язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2019 й. 930-сон "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11.2019 й.

N 930




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИНИНГ ҚЎРИҚЛАШ

ХИЗМАТИ БЎЛИНМАЛАРИ ТОМОНИДАН

ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР РЎЙХАТИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА



Жисмоний ва юридик шахслар мулкини, жамиятнинг барқарор ривожланиши учун ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларни ишончли қўриқлашни таъминлашда ягона тамойил ва ёндашувларни жорий этиш ҳисобга олинган ҳолда, қўриқлаш фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, қўриқлаш хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини қўриқлашни ташкил этиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириши, шунингдек, давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиши;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси ўз ваколатлари доирасида ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, харажатларини қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида қўриқлаш фаолияти хизматларини кўрсатиш шартномаларига асосан келиб тушадиган маблағлардан фойдаланган ҳолда давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, жисмоний ва юридик шахслар мулкини қўриқлаш вазифасини амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда белгиланган тартибда:

2020 йил якунига қадар ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатга асосан объектларни босқичма-босқич қабул қилиниши ва қўриқланишини;

2020-2021 йиллар давомида қўриқланадиган объектлар техник жиҳатдан жиҳозланганлиги хатловдан ўтказилиб, унинг натижалари асосида объектларни зарур муҳандислик-техник воситалар билан қўшимча жиҳозлаш юзасидан чоралар кўрилишини таъминлансин.


4. Белгилансинки:

ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, уларга бўйсунувчи юридик шахслар томонидан ўз ваколатлари доирасида қўриқланадиган объектларга татбиқ этилмайди;

жисмоний шахсларга ва тадбиркорлик субъектларига тегишли объектлар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, уларнинг ихтиёрига кўра тузилган шартномаларга асосан қўриқланади.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 21 ноябрдаги

930-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан

қўриқланадиган объектлар

РЎЙХАТИ


I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИНИНГ

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ САФ БЎЛИНМАЛАРИ ТОМОНИДАН

ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган ўта муҳим, тоифаланган ва давлат аҳамиятидаги бошқа объектлар.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг давлат резиденцияларига хизмат кўрсатиш ва тадбирларини ташкил этиш бошқармасининг объектлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва агентликлар.


3. Вазирликлар ва идораларнинг маъмурий бинолари, шунингдек, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимияти органларининг объектлари (қонунчиликка мувофиқ идоравий қўриқлаш бўлинмалари мавжуд бўлган объектлар бундан мустасно).


4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бинолари.


5. Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ва муассасаларининг бинолари ва объектлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси органларидан ташқари.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббиёт экспертиза муассасалари, психиатрия муассасалари, сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки токсикоманияга мубтало бўлган беморларни мажбурий даволашга мўлжалланган махсус даволаш-профилактика муассасаларининг бинолари ва иншоотлари.


7 Республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган банкларнинг объектлари.


8. Фуқаровий ва хизмат қуроллари, уларнинг ўқ-дорилари сақланадиган ва реализация қилинадиган объектлар (иншоотлар, бинолар, хоналар, ҳудудлар), агар қонун ҳужжатларида бошқача белгиланмаган бўлса.


9. Портловчи ва заҳарли моддалар, уларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилган материаллар ва маҳсулотларни, шунингдек, портлатиш воситаларни ҳамда пиротехника буюмларини транспортда ташиш, сақлаш ва реализация қилиш амалга ошириладиган объектлар (иншоотлар, бинолар, хоналар, ҳудудлар), агар қонун ҳужжатларида бошқача белгиланмаган бўлса.


10. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари сақланадиган, тадқиқотлар ўтказиладиган, ишлаб чиқариладиган ташкилотлар объектлари, шу жумладан, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатининг илмий-тадқиқот ташкилотлари (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан).


11. Қуввати 200 мегаваттдан юқори бўлган гидроэлектростанциялар ва иссиқлик электростанциялари ҳамда қуввати 100 мегаваттдан юқори бўлган шамол ва қуёш фотоэлектр станциялари.


12. Нефть-газ ва газ конденсати конлари, конлардаги ва конлараро магистрал қувурлар, шунингдек, нефть-газ тармоғининг ишлаб чиқариш ва қурилиш майдонлари*.


13. Қимматбаҳо металлар конлари, уларнинг электр энергияси ва сув таъминоти объектлари, шунингдек, кон-металлургия тармоғининг ёрдамчи иншоотлари*.


14. Сиғими 800 киши ва ундан ортиқ бўлган концерт, оммавий томошалар ўтказиладиган саройлар ва заллар.


15. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришни амалга ошириш объектлари, "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Тошкент шаҳар телефон тармоғи" АЖ филиаллари бинолари, иншоотлари ва қурилмалари.


16. Деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги объектлари, шу жумладан, атом электр станцияси қурилиш майдонлари ва ёрдамчи объектлари, шунингдек, "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳар филиали.


18. Давлат музейлари, музей-қўриқхоналар, шу жумладан тарихий ва маданий мерослар сақланадиган жойлар, археологик қазилма жойлари (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан).


19. Давлат назоратига олиниши керак бўлган радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар, шунингдек, ионлаштирувчи нурланиш манбалари фойдаланиладиган, қайта ишланадиган, ишлаб чиқариладиган, сақланадиган ишлаб чиқариш (шу жумладан, цемент ишлаб чиқариш) корхоналари.


20. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан белгиланадиган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бошқа объектлар.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ ТЕХНИК ҚЎРИҚЛАШ ВОСИТАЛАРИ

МОНИТОРИНГ ВА НАЗОРАТ МАРКАЗЛАРИ ТОМОНИДАН

ТЕХНИК ҚЎРИҚЛАШ ВОСИТАЛАРИ ЁРДАМИДА

ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР


1. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини сақлаш ва сотиш жойлари, шу жумладан ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, дорихоналар.


2. Пиротехника буюмлари сақланадиган ва сотиладиган объектлар (иншоотлар, бинолар, қурилмалар).


3. Фуқаровий ва хизмат қуролларини, уларнинг ўқ-дориларини сақлаш жойлари.


4. Давлат назоратига олиниши керак бўлган портловчи ва радиоактив моддалар ҳамда ионлаштирувчи нурланиш манбалари сақланадиган жойлар.


5. Телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкилотларининг кириш чекланган хоналари.


6. Қимматбаҳо металлар (тошлар)ни сақлаш ва реализация қилиш объектлари (омборлар, дўконлар).


7. Банклар ва уларнинг филиалларининг нақд ва нақдсиз пул айланмалари амалга ошириладиган касса хоналари.


8. Архив ҳужжатлари доимий ва вақтинча сақланадиган архив омборлари хоналари, шунингдек, давлат органлари ва бошқа юридик шахсларнинг махсус тартиботли объектлари.


9. Давлат тарих ва санъат музейлари.


10. Умумий ўрта таълим муассасалари**.


11. Диний ташкилотларнинг объектлари (масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар)**.


12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан белгиланадиган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бошқа объектлар.



*) Ёқилғи-энергетика ва кон қазиш тармоғининг қўриқланадиган объектлари тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда объектларнинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, геоиқтисодий ва виктимологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва вазирликлар, идоралар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ўртасидаги икки томонлама қарорларга (шартномаларга) асосан қўриқлашга топширилади.


**) Умумий ўрта таълим муассасалари ва диний ташкилотларнинг объектлари "ташвиш тугмалари" билан жиҳозланади.

Изоҳ.


1. Муайян объектни (I бўлим 1-бандида кўрсатилганлардан ташқари) қўриқлашни ташкил этиш тизими (қўриқлаш тури, усули, пост-йўналишлар сони, қўриқлаш вақти, ички, кириб-чиқиш рухсатнома режими, видео-кузатув, сигнализация ва бошқа муҳандислик-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиши) томонларнинг вакиллари иштирокида бевосита жойига чиқиб, мазкур объектнинг техник воситалар билан жиҳозланганлиги, унинг фаолияти тури ва ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


2. Объектларни улар тегишли бўлган ташкилотнинг идоравий мансуб қўриқлаш хизмати билан биргаликда ушбу ташкилот аҳамиятига қараб қўриқлашга рухсат этилади. Бунда кўрсатиб ўтилган объектларда ўрнатилган техник қўриқлаш воситалари ва тизимлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш хизматининг бўлинмалари томонидан назорат қилинади.


3. Банклар ва уларнинг филиалларини қўриқлашни ташкил этиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Марказий банк томонидан биргаликда тасдиқланган қоидаларга асосан белгиланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан икки томонлама шартномаларга асосан объектларни қўриқлаш билан бир қаторда транзит юкларни, транспортдаги моддий бойликларни, портловчи, радиоактив (заҳарли) ва бошқа воситаларни қуролли қўриқлаш-кузатиш амалга оширилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 ноябрь