ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат шартномаси (контракт) / Меҳнат стажи. Меҳнат дафтарчалари /

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.12.2019 й. 971-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 5 декабрдаги

971-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро

дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини

рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини

шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ходимлар билан иш берувчилар ўртасида тузилган меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш, "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда "ЯММТ" ИДАК деб аталади) - ахборот ресурслари, технологиялар ва алоқа воситаларининг ташкилий тартибга солинган мажмуи бўлиб, у орқали рўйхатга олинган меҳнат шартномалари ва ходимларнинг меҳнат стажига оид маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш амалга оширилади;


"ЯММТ" ИДАК оператори (кейинги ўринларда оператор деб аталади) - ахборот тизимининг ишлашини, ундан фойдаланишни, шунингдек, "ЯММТ" ИДАК ишлашининг ташкилий ва техник жиҳатлари билан боғлиқ мунтазам тартибга солиш ваколатлари амалга оширилишини таъминлайдиган "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси.


иш берувчи - ташкилот, шу жумладан, унинг алоҳида таркибий бўлинмалари номидан уларнинг раҳбарлари, мулкдори айни вақтда унинг раҳбари ҳисобланадиган хусусий корхоналар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўн саккиз ёшга тўлган алоҳида шахслар;


меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш - меҳнат ҳақидаги қонунлар талабларига мувофиқ иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси тўғрисидаги маълумотларни "ЯММТ" ИДАКга киритиш жараёни;


ходимнинг электрон меҳнат дафтарчаси - жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган элетрон ҳужжат, у меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилганлиги, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлик, ўзини ўзи банд қилганлиги, ишсиз ва банд бўлмаган шахсларнинг жамоат ишларига жалб қилинганлиги, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга кетаётган фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотлар асосида "ЯММТ" ИДАКда шакллантирилади, шунингдек, унда ходим тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, маълумоти, касби, мутахассислиги), ишга жойлашиш даврлари (ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш), ҳисобланган иш ҳақи, шунингдек, жисмоний шахснинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлади;

идоралараро ўзаро ахборот ҳамкорлиги иштирокчилари - "ЯММТ" ИДАК билан маълумотлар айирбошланишига жалб этилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;


иш берувчининг шахсий кабинети - рўйхатдан ўтган иш берувчиларга ходимлар билан меҳнат шартномалари тузиш, уларни бекор қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, иш ўринлари, бўш иш ўринлари ва ходимлар ҳақидаги маълумотларни киритиш имконини берувчи "ЯММТ" ИДАКнинг ёпиқ бўлими;


жисмоний шахснинг шахсий кабинети - рўйхатдан ўтган жимоний шахсларга ўзларининг электрон меҳнат дафтарчаларига кириш имконини берувчи "ЯММТ" ИДАКнинг ёпиқ бўлими;


Электрон рақамли имзо ёрдамида тасдиқланадиган маълумотлар - "ЯММТ" ИДАКка иш берувчининг "Ташкилот кабинети" орқали киритиладиган барча маълумотларнинг тўғрилиги ва шаффофлигига иш берувчи томонидан электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда - ЭРИ) ёрдамида қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланадиган электрон маълумотлар;

ходимнинг аввалги меҳнат стажи - фаолият юритаётган иш берувчида ишлаётган ходимнинг аввалги иш жойи тўғрисидаги меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар.

3. Меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказишда "ЯММТ" ИДАКдан фойдаланиш ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир, Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги, шунингдек, штат жадвали махфий бўлган иш берувчилар бундан мустасно;

Ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, фаолият юритаётган барча иш берувчилар (Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги, шунингдек, штат жадвали махфий бўлган иш берувчилар бундан мустасно) ўзларида ишлаётган ходимларининг аввалги иш жойи тўғрисида меҳнат дафтарчасидаги барча ёзувларни "ЯММТ" ИДАКка киритишга ва 2005 йил 1 январгача меҳнат стажи тўғрисида киритилган ушбу маълумотларни меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида ЭРИ билан тасдиқлаб беришга, 2005 йилдан кейинги давр учун мазкур маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун ходим аввал ишлаган иш берувчиларнинг "Ташкилот кабинети"га электрон шаклда сўров юборилишига масъулдир.

Иш берувчилар "ЯММТ" ИДАКдан келиб тушган электрон сўровга кўра уларда илгари ишлаган собиқ ходимларнинг барча даврлар бўйича меҳнат стажи даври ҳақидаги маълумотларни сўров келиб тушгандан сўнг ўн кун муддатда ЭРИ билан тасдиқлайдилар ҳамда собиқ ходимларининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ушбу муддат давомида белгиланган тартибда архивларга тақдим этилмаган ҳамда ўзларининг идоравий архивидаги мавжуд ҳужжатлари асосида "ЯММТ" ИДАКка киритадилар ва ЭРИ билан тасдиқлайдилар.

Тасдиқланган маълумотларнинг ҳаққонийлигига иш берувчилар масъул ҳисобланади.

Ёпилган, тугатилган ёки бошқа сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган (архивлар ёки идоравий архивларда маълумотлари мавжуд бўлмаган) иш берувчиларда муқаддам ишлаган собиқ ходимларнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларига киритилган иш стажи тўғрисидаги ёзувлар ходимнинг охирги иш берувчиси томонидан "ЯММТ" ИДАКка киритилади ва ЭРИ билан тасдиқланади.

4. "ЯММТ" ИДАКдан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепулдир.


5. "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси "ЯММТ" ИДАК оператори ҳисобланади.


6. "ЯММТ" ИДАКни ишлаб чиқиш, юритиш, сақлаб туриш ва такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


7. Хусусий ташкилотларга "ЯММТ" ИДАКга маълумотларни киритиш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатишга йўл қўйилади.



2-БОБ. ИШ БЕРУВЧИНИНГ ШАХСИЙ

КАБИНЕТИГА КИРИШ


8. Иш берувчи ёзма шаклда тегишли қарорни расмийлаштириш йўли билан "ЯММТ" ИДАКга кириш ҳуқуқига эга бўлган масъул шахс ва ёки бир нечта масъул шахсларни белгилаши шарт, якка тартибдаги тадбиркор бундан мустасно.


9. "ЯММТ" ИДАКда меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш функцияси раҳбар ёки у томонидан белгиланган бошқа шахсга юкланиши мумкин.


10. Ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни рўйхатга олиш тартиби ижросини, шунингдек, "ЯММТ" ИДАКда электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритишни таъминлаш, бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжудлигини кўрсатиш мақсадида иш берувчи масъул шахсни (шахсларни) белгилаб, унга (уларга) иш берувчининг ЭРИ калитини тақдим этиш орқали "ЯММТ" ИДАКка кириш имконини бериши мумкин.

11. "ЯММТ" ИДАКда рўйхатдан ўтиш учун иш берувчи my.mehnat.uz электрон манзилига ўтиши ва "Электрон ҳукумат" тизимининг фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона ахборот тизими орқали идентификациядан ўтиши лозим.


12. Идентификациядан ўтгандан сўнг "ЯММТ" ИДАК автоматик равишда тақдим этилган маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизимининг юридик шахслар маълумотлар базасида мавжуд маълумотлар билан таққослайди ва хатолар аниқланмаган тақдирда, идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ёрдамида иш берувчи "ЯММТ" ИДАКда рўйхатга олади.


13. Рўйхатга олингандан сўнг автоматик равишда иш берувчининг шахсий кабинети шакллантирилади. Иш берувчининг шахсий кабинетига иш берувчининг ЭРИ калити ёрдамида кирилади.

14. Иш берувчига тегишли солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) "ЯММТ" ИДАКда иш берувчининг идентификатори ҳисобланади.

15. Иш берувчида дастурий ёки аппарат воситалари бўлмаса ёхуд "ЯММТ" ИДАКда мустақил равишда рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қиладиган бошқа сабаблар мавжуд бўлса, рўйхатдан ўтиш меҳнат органларида бепул амалга оширилиши мумкин. Бунда маълумотларни тасдиқлаш иш берувчининг ЭРИдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

16. Истисно тариқасида, ходимларнинг сони кўплиги ёки бошқа сабабларга кўра иш берувчи томонидан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ваколати унинг таркибий бўлимларига ўтказилган ҳолларда иш берувчининг "ЯММТ" ИДАК операторига йўллаган сўровига кўра, меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш, иш ўринлари, бўш иш ўринлари ва таркибий бўлинмалар ходимлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш учун алоҳида штат тузилмаси (жадвали) базаси шакллантирилишига йўл қўйилади.


17. Иш берувчи тугатилганда унинг шахсий кабинетига киритилган маълумотлар "ЯММТ" ИДАК маълумотлар архивига юборилади ва у ерда чекланмаган муддат давомида сақланади. Иш берувчи тугатилгандан сўнг оператор манфаатдор шахсларнинг давлат пенсиясини тайинлаш билан боғлиқ бўлган асосланган буюртманомалари бўйича иш берувчининг шахсий кабинетига кириш ҳуқуқига эга бўлади.


18. Ташкилот мулкдори ўзгарганда, қайта ташкил этилганда (бирлаштириш, қўшиб юбориш, бўлиниш, ажратиш, ўзгартириш) шахсий кабинет унинг ҳуқуқий ворисида сақланиб қолади.



3-БОБ. ТАШКИЛОТНИНГ ТУЗИЛМАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


19. "ЯММТ" ИДАКда ташкилот тузилмасини шакллантириш ташкилот штат жадвалига мувофиқ (агар мавжуд бўлса) бўлинмалар ва иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади. Бунда ҳар бир лавозим алоҳида яратилади.


20. Ташкилотнинг тузилмасида:

ташкилотнинг барча бўлинмалари тўғрисидаги маълумотлар, юридик шахснинг алоҳида СТИРга эга бўлган ва алоҳида юридик шахс бўлганларидан ташқари;

иш берувчининг (бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг) тасдиқланган штат жадвали, махфий штат жадвали бундан мустасно;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинганлиги бўйича суғурта полиси санаси ва рақамлари;

маъмурий, ишлаб чиқариш ва техник ходимлар билан биргаликда ташкилотдаги барча иш ўринлари, шу жумладан, бўш иш ўринлари, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун белгиланган захирага қўйилган иш ўринларининг тоифалари ва сони (агар қонунчилик талаблари татбиқ этилса) ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.

21. Бўлинмалар ҳақидаги маълумотларни киритиш бўлинма номи ёзилган махсус шаклни тўлдириш орқали амалга оширилади.


22. Иш жойи ҳақидаги маълумотларни киритиш Хизматчилар асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига мувофиқ лавозим номи ёзилган махсус шаклни тўлдириш йўли билан ва ходимларнинг маоши, ставка ҳажми ва иш ўрнига қўйилган талаблар, шу жумладан, меҳнат шароитлари ва лавозим вазифаларини кўрсатган ҳолда амалга оширилади.

Иш берувчилар томонидан "ЯММТ" ИДАКдаги "Ташкилот кабинети"да яратилган иш ўрнига ноқулай ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича лавозим ва касблар белгиланади ҳамда ушбу лавозим ва касбларда ишлаётган ва ишлаган ходимларнинг маълумотлари киритилиши лозим.

Иш берувчилар томонидан "Ташкилот кабинети"да имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи лавозим ва касбларда ишлаётган ҳамда ишлаган собиқ ходимларнинг ишлаган даври тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Бунда имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлари бўйича 2-рўйхатнинг 1-қисми ва 3-рўйхатнинг 1-қисмида кўзда тутилган ишлар, касблар ва лавозимлар имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан, агар уларнинг меҳнат шароитлари Рўйхатларда кўрсатилган шартларга (кўрсаткичларга) мос бўлса фойдаланади. Ушбу мослик ташкилотларда иш ўринларининг аттестацияси натижалари билан қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.

Иш берувчи "Ташкилот кабинети"да "Бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш" бўлимида бахтсиз ҳодиса тури, оқибатлари ва санаси, жабрланувчилар сони бўйича тузилган Н-1 шаклдаги далолатномага асосан меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигини олган, шунингдек, меҳнатга лаёқатлилигини қисман йўқотган ва тиббий хулосага кўра ўзининг асосий ишидан бошқасига бир ва ундан ортиқ иш кунига ўтказилган ходимларнинг маълумотларини киритади.

Иш берувчилар ушбу маълумотларни ЭРИ билан тасдиқлайдилар ва уларнинг ҳаққонийлиги учун масъул ҳисобланадилар.

23. Меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилгунигача янгидан киритилган иш ўрнининг мақоми автоматик равишда бўш иш ўрни деб белгиланади.


24. Иш ўрни тўғрисида маълумот киритилганидан сўнг меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.



4-БОБ. МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


25. Иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича "ЯММТ" ИДАКка меҳнат шартномаси тўғрисидаги маълумотларни шартнома тузилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида киритиш орқали рўйхатдан ўтказилади.

26. Иш берувчи меҳнат шартномаси тўғрисидаги маълумотларни киритади ва киритилган маълумотларни ЭРИ ёрдамида тасдиқлайди. Меҳнат шартномаси тўғрисидаги киритилган маълумотлар иш берувчининг ЭРИси билан тасдиқланмаган тақдирда, меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилмаган деб ҳисобланади.

27. Меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш пайтида нотўғри маълумотлар киритилган тақдирда иш берувчи беш иш куни мобайнида меҳнат шартномасининг нотўғри киритилган маълумотларини таҳрир қилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб кетган тақдирда иш берувчи ўрнатилган "ЯММТ" ИДАК алоқа каналлари орқали ЭРИ идентификацияси билан операторга мурожаат қилади. Барча мурожаатлар оператор томонидан беш иш куни давомида кетма-кетлик тартибида кўриб чиқилади.


28. "ЯММТ" ИДАКда рўйхатга олинган ҳар бир меҳнат шартномасига кейинчалик хизматда фойдаланиш мақсадида ноёб рақам берилади.



5-БОБ. МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИГА ҚЎШИМЧА

БИТИМНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


29. Тузилган меҳнат шартномасига қўшимча битимни рўйхатдан ўтказиш "ЯММТ" ИДАКга меҳнат шартномасидаги қўшимчалар ва ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади.


30. Меҳнат шартномасига қўшимча битим бўйича киритилган маълумотлар иш берувчи томонидан ЭРИ ёрдамида тасдиқланади. Қўшимча битим иш берувчининг ЭРИси билан тасдиқланмасдан рўйхатдан ўтказилган тақдирда, қўшимча келишув рўйхатдан ўтказилмаган ҳисобланади.

31. Қўшимча келишув маълумотлари нотўғри киритилган ҳолларда иш берувчи нотўғри киритилган маълумотларни беш иш куни мобайнида таҳрир қилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтиб кетган тақдирда, иш берувчи операторга мурожаат қилади.


32. Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномасига қўшимча битимга кейинчалик хизматда фойдаланиш учун ноёб рақам берилади.



6-БОБ. ХОДИМНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪТИЛГА

ЧИҚИШИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


33. Ходимнинг ижтимоий таътилга чиқишини рўйхатдан ўтказиш "ЯММТ" ИДАКга ижтимоий таътил даври тўғрисидаги маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади.


34. Ходимнинг ижтимоий таътилини рўйхатга олиш тўғрисидаги киритилган маълумотлар иш берувчи томонидан ЭРИ ёрдамида тасдиқланади. Ходимнинг ижтимоий таътилга чиқиши иш берувчининг ЭРИси билан тасдиқланмасдан рўйхатга олинган тақдирда, киритилган маълумотлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

35. Ходимнинг ижтимоий таътилга чиқиши бўйича нотўғри маълумотлар киритилган тақдирда иш берувчи беш иш куни мобайнида нотўғри киритилган маълумотларни таҳрир қилиши мумкин. Белгиланган муддатдан ошган тақдирда иш берувчи операторга мурожаат қилади.



7-БОБ. МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИНГ БЕКОР

ҚИЛИНИШИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


36. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши "ЯММТ" ИДАКка иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотларни уч иш куни мобайнида киритиш орқали рўйхатдан ўтказилади.

Меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан бекор қилинганда, ушбу ҳолат иш берувчи томонидан "ЯММТ" ИДАКда алоҳида қайд этилади. Лекин электрон меҳнат дафтарчасида ушбу ҳолат меҳнат шартномасининг бекор қилиниши сабаби сифатида кўрсатилмайди.

37. Меҳнат шартномасининг бекор қилинишини рўйхатга олиш тўғрисида киритилган маълумотлар иш берувчи томонидан ЭРИ ёрдамида тасдиқланади. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчининг ЭРИси билан тасдиқланмасдан рўйхатга олинган тақдирда, киритилган маълумотлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

38. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бўйича нотўғри маълумотлар киритилган тақдирда иш берувчи беш иш куни мобайнида нотўғри киритилган маълумотларни таҳрир қилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтиб кетган тақдирда, иш берувчи операторга мурожаат қилади.


39. Меҳнат шартномасининг беор қилиниши рўйхатдан ўтказилганидан сўнг меҳнат шартномаси тўғрисидаги барча ёзувлар автоматик равишда ташкилотнинг электрон архивига тушади.


40. Ташкилотнинг электрон архиви ташкилотнинг бутун фаолияти даврида ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилиши, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади ва иш берувчининг шахсий кабинети орқали улар билан танишиш мумкин бўлади.



8-БОБ. БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ


41. Ташкилот таркибида яратилган иш ўрни агар ушбу иш ўрнига меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, бўш ҳисобланади.


42. Бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар ташкилотнинг умумий тузилмасида, шунингдек, иш берувчи шахсий кабинетининг алоҳида бўлимида кўрсатилади.

Ташкилотнинг тасдиқланган штатлар жадвалига нисбатан бўш иш ўринларини ортиқча ва асоссиз яратиш қонунчиликда белгиланган тартибда иш берувчининг (бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг) масъулиятига қаратилади.

43. Бўш иш ўрни ташкил этилганидан ёки меҳнат шартномасининг бекор қилиниши рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб беш календарь кун мобайнида бўш иш ўрнига меҳнат шартгомаси рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, бу бўш иш ўрни ҳақидаги маълумот автоматик равишда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг бўш иш ўринлари миллий базасига узатилади ва барча учун очиқ бўлади.

44. Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг бўш иш ўринлари миллий маълумотлар базасига бу ҳақида маълумот беришда бўш иш ўрни ҳақидаги маълумотда лавозим маоши кўрсатилишини ўчириб қўйиш имконига эга.

45. Иш ўрни меҳнат шартномаси тузилганлиги рўйхатдан ўтказилганидан сўнг бўш ҳисобланмайди, бунда бўш иш ўрни ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг бўш иш ўринлари миллий базасида нофаол бўлади.


9-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСНИНГ

ШАХСИЙ КАБИНЕТИГА КИРИШ


46. "ЯММТ" ИДАКда рўйхатдан ўтиш учун жисмоний шахс my.mehnat.uz электрон манзилига ўтиши ва "Электрон ҳукумат" тизимининг фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона ахборот тизими орқали жисмоний шахснинг ЭРИ ёрдамида ёки кадрлар бўйича иш юритувчи масъул ходим ёки меҳнат органининг масъул ходими томонидан верификация қилинган телефон рақамига SMS хабар орқали юборилган кириш коди ёрдамида идентификациядан ўтиши керак.


47. Идентификациядан ўтгач "ЯММТ" ИДАК автоматик равишда тақдим етилган маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизими жисмоний шахслар маълумотлар базасида мавжуд маълумотлар билан солиштиради ва хатолик аниқланмаган ҳолларда идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ёрдамида жисмоний шахсни "ЯММТ" ИДАКда рўйхатга олади.


48. Рўйхатдан ўтгандан сўнг автоматик равишда жисмоний шахснинг шахсий кабинети шакллантирилади.


49. "ЯММТ" ИДАКда жисмоний шахсга тегишли жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда ЖШШИР деб аталади) жисмоний шахснинг идентификатори ҳисобланади.


50. Ташкилотда кадрлар билан иш юритувчи масъул ходим ёки меҳнат органининг масъул ходими жисмоний шахсларнинг ёзма мурожаати асосида улар билан боғланиш маълумотларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


51. Жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий яшаш учун кетган тақдирда ёки вафот этган тақдирда шахсий кабинетдаги маълумотлар "ЯММТ" ИДАКда сақланишда давом этади ва ишончли шахсларга ёки қонуний ворисларга тақдим этилиши мумкин.



10-БОБ. ЭЛЕКТРОН МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ


52. "ЯММТ" ИДАКдаги электрон меҳнат дафтарчасига кириш:

мустақил равишда, жисмоний шахснинг ЭРИдан ёки кадрлар билан иш юритувчи масъул ходим ёки меҳнат органининг масъул ходими томонидан верификация қилинган телефон рақамига SMS хабар орқали юборилган кириш кодидан фойдаланиб - ходим томонидан;

ходим билан тузилган меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилганидан сўнг - иш берувчи томонидан амалга оширилиши мумкин.


53. Электрон меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича шакллантирилади.


54. Жисмоний шахслар ўз ташаббуси билан ўзларининг ўтган даврлардаги ишга жойлашиш тўғрисидаги маълумотларни "ЯММТ" ИДАКга мустақил киритишлари мумкин. Шу билан бирга киритилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан ёзув киритилгандан сўнг ўн беш кун мобайнида верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим.

Ишламайдиган фуқаролар ўзларининг меҳнат дафтарчасидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларини "ЯММТ" ИДАКка киритиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин. Бунда маълумотлар жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали киритилади.


11-БОБ. ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ФУҚАРОЛАР

ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ КИРИТИШ


55. Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини беришда меҳнат органлари гувоҳнома берилган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай улар тўғрисидаги маълумотларни "ЯММТ" ИДАКга киритади.


56. "ЯММТ" ИДАКга ўзини ўзи банд қилган ҳолда вақтинчалик меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган меҳнат фаолияти олиб борилган давр киритилади. Бунда даврнинг биринчи куни вақтинчалик меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган фаолиятнинг бошланиш санаси ва охирги куни фаолиятнинг якунланган санаси ҳисобланади.


57. Ўзини ўзи банд қилган ҳолда меҳнат фаолияти тўғрисидаги "ЯММТ" ИДАКда сақланадиган маълумотлар пенсия ҳисоблашда тегишли иш билан бандлик даврини меҳнат стажига киритиш учун асос бўлади. Бунда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини тақдим этиш орқали тасдиқлаш талаб қилинмайди.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


58. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унга идоравий мансуб ташкилотлар "ЯММТ" ИДАКнинг ишлаши, ахборот хавфсизлигининг таъминланиши, ахборот тизими таркибидаги шахсга доир маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун масъул ҳисобланади.


59. "ЯММТ" ИДАКдаги маълумотларни сақлаш ва ундаги шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги ва "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ амалга оширилади.


60. Меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш, ходимларнинг электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартибининг ижро этилиши бўйича жавобгарлик иш берувчилар ва зиммасига тегишли вазифалар юкланган бошқа органларга юкланади.


61. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган

меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар


Субъектлар


Ҳаракатлар


Муддатлар








1-босқич


Иш берувчи


Ўзбекистон Республикаси фойдаланувчиларини идентификация қилиш ягона ахборот тизими орқали идентификациядан ўтиш йўли билан my.mehnat.uz манзили бўйича "ЯММТ" ИДАКда рўйхатдан ўтиш.


Қонунда белгиланган муддатда











2-босқич


Иш берувчи


Иш берувчининг шахсий кабинетини шакллантириш.


Рўйхатдан ўтгандан сўнг автоматик тарзда











3- босқич


Иш берувчи


Штат жадвалига мувофиқ (агар мавжуд бўлса) бўлинмалар ва иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни киритиш йўли билан ташкилот тузилмасини шакллантириш.


Иш берувчининг шахсий кабинети шакллантирилганидан сўнг











4- босқич


Иш берувчи


Меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш.


1. Ходим ҳақидаги маълумотларни киритиш: паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР.


2. Меҳнат шартномаси реквизитларини киритиш: меҳнат шартномаси рақами; меҳнат шартномаси тузилган сана.


3. Меҳнат шартномаси шартларини киритиш: ишни бошлаш санаси; меҳнат шартномасининг тугаши санаси*; иш жойи; синов муддати; фаолият тури; иш вақти ва дам олиш вақти; йиллик ҳақ тўланадиган таътил; қўшимча ҳақ тўланадиган таътил; меҳнатга ҳақ тўлаш.


Иш берувчининг шахсий кабинетидаги ташкилотнинг шакллантирилган тузилмасида иш ўрни яратилганидан сўнг




  

*) Меҳнат шартномаси номуайян муддатга ёки муайян ишни бажариш вақтига тузилган тақдирда тегишли белги қўйилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Электрон меҳнат дафтарчаларида

маълумотларни шакллантириш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар


Ҳаракатлар


Муддатлар

1- босқич


Жисмоний шахс (ходим),

иш берувчи


my.mehnat.uz электрон манзили бўйича "Электрон ҳукумат" тизимининг фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона ахборот тизими орқали жисмоний шахснинг ЭРИ ёрдамида ёки кадрлар бўйича иш юритувчи масъул ходим ёки меҳнат органининг масъул ходими томонидан верификация қилинган телефон рақамига SMS хабар орқали юборилган кириш коди ёрдамида рўйхатдан ўтиш.


Меҳнат шартномаси тузилганда











2- босқич


Жисмоний шахс

(ходим)


Жисмоний шахснинг шахсий кабинети шакллантирилиши.


Рўйхатдан ўтгандан сўнг автоматик тарзда











3- босқич


Иш берувчи


Электрон меҳнат дафтарчасида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва тугатишни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда шакллантириш.


Меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилгандан сўнг




 

Изоҳ. Жисмоний шахслар ўз ташаббуси билан ўзларининг меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида "ЯММТ" ИДАКга маълумотларни мустақил киритишлари мумкин. Шу билан бирга электрон меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан белгиланган муддатда верификация қилинганидан (тасдиқланганидан) сўнг шакллантирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 декабрь








































































Время: 0.2120
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск