ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Марказий банк, унинг таркибий бўлимлари ва муассасалари /

Ўзбекистон Республикасининг 21.12.1995 й. 154-I-сон "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири, ЎзР 11.11.2019 й. ЎРҚ-582-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.12.1995 й.

N 154-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАРКАЗИЙ БАНКИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Марказий

банки тўғрисидаги қонунчилик

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг ҳуқуқий мақоми

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари, фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Марказий банк юридик шахс бўлиб, у давлатнинг мутлақ мулкидир ва ўз харажатларини ўзининг даромадлари ҳисобидан амалга оширади.

Марказий банк ўз ваколатлари ҳамда вазифалари доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларидан мустақил равишда қарорлар қабул қилади.

Марказий банк давлатнинг мажбуриятлари юзасидан, давлат эса Марказий банкнинг мажбуриятлари юзасидан, агар уларнинг ўзи бундай мажбуриятларни ўз зиммасига олмаган бўлса ёки қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жавобгар бўлмайди.

Марказий банк, шунингдек унинг тасарруфидаги ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳри ва бланкасига эга бўлади.



4-модда. Марказий банкнинг мол-мулки

Марказий банкнинг мол-мулки унинг пул қимматликлари ва бошқа моддий қимматликларидан иборат бўлиб, уларнинг қиймати Марказий банкнинг балансида акс эттирилади.

Марказий банк ўз балансида акс эттирилган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланишга ва уни тасарруф этишга ҳақли.



5-модда. Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадлари

Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадлари:

нархларнинг;

банк тизимининг;

тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Марказий банкнинг банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича фаолияти нархларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

Фойда олиш Марказий банкнинг мақсади ҳисобланмайди.



6-модда. Марказий банк учун тақиқланган фаолият турлари

Марказий банк:

учинчи шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланишга, бундан ўз тасарруфидаги ташкилотлар мустасно;

тижорат фаолиятини амалга оширишга;

учинчи шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари бўйича кафолатлар беришга;

банкларнинг капиталларида ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас, бундан валюта биржасининг, шунингдек Марказий банкнинг фаолиятини таъминловчи ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг капиталларида иштирок этиши мустасно.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, бошқа давлат органларига ва ташкилотларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермайди.



7-модда. Манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг

олдини олишга доир чоралар

Марказий банк манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бошқаришга оид сиёсатни, шунингдек коррупциянинг олдини олиш юзасидан Марказий банкнинг ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг барча ходимлари томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.



8-модда. Ҳисобдорлик

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳисобдордир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Марказий банкнинг йиллик ҳисоботини аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан бирга кўриб чиқади.



9-модда. Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари

Марказий банк ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча жисмоний ва юридик шахслар ижро этиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



10-модда. Марказий банкнинг ташкилий тузилиши

Марказий банк ягона марказлаштирилган бошқарув тизимидир.

Марказий банк ўзининг ваколатларини амалга ошириш ва вазифаларини бажариш учун ўз тасарруфида ташкилотлар ташкил этишга ҳақли.

Марказий банк Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий бош бошқармаларини ташкил этади.

Марказий банк тасарруфидаги ташкилотлар ўз фаолиятини Марказий банк томонидан тасдиқланадиган низом (устав) асосида амалга оширади.



2-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


11-модда. Марказий банкнинг ваколатлари

Марказий банк:

Ўзбекистон Республикасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди;

банк томонидан миллий ва чет эл валютасида мижозларнинг ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пул белгиларини муомалага киритади ва муомаладан чиқаради;

қимматбаҳо металлардаги активларни тўлдириш учун давлатнинг аффинланган олтин сотиб олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширади;

қимматбаҳо металлардан тайёрланган қуймаларни муомалага чиқаради;

қимматбаҳо металлардан тайёрланган пул белгиларини сотиб олиш ва сотиш тартибини белгилайди;

банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди;

ўзи белгилайдиган тартибда ва шартларда банкларга қисқа муддатли кредитлар, шунингдек ликвидлиликни тезкор суръатда қўллаб-қувватлаш учун кредитлар беради;

банклар фаолиятини лицензиялашда, микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларни ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказишда, шунингдек банклар, микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, ломбардлар ва банклар гуруҳлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда назорат қилишда асослантирилган мулоҳазадан фойдаланади;

ўз ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраб олади;

ўз балансида акс эттирилган мол-мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларни, шу жумладан валюта биржасини ташкил этади;

молиявий операцияларни амалга оширади, шу жумладан чет эл ҳукуматларига, бошқа давлатларнинг марказий банкларига банк хизматларини кўрсатади;

бошқа давлатларнинг марказий банкларида ва халқаро молия институтларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ўз ваколатлари доирасида ифода этади;

чет давлатларда ваколатхоналар очади;

облигациялар эмиссиясини амалга оширади;

ўз номидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси номидан клиринг ва тўлов битимлари тузади;

банклардаги, микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлардаги, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларидаги ва ломбардлардаги қоидабузарликларни аниқлаш юзасидан назорат тадбирларини амалга оширади, шу жумладан масофадан туриб ҳам амалга оширади;

банкноталар ва тангалар тасвирларини акс эттиришга доир талабларни белгилайди;

банклар учун ҳисобварақлар очади;

аутрайт (спот ва форвард) сотиб олиш ва сотиш ёки келишувга биноан қайтариб сотиб олиш йўли билан, шунингдек бозор воситаларини, валюталарни ва қимматбаҳо металларни кредитлаш ёки жалб этиш йўли билан молия бозорларида фаолиятни амалга оширади.

Марказий банк қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12-модда. Марказий банкнинг вазифалари

Марказий банк:

пул-кредит сиёсатини, шу жумладан валюта сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида инфляция даражасини мониторинг, таҳлил ва прогноз қилади, тегишли ахборот материалларини ҳамда статистик маълумотларни эълон қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини, халқаро инвестициявий мавқеини, ташқи қарзини ва захира активларини ўз ичига олган банк, пул-кредит статистикасини, ташқи сектор статистикасини шакллантиришни ҳамда эълон қилишни амалга оширади;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашга доир тавсияларни ўз ичига олган иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича ахборотни тақдим этади;

нақд пул муомаласини ташкил этади;

валютани тартибга солишни ва валютани назорат қилишни амалга оширади;

валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ҳисоботлар ва бошқа ҳисоботлар мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун валюта курсини мунтазам равишда белгилаб боради;

банкларни ва кредит бюроларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

банкларнинг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржалари ва кредит бюроларининг фаолиятини лицензиялайди, банкларнинг, шунингдек микромолия ташкилотларининг, ломбардларнинг, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг (бундан буён матнда нобанк кредит ташкилотлари деб юритилади), тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг, кредит бюроларининг ва банклар гуруҳларининг фаолиятини тартибга солади ҳамда ушбу фаолият устидан назоратни амалга оширади;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беради;

хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) бошлаганлик ва тугатганлик тўғрисидаги хабарномаларни қабул қилади, хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга оширувчи хабардор қилувчилар устидан назоратни амалга оширади, фаолиятни (ҳаракатларни) тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

ҳукуматнинг фискал агенти вазифаларини бажариш учун зарур бўлган банк операцияларини ва бошқа битимларни мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига биноан амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш чораларини кўради;

Марказий банк назорат қилиши лозим бўлган шахслар томонидан ички назорат қоидаларига ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш тартибига риоя этилиши юзасидан мониторинг ҳамда назоратни амалга оширади;

Халқаро валюта фондининг Ўзбекистон Республикаси валютасидаги маблағлари депозитарийси ҳисобланади, операцияларни ва битимларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган операциялар ва битимларни амалга оширади;

банклар ва нобанк кредит ташкилотлари (бундан буён матнда кредит ташкилотлари деб юритилади) хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, молиявий хизматларнинг очиқлигини ҳамда аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлиги даражасини ошириш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро захираларини (бундан буён матнда халқаро захиралар деб юритилади), шу жумладан келишувга кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг захираларини бошқаришни, ҳисобга олишни ва сақлашни амалга оширади.

Марказий банк ушбу Қонун билан белгиланган мақсадларига эришиш учун қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


3-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ МОЛИЯВИЙ ҲОЛАТИ


13-модда. Марказий банкнинг устав капитали

Марказий банк устав капиталининг миқдори бир триллион сўмни ташкил этади. Устав капитали миқдорини кўпайтириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига биноан амалга оширилади.

Марказий банкнинг устав капитали бошқа шахсларга берилиши ёки ундан закалат таъминоти сифатида фойдаланилиши мумкин эмас.



14-модда. Фойдани аниқлаш ва тақсимлаш

Марказий банкнинг фойдаси ҳар бир молия йили учун захиралар шакллантирилганидан, умидсиз, шубҳали қарзлар ва бошқа активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларнинг ўрни қопланганидан, барча даромадлар ҳамда харажатлар ҳисобга олинганидан, шунингдек активлар ва пассивлар ҳақиқатда баҳоланганидан сўнг аниқланади.

Марказий банкнинг чет эл валютаси курсининг ёки қимматбаҳо металлар қийматининг ўзгариши натижасида халқаро захираларни қайта баҳолашдан ҳосил бўладиган реализация қилинмаган даромадлари ва харажатлари халқаро захираларга оид операциялар бўйича қайта баҳолаш фондига киради. Мазкур реализация қилинмаган даромад Давлат бюджетига йўналтирилмайди.

Марказий банкнинг фойдаси унинг бошқаруви томонидан белгиланган тартибда, йиллик ҳисоботни тасдиқлаш билан бир вақтда тақсимланади.

Марказий банк бошқарувининг қарорига биноан аниқ мақсадли захиралар ва фондлар шакллантирилиши мумкин.

Аниқ мақсадли захиралар ва фондлар белгиланган тартибда тўлдирилганидан кейин фойданинг қолган қисми Давлат бюджети даромадига йўналтирилади. Агар устав капитали ва умумий захиралар суммаси Марказий банкнинг муомаладаги пуллар ҳамда Марказий банкка нисбатан молиявий талаблар сифатида белгиланадиган пул мажбуриятларининг, бундан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва халқаро молия ташкилотлари олдидаги мажбуриятлар мустасно, ўн фоизидан камроғини ташкил этса, Давлат бюджети даромадига фойданинг эллик фоиздан ошмайдиган миқдори ўтказилади.

Йиллик ҳисобот кўриб чиқилмагунига қадар фойданинг қолган қисмини Давлат бюджетига ўтказишга йўл қўйилмайди.



15-модда. Марказий банкнинг йиллик ҳисоботи

Марказий банкнинг ҳисобот даври календарь йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар этиб белгиланади. Йиллик ҳисобот аудиторлик ташкилотининг хулосаси илова қилинган ҳолда 15 майдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати кўриб чиқиши учун тақдим этилади.

Марказий банкнинг йиллик ҳисоботи:

иқтисодиёт ҳолатининг таҳлилини;

Марказий банкнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, шу жумладан пул-кредит сиёсатининг ва банк сектори ҳолатининг шарҳини ўз ичига олади.

Марказий банк ҳар йили йиллик ҳисоботни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.



16-модда. Марказий банк фаолиятининг ички аудити

Марказий банк фаолиятининг ички аудити Марказий банкнинг ички аудиторлик хизмати томонидан амалга оширилади. Ички аудиторлик хизмати ўз фаолиятида Аудиторлик қўмитасига ҳисобдордир.

Марказий банкда уч нафар аъзодан, шу жумладан бир нафар мустақил аъзодан иборат бўлган Аудиторлик қўмитаси ташкил этилади. Аудиторлик қўмитасининг ваколатлари ва фаолиятининг регламенти, унинг ҳуқуқий мақоми, шунингдек унинг аъзоларига нисбатан талаблар Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади.

Аудиторлик қўмитасининг аъзолари Марказий банк бошқаруви томонидан тайинланади. Аудиторлик қўмитаси таркибига Марказий банк бошқарувининг аъзолари киритилиши мумкин.

Аудиторлик қўмитаси ўз фаолиятида Марказий банк бошқарувига ҳисобдордир.

Марказий банк тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятининг ички аудити йилига камида бир марта ўтказилади.



17-модда. Марказий банк фаолиятининг ташқи аудити

Марказий банк фаолиятининг ташқи аудити Аудитнинг халқаро стандартларига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари томонидан ҳар йили ўтказилади.

Марказий банк фаолиятини текшириш жараёнида ташқи аудитор томонидан олинган ахборот махфийдир ва у Марказий банкнинг розилигисиз ошкор этилиши мумкин эмас.

Ташқи аудитни ўтказувчи аудиторлик ташкилотига нисбатан қўйиладиган талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.



4-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИ БОШҚАРИШ


18-модда. Марказий банк бошқаруви

Марказий банкнинг олий органи Марказий банк бошқарувидир.

Марказий банк бошқаруви Марказий банк фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб беради ва уни бошқаради.



19-модда. Марказий банк бошқарувининг таркиби

Марказий банк бошқаруви тўққиз нафар кишидан иборат бўлади.

Марказий банк раиси Марказий банк бошқарувининг раиси бўлади. Марказий банк бошқарувининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Марказий банк бошқаруви таркибига Марказий банк раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, шунингдек бошқарувнинг икки нафар мустақил аъзоси киради.

Марказий банк бошқарувининг мустақил аъзолари Марказий банк раисининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.



20-модда. Марказий банк бошқарувининг ваколатлари

Марказий банк бошқаруви:

пул-кредит сиёсатининг асосий параметрларини, шу жумладан ликвидлиликни бериш ва олиб қўйиш бўйича Марказий банк операцияларининг ҳажмлари, лимитлари ва нормативларини, Марказий банкнинг пул-кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларини, шу жумладан қайта молиялаштириш ставкасини ва (ёки) асосий ставкани, мажбурий захира талабларининг миқдорларини (мажбурий захиралар нормативларини, мажбурий захираларни ўртачалаш коэффициентини) ва бериладиган кредитларга доир таъминот турларининг рўйхатини белгилайди;

келгуси йил учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлайди;

Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлайди;

Марказий банкнинг халқаро ташкилотларда иштирок этиши, шунингдек халқаро шартномалар ва битимлар тузиши ҳамда уларга қўшилиши масаласини кўриб чиқади;

пул белгиларининг номинал қийматини, намуналарини ва уларни қайтариб олиш шартларини белгилайди;

Марказий банкнинг бухгалтерия ҳисобини, ҳисоботини ва молия-хўжалик фаолиятини юритиш тартибини белгилайди;

банклар, шу жумладан тизимли аҳамиятга молик банклар, шунингдек банклар гуруҳлари, микромолия ташкилотлари ҳамда ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари учун пруденциал нормативларни ҳисоблаб чиқариш тартибини ва ушбу нормативларнинг йўл қўйиладиган қийматларини белгилайди;

кредит ташкилотлари учун молиявий операцияларни ўтказиш, бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлайди;

кредит ташкилотлари, банклар гуруҳлари ва кредит бюролари учун молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш қоидаларини, унинг тузилишини ва мазмунини тасдиқлайди;

банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

валюта биржаларининг ва кредит бюроларининг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензияни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларни ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Марказий банкнинг ташкилий тузилмасини, Марказий банк марказий аппаратининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бош бошқармаларининг тузилмасини ҳамда уларнинг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Марказий банк тасарруфидаги ташкилотларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Марказий банкнинг харажатлари ва даромадлари сметасини тасдиқлайди;

Марказий банкнинг йиллик ва молиявий ҳисоботларини кўриб чиқади;

Марказий банк таркибий бўлинмаларининг ҳамда тасарруфидаги ташкилотларнинг раҳбарларини тасдиқлайди;

Марказий банк таркибий бўлинмалари, ўз тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини ва маърузаларини эшитади;

Марказий банкнинг Кредит қўмитаси ва Банк назорати қўмитаси низомини ҳамда таркибини тасдиқлайди;

Марказий банк Кредит қўмитасининг ва Банк назорати қўмитасининг ҳисоботларини ҳамда маърузаларини эшитади;

Марказий банк фаолиятини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда бошқаришга доир сиёсатни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ Марказий банк ходимларини ишга ёллаш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини, шунингдек уларнинг кредитлар олиши тартибини белгилайди;

банк тизими масалалари бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида қарорлар қабул қилади;

халқаро захираларни бошқариш, ҳисобга олиш ва сақлаш стратегиясини белгилайди;

кредит ташкилотларининг ўз хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларини амалга ошириши чоғидаги фаолиятига доир минимал талабларни тасдиқлайди;

кредит бюроларининг фаолиятига доир талабларни тасдиқлайди;

Марказий банк ваколатларига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқади ва ҳал қилади.



21-модда. Марказий банк бошқарувининг мажлислари

Марказий банк бошқарувининг мажлислари ойига камида бир марта ўтказилади.

Марказий банк бошқарувининг мажлислари Марказий банк раиси томонидан чақирилади. Мажлислар Марказий банк бошқарувининг камида уч нафар аъзоси талаби бўйича ҳам чақирилиши мумкин.

Марказий банк бошқаруви мажлисларига Марказий банк раиси, раис бўлмаган тақдирда эса унинг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарларидан бири раислик қилади.

Марказий банк бошқаруви аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда бошқарув мажлиси ваколатли бўлади. Марказий банк бошқарувининг қарорлари ҳозир бўлган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

Марказий банк бошқаруви мажлислари, қоида тариқасида, ёпиқ тартибда ўтказилади.

Марказий банк бошқарувининг очиқ мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби, ўтказиладиган жойи ҳамда вақти Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Марказий банк бошқарувининг мажлислари регламентга мувофиқ ўтказилади.

Марказий банк бошқарувининг тўхтами қарор тарзида қабул қилинади.



22-модда. Марказий банк раиси

Марказий банк раиси:

Марказий банк ва унинг бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади, банкнинг фондларини тасарруф этади ҳамда Марказий банк зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун жавобгар бўлади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижда Марказий банк номидан ишончномасиз иш юритади;

ички аудит хизматига раҳбарлик қилади;

Марказий банк фаолияти масалаларини ҳал қилади, бундан ушбу Қонунга биноан Марказий банк бошқарувининг ваколатларига киритилган масалалар мустасно;

Марказий банк бошқарувининг қарорларини имзолайди, буйруқлар ва фармойишлар қабул қилади;

Марказий банкнинг фаолиятини ва жорий операцияларини тезкор бошқаришга доир ҳаракатларни бажаради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳисобот тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида, вазирликлар ва идораларда, судларда, банклар ва муассасаларда, халқаро ва чет эл ташкилотларида Марказий банк фаолиятига доир барча масалалар бўйича Марказий банк номидан иш юритади;

айрим масалаларни ҳал қилишни ўз ўринбосарларига, марказий девоннинг таркибий бўлинмалари раҳбарларига, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бош бошқармалари раҳбарларига топширади;

жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулини ўтказади.

Марказий банк раисининг ваколат муддати - беш йил.

Марказий банк раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини биринчи ўринбосари ёки ўринбосарларидан бири бажаради.



23-модда. Марказий банк раисини эгаллаб турган

лавозимидан озод қилиш учун асослар

Марказий банк раиси эгаллаб турган лавозимидан қуйидаги асосларга кўра озод қилиниши мумкин:

ваколат муддати тугаганда;

эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тўғрисида сабаблари кўрсатилган аризасига кўра;

ўзига нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

соғлиғининг ҳолатига кўра ўз хизмат вазифаларини бажара олмаганда, давлат тиббий комиссиясининг хулосаси асосида;

вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;

эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлмаган хатти-ҳаракатлар содир этганда, шу жумладан ушбу Қонунни қўпол равишда бузганда ва Марказий банк манфаатларига жиддий зарар етказганда.



24-модда. Марказий банк раисининг ўринбосарлари

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Марказий банк раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан қуйидаги асосларга кўра озод қилиниши мумкин:

эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тўғрисида сабаблари кўрсатилган аризасига кўра;

ўзига нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

соғлиғининг ҳолатига кўра ўз хизмат вазифаларини бажара олмаганда, давлат тиббий комиссиясининг хулосаси асосида;

вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;

эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлмаган хатти-ҳаракатлар содир этганда, шу жумладан ушбу Қонунни қўпол равишда бузганда ва Марказий банк манфаатларига жиддий зарар етказганда.

Ушбу Қонунда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш чоғида манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банк раиси ўз ўринбосарлари, мустақил таркибий бўлинмалар раҳбарлари ўртасида ваколатларнинг тақсимланишини, шу жумладан пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, халқаро захираларни бошқариш, молия бозорлари соҳасида банк томонидан тартибга солиш, назорат қилиш ва текширишни амалга ошириш чоғида ваколатларнинг тақсимланишини таъминлаши шарт.



25-модда. Марказий банкнинг ходимлари

Марказий банк ходимларини ишга ёллаш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва бошқа меҳнатга оид муносабатлар Марказий банк томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Марказий банк ходимларига қуйидагилар тақиқланади:

ҳақ тўланадиган бирор-бир бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш, бундан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш мустасно;

банклар, хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига кириш;

ўз хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи ахборотни ёхуд қонунчиликка мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа ахборотни ошкор этиш ёки учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб ундан фойдаланиш.

Марказий банк ходимларини тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг, кредит бюроларининг, банклар томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларни амалга оширувчи шахсларнинг, шунингдек консолидациялашган тарзда назорат қилиниши лозим бўлган шахсларнинг молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш учун жалб этишга йўл қўйилмайди.

Марказий банк ходимларининг малакасини ва касбий даражасини баҳолаш тартиби Марказий банк томонидан мустақил равишда белгиланади.



5-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИ


26-модда. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатини

ишлаб чиқиш ва амалга ошириш

Марказий банк нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги чора-тадбирлар воситасида пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади:

макроиқтисодий кўрсаткичлар, шу жумладан инфляция кўрсаткичлари прогнозларини шакллантириш, шунингдек унинг мақсадли кўрсаткичини белгилаш;

келгуси йил учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;

пул-кредит кўрсаткичларининг мақсадли мўлжалларини белгилаш;

қайта молиялаштириш ставкасини ва (ёки) асосий ставкани, шунингдек Марказий банкнинг пул-кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларини белгилаш;

Марказий банкда банкларнинг мажбурий захираларига доир нормативларни, шунингдек мажбурий захиралар суммасига нисбатан ўртачалаш коэффициентини белгилаш;

пул бозорида ликвидлиликни тақдим этиш ва уни олиб қўйиш бўйича операциялар ўтказиш;

ички валюта бозорида интервенцияларни амалга ошириш;

Марказий банкнинг коммуникация сиёсатини ўтказиш.



27-модда. Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари

Марказий банк ҳар йили кейинги молия йили бошланишидан камида ўттиз кун олдин келгуси йил учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатини бу ҳақда хабардор этади.

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидаги ахборотни:

ўтказилаётган пул-кредит сиёсатининг асосий принципларини;

иқтисодиётнинг ўтган даврдаги ривожланиш шарҳини;

иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболларини, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини, шу жумладан инфляция, тўлов баланси ва пул-кредит кўрсаткичларининг прогнозини;

келгуси йил учун инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларини, пул-кредит сиёсатининг асосий параметрлари ва пул-кредит сиёсати бўйича кўрилаётган чораларни, шунингдек пул-кредит сиёсатининг мақсадларига эришиш таваккалчиликлари таҳлилини ўз ичига олади.

Марказий банк ўз расмий веб-сайтида:

ҳар йили - пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини;

ҳар чоракда - пул-кредит сиёсатининг шарҳларини;

ҳар ойда - пул-кредит сиёсатининг асосий кўрсаткичларини, шу жумладан пул массасининг динамикаси ва таркибини, банк тизимига доир статистик маълумотларни, Марказий банкнинг операциялари тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни эълон қилади.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Президентига пул-кредит сиёсати ва банк секторининг ҳолати тўғрисидаги ҳар чораклик ахборотни тақдим этади.



28-модда. Пул-кредит кўрсаткичларининг

мақсадли мўлжаллари

Марказий банк инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб, бир ёки бир нечта пул-кредит кўрсаткичлари ўзгаришининг мақсадли мўлжалларини белгилаши мумкин.



29-модда. Марказий банкнинг пул-кредит

операциялари бўйича фоиз ставкалари

Марказий банк ҳар хил турдаги пул-кредит операциялари бўйича бир ёки бир нечта фоиз ставкасини белгилаши мумкин.

Марказий банк амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати доирасида бозор фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш учун фоиз сиёсатини қўллайди.

Марказий банк пул-кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларини ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.



30-модда. Мажбурий захира талаблари

Пул-кредит сиёсатини амалга ошириш доирасида Марказий банк банклар жалб қилган мажбуриятлар остида банклар томонидан Марказий банкда депонентга ўтказиладиган мажбурий захираларнинг нормативларини белгилайди.

Марказий банк мажбурий захира талабларининг миқдорини, банкларнинг захиралар депонентга ўтказиладиган мажбуриятлари таркибини, ҳисоб-китоб қилиш ва захиралаш тартибини, шунингдек мажбурий захираларни ўртачалаш коэффициентини тасдиқлайди.

Мажбурий захираларнинг нормативлари барча банклар учун бир хилдир.

Мажбурий захиралар банкларнинг Марказий банкдаги махсус ҳисобварақлардаги маблағларини депонентга ўтказиш йўли билан ва (ёки) Марказий банкда очилган вакиллик ҳисобварағида мажбурий захираларни ўртачалаш коэффициенти миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган мажбурий захираларнинг ўртачалаштирилган миқдорини сақлаб туриш йўли билан ушлаб турилади.

Мажбурий захираларни ўртачалаш коэффициенти қиймати 0 дан 1 гача оралиқда бўлган сон билан ифодаланган кўпайтирувчидан иборатдир.

Минимал захира талаблари нормативларининг ўзгариши бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан камида бир ойдан сўнг амалга киритилади.

Ундирувни Марказий банкдаги ҳисобварақларда банклар томонидан депонентга ўтказилган мажбурий захираларга қаратишга йўл қўйилмайди.



31-модда. Пул бозорида ликвидлиликни тақдим

этиш ва олиб қўйишга доир операциялар

Марказий банк бозор фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш, шунингдек банк тизимининг ликвидлилигини ушлаб туриш ва тартибга солиш мақсадларида пул бозорида ликвидлиликни тақдим этиш ва олиб қўйиш бўйича операцияларни амалга оширади. Мазкур операциялар:

таъминот остидаги кредитларни;

"своп" операцияларини;

очиқ бозордаги операцияларни;

қайта молиялаштиришнинг махсус механизмларини;

депозит операцияларини;

Марказий банк облигацияларининг эмиссиясини ўз ичига олади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган операциялар умум қабул қилинган халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда Марказий банк томонидан белгиланган бошқа воситаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



32-модда. Марказий банкнинг кредитлари бўйича таъминот

Марказий банкнинг кредитлари бўйича қуйидагилар таъминот бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг халқаро захиралари тоифасига кирувчи валюта қимматликлари;

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари;

банкларнинг кредитлари бўйича талаб қилиш ҳуқуқи;

ликвидлилик ва умум қабул қилинган халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда рўйхати Марказий банк томонидан белгиланадиган қарз воситалари ҳамда бошқа қимматликлар, шунингдек кафилликлар ва банк кафолатлари.

Марказий банк банкларни кредитлаш шартларини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.



33-модда. Тижорат банкларининг ликвидлилигини

фавқулодда қўллаб-қувватлаш

Ликвидлиликнинг вақтинчалик тақчиллиги юзага келганда тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк ликвидлиликни сақлаб туриш учун тижорат банкларига уч ойгача бўлган муддатга қисқа муддатли кредитлар тарзида тезкор ёрдам беришга ҳақли. Мазкур кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг бошқа кредитларига доир амалдаги ставкалардан кам бўлмаслиги ва у банкнинг активлари билан таъминланган бўлиши керак.

Мамлакатнинг молиявий тизими барқарорлигига таҳдид туғилган алоҳида ҳолларда Марказий банк бошқарувининг қарори билан кредитни нисбатан юқори фоиз ставкаси билан узоқроқ муддатга беришга йўл қўйилади.



34-модда. Марказий банкнинг очиқ бозордаги операциялари

Бозорнинг фоиз ставкалари ва банк тизимидаги ликвидлилик даражасига таъсир кўрсатиш мақсадида Марказий банк очиқ бозорда:

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозларини, шунингдек Марказий банкнинг ўзи чиқарган облигациялар тарзидаги қарз мажбуриятларини;

Марказий банкнинг қарорига кўра бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиши ва сотиши мумкин.

Марказий банк Давлат бюджетини молиялаштириш учун очиқ бозордаги операциялардан фойдаланишга, Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари бирламчи жойлаштирилганда уларни сотиб олишга ҳақли эмас.

Марказий банкнинг очиқ бозордаги операциялари лимити Марказий банк томонидан белгиланади.



35-модда. Марказий банкнинг облигациялари

Марказий банк фақат пул-кредит сиёсатини амалга ошириш мақсадида облигациялар эмиссиясини амалга оширади.

Облигацияларнинг эмиссияси, жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ҳамда муомаладан чиқарилиши тартиби ва шартлари Марказий банк томонидан белгиланади.



36-модда. Ички валюта бозоридаги валюта интервенциялари

Марказий банкнинг валюта интервенциялари пулга бўлган умумий талаб ва таклифга таъсир кўрсатиш, шунингдек сўм курсининг ортиқча ўзгаришларини юмшатиш учун ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш-сотиш йўли билан амалга оширилади.



37-модда. Марказий банкнинг пул бозоридаги иштироки

Пул бозори миллий ва чет эл валюталаридаги пул маблағларини жойлаштириш ҳамда жалб этиш бўйича (биржада ва биржадан ташқари) савдоларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш тизимидир.

Марказий банк пул бозоридаги ўз операцияларининг ҳажмларини, турларини ва ўтказиладиган жойини белгилайди.



38-модда. Марказий банк томонидан мижозларга

банк хизмати кўрсатиш

Марказий банк қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг асосий ҳисобварақларига, шу жумладан улар ҳарбий қисмларининг, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг, шунингдек Марказий банк тасарруфидаги ташкилотларнинг ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш бўйича банк операцияларини амалга ошириши мумкин.



6-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ПУЛ ТИЗИМИ ВА ПУЛ МУОМАЛАСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


39-модда. Ўзбекистон Республикасининг пул тизими

Ўзбекистон Республикасининг пул тизими Ўзбекистон Республикасининг пул бирлигини, пул муомаласини ташкил этишни ва уни тартибга солишни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир. Бир сўм юз тийиндан иборат.

Сўм Ўзбекистон Республикасидаги ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси пул белгиларининг номинал қиймати Марказий банк томонидан белгиланади.

Сўмнинг рамз тарзидаги график белгиси Марказий банк томонидан тасдиқланади.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пул муомаласини ташкил этади.

Сўм ва олтин ўртасида ёки бошқа қимматбаҳо металлар ўртасида нисбат белгиланмайди.



40-модда. Пул белгиларини муомалага чиқариш

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга. Пул белгилари банкнотлар ва тангалар тарзида, шу жумладан қимматбаҳо металлар тарзида чиқарилади.

Муомаладаги пул белгилари Марказий банкнинг қатъий мажбуриятлари бўлиб, ушбу пул белгилари унинг барча активлари билан таъминланади.

Пул белгиларининг намуналари, шунингдек уларнинг дизайни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан тасдиқланади. Пул белгиларининг дизайни Марказий банкнинг мулкидир. Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Марказий банк ва банклар талабга кўра бир номинал қийматдаги пул белгиларини бошқасига ҳеч қандай тўловсиз ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлашни амалга оширади.

Пул белгиларининг ҳимоя элементларига доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.

Марказий банк муҳим саналарга оид ва эсдалик пул белгиларини, шу жумладан қимматбаҳо металлардан тайёрланган пул белгиларини муомалага чиқаришга ҳақли.

Нумизматика ва коллекциялаш мақсадларида пул белгиларини сотиш Марказий банк томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

Марказий банк йўқ қилиб юборилган, йўқотилган, қалбаки, ясама ва қонуний кучини йўқотган пул белгиларининг ўрнини қопламайди.

Пул белгиларини қалбакилаштириш ва қонунга хилоф равишда тайёрлаш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



41-модда. Пул белгиларини тайёрлаш ва сақлаш

Марказий банк пул белгиларининг тайёрланишини, муомалага чиқарилмаган пул белгиларининг сақланишини, босма қолиплар ва бўёқларнинг сақланиши ҳамда йўқ қилинишини таъминлайди, нақд пулларни сақлаш, ташиш ва инкассо қилиш, шунингдек уларни йўқ қилиб юбориш қоидаларини белгилайди.



42-модда. Муомаладаги пул белгиларидан

фойдаланишга қўйиладиган талаблар

Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгилари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўловларнинг барча турларида, шунингдек ҳисобварақларга, омонатларга ўтказиш ва жўнатма сифатида ўтказиш учун ўз номинал қиймати бўйича қабул қилиниши шарт.



43-модда. Шикастланган пул белгилари

Марказий банк пул белгиларининг муомалага яроқлилигини аниқлаш ҳамда шикастланган пул белгиларини алмаштириш тартибини белгилайди ва эълон қилади.

Банклар шикастланган пул белгиларини Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ чекловларсиз алмаштириб беради.



44-модда. Пул белгиларини муомаладан чиқариш

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай пул белгиларини муомаладан чиқаришга ҳақли. Бунинг учун Марказий банк бошқарувининг айирбошлаш тартиби ва вақти кўрсатилган эълон қилинган қарори асос бўлиб хизмат қилади.

Айирбошлаш учун Марказий банк томонидан белгиланган муддат тугагач айирбошланиши керак бўлган пул белгилари қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.



45-модда. Тўловларни амалга ошириш

Тўловлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пул ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тарзида амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банклар орқали амалга оширилади.



46-модда. Тўлов тизимларининг ишлашини таъминлаш

Марказий банк тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш мақсадида:

тўлов тизимининг стратегиясини белгилайди ва амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

тўлов хизматлари бозорида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир талабларни белгилайди;

тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятини тартибга солишни ҳамда назорат қилишни амалга оширади.

Марказий банк банкларга ва тўлов ташкилотларига, тўлов тизимлари операторларига тўловларга ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатилишини ташкил этишда, шу жумладан банк карталари ҳамда бошқа тўлов воситалари орқали тўлаган ҳолда кўмаклашишга, бундай операцияларни амалга ошириш тартибини белгилашга ва тегишли кўрсатмалар беришга ҳақлидир.



7-БОБ. ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ВА ВАЛЮТАНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ, ШУНИНГДЕК ХАЛҚАРО

ЗАХИРАЛАРНИ БОШҚАРИШ


47-модда. Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш

Марказий банк валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш давлат органидир.

Марказий банк ўз ваколатлари доирасида:

валютани тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

банкларнинг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этишга доир фаолиятини тартибга солишни ва назорат қилишни амалга оширади;

валюта биржалари фаолиятини лицензиялашни ва тартибга солишни амалга оширади;

банклар учун очиқ валюта позицияси лимитларини ва бошқа пруденциал нормативларни белгилайди;

чет эл валютасидаги ҳисобварақларни очиш тартибини белгилайди;

валюта курсини аниқлаш тартибини белгилайди.



48-модда. Халқаро клиринг ва тўлов битимлари

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган клиринг муассасалари билан ўз номидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикаси номидан клиринг ҳамда тўлов битимлари, шунингдек ҳар қандай шартномалар тузишга ҳақлидир.



49-модда. Халқаро захиралар

Халқаро захиралар Марказий банкнинг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли активларидан иборатдир.

Марказий банк ўзининг баланс ҳисобварақларида халқаро захираларни шакллантиради, бу захиралар:

монетар олтинни;

Халқаро валюта фондидаги маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқларни ва захира позициясини;

чет эл валютасини;

чет эл ҳукуматлари, халқаро молия ташкилотлари томонидан чиқарилган ёки кафолатланган қимматли қоғозларни;

халқаро стандартларга мувофиқ халқаро захиралар таркибига киритиладиган бошқа активларни ўз ичига олади.

Мажбуриятлари халқаро захираларга киритиладиган мамлакатлар ва халқаро молия ташкилотларининг рўйхати Марказий банк томонидан белгиланади.

Халқаро захиралар Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, шунингдек халқаро операциялар бўйича ҳисоб-китобларни таъминлаш учун етарли бўлган даражада сақлаб турилади.



50-модда. Чет эл валютасидаги операциялар

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳамда умум қабул қилинган халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда чет эл валютасидаги операцияларни амалга оширишга ҳақлидир.



8-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ


51-модда. Марказий банкнинг Ўзбекистон

Республикаси Ҳукумати билан ҳамкорлиги

Марказий банк ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати соҳасида ҳамкорлик қилади.

Марказий банк ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иқтисодий сиёсат учун аҳамиятга эга бўлган мўлжалланилаётган ҳаракатлар ҳамда эришилган натижалар тўғрисида бир-бирини хабардор қилиши ва мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиши шарт.

Марказий банк ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иқтисодий сиёсати амалга оширилишига, унинг асосий мақсадларига зиён етказмаган ҳолда, кўмаклашади.

Марказий банк ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тизимли молиявий таназзул вужудга келишининг олдини олиш ва унинг оқибатларини камайтириш мақсадида молиявий барқарорлик учун таваккалчилик омилларини биргаликда баҳолаш, келишилган қарорлар мажмуини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш орқали молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.



52-модда. Давлат секторига маблағ жалб қилиш

масалаларидаги маслаҳатлашувлар

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати келгуси молия йилида кредитлашнинг ички ва ташқи манбаларидан маблағ жалб қилиш, шу жумладан ушбу маблағни жалб қилиш доирасида тўланадиган суммаларни бериш масалалари, шунингдек кредитлар беришнинг таклиф этилаётган муддатлари ҳамда шартлари юзасидан Марказий банк билан маслаҳатлашади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва унинг давлат органлари олаётган барча қарзлар ҳамда кредитлар тўғрисида Марказий банкка хабар беради.



53-модда. Депозитарий вазифалари

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг, шунингдек бошқа давлат органларининг пул маблағларини ва валюта қимматликларини депозитга қабул қилиши мумкин. Марказий банк депозитарий сифатида пул маблағларини олади ва беради, уларнинг ҳисобини юритади. Марказий банк кўрсатиб ўтилган депозитлар бўйича фоизлар тўлаши мумкин.



54-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

фискал агенти вазифалари

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган шартлар асосида фаолият юритиб, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва давлат бошқаруви органларининг фискал агенти сифатида иш юритиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан эмитентланган қарз мажбуриятларини (қимматли қоғозларни) жойлаштиришда, жойлаштиришни рўйхатга олишда;

қарз мажбуриятларининг (қимматли қоғозларнинг) қийматини, улар бўйича фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашда;

қарз мажбуриятлари (қимматли қоғозлар) бўйича ҳисобварақларни юритишда ва уларга доир тўлов операцияларини бажаришда;

қарз мажбуриятлари (қимматли қоғозлар) бўйича бошқа операцияларни амалга оширишда.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига давлатнинг қимматли қоғозларини чиқариш ва давлат қарзини қайтариш жадвали ҳамда ҳажми масалалари юзасидан уларнинг банк тизими ликвидлилигига таъсири ва пул-кредит сиёсатининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда маслаҳат беради.



55-модда. Ахборот алмашиш

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банк ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида доимий равишда тегишли статистик ахборот алмашишни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Марказий банкка у ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган иқтисодий ахборотни тақдим этади.



9-БОБ. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ КРЕДИТ

ТАШКИЛОТЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИ


56-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик

Марказий банк ва кредит ташкилотлари бир-бирининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.



57-модда. Банкларнинг Марказий банкдаги ҳисобварақлари

Марказий банк банкларнинг ҳисобварақларини юритишга ва улардан депозитларни қабул қилишга ҳақли.



58-модда. Марказий банкнинг статистик маълумотларни

йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш

ва тарқатишдаги ваколатлари

Марказий банк банк тизими эҳтиёжлари учун ҳамда тегишли давлат бошқаруви органлари билан статистик маълумотларни алмашиш учун ахборот тармоғини яратади ва сақлаб туради.

Марказий банк ўз ваколатлари доирасида статистик маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва тарқатиш қоидаларини тегишли давлат бошқаруви органлари билан келишиб олади.

Марказий банк ўз ваколатларини амалга ошириш учун тегишли давлат бошқаруви органларидан ёки бевосита тадбиркорлик фаолияти субъектларидан ахборотни (шу жумладан махфий ахборотни) қонунчиликда белгиланган тартибда сўраб олишга ҳақли.


59-модда. Марказий банкнинг устувор ҳуқуқи

Марказий банкка қарздорнинг Марказий банкдаги ҳисобварақларидаги қолдиқлари ва бошқа активлари ҳисобидан ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилади.

Марказий банк ўзининг устувор ҳуқуқини ҳисобварақлардаги қолдиқларни ушлаб қолиш ёки бошқа активларни мақбул нархларда сотиш ва сотиш харажатлари чегириб ташланганидан кейин ўзига тегишли бўлган миқдордаги тушумни ушлаб қолиш орқали амалга ошириши мумкин.



10-БОБ. КРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ,

ТЎЛОВ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ, ТЎЛОВ ТИЗИМЛАРИ

ОПЕРАТОРЛАРИНИНГ, ВАЛЮТА БИРЖАЛАРИНИНГ, КРЕДИТ

БЮРОЛАРИНИНГ ВА БАНКЛАР ГУРУҲЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ,

ШУНИНГДЕК ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БЛАНКАЛАРИНИ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


60-модда. Марказий банкнинг тартибга солишга доир вазифалари

Марказий банк тартибга солишга доир вазифаларни амалга ошириш учун қуйидагиларни белгилайди:

банкларни ва кредит бюроларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳамда шартларини;

амалга оширилиши учун Марказий банк томонидан бериладиган лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларини лицензиялаш тартибини;

рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини;

хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини;

банклар акцияларининг потенциал олувчисини баҳолаш тартиби ва шартларини;

чет эллик муассисларга (акциядорларга) нисбатан улар томонидан банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш чоғида қўйиладиган қўшимча талабларни;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар банкларининг ваколатхоналарини очиш, аккредитация қилиш, уларнинг фаолиятини амалга ошириш ва тугатиш тартибини;

чет элда шўъба банкни ва филиални очиш учун банклар бошқаруви ҳамда молиявий ҳолатининг етарлилиги мезонларини;

тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорини;

банкларга алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш, шу жумладан уларга кредитлар бериш бўйича чекловларни;

кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг ва кредит бюроларининг ахборот хавфсизлигига доир минимал талабларни;

кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари ва кредит бюроларининг биноларига, уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга, ускуналар, ташкилий-техник воситалар билан жиҳозланишига ҳамда дастурий таъминотига доир талабларни;

банкларнинг фаолиятини тугатиш ва банкларни тугатиш, шу жумладан ихтиёрий шаклда тугатиш тартибини;

банкларни аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини;

тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлаш услубиётини;

банкларнинг ва банклар гуруҳларининг молиявий аҳволи ёмонлашишига таъсир этувчи омилларни аниқлаш услубиётини;

юридик шахслар томонидан янги молиявий операциялар, технологиялар ва хизматларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда (қамров ҳудуди, синов даври, операциялар ва хизматларнинг сони ва (ёки) ҳажми, истеъмолчилар сони ва бошқалар) синовдан ўтказиш бўйича махсус ҳуқуқий режимини ("тартибга солиш қумдони");

микромолия ташкилотлари томонидан тўлов агентининг (субагентининг) ёки банклар, суғурта ва бошқа молия ташкилотлари агентининг вазифаларини амалга ошириш тартибини;

микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш тартибини;

Марказий банк зиммасига юклатилган вазифалар ва ваколатлардан келиб чиққан ҳолда бошқа талабларни.

Берилган лицензиялар тўғрисидаги ахборот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак ва у танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши лозим.

Марказий банк банклар ва кредит бюроларининг давлат реестрларини, банкларга, тўлов ташкилотларига, тўлов тизимлари операторларига, валюта биржаларига, кредит бюроларига берилган лицензияларнинг реестрларини, микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрини, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрини, ломбардлар реестрини, шунингдек рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрларини юритади.


61-модда. Марказий банкнинг назоратга доир вазифалари

Назоратга доир вазифаларини амалга ошириш учун Марказий банк:

кредит ташкилотлари учун молиявий операцияларини амалга ошириш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ва назоратга доир ҳисоботларни, шу жумладан йиллик ҳисоботни тузиш ҳамда тақдим этиш, таваккалчиликларини баҳолаш ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиш бўйича мажбурий бўлган қоидаларни;

фаолиятни ва операцияларни амалга ошириш юзасидан тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари ва кредит бюролари учун мажбурий бўлган қоидаларни;

"Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда фойдани тақсимлаш учун банклар томонидан Марказий банкнинг розилигини олиш тартибини;

консолидация чегараларини (периметрини) ва усулларини аниқлаш тартибини;

банклар гуруҳининг асосий банки томонидан банклар гуруҳининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган консолидациялашган ҳисоботни ва ахборотни тузиш ҳамда Марказий банкка тақдим этиш тартибини;

банклар гуруҳининг иштирокчилари томонидан банклар гуруҳининг асосий банкига банклар гуруҳининг фаолияти тўғрисидаги консолидациялашган ҳисоботни тузиш учун зарур бўлган ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тартибини;

банкларнинг ҳамда банклар гуруҳларининг ички назоратига ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига, шунингдек банклардаги корпоратив бошқарувга, шу жумладан банкларнинг кузатув кенгашлари аъзоларининг мустақиллигига доир талабларни;

кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари ва банклар гуруҳларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратга доир талабларни;

банкларнинг ва банклар гуруҳларининг молиявий аҳволини тиклаш режаларининг мазмунига ҳамда уларни янгилашга доир талабларни, уларни тақдим этиш ва баҳолаш тартибини;

банклар, шу жумладан тизимли аҳамиятга молик банклар, шунингдек банклар гуруҳлари, микромолия ташкилотлари ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари учун пруденциал нормативларни ҳисоблаб чиқариш тартибини ҳамда ушбу нормативларнинг йўл қўйиладиган қийматларини;

банклар, тизимли аҳамиятга молик банклар ва банклар гуруҳлари учун ликвидлилик ҳамда капиталнинг етарлилиги коэффицентларига қўшимча устамаларни;

тўланадиган ҳақ миқдорларининг базавий даражасини аниқлаш тартибини, шу жумладан жисмоний шахс бўлган омонатчиларга тўланадиган ҳар қандай фоизларни ва фоизсиз тўловларни, натура шаклидаги даромадларни, шунингдек банк омонати шартномалари бўйича пул мукофотлари қийматларининг базавий даражадан оғишининг энг юқори даражасини;

банкларда вақтинчалик бошқарувни амалга ошириш тартибини;

банкларнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзоларини ва муҳим аҳамиятга эга ходимларини баҳолашдан ўтказиш тартибини, уларнинг малака талабларига мувофиқлик мезонларини, шунингдек уларни келишиб олиш тартибини белгилайди.

Марказий банк назоратга доир вазифаларини амалга ошириш учун:

кредит ташкилотларидан, уларга алоқадор бўлган шахслардан, тўлов ташкилотларидан, тўлов тизимлари операторларидан, валюта биржаларидан, кредит бюроларидан, шунингдек банклар гуруҳларидан, банклар томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи шахслардан ва кредит ташкилотларининг ассоциацияларидан (уюшмаларидан) ҳисоботларни, шунингдек бошқа ҳужжатларни сўраб олишга ва текширишга, олинган ахборотни тушунтириб беришни талаб қилишга;

кредит ташкилотларини, тўлов ташкилотларини, тўлов тизимлари операторларини, валюта биржаларини, кредит бюроларини, банк томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларни амалга оширувчи шахсларни, шунингдек консолидациялашган тарзда назорат қилиниши лозим бўлган шахсларни инспекциядан (текширувдан) ўтказишга;

банкларнинг, микромолия ташкилотларининг, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг ва кредит бюроларининг ички аудитига доир талабларни белгилашга;

банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан бериладиган истеъмол кредитлари ҳамда микроқарзлар, шунингдек ломбардлар томонидан бериладиган микроқарзлар бўйича фоиз ставкалари ва тўловларининг энг юқори қийматларини белгилашга;

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармасига банклар томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган календарь бадалига қўшимча ажратмалар миқдорини белгилашга;

умидсиз активларни ҳисобдан чиқариш шартлари ва тартиб-таомилини белгилашга;

кредит ташкилотлари ва кредит бюролари учун ҳисобот шаклларини ҳамда уни тузиш услубиётини, тақдим этиш даврийлиги ва муддатларини белгилашга;

банкдан консолидациялашган ҳисобот тақдим этишни талаб қилишга;

молиявий аҳволи ёмонлашган тақдирда банкларга ва банклар гуруҳларининг асосий банкларига молиявий аҳволини тиклаш чора-тадбирларини назарда тутувчи тиклаш режаларини ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этишга доир талабнома юборишга;

кредит ташкилотларига, тўлов ташкилотларига, тўлов тизимлари операторларига, валюта биржаларига ва кредит бюроларига уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида, шу жумладан кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборишга;

банклар акцияларига бевосита ва билвосита эгалик қилувчиларнинг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларнинг молиявий аҳволи ҳамда ишчанлик обрўси ҳақида ахборот сўрашга ва олишга;

тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари ва кредит бюролари раҳбарлари ҳамда бош бухгалтерларига нисбатан малака талабларини қўйишга, шунингдек уларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилашга ҳақли.


62-модда. Кредит ташкилотлари хизматлари

истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш бўйича чора-тадбирлар

Марказий банк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажариш учун қуйидаги чораларни кўради:

кредит ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартибини белгилайди;

кредит ташкилотлари фаолиятидаги уларнинг хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи тизимли камчиликларни аниқлайди, шунингдек уларни бартараф этиш чораларини кўради;

ўз хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган кредит ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллайди;

кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида маслаҳатлар беради ва кўмаклашади;

молиявий хизматларнинг очиқлигини ҳамда аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлиги даражасини ошириш чораларини кўради.

Марказий банк халқаро тажрибани ва Ўзбекистон Республикаси молия бозорининг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда молиявий очиқлик индикаторларини белгилайди ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Марказий банкда кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилади.

Марказий банк назорат тадбирини ўтказишга ҳақли бўлиб, унинг жараёнида Марказий банк ходимлари кредит ташкилоти томонидан банк хизматларининг истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида ўз фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида кредит ташкилотининг фаолияти доирасида битимлар тузиш ёки операцияларни бажариш бўйича ҳаракатларни амалга оширади.

Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда ўтказилади.



63-модда. Асослантирилган мулоҳазанинг

Марказий банк томонидан қўлланилиши

Қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда Марказий банк томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий ёки иқтисодий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш асослантирилган мулоҳазадир.

Асослантирилган мулоҳаза асосида қарорлар қабул қилиш Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси ваколатига киради.

Марказий банк асослантирилган мулоҳазадан:

банкни ташкил этиш учун дастлабки рухсатномани, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш (беришни рад этиш) чоғида, шунингдек Марказий банк томонидан тартибга солиш ва назоратга доир вазифаларни амалга ошириш чоғида банкнинг бевосита ҳамда билвосита муассисларининг ва акциялари эгаларининг, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларнинг молиявий ҳолатини ҳамда ишчанлик обрўсини баҳолаш;

кредит ташкилотига нисбатан биргаликда ҳаракат қилаётган шахсларни аниқлаш;

кредит ташкилотига алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда кредит ташкилоти томонидан анча қулай шартлар асосида битимлар тузилганлиги фактларини аниқлаш;

кредит ташкилотида таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат тизими сифатини самарали ички сиёсатларнинг мавжудлиги ҳамда амалга оширилиши нуқтаи назаридан баҳолаш;

активларни ва мажбуриятларни баҳолаш, шу жумладан уларнинг кредит ташкилотида таваккалчиликларни бошқариш бўйича Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳолаш учун фойдаланишга ҳақли.

Асослантирилган мулоҳаза Марказий банк томонидан кредит ташкилотлари ва банклар гуруҳлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади.

Асослантирилган мулоҳазани шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади ҳамда қонунийлик, асослантирилганлик, холислик ва бир хил ёндашиш принципларига асосланади.



64-модда. Марказий банкнинг тартибга солиш

ва назоратга доир вазифаларини амалга ошириш

Марказий банкнинг тартибга солиш ва назорат қилиш вазифаларини Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси амалга оширади.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитасининг вазифалари, ваколатлари ва функциялари Марказий банк томонидан белгиланади.

Кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг, кредит бюроларининг, банклар томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи шахсларнинг, шунингдек консолидациялашган тарзда назорат қилиниши лозим бўлган шахсларнинг фаолиятини инспекция қилиш (текшириш) Марказий банкнинг ваколатли ходимлари ва Марказий банк томонидан белгиланадиган аудиторлар томонидан амалга оширилади.

Марказий банк банкнинг ички аудити ўтказилаётганда аудиторлардан Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шу жумладан тартиб-таомиллар ва услубиётларга риоя этилишини талаб қилишга, шунингдек бевосита аудиторлардан банк аудити билан боғлиқ ахборотни олишга ҳақли.

Марказий банк кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизимлари операторлари учун мажбурий бўлган, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир ички назорат қоидаларини махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда тасдиқлайди.



65-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш

Марказий банк қуйидаги ҳаракатларни ва (ёки) фаолиятни бажариш ва (ёки) амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беради:

биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар ёки шахслар гуруҳи томонидан бир ёки бир нечта битим натижасида банкнинг устав капиталидаги:

1) беш ва ундан кўпроқ фоизни, лекин кўпи билан йигирма фоизни;

2) йигирма ва ундан кўпроқ фоизни, лекин кўпи билан эллик фоизни;

3) эллик фоизни ва ундан кўпроқ фоизни ташкил этадиган улуш бевосита ёхуд билвосита сотиб олинаётганда;

ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган миқдорлардаги банк акциялари олувчига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда олинганда;

банк томонидан бошқа банкнинг акциялари сотиб олинаётганда;

банклар томонидан ўз акциялари сотиб олинаётганда;

банклар томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида шўъба банклар ва ваколатхоналар очилаётганда, филиаллар ташкил этилаётганда, банкларнинг капиталида иштирок этилаётганда, шу жумладан чет эл банклари ташкил этилаётганда;

банклар томонидан нақд чет эл валютаси ва (ёки) миллий валюта Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқилаётганда;

банк томонидан хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари аутсорсингга топширилаётганда;

банк қайта ташкил этилаётганда;

банк ихтиёрий равишда тугатилаётганда;

ипотека кредитларини қайта молиялаштириш фаолиятини амалга оширишга;

микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширишга;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тегишинча яқин қариндошлари ҳамда улар билан боғлиқ бўлган шахслар билан биргаликда ҳаракат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек норезидентлар томонидан бир ёки бир нечта битим натижасида нобанк кредит ташкилотининг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўн ва ундан кўпроқ фоизни ташкил этадиган улуши бевосита ёки билвосита олинаётганда;

нобанк кредит ташкилотининг устав фондидаги (устав капиталидаги) ушбу модданинг ўн тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳажмдаги улуши олувчига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда олинаётганда.


65-1-модда. Хабардор қилиш тартибида амалга

ошириладиган фаолият (ҳаракатлар)

Қуйидаги фаолият (ҳаракатлар) турларини амалга ошириш учун бу ҳақда Марказий банкни хабардор қилиш талаб этилади:

ломбард фаолиятини бошлаш ёки тугатиш;

нақд хорижий ва (ёки) миллий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш;

банк филиали ёки банк хизматлари офисини очиш ёки тугатиш;

тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш);

электрон пуллар эмитентининг электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятни бошлаш ёки тугатиш;

микромолия ташкилоти филиалини очиш ёки ёпиш;

ломбард филиалини очиш ёки ёпиш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турлари билан Марказий банкни хабардор қилмасдан шуғулланиш тақиқланади.



66-модда. Марказий банк томонидан

назорат қилиниши лозим бўлган шахсларни

инспекциядан (текширувдан) ўтказиш

Марказий банк кредит ташкилотларини, тўлов ташкилотларини, тўлов тизимлари операторларини, валюта биржаларини, кредит бюроларини, банклар томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи шахсларни, шунингдек консолидациялашган тарзда назорат қилиниши лозим бўлган шахсларни таваккалчиликларни баҳолаш натижалари асосида инспекциядан ўтказади, шунингдек уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўровлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари бўйича алоҳида масалалар юзасидан текширувдан ўтказиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни инспекциядан (текширувдан) ўтказиш тартиби Марказий банк томонидан мустақил равишда белгиланади. Инспекция (текширув) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан келишувсиз ҳамда улар хабардор қилинмасдан амалга оширилади.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси Марказий банк томонидан назорат қилиниши лозим бўлган шахслар фаолиятининг инспекциядан (текширувдан) ўтказиладиган соҳаси йўналишини Марказий банк таркибий бўлинмаларининг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди.

Марказий банк томонидан назоратга доир вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилинганлиги учун Марказий банк назорат қилиши лозим бўлган шахсларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилиши мазкур шахсларни инспекциядан (текширувдан) ўтказишдан озод этмайди.

Марказий банкнинг инспекция ва текшириш ўтказишни амалга оширувчи бўлинмаларининг ваколатлари, уларнинг мажбуриятларини тақсимлаш Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан белгиланади.

Инспекция (текширув) ўтказиш учун Марказий банк тасарруфидаги ташкилотларнинг, шунингдек банклар ва соҳага оид бошқа ташкилотларнинг ходимлари жалб этилиши мумкин.



67-модда. Марказий банк томонидан қўлланиладиган

чоралар ва санкциялар

Марказий банк банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ банкларга, банкларнинг бевосита ҳамда билвосита акциядорларига, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларига, кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларига, шунингдек банкларнинг муҳим аҳамиятга эга ходимларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллашга ҳақли.

Нобанк кредит ташкилотлари қонунчилик талабларини, шу жумладан белгиланган пруденциал нормативларни бузган ёки хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун белгиланган талаблар ва шартлар бажарилганлиги тўғрисида Марказий банкка ёлғон ёки нотўғри ахборот берган тақдирда Марказий банк:

қоидабузарга ўз фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборишга;

уларнинг ўз капиталининг беш фоизигача миқдорда жарима ундиришга;

айрим операцияларни ўтказишни уч ойгача бўлган муддатга чеклашга;

нобанк кредит ташкилоти тўғрисидаги маълумотларни микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестридан ёки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестридан ёки ломбардлар реестридан чиқариб ташлашга;

хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни тўхтатиб туришга ёки тугатишга ҳақлидир.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари томонидан бузилганлиги аниқланган тақдирда Марказий банк уларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

Кредит ташкилотларига, тўлов ташкилотларига, тўлов тизимлари операторларига, валюта биржаларига ва кредит бюроларига чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

Марказий банк айни бир қоидабузарлик бўйича бир вақтнинг ўзида ёки кетма-кет бир нечта чоралар ва (ёки) санкциялар қўллашга ҳақлидир.



67-1-модда. Молиявий хизматлар соҳасидаги махсус

"тартибга солиш қумдони" ҳуқуқий режими

Юридик шахсларнинг янги молиявий операциялар, технологиялар ва хизматларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда (қамров ҳудуди, синов даври, операциялар ва хизматларнинг сони ва (ёки) ҳажми, истеъмолчилар сони ва бошқалар) синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солиш молиявий хизматлар соҳасидаги махсус ҳуқуқий режимдир ("тартибга солиш қумдони").

Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ва бекор қилиш, мазкур режим доирасида фаолиятни амалга ошириш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

Махсус ҳуқуқий режим Марказий банк томонидан махсус ҳуқуқий режимнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлаш орқали жорий этилиб, ушбу тартиб қуйидагиларни назарда тутади:

махсус ҳуқуқий режимнинг уч йилдан ошиши мумкин бўлмаган амал қилиш муддатини;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайдиган қонунчилик ҳужжатларининг нормаларини;

махсус ҳуқуқий режим жорий этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиб-таомиллари ҳамда мезонларини, шу жумладан мақсадли индикаторларни;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ва қўллаш учун зарур бўлган бошқа ахборотни.

Махсус ҳуқуқий режим амал қилиши якунланганидан кейин махсус ҳуқуқий режим доирасида синовдан ўтказилган янги молиявий операциялар, технологиялар ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида синовдан ўтказилган янги молиявий операциялар, технологиялар ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, Марказий банк махсус ҳуқуқий режим доирасида синовдан ўтказилган янги молиявий операциялар, технологиялар ҳамда хизматларни уларнинг амал қилишини чекламасдан жорий этишга доир қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


68-модда. Халқаро ҳамкорлик

Марказий банк халқаро ташкилотлар, чет давлатларнинг марказий банклари ҳамда банк назорати ва монетар сиёсат бўйича бошқа органлари билан ҳамкорлик қилади ҳамда ахборот алмашишни амалга оширади.

Марказий банк назорат вазифаларини амалга ошириш бўйича, шу жумладан конфиденциал ахборотни алмашиш юзасидан миллий ва чет эл органлари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимлар тузишга ҳақли.

Марказий банк чет давлатдан келиб тушган ахборотни уни тақдим этган шахснинг розилиги бўлган тақдирда ва тегишли шахс қайси мақсадларда розилик берган бўлса, ўша мақсадларда ошкор қилишга ҳақли.



69-модда. Марказий банкнинг коммуникация сиёсати

Марказий банк пул-кредит сиёсатининг ва банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Марказий банк сиёсатининг мақсадлари ва моҳиятини жамоатчилик эътиборига етказиш орқали коммуникация сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Марказий банкнинг коммуникация сиёсати таҳлилий материалларни, шарҳларни, статистик маълумотларни, интервьюларни, маърузаларни эълон қилиш, шунингдек матбуот брифинглари ташкил этиш орқали ва умумэътироф этилган халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда бошқа усуллар билан амалга оширилади.

Марказий банк банк тизими фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун ўзининг расмий веб-сайтида қуйидаги ахборотни:

банкларни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш соҳасида қабул қилинган қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ва уларнинг қўлланилишига доир тавсияларни;

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши учун банклар томонидан қўлланиладиган тизимлар, стратегиялар, тартиб-таомиллар ҳамда механизмларни текширишда ва банклар дучор бўлган ёки дучор бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликларни баҳолашда фойдаланиладиган умумий мезонлар ҳамда услубиётларни;

банкларнинг раҳбарлари рўйхатини;

банкларнинг ҳисоботларида мавжуд бўлган маълумотларни, бундан банк сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно;

кўрилган чоралар ва санкцияларни эълон қилади ҳамда мунтазам равишда янгилаб туради.



69-1-модда. Марказий банкнинг давлат органлари ва ташкилотлари

билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш

тартиб-таомиллари доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги

Марказий банк давлат органлари ва ташкилотларидан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир.

Давлат органлари ва ташкилотлари Марказий банк томонидан сўралган, тегишли қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиши керак.



70-модда. Марказий банкнинг ходимларини ўз вазифаларини

бажариши чоғида ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Марказий банк, унинг ходимлари, ташқи экспертлар ва вақтинчалик бошқарувчилар, шунингдек назорат қилишга доир вазифаларни бажарадиган ушбу Қонунда белгиланган бошқа шахслар, шу жумладан уларнинг ваколатлари тугатилганидан ёки Марказий банкда ишлаши тугаганидан кейин фақат ўз вазифаларини бажариши чоғида инсофсизлик билан амалга оширган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жавобгар бўлади.

Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини, мазкур шахслар ушбу Қонунга мувофиқ бажарадиган вазифалар муносабати билан қўзғатилган суд ишини ва маъмурий ишни юритишда, шу жумладан уларнинг ваколатлари тугатилган ёки Марказий банкда ишлаши тугаган ҳолларда, ифодалашга доир харажатларни тўлайди.



71-модда. Марказий банкнинг қарорлари

устидан шикоят қилиш

Марказий банкнинг қарорлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



72-модда. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 12 ноябрь





















































Время: 0.1454
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск