ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Нодавлат умумтаълим ташкилотининг Намунавий устави (ЎзР ВМ 24.12.2019 й. 1028-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 декабрдаги

1028-сон қарорига

1-ИЛОВА



Нодавлат умумтаълим ташкилотининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий устав нодавлат умумтаълим ташкилотининг мақоми, мақсад ва вазифалари, таълим жараёнини ва ушбу ташкилотнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Нодавлат умумтаълим ташкилоти қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган тижорат ёки нотижорат ташкилот бўлиб, ўзининг алоҳида мулкига, банкларда ҳисобрақамларга, ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штампларга ва ўз рамзига эга бўлади.

Нодавлат нотижорат умумтаълим ташкилоти мазкур Намунавий уставда белгиланган мақсадларига мос равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


3. Нодавлат умумтаълим ташкилоти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


4. Нодавлат умумтаълим ташкилоти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.


5. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг устави унинг муассиси (муассислари) қарори билан тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида рўйхатдан ўтказилади. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг устави мазкур Намунавий устав асосида ишлаб чиқилади ҳамда унинг фаолияти устав асосида ташкил этилади.


6. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг нодавлат умумтаълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.


7. Нодавлат умумтаълим ташкилоти таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.


8. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг расмий номи:


1) давлат тилида:

тўлиқ - "____________________"______________________;

қисқартирилгани - "___________________" ______________;


2) рус тилида:

тўлиқ - "____________________"______________________;

қисқартирилгани - "___________________" ______________;


3) инглиз тилида:

тўлиқ - "____________________"______________________;

қисқартирилгани - "___________________" ______________.


9. Нодавлат умумтаълим ташкилоти жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, _________ ҚҚР ёки вилояти

(шаҳри), __________ тумани (шаҳри), _______________ кўчаси, ____-уй,


.


(почта манзили)

2-БОБ. НОДАВЛАТ УМУМТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


10. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг мақсади таълим олувчиларга умумий ўрта таълимнинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш, анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида умумий ўрта таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижадорликни оширишдан иборат.


11. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумий ўрта таълимни ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга ошириш, таълим олувчиларнинг жинси, миллати, дини, ирқий мансублиги ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, ўз устида мустақил ишлаши ва қўшимча билим олиши учун имкониятлар яратиш;

таълим олувчиларнинг мунтазам билим олишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини кучайтириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

таълим олувчиларга миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар асосида таълим бериш, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни қарор топтириш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

таълим олувчиларнинг алоҳида ижобий хусусиятлари ва қобилиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим олиши, ижодий имкониятларини ривожлантириши ва рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиб бериш;

таълим олувчиларда меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларни касбий йўналтиришга ва касб танлашига кўмаклашиш;

таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш, таълим жараёнини умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига мувофиқ ташкил этиш;

таълим жараёнига юқори малакали педагог ва бошқа кадрларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этиш, таълим жараёнини самарали ташкил этиш учун уларга зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ишларни ташкил этиш;

таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа воситалар ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида бепул ўқишга қабул қилиш орқали уларнинг сифатли билим олишларига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;

таълим жараёнини умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига мувофиқ ташкил этган, ўқув дастурлари ва ўқув режалари бўйича барча фанларни ўзлаштирган битирувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат бериш;

нодавлат умумтаълим ташкилотини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўрнатилган тартибда ўтказиш учун ваколатли органга ариза билан мурожаат қилиш.



3-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналарининг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарорига асосан қўшимча ўқув режалари ва ўқув дастурларидан фойдаланилиши мумкин.


13. Нодавлат умумтаълим ташкилотида ўқув йили ва таътилларнинг давомийлиги, синфдан синфга ўтказиш ва битирув имтиҳонлари муддатлари, таълим олувчилар билимини назорат қилиш шакллари ҳамда таълим олувчиларнинг билимини баҳолаш давлат умумтаълим муассасалари учун белгиланган тартиб ва муддатларга мос ҳолда амалга оширилади.


14. Таълим жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги - 34 ҳафта;

ўқув ҳафтасининг давомийлиги - 6 кун;

дарс машғулотининг давомийлиги - 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги - 5 дақиқа, катта танаффуснинг давомийлиги 15 дақиқа.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.


15. Чораклар оралиғидаги таътиллар даврида нодавлат умумтаълим ташкилотининг педагог ходимлари томонидан машғулотларнинг инновацион технологияларга асосланган дастурларини ишлаб чиқиш, ўзлаштириши паст бўлган таълим олувчиларнинг билим савиясини таҳлил қилиш ва улар билан қўшимча ишлаш, уларга маслаҳатлар бериш, ота-оналар ва таълим олувчилар ўртасида умумий ўрта таълимнинг аҳамиятини тарғиб қилиш мақсадида тадбирлар ташкил этиш, ўқувчилар учун шахсий ва тақвим иш режалари тузиш каби ишлар амалга оширилади.


16. Нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёни таълим олувчилар билан гуруҳ бўйича ва якка тартибда машғулотлар олиб бориш орқали ташкил этилади.


17. Якка тартибда дарс машғулотларини олиб борадиган педагог ходимлар ҳар бир таълим олувчига ўқув йили учун шахсий иш режаси, гуруҳ тартибда дарс машғулотларини олиб борадиган педагог ходимлар тақвим иш режасини тузади.


18. Нодавлат умумтаълим ташкилоти битирувчиларига ўқишни тугатганлиги тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат (умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома ёки аттестат) берилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилотларини давлат намунасидаги ҳужжат бланкалари билан таъминлаш уларнинг буюртмалари асосида тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга оширилади.


19. Нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарори асосида дарс машғулотлари, ўқув ҳафтаси ва таътиллар давомийлиги, назорат шакллари ва уларнинг ўтказилиш муддатлари ҳамда баҳолаш тизими ўзгартирилиши мумкин.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИНГ

ИШТИРОКЧИЛАРИ


20. Таълим олувчилар, ота-оналар, педагог ходимлар ва нодавлат умумтаълим ташкилоти таълим жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади.


21. Таълим олувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат таълим стандартлари асосида ихтиёрий равишда таълим олиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим жараёни ва иш фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бериш;

давлат умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун ташкил этиладиган кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида иштирок этиш.

Таълим олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Таълим олувчилар:

нодавлат умумтаълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларига, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг моддий-техник базасидан самарали фойдаланиш ва уни асраб-авайлашга мажбур.

Таълим олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


23. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбариятидан фарзанди учун мазкур ташкилотнинг уставига мувофиқ зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

фарзандининг шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

жамоатчилик асосида нодавлат умумтаълим ташкилотининг иш фаолиятида иштирок этиш.

Ота-оналар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24. Ота-оналар:

фарзандининг жисмоний ва руҳий соғлом бўлиши учун ғамхўрлик қилишга;

фарзандига ўқув машғулотларида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга;

фарзандининг таълим олишига кўмаклашиш ва ўқув машғулотларига мунтазам қатнашишини таъминлашга;

фарзандининг нодавлат умумтаълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларига ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини таъминлашга;

шартнома асосида ўқиш учун тўловни ўз вақтида амалга оширишга мажбур.

Ота-оналар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


25. Педагог ходимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нодавлат умумтаълим ташкилотининг муҳим масалалари муҳокамасида ва қарорлар қабул қилинишида қатнашиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотини бошқаришда иштирок этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбариятига ўқув жараёнини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

машғулотларнинг инновацион технологияларга асосланган дастурларини ишлаб чиқиш;

фаолият юритиши учун шароитлар билан таъминланиш, малакасини ошириш, қайта тайёргарликдан ўтиш;

дарс машғулотининг шакли, услуби ва воситаларини мустақил танлаш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


26. Педагог ходимлар:

таълим жараёнини давлат таълим стандартлари ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида ташкил этишга;

педагог одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишга;

дарс машғулотларини юқори савияда олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқитиш воситаларини яратишда фаол қатнашишга;

таълим олувчиларнинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат каби фазилатларни шакллантириш, ўқувчиларни она Ватанга садоқат, давлат тилига, миллий ва умуминсоний, тарихий ва маданий қадриятларга, ота-онага ва ўзидан катта ёшдагиларга ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга;

ўзининг назарий билим даражасини, педагогик маҳорати ва касб малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш ва ўз устида мунтазам ишлашга;

таълим жараёни ва ўқув-услубий ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга;

таълим олувчиларнинг ота-оналари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишга мажбур.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятни ҳам олиши мумкин.


27. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотларни ўз ичига оладиган "Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими" Давлат инспекцияси томонидан юритилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти таълим олувчиларининг умумий рўйхати ҳар йили май ва октябрь ойларида Давлат инспекцияси ҳамда тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этиб борилади.



5-БОБ. НОДАВЛАТ УМУМТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ ВА ЎҚИШДАН

ЧЕТЛАШТИРИШ


28. Нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбарияти ҳар йили июнь - август ойларида ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этади.

Ўқишга кириш учун талабгорлар ўқув йили давомида ҳам нодавлат умумтаълим ташкилотига ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Таълим олувчилар нодавлат умумтаълим ташкилотига муассис (муассислар) томонидан белгиланадиган қабул квоталари доирасида тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.

Қабул квоталари нодавлат умумтаълим ташкилотининг қуввати, моддий-техник базаси, кадрлар билан таъминланганлик даражаси инобатга олинган ҳолда шакллантирилади.


29. Ўқишга кириш учун талабгорлар сони қабул квоталари сонидан ошиб кетган тақдирда, нодавлат умумтаълим ташкилотида қабул синовлари ўтказиш учун мазкур ташкилот раҳбарининг буйруғи билан 5 кишидан иборат таркибда қабул комиссияси тузилади.


30. Қабул комиссияси таркибига ташкилот раҳбари, унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва педагог ходимлар киритилади. Ташкилот раҳбари қабул комиссияси раиси ҳисобланади.


31. Нодавлат умумтаълим ташкилотига ўқишга кириш учун талабгор ёки унинг ота-оналари ҳар йили июль-август ойлари мобайнида қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ташкилот раҳбари номига ариза;

ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси;

ўқувчининг соғлиги тўғрисида тиббий маълумотнома;

ўқувчининг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.


32. Қабул синовлари ҳар йили август ойида ўқувчининг билимини аниқлаш мақсадида ташкилот педагогик кенгаши томонидан тасдиқланган шаклда (тест синови, оғзаки ёки ёзма имтиҳон) ўтказилади ва баҳоланади. Қабул синовлари бир марта топширилади, қайта топширишга йўл қўйилмайди.


33. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг иккинчи ва ундан юқори синфларига қабул қилишда синов материаллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастурлари бўйича тегишли синфда ўтиладиган фанлар доирасида тайёрланади.


34. Талабгорнинг синовдан ўтган ёки ўтмаганлиги қабул комиссияси томонидан аниқланади ва талабгорни ўқишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинади.

Қабул комиссиясининг ижобий қарорига асосан нодавлат умумтаълим ташкилоти муассиси (муассислари) билан ўқишга қабул қилинган таълим олувчининг ота-онаси ўртасида ўқиш муддатига тузилган шартнома асосида тўлов амалга оширилганидан кейин ташкилот раҳбари талабгорни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


35. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорлар ташкилотдаги жами таълим олувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган синовлар асосида ўқишга бепул (грант асосида) қабул қилинади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорлар томонидан нодавлат умумтаълим ташкилотидаги жами таълим олувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам мурожаатлар келиб тушган тақдирда, қабул квотасининг бўш қолган ўринларига бошқа талабгорлар ўқишга қабул қилиниши мумкин.


36. Таълим олувчи ёки унинг ота-онаси ўз хоҳишларига кўра, ўқув йили давомида ёки у тугагандан сўнг нодавлат умумтаълим ташкилотидан бошқасига ёки давлат умумтаълим муассасасига ўқишини кўчириш ҳуқуқига эга.

Таълим олувчи ёки унинг ота-онаси нодавлат умумтаълим ташкилотидан бошқасига ёки давлат умумтаълим муассасасига ўқишни кўчириш сабабларини кўрсатган ҳолда, нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбари номига ариза билан мурожаат қилади.

Ариза нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбари томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, таълим олувчини нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим олувчилари сафидан четлатиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилотининг раҳбари томонидан икки кун муддатда таълим олувчининг таълим олувчилар сафидан чиқарилганлиги тўғрисида тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига хабар берилади.


37. Нодавлат умумтаълим ташкилоти томонидан ўқишини бошқа нодавлат умумтаълим ташкилотига ёки давлат умумтаълим муассасасига кўчирган таълим олувчиларга раҳбар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

таълим олувчининг таълим олувчилар сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома;

таълим олувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели.


38. Ўқиши кўчирилган таълим олувчилар ўқишни давом эттириш учун танланган нодавлат умумтаълим ташкилотига муассис (муассислар) томонидан белгиланадиган қабул квоталари доирасида ўқишга қабул қилиш тартибига мувофиқ ўқишга қабул қилинади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти ёки давлат умумтаълим муассасасидан ўқишини кўчираётган таълим олувчилар муассис (муассислар)нинг қарорига кўра қабул комиссияси томонидан синовдан ўтказилиши мумкин.


39. Ўқиши кўчирилган таълим олувчини нодавлат умумтаълим ташкилотига қабул қилиш тўғрисида ташкилот раҳбари буйруқ чиқаради.


40. Нодавлат умумтаълим ташкилоти муассиси (муассислари)нинг рухсати билан ўқишга қабул қилинган ёки ўқиши кўчирилган таълим олувчи шартнома асосидаги тўловни кечиктириб тўлаши мумкин.


41. Таълим олувчилар нодавлат умумтаълим ташкилотидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг давлат умумтаълим муассасасига ёки бошқа нодавлат умумтаълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;

саломатлиги туфайли (тегишли ҳудуддаги тиббий меҳнат эксперт комиссияси маълумотномаси асосида);

академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

ўқув интизомини ва ташкилотнинг ички тартиб-қоидаларини, одоб ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;

ўқиш учун белгиланган тўловнинг ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли (тўловдан озод этилган таълим олувчилар бундан мустасно);

таълим олувчининг суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбарининг таълим олувчини нодавлат умумтаълим ташкилотидан четлаштириш тўғрисидаги буйруғига қуйидагилардан бири асос бўлади:

ота-онанинг аризаси;

педагогик кенгаш қарори.


42. Нодавлат умумтаълим ташкилотидан четлаштирилган таълим олувчилар ёки уларнинг ота-оналари ўқишга қайта тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Таълим олувчини ўқишга қайта тиклаш ёки тикламаслик масаласи нодавлат умумтаълим ташкилотининг педагогик кенгашида кўриб чиқилади ва унинг қарорига кўра ҳал қилинади.


43. Нодавлат умумтаълим ташкилотидан четлаштирилган таълим олувчи ҳақида ташкилот раҳбарияти томонидан тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига уч кун муддатда ёзма хабар берилади.



6-БОБ. НОДАВЛАТ УМУМТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТИНИ БОШҚАРИШ


44. Жисмоний ва юридик шахслар нодавлат умумтаълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.


45. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги нодавлат умумтаълим ташкилотининг ўқув-тарбия жараёнига услубий раҳбарлик қилади.


46. Нодавлат умумтаълим ташкилотига муассис (муассислар) томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бевосита раҳбарлик қилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилиши учун бевосита масъул ҳисобланади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори лавозимига қўйиладиган малака талаблари муассис томонидан белгиланади.


47. Директорнинг ўқув ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари бўлиши мумкин.


48. Директор:

нодавлат умумтаълим ташкилотига умумий раҳбарлик қилади;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг захирасини шакллантириш ишларини амалга оширади;

педагоглар ва бошқа ходимларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади;

таълим олувчиларнинг интизоми, билим савияси ҳамда синфдан ташқари олиб бориладиган ишларнинг ташкил этилиши ва мазмуни юзасидан назоратни амалга оширади;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш учун зарур ишларни ташкил қилади;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг харажатлар сметасига риоя этилишини назорат қилади;

меҳнат интизоми, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;

таълим олувчиларни таълимнинг кейинги босқичидаги кириш имтиҳонларига тайёрлашни назорат қилади;

давлат умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, маданият уйлари, клублар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатади;

ота-оналар ва жамоатчилик билан иш олиб боришни ташкил қилади;

ташкилот фаолияти юзасидан муассис (муассислар)га ҳисобот беради;

ўз ваколати доирасида меҳнат вазифаларини бузган ходимларга нисбатан меҳнат қонунчилиги доирасида интизомий жазо чораларини қўллайди;

ташкилотнинг педагог ва бошқа ходимларини малакасини ошириш ва қайта таёрланишини ташкил этади, шунингдек, уларни рағбатлантириш ҳамда мукофотлашга тақдим этади;

педагог ҳамда бошқа ходимлар билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади.


49. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари:

муассасадаги ўқув-тарбиявий жараённинг ташкил қилиниши ва иш ҳужжатларининг юритилишини назорат қилади;

педагог ходимларга методик ёрдам кўрсатади;

ўқув-услубий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил қилади;

педагогларнинг ўқитиш услубини таҳлил қилиш мақсадида ўқув машғулотларига киради;

педагог ходимлар ва таълим олувчилар томонидан ташкилот ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилади;

ўқув-тарбиявий, услубий иш режалари, дарс жадвали, очиқ дарслар режаси, синов имтиҳонлари, педагоглар ҳақида маълумотлар, ўқув машғулотлари тарификациясини тузиш ва тасдиқлаш учун директорга тақдим этади;

директор бўлмаган вақтда унинг вазифасини бажариб туради;

педагог ходимлар томонидан дарс жадвали, ўқув-услубий, тарбиявий ҳамда синфдан ташқари ишларнинг бажарилишини назорат қилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ўз ихтисосликлари бўйича меҳнат қонунчилигига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланишлари мумкин.


50. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари:

хўжалик фаолиятини бошқариш, нодавлат умумтаълим ташкилотининг дарс машғулотлари ўтказилиши учун зарур шарт-шароит яратади;

нодавлат умумтаълим ташкилоти маблағларидан мақсадли фойдаланиш тадбирларини ўз ваколати доирасида ишлаб чиқади ҳамда улардан тўғри фойдаланилишини таъминлайди;

молиявий фаолият натижаларини таҳлил қилади, шартнома мажбуриятларининг белгиланган муддатида тўлиқ бажарилишини таъминлайди, молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалари ҳисобига маблағларни шакллантириш ва улардан самарали фойдаланилишини назорат қилади;

товар-моддий бойликлар ва асосий воситалар тушумини тўлиқ ҳисобга олади, қўшимча молиявий манбалар ва моддий маблағларни жалб этади;

ўқув жиҳозлари, асбоб-ускуналари ва бошқа таълим воситаларининг сақланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлайди;

моддий-техник базасини ривожлантириш ишларини ташкиллаштиради, бино ва қўшимча объектларнинг техник ҳолати ва жиҳозланганлигини мунтазам равишда ўрганиб боради;

нодавлат умумтаълим ташкилотига етказиб берилган жиҳозларни қабул қилади, жиҳозларнинг синф хоналари ва бошқа хоналар бўйича тақсимотини амалга оширади;

куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида тегишли равишда кўмир, суюқ ёқилғи, табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжларни аниқлайди ва маълумотларни нодавлат умумтаълим ташкилоти директорига тақдим этади ҳамда қабул қилинган ёқилғиларнинг сифати ва сақланишини таъминлайди;

нодавлат умумтаълим ташкилотига бириктирилган ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларига раҳбарлик қилади, техник хизмат кўрсатувчи ходимлар ишларини мувофиқлаштиради;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этади.


51. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама қилиш, муаммоларни бартараф этиш ва истиқболдаги режаларни шакллантириш мақсадида ташкилотда педагогик кенгаш ташкил қилинади.

Педагогик кенгаш таркибига нодавлат умумтаълим ташкилотининг директори ва педагог ходимлари киритилади.


52. Педагогик кенгашнинг йиғилишлари бир ўқув йили мобайнида камида тўрт марта ўтказилади. Унга нодавлат умумтаълим ташкилоти директори раислик қилади. Директор бўлмаган вақтда, раисликни директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари амалга оширади.


53. Педагогик кенгашнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик жамоасининг фаолиятини таълим олувчиларнинг эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларини таъминлашга, уларга таълим-тарбия бериш сифатини оширишга йўналтириш;

дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар дастурларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;

педагог ходимларнинг йўналишлар бўйича ахборотлари ва ҳисоботларини эшитиш, нодавлат умумтаълим ташкилотининг санитария-гигиеник ҳолати, ёнғинга қарши амалга ошириладиган ишлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ўқувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига оид ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш ва якуний хулоса бериш;

босқичли назоратлар ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш, таълим олувчиларни юқори синфга ўтказиш, якуний давлат аттестациясига рухсат бериш, битирувчиларга ўқишни битирганлик тўғрисида ҳужжатларни, шу жумладан уларнинг дубликатини бериш, аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган таълим олувчиларни рағбатлантириш юзасидан қарорлар қабул қилиш;

таълим беришда ўқитишнинг илғор педагогик ва инновацион технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларни юксак маънавий-ахлоқий, умуминсоний ва миллий руҳда, ўз Ватани, халқини ардоқловчи, тинчлик ва барқарорликка қаратилган миллий қадриятлар асосида тарбиялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёнини ташкил этиш ва таълим самарадорлигини ошириш бўйича мақбул шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорларни нодавлат умумтаълим ташкилотидаги жами таълим олувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўқишга қабул қилинишини ҳамда уларни дарсликлар тўплами билан бепул таъминланишини назорат қилиш;

илғор педагог ходимларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ёш педагогларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

педагогик жамоа учун ўз ваколати доирасида меъёрий талабларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва бажарилишини назорат қилиш.

Педагогик кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


54. Педагогик кенгашнинг раиси кенгаш қабул қилган қарорларнинг бажарилишини доимий равишда назорат қилиб боради.


55. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим, методик ва инновацион фаолиятини таъминлаш юзасидан методик хизматни амалга ошириш, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, касбий маҳоратини ошириш ҳамда методик ишларга тез мослашувчанлигини таъминлаш мақсадида методик кенгаш ташкил қилинади.

Методик кенгаш таркибига нодавлат умумтаълим ташкилотининг директори ўринбосарлари ва педагог ходимлари киритилади. Методик кенгаш раиси умумтаълим ташкилоти директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Методик кенгаш нодавлат умумтаълим ташкилотининг педагогик кенгашига бўйсунади ва ўз фаолиятини педагогик кенгаш қарорларини бажаришга йўналтиради.


56. Методик кенгашнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим сифатини ошириш учун зарур бўлган методик фаолиятни мувофиқлаштириш, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг ўқув дастури, ўқув режаси ва унинг ривожлантириш дастурларини бирламчи экспертизадан ўтказиш ҳамда тасдиқлаш учун педагогик кенгашга тавсия этиш;

таълим олувчиларга замонавий педагогик технологияларни, таълим методлари, шакли ва воситаларини топишга кўмаклашиш, дарс жараёнида қўллашга шароит яратиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва таълим жараёнида ютуқларга эришаётган педагог ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар бериш;

таълим олувчилар билими, кўникма ва малакаларининг давлат таълим стандартига мослигини ўрганиш, таҳлил қилиш, мониторинг қилиш ва натижаларига кўра аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш;

педагог ходимларнинг иш натижаларини таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар бериш, педагог ходимларга методик ишларни самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб бериш;

педагог ходимларнинг инновацион фаолиятини ташкил қилиш, ижодий изланишлари учун семинарлар, тренинг машғулотлари, педагогик технологиялар бўйича тақдимотлар ҳамда очиқ дарслар ташкил этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилоти педагог ходимларининг малака оширишларини ташкил этиш;

педагог ходимларнинг педагогик фаолиятини таҳлил қилиш, ўқув семинарлар ташкил этишини кузатиш ҳамда иш режаси асосида ижодий ҳисоботларини эшитиш;

фанлар бўйича синфдан ташқари ишларни мувофиқлаштириш;

педагог жамоанинг таълим жараёнини ривожлантиришга ва амалиётда қўллашга йўналтирилган тажриба-синов, илмий-тадқиқот, инновацион, ижодий фаолиятига оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш;

педагог ходимларни илмий, методик, дидактик материаллар, ўқув дастурлари билан таъминлаш;

илғор педагогик ва инновацион технологиялар асосида дарс ўтишнинг янги методларини синовдан ўтказиш;

таълим соҳасида тажриба алмашиш мақсадида бошқа нодавлат таълим ташкилотлари ва давлат умумтаълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

таълим мазмунини ривожлантиришга оид масалаларни ҳал қилиш, инновацион дастурлар тузиш, диагностик таҳлил ўтказиш, янги педагогик технологияларни ишлаб чиқиш учун вақтинчалик ижодий гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш;

педагог ходимлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материалларни муҳокамадан ўтказиш.



7-БОБ. НОДАВЛАТ УМУМТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ


57. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолияти муассис (муассислар) томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ молиялаштирилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти ўзига бириктирилган мол-мулкни ва харажатлар сметаси бўйича ажратилган маблағларни ўз хоҳишига кўра тасарруф этади.


58. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

муассис (муассислар) томонидан ажратилган маблағлар;

шартнома асосида таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан тўланган маблағлар;

дарс машғулотларидан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


59. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк ташкилотнинг мол-мулки таркибига киритилади.


60. Нодавлат умумтаълим ташкилоти мол-мулки ва пул маблағларининг қонун ҳужжатларига зид равишда ёки самарасиз сарфланиши учун бевосита унинг директори жавобгар ҳисобланади.


61. Нодавлат умумтаълим ташкилоти ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлардан иборат.

Муассис (муассислар) томонидан нодавлат умумтаълим ташкилоти ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамаларни бериш тартиби тасдиқлаб қўйилиши мумкин.


62. Нодавлат умумтаълим ташкилоти штатидаги ходимлар сони муассис (муассислар) томонидан тасдиқланган штатлар жадвалига мувофиқ белгиланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


63. Нодавлат умумтаълим ташкилоти умумий ўрта таълим бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин. Халқаро ҳамкорлик шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.


64. Нодавлат умумтаълим ташкилотини қайта ташкил этиш ёки тугатиш ўқув йили якунида муассис (муассислар) томонидан амалга оширилади.

Лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган, тугатилган ёки лицензияси бекор қилинган нодавлат умумтаълим ташкилотининг муассиси (муассислари) таълим олувчиларни ота-оналарнинг розилиги билан бошқа нодавлат умумтаълим ташкилотига ёки давлат умумтаълим муассасаларига ўтказишда кўмаклашади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 декабрь


















































Время: 0.0285
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск