган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди ҳамда уларнинг учинчи шахсларга ошкор этилишига йўл қўймайди, бундан "Банк сири тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


18-модда. Тўлов ташкилотининг фаолиятига доир чекловлар

Тўлов ташкилотлари тўлов хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чеклов фаолиятнинг қуйидаги турларига нисбатан татбиқ этилмайди:

реклама, маркетинг, маслаҳат ва ахборот хизматлари;

дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, мослаштириш, модификация қилиш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ хизматлар, шу жумладан ахборот-техник хизматлар, маълумотларга ишлов бериш ҳамда уларни ўтказишга доир хизматлар, маълумотлар базаларини ва ахборот ресурсларини яратиш ва улардан фойдаланиш;

ахборот тизимлари ва тармоқларини яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

ахборотни криптографик ҳимоялаш воситаларини ишлаб чиқиш ва реализация қилиш;

почта алоқаси хизматлари;

микромолия ташкилоти фаолияти.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган фаолият турлари амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига кирса, тўлов ташкилоти бу фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияни белгиланган тартибда олиши керак.



19-модда. Тўлов агентлари ва тўлов субагентлари

орқали тўлов хизматларини кўрсатиш

Банклар ва тўлов ташкилотлари тўлов хизматларидан фойдаланувчиларга тўлов хизматларини тўлов агенти ва тўлов субагенти орқали кўрсатишга ҳақли.

Тўлов хизматларидан фойдаланувчига тўлов хизмати тўлов агенти ёки тўлов субагенти томонидан қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда кўрсатилади:

тўлов хизматини банкнинг ёки тўлов ташкилотининг номидан кўрсатиш;

тўлов хизматларидан фойдаланувчига тўлов хизмати кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ва зарур реквизитларни ўз ичига олган ҳужжатни тақдим этиш;

тўлов агенти томонидан банк ёки тўлов ташкилоти билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ, тўлов субагенти томонидан эса тўлов агенти билан тузилган шартномага мувофиқ ҳақ ундириш.

Тўлов хизматлари кўрсатиш бошлангунига қадар тўлов агенти ёки тўлов субагенти томонидан тўлов хизматларидан фойдаланувчига қуйидаги ахборот тақдим этилади:

тўлов хизматларининг номи ва ушбу хизматлар кўрсатиладиган жойнинг манзили;

солиқ тўловчининг номи, идентификация рақами, банкнинг, тўлов ташкилотининг ва тўлов агентининг жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами, тўлов хизматлари тўлов субагенти томонидан кўрсатилган тақдирда эса солиқ тўловчининг номи ёки фамилияси, исми, отасининг исми, идентификация рақами, тўлов субагентининг жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами;

банкнинг ёки тўлов ташкилотининг лицензияси рақами;

тўлов хизматлари кўрсатилганда ундириладиган ҳақнинг миқдори.

Банклар ва тўлов ташкилотлари тўлов агентлари ҳамда тўлов субагентларининг реестрларини юритади. Тўлов агенти жалб этилган тўлов субагентларини мазкур реестрга киритиш учун ушбу субагентлар ҳақидаги ахборотни банкка ёки тўлов ташкилотига тақдим этади.

Банклар ҳамда тўлов ташкилотлари тўлов хизматлари кўрсатишга доир агентлик шартномаси шартларига тўлов агенти томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Тўлов агенти тўлов хизматлари кўрсатишга доир субагентлик шартномаси шартларига тўлов субагенти томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Тўлов хизматлари кўрсатиш бўйича тўлов агенти билан агентлик шартномаларини тузган банк ва тўлов ташкилоти Марказий банкка ушбу хизматлар, шунингдек ўзининг тўлов агентлари ҳамда тўлов субагентлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

Банк ва тўлов ташкилоти тўлов агенти ҳамда тўлов субагентининг мажбуриятлари бўйича тўлов хизматларидан фойдаланувчилар олдида тўлов хизматларини кўрсатишга доир агентлик шартномаларини тузган тўлов агенти ва тўлов субагенти билан солидар жавобгар бўлади.



4-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМЛАРИНИ ВА ТЎЛОВ

ХИЗМАТЛАРИ БОЗОРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


20-модда. Тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг ва тўлов хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

тўлов хизматлари тизимини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш;

нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришни қўллаб- қувватлаш.



21-модда. Марказий банкнинг ваколатлари

Марказий банк тўлов тизимларининг самарали, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Қонунга мувофиқ тартибга солинишини амалга оширади.

Тўлов тизимларини тартибга солиш мақсадида Марказий банк:

тўлов тизимлари операторларининг фаолиятини ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг лицензияларини чақириб олади;

тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартибини белгилайди;

Тўлов тизимлари операторларининг реестрини ва Тўлов ташкилотларининг реестрини юритади;

тўлов тизими қоидаларини ва тўлов ташкилотининг тўлов тизими иштирокчилари билан ҳамкорлиги тартибини келишиб олишни амалга оширади;

тўлов тизимларининг муҳимлик мезонларини аниқлайди;

тўлов тизимлари устидан назоратни амалга оширади;

тўлов тизимлари операторларига ва тўлов ташкилотларига нисбатан ушбу Қонун талабларини бузганлик учун чоралар ҳамда санкциялар қўллайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулсиз тўловларнинг амалга оширилиши тартибини белгилайди;

Марказий банкнинг банклараро тўлов ва клиринг тизимларининг ишлаши қоидаларини белгилайди;

банк ҳисобварақларининг очилиши, юритилиши ва ёпилиши тартибини белгилайди;

тўлов тизимларининг операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан Марказий банкка тўловларга тааллуқли маълумотларнинг тақдим этилиши тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини белгилайди;

Марказий банкнинг банклараро тўлов ва клиринг тизимлари билан ҳамкорликни таъминловчи дастурий воситаларга, шу жумладан автоматлаштирилган банк тизимларига, шунингдек тўлов тизимларида ахборот хавфсизлиги чораларини таъминлашга нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорини белгилайди;

электрон пуллар билан тўловлар ва пул ўтказмаларига доир операциялар бўйича лимитларни белгилайди;

тўлов хизматлари бўйича тарифлар асоссиз равишда оширилганда монополияга қарши курашиш органига таклиф киритишга ҳақли;

иштирокчилари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган халқаро тўлов тизимларига нисбатан назорат фаолияти таъсирчанлигини ошириш мақсадида бошқа мамлакатларнинг назорат органлари ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади.



22-модда. Тўлов тизимлари операторларининг

фаолиятини лицензиялаш тартиби

Лицензия даъвогари сифатида банклар ва банк ҳисобланмаган юридик шахслар тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш мақсадида Марказий банк томонидан белгиланадиган шакл бўйича Марказий банкка лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Банкнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризасига қуйидагилар илова қилинади:

банк бошқарувининг тўлов тизимини ташкил этиш ҳақидаги қарорининг кўчирма нусхаси;

яқин икки календарь йил учун тўлов тизимини ривожлантиришга доир бизнес-режа, унда тўлов тизимини ташкил этишнинг мақсадлари ва режалаштирилаётган натижалари, шу жумладан бозор ва инфратузилма омилларининг таҳлили кўрсатилади;

тўлов тизимининг қоидалари.

Банк ҳисобланмайдиган юридик шахснинг лицензия бериш тўғрисидаги аризасига қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахс ваколатли органининг тўлов тизимини ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси;

яқин икки календарь йил учун тўлов тизимини ривожлантиришга доир бизнес-режа, унда тўлов тизимини ташкил этишнинг мақсадлари ва режалаштирилаётган натижалари, шу жумладан бозор ва инфратузилма омилларининг таҳлили кўрсатилади;

тўлов тизимининг қоидалари;

банкнинг тўлов тизимининг ҳисоб-китоб банки бўлишга ёзма розилиги, шу жумладан ўзи билан қайси шаклда шартнома тузилган бўлса, ўша шаклдаги розилиги;

бухгалтерия баланси ва охирги ҳисобот санасига доир молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

муассислар (иштирокчилар) ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан уларнинг капиталдаги улуши миқдори;

ижро этувчи органнинг раҳбари ва аъзолари тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг маълумоти, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган маълумотлар, бу маълумотларга тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади;

таваккалчиликларни бошқариш тизими тўғрисидаги, шу жумладан тўлов хизматларидан фойдаланувчиларнинг пул маблағлари бут сақланишини таъминлашга доир талаблар ҳақидаги маълумотлар;

хавфсизлик тизимлари, назорат механизмлари ҳамда тизимлари тўғрисидаги маълумотлар;

хавфсизлик сиёсати ҳақидаги, шу жумладан таваккалчиликларни батафсил баҳолашни ўз ичига олган ҳужжат, шунингдек ахборот хавфсизлиги ва тўлов хизматидан фойдаланувчиларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун таваккалчиликларни, шу жумладан фирибгарлик ҳамда махфий ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш хавфларини камайтириш бўйича кўриладиган чораларнинг тавсифи;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бажарилишини таъминлаш чораларининг тавсифи.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва зарур ҳужжатларнинг рўйхати Марказий банкнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Марказий банк лицензияни бериш ҳақидаги ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўттиз кун муддат мобайнида қабул қилади.

Тўлов тизими қоидаларини келишиб олиш лицензия даъвогарининг аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Лицензия бериш тўғрисидаги ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг Марказий банк лицензия даъвогарига уч иш куни мобайнида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома юборади.

Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда Марказий банк Тўлов тизимлари операторлари реестрига тўлов тизими оператори ҳақида тегишли ёзувни киритади.

Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига банк ҳисобварағининг реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади).

Тўлов тизими оператори ўз фаолиятини лицензияни олганидан ва тўлов тизими қоидаларини келишиб олганидан кейин амалга оширади.

Марказий банк лицензия даъвогарига қуйидаги ҳолларда лицензия беришни рад этади:

лицензия даъвогари томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда;

лицензия даъвогари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

лицензия даъвогари лицензия талабларига ва шартларига мувофиқ бўлмаганда.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади). Лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат икки ойдан ошмаслиги керак.

Лицензия даъвогари лицензия беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этган тақдирда, Марказий банк ҳужжатларни такроран кўриб чиқишни лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кун муддат мобайнида амалга оширади. Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Тўлов тизимининг оператори ҳақидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, тўлов тизими оператори уч иш куни мобайнида бу ҳақда Марказий банкни ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт. Тўлов тизими операторидан олинган хабарнома асосида Марказий банк Тўлов тизимлари операторларининг реестрига уч иш куни мобайнида тегишли ўзгартишлар киритади.

Тўлов тизими оператори фаолиятни икки ва ундан ортиқ тўлов тизимларининг оператори сифатида амалга ошириш учун Марказий банкка ҳар бир тўлов тизимининг оператори сифатидаги фаолиятни амалга оширишга доир лицензия бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади, аризага ушбу моддада кўрсатилган ҳужжатларни илова қилади.



23-модда. Тўлов тизими оператори лицензиясини чақириб олиш

Марказий банк қуйидаги ҳолларда тўлов тизими оператори лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли:

тўлов тизимининг оператори лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда;

тўлов тизимининг оператори бўлган банкда банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинганда;

тўлов тизимининг оператори тугатилганда - тугатилиш пайтидан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этилиши натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек қайта ташкил этилаётган тўлов тизими операторида янгитдан вужудга келган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги фаолиятнинг лицензияланадиган айни бир турини амалга оширишга доир лицензия мавжуд бўлганда қўшиб юборилиши мустасно;

тўлов тизимининг оператори лицензия олинган кундан эътиборан бир йил давомида фаолиятни амалга оширмаганда ёки тўлов тизими операторининг фаолияти олти ойдан ортиқ даврга тўхтатиб турилганда;

ушбу Қонунда назарда тутилган талаблар тўлов тизимининг оператори томонидан мунтазам равишда бузилганда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар Марказий банкнинг биринчи кўрсатмаси юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида тўлов тизимининг оператори томонидан бартараф этилмаганда;

Марказий банкнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга зид эканлиги аниқланганда.

Лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда тўлов тизими оператори қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

1) тўлов тизими оператори тугатиладиган тақдирда:

тўлов тизими операторини тугатиш тўғрисида унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи томонидан тугатиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қабул қилинган қарор;

тўлов тизими операторининг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи томонидан тасдиқланган, тугатиш жараёнини, тўлов тизими иштирокчилари олдидаги мажбуриятларни бажариш ҳамда кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш тартиб-таомиллари ва муддатларини ўз ичига олган тугатиш режаси;

Марказий банкка мурожаат қилиш пайтидаги, кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун маблағлар етарли эканлигини тасдиқловчи баланс ҳисоботи;

тугатувчи тўғрисидаги ёки тугатиш комиссиясининг таркиби ҳақидаги ахборот ва бошқа зарур маълумотлар;

2) бошқа ҳолларда - тўлов тизими иштирокчилари олдидаги мажбуриятларни бажариш тартиб-таомиллари ва муддатлари.

Тўлов тизими оператори лицензиясини ушбу моддада назарда тутилмаган асослар бўйича чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Марказий банкнинг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган куни тўлов тизими оператори раҳбариятига имзо қўйдирилиб топширилади. Лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарор тўлов тизимининг оператори томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун мобайнида лицензия Марказий банкка қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Марказий банкнинг тўлов тизими оператори лицензиясини чақириб олганлиги тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим. Марказий банкнинг тўлов тизими оператори лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилган ҳисобланади.

Марказий банкнинг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд лицензияни чақириб олишни асоссиз деб топган тақдирда, Марказий банк лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Тўлов тизими оператори лицензияси чақириб олинганда тўловлар ва ҳисоб-китоблар бўйича операцияларни якунлаш тартиби ҳамда муддатлари Марказий банк томонидан белгиланади.



24-модда. Тўлов ташкилотларининг фаолиятини

лицензиялаш тартиби

Лицензия даъвогари сифатида юридик шахслар тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш мақсадида Марказий банк томонидан белгиланадиган шакл бўйича Марказий банкка лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

тўлов ташкилотининг яқин икки календарь йил учун бизнес-режаси;

охирги ҳисобот санасига доир бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

тўлов ташкилотининг тўлов тизими оператори ва тўлов тизими иштирокчилари билан ҳамкорлиги тартиби;

муассислар (иштирокчилар) ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан уларнинг капиталдаги улуши миқдори;

ижро этувчи органнинг раҳбари ва аъзолари тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг маълумоти, иш жойи ва лавозими ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган маълумотлар, унга тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади;

таваккалчиликларни бошқариш тизими тўғрисидаги, шу жумладан мижозларнинг пул маблағлари бут сақланишини таъминлашга доир талаблар ҳақидаги маълумотлар;

хавфсизлик тизимлари, назорат механизмлари ҳамда тизимлари тўғрисидаги маълумотлар;

хавфсизлик сиёсати ҳақидаги, шу жумладан таваккалчиликларни батафсил баҳолашни ўз ичига олган ҳужжат, шунингдек ахборот хавфсизлиги ва тўлов хизматидан фойдаланувчиларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун таваккалчиликларни, шу жумладан фирибгарлик ҳамда махфий ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш хавфларини камайтириш бўйича кўриладиган чораларнинг тавсифи;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бажарилишини таъминлаш чораларининг тавсифи.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва зарур ҳужжатлар рўйхати Марказий банкнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Марказий банк лицензия бериш ҳақида ёки уни беришни рад этиш тўғрисида тўлов ташкилотининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўттиз кун муддат мобайнида қарор қабул қилади.

Тўлов ташкилотининг тўлов тизими иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш тартибини келишиб олиш тўлов ташкилотининг аризасини ва унга илова қилинган, лицензиялаш учун зарур бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Лицензия бериш тўғрисидаги ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг Марказий банк лицензия даъвогарига уч иш куни мобайнида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома юборади.

Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда Марказий банк Тўлов ташкилотлари реестрига тўлов ташкилоти ҳақида тегишли ёзувни киритади.

Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига банк ҳисобварағининг реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда тўлов ташкилотига юборилади (топширилади).

Тўлов ташкилоти тўлов хизматларини етказиб берувчи сифатида ўз фаолиятини лицензия олганидан сўнг амалга ошириши мумкин.

Марказий банк тўлов ташкилотига лицензия беришни қуйидаги ҳолларда рад этади:

тўлов ташкилоти тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этганда;

тўлов ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

тўлов ташкилоти лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлмаганда.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома тўлов ташкилотига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади). Тўлов ташкилоти кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат икки ойдан ошмаслиги керак.

Тўлов ташкилоти лицензия беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этган тақдирда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш тўлов ташкилотининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кун муддат мобайнида Марказий банк томонидан амалга оширилади. Тўлов ташкилотининг аризасини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Тўлов ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда тўлов ташкилоти Марказий банкни бу ҳақда уч иш куни мобайнида ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт. Марказий банк тўлов ташкилотидан олинган хабарнома асосида Тўлов ташкилотларининг реестрига уч иш куни мобайнида тегишли ўзгартишлар киритади.



25-модда. Тўлов ташкилоти лицензиясини чақириб олиш

Марказий банк қуйидаги ҳолларда тўлов ташкилоти лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли:

тўлов ташкилоти лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда;

тўлов ташкилоти тугатилганда - тугатиш пайтидан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этиш пайтидан эътиборан, бундан тўлов ташкилотининг ўзгартирилиши, шунингдек қайта ташкил этилаётган тўлов ташкилотида янгитдан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг лицензияланадиган айни бир турини амалга оширишга доир лицензия мавжуд бўлганда қўшиб юборилиши мустасно;

тўлов ташкилоти фаолиятни лицензия олинган кундан эътиборан бир йил давомида амалга оширмаганда ёки тўлов ташкилотининг фаолияти олти ойдан ортиқ даврга тўхтатиб турилганда;

ушбу Қонунда назарда тутилган талаблар тўлов ташкилоти томонидан мунтазам равишда бузилганда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

Марказий банкнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга зид эканлиги аниқланганда.

Тўлов ташкилоти лицензиясини ушбу моддада назарда тутилмаган асослар бўйича чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Марказий банкнинг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган куни тўлов ташкилоти раҳбариятига имзо қўйдирилиб топширилади. Лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарор тўлов ташкилоти томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун мобайнида лицензия Марказий банкка қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Марказий банкнинг тўлов ташкилоти лицензиясини чақириб олганлиги тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим. Марказий банкнинг тўлов ташкилоти лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилган ҳисобланади.

Тўлов ташкилотига Марказий банкнинг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори берилганидан сўнг тўлов хизматларини кўрсатиши тақиқланади ва тўлов ташкилоти бир ой мобайнида ўзининг номидан "тўлов ташкилоти" деган сўзларни чиқариб ташлаши керак.

Марказий банкнинг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд лицензиянинг чақириб олинишини асоссиз деб топган тақдирда, Марказий банк лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.



26-модда. Тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш тартиби

Тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ташкилот муассисларининг (иштирокчиларининг) қарорига кўра Марказий банкни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.

Тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, тўлов ташкилоти қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган ҳолда Марказий банкни хабардор этади:

тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор;

тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш шартлари, шакллари, тартиби ва муддатлари баён этилган ҳужжатлар;

тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш оқибатларининг молиявий прогнози;

аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аудиторлик ҳисоботи;

қайта ташкил этиш натижасида тузиладиган тўлов ташкилотининг яқин икки календарь йил учун бизнес-режаси;

қайта ташкил этиш натижасида тузиладиган тўлов ташкилотининг тўлов тизими иштирокчилари билан ҳамкорлиги тартиби.

Марказий банк тўлов ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳужжатларни улар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш иш куни мобайнида кўриб чиқиш натижалари бўйича тавсия бериш ҳуқуқига эга.

Қайта ташкил этилаётган тўлов ташкилотлари Марказий банкка қайта ташкил этиш тўғрисида маълумот тақдим этган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ўзининг расмий веб-сайтида амалга оширилаётган қайта ташкил этиш тўғрисидаги тегишли ахборотни эълон қилиши шарт.

Қайта ташкил этиш натижасида тузилган тўлов ташкилотини лицензиялаш ушбу Қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.



27-модда. Тўлов тизими операторининг ва тўлов ташкилотининг

ижро этувчи органлари раҳбарларига доир талаблар

Тўлов тизими операторининг ва тўлов ташкилотининг ижро этувчи органлари раҳбарлари олий маълумотга ҳамда банк-молия соҳасида ёки ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида камида икки йиллик иш тажрибасига, шунингдек бенуқсон ишчанлик обрўсига, ўз ваколатлари доирасида тўлов тизимлари таваккалчиликларининг самарали бошқарилишини таъминлаш, асосли қарорлар қабул қилиш учун зарур тажриба, билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак.

Тўлов тизими операторининг ва тўлов ташкилотининг ижро этувчи органлари раҳбарлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда Марказий банк тўлов тизими операторининг ва тўлов ташкилотининг ижро этувчи органлари раҳбарларини алмаштириш ҳақида кўрсатма беришга ҳақли. Ушбу кўрсатма устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



5-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМЛАРИНИНГ ИШЛАШИ

УСТИДАН НАЗОРАТНИ ВА КУЗАТУВНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


28-модда. Тўлов тизимларининг ишлаши

устидан назоратни амалга ошириш

Марказий банк тўлов тизимларининг ишлаши устидан назоратни амалга оширишда:

тўлов тизимлари операторларидан ва тўлов ташкилотларидан тўлов тизимларининг ишлаши билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ахборотни сўраб олади;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва муддатларини, шунингдек ҳисоботларни тузиш услубиётини белгилайди;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисида тақдим этилган ахборотни таҳлил қилади;

тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини инспекция текширувларидан ўтказади;

тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган тақдирда тўлов тизимларининг операторларига ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллайди.

Тўлов тизимларининг ишлаши устидан назоратни амалга ошириш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.



29-модда. Инспекция текширувларини ўтказиш тартиби

Марказий банк тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини бир йилда кўпи билан бир марта инспекция текширувларидан ўтказишга ҳақли.

Муҳим тўлов тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатишида бузилишлар бўлган тақдирда Марказий банк навбатдан ташқари инспекция текширувини ўтказишга ҳақли.

Инспекция текширувлари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятининг айрим масалалари бўйича ўтказилиши ёки комплекс текширувлар бўлиши мумкин.

Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини инспекция текширувидан ўтказиш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳужжатларни олиш ва текшириш;

зарурат бўлганда, текширув материалларига илова қилиш учун ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиш;

фаолиятга доир масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш;

фаолиятни амалга ошириш жойига кириш;

ташкилотнинг ахборот тизимларига кириш, шу жумладан ахборотни электрон шаклда олиш (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг бошланғич матнларидан ташқари).

Инспекция текшируви якунлари бўйича Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолияти тўғрисидаги умумий ахборотни, текширув жараёнида аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган текширув далолатномасини тузади.

Инспекция текширувини ўтказиш муддати ўттиз кундан ошиши мумкин эмас.



30-модда. Марказий банк томонидан қўлланиладиган

чоралар ва санкциялар

Агар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг ҳамда тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилоти томонидан йўл қўйилган бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига бевосита таъсир кўрсатмаса, Марказий банк:

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларини аниқланган қоидабузарлик тўғрисида йўл қўйилган қоидабузарликни ва у бартараф этилиши керак бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади, бунда мазкур муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак;

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш бўйича тавсиялар юборади.

Агар тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилоти томонидан йўл қўйилган юқорида кўрсатилган қонунчиликнинг бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига салбий таъсир кўрсатса, Марказий банк тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига қоидабузарликнинг бартараф этилиши тўғрисида уни бартараф этиш муддатини кўрсатган ҳолда кўрсатма юборади, бу муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилоти Марказий банкнинг қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажармаган, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган тақдирда, Марказий банк қонунчиликка мувофиқ қуйидаги санкциялардан бирини қўллайди:

базавий ҳисоб-китоб миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима солади;

тўлов хизматларининг ва (ёки) операцияларнинг айрим турларини амалга оширишни олти ойгача бўлган муддатга чеклайди;

лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.



31-модда. Тўлов тизимларининг ишлаши устидан кузатув

Тўлов тизимларининг ишлаши устидан кузатув амалга оширилаётганда Марказий банк тўлов тизимлари тўғрисидаги ахборотни умумлаштиради, тизимлаштиради ва таҳлил қилади.

Муҳим тўлов тизимларининг ишлаши устидан кузатув амалга оширилаётганда Марказий банк:

муҳим тўлов тизимларини уларнинг халқаро стандартларга ва Марказий банк талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолашни ўтказади;

муҳим тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Марказий банк тўлов тизимларининг ишлаши устидан кузатув натижаларининг шарҳини бир йилда камида бир марта эълон қилади.



6-БОБ. ТЎЛОВЛАР


32-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

тўловларни амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўловлар қуйидагилар орқали амалга оширилади:

нақд пул маблағларини ўтказиш;

электрон пулларни ўтказиш;

пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

пул мажбуриятини ёки пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги фармойишни ўз ичига олган тўлов ҳужжатини бериш;

электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш.

Тўловни бошлаш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

тўловчи томонидан тўлов ҳужжатини тақдим этиш;

сақловчи томонидан электрон тўлов воситасидан фойдаланиш;

тўловчи томонидан нақд пул маблағларини банк кассалари, электрон терминаллар ва бошқа қурилмалар орқали ўтказиш учун киритиш;

тўловчининг тўловни масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга бўлган розилигини юбориш.



33-модда. Тўлов ҳужжатлари

Тўлов ҳужжати қоғозда тузилган ёки электрон шаклда шакллантирилган ҳужжат бўлиб, тўлов унинг асосида ёки ёрдамида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўловларни амалга оширишда қуйидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланилади:

тўлов топшириқномаси;

тўлов талабномаси;

инкассо топшириқномаси;

мемориал ордер;

аккредитивга ариза;

кирим ва чиқим касса тўлов ҳужжатлари.

Тўлов ҳужжатларининг шакллари, мажбурий реквизитлари ва уларнинг мазмунига доир бошқа талаблар, электрон тўлов воситаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари Марказий банк томонидан белгиланади.



34-модда. Электрон тўлов воситалари

Ахборотни ўз ичига олган ва тўловчига тўловни амалга ошириш, шунингдек тўловчи билан электрон тўлов воситаларининг эмитенти ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган бошқа операцияларни амалга ошириш имконини берадиган банк картаси ёки бошқа электрон жисм электрон тўлов воситаларидир.

Электрон тўлов воситасини чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс электрон тўлов воситасининг эмитентидир.

Электрон тўлов воситасининг эмитенти билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ электрон тўлов воситасидан фойдаланувчи ёки унга эгалик қилувчи жисмоний шахс электрон тўлов воситасини сақловчидир.

Электрон тўлов воситаларидан фойдаланилган ҳолдаги тўловлар электрон тўлов воситаларини сақловчининг идентификация воситалари орқали тасдиқланган розилиги асосида амалга оширилади.

Тўловни амалга оширишда электрон тўлов воситаларини сақловчининг розилигини тақдим этиш ҳамда тасдиқлаш тартиби ва усули электрон тўлов воситасининг эмитенти ва электрон тўлов воситасини сақловчи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.



7-БОБ. БАНК КАРТАСИ


35-модда. Банк картасини чиқариш

Банк картаси уни сақловчига электрон терминаллар, алоқа каналлари орқали тўловларни амалга ошириш ёки нақд пул маблағларини олиш ёхуд валюта айирбошлашни амалга ошириш ва банк картасининг эмитенти томонидан белгиланган бошқа операцияларни бажариш имконини берувчи ахборотни ўз ичига олади. Банк картаси дебет, кредит картаси, шу жумладан виртуал (жисмонан мавжуд бўлмаган) карта бўлиши мумкин.

Банк карталарини чиқариш ва улардан фойдаланиш банк картасининг эмитенти ҳамда банк картасини сақловчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Банк картасининг эмитенти бошқа ташкилотлар билан биргаликда банк карталарини тўлов хизматларидан ва бошқа хизмат турларидан фойдаланувчиларга уларнинг ўртасида тузилган шартномаларда назарда тутилган тартибда ҳамда шартларда бериш учун чиқаришга ҳақли.

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчи билан шартнома тузилгунига қадар банк картасини сақловчини банк картасидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик шартлари ва чоралари, эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Банк картасининг эмитенти ўз расмий веб-сайтида банк карталарининг турлари ва уларни бериш шартлари, банк карталаридан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик чоралари тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради.

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчига банк картасига хизмат кўрсатиш бўйича ундириладиган воситачилик ҳақининг миқдори ва уни ундириш тартиби тўғрисида, воситачилик ҳақи тўланмаган тақдирда қарзни ҳисоблаш тўғрисида хабардор қилади, шунингдек банк картасини сақловчига унинг банк картасига улар ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган тартибда хизмат кўрсатганлик учун банк картасини сақловчи томонидан воситачилик ҳақи тўланганлиги фактининг тасдиқномаси тақдим этилишини таъминлайди.



36-модда. Банк картасидан фойдаланилган ҳолдаги тўловлар

Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шарт.

Тўлов иштирокчисининг банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўлов якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан юзага келади.

Тўловлар банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда якка тартибдаги тадбиркорда ёки юридик шахсда у билан банк карталарига хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган банкка нисбатан якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган тўлов суммасида пул талаб қилиш ҳуқуқи, банкда эса якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг пулга доир талабини бажариш мажбурияти юзага келади.

Банк картасининг эмитенти банк картасидан фойдаланиб амалга оширилган операциялар ҳақида банк картасини сақловчини улар ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабардор қилади. Бундай хабарномани юбориш тартиби ва унинг даврийлиги, шунингдек банк картасини сақловчини банк карталаридан фойдаланилган ҳолдаги операциялар тўғрисида хабардор қилганлиги учун банк картасининг эмитенти томонидан воситачилик ҳақини ундириш миқдори ва тартиби банк картаси эмитенти ва банк картасини сақловчи ўртасидаги шартномада белгиланади.

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчининг талабига биноан унинг банк картасидан фойдаланиш билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни ва ахборотни шартномада белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчига юборилган ва ундан олинган хабарномаларнинг ушбу хабарномалар юборилган ва олинган кундан эътиборан уч йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида сақланишини таъминлайди.

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчининг аризасини ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида кўриб чиқади. Аризани кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда аризани кўриб чиқиш муддати кўпи билан ўттиз кунга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда банк картасини сақловчига хабар берилади. Банк картасидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилган тақдирда банк картасини сақловчининг аризаси ариза келиб тушган кундан эътиборан қирқ беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Банк картасини сақловчига аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда ахборот юборилади.

Банк картасидан фойдаланиш банк картасини сақловчидан олинган хабарномага асосан банк картасининг эмитенти томонидан ёки банк картасини сақловчи банк картасидан шартномага мувофиқ фойдаланиш тартибини бузган тақдирда банк картаси эмитентининг ташаббусига кўра тўхтатиб турилади ёки тугатилади.

Банк картасини сақловчининг банк картасидан фойдаланишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш банк картасини сақловчининг ва банк картаси эмитентининг ушбу картадан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш пайтига қадар юзага келган мажбуриятларини тугатмайди.



37-модда. Банк картасидан рухсатсиз фойдаланиш

Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаши шарт.

Банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги факти аниқланганда банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентини бу ҳақда хабардор қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабардор қилинмаган тақдирда барча таваккалчиликлар банк картасини сақловчининг зиммасида бўлади.

Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасини дарҳол блокировка қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасидан рухсатсиз фойдаланганлик учун жавобгар бўлади.

Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилган тақдирда банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентига банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Банк картасини сақловчининг аризаси ушбу Қонун 36-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган муддатларда банк картасининг эмитенти томонидан кўриб чиқилади.

Банк картасини сақловчининг аризасини кўриб чиқиш якунлари бўйича банк картасининг эмитенти банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш ҳақида ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк картасининг эмитенти пул маблағларини банк картасини сақловчига қарор қабул қилинганидан кейин бир кундан кечиктирмай ўтказади.

Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини қабул қилинган қарор ҳақида рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади. Банк картасини сақловчига банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммасининг ўрнини қоплашни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

банк картасини сақловчи томонидан банк картасидан фойдаланишнинг шартномада назарда тутилган хавфсизлик чораларига риоя этилмаганлиги;

банк картасини сақловчининг ўз банк картасидан фойдаланган ҳолда жиноятлар содир этишда иштирок этганлиги факти аниқланганлиги.



38-модда. Банк карталаридан фойдаланилган ҳолда

банклараро тўловлар бўйича операцияларни амалга

оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улар томонидан чиқарилган банк карталаридан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган операциялар бўйича тўловларга ишлов бериш ҳамда уларнинг клиринги Марказий банк томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган банклар томонидан муомалага чиқарилган банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган банклараро тўловлар бўйича операцияларга хизмат кўрсатиш тизимини ушбу тизимнинг ишлашини таъминлаш бўйича операцияларга оид ва технологик вазифаларни муҳим тўлов тизимининг оператори зиммасига юклатиш ёки махсус ташкилотни тузиш орқали ташкил этишга ҳақли.

Махсус ташкилотнинг фаолият кўрсатиш тартиби ва банк карталарининг эмитенти бўлган банклар билан ҳамкорлиги Марказий банк томонидан белгиланади.



8-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАР


39-модда. Электрон пуллар тизими

Электрон пуллар тизими операторининг электрон пуллар эмитенти ва (ёки) электрон пуллар эгалари билан ҳамкорлиги орқали электрон пуллардан фойдаланган ҳолда тўловлар ва бошқа операциялар амалга оширилишини таъминловчи тўлов тизими электрон пуллар тизимидир.



40-модда. Электрон пулларнинг эмитентлари ва эгалари

Марказий банк ва банклар электрон пулларнинг эмитентидир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пуллар эмитенти томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валютада номиналлаштирилган бўлиши керак.

Электрон пуллар эмитенти томонидан жисмоний шахсга электрон пулларни уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасига алмаштириш йўли билан тўғридан-тўғри ва (ёки) электрон пуллар тизимининг оператори ёхуд электрон пуллар тизимининг агенти орқали берилишини назарда тутувчи тўлов хизмати электрон пулларни чиқаришдир.

Қуйидагилар электрон пулларнинг эгалари бўлиши мумкин:

бошқа жисмоний шахслардан, электрон пулларнинг эмитентидан, электрон пуллар тизимининг операторидан ёки электрон пуллар тизимининг агентидан электрон пулларни олган жисмоний шахслар;

электрон пуллар тизимининг агентлари - электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар тизимининг оператори билан тузилган шартнома асосида электрон пулларни олиш ва жисмоний шахсларга реализация қилиш операцияларини амалга оширувчи банклар ёки тўлов агентлари;

жисмоний шахслардан электрон пулларни битимлар бўйича тўлов сифатида олган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар.

Электрон пуллар эгасининг ҳуқуқлари электрон пулларни олган пайтдан эътиборан юзага келади.



41-модда. Электрон пуллар тизимининг оператори

Тегишли лицензияга эга бўлган ва электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ёки бошқа юридик шахс электрон пуллар тизимининг операторидир. Электрон пуллар тизимининг оператори электрон пуллар эмитенти билан тузилган шартномага мувофиқ электрон пуллар тизимининг фаолият кўрсатиш қоидаларини белгилайди.

Электрон пуллар эмитенти ва электрон пуллар тизимининг оператори ўртасидаги муносабатлар, агар оператор электрон пулларнинг эмитенти бўлмаса, ушбу Қонун ва улар ўртасида тузилган шартнома билан тартибга солинади.

Электрон пуллар тизимининг оператори электрон пуллар эмитенти билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ ва электрон пуллар эмитенти томонидан ўзига берилган ваколатлар асосида унинг номидан электрон пуллар тизимида иштирок этувчи жисмоний шахслар, электрон пуллар тизимининг агентлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар билан шартномалар тузишга ҳақлидир. Бундай ҳолда электрон пулларнинг эгаси томонидан электрон пуллар тизимининг оператори билан тузилган шартномалар электрон пуллар эмитенти томонидан чиқарилган электрон пуллардан бир тизим доирасида фойдаланилганда электрон пулларнинг эмитенти билан тузилган шартномаларга тенглаштирилади.

Электрон пуллар тизимининг оператори электрон пуллар тизимининг ишлашини тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талаблар ва чекловларни ҳисобга олган ҳолда таъминлаши шарт.

Электрон пуллар эмитенти ва электрон пуллар тизимининг оператори электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартларига мувофиқ электрон пулларга рухсатсиз эга бўлиш ва (ёки) улардан рухсатсиз фойдаланганлик, шунингдек электрон пуллар эмитентининг дастурий таъминоти ишидаги ёхуд электрон пуллар тизимининг фаолият кўрсатишидаги хатолар ёки узилишлар оқибатида электрон пуллар эгасига етказилган зарар учун электрон пулларнинг эгаси олдида жавобгар бўлади.



42-модда. Электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш

Электрон пулларнинг эмитенти электрон пулларни чиқаришни жисмоний шахслардан ёки электрон пуллар тизимининг агентларидан ўз зиммасига оладиган мажбуриятларнинг номинал қийматига тенг бўлган суммадаги пул маблағларини олганидан кейин амалга оширади.

Электрон пуллар эмитенти ўзи чиқарган электрон пулларни уларнинг номинал қийматига мувофиқ миллий валютада қоплаш бўйича сўзсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Электрон пулларнинг эмитенти Марказий банкни электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилади.

Электрон пулларнинг эмитенти томонидан электрон пуллар эгасидан электрон пулларни чиқарганлик учун, шунингдек электрон пуллар эмитенти томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун воситачилик ҳақи ундириш электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисида тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Электрон пуллар эмитенти ва бу пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс ўртасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва улар ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома билан тартибга солинади.

Электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома тузилгунига қадар электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар эмитенти номидан иш юритувчи электрон пуллар тизимининг оператори электрон пуллар тизимида иштирок этмоқчи бўлган жисмоний шахсга:

электрон пуллар эмитентининг ва электрон пуллар тизими операторининг номи ҳамда жойлашган ери (почта манзили), шунингдек электрон пуллар тизимининг оператори банк ҳисобланмаган ҳолларда эса унинг лицензияси рақами тўғрисида;

электрон пуллардан фойдаланиш шартлари ҳақида;

электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплашда электрон пуллар эмитенти ва (ёки) электрон пуллар тизимининг оператори томонидан электрон пуллар эгасидан воситачилик ҳақини ундириш тартиби ва миқдори тўғрисида;

эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида, шу жумладан электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар тизимининг оператори билан боғланиш учун ахборот тақдим этиши шарт.

Электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада қуйидагилар бўлиши керак:

электрон пулларни чиқариш (сотиб олиш) шартлари;

операцияларни электрон пуллардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш шартлари, шу жумладан электрон пуллардан фойдаланиш учун белгиланадиган чекловлар;

электрон пуллар эгасининг электрон пулларга ва улардан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга оширишга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлаш тартиби;

электрон пулларни қоплашга тақдим этиш тартиби ва усуллари, уларни қоплаш тартиби;

электрон пуллардан фойдаланишда электрон пуллар эмитенти ва уларнинг эгаси ўртасида ахборот алмашиш тартиби, шу жумладан электрон пуллардан фойдаланиш назорати йўқолганлиги ёки бу пуллардан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида электрон пуллар эмитентига хабар бериш тартиби ва муддатлари;

тарафларнинг ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарлиги.

Электрон пулларни жисмоний шахсларга реализация қилиш ёки электрон пулларни жисмоний шахслардан сотиб олиш электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар тизимининг оператори билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти томонидан амалга оширилади, ушбу шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, электрон пулларни реализация қилиш ҳамда сотиб олиш тартиби ва шартлари белгиланади.



43-модда. Электрон пуллардан фойдаланиш

Электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс электрон пуллардан тўловларни ва электрон пуллар тизимининг қоидаларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган шартлар асосида эгасидан электрон пулларни электрон пуллар тизимининг бошқа иштирокчисига ўтказиш орқали бошқа операцияларни амалга ошириш мақсадида фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни тўлашда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган электрон пуллар қабул қилиниши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахс томонидан электрон пулларни битимларни амалга оширишда тўлов сифатида қабул қилиш электрон пуллар эмитенти ёхуд электрон пуллар тизимининг иштирокчиси бўлган бошқа банк билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Битимларни тузишда электрон пуллар тизимидан электрон пулларни олган якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахсда электрон пуллар эмитентига нисбатан қабул қилинган тўлов суммасидаги пулни талаб қилиш ҳуқуқи юзага келади.

Электрон пуллар эмитенти ва электрон пуллар тизимининг оператори электрон пуллар тизимида фирибгарликни ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни аниқлаш, шунингдек уларнинг олдини олиш мақсадида "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ташкилий ҳамда тартиб-таомилга оид чора-тадбирларни таъминлаш ва жорий этиш чораларини кўради.

Электрон пуллар тизимининг оператори "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг таъсир доирасига кирувчи операциялар ҳақидаги маълумотларни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ваколатли органга тақдим этади.

Электрон пуллар эмитенти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ваколатли органга банк ҳисобланмаган электрон пуллар тизимининг операторлари тўғрисидаги маълумотларни улар билан тегишли шартнома тузилганидан кейин тақдим этади.

Идентификация қилинган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслиги керак.

Идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаслиги керак. Мазкур сумма оширилганда электрон пуллар эгасини идентификация қилишни амалга ошириш зарур.

Электрон пуллар эгасини идентификация қилиш электрон пуллар эмитенти ва (ёки) электрон пуллар тизимининг оператори томонидан электрон пуллар эгасининг шахсан ҳозирлигида ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда ёхуд қонунчилик талабларига зид бўлмаган бошқа усулда, шу жумладан масофавий идентификация қилиш тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг битта электрон қурилмасида сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслиги керак.



44-модда. Электрон пулларни қоплаш

Электрон пуллар эмитенти томонидан ўзи чиқарган, электрон пуллар эгаси тақдим этган электрон пулларни уларнинг номинал қиймати бўйича тенг пул маблағлари суммасига алмаштириш амалга оширилишини назарда тутувчи тўлов хизмати электрон пулларни қоплашдир.

Агар электрон пуллар эмитенти ва электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс ўртасида тузилган шартномада электрон пуллар эмитентига ёки электрон пуллар тизими операторига воситачилик ҳақи назарда тутилмаган бўлса, электрон пулларни қоплаш электрон пуллар эмитенти томонидан электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг банк ҳисобварағига уларнинг номинал қиймати бўйича тенг бўлган пул маблағлари суммасини ўтказиш ёхуд унга нақд пул маблағларини бериш орқали амалга оширилади.

Агар электрон пуллар эмитенти ва якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс ўртасида тузилган шартномада бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, электрон пуллар эмитенти якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан жисмоний шахслардан битим бўйича тўлов чоғида олинган электрон пулларни қоплашни электрон пуллар келиб тушган кун давомида амалга оширади.

Якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан олинган электрон пуллар тўловчи бўлган жисмоний шахсга пулларни ўтказишлар чоғида қайтариш учун ушбу Қонунда назарда тутилган асосларга кўра ёки битим бекор қилинган тақдирда қопланмайди.

Агар электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар тизимининг оператори ва электрон пуллар эгаси ўртасида тузилган шартномада электрон пуллар эмитентига ёхуд электрон пуллар тизимининг операторига воситачилик ҳақи назарда тутилмаган бўлса, эгалари якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар бўлган электрон пулларни қоплаш уларнинг номинал қиймати бўйича тенг пул маблағлари суммасини якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг банк ҳисобварағига ўтказиш орқали амалга оширилади.



9-БОБ. ФАРМОЙИШНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА БАЖАРИШ


45-модда. Фармойишни тақдим этиш

Фармойиш топшириқнома ёки талабнома шаклида (тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси, инкассо топшириқномаси ва аккредитивга ариза) қоғозда ёки электрон тарзда тақдим этилиши мумкин.

Фармойишни қабул қилиш, шунингдек инкассо топшириқномасини чақириб олиш тўловчининг банки томонидан операция куни давомида амалга оширилади.

Агар фармойиш операция куни тугаганидан кейин олинган бўлса, бундай фармойиш тўловчининг банки томонидан кейинги операция куни бошланганда олинган деб ҳисобланади.

Фармойишни тақдим этиш ёки уни чақириб олиш, шунингдек унинг бажарилишини тўхтатиб туриш:

тегишли электрон алоқа каналларидан ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда ўтказиш орқали;

электрон алоқа каналларидан ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиш имконияти бўлмаганда электрон жисмда;

тўлов ҳужжатининг асл нусхасини, уни чақириб олиш ёки унинг бажарилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмани қоғозда тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Фармойишни электрон усулда ёки электрон жисмда тақдим этишга ёки чақириб олишга, шунингдек унинг бажарилишини тўхтатиб туришга Марказий банк томонидан белгиланган талабларга риоя этилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Агар ташаббускор банкнинг мижози бўлса, ташаббускор томонидан банкка фармойишни тақдим этиш усуллари, тартиби ва шартлари улар ўртасидаги шартномада акс эттирилади. Агар ташаббускор банкнинг мижози бўлмаса, ташаббускор томонидан фармойишни тақдим этиш Марказий банк томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



46-модда. Фармойишни бажариш

Банк фармойишни қабул қилаётганда унинг шартнома талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириши ҳамда уни бажариши ёки бажаришни рад этиши шарт.

Бенефициарнинг банки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда фармойишни бажаришни рад этади ҳамда бу ҳақда дарҳол тўловчига хабар қилади.

Агар тўловчи ва тўловчининг банки ўртасидаги шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тўловчининг банки томонидан фармойиш бажарилиши учун тўловчи фармойишни бажариш учун зарур бўлган пул маблағларининг суммасини таъминлаши шарт.

Банк томонидан фармойишнинг бажарилишини рад этиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

агар шартномада тўловни амалга ошириш учун тўлов хизматларини етказиб берувчи томонидан тўлов хизматидан фойдаланувчига кредит ажратишга доир хизмат кўрсатиш назарда тутилмаган бўлса, тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган пул маблағлари суммасининг мавжуд бўлишини тўловчи таъминламаганда;

агар фармойишда сохталаштириш, тузатиш, тўлдириш ва ўчириш белгилари бўлса, шу жумладан фармойиш тўловчи ва тўловчининг банки ўртасидаги шартномада белгиланган рухсат этилмаган тўловлардан ҳимоя қилиш ҳаракатлари тартиби бузилган ҳолда топширилган бўлса;

ташаббускор томонидан фармойишни тузиш ва тақдим этиш тартибига доир шартнома шартларида белгиланган талабларга риоя этилмаганда;

"Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда;

банк ҳисобварағидан пул маблағларини ундириш тўғрисидаги талабнома қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган банк ҳисобварағига тақдим этилган ҳолларда;

рухсат этилмаган тўлов аниқланганда, шунингдек бенефициар фойдасига ўтказиладиган пул маблағларини олишнинг қонунга зид фактлари аниқланган ва тасдиқланган ҳолларда;

банк ҳисобварағига доир бажарилмаган талаблар ва (ёки) ваколатли давлат органларининг банк ҳисобварағи бўйича харажатларга доир операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) банк ҳисобварағидаги пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари мавжуд бўлганда.

Фармойишни бажариш:

агар банк бенефициарга хизмат кўрсатмаса, фармойишни бенефициарнинг банкига бериш;

агар тўловчининг банки бенефициарнинг банки бўлса, пул маблағларини ўтказишни якунлаш;

агар банк тўловчига хизмат кўрсатса, нақд пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги фармойишни тақдим этган ташаббускорга нақд пул маблағларини бериш орқали амалга оширилади.



47-модда. Фармойишни бажариш муддати

Тўловчи томонидан фармойиш тақдим этилган операция кунида банк фармойишнинг бажарилишини таъминлайди.

Халқаро тўловлар валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда, фармойиш олинган пайтдан эътиборан икки операция кунидан кечиктирмай бажарилади.

Пул маблағларини бенефициарнинг банк ҳисобварағига ёки пул маблағлари бенефициарнинг фойдасига қабул қилинишини акс эттирувчи бошқа ҳисобвараққа ўтказишга доир фармойишни бажариш фармойиш олинган кундаги операция куни давомида бенефициарнинг банки томонидан амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи - учинчи қисмларида назарда тутилган нормалар:

инкассо топшириқномаси, тўлов талабномаси ёки аккредитивга ариза орқали тақдим этилган;

ноаниқ муддатларда бажарилиши лозим бўлган;

келгусидаги валюталаштириш санасига эга бўлган;

чакана савдода ёки электрон тижоратни амалга оширишда товарлар, ишлар ва хизматларни олиш учун электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш чоғида тўлов хизматларидан фойдаланувчининг розилиги тарзида ифодаланган фармойишнинг бажарилишига нисбатан татбиқ этилмайди.



48-модда. Валюталаштириш санасига эга

бўлган фармойишни бажариш

Тўлов ҳужжатида кўрсатилган валюталаштириш санаси тўлов ҳужжати ёзиб берилган санадан эътиборан ўн кундан ошиши мумкин эмас.

Валюталаштириш санасига эга бўлган фармойишни бажаришда тўловчининг пул маблағлари банк ҳисобварағида захирага қўйилади ёки тўловчи банкининг ички баланс ҳисобварағига (транзит ҳисобварағига) ўтказилади.

Захирага қўйилган пул маблағларини ўтказиш ёки тўловчи банкининг махсус транзит ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш тўлов ҳужжатида кўрсатилган валюталаштириш санасидан кечиктирмай, бенефициарнинг банки томонидан пул маблағларини бенефициарнинг банк ҳисобварағига ўтказиш имконини берадиган вақт ҳисобга олинган ҳолда, тўловчининг банки томонидан амалга оширилади.

Агар валюталаштириш санаси дам олиш кунига тўғри келадиган бўлса, бенефициарнинг банки валюталаштириш санаси деб белгиланган кундан кейинги биринчи иш кунида пул маблағларини бенефициарнинг банк ҳисобварағига ўтказади.

Пул маблағлари тўлов ҳужжатида кўрсатилган валюталаштириш санасига мувофиқ бўлмаган операция кунида бенефициарнинг банк ҳисобварағига ўтказилган тақдирда валюталаштириш санасига эга бўлган фармойиш шартларини бузган банк банк ҳисобварағи шартномасида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



49-модда. Тўловчида фармойишни бажариш учун зарур

бўлган пул маблағлари суммаси мавжуд бўлмаганда

ёки етарли бўлмаганда фармойишни бажариш

Тўловчида фармойишни бажариш учун зарур бўлган пул маблағлари суммаси мавжуд бўлмаганда ёки етарли бўлмаганда фармойишни бажариш қонунга мувофиқ амалга оширилади.



10-БОБ. ТЎЛОВЛАРНИ ЯКУНЛАШ ВА ҚАЙТАРИШ


50-модда. Тўловларни якунлаш

Агар тўлов нақд пул маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилса, тўловни якунлаш бенефициар ёки бенефициар ваколатли этиб белгилаган шахс томонидан пул маблағлари олинган пайтда юз беради.

Агар тўлов тўлов ҳужжати асосида амалга оширилса, тўловни якунлаш бенефициарнинг ҳисобварағига пул маблағлари келиб тушган пайтда юз беради.

Агар тўлов пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилса, тўловни якунлаш пул маблағларини қуйидаги йўллар билан ўтказиш якунланган пайтда юз беради:

пул маблағлари келиб тушганда бенефициарнинг банк ҳисобварағи бўйича бухгалтерия ёзувини киритишни амалга ошириш;

пулни ўтказиш бенефициар ҳисобварағи очилмасдан амалга оширилганда бенефициарнинг банки томонидан бенефициарга нақд пул маблағларини ҳақиқатда бериш;

бошқа ҳисобварақ бўйича бенефициар фойдасига пул маблағларини қабул қилишни акс эттирадиган бухгалтерия ёзувини киритишни амалга ошириш.

Агар тўлов электрон пулларни ўтказиш орқали амалга оширилса, тўловни якунлаш бенефициар томонидан электрон пуллар олинган пайтда юз беради. Қабул қилинган электрон пуллар суммаси тўғрисидаги, ушбу пуллар бенефициар бўлган бошқа шахс фойдасига келиб тушганлиги ҳақида далолат берувчи ахборотнинг электрон пуллар тизимида акс эттирилиши электрон пуллар олинган пайтдир.



51-модда. Рухсат этилган ва рухсат этилмаган тўловлар

Агар тўлов ушбу тўловни амалга ошириш ваколатига эга бўлган шахс томонидан амалга оширилган бўлса ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига зид бўлмаса, рухсат этилган тўлов бўлади. Тўлов пул ўтказиш орқали амалга оширилган тақдирда, башарти фармойиш тўловчининг банки томонидан рухсат этилмаган тўловлардан ҳимоя қилиш ҳаракатларининг белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса ҳам тўлов рухсат этилган деб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда амалга оширилган тўлов рухсат этилмаган тўлов ҳисобланади. Қалбаки тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тўлов ҳам рухсат этилмаган тўлов ҳисобланади.

Банк ва тўловчи электрон тўлов воситалари ёрдамида тўловларни амалга ошириш чоғида рухсат этилмаган тўловлардан хавфсизликни таъминлаш тартиб-таомилларининг бажарилишини таъминлайди.

Рухсат этилмаган тўловлардан хавфсизликни таъминлаш тартиб-таомиллари тўловлар иштирокчилари ўртасида тузилган шартномалар ва (ёки) электрон тўлов ҳужжатларини ўтказиш амалга ошириладиган тўлов тизимининг ишлаш қоидалари билан белгиланади.



52-модда. Тўловлар бўйича пул маблағларини қайтариш

Пул маблағларини ўтказишда амалга оширилган тўловлар бўйича пул маблағларини қайтариш пул маблағларини ўтказиш юзасидан нотўғри фармойишни бажариш натижасида рухсат этилмаган тўлов факти аниқланган ҳолларда амалга оширилади.

Ташаббускор томонидан юборилган фармойиш, агар унда олдинги жўнатувчидан олинган фармойишнинг реквизитларига мос келмайдиган реквизитлар мавжуд бўлса ёки у такроран берилган бўлса, нотўғри фармойиш бўлади.

Нотўғри фармойиш ёки рухсат этилмаган тўлов бўйича пул маблағларини қайтариш бенефициарнинг банки томонидан бенефициар розилигисиз мазкур пул маблағлари ўтказилган бенефициарнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини олиб қўйиш орқали амалга оширилади.

Нотўғри фармойиш ёки рухсат этилмаган тўлов бўйича пул маблағларини қайтариш бенефициарнинг банки томонидан ушбу факт аниқланган кундан эътиборан кейинги операция кунидан кечиктирмай, бенефициарнинг банк ҳисобварағида мавжуд пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бундан банк ҳисобварағига доир бажарилмаган талаблар ва (ёки) ваколатли давлат органларининг банк ҳисобварағи бўйича харажатлар операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) банк ҳисобварағидаги пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари мавжуд бўлган ҳоллар мустасно.

Бенефициарнинг банк ҳисобварағида пул маблағлари етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган ҳолларда, нотўғри фармойиш ёки рухсат этилмаган тўлов бўйича пул маблағларини қайтаришни ушбу маблағларни нотўғри ўтказишга ёхуд рухсат этилмаган тўловга йўл қўйган шахс ушбу факт аниқланган кундан эътиборан кейинги операция кунидан кечиктирмай ўз пул маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Пул маблағлари қайтарилган тақдирда, пул маблағларини ўтказишда иштирок этадиган ҳар бир жўнатувчи бундай пул маблағларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳамда пул маблағларини қайтариш натижасида ҳақиқатда қилинган харажатларнинг ўрни тўлов тизимининг (шу жумладан воситачи банкнинг) нотўғри фармойишга ёки рухсат этилмаган тўловга йўл қўйган иштирокчисининг пул маблағлари ҳисобидан қопланиши ҳуқуқига эга бўлади.



11-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИДА АХБОРОТНИ

ВА ХАВФСИЗЛИКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ

ТАЪМИНЛАШ


53-модда. Тўлов тизимида ахборотни

ҳимоя қилиш талаблари ва тартиби

Тўлов тизимида ахборотни ҳимоя қилиш ва уни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш тартиби ушбу Қонун ҳамда тўлов тизимларининг қоидалари билан белгиланади.

Тўлов тизимларининг операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар:

тўловлар тўғрисидаги ахборотни шакллантириш, унга ишлов бериш, уни узатиш ва сақлашнинг барча босқичларида ушбу ахборотни узлуксиз ҳимоя қилишни;

ахборотнинг махфийлиги ва яхлитлигини, шу жумладан тўлов хизматларидан фойдаланувчининг шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш учун етарли бўлган хавфсизлик режимини;

ахборот тизимларида ишлаш чоғида, шу жумладан ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш муҳити ва иш тизимида ходимларнинг ваколатларини чегаралашни;

ахборот тармоқларини, шу жумладан Интернет тармоғини, шунингдек серверлар ва алоқа каналларини эҳтимол тутилган ҳужумлардан ҳимоя қилишни;

тўловлар бўйича махфий маълумотлардан ва ўта муҳим мантиқий ҳамда жисмоний ресурслардан (ахборот тармоқлари, ахборот тизимлари, маълумотлар базаларидан, ахборотни ҳимоя қилиш модулларидан) фойдаланиш мониторингини;

тўловларни ва пул маблағларини ўтказишни амалга ошириш чоғида ахборотнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган нохуш ҳодисаларни аниқлаш учун мўлжалланган ахборотни ҳимоя қилишнинг ташкилий чоралари ва техник воситалари қўлланилишини;

ахборотнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган аниқланган нохуш ҳодисаларга нисбатан таъсир чоралари кўрилишини;

ахборотнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган аниқланган нохуш ҳодисалар сабабларини таҳлил қилишни, бундай нохуш ҳодисаларга таъсир кўрсатиш натижаларини баҳолашни таъминлайди.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар:

фармойиш алоқа каналлари орқали жўнатилганда тўлов хизматларидан фойдаланувчини кўп омилли аутентификация қилиш тартиб-таомилини қўллаши. Кўп омилли аутентификация мобиль ва алоқасиз тўловларни амалга ошириш чоғида қўлланилмайди;

масофавий хизмат кўрсатиш тизимларида ҳимояланган алоқа каналини ташкил этиши;

ҳодисаларни қайд этишнинг тегишли дафтарларини юритиш, сақлаш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўлиши;

алоқа сеанси доирасида Интернет тармоғи орқали ахборотни криптографик ҳимоя қилишнинг лицензияланган воситаларидан фойдаланган ҳолда шифрланган шаклдаги махфий маълумотларни алмашишни амалга ошириши шарт.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар фақат тўлов хизматларини кўрсатиш учун зарур шахсга доир маълумотлардан фойдаланиши, уларга ишлов бериши ва уларни сақлаши мумкин, бунда улар тўлов хизматларидан фойдаланувчидан хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотлардан ташқари ҳеч қандай маълумотларни сўрашга ҳақли эмас.



54-модда. Тўлов хизматларидан

фойдаланувчиларга доир талаблар

Электрон тўлов воситаси ўзига тақдим этилган тўлов хизматларидан фойдаланувчи электрон тўлов воситасидан уни бериш ва ундан фойдаланиш шартларига мувофиқ фойдаланиши, шунингдек тўлов хизматларини етказиб берувчини ёки у томонидан кўрсатилган шахсни тўлов воситаси йўқолганлиги, ўғирланганлиги, ўзлаштирилганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида дарҳол хабардор этиши шарт.



55-модда. Хавфсизликни таъминлаш

билан боғлиқ таваккалчиликлар

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар операцияларга доир таваккалчиликларни ҳамда тўлов хизматларини кўрсатиш чоғида хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтириш ва назорат қилиш чоралари тизимини таъминлаши шарт. Тўлов хизматларини етказиб берувчилар нохуш ҳодисаларга таъсир кўрсатишнинг самарали тартиб-таомилларини ишлаб чиқиши ва сақлаб туриши шарт.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар ҳар йили, келгуси йилнинг биринчи апрелидан кечиктирмай Марказий банкка хавфсизликнинг таъминланиш ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт.



56-модда. Тўлов тизимлари операторларининг,

тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг ва

ташаббускорнинг ахборотни ҳимоя қилишни

таъминлаш бўйича жавобгарлиги

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар тўлов тизимлари ёрдамида ишлов бериладиган ахборотни ҳимоя қилиш юзасидан қонунчиликда ва тўлов тизимлари қоидаларида белгиланган талабларни бажариши шарт.

Агар рухсат этилмаган тўловлар ташаббускорнинг фирибгарлик ҳаракатлари натижасида ёки ўзининг идентификациялаш воситалари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун чоралар кўрмаганлиги оқибатида содир этилган бўлса, ташаббускор рухсат этилмаган тўловлар туфайли етказилган зарарлар учун жавобгар бўлади.



57-модда. Ахборот хавфсизлиги соҳасида тўлов

тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини

етказиб берувчилар устидан назорат қилиш

Ахборот хавфсизлиги соҳасида тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар устидан назорат Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Ахборот хавфсизлиги режими бузилган тақдирда, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчилар қоидабузарлик аниқланганидан кейин бу ҳақда ҳамда унинг оқибатларини камайтириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Марказий банкка тезкорлик билан хабар бериши шарт. Марказий банк тўлов тизимларининг ахборот хавфсизлиги режими бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиришни ва юритишни амалга оширади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


58-модда. Тўловлар бўйича мажбуриятлар

бажарилишини таъминлаш

Тўлов хизматларини етказиб берувчи томонидан тўловларни амалга ошириш муддатлари бузилган тақдирда, у муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун муддати ўтган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтган тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.

Тўлов хизматларини етказиб берувчининг айби билан тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у хато аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай пул маблағларини олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, тўловчи қонунда белгиланган тартибда тўлов хизматларини етказиб берувчидан маблағларни қайтаришни, шунингдек муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ нотўғри амалга оширилган тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.



59-модда. Низоларни ҳал этиш

Тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



60-модда. Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



61-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Марказий банк ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



62-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ушбу Қонун кучга киргандан сўнг уч ой мобайнида ўз фаолиятини мазкур Қонун талабларига мувофиқлаштириши шарт.



63-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 2 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 ноябрь, 45-сон, 843-модда





















































Время: 0.2191
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск