ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Боғдорчилик. Узумчилик. Сабзавотчилик. Пиллачилик /

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.12.2019 й. 1012-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 декабрдаги

1012-сон қарорига

ИЛОВА



Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил

берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз

деб топиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, шунингдек, уларнинг ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш ёки уларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари боғ ёки токзори мавжуд бўлган фермер хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


боғ - бир жойда узоқ йиллар давомида ўстириладиган мева маҳсулоти етиштириладиган дарахтсимон ёки бутасимон ўсимликлар мажмуи;


токзор - бир жойда ток кўчати экилиб, узоқ йиллар давомида узум маҳсулоти етиштириладиган майдон;


интенсив боғ - пакана ва ярим пакана пайвандтагларда етиштирилган кўчатларни зич экиш схемасида ресурстежамкор агротехнологик тадбирларни амалга ошириш асосида ташкил этилган ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган боғ;


иқтисодий жиҳатдан самарасиз боғ ёки токзор - барпо этилган кундан беш йил ва ундан ортиқ муддат ўтган, сўнгги уч йилда олинган даромади парваришлашга кетган харажатларни қопламайдиган ва ҳосилдорлиги паст боғ ёки токзор;


кам ҳосил берадиган боғ ёки токзорлар - экилган навлар ҳосилдорлиги уларнинг илмий асосланган ҳосилдорлик кўрсаткичидан паст бўлган боғ ёки токзор майдони;


яроқсиз боғ ёки токзорлар - кўчат сони кам (30 фоизгача), касаллик ва зараркунандалар билан кучли зарарланган, шунингдек, экилган кўчатнинг биологик хусусиятига, тупроққлим шароитига, экиш схемасига мос бўлмаган боғ ёки токзор;


боғ ёки токзорни томчилатиб суғориш - суғоришнинг тежамкор усулини қўллаган ҳолда боғ ёки токзордаги кўчатнинг илдизига сувни томчилатиб етказиб бериш;


томчилатиб суғориш тизими - сув насоси, фильтр, ҳовуз-тиндиргич, минерал ўғитларни аралаштирувчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва ўлчовчи қисмлар мажмуаси;


тупроқ бонитировкаси - қишлоқ хўжалиги экинларининг ўртача агротехник даражасида тупроқ сифати ва табиий ишлаб чиқариш унумдорлиги 100 баллик шкала бўйича қиёсий баҳоси;


ҳосилдорлик - бир гектар боғ ёки токзордан олинадиган ҳосил миқдори;


ялпи ҳосил - умумий боғ ёки токзор майдонидан йил давомида олинадиган ҳосил миқдори;


комиссия - иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси. Комиссия таркибига туман (шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (комиссия раиси), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вакили (комиссия котиби), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритилади.


2-БОБ. ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН САМАРАСИЗ,

КАМ ҲОСИЛ БЕРАДИГАН БОҒ ВА ТОКЗОРЛАРНИ

ЯРОҚСИЗ ДЕБ ТОПИШ


4. Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, уларнинг ўрнида интенсив боғ ёки токзорлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


5. Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларини яроқсиз деб топиш, уларнинг ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

6. Комиссия 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ёки токзор майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантиради.


7. Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ёки токзорларни яроқсиз деб топиш, уларнинг ўрнида интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш қуйидагилар асосида амалга оширилади:

а) боғ ёки токзорнинг ҳосилдорлиги, экилган мевали дарахт ёки ток кўчатларининг тупроққлим шароитига мослиги, тури, нави, ёшини таҳлил қилиш - туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) туман (Қувасой шаҳар) бўлими туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

б) боғ ёки токзорнинг яхлит контурда экилганлигини таҳлил қилиш (бир контурда бир хил экин тури экилганлиги) - туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими ва Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлими томонидан;

в) мевали дарахт ёки ток кўчатлари нав муаллифлари томонидан тавсия этилган экиш схемасига мос экилганлиги, мавжуд кўчат сони, шундан яроқсиз кўчат сонини таҳлил қилиш - туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, Инспекциянинг туман (Қувасой шаҳар) бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

г) боғ ёки токзорда белгиланган агротехник тадбирларнинг бажарилганлигини таҳлил қилиш (органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, қатор ораларига ишлов бериш, текислаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов бериш, дарахтларга шакл бериш, шунингдек, токзорларда - хомток қилиш, кесиш, кўмиш, яхоб суви бериш ва бошқа тадбирлар) - туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, Инспекциянинг туман (Қувасой шаҳар) бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

д) мева ёки узум маҳсулотлари етиштириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлар ҳамда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар билан тузилган (фьючерс) шартномаси шартлари бажарилиши, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг банк ҳисобварақлари орқали айланиши, дебитор-кредитор қарздорликлар ва молиявий ҳолатини таҳлил қилиш - туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, туман статистика бўлими, тижорат банклари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан.

8. Аниқланган ҳолат юзасидан уч нусхада далолатнома тузилади ва ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ташкилотлар вакиллари ва фермер хўжалиги ёки тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари томонидан имзоланади. Далолатномага йўл қўйилган камчиликларни тасдиқловчи зарур ҳужжатлар (материаллар) илова қилинади.

Далолатноманинг бир нусхаси фермер хўжалиги ёки тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилотида, иккинчи нусхаси комиссияда, учинчи нусхаси туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимида сақланади.


9. Комиссия далолатнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни (материалларни) таҳлил қилади ҳамда яроқсиз деб топилган боғ ёки токзор ўрнида интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида хулоса тайёрлайди ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этади.


10. Туман (шаҳар) ҳокими Комиссия хулосасини беш кун муддатда тегишлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан келишади ҳамда яроқсиз деб топилган боғ, токзор ўрнида интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

11. Фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан бир йил муддатда:

яроқсиз деб топилган боғ ёки токзорни бузиш ҳамда далани дарахт қолдиқларидан (илдизларидан) тозалаш;

яроқсиз деб топилган боғ ёки токзор ўрнида интенсив боғ ёки токзор барпо қилиш ишларини амалга оширади.


3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


13. Яроқсиз деб топилган боғ ёки токзорларни бузиш ҳамда далани дарахт қолдиқларидан (илдизларидан) тозалаш ишлари билан боғлиқ ҳаражатлар тегишли фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


14. Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ёки токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда интенсив боғ ёки токзорларга ўтказиш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган

боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда уларнинг

ўрнида интенсив боғ ёки токзорлар барпо этиш

ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар

Кўриб чиқиш муддати


1-босқич

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича Комиссия йиғилишини ўтказиш ва зарур тадбирларни белгилаш.

2020 йилдан бошлаб ҳар йили 20 сентябрга қадар


2-босқич

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси

Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзор майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантириш, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.

Ҳар йили 1 октябрга қадар


3-босқич

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси

Манзилли рўйхатига киритилган иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни Низомнинг 7-банди талаблари асосида ўрганиш ва таҳлил қилиш;

таҳлил натижаси бўйича уч нусхада далолатнома тузиш;

далолатноманинг бир нусхасини фермер хўжалиги ёки тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилотига, иккинчи нусхасини комиссияга, учинчиси нусхасини туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимига тақдим этиш.

Ҳар йили 25 октябрга қадар




4-босқич

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси

Далолатнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар (материаллар) асосида иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ва уларнинг ўрнида интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида хулоса тайёрлаш ва туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этиш.

Ҳар йили 26 октябрга қадар

5-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимлиги

Комиссия хулосасини тегишлиги бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан келишиш;

яроқсиз деб топилган боғ, токзор ўрнида интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


Ҳар йили 1 ноябрга қадар

6-босқич


Фермер хўжалиги ёки тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбарлари

Туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан яроқсиз деб топилган боғ ёки токзорни бузиш ҳамда ер участкасини дарахт қолдиқларидан (илдизларидан) тозалаш;

туман ҳокимининг қарорига асосан яроқсиз деб топилган боғ ёки токзор ўрнида интенсив боғ ёки токзор барпо қилиш;

ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказилган боғ ва токзорлар ўрнида экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги экинларини экиш.

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 йил муддатда




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 23 декабрь, 51-сон, 911-модда







































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск