ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Фан соҳасида бошқарув. ОАК /

Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.11.2019 й. 953-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 ноябрдаги

953-сон қарорига

2-ИЛОВА



Фан ва технологиялар бўйича

республика кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини, вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва ваколатларини белгилайди.


2. Кенгаш фан, технологиялар ва олий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий ва таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган фан, технологияларни ривожлантириш ва олий таълимни такомиллаштириш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.


3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Кенгаш ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар учун бажарилиши мажбурийдир.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фан ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш, шу жумладан, фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш, фан ва технологиялар соҳасини жадал ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилиши натижадорлигини таъминлаш;

илмий-техник сиёсат стратегияси, илмий-инновацион инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш ва тасдиқлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий-техник лойиҳаларнинг давлат мақсадли дастурларини тасдиқлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлаш;

ҳар йилги илмий-тадқиқот ишлари дастурларини, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан тўғридан-тўғри молиялаштириш ҳисобига амалга ошириладиган илмий-тадқиқот муассасаларининг мақсадли индикаторларини тасдиқлаш;

фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича миллий лабораториялар тизимини шакллантириш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан тўлдириш ва бутловчи ҳамда сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

фан ва технологиялар соҳасида мамлакат илм-фанини жаҳон ютуқлари билан уйғунлаштириш, илмий салоҳият ва инновацион ривожланишни рейтинг баҳолашда мамлакат имижини, шу жумладан илмий ишланмаларни фаол тижоратлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ошириш;

илмий-тадқиқот, таълим ва лойиҳа-конструкторлик муассасалари, шунингдек, саноат корхоналари ва тижорат тузилмалари томонидан фойдаланиш мақсадида энг янги илмий-техник ишланмалар тўғрисидаги илғор хорижий тажрибани излаш, умумлаштириш, таҳлил қилишнинг давлат ахборот-таҳлил тизимини яратиш, Ўзбекистонни ривожлантириш учун илмий-техник салоҳиятнинг замонавий ахборот-ресурс базасини шакллантириш;

муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда фан ва инновацион ривожланиш соҳасини ислоҳ қилиш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни муҳокама қилиш, шу жумладан, оммавий муҳокама қилиш;

фан ва техника соҳасида Давлат мукофотини бериш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ҳамда таклифлар тайёрлаш.


7. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни бажаради:


а) фан ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш, шу жумладан, фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш, фан ва технологиялар соҳасини жадал ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилиши натижадорлигини таъминлаш соҳасида:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга қаратилган ягона давлат илмий-техник сиёсатини амалга оширишга кўмаклашади;

инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва маҳсулотларнинг тажриба партияларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ тадқиқотларни молиялаштириш орқали миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги иштирокини янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқади;

фан ва технологияларнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини кўпайтириш мақсадида фан ва олий таълимни янада ривожлантириш бўйича илмий-техник салоҳиятдан оқилона ва самарали фойдаланишга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш масалаларини ўрганади;

олий таълим муассасаларининг илмий-инновацион фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини кучайтириш масалаларини муҳокама қилади;

илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитларни яратади, мамлакат миллий иқтисодиёти учун муҳим бўлган илмий-техник янгиликларнинг кенг ёйилиши ва жорий этилишига кўмаклашади;

ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига эга бўлган хўжалик бирлашмаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;


б) илмий-техник сиёсат стратегияси, илмий-инновацион инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш ва тасдиқлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

илмий-техник сиёсат стратегияси бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди ҳамда илмий-инновацион инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишларини белгилайди;

республика фани ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш бўйича давлат органлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан тақдим этилган таклифларни муҳокама қилади;

республика фани ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш бўйича таклифларни амалга ошириш чораларини ишлаб чиқади;

фан ва технологиялар ривожланишининг жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда тез суръатларда ривожланаётган соҳаларда илмий тадқиқотлар ва экспериментал ишланмаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади;

ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида академик ва тармоқ фанларининг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ва интеграциясини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади;


в) илмий-техник лойиҳаларнинг давлат мақсадли дастурларини тасдиқлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлаш соҳасида:

илмий-техник ва тажриба-конструкторлик ишлари давлат мақсадли дастурлари (лойиҳалари)ни муҳокама қилади ва натижалари бўйича уларни тасдиқлайди;

илмий-техник ва тажриба-конструкторлик ишлари давлат мақсадли дастурлари (лойиҳалари)ни ишлаб чиқиш бўйича мунозаралар ташкил этади ва таклифларни ишлаб чиқади;

илмий-техник ва тажриба-конструкторлик ишлари давлат мақсадли дастурлари (лойиҳалари)нинг бажарилишини муҳокама қилади, шунингдек, уларнинг бажарилиши устидан самарали назоратни таъминлайди;


г) ҳар йилги илмий-тадқиқот ишлари дастурларини, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан тўғридан-тўғри молиялаштириш ҳисобига амалга ошириладиган илмий-тадқиқот муассасаларининг мақсадли индикаторларини тасдиқлаш соҳасида:

илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-тадқиқот дастурларини тасдиқлайди;

илмий-тадқиқот муассасаларининг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлайди ва уларнинг ютуқларини кўриб чиқади;

илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ўрганишни ташкил этади, уларнинг юқори идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади ва уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот фаолияти натижадорлигини ошириш чора-тадбирларини белгилайди;


д) фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича миллий лабораториялар тизимини шакллантириш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан тўлдириш ва бутловчи ҳамда сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш соҳасида:

давлат илмий-тадқиқот муассасаларини моддий-техник таъминлаш масалаларини кўриб чиқади ҳамда фан ва технологияларнинг устувор йўналишлари бўйича миллий лабораториялар тизимини шакллантириш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий асбоб-ускуналар, зарур сарфлаш материаллари ва таркибий қисмлар билан жиҳозланганлиги даражасини ҳар томонлама ўрганишни ташкил этади, ўрганиш натижаларига кўра илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш дастурларини тасдиқлайди;

дастурларнинг бажарилишини муҳокама қилади ва республика илмий-тадқиқот муассасаларини замонавий илмий-техник ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш, янгилаш ва зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларини белгилайди;


е) фан ва технологиялар соҳасида мамлакат илм-фанини жаҳон ютуқлари билан уйғунлаштириш, илмий салоҳият ва инновацион ривожланишни рейтинг баҳолашда мамлакат имижини, шу жумладан илмий ишланмаларни фаол тижоратлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ошириш соҳасида:

рақобатбардош ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга инновациялар ва технологияларни жорий этишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш бўйича мамлакатнинг технологик ривожланиш соҳасида хорижий мамлакатлардан етарли даражада мустақиллигини таъминлайдиган амалий чора-тадбирлар режасини муҳокама қилади.

илмий-техник ҳамкорлик соҳасидаги халқаро алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, республика фани ва технологиялари ютуқларини кўпайтириш масалаларини кўриб чиқади;

халқаро рейтингларда мамлакатнинг юқори кўрсаткичларига эришиш ва мамлакатимиз илм-фанининг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш бўйича изчил чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

илмий ва олий таълим муассасаларининг инновацион фаолиятини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга кўмаклашади;


ж) илмий-тадқиқот, таълим ва лойиҳа-конструкторлик муассасалари, шунингдек, саноат корхоналари ва тижорат тузилмалари томонидан фойдаланиш мақсадида энг янги илмий-техник ишланмалар тўғрисидаги илғор хорижий тажрибани излаш, умумлаштириш, таҳлил қилишнинг давлат ахборот-таҳлил тизимини яратиш, Ўзбекистонни ривожлантириш учун илмий-техник салоҳиятнинг замонавий ахборот-ресурс базасини шакллантириш соҳасида:

инновацион фаолият инфратузилмасини ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, технологиялар трансфери, инновациялар маркетинги ва илмий ишланмаларини тижоратлаштириш масалаларини кўриб чиқади;

ягона давлат ахборот-таҳлил қидирув тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, тизим фаолият юритиши ва уни такомиллаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

илғор хорижий тажрибанинг энг янги илмий-техник ишланмалари бўйича таҳлиллар ўтказилишини ташкил этади ва таҳлил натижаларига кўра технологиялар трансфери тизимини ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

тасарруфида илмий ва олий таълим муассасалари, шунингдек, ахборот-таҳлил тизимларидан фойдаланиш бўйича саноат ва тижорат тузилмаларига эга бўлган давлат бошқаруви идоралари ва хўжалик бирлашмалари ишларига кўмаклашади;

Ўзбекистоннинг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш учун замонавий ахборот-ресурс базасини шакллантириш бўйича тизимли ишларни таъминлайди;


з) муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда фан ва инновацион ривожланиш соҳасини ислоҳ қилиш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни муҳокама қилиш, шу жумладан, оммавий муҳокама қилиш соҳасида:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг илмий ёндашув талаб қиладиган долзарб масалалар ва муаммолар ечимини топиш бўйича тавсия ва таклифларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш ва илмий-техник дастурларни бажариш борасида илмий муассасалар ва олий таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади ҳамда фан ва инновацион ривожланиш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларини қабул қилади;

илмий ва олий таълим муассасалари раҳбарларининг, шунингдек, етакчи олимларнинг ўзаро манфаатдорлик ҳамда тармоқлараро илмий ҳамкорликка асосланган фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграцияси жараёнини янада ривожлантириш бўйича таклифларини кўриб чиқади;

хўжалик бирлашмалари ва илмий муассасаларда экспериментал-тажриба ва конструкторлик-технологик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида ихтисослаштирилган бўлинмаларни яратиш масалаларини муҳокама қилади;


и) фан ва техника соҳасида Давлат мукофотини бериш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ҳамда таклифлар тайёрлаш борасида:

фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига номзодларни танлаш ва тақдим этиш бўйича ишчи гуруҳ тузади;

фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига номзодлар учун танлов ташкил этади, шунингдек, уларнинг ишларини экспертизадан ўтказиш жараёнини мувофиқлаштиради;

ўз йиғилишларида фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига номзодларнинг ишини кўриб чиқади ва муҳокама натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли таклифларни киритади.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, шунингдек, тасарруфида илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

ўзининг йиғилишларига давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини Кенгаш томонидан қўйилган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш учун таклиф қилиш;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларидан Кенгашнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

фан ва технологиялар соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;

белгиланган тартибда илмий, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларни ахборот-таҳлилий ва эксперт ишларини ўтказиш учун, шунингдек, олимлар ва мутахассисларни илмий ва илмий-техникавий сиёсат масалалари бўйича таклифларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун жалб қилиш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг изчил бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш.


9. Кенгаш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. КЕНГАШ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Кенгаш Кенгаш раиси, унинг ўринбосарлари, котиб ва Кенгаш аъзоларидан иборат бўлади. Кенгаш аъзолари унинг ишида жамоатчилик асосида қатнашадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Кенгашнинг раиси ҳисобланади.


11. Кенгаш мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш, шунингдек, Кенгашнинг жорий масалаларини ҳал қилиш Кенгаш котиби томонидан амалга оширилади.


12. Кенгаш йиғилишлари камида олти ойда бир марта ўтказилади. Зарурат бўлганда Кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилишлари ўтказилиши мумкин.

Кенгаш мажлисини раис, у бўлмаган тақдирда, Кенгаш раисининг ўринбосари олиб боради.


13. Кенгаш мажлиси Кенгаш аъзоларининг камида ярми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.


14. Кенгаш раиси:

Кенгашга умумий раҳбарлик қилади;

Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

Кенгаш раисининг ўринбосарлари ва унинг аъзоларининг ваколатлари, мажбуриятлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Кенгаш раисининг ўринбосарлари ўз зиммаларига юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


16. Кенгашнинг ишчи органи функциясини:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси - Фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига номзодлар учун тавсияларни кўриб чиқиш ва таклифларни тайёрлаш бўйича;

Вазирлар Маҳкамасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти - бошқа масалалар бўйича амалга оширади.

17. Фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига тавсия қилиш масалалари кўриб чиқиладиган йиғилишларни ўтказиш тартиби, шунингдек, ушбу масалаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича қарорлар қабул қилиш тартиби ва уларни баённома билан расмийлаштириш ушбу мукофот тўғрисидаги Низомда белгиланади.


18. Кенгашнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби ва материаллари Кенгаш аъзоларига йиғилишдан камида уч календарь кун олдин бўлажак мажлис тўғрисидаги хабарнома билан бирга юборилади.


19. Кенгашнинг қарорлари мажлисда қатнашган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


20. Кенгаш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ва Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади. Баённомани имзолаш пайтида Кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақлидирлар.

Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида сақланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Кенгашни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 ноябрь



































Время: 0.2244
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск