ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2019 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.2019 й. ЎРҚ-590-сон "Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 21.11.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 30.11.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.2019 й.

N ЎРҚ-590



БЮДЖЕТ ЖАРАЁНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 21 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги 522-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 136-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 4, 163-модда, N 7, 326-модда; 2008 йил, N 12, 637-модда; 2009 йил, N 4, 136-модда; 2011 йил, N 4, 101-модда; 2013 йил, N 4, 95-модда; 2014 йил, N 4, 86-модда, N 5, 130-модда; 2015 йил, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 9, 276-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 431-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 3, 157-модда, N 5, 261, 265-моддалар, N 8, 468-модда) IV бўлими қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"IV. НАВБАТДАГИ ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


20-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш


Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси (бундан буён матнда Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси деб юритилади) ва бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига киритилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 ноябригача кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси Спикери Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетномани дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда фикрлар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига, фракцияларга ҳамда Қонунчилик палатасининг қўмиталарига йўллайди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш жараёнида фракциялар ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси барча фракциялар ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг фикрлари ва таклифларини ўрганиб чиқиб, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ва бюджетноманинг дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ўтказади ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Фракцияларнинг ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиниши шарт.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини эшитади ҳамда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маромига етказиш учун қайтаради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рад этилган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан ўн тўрт кун ичида Қонунчилик палатасининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини маромига етказади ҳамда маромига етказилган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига биринчи ўқишда қайта кўриб чиқиш учун киритади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи қисми Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади.


21-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга

ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш


Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар белгиланган тартибда киритилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги 523-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 137-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 4, 163-модда; 2009 йил, N 4, 136-модда; 2011 йил, N 4, 101-модда; 2014 йил, N 4, 86-модда; 2015 йил, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 9, 276-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 431-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 2, 47-модда, N 3, 157-модда, N 5, 261, 265-моддалар, N 8, 468-модда) IV бўлими қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"IV. НАВБАТДАГИ ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


16-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун (бундан буён матнда Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун деб юритилади) Сенатнинг кўриб чиқиши учун топширилади ва Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун ва бюджетнома Сенат мажлисида кўриб чиқилгунга қадар олдиндан сенаторларга юборилади.

Сенатнинг мажлисида Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун Сенат томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай маъқулланади.


17-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга

ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш


Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Сенатнинг энг яқин мажлисида кўриб чиқилиши керак".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-360-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, 12-сонга 1-илова; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 10, 605-модда, N 12, 772-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда, N 7, 431, 433-моддалар, N 12, 783-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 5, 265-модда, N 8, 470-модда, N 11, 791-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1) 3-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қонун билан белгиланган миқдорда ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс";

учинчи - қирқ биринчи хатбошилари тегишинча тўртинчи - қирқ иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

ўнинчи хатбошисидаги "келгуси" деган сўз "ўрта муддатли" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги йигирма олтинчи ва йигирма еттинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бириктириладиган ва ўзига ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;

умумий фискал баланс - Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини ҳамда давлат дастурларини амалга ошириш учун четдан жалб қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган қарз маблағлари эвазига амалга ошириладиган харажатларни ўз ичига олган жамланма баланс";

йигирма олтинчи - қирқ иккинчи хатбошилари тегишинча йигирма саккизинчи - қирқ тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги қирқ тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи - ўз тасарруфида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан маблағ олувчи ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи";

қирқ тўртинчи хатбошиси қирқ бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги қирқ олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ўрта муддатли давр учун фискал стратегия - ўрта муддатли давр учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи ҳужжат";


2) 25-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"25-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг бюджет соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини (бундан буён матнда Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси деб юритилади) ва бюджетномани ишлаб чиқиш жараёнини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар рўйхатини тасдиқлайди;

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

бюджетномани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига тақдим этади;

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади;

давлат бошқаруви органларининг Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб чиқади;

ўтган молия йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ташқи аудит ўтказиш ҳамда баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этади;

ушбу Кодекснинг 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган ҳолларда молия йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин";


3) 26-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади";


4) 28-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


5) 29-модда биринчи қисмининг:

иккинчи - тўққизинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани ишлаб чиқади;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари лойиҳаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига Давлат бюджетининг даромадлари прогнозини ҳар чоракда етказади;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни тақсимлаш, шунингдек навбатдаги йил учун харажатлар сметасини тузиш бўйича услубий кўрсатмаларни юборади;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлар сметаларини ва жамланма харажатлар сметаларини, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

ушбу Кодекснинг 145-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари ёйилмасига молия йили мобайнида ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу Кодекснинг 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тақдим этади";

ўнинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

ўн биринчи - ўттизинчи хатбошилари тегишинча ўнинчи - йигирма тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


6) 83-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"83-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш


Навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳамда келгуси икки йилга бюджет мўлжаллари ўрта муддатли давр учун ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

бюджет сўровини тузиш тартибини юборишни;

бюджет сўровларини ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини тайёрлаш ва тақдим этишни;

бюджет сўровларини кўриб чиқиш ва жамлашни;

бюджетномани ишлаб чиқишни назарда тутади";


7) 96-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"96-модда. Бюджетнома


Бюджетнома - эришилган натижалар ҳисобга олинган ҳолда мамлакатни келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини назарда тутувчи ҳужжат бўлиб, ушбу йўналишлар асосида Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бюджетнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўтган йилги асосий якунларини ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий йилги якунларининг прогноз баҳосини, шунингдек мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўрта муддатли давр учун асосий йўналишларини;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўрта муддатли давр учун прогнозини;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари жорий йилдаги ижросининг прогноз баҳосини;

фискал таваккалчиликлар таҳлили ҳисобга олинган ҳолда ўрта муддатли давр учун фискал стратегиясини;

прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ва харажатларининг ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжалларини;

давлат қарзининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинадиган кредитларнинг йиллик чегаравий миқдорини";


8) 17-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"17-боб. Давлат бюджети тўғрисидаги

Қонунни қабул қилиш тартиби";


9) 97, 98 ва 99-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"97-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини

ва бюджетномани киритиш тартиби


Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига - жорий йилнинг 15 сентябрига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига - жорий йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига хулоса тақдим этиши учун - жорий йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича хулосани жорий йилнинг 5 октябридан кечиктирмай тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан киритилади.

Бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳам, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, ўрта муддатли давр учун фискал стратегия, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин мажбурий равишда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган "Фуқаролар учун бюджет" ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун параллель равишда эълон қилинади.


98-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш


Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 ноябрига қадар кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига кўриб чиқиш учун қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида юборилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай маъқулланади.


99-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий

бюджетларини тасдиқлаш


Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг навбатдаги йил учун лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун кучга киргандан кейин бир ҳафта муддатда, Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқлаштирилган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисида уч кун муддатда қарор қабул қилинади.

Навбатдаги йил учун туман ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилингандан кейин уч кун ичида тегишли равишда халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашларига киритилади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан туманлар ва шаҳарларнинг бюджетлари тўғрисидаги қарорлар уч кун ичида қабул қилинади";


10) 126-модда:

номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"126-модда. Давлат бюджети, давлат мақсадли

жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг

қўшимча манбаларидан фойдаланиш";


тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги тўртинчи - еттинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қўшимча манбалари ва йил бошига қолдиқ маблағлари тегишли равишда улар умумий харажатларининг 3 фоизидан ошмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади ҳамда фойдаланилган маблағлар бўйича Қонунчилик палатасига ҳар чоракда ҳисобот тақдим этилади. Мазкур харажатлар 3 ва ундан ортиқ фоизга ошган тақдирда Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари фавқулодда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорлар қабул қилади";


11) 143-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат бюджети даромадлари ва харажатларига тасдиқланган бюджетлар доирасида унинг ижроси жараёнида қонун ҳужжатлари асосида ўзгартиришлар киритиш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органлари томонидан амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳисобга олиб борилади";


12) 144-модда чиқариб ташлансин;


13) 145-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш (бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар мустасно):

10 ва ундан ортиқ фоизи миқдорда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар таркибида назарда тутилган мақсадли маблағлар биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бериладиган бюджетлараро трансфертларни кўпайтириш орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қайта тақсимланади.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида бир иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган маблағларни бошқа иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш:

10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда тегишли биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларни амалга ошириш учун назарда тутилган маблағларни жорий харажатларга йўналтириш тақиқланади";


14) 146-модда чиқариб ташлансин;


15) 147-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бир ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган бюджет маблағларини бошқа ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорининг:

10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу Кодекс 145-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчидан бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни ўтказиш ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар сўровига кўра тегишли ҳудудий молия органлари томонидан амалга оширилади";


16) 148-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бир ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган бюджет маблағларни бошқа ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорининг:

10 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу Кодекс 145-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчидан бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни ўтказиш ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар сўровига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан амалга оширилади";


17) 149-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"149-модда. Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт

жамғармаси харажатларига ўзгартиришлар

киритиш тартиби


Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан 3 фоиз ва ундан ортиқ миқдорга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан 3 фоиздан кам миқдорда кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тақсимловчи органларининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларини уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан кўпайтириш уларни қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган умумий ҳажмларини кўпайтирмасдан ёки камайтирмасдан ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тақсимловчи органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра амалга оширилади".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 11 апрелда қабул қилинган "Парламент назорати тўғрисида"ги ЎРҚ-403-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 4, 123-модда; 2017 йил N 6, 300-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 3, 157-модда, N 5, 261, 265-моддалар) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 5-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш";


2) 6-модда чиқариб ташлансин.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 декабрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 10 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 16 декабрь, 50-сон, 901-модда







































Время: 0.1926
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск