ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / Миллатлараро муносабатлар /

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси (ЎзР Президентининг 15.11.2019 й. ПФ-5876-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 15 ноябрдаги

ПФ-5876-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Миллатлараро муносабатлар соҳасида

Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг мақсадлари, принциплари ва асосий йўналишларини белгилаб берувчи нуқтаи назарлар ягона тизимидан иборатдир.


2. Ушбу Концепцияда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш - миллатлар ва элатларнинг вакиллари ўртасида конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш;


миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати - жамиятда миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш соҳасида давлатнинг тизимли фаолиятидан иборат бўлиб, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенглигини таъминлашга қаратилган;

миллатлараро бағрикенглик - фуқаролик жамиятининг ижтимоий нормаси бўлиб, бошқа миллат ва элатлар вакилларининг умуминсоний қадриятларга зид бўлмаган нуқтаи назарларига, динлари, урф-одатлари, анъаналари ва маданиятига нисбатан муросаи мадорада намоён бўлади;


миллатлараро муносабатлар - мамлакат ҳудудида истиқомат қиладиган миллатлар ва элатлар ўртасидаги, жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган муносабатлардир.


3. Мазкур Концепция Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тарихий тажрибаси ва анъаналарига асосланади.


4. Концепция инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, унинг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлаб туришга йўналтирилган.



2-БОБ. МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР

СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА ПРИНЦИПЛАРИ


5. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеидан қатъи назар фуқароларнинг тенг ҳуқуқлари ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш;

кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлигини, миллат ва элатларнинг тилига, ҳуқуқий майдон доирасидаги урф-одатлари ва анъаналарига иззат-ҳурмат муносабатини мустаҳкамлаш, уларнинг тўла ҳуқуқли ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш;

миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, жипслик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш;

республиканинг барча миллат ва элатлари саъй-ҳаракатларини олижаноб ғоя - мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожлантириш, давлатнинг ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш мақсадларига эришиш ғояси атрофида бирлаштириш, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини ва демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш жараёнларида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

миллатчилик ва шовинизм намоён бўлиши эҳтимолига қарши курашиш, фуқароларнинг миллатига қараб камситилишига ҳамда Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига йўл қўймаслик.


6. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

ижтимоий адолат;

қонун устуворлиги;

миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шу жумладан чет элларда яшовчи фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги.



3-БОБ. МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР

СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш;

миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик;

миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларини, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.



4-БОБ. МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР

СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

МЕХАНИЗМЛАРИ


8. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини рўёбга чиқариш таҳлил, режалаштириш, прогнозлаштириш принциплари асосида амалга оширилади ва уларда қуйидагилар назарда тутилади:


а) чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш соҳасида:

миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

миллатлараро муносабатлар масалалари билан шуғулланувчи давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш;

фуқароларнинг этномаданий талабларини ўрганиш, аниқлаш ва қаноатлантиришга, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, миллий сабабларга кўра эҳтимол тутилган можароларнинг олдини олишга кўмаклашувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши ролини кучайтириш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритувчи оммавий ахборот воситаларини рағбатлантириш;

турли миллатлар ва элатларнинг тилларида нашр этиладиган оммавий ахборот воситалари ривожини қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик, миллатлараро бағрикенглик мавзуларидаги, оилавий қадриятларни, миллат ва элатларнинг Ўзбекистонда яшаб ўтган ва истиқомат қилаётган, жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшган атоқли намояндалари маънавий-маданий ва илмий меросини тарғиб қилувчи материалларни ёритиш амалиётини кенгайтириш;

миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ушбу соҳадаги ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишни ташкиллаштириш;

миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;


б) миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш соҳасида:

фуқароларнинг миллий мансублиги ва она тилидан қатъи назар уларнинг барчаси учун мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлаш принципини амалга оширишга кўмаклашиш;

фуқароларнинг миллий мансублигидан қатъи назар уларнинг барчаси учун меҳнат қилиш, касбни ва иш жойини эркин танлашда тенг ҳуқуқларни таъминлаш чораларини амалга ошириш;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг комплекс ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, ижтимоий адолат ва фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципларини амалга ошириш бўйича зарур шарт-шароитларни таъминлаш учун уларнинг салоҳиятидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

жойларда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, айниқса, қишлоқ жойларда ва бориш қийин бўлган олис туманларда, турли миллат ва элат вакиллари зич яшайдиган жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчилик ривожини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистоннинг ягона иқтисодий, ахборот ва маданий-таълим маконини ривожлантириш мақсадида давлат коммуникация ва ахборот тизимларини янада такомиллаштириш;

фуқаролар учун она тилида таълим олиш, шунингдек, ижтимоий хизматларнинг бошқа турларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;


в) жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик соҳасида:

республикамизда яшовчи миллат ва элатларнинг тарихий меросини, миллий маданий қадриятларига иззат-ҳурмат муҳитини сақлаш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш;

ишга қабул қилишда, кадрлар захирасини шакллантиришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи амалга оширилишини таъминлаш;

жамиятда миллатлараро муомала маданиятини, бағрикенгликни, фуқароларнинг шаъни ва миллий қадр-қимматини ҳурмат қилишни шакллантириш мақсадида педагог кадрлар таълими, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ўқув адабиётлари ва таълим дастурларини такомиллаштириш;

аҳоли, айниқса ёшларни фуқаролик масъулиятини ҳис этиш, ватанпарварлик ва она-Ватанга меҳр-муҳаббат, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тарихий ўтмиши ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасидаги салбий тенденциялар, таҳдидлар, зиддиятлар ва можароларнинг барвақт олдини олиш, профилактика қилиш ва бартараф этиш, уларнинг сиёсий тус олишига йўл қўймаслик юзасидан давлат даражасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

миллатлараро муносабатлар маданиятини ошириш, жамиятда экстремизм ва турмушдаги миллатчиликнинг ҳар қандай шакл ва кўринишига нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш, бошқа этник гуруҳларнинг миллий қадриятларига беписандлик билан муносабатда бўлиш ҳолатларига барҳам бериш;

мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликни бузишга ва миллатлараро адоватни авж олдиришга қаратилган ташқи бузғунчи ахборот-мафкуравий таъсирга самарали қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан доимий асосда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

миллатлараро тоқатсизлик ёки болалар ва ёшлар орасида душманлик кўринишлари профилактикаси бўйича тадбирларни ўтказишга фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан болалар ва ёшлар жамоат ташкилотларини жалб этиш;

Ўзбекистонда яшовчи миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш бўйича фаолият жараёнларига ёш авлод вакилларининг жалб этилишини кенгайтириш чораларини кўриш;

оммавий ахборот воситаларида миллатлараро нафрат ёки душманликни авж олдиришга қаратилган материаллар ёритилишига йўл қўймаслик, шунингдек, миллатлараро муносабатларни ёритиш масалаларида умуминсоний ва профессионал этика нормаларига риоя этиш мақсадида жамоатчилик назоратини амалга ошириш;


г) миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш соҳасида:

"халқ дипломатияси" механизмларидан фойдаланиш орқали хорижий мамлакатларнинг фуқаролик жамиятлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлаш;

бузғунчи миллатчиликдан келиб чиқаётган таҳдид ва хавф-хатарларни борасида умумий тушунчаларни ишлаб чиқиш, унинг кўринишларига қарши курашиш йўлларини излаш ва биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш, миллат ва элатларнинг миллий-маданий эҳтиёжларини қондириш, миллатлараро тотувлик ва миллатлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан муносабатларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

хорижий мамлакатларнинг мамлакатимизда фаолият юритаётган ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари билан "халқ дипломатияси" асосида алоқа ўрнатиш ва уни изчил ривожлантириш;

фуқароларнинг мақбул этномаданий талаб-эҳтиёжлари қондирилишини кафолатлайдиган демократик давлат сифатида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги обрў-эътибори ва имижини ошириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни кўриш;

чет элларда ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга кўмаклашиш;

Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг маданий ва тарихий мероси, ҳозирги замон цивилизацияси учун унинг роли ва аҳамияти оммалаштирилишини таъминлаш;

мониторинг, таҳлил ва прогнозлаштириш воситасида Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар ҳолатига таъсир ўтказиши мумкин бўлган халқаро муносабатлардаги салбий тенденцияларни аниқлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида Ўзбекистон фуқаролари ва хорижда яшовчи ватандошларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

чет эллардаги ўзбек диаспораси билан яқин ҳамкорликни амалга ошириш;

минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, этномаданий алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшни мамлакатларда истиқомат қилувчи оилалар ва қариндошларнинг эркин борди-келдиси учун шарт-шароит яратиш мақсадида чегараолди ҳамкорлиги механизмларини қўллаш;


д) Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларини, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасида:

мамлакат фуқароларининг ирқий, миллий ва диний мансублигидан қатъи назар уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро муносабатларда тоқатсизликнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;

давлат бошқаруви тизимида, давлат аҳамиятига мойил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг манфаатлари ва миллий-маданий талаб-эҳтиёжлари ҳисобга олинишига кўмаклашувчи ҳуқуқий шартларни таъминлаш;

давлат ва жамиятнинг яхлитлиги ва бирлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзлигини англаши, Ўзбекистондаги миллат ва элатларни этник-маданий ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, миллатлараро мулоқотни яхшилаш ва можароларнинг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқиш ва қабул қилишда иштирок этиш, халқаро шартномаларни тузиш;

миллатлараро зиддият ва можароларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш соҳасида турли даражалардаги давлат органлари раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари ва жавобгарлигини аниқ белгилаш ва чегаралаш;

миллатлараро адоват, нафрат ёки душманликни авж олдириш йўли билан давлат хавфсизлигини издан чиқаришни мақсад қилиб олган бузғунчилик фаолияти профилактикаси ва унинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий ва ахборот тусидаги чора-тадбирларни амалга ошириш.



5-БОБ. МИЛЛИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗЛАРНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


9. Ўзбекистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга, унинг маданий, илмий, маънавий мероси ва замонавий ютуқларини сақлаш ва оммалаштиришга кўмаклашишга интилаётган миллий маданий марказлар ўз фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришни таъминлаш, мамлакатда миллатлараро тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда яшаётган миллат ва элатларнинг маданияти, тили ва анъаналарини сақлаш бўйича чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, ҳамкорлик кўламлари ва шаклларига қараб миллий маданий марказларга давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари кўрсатилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини ўрганиш, шу жумладан бадиий, театр жамоалари ва клублари учун зарур ташкилий шарт-шароитларни яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағлари ҳисобидан давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар тақдим этиш;

миллий маданий марказлар негизида ёшлар бўлинмаларини ташкил этишга кўмаклашиш;

Ўзбекистоннинг ривожига салмоқли ҳисса қўшган миллий маданий марказлар фаолларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва уларга фахрий унвонлар бериш;

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг бошқа чоралари.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


10. Қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш ва унинг натижалари, миллий мансублигидан қатъи назар фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатларини, шунингдек, миллатлараро адоватни авж олдириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ишларини олиб боришни таъминлаш юзасидан жавобгар бўлган асосий субъектлар этиб қуйидаги давлат органлари белгиланган:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, мазкур қўмита давлат бошқаруви органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатларни ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлайди, унинг зиммасига:

мамлакат ва жамиятда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини изчил амалга ошириш;

миллатлараро муносабатлар мониторингининг давлат тизимини яратиш, дўстлик муҳитини ва ягона кўп миллатли катта оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан баҳамжиҳат ҳаракати ва ҳамкорлиги мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

республикада истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва маросимларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;

миллатлараро муносабатларни ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил этишга кўмаклашиш ва уларни ўтказишда бевосита иштирок этиш вазифалари юкланган;

б) хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришда дўстлик жамиятларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига кўмаклашувчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги;

в) миллий маданий марказларни ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятларини давлат рўйхатидан ўтказувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

г) тегишли ҳудудларда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари соҳасидаги ишларни мувофиқлаштирувчи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;

д) миллатлараро адоватни авж олдириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашишни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари.


11. Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар ва бошқа халқаро ҳужжатларни тузади, Ўзбекистоннинг давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан хорижий мамлакатларнинг турдош ташкилотлари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ўртасидаги кўп томонлама алоқалар ва алмашинувлар ривожланишини рағбатлантиради ва қўллаб-қувватлайди.


12. Концепцияни самарали амалга ошириш жамиятда дўстлик, ҳамжиҳатлик ва жипслик муҳитини янги даражага кўтариш имконини беради ва қуйидагиларга кўмаклашади:

мамлакатимизда яшаб турган барча миллат ва элатларнинг маданий ва миллий ўзига хосликларини сақлаб қолиш асосида кўп миллатли Ўзбекистон Республикаси халқининг бирлиги ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш;

жамиятда вужудга келиши мумкин бўлган миллатлараро келишмовчилик ва можароларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш учун миллатлараро муносабатлар соҳасида таъсирчан мониторинг механизмларини шакллантириш, миллатчиликнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари соҳасида ҳудудий дастурларни амалга ошириш;

Ўзбекистонда яшаб турган барча миллат ва элатларнинг миллий-маданий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ҳозирги шароитда эркин ривожланиши учун шарт-шароитларни такомиллаштириш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 ноябрь










































Время: 0.2065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск