ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Ўзбекистон Республикасининг 16.12.2019 й. ЎРҚ-595-сон "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.10.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 14.12.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.12.2019 й.

N ЎРҚ-595



МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ВА ТАРБИЯ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчилик

Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болалар - ногиронлиги бўлганидан ёки бўлмаслигидан қатъи назар, оила, педагоглар, мутахассислар, жамият ва давлатнинг алоҳида эътиборига муҳтож бўлган индивидуал эҳтиёжларга эга болалар;


давлат мактабгача таълим ташкилоти - давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқариладиган ҳамда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ мактабгача таълим ва тарбия хизматлари кўрсатувчи ташкилот;


инклюзив таълим ва тарбия - болаларнинг алоҳида таълим олишга бўлган эҳтиёжларини ҳамда индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятларни таъминлайдиган жараён;


мактабгача бўлган ёш - болаларнинг туғилган пайтидан етти ёшгача, то уларга умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим бериш бошланган пайтга қадар бўлган ёши;


мактабгача таълим ва тарбия - болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим тури;


мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти - таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига, мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлашга, шунингдек мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талаблар мажмуи;


мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури - бола томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган асосий билимларнинг, маҳорат ва кўникмаларнинг ҳажмини ҳамда мазмунини белгиловчи, шунингдек таълим ва тарбия мазмунининг ўзига хослигини, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи ҳужжат;


мактабгача таълим ташкилоти - мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим ва тарбия хизматлари кўрсатувчи давлат ва нодавлат ташкилоти;


нодавлат мактабгача таълим ташкилоти - нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга доир лицензия асосида мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим ва тарбия хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


педагогнинг касбий стандарти - мактабгача таълим ташкилоти педагогининг шахсий касбий сифатларига, билимларига, маҳорати ва кўникмаларига доир асосий талаблар мажмуи;


таълим ва тарбиянинг муқобил шакли - мактабгача таълим ва тарбия тизимидаги инновацион таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш модели.



4-модда. Мактабгача таълим ва тарбиянинг

асосий принциплари

Мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятининг мавжудлиги;

ҳар бир боланинг истеъдоди нишоналарини, иштиёқлари ва қобилиятларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар тенглиги;

мактабгача бўлган ёшдаги болаларга таълим, тарбия бериш ва уларни соғломлаштиришнинг, оила ҳамда мактабгача таълим ташкилоти тарбиявий таъсирининг бирлиги;

мактабгача бўлган ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш уйғунлиги;

боланинг шахсини ривожлантиришга йўналтирилган шахсий ёндашув;

мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг изчиллиги ҳамда узлуксизлиги;

таълим ва тарбиянинг демократик ҳамда дунёвий хусусиятга эгалиги;

таълим-тарбия жараёнининг шаффофлиги ва очиқлиги;

мактабгача таълим ва тарбия мазмуни, даражаси ҳамда ҳажмининг мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг ривожланиш хусусиятларига ҳамда соғлиғи ҳолатига мувофиқлиги.



5-модда. Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳар бир боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;

болаларнинг мактабгача таълим ва тарбияга тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

боланинг ривожланишида, мактабгача таълим ва тарбия олишида оилага ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

болаларнинг, шу жумладан алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиши учун шарт-шароитлар яратиш;

таълим ва тарбия беришнинг муқобил шаклларини яратиш ҳамда ривожлантириш;

мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш;

мактабгача бўлган ёшдаги болаларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



6-модда. Мактабгача таълим ва тарбия

олишга доир давлат кафолатлари

Ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эга.

Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.

Боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишига доир давлат кафолатлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари негизида мактабгача таълим ва тарбия хизматларини кўрсатиш, шунингдек таълим ва тарбия беришнинг муқобил шаклларини ташкил этиш орқали таъминланади.



2-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги

давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини амалга

оширувчи органлар

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини амалга оширувчи органлар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (бундан буён матнда Давлат инспекцияси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган органлар ҳамда ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди;

мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлайди;

мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг, шунингдек нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга доир лицензияларнинг (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) берилиш тартибини белгилайди;

мактабгача бўлган ёшдаги болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Давлат инспекциясининг мактабгача таълим

ва тарбия соҳасидаги ваколатлари

Давлат инспекцияси:

мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни сифати устидан назоратни ва мониторингни амалга оширади;

мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказади;

давлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини аттестациядан ўтказади;

мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларига малака тоифалари берилишини ташкил этади;

нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача таълим ва тарбия соҳасида лицензиялар беради.

Давлат инспекцияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим

вазирлигининг мактабгача таълим ва тарбия

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади ҳамда уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади;

мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига услубий жиҳатдан раҳбарликни амалга оширади;

мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

илғор педагогик технологияларни ўрганади, умумлаштиради ва таълим-тарбия жараёнига жорий этади;

давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўқув-услубий, дидактик материаллар, бадиий адабиётлар, ривожлантирадиган ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминланишини, шунингдек уларнинг моддий-техника базаси жиҳозланишини ҳамда мустаҳкамланишини ташкил этади;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг малакасига доир талабларни белгилайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги статистика маълумотларининг ҳисоби юритилишини ҳамда таҳлил қилинишини таъминлайди;

давлат мактабгача таълим ташкилоти кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;

боланинг қонуний вакилларига услубий, маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатади;

мактабгача таълим ва тарбия тизимига инвестициялар ҳамда грантларни жалб этиш чораларини кўради, чет эл инвестициялари иштирокидаги амалдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни амалга оширади;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлаганлиги ёки тугатганлиги ҳақида хабарномаларни қабул қилади, уларнинг реестрини юритади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

азирлигининг мактабгача таълим ва тарбия

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

мактабгача бўлган ёшдаги болаларга давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда боланинг ёшига ва физиологик эҳтиёжларига мос келадиган, рационал ҳамда мутаносиб овқатланиши учун мактабгача таълим ташкилотидаги табиий маҳсулотлар тўпламини белгилайди;

алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларни соғломлаштиришга қаратилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини ўтказади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг тиббий текширувдан ўтказилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-модда. Ўз тасарруфида мактабгача таълим

ташкилотлари бўлган давлат ва хўжалик

бошқаруви органларининг ваколатлари

Ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари:

мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги тармоқ дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишувга кўра ўз тасарруфидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини қайта ташкил этади ва тугатади.

Ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


13-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги

аколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

мактабгача ёшдаги болаларнинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат-хусусий шериклик борасидаги фаолиятни амалга оширади;

таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг ва мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилинишини, ҳаёти, соғлиғи муҳофаза қилинишини, шунингдек ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашади;

мактабгача таълим ва тарбия тизимига инвестициялар жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беради;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишувга кўра тегишли ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14-модда. Фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш

органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги

тадбирларда иштирок этиши

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

аҳоли ўртасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишларини амалга оширишда иштирок этади.

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



3-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ТИЗИМИ.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

ТУРЛАРИ


15-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тизими

Мактабгача таълим ва тарбия тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

мактабгача таълим ташкилотлари;

таълим беришнинг муқобил шакллари;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида фаолиятни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасалари ва таълим ташкилотлари;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар.



16-модда. Мактабгача таълим

ташкилотининг мақоми

Мактабгача таълим ташкилоти давлат ва нодавлат ташкилоти бўлиши мумкин.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳам ташкил этилиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотида сиёсий партиялар ва диний ташкилотларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига ҳамда фаолият юритилишига йўл қўйилмайди.



17-модда. Мактабгача таълим

ташкилотларининг турлари

Мактабгача таълим ташкилотлари қуйидаги турларда ташкил этилади:

умумий турдаги мактабгача таълим ташкилоти;

кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти;

инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилоти;

қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилоти.

Умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотининг умумий ривожлантириш йўналишидаги гуруҳларида мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларни соғлом муҳитга уйғунлаштириш орқали таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятлар таъминланади.

Қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларнинг ва ривожланишида нуқсонлари бўлмаган болаларнинг битта ташкилотда алоҳида гуруҳларда, шунингдек инклюзив гуруҳларда биргаликда ўқишини ҳамда тарбияланишини ташкил этишга қаратилган мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Мактабгача таълим ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа турларда ҳам ташкил этилиши мумкин.


4-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18-модда. Давлат мактабгача таълим

ташкилотларини ташкил этиш

Давлат мактабгача таълим ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади ва ўз фаолиятини устав асосида амалга оширади.

Қуйидагилар давлат мактабгача таълим ташкилотининг муассисларидир:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Бошқа давлат органлари ва ташкилотлар ҳам қонунчиликка мувофиқ давлат мактабгача таълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.


19-модда. Нодавлат мактабгача таълим

ташкилотларини ташкил этиш

Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади ва ўз фаолиятини устав ҳамда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги лицензия асосида амалга оширади.

Юридик ва жисмоний шахслар нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.



20-модда. Жисмоний шахслар томонидан мактабгача

таълим ва тарбия соҳасида таълим

хизматлари кўрсатиш

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар мактабгача таълим ва тарбия соҳасида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти шаклида таълим хизматлари кўрсатади.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигини белгиланган тартибда хабардор қилганидан кейин мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим хизматларини кўрсатишга ҳақли.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида кўпи билан эллик нафар мактабгача бўлган ёшдаги боланинг таълим ва тарбия олишига йўл қўйилади.


21-модда. Нодавлат мактабгача таълим

ташкилотларининг фаолиятини лицензиялаш

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги лицензия юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганидан кейин берилади.

Лицензия бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, шунингдек лицензияни бекор қилиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш Давлат инспекцияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


22-модда. Мактабгача таълим ташкилотларининг

давлат аккредитацияси

Мактабгача таълим ташкилотларининг давлат аккредитацияси Давлат инспекцияси томонидан аттестация асосида амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг давлат аккредитацияси беш йилда бир марта амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг давлат аккредитациясини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



23-модда. Давлат мактабгача таълим ташкилотларини

ташкил этишнинг мажбурийлиги

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари:

шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари ташкил этилганда;

турар жой мажмуалари қурилганда;

тегишли ҳудудда мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг қонунчиликда белгиланган чекланган сони ошганда мажбурий тартибда ташкил этилади.

Бир нечта кўп квартирали уйдан ёки якка тартибдаги уйлар гуруҳларидан иборат бўлган янги турар жой мажмуаларини лойиҳалаштириш ва қуришда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида ёхуд алоҳида бино тарзида ҳар бир икки юзта квартира ёки якка тартибдаги уйлар учун камида элликта ўриндан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд бўлиши шартлиги назарда тутилади.



24-модда. Мактабгача таълим ташкилотининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Мактабгача таълим ташкилоти:

мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури асосида ўз таълим дастурини ишлаб чиқишга;

боланинг қонуний вакиллари билан тузилган шартнома асосида мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурида назарда тутилганидан ташқари қўшимча пулли таълим хизматлари кўрсатишга;

боланинг қонуний вакиллари билан таълим ва тарбия борасида ҳамкорликни амалга оширишга ҳақли.

Мактабгача таълим ташкилоти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилоти:

давлат мактабгача таълим ва тарбия стандарти талабларига мос келадиган мактабгача таълим даражасини таъминлаши;

болаларнинг ривожланиши, таълим ва тарбия олиши учун хавфсиз шарт-шароитлар яратиши;

болага таълим ва тарбия бериш масалалари юзасидан унинг қонуний вакилларига маслаҳат ёрдамини бериши;

боланинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдидлар, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги фактлари тўғрисида ваколатли органларни хабардор қилиши шарт.

Мактабгача таълим ташкилотининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


25-модда. Мактабгача таълим ташкилотлари

фаолиятини молиялаштириш

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, мактабгача таълим ташкилотларида болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун олинадиган тўловлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш уларнинг муассислари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат мактабгача таълим ташкилоти боланинг қонуний вакиллари билан тузилган шартнома асосида мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурида назарда тутилганидан ташқари қўшимча пулли таълим хизматлари кўрсатишга ҳақли.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим

вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълимни

ривожлантириш жамғармаси

Мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва соҳага малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳузурида Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатади.

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланилмайдиган кўчмас мулкини реализация қилишдан тушган маблағларнинг 100 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг тузилмасига кирадиган муассасалар ва ташкилотлар фаолиятини текшириш натижалари бўйича вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган бюджет маблағларининг қонунга хилоф харажатлари, ўғриликлар, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия эҳсонлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари), грантлари ҳамда техник жиҳатдан кўмаклашиш воситалари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари:

мактабгача таълим ташкилотларини қурилишларнинг манзилли рўйхатларига киритган ҳолда, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;

мактабгача таълим ва тарбия тизими органлари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришга;

юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан чет эллик юқори малакали мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига ишлаш учун жалб қилишга;

давлат органлари ва ташкилотларининг, лойиҳа институтларининг, илмий муассасалар ҳамда олий таълим ташкилотларининг, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг мутахассислари ва экспертларини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш доирасида маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ходимларини ўқитишни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг, вилоятлар мактабгача таълим бошқармаларининг ва Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармасининг, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларга сарфланади.

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари қонунчиликка мувофиқ бошқа мақсадлар учун ҳам сарфланиши мумкин.


27-модда. Мактабгача таълимни бошқаришнинг

ахборот тизими

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ахборотни йиғиш, сақлаш, излашни, унга ишлов бериш ва ундан фойдаланишни амалга ошириш имконини берувчи Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизими яратилишини ҳамда фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Мактабгача таълим ташкилоти тўғрисидаги маълумотларни Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимига киритиш барча мактабгача таълим ташкилотлари учун мажбурийдир.

Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимига киритиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар бўлади.

Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимига киритиладиган маълумотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.



5-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


28-модда. Мактабгача таълим ва тарбиянинг

давлат стандарти

Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти барча мактабгача таълим ташкилотлари учун мажбурийдир.

Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти камида беш йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.

Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурини, мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим ва тарбия бериш соҳасидаги ўқув-услубий қўлланмаларни, услубий тавсияларни ишлаб чиқишда, шунингдек мактабгача таълим ташкилотларини лойиҳалаштиришда, қуришда, жиҳозлашда ва уларнинг фаолиятини ташкил этишда ҳисобга олиниши шарт.



29-модда. Мактабгача таълим ва тарбиянинг

давлат таълим дастури

Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури болани тўлақонли ҳар томонлама камол топтиришга қаратилган таълим-тарбия жараёни ташкил этилишини таъминлайди.

Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури:

боланинг билим жиҳатидан ва интеллектуал ривожланишини;

боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорликни;

болаларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар, Ўзбекистон Республикасида яшовчи миллатлар ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан таништиришни;

боланинг ижтимоий мослашувини;

алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болалар билан педагогик-тузатиш (коррекциялаш) ва тиббий-психологик ишлар амалга оширилишини;

болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашни таъминлаши керак.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишидаги нуқсонларини тузатишга (коррекциялашга) ҳамда реабилитация қилишга муҳтож бўлган болаларнинг мактабгача таълим ва тарбия олиши мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури асосида ишлаб чиқилган якка тартибдаги режалар бўйича амалга оширилади.



30-модда. Таълим бериш тили

Мактабгача таълим ташкилотларида таълим бериш тили "Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.



31-модда. Мактабгача таълим ташкилотларининг

иш режими

Мактабгача таълим ташкилотларида ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан кейинги йилнинг 31 майигача бўлган даврни, ёзги соғломлаштириш даври жорий йилнинг 1 июнидан 31 августигача бўлган даврни ўз ичига олади.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳлар уларда болаларнинг бўлиши давомийлигига қараб:

болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3-4 соат);

тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотларининг:

болалар 3-4 соат бўладиган гуруҳларида - кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;

болалар 9-10,5 соат бўладиган гуруҳларида - уч марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида - тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

Мактабгача таълим ташкилотларининг болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларида кундузги ва тунги уйқу ҳамда беш марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар узлуксиз ухламайдиган муддатнинг тавсия этиладиган максимал давомийлиги 5,5-6 соатни ташкил этади.

Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар учун суткалик уйқунинг тавсия этиладиган умумий давомийлиги муддати 12-12,5 соатни ташкил этади, шундан 2-2,5 соатни кундузги уйқу учун ажратиш тавсия қилинади.

Мактабгача таълим ташкилотининг иш режими ва болаларнинг унда бўлиши давомийлиги унинг уставида белгиланади.



6-БОБ. МАКТАБГАЧА БЎЛГАН ЁШ ДАВРЛАРИ.

БОЛАЛАРНИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА УЛАРДАН ЧИҚАРИШ


32-модда. Мактабгача бўлган ёш ва

унинг даврлари

Мактабгача бўлган ёш бола шахсининг жисмоний, психологик ва ижтимоий жиҳатдан шаклланишининг асосий давридир.

Мактабгача бўлган ёш қуйидаги даврларни ўз ичига олади:

гўдаклик (туғилганидан бир ёшгача);

илк болалик (бир ёшдан уч ёшгача);

мактабгача бўлган кичик ёш (уч ёшдан тўрт ёшгача);

мактабгача бўлган ўртача ёш (тўрт ёшдан беш ёшгача);

мактабгача бўлган катта ёш (беш ёшдан етти ёшгача).



33-модда. Болаларни мактабгача таълим

ташкилотларига қабул қилиш ва

улардан чиқариш

Умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига ва қўшма турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун мўлжалланган гуруҳларга болаларни қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси ҳузуридаги тиббий-руҳий-педагогик комиссия хулосаси асосида, боланинг қонуний вакиллари розилиги билан амалга оширилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилиш ва улардан чиқариш нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг уставига мувофиқ амалга оширилади.



34-модда. Мактабгача таълим ташкилоти

гуруҳларини тўлдириш

Гуруҳ мактабгача таълим ташкилотининг таркибий бирлигидир.

Мактабгача таълим ташкилотидаги гуруҳлар ёшга доир тоифалар ёки ёшга доир бўлмаган тоифалар бўйича тўлдирилиши мумкин.

Гуруҳлар ёшга доир тоифалар бўйича тўлдирилганда қуйидаги ёш тоифалари белгиланади:

илк ривожланиш гуруҳи (бир ёшдан уч ёшгача);

кичик гуруҳ (уч ёшдан тўрт ёшгача);

ўрта гуруҳ (тўрт ёшдан беш ёшгача);

катта гуруҳ (беш ёшдан олти ёшгача);

мактабга тайёрлов гуруҳи (олти ёшдан етти ёшгача).

Мактабгача таълим ташкилоти гуруҳларини тўлдириш ва болаларни бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш ҳар йили ўқув йили бошлангунига қадар амалга оширилади.

Умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар тегишли равишда қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар гуруҳларида - кўпи билан ўттиз нафар бола;

болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳларда - кўпи билан ўттиз нафар бола;

турли ёшдагилар гуруҳларида - кўпи билан йигирма беш нафар бола;

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола.

Агар давлат мактабгача таълим ташкилоти жойлашган ерда давлат мактабгача таълим ташкилотига боришни хоҳловчи мактабгача бўлган ёшдаги болалар сони йигирма нафардан кам бўлса ва бу жойда бошқа давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда кам сонли болалардан иборат гуруҳларни ташкил этишга йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишувга кўра гуруҳларни уларни тўлдиришнинг энг кўп миқдори оширилган ҳолда ташкил этишга йўл қўйилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳларни тўлдириш тартиби мактабгача таълим ташкилотларини сақлашга, уларнинг тузилишига ва улардаги иш режимини ташкил этишга доир санитария-гигиена талаблари ҳисобга олинган ҳолда уларнинг муассиси томонидан белгиланади.

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун гуруҳлар тегишинча қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

нутқида оғир нуқсонлари бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

кар болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

яхши эшитмайдиган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

кўзи ожиз болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

кўзи яхши кўрмайдиган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

таянч-ҳаракат аппарати бузилган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн саккиз нафар бола;

гемипарез, монопарез, плегия асоратлари бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

болалар церебрал фалажи синдроми асоратлари бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

енгил даражада ақли заиф бўлган ақлий нуқсонлари бор болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола, ўртамиёна ва ўртача даражада ақли заиф бўлган ақлий нуқсонлари бор болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

аутизмга чалинган уч ёшдан катта болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

ақлий ривожланиши кечикаётган уч ёшдан катта болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

мураккаб нуқсонлари (икки ва ундан ортиқ нуқсони) бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола.

Инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилотида гуруҳлар тегишинча қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

1) уч ёшгача бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан йигирма беш нафар бола, шу жумладан ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган икки ёшдан уч ёшгача кўпи билан уч нафар бола;

2) уч ёшдан катта болалар учун гуруҳларда:

кўпи билан йигирма беш нафар бола, шу жумладан ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган (яхши кўра олмайдиган ёки яхши эшита олмайдиган ёки таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган) кўпи билан уч нафар бола;

кўпи билан йигирма беш нафар бола, шу жумладан ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган (кўриш амблиопиясига чалинган, кўзи ғилай ёки нутқида оғир нуқсонлари бўлган ёки аутизмга чалинган) кўпи билан икки нафар бола;

кўпи билан йигирма беш нафар бола, шу жумладан нутқида оғир нуқсонлари бўлган кўпи билан уч нафар бола;

кўпи билан йигирма беш нафар бола, шу жумладан руҳий ривожланишида кечикаётган кўпи билан уч нафар бола.

Қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун гуруҳлар тегишинча қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

қулоғи кар болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

қулоғи яхши эшитмайдиган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

кўзи ожиз болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

кўзи яхши кўрмайдиган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

таянч-ҳаракат аппарати бузилган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн саккиз нафар бола;

гемипарез, монопарез, плегия асоратлари бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн икки нафар бола;

болалар церебрал фалажи синдроми асоратлари бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

аутизмга чалинган уч ёшдан катта болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола;

мураккаб нуқсонлари (икки ва ундан ортиқ нуқсони) бўлган болалар учун гуруҳларда - кўпи билан ўн нафар бола.



35-модда. Мактабгача таълим ташкилотларида

болаларни парваришлаганлик, овқатлантирганлик

ва уларга қараб турганлик учун ҳақ тўлаш

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларни парваришлаганлик, овқатлантирганлик ва уларга қараб турганлик учун ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган миқдорларда амалга оширилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўзи кўрсатаётган мактабгача таълим ва тарбия хизматлари қийматини мустақил равишда белгилайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган оилаларнинг болаларини парваришлаганлик, овқатлантирганлик ва уларга қараб турганлик учун ҳақ тўлаш имтиёзли шартларда қонунчиликда белгиланган миқдорларда амалга оширилади.


7-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДАГИ

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ,

УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


36-модда. Мактабгача таълим ташкилотларидаги

таълим-тарбия жараёни иштирокчилари

Мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим-тарбия жараёни иштирокчилари қуйидагилардан иборат:

мактабгача бўлган ёшдаги бола;

боланинг қонуний вакиллари;

педагог ходимлар.

Мактабгача таълим ташкилотининг таълим-тарбия жараёни иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари шартнома билан тартибга солинади.



37-модда. Мактабгача бўлган ёшдаги

болаларнинг ҳуқуқлари

Мактабгача бўлган ёшдаги болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул тиббий ёрдам олиш;

соғлиқ учун хавфсиз бўлган шароитларда таълим олиш ва тарбияланиш;

соғлом турмуш тарзини олиб бориш, болаларни меҳнат қилишга мажбурлашнинг ҳар қандай шаклларидан, жисмоний ва руҳий зўравонликдан, ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилишидан ҳимояланиш;

ўз соғлиғига зарар етказадиган ахборотдан ҳимояланиш;

умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиш.

Мактабгача ёшдаги болалар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


38-модда. Боланинг қонуний вакилларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Боланинг қонуний вакиллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

ўз боласи учун мактабгача таълим шаклини ва таълим олиш тилини танлаш;

мактабгача таълим ташкилотлари маъмуриятидан мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган зарур шарт-шароитлар таъминланишини талаб қилиш;

мактабгача бўлган ёшдаги болани ривожлантириш, унга мактабгача таълим ва тарбия бериш масалалари юзасидан давлат органларига мурожаат қилиш;

болага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

мактабгача таълим ташкилотидаги таълим-тарбия жараёни ташкил этилишида иштирок этиш;

давлат мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши таркибини сайлаш ва унга сайланиш.

Боланинг қонуний вакиллари қонунчиликка ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Боланинг қонуний вакиллари:

боланинг жисмоний соғлиғи, руҳий ҳолати ҳақида қайғуриши, унинг табиий қобилиятлари, иштиёқлари ва истеъдодларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиши;

боланинг мактабгача таълим ташкилотларида мактабгача таълим ва тарбия олишига кўмаклашиши ёки унинг оилада таълим ва тарбия олишини таъминлаши;

мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим-тарбия жараёни бошқа иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;

болаларни Ватанга муҳаббат, меҳнатга, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига, шунингдек умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаши;

оилада боланинг ҳар томонлама ривожланиши, таълим ва тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт.

Боланинг қонуний вакилларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Болаларнинг умумий ўрта таълим муассасасига киргунига қадар умумий ўрта таълимга бир йиллик мажбурий тайёргарлик кўриши учун жавобгарлик уларнинг қонуний вакиллари зиммасига юклатилади.



39-модда. Мактабгача таълим ташкилотлари

педагог ходимларининг ҳуқуқ ва

мажбуриятлари

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари:

касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;

ижодий ташаббус кўрсатиш, таълим ва тарбия услубиётларини, ўқув қўлланмалари ҳамда таълим воситаларини эркин танлаш;

мактабгача таълим ташкилотини бошқаришда иштирок этиш;

мактабгача таълим ташкилотининг таълим дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

педагогик фаолиятидаги муваффақиятлар учун маънавий ва моддий рағбатлантирилиш;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги илмий, инновацион, халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз касбий мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган иш турларига жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари:

болаларга профессионал даражада таълим ва тарбия бериши;

педагогик этикага риоя этиши, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, болаларни зўравонлик кўринишларидан ҳимоя қилиши, уларни ватанпарварлик, меҳнатга, қонуний вакилларига ҳурмат билан ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаши;

мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълимдастурини бажариши;

ўз малакасини ошириши;

ўз касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини такомиллаштириши шарт.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Таълим-тарбия жараёнидан сиёсий мақсадларда ёки болаларни қонунчиликка зид бўлган ҳаракатларни содир этишга ундаш учун фойдаланиш тақиқланади.


40-модда. Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг

педагог ходимларининг ҳафталик иш юкламаси

Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари учун ҳафталик иш юкламасининг миқдорлари қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг ҳафталик иш юкламаси ушбу иш тури бўйича иш вақти нормаланган давомийлигининг бир ярим баравари миқдоридан ошмаслиги керак.

Қонунчиликда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг айрим тоифалари учун ҳафталик иш юкламасининг бошқача давомийлиги белгиланиши мумкин.


41-модда. Мактабгача таълим ташкилотлари

ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш

ва дам олиши

Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби қонунчиликда белгиланади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари қуйидагилар асосида шакллантирилади:

давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимининг лавозими ва малака тоифасига мувофиқ белгиланган базавий тариф ставкалари;

лавозим маошларига устамалар ва қўшимча ҳақлар.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ходимлари учун қуйидаги малака тоифалари белгиланади:

ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга мутахассис;

бакалавр даражасига ёки олий таълим даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунига қадар олинган олий маълумотга эга мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий таълим даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунига қадар олинган олий маълумотга эга иккинчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий таълим даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунига қадар олинган олий маълумотга эга биринчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий таълим даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунига қадар олинган олий маълумотга эга олий тоифали мутахассис.

Мактабгача таълим ташкилотларининг ходимларига иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади, ҳар йилги узайтирилган ҳақ тўланадиган таътил ва қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар берилади.


42-модда. Педагогнинг касбий стандарти

Иш берувчилар томонидан педагогнинг касбий стандарти:

кадрлар сиёсатини шакллантириш;

педагог кадрларни ишга қабул қилиш;

меҳнат шартномаларини тузиш;

лавозим йўриқномасини ишлаб чиқиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш;

педагоглар ўқишини ташкил этиш;

мактабгача таълим ташкилотлари педагогларини аттестациядан ўтказиш чоғида қўлланилади.

Педагогнинг касбий стандарти ҳудудларнинг маданий, демографик ва бошқа хусусиятлари инобатга олинган ҳолда талаблар билан тўлдирилиши мумкин.

Педагогнинг касбий стандарти педагогнинг шахсий сифатларига нисбатан унинг билимлари, маҳорати ва кўникмаларидан ажралмас бўлган талаблар қўяди.

Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Педагогнинг малака тоифаси педагогнинг касбий стандартига мувофиқ берилади.



43-модда. Мактабгача таълим ташкилотларининг

педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш беш йилда камида бир марта амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотининг педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги аниқланади ва унинг малака тоифаси белгиланади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



44-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тизимида

меҳнат фаолиятини амалга оширишга

доир чекловлар

Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари ёки жисмоний нуқсонлари бўлган шахслар, шунингдек қасддан жиноятлар содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган шахслар мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Илгари ўзининг айбли ҳаракатлари сабабли меҳнат шартномаси тугатилган шахслар, шунингдек қўлланилган жазо чорасидан, судланганлиги ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар, қасддан содир этилган жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар, жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятлар содир этган шахслар мактабгача таълим ва тарбия тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас.

Қонунда мактабгача таълим ва тарбия тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир бошқа чекловлар ҳам белгиланиши мумкин.



8-БОБ. МАКТАБГАЧА БЎЛГАН ЁШДАГИ

БОЛАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ


45-модда. Мактабгача бўлган ёшдаги болаларга

қараб туриш ва уларни таъминлаш

Давлат мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг, айниқса етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг, соғлиғининг ҳолатини тузатишга, узоқ вақт даволанишга ҳамда реабилитация қилишга муҳтож бўлган болаларнинг, шунингдек кам таъминланган ва кўп болали оилалардаги болаларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши ва қўллаб-қувватланишини таъминлайди.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида турли нуқсонлар бўлган болаларга қараб туриш қисман ёки тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Етим болаларга ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга қариндошлик муносабатларини сақлаш, шунингдек уларнинг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Кўриш, эшитиш қобилиятини, таянч-ҳаракат аппаратини тузатишга муҳтож бўлган болалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳаракатланиш, протезлаш, ахборотни идрок этиш ва қабул қилиш воситалари, шунингдек бошқа индивидуал тузатиш воситалари билан таъминланади.



46-модда. Мактабгача таълим ташкилотларида

болаларнинг овқатланишини ташкил этиш

Мактабгача бўлган ёшдаги болалар учун табиий озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами, уларни ёшига доир физиологик эҳтиёжларига мувофиқ бўлган рационал ва мутаносиб озиқ-овқат билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

Мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат сифати устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, унинг ҳудудий бўлинмалари ва мактабгача таълим органлари томонидан амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларида мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг овқатланишини ташкил этиш аутсорсинг услуби билан ҳам амалга оширилиши мумкин.



47-модда. Мактабгача таълим ташкилотларида

болаларнинг соғлиғини сақлаш

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

мақбул ўқув юкламасини белгилаш;

соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб қилиш, шакллантириш ва ўргатиш;

соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш;

кун тартибига риоя этиш;

соғлом овқатланишни ташкил этиш;

жисмоний фаоллик учун шарт-шароитлар яратиш.

Мактабгача бўлган ёшдаги болаларга тиббий ёрдам мактабгача таълим ташкилотларининг ёки тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларининг тиббий ходимлари томонидан кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари мактабгача таълим органлари билан биргаликда мактабгача таълим ташкилотларида санитария қоидалари ва нормаларига, гигиеник нормативларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади. Соғлиқни сақлаш органлари мактабгача таълим органлари билан биргаликда ҳар йили болаларнинг бепул тиббий кўригини, уларнинг соғлиғи ҳолати мониторингини ва тузатилишини (коррекцияланишини) таъминлайди.

Мактабгача таълим ташкилотларининг тиббий ходимлари санитария қоидалари ва нормаларига, гигиеник нормативларга риоя этилиши, шунингдек мактабгача таълим ташкилотларида даволаш-профилактика чора-тадбирлари ўтказилиши учун жавобгар бўлади.



9-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИ

БОШҚАРИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


48-модда. Мактабгача таълим ташкилотини

бошқариш

Давлат мактабгача таълим ташкилотини бошқаришни қуйидагилар амалга оширади:

педагогик кенгаш;

кузатув кенгаши;

давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотини бошқариш тартиби унинг таъсис ҳужжатларида белгиланади.



49-модда. Давлат мактабгача таълим

ташкилотининг педагогик кенгаши

Давлат мактабгача таълим ташкилотининг педагогик кенгаши педагог ходимлардан иборат бўлган, унинг педагогик фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга доир ваколатларни амалга оширадиган давлат мактабгача таълим ташкилотининг коллегиал бошқарув органидир.

Давлат мактабгача таълим ташкилотининг педагогик кенгаши:

давлат мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш ва такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади;

давлат мактабгача таълим ташкилотининг иш режасини ва педагог ходимларнинг педагогик юкламасини белгилайди;

давлат мактабгача таълим ташкилотининг таълим дастурини амалга ошириш натижаларини баҳолайди;

давлат мактабгача таълим ташкилотининг боланинг қонуний вакиллари билан ўзаро муносабатлари тартибини белгилайди;

давлат мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг ижодий ташаббускорлигини ривожлантириш, таълим ва тарбия жараёнига илм-фан ютуқларини ва илғор педагогик тажрибани жорий этиш масалаларини муҳокама қилади;

давлат мактабгача таълим ташкилотининг ходимларини маънавий ва моддий рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг ва педагог ходимларининг ҳисоботларини эшитади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотининг педагогик кенгаши қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


50-модда. Давлат мактабгача таълим

ташкилотининг кузатув кенгаши

Давлат мактабгача таълим ташкилотида болани тарбиялаш, ривожлантириш ва унга таълим беришга кўмаклашиш мақсадида кузатув кенгаши ташкил этилиб, унинг таркиби ушбу ташкилотга борадиган болаларнинг қонуний вакиллари, ўз ходимлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан шакллантирилади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши:

давлат мактабгача таълим ташкилотини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига келишиб олишга киритиш учун туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарини белгилайди, шунингдек уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш юзасидан таклифлар киритади;

давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, молия-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет маблағларидан, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг ва бошқа ходимларининг фаолиятига тааллуқли ижтимоий сўровлар ўтказади;

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларига давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарларини ва бошқа ходимларини рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Давлат мактабгача таълим ташкилоти кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.



51-модда. Давлат мактабгача таълим

ташкилотининг раҳбари

Директор давлат мактабгача таълим ташкилотининг раҳбаридир.

Директор давлат мактабгача таълим ташкилотининг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Давлат мактабгача таълим ташкилоти директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат мактабгача таълим ташкилотининг устави, шунингдек меҳнат шартномаси билан белгиланади.



10-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ

ТИЗИМИНИНГ ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ ТАЪМИНОТИ.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ТИЗИМИНИ

ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ

ВАЗИФАЛАРИ


52-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тизимининг

илмий-услубий таъминоти

Мактабгача таълим ва тарбия тизимининг илмий-услубий таъминотини қуйидагилар амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тасарруфидаги илмий-услубий муассасалар;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тегишли тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим ташкилотлари;

Мактабгача таълим ва тарбия тизимининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш институтлари (курслари).

Мактабгача таълим ва тарбия тизимининг илмий-услубий таъминотини қонунчиликка мувофиқ бошқа илмий ва таълим ташкилотлари ҳам амалга ошириши мумкин.


53-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тизимини

илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш вазифалари

Мактабгача таълим ва тарбия тизимини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш вазифалари қуйидагилардан иборат:

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш;

мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-услубий ва дидактик материаллар ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш;

мактабгача таълим ва тарбия соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

мактабгача таълим ва тарбияни бошқаришнинг замонавий услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

мактабгача таълим ва тарбия тизимига жорий этиладиган таълим услублари ва дастурлари самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54-модда. Низоларни ҳал этиш

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



55-модда. Мактабгача таълим ва тарбия

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

учун жавобгарлик

Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



56-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини

таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



57-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



58-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 декабрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 17 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 23 декабрь, 51-сон, 910-модда








































Время: 0.2108
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск