язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Интеллектуал мулк/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.12.2019 й. 1033-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 25 декабрдаги

1033-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг

бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Агентлик қуйидаги ҳисобрақамларини очади:

а) банкларда хорижий валютадаги ҳисобрақамлари, шу жумладан блок-ҳисобрақамлари (хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича);

б) ғазначилик бўлинмаларида миллий валютадаги тегишли ғазначилик шахсий ҳисобрақамлари.


3. Агентликнинг миллий ва хорижий валютадаги маблағларини ҳисобга олиш алоҳида-алоҳида юритилади.


4. Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган Агентликнинг шахсий ғазна ҳисобварағида йиғилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


5. Қуйидагилар Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - жисмоний ва юридик шахслардан тушган патент божлари ва тўловларнинг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - жисмоний ва юридик шахслардан тушган патент божлари ва тўловларнинг 80 фоизи миқдоридаги маблағлар;

электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш учун амалга оширилган тўловлар;

интеллектуал мулк соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган маъмурий жарима суммалари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ҳисобрақамларидаги, шу жумладан блок-ҳисобрақамларидаги (ҳар бир хорижий валюта бўйича) Агентликнинг тасарруфида қолган хорижий валютадаги маблағлар сўм эквивалентига (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг сотиш кунидаги курси бўйича) ҳисоблаган ҳолда Агентликнинг ғазначилик ҳисобрақамига ўтказилиши мумкин.

Бунда миллий валютага конвертация қилинган маблағлар Агентликнинг миллий валютадаги ғазначилик ҳисобрақамига ўтказилади.


7. Агентлик Жамғармага маблағлар келиб тушишининг тўлиқлигини назорат қилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


8. Патент божларини, йиғимларни ва солиқ бўлмаган бошқа тўловларни тўлаш бўйича миллий валютада тушган маблағлар умумий ҳажмининг:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисобрақамига;

80 фоизи - Агентликнинг ғазначилик шахсий ҳисобрақамига ўтказилади.


9. Ҳисобот даврида юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширганлик учун тушган валюта маблағлари ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунига қадар валюта блок-ҳисобрақамларидан (хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича) хорижий валютада тушган маблағлар умумий ҳажмининг:

78 фоизи - Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобрақамига;

2 фоизи - белгиланган тартибда конвертация қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисобрақамига;

20 фоизи - Агентликнинг хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича очилган хорижий валютадаги ҳисобрақамларига ўтказилади.


10. Жамғарма маблағларидан:

Агентликни моддий-техник таъминлаш;

Агентликнинг бино ва иншоотларини қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентарлар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;

Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш (ходимлар учун мукофотлар тўлаш, уларнинг маошларига устамалар ва қўшимчалар белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш, ходимлар учун уй-жой қуриш, санаторий-курортда даволаш ва тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқалар);

Агентлик раҳбарлари ва бошқа ходимларининг хизмат сафарлари, шу жумладан хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари харажатлари;

лавозим маошларини аниқлашда Ягона тариф сеткаси бўйича бир ярим баробар миқдорида коэффициент қўлланилган харажатлари;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Агентликнинг ходимларига мартаба даражалари учун қўшимчалар ҳамда кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш;

Агентликнинг ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловларни компенсация қилиш;

Агентлик ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташи, шу жумладан уларнинг хорижий мамлакатларга ташрифларини, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишини ташкил этиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш;

Агентликнинг коммунал-фойдаланиш ҳамда бошқа жорий харажатлари;

Агентликнинг қўшимча штат бирликларини сақлаб туриш;

Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда қатнашиши билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан аъзолик бадалларини қоплаш;

Агентликнинг архив ишларини юритиш ва кутубхона фондини таъминлаш;

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида жалб этилган маҳаллий ва хорижий мутахассислар хизматига ҳақ тўлаш;

интеллектуал мулк соҳасида фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ва уларда қатнашиш;

Агентликка юклатилган барча вазифаларни ва функцияларни, ҳуқуқ ва мажбуриятларни бажариш ҳамда Агентлик фаолиятини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади.


11. Жамғарма маблағларини сарфлаш Агентлик директори (кейинги ўринларда директор деб аталади) томонидан тасдиқланган ҳамда ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тегишли ғазна ҳисобрақамларидан амалга оширилади.

12. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.


13. Жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш директор томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ХОДИМЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШГА

ЙЎНАЛТИРИШ


14. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устама белгилаш;

ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари билан боғлиқ мукофотлар;

узоқ муддатли хизмати учун устамалар тўлаш;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Агентликнинг ходимларига мартаба даражалари учун қўшимчалар ҳамда кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш;

овқат пули учун тўлов;

йўлкира харажатлари учун тўлов;

моддий ёрдам кўрсатиш ва компенсациялар тўлаш;

ходимларнинг уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловларини компенсация қилиш.


15. Агентликнинг ходимларини моддий жиҳатдан кўллаб-қувватлаш мақсадида директор томонидан Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ходимнинг лавозим маошининг 200 фоизигача миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар қўлланилиши мумкин. Бунда, ҳар ойлик шахсий устамаларнинг йиллик миқдори Агентликнинг бюджет маблағлари бўйича йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 1,4 бараваридан ошмаслиги лозим.


16. Ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича мукофотлар топшириқлар ошириб бажарилганда, Агентлик ходимларига юкланган лавозим вазифалари зарур даражада бажарилганда, амалда ишланган вақт (қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг учун иш ҳақи ёзиладиган вақт) учун тўланади.

Бунда, ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари муносабати билан ҳар бир ходим мукофотининг аниқ миқдори бир йилда ходим лавозим маошининг саккиз баравари миқдоридан ошмаслиги лозим.

Ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ходимларга рағбатлантириш тўловлари ва мукофотларни белгилаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор директор томонидан қабул қилинади.


17. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлмаган Агентлик ходимларига узоқ муддатли хизмати (Агентлик тизими ҳамда адлия органлари ва муассасаларида ишлаган даври) учун ҳар ойда устама тўланади.

Узоқ муддатли хизмати (Агентлик тизими ҳамда адлия органлари ва муассасаларида ишлаган даври) учун ҳар ойлик устама фақат асосий иш жойи бўйича ҳар ойда ва ходимнинг иш ҳақи фондига нисбатан қуйидаги фоизларда ҳисобланади:

    

Иш стажи бўйича гуруҳ

Узоқ муддатли хизмати учун устама миқдори

1 йилдан 5 йилгача

10%

5 йилдан 10 йилгача

20%

10 йилдан 15 йилгача

30%

15 йил ва ундан ортиқ

40%

    

18. Вазирлар Маҳкамасиниг "Ўзбекистон Республикаси судьяларини, адлия органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисида"ги 1993 йил 9 июлдаги 343-сон ҳамда "Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 2011 йил 29 мартдаги 93-сон қарорларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Агентлик ходимларига мартаба даражалари ҳамда кўп йиллик хизмати учун қўшимчалар ва устамалар тўланади.


19. Агентлик ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида, уларга ҳар ойда ҳар бир штат бирлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида овқат пули ҳамда йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда йўлкира пули берилади.


20. Агентлик ходимларига молия йилида бир марта (соғлиғини тиклаш мақсадида меҳнат таътилига чиқиш вақтида ёки меҳнат таътилига чиқмаган ходимларга йилнинг декабрь ойида) бир лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.


21. Ходим вафот этган ҳолларда, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача бўлган миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади.

Моддий ёрдам ходимнинг турмуш ўртоғига, турмуш ўртоғи йўқлигида - у билан бирга яшовчи вояга етган фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлар ва ҳомийларга) ёхуд вояга етмаган болаларни (болаликдан ногиронлиги бўлган шахс - ёшидан қатъи назар) фарзандликка олганларга, шунингдек агар ходимлар никоҳда турмаган ва фарзандлари бўлмаган ҳолларда, ходимнинг қарамоғидаги шахсларга ёки ота-оналарига тенг улушда тўлаб берилади.


22. Ходим оила қурганда ва фарзанд туғилганда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин.


23. Истисно тариқасида, ходимнинг асослантирилган аризасига асосан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ажратилган маблағлар доирасида, қуйидаги ҳолларда қўшимча тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин:

яқин қариндошлари вафот этганда - ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасига асосан;

алоҳида эҳтиёж туғилганда (бахтсиз ҳодиса, авария, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклашга, шунингдек оиладаги оғир моддий аҳвол ва бошқа ҳолатлар).


24. Моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ миқдорлари ва улар тадбиқ этиладиган ходимлар мазкур Низомда белгиланган доирада, Жамғарма тушумлари ҳажмидан келиб чиқиб, директор томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ХОДИМЛАРНИНГ УЙ-ЖОЙЛАРНИ ИЖАРАГА

ОЛГАНЛИК (ИЖАРАДА ТУРГАНЛИК) УЧУН

ТЎЛОВЛАРИНИ КОМПЕНСАЦИЯ

ҚИЛИШГА ЙЎНАЛТИРИШ


25. Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўловлар бўйича компенсация (кейинги ўринларда компенсация деб аталади) уй-жойлар билан таъминланмаган Агентлик ходимларига уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун қилинган сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), лекин:

Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

Тошкент вилоятида - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.

Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (ходимнинг ўзини ҳисобламаган ҳолда) ушбу компенсация миқдори 50 фоизга оширилади. Бунда ходимнинг ишга тайинланган жойига келган оила аъзолари - хотини (эри), уларнинг болалари ва ота-оналари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.


26. Ходимга компенсация тўлаш уй-жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб, уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Ходимга хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, у бошқа жойга ишга тайинланганда, уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномаси муддати тугаганда ёхуд у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда компенсацияни тўлаш тўхтатилади.


27. Ходимга хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда ёхуд уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномаси муддати тугаганда у бир ҳафта муддатда тегишли равишда Агентлик бухгалтериясига компенсация тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.


28. Ота-оналари ёки эри (хотини)нинг ота-оналари ўз уй-жойларида бирга яшаётган ходимларга компенсация тўланмайди.


29. Ходим компенсацияни олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун амалдаги харажатлар суммасини (коммунал хизматлар қийматисиз) кўрсатган ҳолда Агентлик раҳбарига компенсация бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Компенсация бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ходимни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (оилали ходимлар учун);

қонун ҳужжатларига мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;

уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасининг нусхаси.


30. Директор тақдим этилган ҳужжатлар асосида уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) учун компенсация миқдорини кўрсатган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Агентлик ходимларнинг ижарага олинган уй-жойда яшашларини ва уларнинг яшаш жойлари ўзгаришини доимий назорат қиладилар.


31. Ходимга бола икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилган тақдирда, компенсация таътилнинг бутун даврига, бироқ ходимнинг ушбу уй-жойда яшаши шарти билан берилади.


32. Компенсация Агентлик бухгалтерияси томонидан, ушбу Низомнинг 30-бандига мувофиқ чиқарилган буйруқ асосида, иш ҳақи тўлаш билан биргаликда ўтган ой учун тўлов ведомости бўйича тўланади.


33. Компенсацияни олиш учун ҳужжатлар тегишлича Агентликда қонун ҳужжатларида белгиланган муддат тамом бўлгунга қадар сақланади.


34. Компенсация миқдорини аниқлашда ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда ходимнинг оила таркиби ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинган компенсация миқдорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризаси асосида янги миқдорлардаги компенсация белгиланган тартибда ушбу ўзгаришлар бошланган кундан бошлаб тўланади.


35. Ходимга ортиқча тўланган компенсация суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан тўлиқ миқдорда ундан ундириб олинади.


36. Компенсация тўлаш учун ажратиладиган маблағлар миқдори мазкур Низомда белгиланган доирада, Жамғарма тушумлари ҳажмидан келиб чиқиб, директор томонидан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


38. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 декабрь