ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солиш / Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини ташкил этиш /

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 05.04.2018 й. ПҚ-3654-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 5 апрелдаги

ПҚ-3654-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи

ишлар вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулияти, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисоботини юритиш тартибини, шунингдек, вазирлик раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Вазирлик давлат бошқаруви органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи ва ташқи иқтисодий сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва таъминлаш учун жавобгардир.

Вазирлик ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита раҳбарлигида амалга оширади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, халқаро шартномаларга ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қилади.


4. Вазирлик томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.


5. Вазирликнинг, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ва миссияларининг, вазирликка идоравий бўйсунувчи "Дунё" ахборот агентлиги, Таҳлил ва прогнозлаштириш маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Таржимонлар бюроси (кейинги ўринларда - идоравий бўйсунувчи ташкилотлар)нинг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

6. Вазирлик, чет эллардаги муассасалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотлар юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг банкларида, шу жумладан чет эл валютасида ҳисобварақларга эгадир.


7. Вазирликнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги;

б) рус тилида:

Министерство иностранных дел Республики Узбекистан;

в) инглиз тилида:

The Ministry of Foreign Affairs of the Republic of Uzbekistan.


8. Вазирлик жойлашган манзил (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИК ТУЗИЛМАСИ


9. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалар (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлинмалар);

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ва миссиялари (кейинги ўринларда - чет эллардаги муассасалар);

"Дунё" ахборот агентлиги;

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети;

Таҳлил ва прогнозлаштириш маркази;

Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш маркази;

Таржимонлар бюроси.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралари бузилмаслигини, шунингдек, бошқа миллий манфаатларини сиёсий-дипломатик ва халқаро-ҳуқуқий воситалар билан ҳимоя қилишни таъминлаш;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан алоқаларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи ва ташқи иқтисодий сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, соҳага алоқадор вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг миллий манфаатларига даҳлдор халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича фаолиятини, шу жумладан ўзининг ҳудудий бўлинмалари орқали мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан сиёсий-дипломатик, ҳарбий-техник, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестицион, илмий-таълим, маданий-гуманитар, парламентлараро алоқалар ҳамда бошқа алоқаларини йўлга қўйиш ва изчил ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш, миллий товарлар ва хизматларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш ҳамда мамлакатга туристлар оқимини кўпайтириш учун қулай ташқи сиёсий шароитларни шакллантириш;

хорижий шерикларнинг савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва молиявий-техникавий салоҳиятидан, улар билан ўзаро ҳамкорлик даражаси ва кўламидан, уларнинг халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва ролидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини эътиборга олиб соҳага алоқадор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳаларда Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини, шунингдек, минтақавий ва глобал ривожланишнинг энг муҳим масалалари бўйича мамлакатнинг ўрни ва позициясини илгари суриш;

халқаро муносабатлар ривожи тенденцияларини тизимли таҳлил қилиш, жаҳон сиёсий-иқтисодий жараёнлари ва хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг вужудга келаётган динамикасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий манфаатларига потенциал хавф-хатарларни прогнозлаш ва аниқлаш, шунингдек, ушбу хавф-хатарларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган самарали олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, ишончли ва масъулиятли шерик сифатида мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишлари тўғрисида холис ахборотни комплекс тарзда етказиш бўйича чет мамлакатларда фаол ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги фуқаролари ҳамда юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини дипломатик ва халқаро-ҳуқуқий воситалар билан ҳимоя қилиш;

чет элларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан самарали алоқа ва муносабатларни, шунингдек, хорижий давлатлардаги ўзбек диаспораси вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш;

дипломат кадрларни профессионал тайёрлаш, шунингдек, Вазирлик тизимидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкиллаштириш.


11. Вазирлик ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) сиёсий-дипломатик соҳада:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти стратегиясига таклифлар ишлаб чиқади, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентини, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органларини халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ахборот билан таъминлайди;

халқаро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради ва хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда халқаро алоқаларнинг бошқа субъектлари билан расмий, шу жумладан дипломатик ва консуллик муносабатларини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг парламентлараро алоқалар ва бошқа ташқи алоқаларни амалга оширишига кўмаклашади;

минтақада ва дунёдаги вазиятни муттасил мониторинг қилиш, таҳдидлар ва хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва баҳолаш, халқаро сиёсат ва жаҳон иқтисодиётидаги жараёнлар ҳамда тенденцияларни ўрганиш ва таҳлил қилишга қаратилган тизимли, ахборот-таҳлилий ишларни амалга оширади ҳамда улар асосида прогнозлар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати тўғрисида холис ахборотни етказиш, унинг жаҳон майдонидаги халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсатни шакллантирувчи ва эксперт доиралари ҳамда жаҳон жамоатчилиги билан ҳамкорлик қилади;

давлатлар, ҳукуматлар раҳбарлари ва бошқа олий мансабдор шахсларнинг ташрифларини, шунингдек, сиёсий аҳамиятга молик бошқа халқаро тадбирларни ахборот ва протокол-ташкилий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўради;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа халқаро алоқалар субъектлари билан муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи сиёсатини амалга ошириш мақсадида халқаро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

б) савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида:

Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи иқтисодий сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштиради ҳамда мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти қатнашчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

чет мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш тенденциялари ва динамикасини, шунингдек, уларнинг ташқи иқтисодий сиёсатидаги устувор йўналишларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилади;

савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, маҳаллий товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ҳажмларини кўпайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш, республиканинг туристик салоҳиятини рўёбга чиқариш, мамлакатнинг транспорт коммуникациялари ва транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

етакчи хорижий компаниялардан бўлган ишбилармон шериклар билан алоқалар ўрнатиш, хорижий давлатларнинг турдош ташкилотлари билан учрашув ва музокараларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўмаклашади;

ҳамкор мамлакатларга маҳаллий товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмларини кўпайтиришга, улар билан ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўради;

инвестицияларни, илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жалб этиш, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишда замонавий менежмент тажрибасини ўрганиш мақсадида хорижий ташкилотлар ва компаниялар билан, халқаро молия институтлари ва фондлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб боради;

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида жалб қилиш мақсад қилинган инвесторларни аниқлайди, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланадиган инвестиция таклифларини уларга етказади, музокаралар ўтказишга ва ўзаро амалий ташрифларни ташкил этишга кўмаклашади;

шу жумладан миллий туристик маҳсулотларни олға силжитиш, шунингдек, республиканинг туристик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича биргаликдаги дастурлар ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга етакчи хорижий компанияларни таклиф этиш орқали Ўзбекистон Республикасига чет мамлакатлардан туристлар оқимини жалб этиш чораларини кўради;

халқаро транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини ташиш ва транзит қилиш учун имтиёзли тартиблар қўлланилишига кўмаклашади;

мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, Ўзбекистон Республикасининг экспорт, инвестициявий ва туристик салоҳияти тўғрисида холис ва ишончли ахборотни чет эллик шерикларга етказиш чораларини кўради;

амалий аҳамиятга эга ва ўзаро манфаатли давлатлараро ташқи иқтисодий келишувлар ва битимларга эришишга кўмаклашади;

олий ва юқори даражалардаги ташрифлар доирасида эришилган, шунингдек, хорижий шериклар билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича "йўл хариталари"га киритилган ташқи иқтисодий келишувлар амалга оширилишининг тизимли мониторинг қилинишини таъминлайди;

хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар)нинг Ўзбекистон қисми фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларнинг котибиятлари функцияларини амалга оширади;

в) маданий-гуманитар ва илмий-техник соҳаларда:

санъат арбоблари, ижодий жамоалар ва ижрочиларнинг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш орқали хорижий мамлакатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашади, шунингдек, маданият ва спорт соҳасида халқаро тузилмалар ва институтларда Ўзбекистон Республикасининг фаол иштирокини таъминлайди;

ўзбек маданиятининг энг яхши ютуқлари чет элларда кенг намойиш этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон ёшлар ташкилотларининг халқаро маданий-гуманитар ҳамкорликда фаол иштирок этишига, уларнинг чет мамлакатлардаги худди шундай бирлашмалар билан самарали ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашади;

етакчи хорижий таълим муассасалари, илмий марказлари ва юқори технологияли компаниялар билан биргаликдаги тадқиқот ҳамда таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга кўмаклашади;

г) консуллик-ҳуқуқий ёрдам, ватандошлар билан ҳамкорлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги фуқаролари ва юридик шахсларига консуллик хизматлари кўрсатади ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

чет элларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқа ва мулоқотлар ривожлантирилишига кўмаклашади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлайди ҳамда уларни қизиқтирувчи масалалар бўйича кечаю-кундуз ахборот-маслаҳат кўмагини амалга оширади;

д) хорижий давлатларнинг дипломатик корпуси ва бошқа вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида:

хорижий дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ фаолият юритишига кўмаклашади;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларини, иқтисодий ва техник ҳамкорлик қилиш, гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарини, шунингдек, уларнинг ходимлари ва оила аъзоларини аккредитация қилади;

хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларининг мухбирлик пунктлари (бюро, офислари)ни, шунингдек, мухбирларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини аккредитация қилади;

е) ташқи сиёсий фаолиятни норматив-ҳуқуқий ва шартнома-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш соҳасида:

ташқи сиёсий фаолият масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади;

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан бошқа давлат бошқаруви органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролари ва юридик шахслари учун, шунингдек, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун бажарилиши мажбурий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тугатиш (денонсация қилиш) ва амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади;

халқаро шартномаларнинг лойиҳаларини улар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги қонунчилигига, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини расмийлаштиришнинг юридик техникаси ва амалиёти талабларига мослиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилишга киритиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича музокаралар олиб бориш ва имзолашга ваколатларни расмийлаштиради;

хорижий давлатларнинг тегишли ташқи сиёсат органлари ҳамда бошқа давлат органлари билан, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан қонунчиликда белгиланган тартибда музокаралар олиб боради ҳамда халқаро шартномалар ва келишувларни тузади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномаларининг асл нусхалари (тасдиқланган нусхалари, расмий таржималари) доимий сақланишини таъминлайди ва шартномалар депозитарийси функцияларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг кучга кирган халқаро шартномалари тасдиқланган нусхаларини рўйхатга олиш ва эълон қилиш учун белгиланган тартибда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятига юборади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш чораларини кўради;

ж) ташкилий-кадрлар ва моддий-техник таъминот соҳасида:

чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотлар фаолиятини ташкил қилиш, Вазирлик марказий аппаратининг, чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг тузилмаси, ходимлар сони масалалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва киритади;

Вазирлик тизимини кадрлар билан таъминлайди, унинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади, Вазирлик марказий аппаратининг, идоравий бўйсунувчи ташкилотлар, ҳудудий бўлинмалар ва чет элдаги муассасаларнинг кадрлар захирасини шакллантиради;

Вазирлик тизими ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти тўғрисида таклифлар киритади, Вазирликнинг ихтиёрида бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ҳамда чет эллардаги объектларни, ҳудудий бўлинмалар ва чет эллардаги муассасаларни капитал қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланишини таъминлайди;

чет эллардаги муассасаларни, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувдаги ташкилотларни белгиланган тартибда молиялаштиради, моддий-техник таъминлайди, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботини ташкиллаштиради ва назорат қилади, уларнинг молия-хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

Вазирлик қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Вазирлик ўз зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида тегишли давлат органлари, шу жумладан хорижий давлатларнинг ташқи сиёсат органлари ҳамда уларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва уларнинг органлари билан музокаралар ўтказиш ҳамда улар билан давлат номидан расмий ёзишмалар олиб бориш;

ўзининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларидан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, таклифлар, хулосалар, маълумотномалар ҳамда бошқа маълумотлар, шунингдек, бошқа зарур материаллар юзасидан сўров юбориш ва уларни олиш;

ташқи сиёсий фаолият ва дипломатик хизмат муаммолари бўйича мувофиқлаштирувчи, илмий-маслаҳат кенгаши ва бошқа кенгашларни, идоралараро эксперт комиссиялари ва гуруҳларини тузиш, шунингдек, махсус йиғилишларни чақириш;

ташқи сиёсий фаолият муаммоларини ҳал этиш юзасидан маслаҳатлашувлар, таклифларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун олимлар, мутахассислар, экспертларни, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот, консалтинг, молия ҳамда бошқа ташкилотларнинг вакилларини, шу жумладан шартнома (контракт) асосида жалб этиш;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ҳамжиҳатлик асосида зарур ахборотни айирбошлаш;

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиларини тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

Вазирлик, чет эллардаги муассасалар, Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотлар томонидан олинадиган миллий ва хорижий валютадаги, шу жумладан бюджетдан ташқари маблағлардан, шунингдек, мамлакат ташқарисида консуллик хизматлари ва бошқа функцияларни бажаришдан олинадиган маблағлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

Вазирликнинг расмий таклифи бўйича келаётган хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаши, овқатланиши, транспорт ва бошқа сарф-харажатлари ҳақини белгиланган тартибда тўлаш;

чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларни ташкил қилиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, уларнинг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш тўғрисида ташаббус кўрсатиш, уларнинг фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш;

Вазирлик фаолиятига тааллуқли масалаларга оид журналлар, бюллетенлар ва бошқа босма нашрлар чиқариш;

идоравий архивда Вазирлик ҳужжатларини сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш.


13. Вазирлик:

зиммасига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси билан хорижий мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳар йилги ҳаракат режалари ("йўл хариталари")да назарда тутиладиган Вазирлик фаолиятига тааллуқли тадбирлар бажарилишини сўзсиз таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган, Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг, у қабул қиладиган қарорлар лойиҳаларининг сифати, шунингдек, уларнинг самарали амалга оширилиши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан жавобгар бўлади.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири (кейинги ўринларда - вазир) раҳбарлик қилади.

Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга ва бир нафар маслаҳатчига эгадир.

Алоҳида топшириқлар бўйича элчилар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус вакиллари вазирнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва вазирнинг махсус топшириқларини бажаради.


15. Вазир:

Вазирлик, чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотлар фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади, Вазирлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишларини бошқаришда ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлик даражасини ўрнатади, шунингдек, чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг ишини ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хорижий давлатларнинг тегишли органлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Вазирлик номидан иш кўради;

ўз фаолияти тўғрисида йилига икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этади;

Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, улардаги мансабдор шахсларнинг функционал мажбуриятларини, шунингдек, идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг низомлари (уставлари)ни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнат ҳақи фонди доирасида Вазирлик марказий аппаратининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиб, штат жадвалини тасдиқлайди;

Давлат бюджетида назарда тутилган, тегишли давр учун тасдиқланган бюджет ажратмалари доирасида Вазирлик марказий аппарати, чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Вазирлик, чет эллардаги муассасалар, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг таркибий бўлинмалари ва ходимлари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;

Ўзбекистон Республикасининг, жумладан бир ёки бир қанча давлатларда ўриндошлик бўйича Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, Фавқулодда ва Мухтор Вакили, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакиллигига номзодлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотлар раҳбарларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги консуллик муассасалари бошлиқларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади ҳамда уларга консуллик патентлари беради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, ваколатларни тақдим этиш заруратисиз, Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида икки томонлама ва кўп томонлама музокараларда иштирок этади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолайди, бунда зарур бўлмайди;

музокаралар олиб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ва ҳукуматлараро халқаро шартномаларини имзолаш, халқаро ташкилотлар ишида, шунингдек, анжуманлар, конференциялар ва бошқа тадбирларда давлат ёки ҳукумат номидан иштирок этиш ваколатлари тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради;

чет эл расмий делегациялари ва шахсларини қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига ишонч ёрлиқларини топширишлари муносабати билан келган дипломатик ваколатхоналар бошлиқларини қабул қилади;

чет эллик консулларга консуллик экзекватураси (эътироф этиш ҳужжати)ни беради;

Вазирлик ходимларини, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг раҳбар ходимларини хорижий давлатларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли хизмат сафарларига юбориш масалаларини ҳал қилади;

ўз ваколатлари доирасида Вазирлик тизими ходимларига дипломатик мартабалар беради, шунингдек, Фавқулодда ва Мухтор Элчи, биринчи ва иккинчи даражали Фавқулодда ва Мухтор Вакил дипломатик мартабаларини бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

дипломатик мартабалар, узоқ йиллик хизматлари, чет тилларни билиши учун меҳнат ҳақи фонди доирасида лавозим маошларига устамалар ва бошқа устама ҳақлар тўлайди;

Вазирлик, чет эллардаги муассасалар ходимларига, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий бўйсунувчи ташкилотларнинг раҳбар ходимларига моддий ёрдам кўрсатиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади.

Вазир қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16. Вазирнинг биринчи ўринбосари:

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда молиявий-техник ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Вазирлик ишини ва чет эллардаги муассасалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

республиканинг туристик салоҳиятини ривожлантириш, туристик хизматлар экспортини кенгайтириш, туризм соҳасига инвестициялар жалб этиш, шунингдек, хорижий туристлар учун Ўзбекистоннинг халқаро имижи ва жозибадорлигини ошириш бўйича Вазирлик зиммасига юкланган долзарб вазифалар доирасида зарур чора-тадбирларни кўради;

олий ва юқори даражадаги республика вакилларининг чет элларга ташрифларини ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистонга сафарларини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларини мувофиқлаштиради;

мутасаддилик қилинадиган йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилиш учун Вазирлик ҳайъатининг мажлисларида иштирок этади;

расмий учрашувларда қатнашади ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик корпус вакиллари билан музокаралар ўтказади;

вазир вақтинча бўлмаган вақтда Вазирлик фаолиятини умумий тарзда мувофиқлаштиришни амалга оширади.


17. Вазир ўринбосарлари (икки томонлама, кўп томонлама ҳамкорлик бўйича):

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ташқи сиёсий, ташқи иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига мутасаддилик қилади;

олий ва юқори даражадаги республика вакилларининг чет элларга ташрифларини ҳамда хорижий делегацияларнинг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларини мувофиқлаштиради;

мутасаддилик қилинадиган йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Вазирлик ҳайъати мажлисларида иштирок этади;

халқаро ҳамкорлик ва хавфсизликнинг долзарб йўналишлари бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро ташрифларини ҳамда хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан Ўзбекистондаги учрашувларини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасида аккредатициядан ўтган дипломатик корпус вакиллари билан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича музокара олиб боради ва расмий учрашувларда иштирок этади.

Ташқи ишлар вазирлиги тизимида таълим муассасалари фаолиятига мутасаддилик қилувчи Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари айни бир вақтда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ректори ҳисобланади.


18. Вазир маслаҳатчиси - Ижро этувчи аппарат раҳбари:

Консуллик-ҳуқуқий департамент фаолияти масалаларига, алоқа ва ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий тизимларини жорий қилиш ва ишда фойдаланиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг Вазирликка келиб тушаётган мурожаатларини ўз вақтида ва самарали кўриб чиқиш масалаларига мутасаддилик қилади;

Вазирликнинг молия-хўжалик фаолиятини мувофиқлаштиради;

Вазирликда самарали иш юритишни, канцелярия ва идоравий архивнинг фаолият кўрсатишини таъминлайди.


19. Алоҳида топшириқлар бўйича Элчи Давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш масалалари бўйича республиканинг устувор вазифаларини амалга ошириш, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга нисбатан мамлакатнинг миллий манфаатларини самарали олға суриш ва ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда вазирнинг бошқа махсус топшириқларини бажариш борасида аниқ мақсадга қаратилган ишларни олиб боради.


20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Ўзбекистон Республикаси Президентнинг қарорлари билан белгиланган ваколатлар ҳамда вазифаларга қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг Афғонистон йўналиши билан боғлиқ масалаларнинг бутун комплексига мутасаддилик қилади ва мувофиқлаштиради.


21. Вазирликда унинг фаолияти асосий йўналишлари бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи вазир (ҳайъат раиси), вазир ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек, Вазирлик таркибий бўлинмаларининг раҳбарларидан иборат ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг сони ва шахсий таркиби вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети принципини ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этиш, ташқи сиёсатни амалда рўёбга чиқариш, хорижий давлатлар билан, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатларини ҳамда унинг фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Вазирликнинг ушбу Низомда белгиланган асосий фаолият йўналишларини амалга ошириш;

Вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарор ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ҳамда бошқа ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ҳайъат мажлисларига Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф қилинишлари мумкин.

Ҳайъат мажлиси ҳайъат таркибининг ярмидан кўпроғи иштирок этган тақдирдагина, масалаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилишга ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик юзага келган тақдирда, вазир мустақил равишда қарор қабул қилиб, юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига маълум қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши мумкин.

Ҳайъат фаолиятининг тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ҲАМДА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


22. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ушбу Низомга иловага мувофиқ Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари асосида мунтазам баҳолаб борилиши лозим.


23. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


24. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонунчилик билан белгиланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


25. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар

вазирлиги фаолиятининг самарадорлиги

ва натижадорлигини баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ


1) Ўзбекистон Республикаси билан хорижий мамлакатлар ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий-техник, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳар йилги ҳаракат режалари ("йўл хариталари")да назарда тутиладиган чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш.


2) Аниқ амалий аҳамиятга молик ва ўзаро манфаатли халқаро шартномалар ва аҳдлашувларга эришишга қаратилган олий, юқори ва бошқа даражалардаги ташрифлар, учрашув ва музокараларни ташкиллаштириш.


3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро кун тартибидаги ва минтақавий хавфсизликка оид долзарб муаммолар, шунингдек, мамлакатни ички ривожлантириш масалалари бўйича ташаббуслари, позицияси ва ёндошувлари хорижий мамлакатлар томонидан, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида сиёсий қўллаб-қувватланишини таъминлаш.


4) Дунёда бўлаётган воқеалар, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига дахлдор энг муҳим масалаларини прогноз баҳолари билан бирга долзарб ахборот-таҳлилий материаллар билан Ўзбекистон Республикаси Президентини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини мунтазам таъминлаб туриш.


5) Энг аввало маҳаллий компаниялар ва ташкилотларнинг товар ва хизматларини жаҳон бозорларига экспортга етказиб бериш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмларининг янада ўсишини ва турлари кенгайишини таъминлашга йўналтирилган ташқи иқтисодий битимлар тузилишига кўмаклашиш.


6) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг устувор тармоқлари ҳамда инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилишга чет эл ташкилотларининг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари, грантлари, кредитлари ва техник кўмаклашиш воситалари, илғор технологиялари ва илмий ишланмаларини жалб этиш бўйича аниқ келишувларга эришиш.


7) Ўзбекистон Республикасига туристлар оқимини кўпайтириш, миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб этиш юзасидан хорижий компаниялар ва ташкилотлар билан битимлар тузишга кўмаклашиш.


8) Мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг аҳамияти ва моҳиятини, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, инвестициявий, маданий-тарихий ва туристик салоҳиятини яққол кўрсатиб берадиган холис ва ишонарли ахборотни чет мамлакатларнинг нуфузли матбуот ва электрон нашрларида, шунингдек, телевидение ва радиоларида кенг тарқатиш.


9) Ўзбекистон Республикасининг амалий аҳамиятга эга халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни тўла-тўкис амалга оширишда кўмаклашиш.


10) Консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлиги ва сифати, чет элларда Ўзбекистоннинг жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 апрель





































Время: 0.1562
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск