ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / ТошДТУ /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.12.2019 й. ПҚ-4550-сон "Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

13.12.2019 й.

N ПҚ-4550



ИСЛОМ КАРИМОВ НОМИДАГИ

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ

ҲУЗУРИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН-ЯПОНИЯ ЁШЛАР

ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги "Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2602-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Япониянинг етакчи университетлари билан биргаликда тадқиқотларни амалга ошириш учун икки томонлама мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

2016 йилдан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) 15 нафардан ортиқ ёш олимлари Япониянинг етакчи илмий ва таълим муассасаларида стажировкадан ўтиб, илмий тадқиқотларни амалга оширишнинг замонавий, илғор услублари ва технологияларини ўзлаштирди. Ҳамкорлик натижалари дунё миқёсидаги илмий ва ахборот-таҳлил нашрларига тақдим этилди ва тан олинди.

Марказда Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан "Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ҳақида"ги беғараз техник кўмак лойиҳаси амалга оширилмоқда ҳамда унинг доирасида 2019 йилда Марказнинг 6 нафар ходими саралаб олинди ва малакасини ошириш мақсадида Японияга юборилди.

Шу билан бирга, истиқболда мавжуд илмий салоҳиятни самарали ривожлантириш ва экспериментал тадқиқотларни ўтказишни жадаллаштириш учун қўшимча чораларни кўриш талаб этилмоқда.

Инновацион ривожланиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, илмий ишланмалар натижаларини амалиётга татбиқ этиш, Марказнинг мавжуд илмий-техник ва инновацион салоҳиятини сафарбар этиш, Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Марказ эҳтиёжи ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун илмий асбоб-ускуналар ва жиҳозларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилишга;

Япония томонининг тавсиясига кўра 2020 йилда Марказ учун илмий-лаборатория қурилмаларини харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномаларни истисно тариқасида Республика товар-хомашё биржасининг махсус электрон порталига эълон жойлаштирмасдан, электрон савдо ва тендерларсиз тузишга, уларни рўйхатдан ўтказишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, шу жумладан унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш, инновацион лойиҳа ва ишланмаларини амалиётга жорий қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади;

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади ҳамда кейинчалик Марказ Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Марказ фаолиятини самарали ташкил этсин, давлат органлари ва муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда унга яқиндан амалий ёрдам кўрсатсин;

Марказнинг вазирлик тизимидаги инновация ва технология трансфери марказлари, технопарклар, лабораториялар, стартап ва бизнес акселераторлар ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғоялари жамғармаси ҳисобидан Марказнинг фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларини молиялаштиришга маблағлар ажратилишини таъминласин.


3. Марказ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

инновацион фаолият натижаларининг трансфери ва тижоратлаштирилиши, стартап лойиҳаларни амалга ошириш, саноат даражасида уларни тўлақонли жорий этишда амалий ёрдам кўрсатиш йўли билан ёшлар, олимлар ва ўқитувчиларни иқтисодиёт соҳалари ва корхоналарнинг илмий-техник муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш;

инновация ва технология трансфери марказлари, технопарклар, юқори технологияли лабораториялар, инновация лабораториялар, стартап ва бизнес акселераторлар, Ёшлар академияси билан яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган компаниялар, ташкилотлар, олимлар ва мутахассислар иштирокида инновациялар соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича илмий-амалий конференциялар ва семинарлар, танловлар ўтказиш.


4. Белгилансинки:

а) Марказ учун қурилмалар, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалардан қопланади:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғоялари жамғармасидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида;

б) мазкур бандда белгиланган маблағларни сарфлаш фақатгина Япония томони билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


5. Қуйидагилар:

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази Васийлик кенгашининг таркиби (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Васийлик кенгаши йилига камида икки марта ўтказилиши қайд этилсин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

Васийлик кенгаши, зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Марказ директори илмий-тадқиқотлар ва конструкторлик ишларини амалга ошириш учун Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида илмий ходимларни қўшимча жалб этиш ҳуқуқига эга.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Марказ ходимларига:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 мартдаги "Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида "Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида"ги ПҚ-2848-сон қарорига мувофиқ Халқаро тараққиёт ассоциациясининг имтиёзли ресурсларидан олинган кредит ҳисобидан ташкил этиладиган 7 та олий таълим муассасалариаро илмий лабораторияларидан;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази лабораторияларидан;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти ҳузуридаги Жамоавий фойдаланиш марказининг лаборатория қурилмаларидан текин фойдаланиш имкониятини яратсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда республика иқтисодиёти реал секторининг потенциал буюртмачи (истеъмолчи) ташкилотлари билан биргаликда Марказнинг тадқиқотлар йўналишлари бўйича иқтисодиёт тармоқларининг илмий-тадқиқот ҳамда инновацион ишланмаларга бўлган эҳтиёжи уч ой муддатда ўрганилишини таъминласин.

Ўрганиш натижалари бўйича Марказда Инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва янги материаллар яратиш бўйича мақсадли комплекс илмий-техник дастур ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети:

Марказнинг янги таҳрирдаги Уставини икки ой муддатда тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда халқаро талаблар ва стандартларни инобатга олган ҳолда, Марказнинг интеллектуал мулки ҳимояси ва фаолияти хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Марказни замонавий илмий-тадқиқот лаборатория қурилмалари, жумладан зарур лаборатория мебеллари ва асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ҳамда ташкилотлари грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш чораларни кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги, "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Навоий кон-металлургия комбинати" ДК, "Олмалиқ кон-металлургия" АЖ, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Ўзавтосаноат" АЖ Марказ илмий тадқиқотларининг реал ишлаб чиқариш масалаларини ҳал қилишга йўналтирилишини таъминлаш учун икки ой муддатда ўз соҳаси ва корхоналарини ривожлантиришнинг илмий-техник муаммолари бўйича илмий-тадқиқот мавзулари базасини шакллантирсин ва ушбу масалаларнинг ечимини таъминлаш учун Марказнинг илмий салоҳиятини хўжалик шартномалари асосида жалб этиш чораларини кўрсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Марказнинг илмий-инновацион фаолиятини ташкил этиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича "Йўл харитаси"ни;

Марказ резидентларини рўйхатдан ўтказиш, истиқболли инновацион лойиҳаларни саралаш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Васийлик кенгашга киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказ билан биргаликда Марказ резидентлари ва норезидентларига ихтиролар ва бошқа интеллектуал мулк объектларига аризаларни тайёрлашда маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича Марказнинг тижоратлаштириш бўлими ишини ташкил қилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда етакчи хорижий давлатларнинг технопарклари, инновацион марказлари ва бошқа тузилмалари билан, шу жумладан Марказ ходимлари ва резидентларининг тажриба алмашиши, ўқиши ҳамда стажировкаларини ташкил этиш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги "Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2602-сон қарорининг 4-банди, шунингдек, 1 ва 2-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                        Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 декабрдаги

ПҚ-4550-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника

университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония

ёшлар инновация марказининг

ТУЗИЛМАСИ


Васийлик кенгаши




Япония университетлари ва ташкилотларининг олимлари гуруҳи*

4


Директор






Илмий ишлар ҳамда компания ва корхоналар билан ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари

Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш

бўйича директор ўринбосари

Бухгалтерия

2





Тижоратлаштириш бўлими

3

Кадрлар бўйича мутахассис

1



Машинасозлик ва материалшунослик лабораторияси

3



Технологиялар трансфери ва

маркетинг бўлими

2

Бош юрисконсульт

1




Кончилик иши ва минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш лабораторияси

3


Олий таълим муассасалариаро талабаларнинг инновациялар бизнес-инкубатори

2

Техник-эксплуатация бўлими

2






Энергетика лабораторияси

3





Кимё ва нефткимё лабораторияси

3





Технологик менежмент бўлими

3




Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони - 35 нафар.

Техник ва ёрдамчи ходимларнинг сони амалдаги нормативларга мувофиқ белгиланади.

Илмий ходимлар бажарилаётган илмий-техникавий (фундаментал, амалий ва инновацион) ишлар ҳажмидан келиб чиқиб, шартнома асосида илмий-техникавий лойиҳаларга жалб қилиниши мумкин.


*) Япония томонидан меъёрлар белгиланган ва Ўзбекистон томонидан тасдиқланган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 декабрдаги

ПҚ-4550-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника

университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар

инновация маркази Васийлик кенгашининг

ТАРКИБИ

   

А.А. Абдуҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раиси

И.Ю. Абдурахмонов

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

И.У. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

С.М. Турабджанов

-

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

Л.Ш. Қудратов

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

Б.Ш. Усманов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари

О.Ш. Темиров

-

"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси

К.С. Санакулов

-

"Навоий кон-металлургия комбинати" ДК бош директори

А.Х. Хурсанов

-

"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ бошқаруви раиси

Т.Т. Азаматов

-

"Ўзметкомбинат" АЖ бошқаруви раиси

Б.Б. Сидиков

-

"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси

Такасака Мунео

-

Ўзбекистондаги Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) офиси бош директори (келишув бўйича)

Накахигаши Масафуми

-

Нагоя Университети вице-президенти (келишув бўйича)

Исода Фумио

-

Нагоя Университетининг Осиё сателлит кампуслари институти директори (келишув бўйича)

Э.Ш. Элмуродов

-

Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори (келишув бўйича)

Юкинори Янагида

-

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг лойиҳа бошқаруви эксперти (келишув бўйича)

Э.Б. Халтурсунов

-

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг директори, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 декабрь











































Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск