ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 02.11.2019 й. ПҚ-4505-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 2 ноябрдаги

ПҚ-4505-сон қарорига

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий

мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини (кейинги ўринларда - ҳуқуқий мониторинг) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Қуйидагилар ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашнинг ягона амалиётини жорий этиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш.


3. Ҳуқуқий мониторинг объектига:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари киради.


4. Ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича амалга оширилади.

Ҳуқуқий мониторинг ўтказишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш давлат бошқаруви органларининг юридик хизматлари (кейинги ўринларда - юридик хизматлар) томонидан амалга оширилади.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказишда давлат бошқаруви органлари адвокатлар, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини, шунингдек, фуқароларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақли. Ушбу тадбирларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат органининг таркибий бўлинмалари юридик хизматга ахборотнинг ўз вақтида, тўлиқ, ишончли ва сифатли топширилиши учун жавобгардир.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда - Адлия вазирлиги) ҳуқуқий мониторингни ўтказиш бўйича давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Адлия вазирлиги:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий мониторингини ўтказиш ташаббуси билан чиқишга;

давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этишга ҳақли.


6. Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимидаги махсус электрон майдончада Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакллар асосида амалга оширилади.


7. Ҳуқуқий мониторинг ушбу Низом иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан қўшимча ҳуқуқий мониторинг ўтказиш талаб этилган тақдирда, ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан мониторинг режасига қўшимча киритилмасдан амалга оширилади.



2-БОБ. МОНИТОРИНГ РЕЖАСИНИ ИШЛАБ

ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


8. Ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режаси (кейинги ўринларда - мониторинг режаси) давлат бошқаруви органлари таклифлари ҳамда ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган кўрсаткичлар асосида ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


9. Мониторинг режасида қуйидагилар акс эттирилади:

ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар номи;

ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши учун асослар;

ҳуқуқий мониторинг ўтказиш учун масъул давлат органи;

ҳуқуқий мониторинг ўтказиш муддати.


10. Ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги кўрсаткичларни таҳлил қилиш якунлари бўйича белгиланади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тушунтириш масалалари бўйича мурожаатлар сони (таклифлар, аризалар, шикоятлар);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш билан боғлиқ, шу жумладан, ҳуқуқий тартибга солишдаги мавжуд низолар ва камчиликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари маъноларининг бузилиши ва уларни бир хилда қўллашнинг бузилиши билан боғлиқ қаноатлантирилган мурожаатлар (таклифлар, аризалар, шикоятлар) сони ва мазмуни;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашда давлат бошқаруви органларининг ноқонуний ёки асоссиз қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) мавжудлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиш соҳасидаги қайд этилган қоидабузарликларнинг сони ва характери, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари сони;

аризачиларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган муносабатлардан келиб чиқадиган талабларини қаноатлантириш (қаноатлантиришни рад этиш) тўғрисидаги қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари сони ва уларни қабул қилиш учун асослар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар мавжудлигини кўрсатувчи бошқа кўрсаткичлар.


11. Давлат бошқаруви органлари ҳар йили 1 февралга қадар ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган кўрсаткичлар асосида мониторинг режаси лойиҳасини шакллантириш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқади ва биринчи раҳбар имзоси билан Адлия вазирлигига тақдим этади.

Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг таклифлари асосида ҳар йили 20 февралга қадар мониторинг режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мониторинг режаси лойиҳасиҳар йили 20 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.


3-БОБ. ҲУҚУҚИЙ МОНИТОРИНГНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


12. Давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг қуйидаги босқичларда ўтказилади:

ҳуқуқий мониторинг объектига оид маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

таҳлилий маълумотнома тайёрлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда уларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотнома ва таклифларни Адлия вазирлигига тақдим қилиш.


13. Ҳуқуқий мониторингни амалга оширишда маълумотлар қуйидаги кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилинади ва баҳоланади:

қабул қилиниши юқори юридик кучга эга ҳужжатларда назарда тутилган қонуности ҳужжатларнинг мавжудлиги;

қонуности ҳужжатлари қабул қилинишида қонун ҳужжатлари нормаларининг маънолари бузилиши;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига номувофиқлиги;

умумий характердаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжудлиги;

турли даврларда қабул қилинган бир хил муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда зиддиятларнинг мавжудлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва терминлар тизимининг мавжудлиги;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳуқуқий-техник характердаги хатолар мавжудлиги;

мурожаатлар сони ва мазмуни (таклифлар, аризалар, шикоятлар);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашнинг ягона амалиёти мавжудлиги (йўқлиги);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллашда унинг маъноси бузилиши;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллашда ноқонуний ёки асоссиз қарорлар, ҳаракат (ҳаракатсизлик)нинг мавжудлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатини кенг талқин қилиш имконини берадиган меъёрларнинг мавжудлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш соҳасидаги қайд этилган ҳуқуқбузарликларнинг сони ва характери, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги камчиликлар мавжудлигини кўрсатувчи бошқа кўрсаткичлар.


14. Ҳуқуқий мониторинг ўтказиш жараёнида давлат бошқаруви органлари томонидан аниқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ноаниқлиги ёки қарама-қаршилиги мавжуд бўлган тақдирда, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш предметини баҳолайди, ўз хулосасини шакллантиради ва давлат бошқаруви органларига муайян ҳолатни тартибга солиш бўйича хулосасини юборади.


15. Давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари:

мониторинг режасига мувофиқ ҳуқуқий мониторинг ўтказади ҳамда натижаларини таҳлил қилади;

юридик хизматларга таҳлилий маълумотномалар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда уларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни тақдим этади.


16. Юридик хизматлардавлат органи таркибий бўлинмаларининг ҳуқуқий мониторингни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда таркибий бўлинмалар томонидан тақдим этилган таҳлилий маълумотномалар ҳамда таклифларни умумлаштиради.


17. Ўтказилган ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича давлат бошқаруви органлари мониторинг режасига мувофиқ таҳлилий маълумотларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда уларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига киритади.



4-БОБ. ҲУҚУҚИЙ МОНИТОРИНГ

ЎТКАЗИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


18. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш даврида ёки якунида давлат бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан қўшимча ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши мумкин.


19. Мониторинг режасида белгиланган муддатлар бузилган тақдирда, нотўғри, ишончсиз ёки тўлиқ бўлмаган, шу жумладан, ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган кўрсаткичларни қамраб олмасдан, ахборот тақдим этилганда ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказишда қонунбузилишларни бартараф этиш тўғрисида давлат бошқаруви органларига ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритишга ҳақли.


20. Адлия вазирлиги ҳар чоракда давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши аҳволини таҳлил қилади, натижалари бўйича зарур ҳолларда, ҳуқуқий мониторингни сифатли ва тўлиқ ўтказиш бўйича давлат бошқаруви органларига тегишли маслаҳатлар бериши ёхуд ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган чораларни амалга ошириши мумкин.


21. Давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши аҳволи ҳар чоракда давлат бошқаруви органлари ҳайъат ёки бошқа коллегиал органлари мажлисларида муҳокама қилиб борилади.


22. Ҳуқуқий мониторинг ўтказилишининг аҳволини муҳокама қилиш бўйича мажлисларда мазкур Низом талабларининг бузилишига йўл қўйган давлат бошқаруви органлари масъул шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўриш масалалари кўриб чиқилади.



5-БОБ. ҲУҚУҚИЙ МОНИТОРИНГ НАТИЖАЛАРИ

БЎЙИЧА ЯКУНИЙ МАЪЛУМОТ


23. Давлат бошқаруви органлари ҳар йили 1 февралга қадар мониторинг режасига мувофиқ ўтган йилда улар томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Адлия вазирлигига тақдим этади.


24. Адлия вазирлиги ҳар йили 20 февралга қадар давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасиҳар йили 20 мартга қадар ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни муҳокама қилган ҳолда тасдиқлайди.

26. Ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилади:

мониторинг режасининг бажарилиши натижалари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилиш зарурати;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятлар, шунингдек, коррупцияга оид нормаларни бартараф этиш чораларини кучайтириш бўйича таклифлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органлари.


27. Ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳуқуқий мониторинг натижаларини амалга оширишга қаратилган "йўл харитаси" тасдиқланади;

ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисобот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

Ҳуқуқий мониторинг натижаларидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тайёрлашда фойдаланилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Жамоатчилик ўтказилган ҳуқуқий мониторинг юзасидан ўзларининг эътирозларини, шунингдек, ҳуқуқий мониторинг сифатини яхшилаш юзасидан таклифларини Адлия вазирлигига билдириши мумкин.


29. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда ўрнатилган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг

ҳуқуқий мониторингини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Давлат бошқаруви органлари


1. Ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режаси (кейинги ўринларда - мониторинг режаси) лойиҳасини шакллантириш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш.


2. Таклифларни биринчи раҳбар имзоси билан Адлия вазирлигига тақдим этиш.


Ҳар йили

1 февралга

қадар







2-босқич

Адлия вазирлиги


1. Мониторинг режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2. Мониторинг режаси лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ҳар йили

20 февралга

қадар







3-босқич

Вазирлар Маҳкамаси


1. Мониторинг режаси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилиш.

2. Мониторинг режасини тасдиқлаш.


Ҳар йили

20 мартга

қадар







4-босқич

Давлат бошқаруви органлари


1. Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш.


2. Таҳлилий маълумотларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда уларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига киритиш.



Йил давомида



Ҳар чоракда







5-босқич

Адлия вазирлиги


1. Давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши аҳволини таҳлил қилиш.


2. Таҳлил натижалари бўйича зарур ҳолларда, ҳуқуқий мониторингни сифатли ва тўлиқ ўтказиш бўйича давлат бошқаруви органларига тегишли маслаҳатлар бериш ёхуд ҳуқуқий мониторингини ўтказишда қонунбузилишларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш.


Ҳар чоракда







6-босқич

Давлат бошқаруви органлари


Мониторинг режасига мувофиқ ўтган йилда улар томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Адлия вазирлигига тақдим этиш.


Ҳар йили

1 февралга

қадар







7-босқич

Адлия вазирлиги


Ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ҳар йили

20 февралга

қадар







8-босқич

Вазирлар Маҳкамаси


1. Ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилиш ҳамда тасдиқлаш.

2. Ҳуқуқий мониторинг натижаларини амалга оширишга қаратилган "йўл харитаси"ни тасдиқлаш ҳамда ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш чораларини кўриш.


Ҳар йили

20 мартга

қадар



Белгиланган муддатларда

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 ноябрь, 45-сон, 847-модда































Время: 0.0037
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск