ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти /

"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестри тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.11.2019 й. 955-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 28 ноябрдаги

955-сон қарорига

1-ИЛОВА



"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг

ягона реестри тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестрини (кейинги ўринларда Ягона реестр деб аталади) шакллантириш ва юритиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотларнинг (кейинги ўринларда фойдаланувчилар деб аталади) ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ягона реестрда "ZiyoNET" тармоғига уланган объектларга фойдаланиш ҳуқуқи билан тақдим этиладиган сайтлар ва ахборот ресурсларининг жамланма рўйхати шакллантирилади.


3. Ягона реестрнинг ахборот ресурсларидан фойдаланиш уланиш ҳуқуқи "Ўзбектелеком" АК (кейинги ўринларда оператор деб аталади) томонидан берилади.


4. Ягона реестрдаги ахборот ресурсларининг рўйхатидан кейинчалик бошқа операторлар ва провайдерлар томонидан болалар ва ёшлар учун мўлжалланган "хавфсиз интернет" хизматларини жорий этиш орқали фойдаланилиши мумкин.


5. Ягона реестрнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш, уни онлайн режимда юритиш бўйича ташкилий-техник ишлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан амалга оширилади.


6. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ахборот ресурси - электрон кўринишдаги ахборот, маълумотлар банки, ахборот тизими таркибидаги маълумотлар базаси;


"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестри - "ZiyoNET" тармоғига уланган, объектларга фойдаланиш учун тақдим этиладиган бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги илмий-таълим, маънавият ва тарбия йўналишларидаги сайтлар ва ресурсларнинг тизимлаштирилган жамланма рўйхати. Реестр бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги хорижий ва миллий сегментларнинг ахборот ресурсларидан, шу жумладан давлат органларининг ахборот ресурсларидан шакллантирилади;


"ZiyoNET" тармоғига уланган объектлар - "ZiyoNET" тармоғига уланган мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотлар;


объектларни "ZiyoNET" тармоғига улаш оператори - "Ўзбектелеком" АК номидан Ягона реестр ахборот ресурсларидан махсус тарифларда фойдаланиш ҳуқуқини беришни ташкил этадиган оператор;


Ягона реестрни шакллантирувчи ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) - Ягона реестрга киритиш учун ахборот ресурсларини йиғиш, қайта ишлаш ва шакллантириш бўйича Марказ ходимларидан ва Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика маънавият ва маърифат марказининг биттадан масъул ходимларидан (жамоатчилик асосида) ташкил этиладиган гуруҳ. Ишчи гуруҳга Марказ директори раҳбарлик қилади;


Ягона реестрни шакллантирувчи эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) - Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика маънавият ва маърифат марказининг биттадан раҳбар ходимларидан иборат вакиллари (жамоатчилик асосда иш кўрадиган) таркибидаги Ягона реестрнинг ахборот ресурсларини баҳолаш комиссияси;


Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизими - Ягона реестрни шакллантириш учун мўлжалланган, ахборот ресурсларини йиғиш ва баҳолаш имкониятларини ўз ичига оладиган, шунингдек, Ягона реестрни шакллантириш доирасида тегишли мутахассисларнинг ўзаро муносабатларини ва фаолиятини таъминловчи дастурий-аппарат тизими;


"ZiyoNET" порталидаги Ягона реестр каталоги - "ZiyoNET" порталида (www.ziyonet.uz) Ягона реестрнинг ахборот ресурслари рўйхатини эълон қилиш учун мўлжалланган махсус бўлим;


Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ - "ZiyoNET" тармоғидаги ахборот ресурсларинининг мунтазам тизимли мониторингини ташкил этиш ва амалга оширишни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази.



2-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРНИ ЮРИТИШ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Ягона реестр "ZiyoNET" тармоғига уланган объектларда тармоқдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, маънавий баркамол ва интеллектуал ривожланган шахсни тарбиялашга кўмаклашадиган ахборот ресурсларининг рўйхатини шакллантириш орқали ёшларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги бузғунчи мазмундаги ресурсларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида яратилган.


8. Қуйидагилар Ягона реестрнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёшлар учун фойдали ва билим олишлари учун мўлжалланган миллий ва хорижий ахборот ресурслари базасини шакллантириш, уни долзарб талаблардан келиб чиққан ҳолда доимий равишда тўлдириб бориш ва янгилаб турилишини таъминлаш;

"ZiyoNET" тармоғига уланган объектларда Ягона реестр ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

"ZiyoNET" тармоғига уланган объектларда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.



3-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

БЎЙИЧА МАСЪУЛЛАР


9. Ягона реестрни шакллантириш ва унинг кейинги фаолият кўрсатиши қуйидаги масъулларнинг мунтазам ўзаро ҳамкорлиги орқали таъминланади:

- Ишчи гуруҳ;

- Эксперт комиссияси;

- Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ.

Ягона реестр ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ шакллантирилади.


10. Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун фойдаланувчиларнинг таклифларини йиғиш ва ҳисобини юритиш, шунингдек уларнинг ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатиб ўтилган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқиш;

ёшларнинг маънавий, интеллектуал ва шахс сифатида ривожланишига йўналтирилган, ёшлар учун фойдали бўлган ва билим олишларига ёрдам берадиган ахборот ресурсларини қидириш;

сайтни Ягона реестрга киритиш учун ("ZiyoNET" порталидаги шаклга мувофиқ) тавсияларни тайёрлаш;

фойдаланувчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш, улар бўйича жавобларни тайёрлаш ва тақдим этиш.


11. Эксперт комиссияси 5 кишидан иборат таркибда тузилади.


12. Эксперт комиссиясининг барча аъзолари тенг ҳуқуқлидир.

Заруратга кўра, манфаатдор вазирликлар ва идоралар раҳбариятининг мурожаати асосида Эксперт комиссияси аъзоларининг таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


13. Қуйидагилар Эксперт комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

таклиф этилган ахборот ресурсларининг таҳлилини, маъқулланишини ёки рад этилишини ўз вақтида амалга ошириш;

заруратга кўра, айрим ресурсларни маъқуллаш ёки рад этиш сабаблари бўйича қабул қилинган қарорларни асослаш;

Ягона реестрни шакллантиришнинг янги усулларини ва механизмларини жорий этиш ҳамда мавжудларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш.


14. Қуйидагилар Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказнинг вазифалари ҳисобланади:

Ягона реестр ахборот ресурсларининг мунтазам мониторингини амалга ошириш;

ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатиб ўтилган ҳолларда ахборот ресурсини Ягона реестрдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек, сайтдаги қоидабузарлик тўғрисидаги хабарларни белгиланган тартибда юбориш.



4-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРАДИГАН

АХБОРОТ ТИЗИМИ


15. Ягона реестр ахборот ресурслари Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизимида шакллантирилади.


16. Ишчи гуруҳ ва Эксперт комиссиясининг аъзоларига, шунингдек, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказнинг масъул мутахассисларига Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Тизимга логин ва пароль ёрдамида кирилади.


17. Ахборот тизимида Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ушбу Низомнинг 10-бандига ва Эксперт комиссиясининг ҳар бир аъзоси эса 13-бандига мувофиқ хатти-ҳаракатларни бажаради.


18. Ягона реестрга киритилган ахборот ресурсларининг рўйхати тизимнинг барча фойдаланувчилари учун "ZiyoNET" порталининг "Сайтлар" бўлимида эълон қилинади. Ягона реестрдан чиқарилган ахборот ресурсларининг рўйхати бошқа фойдаланувчилар томонидан сайтнинг такрор тавсия қилинишининг олдини олиш учун архивда сақланади.


19. Ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича махсус йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва тизимнинг барча фойдаланувчиларига тарқатиш Марказ томонидан таъминланади.



5-БОБ. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИ ЯГОНА РЕЕСТРГА

КИРИТИШ ЁКИ ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


20. Ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун қуйидаги мезонларга мувофиқлик асос ҳисобланади:

болалар ва ёшлар, шу жумладан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар) ўқувчилари ва олий таълим муассасаларининг талабалари учун билим олиш учун зарурлиги ва фойдалилиги;

таълим ва мактабгача бўлган муассасаларнинг ўқитувчилари учун фойдалилиги;

илмий-таълим, маданий-маърифий ва ижтимоий аҳамияти;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

Ўзбекистоннинг бой маданий, маънавий меросини ва санъатини тарғиб қилиш;

ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини, Ўзбекистоннинг бой тарихини ўрганишга асосланган юксак ахлоқий ва маънавий фазилатларни, халқнинг миллий урф-одатларини ва маънавий қадриятларини ҳурмат қилиш туйғусини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатиш;

билим ва тажриба алмашиш, фаол ҳаётий позицияга, ижодий фикрлаш ва мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр шахслар ҳамжамиятларини шакллантириш (стипендиатлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари, спортчилар ва бошқалар) имкониятининг мавжудлиги.


21. "ZiyoNET" порталида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаган ҳар бир фойдаланувчи ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритишга доир таклифларни юбориши мумкин.


22. Барча таклифлар келиб тушиш тартибида Ишчи гуруҳ томонидан сараланади ва улар асосида ҳар ойда ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун тавсиялар шакллантирилади.

Шунингдек, Ишчи гуруҳ ўз ташаббусига кўра Эксперт комиссиясига ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш таклифларини юбориш ҳуқуқига эга.

Бунда ушбу Низомнинг 24-бандида келтирилган барча ҳолатларнинг биттасига ёки бир нечтасига ёки барчаси бўйича мезонлар-асосларга мувофиқ бўлса, таклиф қилинаётган ахборот ресурслари Эксперт комиссиясига юборилади.


23. Эксперт комиссиясининг аъзолари кўриб чиқишга юборилган ахборот ресурслари рўйхатини уч иш куни давомида кўриб чиқади. Кўриб чиқилган ахборот ресурслари ушбу Низомнинг 20-бандидаги мезонларга мувофиқ келиши шарти билан маъқулланади ёки ушбу Низомнинг 24-бандидаги мезонларга мувофиқ келганда чиқариб ташлаш сабабларини кўрсатилган ҳолда рўйхатдан чиқарилади.

Эксперт комиссиясининг аъзоси бўлмаганда (меҳнат таътили, хизмат сафари, бошқа лавозимга ўтказилиши ва бошқалар) унинг вазифалари ва функцияларини бажариш унинг ўрнини босувчи шахс зиммасига юкланади.


24. Қуйидагилар ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш ёки чеклаш учун асос бўладиган мезонлар:

сайтдан фойдаланиб бўлмайди ёки тегишли контентга эга эмас;

ёш авлодда соғлом фикрлашни ривожлантириш учун фойдали контентнинг йўқлиги;

ижтимоий адоватни қўзғатиш;

миллий, ирқий, диний адоватни қўзғатиш;

зўравонлик, шафқатсизлик, порнография, терроризм ва диний экстремизмни тарғиб қилиш;

қимор ўйинларини, шунингдек, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этишга ундовчи ёки қаратилган маълумотларни тарғиб қилиш;

спиртли ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилиш;

бузғунчи таъсир кўрсатувчи мазмун ва ёшларнинг ижтимоий онгига салбий бузғунчи ахборот-руҳий таъсир кўрсатиш;

ахборот соҳасида шахсий манфаатларни бузиш;

ахборот соҳасида давлат ва жамиятнинг манфаатларига зарар етказиш;

миллий-маданий анъаналарни сақлаб қолиш ва уларнинг узвийлигини таъминлашни бузиш;

бузғунчи таъсир кўрсатувчи ва фуқароларнинг жисмоний ёки руҳий саломатлигига зарар етказувчи қасддан содир этилган хатти-ҳаракатлар;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг талабларига зид бўлган ахборотни тарқатиш.


25. Эксперт комиссиясининг 5 нафар аъзосидан камида 3 нафар аъзоси томонидан маъқулланган ахборот ресурслари Марказ томонидан уч иш куни ичида Ягона реестрга киритилади ва объектларни "ZiyoNET" тармоғига улаш операторига тегишли ахборотни юборган ҳолда, "ZiyoNET" порталидаги Ягона реестр каталогида эълон қилинади.



6-БОБ. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИ ЯГОНА

РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


26. Ягона реестрга киритилган ахборот ресурслари ушбу Низомнинг 20 ва 24-бандларига мувофиқлиги юзасидан Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ томонидан текширилади.


27. Ягона реестр ахборот ресурсларида ушбу Низомнинг 24-бандида келтирилган мезонлардан бирига мувофиқлиги аниқланганда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш учун Ишчи гуруҳга мурожаат қилади.


28. Эксперт комиссияси аъзолари ҳам ахборот ресурсининг ушбу Низом 24-бандида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқлиги аниқланганда уни Ягона реестрдан чиқариш тўғрисида Ишчи гуруҳга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.


29. Ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш учун мурожаатлар Ягона реестрни шакллантириш ахборот тизими доирасида амалга оширилиши керак.


30. Ишчи гуруҳ тегишли мурожаатнини олгандан кейин ахборот ресурсини 3 иш куни ичида Ягона реестрдан чиқаради.


31. Ахборот ресурси чиқарилгандан кейин унинг маълумотлари фойдаланувчиларнинг фойдаланиши чекланган умумий фойдаланишдаги маълумотлар базасида сақланади.



7-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРНИНГ АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


32. Оператор "ZiyoNET" тармоғига уланган барча объектларга Ягона реестрнинг ахборот ресурсларидан (шу жумладан унинг субдоменларидан) узлуксиз фойдаланиш имконини тақдим этади.


33. Оператор Марказ билан ҳамкорликда ҳар куни ахборотни Ягона реестр маълумотлари асосида ўз тизимида автоматик равишда созлайди.


34. Оператор янгидан киритилган ахборот ресурслари Ягона реестрга киритилгандан кейин бир иш кунидан бўлмаган муддатда улардан фойдаланишни таъминлайди.


35. Ойлик ташқи трафик тугаганда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи миллий сегментидаги (TAS-IX тармоғи) Ягона реестр ресурсларидан фойдаланиш ушбу календарь ойи давомида чекланмайди.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


36. Масъул ташкилотлар вакиллари ва раҳбарлари Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига масъулдир.






Низомга

ИЛОВА



"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг

ягона реестрини шакллантириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ


Ахборот ресурсларини "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестри (Ягона реестр)га киритиш учун тавсиялар тайёрлаш


Ҳар ой










2-босқич

Ягона реестрни шакллантириш бўйича эксперт комиссияси (Эксперт комиссияси)


Ягона реестрга киритиш учун таклиф қилинган ахборот ресурсларини таҳлил қилиш, маъқуллаш ёки рад этиш


3 иш куни давомида











3-босқич

Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази



Эксперт комиссияси томонидан маъқулланган ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш


3 иш куни давомида











4-босқич

Оператор - "Ўзбектелеком" АК


Ягона реестр ахборот ресурсларидан махсус тарифлар бўйича фойдаланишни тақдим этиш


1 иш куни давомида











5-босқич

Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ


Ягона реестр ахборот ресурсларини мунтазам мониторинг қилиш


мунтазам



      


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 ноябрь




































Время: 0.1322
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск