ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси /

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.11.2019 й. 924-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 21 ноябрдаги

924-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси

фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-

қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, бошқариш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) ғазначилик ҳисобварақларида жамланади ҳамда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ сарфланади.


3. Жамғарма автомобиль йўллари соҳасида лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни қўллаб-қувватлаш, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интеллектуал тизимлар, техник воситалар ва дастурий маҳсулотларни кенг жорий этиш, автомобиль йўллари соҳасига малакали мутахассисларни жалб этиш ҳамда Қўмита ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг кирганлиги ва транзит ўтиши учун йиғимнинг 40 фоизи;

б) оғир юкли ва катта ҳажмли транспорт воситаларининг умумий фойдаланишдаги йўллар бўйлаб юриши учун тўловнинг 100 фоизи (қатнов йўлини келишиб олиш ва юришга рухсатномани расмийлаштириш, транспорт воситаси умумий ҳақиқий вазнининг йўл қўйиладиган умумий вазндан ошиб кетганлиги, ғилдирак ўқи ҳақиқий юкламаларининг йўл қўйиладиган йўл конструкцияларидан ошиб кетганлиги ҳамда транспорт воситаси ҳажмларининг ошиб кетганлиги учун тўлов);

в) тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш учун ундириладиган жарималар суммасининг 90 фоизи;

г) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

д) халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;

е) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушган даромадлар бўйича тушумлар;

ж) тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари жорий этилгандан бошлаб 2 йил давомида улар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ундирилган жарима суммасининг 10 фоизи ва ишга туширилганидан 2 йил ўтгандан сўнг 20 фоизи;

з) йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималар суммасининг 5 фоизи (махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасидан ташқари);

и) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасининг 5 фоизи (тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ҳамда тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун ҳамда божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммаси бундан мустасно);

к) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг 60 фоизи;

л) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғимларнинг 60 фоизи;

м) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мазкур банднинг "з" ва "и" кичик бандларида кўзда тутилган маблағлар Давлат бюджетидан камайтирилган ҳолда Жамғармага йўналтирилади.


3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


5. Жамғарма маблағлари Қўмита раиси ёки унинг мажбуриятларини бажарувчи шахс томонидан бошқарилади.


6. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун тақдим этилган илмий-амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва тажриба-конструкторлик ишлари лойиҳалари (кейинги ўринларда лойиҳалар деб аталади) Қўмитанинг тармоқ Илмий-техник кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан кўриб чиқилади.

Ишлаб чиқилган технологияларни тажриба-саноат синовларидан ўтказиш, маҳсулотнинг синов партияларини чиқаришни ва серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида буюртмалар портфелини шакллантириш учун Қўмита марказий аппарати томонидан лойиҳалар Кенгашга кўриб чиқиш учун киритилади.

Кенгаш лойиҳаларнинг илмий-техник экспертизасини ўтказади ва лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришга қабул қилиш ёки лойиҳани молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Зарурат бўлганда, тегишли тармоқда етарли даражада билим ва малакага эга бўлган олимлар ёки мутахассислар эксперт сифатида жалб этилади.

Кенгаш қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва унинг раиси имзолайдиган баённома тарзида расмийлаштирилади.


7. Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар ходимларини моддий рағбатлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

САРФЛАШ ТАРТИБИ


8. Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

Қўмита марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари, шунингдек, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" УК ҳамда Республика йўл жамғармаси ходимларига қўшимча ҳақлар, устамалар, мукофот пуллари, моддий ёрдам, ижтимоий ва бошқа тўловларни тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш;

Қўмита марказий аппарати ходимларининг мамлакат ичига ва ундан ташқарига хизмат сафари харажатларини тўлаш, енгил автотранспорт воситаларини харид қилиш ва сақлаш, Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар раҳбарияти учун мобиль алоқа хизматларига ҳақ тўлаш, шунингдек, идоравий мансуб корхоналар ходимларининг мамлакат ташқарисига хизмат сафари харажатларини тўлаш;

офис жиҳозлари ва мебеллар, асосий воситалар, инвентарлар ва товар-моддий бойликларни харид қилиш;

видеоконференция тизимини ўрнатиш ва сақлаш, Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналарда комплекс ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар ходимларининг даволаниши ва тиббий хизмат бўйича харажатларини қисман қоплаш, шунингдек, санаторий, дам олиш масканлари ва даволаниш-соғломлаштириш муассасалари, пансионатлар ва бошқаларга йўлланмаларни харид қилиш;

йўл хўжалиги соҳасидаги кам таъминланган оилаларни ва фахрийларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш;

Қўмитага юкланган вазифаларни бажариш учун консалтинг ва бошқа ташкилотлардан хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда шартнома асосида жалб қилиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни, маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб қилиш;

йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги Давлат илмий дастурлари бажарилишини молиялаштириш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва йўл-қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларини ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш, меҳнат самарадорлигини ошириш, йўл-қурилиш фаолиятини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини яратиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш, илмий ва илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги нормалар ва қоидалар ишлаб чиқилишини молиялаштириш, йўл-қурилиш фаолияти соҳасида илмий-техник ва илмий-методик адабиётлар (шу жумладан, даврий нашрлар) тайёрлаш ҳамда чоп этиш, бу фаолиятни илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш, йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, тадбирлар, лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиш, тармоқ ходимларининг малакаси оширилишини ва илғор хорижий тажрибани ўрганишини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет мамлакатларга ва таълим муассасаларига амалиётларини ташкил этиш, шунингдек, инновацион лойиҳалар ва замонавий технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш;

республикада илк бор илмий тадқиқотлар натижалари текшириладиган (ишлов бериладиган) экспериментал объектларни лойиҳалаштириш ва қуришни илмий қўллаб-қувватлашга сарфланадиган илмий ташкилотлар ва лойиҳа ташкилотларининг қўшимча харажатларини қоплаш;

илмий-техник симпозиумлар, конференциялар, семинарлар, тренинглар, кўргазмалар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар, маҳорат дарсларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, илмий, норматив, методик, техник, технологик ҳужжатлар ва бошқа илмий-техник ахборот манбаларини харид қилиш;

Қўмитага идоравий мансуб корхоналар тасарруфидаги маъмурий, ишлаб чиқариш ва бошқа бино ҳамда иншоотларни, шу жумладан, ижтимоий объектларни (болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, пансионатлар, дам олиш масканлари ва бошқалар) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, уларни зарур инвентарь, жиҳозлар, алоқа, компьютер ва ташкилий техника билан таъминлаш;

ўқитишнинг илғор шакллари ва усулларини, компьютер ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Қўмитага идоравий мансуб корхоналарни замонавий лабораториялар, компьютер ва бошқа асбоб-ускуналар ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш;

рисолалар, буклетлар, китоблар, тўпламлар ва бошқа ахборот-маърифий материаллар ишлаб чиқиш ҳамда эълон қилиш;

вакиллик харажатларини тўлаш ва совғалар харид қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасига келган вақтида хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини қабул қилиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш;

Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналарнинг, шунингдек, Қўмитага идоравий мансуб корхоналар иштирокида ташкил этиладиган қўшма корхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг устав фондларини, айланма маблағларини шакллантириш ва тўлдириш;

Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар ходимларига уй-жой ва маҳаллий ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун кредитларни расмийлаштиришда уй-жой ва автотранспорт воситалари қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорда дастлабки бадални тўлаш учун Қўмита томонидан белгиланадиган тартибда фоизсиз қарзлар бериш;

илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни ўтказиш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларининг техник иқтисодий асоси/техник иқтисодий ҳисобини ишлаб чиқиш;

республикада замонавий ландшафт дизайни элементларини ўзлаштириш, йўлбўйи инфратузилма объектларини ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани жорий этиш;

автомобиль йўли ўқининг майдонларида вазн ўлчовчи стационар назорат постларини жойлаштириш, уларни автотранспорт воситаларининг габарит параметрлари ва оғирликларини ўлчаш учун ускуналар билан таъминлаш ҳамда махсус автомобилларда кўчма вазн ўлчов назорат постини ташкил этиш.


9. Жамғарманинг маблағлари Жамғарма даромадлари ва харажатларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланган сметаси доирасида Қўмита раисининг ёки унинг мажбуриятларини бажарувчи шахснинг қарори асосида сарфланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


10. Қўмита тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгардир.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 ноябрь









































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск