ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 04.12.2019 й. ПФ-5887-сон Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 4 декабрдаги

ПФ-5887-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача

ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқиш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) футболни янада оммавийлаштириш ҳамда мазкур спорт турини тизимли ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Концепция Ўзбекистонда футбол тизимини ривожлантиришнинг мақсади, вазифаси, устувор йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда футбол спорт турини ривожлантиришга йўналтирилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Футбол соҳасида йиллар давомида тўпланиб қолган камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш доирасида янгиланаётган Ўзбекистоннинг спорт ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида камол топтириш ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда "футбол омили"ни янада ривожлантириш Концепциянинг туб моҳиятини белгилаб беради.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ҲОЛАТИ ВА СОҲАДАГИ ТИЗИМЛИ МУАММОЛАР


Сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг футбол турига аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга йўналтирилган 255 та спорт таълим муассасалари фаолият юритади, улардан:

209 таси болалар-ўсмирлар спорт мактаблари;

14 таси болалар ва ўсмирлар футбол академиялари;

15 таси профессионал футбол клублари ҳузуридаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари;

17 таси хусусий футбол мактаблари.

Республика аҳолиси 33,6 миллион кишидан зиёд, шундан футбол билан шуғулланувчилар сони 327 291 (аёллар - 11 884) нафарни ташкил этади. Шундан 297 та спорт таълим муассасаларида футбол билан 7-18 ёшдаги шуғулланувчилар сони 45 919 (шундан аёллар 610) нафар, профессионал футболчилар 2 220 (аёллар 400) нафар. Аҳолининг 0,14% мунтазам равишда футбол билан шуғулланиб келмоқда.

2019 йил давомида ташкил этилган оммавий ва ҳаваскор футбол турнирларида 7-18 ёшгача 161 000 дан ортиқ ёшлар ва ўсмирлар иштирок этди, 18 ёшдан юқори ёшлар ўртасида "Чарм тўп", "Мустақиллик кубоги", "Ҳаваскорлар лигаси", "Фахрийлар чемпионати" мусобақаларида 200 000 дан зиёд киши футбол баҳсларида иштирок этди.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида 37 та профессионал футбол клублари иштирокида уч тоифадаги мусобақалар ўтказиб келинмоқда: Суперлига, А Про-лига, Б Про-лига.

Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари футболчиларининг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилганда қуйидаги натижалар қайд этилган:

тезкор куч қобилияти миллий терма жамоада 47%, олимпия терма жамоасида 53%;

старт тезлиги даражаси бўйича миллий терма жамоада 8%, олимпия терма жамоасида 17%;

масофа тезлиги даражаси миллий терма жамоада 61%, олимпия терма жамоасида 68%;

тезлик-чидамкорлик даражаси миллий терма жамоада 65%, олимпия терма жамоасида 70%.

Бугунги кунда Ўзбекистонда футбол бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар сони 1 750 нафарни ташкил этади. Шундан Сирдарё вилоятида 850 мингга яқин аҳоли сонига нисбатан 78 та (0,1%) тренер, Қашқадарё вилоятида 3,3 миллион аҳоли сонига нисбатан 77 та (0,003%) тренер, Самарқанд вилоятида 3,8 миллион аҳоли сонига нисбатан 79 та (0,002%) тренер тўғри келмоқда.

Республикада ўқув-машғулотларни ўтказиш учун мўлжалланган 380 та футбол майдони, 1 830 та мини-футбол (сунъий қопламали) майдони мавжуд. 65 та стадиондан 18 тасида халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин.

Бу борада Навоий вилоятида 913 минг аҳоли сонига нисбатан бир футбол майдонига кунига 9 318 нафар киши, Самарқанд вилоятида 3,8 миллион аҳоли сонига нисбатан бир футбол майдонига кунига 14 047 нафар киши тўғри келмоқда.

Халқаро футбол тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Буюк Британияда болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари ҳамда академиялари сони 39 812 тани ташкил қилади, жами 65 миллион аҳолидан 11,5 миллион (20,9%) нафари футбол билан мунтазам шуғулланади.

Германияда 27 336 та футбол мактаб ва академиялари фаолият юритиб, 81 миллион аҳолидан 16,3 миллион (20%) нафари футбол билан мунтазам шуғулланади. Россияда футболга ихтисослаштирилган 2 245 та мактаб мавжуд бўлиб, 146 миллион аҳолидан 5,8 миллион (4,1%) нафари футбол билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 1994 йил Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларидаги ғалабаси халқаро даражада эришилган энг катта муваффақият бўлиб турибди.

Футболнинг бугунги ривожланиш тенденцияси ҳар бир мамлакатда яратилган футбол инфратузилмасини юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш ҳамда футбол соҳасида юқори малакали спорт менежерларини тайёрлаш тизимига мослаштиришни талаб қилмоқда.

Мамлакатда футболни ривожлантиришга қуйидаги тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда:

биринчидан, иқтидорли болалар ва ўсмирларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизими замон талабларига жавоб бермаслиги, миллий терма жамоаларимизда сифатли спорт захирасининг мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолати паст даражада бўлганлиги ва халқаро талабларга жавоб бермаслиги. Масалан, махсус чидамлилик ва тикланиш тезлигини баҳолаш бўйича "YoYo" тестидан миллий ва олимпия терма жамоасининг бирорта ҳам футболчиси ўта олмаган;

учинчидан, футболни ривожлантириш ва бошқарув тизимида маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш ҳолати қониқарсизлиги;

тўртинчидан, малакали кадрлар билан таъминлаш тизимида, замонавий футбол талаблари асосида "футбол таҳлилчиси", "спорт селекционери" (скаут), "спорт менежери", "спорт маркетологи", "спорт шифокори", "спорт психологи", "спорт фармакологи", "спорт диетологи", "спорт ҳуқуқшуноси" каби мутахассисларга бўлган эҳтиёжларни қондириш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги;

бешинчидан, ҳудудларда болалар ва ўсмирлар футбол жамоалари ўртасида ўқув-машғулот жараёнлари ва мусобақалар паст савияда ташкил этилаётганлиги;

олтинчидан, болалар ва ўсмирлар футболидаги тренерларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги;

еттинчидан, футболни ривожлантириш, футбол бўйича тадбирларни ташкиллаштириш, ёшларни футболга жалб қилиш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш борасида ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти сустлиги;

саккизинчидан, футбол инфратузилмасининг ҳолати (футбол майдонларининг қопламалари, ёритиш тизимлари, мультимедиа анжомлари билан таъминлаш даражаси, мухлислар учун мўлжалланган трибуналар) бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ҳамда ўқув-машғулот ўтказиш учун мўлжалланган спорт инвентарлари меъёрлари эскирганлиги;

тўққизинчидан, футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини ва мусобақаларни марказлаштирилган ҳолда ўтказиш имкониятини берувчи ягона ўқув-машғулот маркази мавжуд эмаслиги;

ўнинчидан, футболчиларнинг функционал диагностикаси ва реабилитацияси марказлари, фармакология таъминоти ҳамда илмий асослантирилган методологияси тизими мавжуд эмаслиги;

ўн биринчидан, футбол клубларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда миллий чемпионатимиздаги футбол учрашувларининг шаффофлигини таъминловчи механизмнинг белгиланмаганлиги, келишилган ўйинлар ўтказиш каби ҳолатларнинг мавжудлиги;

ўн иккинчидан, аксарият профессионал футбол клубларининг фаолияти Осиё Футбол Конфедерацияси ва бошқа халқаро талабларга жавоб бермаслиги;

ўн учинчидан, футболни ривожлантириш учун ажратилаётган пул маблағлардан самарали фойдаланилмаслиги;

ўн тўртинчидан, халқаро ва миллий даражадаги футбол мусобақаларида қатнашувчи спортчиларнинг биологик ёшини сунъий кичрайтириш каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги;

ўн бешинчидан, футболда коррупцион схемалар ва келишилган ўйинлар мавжудлиги, фаолият устидан шаффоф назорат тизими йўлга қўйилмаганлиги.

Ўзбекистонда футболни аҳолининг энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, мамлакат футболини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қиладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш, футбол клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил қилиш, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ташкил этиш асосий вазифа ҳисобланади.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


Замонавий футболнинг бугунги ривожланиш тенденцияси унга фақатгина оммалашган спорт тури сифатида эмас, балки мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларни соғлом турмуш тарзига ўргатувчи, руҳий-маънавий жиҳатдан она Ватанга садоқат туйғуларини шакллантирувчи ноёб восита, кенг кўламли ислоҳотлар даврида мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш кўрсаткичини белгиловчи муҳим омил сифатида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Футболи ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда, ёшларни профессионал футболчи сифатида тайёрлаш орқали футбол клубларининг бизнес тузилма сифатида шаклланганлигини кўришимиз мумкин.

Мисол учун, футбол ривожланиш истиқболлари жиҳатидан Ўзбекистонга яқин бўлган Хорватия сўнгги ўн йилликда футбол соҳасида шиддатли ўзгаришларни амалга ошириб, Англия, Франция, Италия, Испания, Германия каби футболи йўлга қўйилган мамлакатлар билан рақобатлашиш даражасига чиқди.

Хорватия футбол академияларида тарбияланган маҳоратли спортчилар айнан юқорида номлари келтирилган футболи ривожланган мамлакатларнинг футбол клублари сафини тўлдирди. Бу эса Хорватия томонидан футбол академияларини тубдан ривожлантириш орқали маҳоратли футболчиларни тарбиялаб, мамлакат даромадларини оширишга ҳамда футболчилар ва уларнинг оила аъзолари манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон шароитида салоҳияти юқори, муайян тажриба ва кўникмаларга эга бўлган футболчиларни тайёрлаш, уларни инновацион ёндашувлар асосида илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, футболни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қуйидаги муҳим йўналишларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

биринчидан, мамлакатимизда бешта муҳим ташаббус ҳамда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орқали ёшларимизни жисмоний чиниқтириш ва спортга фаол жалб қилиш, жумладан Ўзбекистонда футболни умуммиллий спорт турига айлантириш;

иккинчидан, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш;

учинчидан, иқтидорли футболчиларни саралаб олиш, уларни босқичма-босқич профессионал тайёргарликдан ўтказиб бориш орқали футболи ривожланаётган давлатларнинг етакчи клубларига "футболчилар экспорти"ни амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш;

тўртинчидан, аёллар футболи, футзал (мини-футбол) ва соҳил футболини оммавийлаштириш ва ривожлантириш;

бешинчидан, футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва уларни рағбатлантириш;

олтинчидан, футбол бўйича ҳакамлик фаолиятида эришган муваффақиятли тажрибани оммалаштириш, уни янги поғонага кўтариш орқали футбол соҳасида Ўзбекистон тренерлик ва ҳакамлик мактабини такомиллаштириш;

еттинчидан, салоҳияти юқори футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш, уларни хорижий давлатларнинг нуфузли футбол клубларида профессионал фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, футболчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида "футбол бўйича агентлар" (воситачилар) профессионал фаолиятини йўлга қўйиш;

саккизинчидан, республиканинг ҳар бир ҳудудида фаолият олиб бораётган футбол клубларини Осиё Футбол Конфедерацияси талаблари асосида фаолият юритишини таъминлаш, молиялаштириш бўйича самарадорликка эришиш мақсадида футбол соҳасида монетизация тамойилларини йўлга қўйиш;

тўққизинчидан, профессионал футбол клубларининг аксарияти давлат улуши мавжуд бўлган йирик корхона ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини қисқартириб бориш ва клубларда боқимондалик кайфиятига барҳам бериш мақсадида футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқариш, футбол клубларини хусусий секторга босқичма босқич ўтказиш;

ўнинчидан, футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали "ўзбек футболи" мактабини яратиш;

ўн биринчидан, профессионал футбол клубларининг захирасини тайёрлаш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактабларини тегишлича ҳудудий профессионал футбол клубларига бириктириш.

Ушбу Концепциянинг мақсади - Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача янада оммалаштириш ҳамда мазкур спорт турини тизимли ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади:

биринчиси, оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

иккинчиси, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция), уларни профессионал даражада тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

учинчиси, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш;

тўртинчиси, давлат таълим муассасалари, шу жумладан спорт таълим муассасаларини футбол учун зарур бўлган анжомлар ва жиҳозлар билан таъминлаш, спорт анжомлари ва жиҳозлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

бешинчиси, футбол соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларни жорий этиш;

олтинчиси, футбол соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

еттинчиси, футболни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ва тижоратлашув механизмларини жорий этиш;

саккизинчиси, футбол бўйича терма жамоалар ва уларнинг захирасини шакллантиришда замонавий ёндашувлар ва қатъий регламент талабларини жорий этиш.



§ 1. Оммавий ва профессионал футболни ҳар

томонлама ривожлантириш учун

шароитлар яратиш


Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратиш борасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

маҳалла ёшлари ўртасида "Маҳаллада футбол", "Футболимиз келажаги", "Чарм тўп" футбол мусобақаларини мунтазам ва юқори савияда ўтказиш тизимини йўлга қўйиш;

ҳудудлар кесимида барча корхона ва ташкилотлар, давлат муассасалари ходимлари ўртасида футбол бўйича "Бош вазир кубоги", "Ҳоким кубоги", "Раҳбар кубоги" каби тизим мусобақаларини кенг қамровда ва мунтазам ташкил этиш;

профессионал футбол клублари қошидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган болалар-ўсмирлар футбол мактаблари негизида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактаблари (кейинги ўринларда - футбол маҳорат мактаблари) ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда аҳоли сонидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча футбол маҳорат мактабларини ташкил этиш;

футбол маҳорат мактабларининг раҳбар, тренерлари ва бошқа ходимларига олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини қўллаш;

мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларини футболга қизиқтириш учун футбол бўйича ўйин шаклида кўргазмали дарсларни ташкил этиш;

мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчилари ўртасида доимий тарзда футбол бўйича фестиваллар ва қизиқарли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш;

умумтаълим мактаблари ўртасида ҳар бир туман (шаҳар)да доимий равишда йилига камида икки маротаба "Мактаблар футбол лигаси" мусобақаларини ўтказиб бориш;

"Мактаблар футбол лигаси" мусобақаларини туман (шаҳар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ҳамда Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамиятига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштириш;

туман (шаҳар) спорт мактаблари футбол бўлинмалари ва хусусий футбол мактаблари ўртасида ёш тоифасидан келиб чиқиб, белгиланган меъёрлар асосида "Спорт мактаблари футбол лигаси" мусобақаларини ўтказиб бориш;

футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академиялари ўртасида ёш тоифасидан келиб чиқиб, белгиланган меъёрлар асосида "Профессионал футбол мактаблари лигаси" мусобақаларини ўтказиб бориш;

"Спорт мактаблари футбол лигаси" ва "Профессионал футбол мактаблари лигаси" мусобақаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштириш;

профессионал футбол билан шуғулланишни рағбатлантириш ва футбол нуфузини янада ошириш, иқтидорли болалар ва ўсмирлар учун профессионал футболчилар бўлишлари учун қулай шароитлар яратиш;

футболга етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жалб этиш бўйича мақсадли дастурларни қабул қилиш ва амалга ошириш;

хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини янада ривожлантириш ва рағбатлантириш, шу жумладан уларни таниқли футболчиларнинг номлари билан аташ;

ҳар йили футболни оммалаштиришга оид қисқа метражли видеороликлар яратиш, ҳужжатли ва бадиий фильмларни суратга олиш ҳамда уларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;

футболни оммавийлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида туман (шаҳар) спорт мактабларида аёллар футболи, футзал (мини-футбол) ва соҳил футболи гуруҳларини ташкил қилиш, улар ўртасида мунтазам равишда мусобақаларни ўтказиш;

туман (шаҳар), вилоят ва республика спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган мусобақаларда қатнашувчи барча футболчиларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш;

таниқли футболчилар ва тренерларни жалб қилган ҳолда ёш футболчилар учун учрашув ва мастер-класслар ўтказиб бориш;

футбол тренерларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш. Бунда тренерларга қўшимча пул мукофоти (ойликдан ташқари) миқдорини тарбияланган болалар ва ўсмирларнинг миллий терма жамоаси ва профессионал футбол клубларига аъзолигидан келиб чиқиб белгилаш механизмларини жорий қилиш;

туман (шаҳар)ларни футбол спорт турига ихтисослаштириш;

Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинларга барча ҳудудлардан фан-клуб аъзоларини марказлашган ҳолда жалб этиш чораларини кўриш ҳамда ватанпарварлик руҳидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам олиб бориш.



§ 2. Профессионал футбол клублари фаолиятини

янада ривожлантириш


Профессионал футбол клублари фаолиятини янада ривожлантириш борасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

барча профессионал футбол клублари таркибларини белгиланган жисмоний тайёргарлик талабларини бажарган спортчилардан шакллантириш;

иқтидорли футболчиларни тайёрлаш орқали Марказий Осиё, Россия, Хитой ва бошқа футболи ривожланаётган давлатларнинг етакчи клубларига "футболчилар экспорти"ни амалга ошириш, хорижий футбол бозорларини эгаллаш;

профессионал футбол клубларини футболи ривожланаётган давлатларнинг етакчи клубларига "футболчилар экспорти"ни амалга ошириш фаолиятини рағбатлантириш;

давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан профессионал футбол клублари фаолиятига ажратилаётган молиявий маблағларнинг самарали фойдаланилиши устидан мониторинг ўтказишни амалга ошириш;

профессионал футбол клубларида спортчи ва бошқа мутахассисларни рағбатлантирадиган тизимнинг шаффофлигини таъминлаш;

профессионал футбол клублари ҳузурида инновацион лабораториялар ташкил этиш, шу жумладан, футболчиларни жисмоний тайёргарлигини масофадан кузатиш қурилмалари ва замонавий имитация ускуналари билан таъминлаш;

футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва уларга қўлланадиган солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш механизмини ишлаб чиқиш.



§ 3. Истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва

саралаб олиш (селекция), уларни профессионал даражада

тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш


Ўзбекистонда истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция), уларни профессионал даражада тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш тизими ўз ичига комплекс чора-тадбирларни қамраб олади.

Танлаш ва саралаб олиш (селекция) жараёнини шартли равишда ҳаваскор ва профессионал даражаларга ажратиш мумкин.

Ҳаваскор даражадаги танлаш ва саралаб олиш (селекция) асосан мактабдан ташқари таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари оммавий равишда футбол билан машғул бўлиш масалаларини ҳал қилади, холос. Мазкур даражадаги танлаш ва саралаб олиш (селекция) усули ва футбол гуруҳларини шакллантиришни ифодалайди, иштирокчилар орасидан келгусида профессионалларни тайёрлаш мақсадида қобилиятли ёшларни футболга жалб қилиш вазифасини бажаради.

Футбол бўйича профессионал даражадаги спортчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тўрт босқичда амалга оширилади:

биринчи, "Мактаблар футбол лигаси" мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича иқтидорли ўқувчилар туман (шаҳар) спорт мактабларининг футбол бўлинмалари ҳамда хусусий футбол мактабларига саралаб олинади (селекция);

иккинчи, "Спорт мактаблари футбол лигаси" мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академияларига футболчилар саралаб олинади (селекция);

учинчи, "Профессионал футбол мактаблари лигаси" мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича ҳудудий профессионал футбол клубларига футболчилар саралаб олинади (селекция);

тўртинчи, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясида футбол бўйича турли ёш тоифасидаги терма жамоалар тайёргарлик кўрадилар.



§ 4. Футбол инфратузилмасини моддий-техник

жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро

талабларга мослаштириш


Ўзбекистонда футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш борасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

футбол маҳорат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш, спорт иншоотларини барпо этиш;

Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси ва Осиё Футбол Конфедерацияси талабларига жавоб берадиган замонавий футбол майдонларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

футболчиларни тайёрлаш ва ёшларни футболга жалб қилиш мақсадида республикада футбол майдонларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш. Бунда ушбу майдонлар қопламалари табиий чимдан бўлишини таъминлаш ва табиий чимни ишлаб чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш;

футбол ва мини-футбол майдонларини барпо этиш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида қурилишини назарда тутувчи "Ҳар бир маҳаллада футбол майдони" дастури ижросини таъминлаш. Футбол майдонлари ва мини-футбол майдончаларини барпо этишда халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг имтиёзли кредит линияларини Ҳукумат кафолати асосида жалб қилиш;

ҳудудларда футзал (мини-футбол) бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжалланган замонавий спорт заллари тармоғини барпо этиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш;

ҳар бир ҳудудда соҳил футболи билан шуғулланиш учун қумли майдончалар барпо этилишини таъминлаш;

футбол инфратузилма объектларини сифатли ва етарли даражада спорт инвентарлари билан таъминлаш;

профессионал футбол мусобақаларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳалар, хусусан VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимини жорий этиш.



§ 5. Давлат таълим муассасалари, шу жумладан

туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактаблари

футбол бўлинмаларини футбол учун зарур бўлган

анжомлар ва жиҳозлар билан таъминлаш


Давлат таълим муассасалари, шу жумладан туман (шаҳар) спорт мактаблари футбол бўлинмаларини футбол учун зарур бўлган анжомлар ва жиҳозлар билан таъминлаш борасида қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

давлат таълим муассасалари, шу жумладан туман (шаҳар) спорт мактаблари футбол бўлинмаларининг футбол учун зарур бўлган анжом ва жиҳозлар билан таъминланганлигини ўрганиш;

умумтаълим мактаблари ва туман (шаҳар) спорт мактаблари футбол бўлинмаларини футбол бўйича спорт анжомлари ҳамда жиҳозлари билан, шу жумладан футбол тўплари билан доимий равишда белгиланган меъёрлар доирасида таъминлаш;

футбол тўпларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф қилишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида спорт анжомлари ва жиҳозлари билан белгиланган меъёрлар доирасида мунтазам равишда таъминлаш бўйича харажатлар моддасини алоҳида кўрсатиш.



§ 6. Футбол соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни

тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб

олиш ва ривожлантиришга инновацион ёндашув, илғор

илмий-методик ва ахборот-коммуникация

технологияларини жорий этиш


Ўзбекистонда футбол соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

футбол бўйича техник директор лавозимларига мутахассисларни танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

Осиё Футбол Конфедерацияси дастурлари бўйича (аёллар футболи, футзал (мини футбол), соҳил футболи, дарвозабонлар ва жисмоний тайёргарлик бўйича тренерлар) халқаро инструкторларни жалб қилган ҳолда халқаро тренерлик курсларини ўтказиш;

Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси, Европа Футбол Ассоциациялари Бирлашмаси ва Осиё Футбол Конфедерацияси мутахассисларини жалб қилган ҳолда тренерлик таълими бўйича инструкторларни тайёрлаш юзасидан ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш;

футболнинг турли йўналишлари - аёллар футболи, футзал (мини футбол), соҳил футболи бўйича тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассислар учун Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерациясининг ихтисослаштирилган семинарларини ташкил этиш ва ўтказиш;

футбол бўйича тренерларнинг хорижий мамлакатларда малака оширишини (стажировкасини) ташкил этиш;

юқори малакали тренер ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш;

футболчилар ва бошқа мутахассисларни тайёрлашнинг долзарб масалалари юзасидан етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда футбол бўйича илмий-услубий ва илмий-амалий конференциялар ўтказиб бориш;

Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси, Европа Футбол Ассоциациялари Бирлашмаси ва Осиё Футбол Конфедерациясининг тренерлар тайёрлаш бўйича етакчи хорижий марказларида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакилларининг стажировкасини ташкил этиш;

футбол ўйинлари давомида мухлислар билан ишлаш ва локал хавфсизликни таъминлаш бўйича "стюард мухлис" тизимини ташкил этиш, кўнгилли ёшлар ва фан-клублар аъзолари учун ихтисослаштирилган семинарларни ташкил этиш;

Ўзбекистон футбол мутахассисларини халқаро футбол тузилмаларининг бошқарув бўғинларида фаолият юритишларини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш.



§ 7. Футбол мусобақалари телевизион трансляцияси

тизимини тубдан такомиллаштириш


Футбол мусобақалари телевизион трансляцияси тизимини тубдан такомиллаштиришда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

ҳар бир ҳудуддаги халқаро мусобақалар ўтказишга мўлжалланган стадионларни HD телевизион студиялар ҳамда зарур мультимедиа жиҳозлари билан таъминлаш;

футбол мусобақалари телевизион трансляцияси медиа ҳуқуқларини ўрта ва узоқ муддатли шартларда хусусий секторга ўтказиш;

футбол соҳасини босқичма-босқич тижоратлаштириш орқали "спонсоршип" (титул ҳомийлик, реклама дистрибюцияси, ахборот ҳамкорлик ва бошқалар) тизимини ривожлантириш ҳамда учрашувларнинг телевизион трансляциясини телеканалларга сотиш механизмини йўлга қўйиш;

стадионлардан футбол мусобақаларининг тўғридан-тўғри трансляциясини ташкил этиш учун оптик толали алоқа линияларини ўтказиш;

футбол стадионларидан репортажларни онлайн тарзда тайёрлаш мақсадида юқори тезликдаги Интернет тизимини ташкил этиш.



§ 8. Футбол соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани

янада такомиллаштириш


Меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

профессионал футбол мусобақалари ўтказилишини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар базасини халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўрганиб чиққан ҳолда янги таҳрирда ишлаб чиқиш;

футбол соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда самарали бошқарув тизими (спорт менежмент)ини жорий қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ёш футболчиларни саралаб олиш, танлаш (селекция) ва уларни профессионал даражада тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда профессионал футбол клубларида иқтидорли ёшларнинг фаолият юритишини тизимли равишда қўллаб-қувватлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

спорт таълими ҳамда футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилиш мезонларини такомиллаштиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикасида футбол бўйича тренерлик таълими ва тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтиш тартиби тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикасида футбол бўйича (шу жумладан терма жамоалар учун) тренерларни танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

ҳакамларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

халқаро стандартлар асосида футбол спорт тури бўйича агентлар (воситачилар)нинг фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

"спорт шифокори", "спорт психологи", "спорт фармакологи", "спорт диетологи", "спорт селекционери", "футбол таҳлилчиси", "спорт ҳуқуқшуноси", "техник директор" ва "футбол ҳаками" каби замонавий касбларни қонунчилик доирасида белгиловчи ва фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


§ 9. Футболни молиялаштириш тизимини ривожлантириш

ва тижоратлашув механизмларини жорий этиш


Футболни молиялаштириш тизимини ривожлантириш ва тижоратлашув механизмларини жорий этишда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

профессионал футбол клублари бошқарув тизимини тижоратлаштириш, жумладан 2020 йилдан бошлаб ҳар бир клубнинг аниқ бизнес стратегияси ишлаб чиқилишини таъминлаш;

давлат улуши мавжуд бўлган йирик корхона ва ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган футбол клубларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиб бориш;

стадионларга футбол мухлисларини кенг жалб қилиш мақсадида замонавий чипта тизими (шу жумладан абонемент сотуви)ни жорий қилиш, қолаверса, стадионлар инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида "хоспиталити хизматлари" (хостел, овқатланиш, фитнес, спорт мактаблари ва бошқалар)ни ташкил этиш, клублар ва стадион музейлари фаолиятини йўлга қўйиш;

футбол соҳаси субъектлари фаолиятини тижоратлаштириш мақсадида "футбол мерчандайзинги" (клублар атрибутикаси, сувенир ва экипировкалар мажмуини яратиш, туристик саёҳат маршрутлари ва бошқалар)ни жорий қилиш;

таниқли хориж клублари ва футболчилари иштирокида спорт фестиваллари ҳамда спорт лотереялари ташкил этиш орқали стадионларга мухлисларни жалб қилиш механизмларини йўлга қўйиш.


§ 10. Футбол бўйича терма жамоалар ва уларнинг

захирасини шакллантиришда мутлақо янги

ёндашувларни жорий этиш


Футбол бўйича терма жамоалар ва уларнинг захирасини шакллантиришда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот марказини ташкил этиш;

футбол бўйича терма жамоаларга иқтидорли футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

барча турдаги миллий ва олимпиа терма жамоалари таркибларини белгиланган жисмоний тайёргарлик талабларини бажарган спортчиларидан шакллантириш;

терма жамоа футболчиларини тикланиш воситалари билан таъминлаш, уларнинг овқатланиш ва витаминизация тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш;

профессионал футбол клубларининг расмий мухлислар фан-клублари аъзолари учун миллий қадрият ва анъаналар асосида "Мухлислик кодекси" қоидалар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

футбол бўйича Ўзбекистоннинг ягона мадҳиясини яратиш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Мазкур Концепцияда белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:

профессионал футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги кучаяди ва натижада ўйинлар сифати ошади;

ҳар бир профессионал футбол клуби "футбол таҳлилчиси", "спорт шифокори", "спорт психологи", "спорт фармакологи", "спорт селекционери", "спорт ҳуқуқшуноси", "техник директор" каби касблар бўйича малакали кадрлар билан тўлиқ таъминланишига эришилади;

республика бўйича футбол билан мунтазам шуғулланаётган барча спортчиларнинг фаолияти ва функционал диагностика натижаларининг ягона базаси яратилади;

2030 йилга келиб республикада футболнинг оммавийлигини ошириш ҳисобига футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сони умумий аҳоли сонига нисбатан 5%га етказилади;

футбол соҳасига коррупцион схемаларнинг салбий таъсири ҳамда фаолият устидан шаффоф назорат тизими йўлга қўйилади ҳамда футбол мусобақаларининг адолат тамойиллари асосида ўтказилишига эришилади;

терма жамоаларни нуфузли халқаро мусобақаларда иштироки этиш имкониятлари яратилади, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг футбол оммавийлигини ошириш ва профессионал ривожлантириш борасидаги фаолияти самарадорлиги таъминланади;

профессионал футбол клубларини хусусий секторга ўтказиш ҳисобига ўзаро рақобатбардошлиги ортади, футбол ўйинлари томошабоплиги таъминланади;

ҳудудларда футбол инфратузилмасининг такомиллаштирилиши натижасида халқаро ва маҳаллий футбол тадбирларини юқори даражада ўтказиш имконияти яратилади;

футбол клубларининг молиявий барқарорлиги ортишини инобатга олиб, ижтимоий юкламалар воситасида жойларда болалар футболини ривожлантириш, зарур инфратузилма (спорт майдонлари, инвентарлари ва бошқа зарур жиҳозлар) билан таъминлаш имконияти яратилади;

иқтидорли футболчиларни профессионал тайёрлаб бориш ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи клубларига трансфер қилиб боришнинг замонавий тизими яратилади;

замонавий маркетинг услублари воситасида футбол мухлислари аудиториясини кенгайтириш орқали ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда уларда ватанпарварлик туйғуларини қарор топтириш имконияти пайдо бўлади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, ўз навбатида илгари сурилган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига ҳамда ҳар бир мутасаддининг ўз масъулиятини англаш даражасига боғлиқ.

Ватанимиз футболининг замонавий қиёфаси жаҳон футболида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш учун яратиб бериладиган шароитларга, ислоҳотларга ва албатта қандай натижаларга эришишимизга боғлиқ бўлади.

Бинобарин, устувор вазифаларнинг натижадорлигини халқ, биринчи навбатда ҳақиқий футбол ишқибозлари улкан тажрибаси билан адолатли баҳолаб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 декабрь












































Время: 0.1953
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск