ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик / Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш /

Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш бўйича давлат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.12.2019 й. 989-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 декабрдаги

989-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб

чиқиш бўйича давлат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг доимий асосда ишлайдиган маслаҳат органи ҳисобланади, ер қаъридан фойдаланиш шартларини тегишли равишда ишлаб чиқишни таъминлаш ва инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар томонидан истиқболли майдонларни геологик ўрганиш ва стратегик фойдали қазилма турларига эга конларни ўзлаштириш соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш вазифалари ва функциялари юкланган ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради.

Комиссия ер қаъридан фойдаланиш шартларининг асосланган ва ваколатли давлат органлари билан келишилган лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда истиқболли майдонларни геологик ўрганиш ва стратегик фойдали қазилма турларига эга конларни ўзлаштириш соҳасида қуйидаги битимлар доирасидаги инвестиция лойиҳаларининг оширилишига кўмаклашади:

геологик ўрганиш тўғрисида битимлар;

конларни ишлатиш тўғрисида битимлар;

маҳсулот тақсимотига оид битимлар;

концессия битимлари.


3. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


4. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқишда ва инвесторлар билан тегишли битимлар лойиҳаларини кўриб чиқишда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан самарали ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

инвестиция лойиҳаларининг дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари асосида ишлаб чиқилган ер қаъри участкаларини битимлар доирасида инвесторларга тақдим этиш бўйича очиқ савдоларнинг бошланғич шартларини келишиш;

инвестиция лойиҳасини техник-иқтисодий асослаш асосида битим шартлари бўйича инвесторларга бериладиган ер қаъридан фойдаланиш шартларини белгилаш;

инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланиши ва тегишли битимлар лойиҳалари экспертизасини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш бўйича белгиланган шартларга мувофиқлигини баҳолаш;

битим шартларига мувофиқ инвесторга тақдим этиладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларини тасдиқлаш учун, шунингдек, битимни имзолаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


6. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқишда ва инвесторлар билан тегишли битимлар лойиҳаларини кўриб чиқишда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан самарали ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш соҳасида:

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларини жалб этган ҳолда, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш жараёнини ва битимлар лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи йиғилишларни ташкил этади, шунингдек, уларни ишлаб чиқишни якунлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилайди;

ваколатли давлат органи томонидан инвестор билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларини ва битимлар лойиҳалари муҳокамаси бўйича олиб бориладиган музокараларда иштирок этади;

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларининг ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари ва битимлар лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш ишларини, шунингдек, Комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалаларни мувофиқлаштиради;


б) инвестиция лойиҳаларининг дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари асосида ишлаб чиқилган ер қаъри участкаларини битимлар доирасида инвесторларга тақдим этиш бўйича очиқ савдоларнинг бошланғич шартларини келишиш соҳасида:

инвесторга фойдаланиш учун бериладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддатларини;

ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ геологик ўрганиш (қидирув ва излаш), ер қаърини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишларни хавфсиз юритиш соҳасидаги талабларни;

битимлар доирасида инвесторнинг режалаштирилган фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш шартларини;

битимларни амалга ошириш доирасида маҳаллий ишчиларни ёнлаш шартларини;

инвестор томонидан тижорат аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилма захираларига эга янги конлар аниқланганда, фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш шартларини;

тижорат аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилма захираларига эга янги конлар аниқланган тақдирда, геологик ўрганишлар учун йўл қўйиладиган харажатларни қоплаш шартларини;

ер қаъри участкасини (участканинг бир қисмини) унда фойдали қазилма конларини очишнинг истиқболсизлиги аниқланганда, қайтариш шартларини;

инвестор томонидан ер участкаларини рекультивация қилиш ва босқичма-босқич қайтариш тартибини;

инвесторга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани бериш шартларини;

ер қаъри участкалари ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш шартларини белгилайди;


в) инвестиция лойиҳасини техник-иқтисодий асослаш асосида битим шартлари бўйича инвесторларга бериладиган ер қаъридан фойдаланиш шартларини белгилаш соҳасида:

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш учун бир маротаба тўланадиган тўловлар (бонус) миқдорлари ва тўлаш тартиби бўйича таклифларни;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш солиғи, даромад солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланиш солиғи, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларининг ставкалари бўйича таклифларни;

инвесторга фойдаланиш учун бериладиган ер қаъри участкасида олиб борилган қидирув, разведка ишлари ва бошқа тадқиқот натижалари (геологик ва бошқа маълумотлар) учун сарфланган харажатларни қоплаш миқдорини;

алоҳида битимларни амалга ошириш жараёнида инвестор томонидан сарфланган харажатларни қоплаш учун йўналтириладиган маҳсулот улушини аниқлаш тартибини;

алоҳида битимларни амалга ошириш доирасида маҳсулотни тақсимлаш тартиби ва механизмини ишлаб чиқади;


г) инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланиши ва тегишли битимлар лойиҳалари экспертизасини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш бўйича белгиланган шартларга мувофиқлигини баҳолаш соҳасида:

тегишли вазирлик, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларида уларнинг фаолият йўналишлари бўйича инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан инвестор томонидан ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳасини техник-иқтисодий асослашни ва битим лойиҳасининг экспертизасини ўтказишни ташкил этади;

экспертиза натижаларини умумлаштиради ва таҳлил қилади, зарур ҳолларда, уларни ваколатли давлат органи ҳамда инвестор иштирокида кўриб чиқади;

зарур ҳолларда, инвестор, ваколатли давлат органи, манфаатдор вазирлик, идоралар ҳамда хўжалик бошқаруви органлари иштирокида инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ва битим лойиҳасининг қайта кўриб чиқилишини ташкил этади;


д) битим шартларига мувофиқ инвесторга тақдим этиладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларини тасдиқлаш учун, шунингдек, битимни имзолаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш соҳасида:

инвестиция лойиҳасини техник-иқтисодий асослашни ва битим лойиҳасини экспертизадан ўтказиш натижалари асосида инвесторга битим шартлари асосида бериладиганган ер қаъри участкасидан ёки бир нечта участкалардан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган шартларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

тегишли битимни тузишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида битимни ва инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг асосий шартлари лойиҳаси илова қилинган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комиссияга битимлар билан боғлиқ бўлган бошқа вазифалар ва функцияларни амалга оширишни юклаши мумкин.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Комиссия унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

тегишли вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, ихтисослашган илмий, лойиҳа ва бошқа ташкилотларга битимларга боғлиқ бўлган материалларни экспертизадан ўтказиш учун юбориш;

Комиссия ишига тегишли соҳадаги мустақил экспертлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳларни тузиш;

ваколатли давлат органи вакиллари, инвесторлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар, илмий, лойиҳа ташкилотлари ва бошқа хўжалик субектларининг раҳбарлари ва мутахассисларини Комиссия йиғилишларига таклиф этиш ва кўриб чиқилаётган масалалар бўйича уларнинг ахборотларини эшитиш;

битимлар лойиҳалари шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ваколатли давлат органи, инвестор билан келишилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

инвестиция лойиҳасини техник-иқтисодий асослашни ва битим лойиҳасини экспертизадан ўтказиш натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш асосида ваколатли давлат органига қайта ишлаш учун қайтариш;

битим шартлари асосида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ва бошқа ахборотларни белгиланган тартибда ваколатли давлат органидан сўраш ва олиш;

Комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича унинг мажлисларида Комиссия аъзоларини эшитиш;

зарур бўлган ҳолда, битим шартлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келадиган масалаларни тезкор кўриб чиқишда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларига кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комиссияга унинг самарали ишлаши учун ҳамда унга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ҳуқуқларни ҳам бериши мумкин.


9. Комиссия қабул қилинган қарорларининг натижалари ва оқибатлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Комиссияга раис раҳбарлик қилади ва унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Комиссия мажлисларини чақириш ва кун тартибини белгилаш;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ижросининг назоратини ташкил этиш;

Комиссияга юкланган вазифаларни бажаришда унинг аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш;

Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


11. Комиссия ўз фаолиятини Комиссия раиси томонидан унинг аъзолари билан келишилган ҳолда тасдиқланган иш регламентига мувофиқ ташкил этади.


12. Комиссия мажлисини раис, Раис бўлмаганда унинг ўринбосари бошқаради. Комиссия мажлиси комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирок этганда қонуний деб ҳисобланади.


13. Комиссия раиси билан келишилган ҳолда, объектив сабабларга кўра мажлисда қатнаша олмайдиган Комиссия аъзолари уларнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ваколатли вакиллари билан алмаштирилиши мумкин.


14. Комиссиянинг ишчи органи функцияларини қуйидагилар амалга оширади:

ер қаъридан фойдаланиш шартларини кўриб чиқиш ва углеводород хомашёси конларини ишлатиш соҳасидаги битим лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги;

ер қаъридан фойдаланиш шартларини кўриб чиқиш ва истиқболли майдонларни геологик ўрганиш ва стратегик фойдали қазилма турларига эга конларни ўзлаштириш соҳасидаги битим лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси.


15. Ишчи орган унга юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидагиларни амалга оширади:

ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилган инвестиция лойиҳаларини техник-иқтисодий асослаш материаллари ва битимлар лойиҳаларини, шунингдек, бошқа материалларни Комиссия томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилади;

кўриб чиқилаётган масалалар бўйича мустақил экспертлар хулосаларини ўз вақтида тақдим этилиши, тўлиқлиги ва холисона бўлишини назорат қилади;

Комиссияга тақдим этилган материаллар бўйича ваколатли давлат органидан техник-иқтисодий асослашларни экспертизадан ўтказиш учун зарур бўлган ва ер қаъри участкаларига оид бошқа маълумотларни сўрайди ва олади.


16. Комиссиянинг ишчи орган томонидан тайёрланган қарорлари лойиҳалари зарур материаллар билан бирга Комиссия Раисига тақдим этилади ва Раис уларни Комиссия мажлисида кўриб чиқиш муддатларини тасдиқлайди.


17. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари лойиҳаси, битимларни тасдиқлаш тўғрисида, шунингдек, кўриб чиқилаётган бошқа масалалар бўйича Комиссия қарорлари Комиссия мажлисида мустақил экспертлар, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари вакиллари иштирокида қабул қилинади.


18. Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этган Комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Комиссия аъзоларининг овозлари тенг бўлган ҳолларда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикри ва таклифини ёзма равишда баён қилиш ҳуқуқига эга.


19. Комиссия раиси айрим масалалар бўйича қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Комиссия аъзолари билан сўров асосида келишилган ҳолда Комиссиянинг қарорларини қабул қилиши мумкин.


20. Комиссия қарорлари Комиссия мажлисининг баёни билан расмийлаштирилади. Комиссия мажлисининг баёни унинг барча аъзолари томонидан имзоланади, Комиссия раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Комиссия аъзолари ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


21. Комиссиянинг қарорлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


22. Комиссияга тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.


23. Комиссияга жалб қилинган экспертларнинг хизматларига ҳақ тўлаш харажатлари ваколатли давлат органи маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Комиссия фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжати асосида тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 декабрь









































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск