ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.11.2019 й. ПҚ-4525-сон "Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2019 й.

N ПҚ-4525



МАМЛАКАТДА БИЗНЕС

МУҲИТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ ВА

ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган "Бизнес юритиш - 2020" ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида:


1. Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси ҳамда "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.

Белгилансинки, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминласин.


2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Зокиров), Энергетика вазирлиги (Султанов), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Абдуллаев), Марказий банки (Нурмуратов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов) раҳбарларига қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жойлардаги ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилсин.

Мазкур ишчи гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги ижрочиларга етказиш ва тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, жойларда тадбиркорларнинг фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориш, тегишли орган томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юклансин.

Ишчи гуруҳлари амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ой якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритиб борсин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2020 йил 1 февралдан бошлаб:

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига интеграция қилинади;

фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;

юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади;

б) 2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинади.


4. 2020 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинсин:

тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;

давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;

мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.


5. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга доир "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин:

қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно;

объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юбориш;

объектлар бўйича ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаганда қурилиш-монтаж ишларини бошлашни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан кучланиши 110 кВ гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг муддатларини ва энг баланд қийматларини белгилашни назарда тутувчи ягона калькуляциясини тасдиқласин;

электр таъминоти тизимига уланиш жараёнида ҳужжатларни кўриб чиқиш, келишиш ва ишларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ваколатли органларнинг харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар:

ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва "Ягона дарча" божхона ахборот тизими платформасида танлаб олиш асосида фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария, экологик назорат ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш имконини берадиган алоҳида хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизимларини жорий этишни якунласин;

ваколатли органлар томонидан фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун шартномаларни оферта шаклига ўтказган ҳолда хизматлар учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш имконини яратсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги:

икки ой муддатда юк ташувчилар томонидан юк ҳужжатлари маълумотларини ўз ичига олган дастлабки электрон ахборотни божхона идораларига тақдим этиш тартибини жорий этиш орқали божхона расмийлаштируви жараёнларини тезлаштириш чораларини кўрсин;

2020 йил 1 апрелга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларнинг ўтиши учун рухсатномани расмийлаштириш жараёнлари ва тўловларни амалга оширишни электрон шаклга ўтказиш ишларини якунласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги уч ой муддатда:

лицензиялаш ва рухсатнома бериш тизимини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини танқидий қайта кўриб чиқиб, уларни замон талабларига мослаштириш ва тизимлаштириш;

лицензиялар ва рухсатномаларни расмийлаштиришда талаб этиладиган ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда уларнинг муқобил шаклларини, шу жумладан хабардор этиш тартибини жорий этиш юзасидан таклиф киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги "Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4160-сон қарори билан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз эришишга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъул эканликлари ҳақида огоҳлантирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони 3-иловасида кўрсатилган халқаро рейтинглар индикаторлари бўйича мамлакатимизнинг рейтинг кўрсаткичлари яхшиланганлиги ёки пасайганлигидан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларга нисбатан рағбатлантириш ёки жазолаш чораларини қўллаш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан бирга Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботининг қурилиш учун рухсатномалар олиш, электр таъминоти тизимига уланиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳамда халқаро савдо индикаторлари бўйича "давлат хизматларининг сирли мижози" институти қўлланилишини таъминласин;

жамоатчилик назорати ва "давлат хизматларининг сирли мижози" институтининг қўлланилиши натижалари бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган йўналишлар бўйича "давлат хизматларининг сирли мижози" институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4210-сонли қарори талаблари асосида қўлланилади.


14. Савдо-саноат палатаси ва Давлат хизматлари агентлигининг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича батафсил маълумотлар акс этган махсус портал сифатида Интернет тармоғидаги businessinfo.uz сайтидан фойдаланиш ва уни доимий янгилаб бориш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


15. Давлат хизматлари агентлиги 2020 йил 1 апрелга қадар ўзининг расмий веб-сайтида давлат хизматларини кўрсатиш муддатларини автоматик равишда, шу жумладан кўриб чиқиш муддатлари бузилган аризалар ва масъул идоралар тўғрисида очиқ маълумотларни реал вақт режимида акс эттирувчи бўлим яратсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил март ойида ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида халқаро ҳамжамият ва хорижий инвесторларни Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари билан кенг таништириш ҳамда республиканинг "Бизнес юритиш" рейтингидаги ўрнини янада яхшилаш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган алоҳида секция панелини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


17. "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботи индикаторлари учун масъул вазирлик ва идоралар 2020 йил 1 январга қадар тегишли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг амалиётга татбиқ этилишини асословчи далиллар ва статистик маълумотлардан иборат таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга бир ой муддатда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан кенг қамровли тарғибот ишларини ўтказиш режасини тасдиқласин ва амалга оширилишини таъминласин.


19. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-4525-сон қарорига

ИЛОВА



Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг

"Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботида Ўзбекистон

Республикасининг ўрнини яхшилашга доир

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддатлари

Масъул орган

I. ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ

1.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси ахборот тизимлари билан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларнинг доимий янгиланиб боришини таъминлаш мақсадида интеграция қилиш.


ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 февраль

Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли), Адлия вазирлиги (Давлетов), Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев)

2.

Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимига барча банклар ва уларнинг филиалларини интеграция қилиш чораларини кўриш.


ташкилий тадбирлар

2019 йил

1 декабрь

Марказий банк (Нурмуратов), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли), Адлия вазирлиги (Давлетов)

3.

Тадбиркорлик субъектида муҳр мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор бўлганлигидан келиб чиқиб, идоравий ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш.


норматив-ҳуқуқий

ҳужжатлар лойиҳалари


2019 йил

1 декабрь

Марказий банк (Нурмуратов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Энергетика вазирлиги (Султанов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев), Транспорт вазирлиги (Махкамов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Молия вазирлиги (Ишметов), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Адлия вазирлиги (Давлетов)

II. ҚУРИЛИШ УЧУН РУХСАТНОМАЛАР ОЛИШ

4.

Қуйидаги тартибларни белгилаш:

қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно;

объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юбориш;

объектлар бўйича ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаганда қурилиш-монтаж ишларини бошлашни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Қурилиш вазирлиги (Закиров), Адлия вазирлиги (Давлетов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев)

5.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги "Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5577-сон Фармони талаблари асосида қурилаётган объектлар устидан муаллифлик назорати, техник назорат ва текширувни амалга оширувчи мутахассисларга сертификат бериш тартибини ишлаб чиқиш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2020 йил

1 январь

Қурилиш вазирлиги (Закиров), Адлия вазирлиги (Давлетов)

6.

Қурилиш ва лойиҳалаштириш соҳасидаги мутахассисликлар (архитектор, муҳандис, конструктор, технолог, лойиҳачи, назоратчи ва ҳоказо) бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини ўрганиб чиқиш ҳамда уни жаҳон стандартлари асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Таҳлилий маълумотнома

2019 йил

15 декабрь

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Мажидов), Қурилиш вазирлиги (Закиров)

III. ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИГА УЛАНИШ

7.

Қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартибини жорий этиш.

Мазкур маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинишини белгилаш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 октябрь

Энергетика вазирлиги (Султанов), Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)

8.

"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан кучланиши 110 кВ гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг муддатларини ва энг баланд қийматларини белгилашни назарда тутувчи ягона калькуляцияни тасдиқлаш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 февраль

Энергетика вазирлиги (Султанов), Қурилиш вазирлиги (Закиров), Молия вазирлиги (Ишметов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

9.

Электр таъминоти тизимига уланиш жараёнида ҳужжатларни кўриб чиқиш, келишиш ва қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Энергетика вазирлиги (Султанов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

10.

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш ишларини амалга оширишнинг умумий ва соддалаштирилган ("фойдаланишга тайёр ҳолда" ишларни амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш орқали) имкониятларини яратган ҳолда электр тармоқларига уланиш муддатлари ва сарф-харажатларини оптималлаштириш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Энергетика вазирлиги (Султанов), Молия вазирлиги (Ишметов), Қурилиш вазирлиги (Закиров), Адлия вазирлиги (Давлетов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)

IV. МУЛКНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

11.

Интернет тармоғида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги мулкка оид маълумотларни қуйидаги маълумотлардан бирини киритиш орқали қидириш имкониятини тақдим этиш:

- кўчмас мулкнинг кадастр рақами;

- мулкдорга тегишли бўлган солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

- юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

- жисмоний шахснинг паспорт маълумотлари.

Бунда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри маълумотларини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича тўлиқ ҳолда ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилишини таъминлаш.

ташкилий тадбирлар

2019 йил

15 декабрь

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков)

12.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига реал вақт режимида электрон тарзда юбориш тартибини жорий этиш.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси


2019 йил

15 декабрь


Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев),"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)

Бунда давлат солиқ хизмати органлари ҳам кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларга зарур маълумотларни (СТИР, ЖШ ШИР ва ҳ.к.) реал вақт режимида электрон тарзда юборилишини белгилаш.

ташкилий тадбирлар

2019 йил

15 декабрь

13.

Тошкент шаҳри бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги маълумотларни картографик материаллар билан интеграция қилиш ҳамда уларни интерактив кўринишда Интернет тармоғига жойлаштириш ишларини якунлаш.

ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 март

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)

14.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси таркибида кўчмас мулкни рўйхатга олиш, тегишли давлат кадастрларини юритишга масъул бўлган мустақил ташкилотни тузиш масаласини кўриб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси

2020 йил

1 январь

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев)

15.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг расмий веб-сайти орқали кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низолар бўйича мустақил комиссияларга мурожаат қилиш имкониятини яратиш.

ташкилий тадбирлар

2019 йил

1 декабрь

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев)

16.

Тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқлашда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириш талабини бекор қилиш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Адлия вазирлиги (Давлетов), Бош прокуратура (Йўлдошев)

V. КРЕДИТЛАРНИ ОЛИШ

17.

Коммунал ташкилотлар, давлат солиқ хизмати органлари, чакана савдо ташкилотлари билан ўзаро ахборот алмашиш тизими ҳамда кредит ахбороти манбаларини кенгайтириш орқали "Кредит-ахборот таҳлилий маркази" Кредит бюроси" МЧЖ фаолиятини такомиллаштириш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Марказий банк (Нурмуратов), Энергетика вазирлиги (Султанов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Салиев), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Бош прокуратура (Йўлдошев)

18.

Коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизимларига жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари ҳамда уларга тегишли объектларнинг кадастр рақамларини интеграция қилиш ишларини якунлаш.


ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 январь

Давлат персоналлаштириш маркази (Тураходжаев), "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев), Энергетика вазирлиги (Султанов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Салиев), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Марказий банк (Нурмуратов)

VI. МИНОРИТАР АКЦИЯДОРЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

19.

Қонун ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш:

манфаатдор шахслар томонидан тузиладиган битимлар бўйича уларни амалга оширишдан аввал ташқи аудитор хулосасини олиш;

жамият йиллик ҳисоботида аффилланган шахслар билан тузилган битимлар тўғрисидаги ахборот билан биргаликда аффилланган шахс билан битим тузилаётганда юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш;

илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жамиятнинг бошқарув органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш;

жамият аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ҳақидаги маълумотни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида ва ўзининг расмий веб-сайтида 72 соат мобайнида ошкор қилиш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2019 йил

15 декабрь

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

VII. СОЛИҚ СОЛИШ ТИЗИМИ

20.

Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ҳисобот даври учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ортган қисмини қайтаришнинг қуйидаги тартибини белгилаш:

қайтариш тўғрисидаги электрон шаклда бериладиган аризадан ташқари бошқа ҳужжатларини талаб этилишини тақиқлаш;

солиқ тўловчи ариза берган кундан бошлаб 60 кундан ортмаган муддатда қайтариш.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси



2020 йил

1 январь


Молия вазирлиги (Ишметов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Давлат божхона қўмитаси (Азимов)

VIII. ХАЛҚАРО САВДО

21.

Республиканинг экспорт таркибидан келиб чиққан ҳолда "Бизнес юритиш" ҳисоботнинг "Халқаро савдо" индикатори бўйича қўлланиладиган методологияда асосий экспорт маҳсулотини қайта кўриб чиқиш бўйича Жаҳон банки экспертлари билан музокаралар ўтказиш.


Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 февраль

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Давлат божхона қўмитаси (Азимов)

22.

Мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш талабини бекор қилиш.

Мазкур ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ваколатли органларнинг харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тартибини белгилаш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Молия вазирлиги (Ишметов), Давлат божхона қўмитаси (Азимов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров), "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев)

23.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш тартибини жорий этиш, бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига интеграция қилиш.

Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 февраль

Давлат божхона қўмитаси (Азимов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров), "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

24.

Ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва "Ягона дарча" божхона ахборот тизими платформасида танлаб олиш асосида фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария, экологик назорат ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш имконини берадиган алоҳида хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизимларини жорий этишни якунлаш.

Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 февраль

"Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров), "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

25.

Мувофиқликни баҳолаш лозим бўлган товарлар номенклатурасини қайта кўриб чиқиш ва ягона рўйхатни тасдиқлаш орқали ушбу номенклатурани тизимлаштириш.

Вазирлар Маҳкамаси

қарори лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров)

26.

Ваколатли органлар томонидан фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария, экологик назорат ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш учун ундириладиган тўловлар миқдорини ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида белгилаш ва уларни базавий ҳисоблаш миқдорига боғлаган ҳолда оптималлаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2020 йил

1 февраль

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров), Молия вазирлиги (Ишметов)

27.

Ваколатли органлар томонидан фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун шартномаларни оферта шаклига ўтказиш ва хизматлар учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш имконини яратиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси


2020 йил

1 февраль

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), "Ўздавкарантин" инспекцияси (Эргашев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шадманов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Норқобилов), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўчқаров)

28.

Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларнинг ўтиши учун рухсатномани расмийлаштириш жараёнлари ва тўловларни амалга оширишни электрон шаклга ўтказиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари


2020 йил

1 апрель

Транспорт вазирлиги (Махкамов), Давлат божхона қўмитаси (Азимов), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)


29.

Юк ташувчилар томонидан юк ҳужжатлари маълумотларини ўз ичига олган дастлабки электрон ахборотни божхона идораларига тақдим этиш тартибини жорий этиш орқали божхона расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2020 йил

1 февраль

Давлат божхона қўмитаси (Азимов), Транспорт вазирлиги (Махкамов), Молия вазирлиги (Ишметов), Энергетика вазирлиги (Султанов), "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Ҳосилов), "Uzbekistan Airports" АЖ, "Uzbekistan Airways" АЖ

IX. ШАРТНОМАЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ

30.

Низони судгача ҳал қилиш усулларидан бири сифатида юбориладиган талабномани кўриб чиқиш муддатини 15 кун қилиб белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Олий суд (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

31.

Суд иш юритувига ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш чораларини кўриш, шу жумладан юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имкониятини яратиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 февраль

Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Олий суд (Камилов), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)

32.

"Судлар тўғрисида"ги Қонунга суд раислари ваколатидан ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб, ишларни судьяларга фақат автоматик равишда тақсимланишини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Олий суд (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

33.

Иқтисодий процессуал кодексда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримни чиқариш муддатини белгилаш бўйича ўзгартириш киритиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Олий суд (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

34.

Суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантириш ҳамда расмий веб-сайтда шахссизлантирмаган ҳолда чоп этилишини таъминлаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 июль

Олий суд (Камилов), Адлия вазирлиги (Давлетов), Ахборот технологиялари вазирлиги (Садиков), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)

35.

Тарафлар учун суд иш юритувида бўлган ҳар бир ишни масофадан туриб мониторинг қилиш имконини яратиш.

Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 июль

Олий суд (Камилов), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ли)

X. ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИКНИ ҲАЛ ЭТИШ

36.

Янги таҳрирда ишлаб чиқилган "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунни илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 май

Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов), Олий суд (Камилов), Адвокатлар палатаси (Эрназаров)

37.

Банкротлик жараёнида солиқ ҳисоблашни соғломлашгандан кейин тўлаш шарти билан тўхтатиб туриш тартибини жорий этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 май

Молия вазирлиги (Ишметов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов)

XI. ТАШКИЛИЙ ТАДБИРЛАР

38.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" рейтингининг алоҳида йўналишлари бўйича "давлат хизматларининг сирли мижози" институти кенг қўлланилишини таъминлаш.


Ташкилий тадбирлар

Ҳар ойда

Адлия вазирлиги (Давлетов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), Бизнес омбудсман (Касимов), Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Шарахметов)

39.

Савдо-саноат палатасининг businessinfo.uz сайтида "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича алоҳида маълумотлар базасини шакллантириш, жумладан:

рухсатномаларни расмийлаштиришдаги тартиб-таомиллар, уларнинг муддати ва нархлари, масъул идоралар, ваколатлари, тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар;

ваколатли идоралар ва ҳудудлар бўйича шаффоф статистик ва бошқа расмий маълумотлар;

инфографикалар, презентацион материаллар ва бошқа таҳлилий маълумотлар юритилишини таъминлаш.

Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 январдан бошлаб

доимий равишда

Савдо-саноат палатаси (Икрамов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

40.

"Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботидан келиб чиқиб, адвокатлар хизматининг ўртача қийматини таҳлил қилиш.

Таҳлилий маълумотнома

2020 йил

1 январь

Адвокатлар палатаси (Эрназаров), Адлия вазирлиги (Давлетов)

41.

Давлат харидлари тизимини таҳлил қилиш ва мазкур тизимни Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботи талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 январь

Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Транспорт вазирлиги (Махкамов), Адлия вазирлиги (Давлетов)

   

Изоҳ: тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига қараб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 21 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 ноябрь, 47-сон, 877-модда
























































Время: 0.1947
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск