ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Металлургия. Қора ва рангли металл чиқиндилари ва парчаларини йиғиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.2019 й. 999-сон "Қурилиш учун мўлжалланган металл прокатининг сифати ва хавфсизлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.12.2019 й.

N 999



ҚУРИЛИШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН

МЕТАЛЛ ПРОКАТИНИНГ СИФАТИ ВА

ХАВФСИЗЛИГИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Турли объектлар қурилишида сифатли ва хавфсиз металл прокатини қўллаш, қурилиш объектлари қулашининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг қурилаётган бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги кўрсаткичларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат саноат хавфсизлиги қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлигининг аввал фойдаланилган, божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилгани уч йилдан ошган индукцион печлар ва камераларнинг (ТИФ ТН коди 8514 20 1000) 2020 йил 1 мартдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишини тақиқлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилансинки:

олиб кириладиган индукцион печлар ва камераларнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун божхона расмийлаштирувида ишлаб чиқарувчи заводнинг ускуна ишлаб чиқарилган сана тўғрисидаги тегишли маълумотни ўз ичига олган техник паспорти тақдим этилади;

ҳужжатлардаги мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилиши учун импорт қилувчилар жавоб беради;

олиб кириладиган технологик жиҳозлар бўйича қонунчиликда назарда тутилган божхона тўловлари имтиёзларининг 2020 йил 1 январдан бошлаб қора металлар прокатини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган индукцион печлар ва камераларга нисбатан амал қилиши бекор қилинади.


3. Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятини ҳудудлар кесимида ўрганиш бўйича ташкилотларнинг бириктирилган масъул мансабдор шахслари раҳбарлигидаги идоралараро ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда идоралараро ишчи гуруҳлар деб аталади) 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳларнинг намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Идоралараро ишчи гуруҳлар 2020 йил 15 январга қадар жойларга чиққан ҳолда, қурилиш учун мўлжалланган металл прокатини (кейинги ўринларда металл прокати деб аталади) ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятини улар томонидан металл прокатининг сифати ва хавфсизлигига оид белгиланган стандартларга амал қилиш ҳолатини ўргансин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги металл прокатини ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятини ўрганиш натижалари бўйича:

металл прокатининг сифати ва хавфсизлигига оид белгиланган стандартларга амал қилмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, улар томонидан металл прокатини ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашга йўл қўймаслик бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрсин;

идоралараро ишчи гуруҳлар, манфаатдор бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар металл прокатини ишлаб чиқариш, сотиш, унинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш соҳасини янада тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва "Ўзстандарт" агентлиги тегишлилиги бўйича металл прокатини мажбурий сертификатлаштириш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиниши, металл маҳсулотларига оид техник регламентлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланмасдан металл прокати эркин муомалага чиқарилишининг олдини олиш ва йўл қўймаслик чораларини кўрсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

фойдаланиладиган металл прокатининг сифати тўғрисида ҳужжатларнинг мавжудлиги ва ишончлилигини ҳамда металл маҳсулотларига оид техник регламентлар талаблари, шунингдек, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини мажбурий текшириш тартиботларига риоя этилишини назорат қилиш механизмини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда қурилишда металл прокатининг қўлланилиши юзасидан тегишли назоратни таъминласин.

7. "Ўзстандарт" агентлиги:

Қурилиш вазирлиги, "Ўзқурилишматериаллари" АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалдаги норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқсин, шунингдек, қурилиш материаллари, металл прокатининг металл маҳсулотларига оид техник регламентларга мувофиқлигини баҳолашда сертификатлаштириш органлари томонидан қонунчиликнинг барча талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминласин ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2020 йил 1 июлгача бўлган муддатда "Ўзбекистон" илмий синовлар ва металл прокати, шунингдек, руҳланган ва полимер қопламали совутиб ёйилган листнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш бўйича маркази" давлат корхонасининг синов лабораторияларини модернизация қилиш чора-тадбирларини кўрсин.

Андижон ва Қашқадарё вилоятларидаги "Ўзбекистон" илмий синовлар ва сифат назорати" давлат корхонасининг синов лабораторияларини модернизациялаш, шунингдек, Тошкент шаҳрида синов лабораториясининг янги корпуси қурилиши ва уни замонавий жиҳозлар ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш тадбирлари "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" ва "Ўзметкомбинат" акциядорлик жамиятларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси икки ҳафта муддатда ишлаб чиқариш қуввати, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг номенклатураси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ва йиллик асосда янгиланиб бориладиган металл прокатини ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг рўйхатини шакллантирсин ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига тақдим этсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 14 декабрдаги

999-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб

чиқарадиган корхоналар фаолиятини ҳудудлар

кесимида ўрганиш бўйича идоралараро ишчи

гуруҳларнинг бириктирилган раҳбарлари

РЎЙХАТИ

       

Т/р

Идоралараро ишчи гуруҳларнин бириктирилган раҳбарлари Ф.И.О. ва лавозими

Ҳудудлар

1

Э.Б. Искандаров - Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири ўринбосари

Қорақалпоғистон

Республикаси

2

Ш.С. Хидоятов - Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари

Андижон вилояти

3

Б.А. Ураков - Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири ўринбосари

Бухоро вилояти

4

И.Э. Ташкентбаев - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари

Жиззах вилояти

5

Б.В. Гулямов - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Қашқадарё вилояти

6

Б.Х. Умматов - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари

Навоий вилояти

7

Ж.Ю. Каттаходжаев - "Ўзстандарт" агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари

Наманган вилояти

8

Н.Ш. Шарипов - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши қўмитаси раиси

Самарқанд вилояти

9

Д.Н. Саттаров - "Ўзстандарт" агентлиги Бош директори

Сирдарё вилояти

10

У.Д. Каримов - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари

Сурхондарё вилояти

11

М.О. Салиев - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари

Тошкент вилояти

12

Ж.Н. Шукуров - "Ўзстандарт" агентлиги Бош директори ўринбосари

Фарғона вилояти

13

Ш.Р. Хашимов - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири ўринбосари

Хоразм вилояти

14

Д.Ф. Рахимов - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи

Тошкент шаҳри





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 14 декабрдаги

999-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб

чиқарадиган корхоналар фаолиятини ўрганиш

бўйича идоралараро ишчи гуруҳларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва комунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари.


2. Қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекциялари бошлиқлари.


3. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари.


5. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги инспекторлари.


6. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси ҳудудий бўлимлари раҳбарлари.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқлари.


8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил аппаратининг ҳудудларда фаолият олиб борувчи ходимлари.


9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари.


10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 декабрь

















































Время: 0.0287
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск