ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 19.12.2003 й. 17-сон "Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.12.2003 й.

N 17


ГУМОН ҚИЛИНУВЧИ ВА АЙБЛАНУВЧИНИ

ҲИМОЯ ҲУҚУҚИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА

ОИД ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳкум ва оқланган шахснинг (бундан буён матнда гумон қилинувчи, айбланувчи деб юритилади) ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишда асос қилиб олинувчи принциплардан бири бўлиб, иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилинишини кафолатлайди.

Суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, суриштирув, тергов органлари ҳамда судлар гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини асосан таъминлаб келмоқдалар.

Шу билан бир қаторда, ушбу ҳуқуқий институт иш бўйича қонунийликка риоя этиш ва ҳақиқатни аниқлашда жуда муҳим омил эканлигига етарли даражада эътибор берилмаяпти. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида ҳам, суд муҳокамаси бораётганда ҳам қўпол тарзда бузиш ҳоллари барҳам топмаган.

Қонун талабларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини бузиш ҳолларига барҳам бериш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларга тушунтирилсинки, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи бевосита Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар бир кишига шахсий эркинлик ва дахлсизлик таъминланишини кафолатловчи нормаларидан келиб чиқади.


2. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи - юзага келган гумон, қўйилган айбни рад этиш ёки жавобгарлик ва жазони юмшатиш учун унга қонун билан берилган процессуал имкониятлар (восита ва усуллар) йиғиндисидир.


3. Ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишнинг барча босқичида таъминланади.

Қонунга кўра (ЖПК 24, 64-моддалари), жиноят ишини юритишга масъул барча давлат органлари ва мансабдор шахслар (суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья) гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтиришлари ва ўзига тегишли ҳимоя ҳуқуқидан амалда фойдаланиши учун реал  шароит яратиб беришлари шарт.


4. Судлар иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар албатта синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиши зарурлиги ҳақидаги қонун талабларига оғишмай риоя этишлари, айбланувчини нафақат фош этадиган, балки оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатларни ҳам аниқлашлари шарт.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган далиллардангина фойдаланиш мумкин. Процессуал қонун талаблари бузилган ҳолда тўпланган далиллар айблов асосига қўйилиши мумкин эмас.


5. Гумон қилинувчини, айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашнинг муҳим кафолати - унинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунча ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунча айбдор ҳисобланмаслиги ҳақидаги Конституцияда белгиланган айбсизлик презумпцияси принципига қатъий амал этилишидадир.

Гумон қилинувчи, айбланувчи зиммасига кўрсатув бериш мажбурияти юкланиши мумкин эмас, ўз айбсизлигини ёки иш бўйича бирор-бир ҳолатни исботлаш масъулиятини юклашга ҳам йўл қўйилмайди. Қонунга асосан бундай мажбурият жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларининг зиммасига юклатилган.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллашда келиб чиққан ҳар қандай шубҳа ҳам унинг фойдасига ҳал этилади.


6. Судлар Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси талабларига, яъни ишлар суд мажлисида тарафларнинг ўзаро тортишуви принципи асосида кўрилиши шартлиги ҳақидаги қоидага сўзсиз амал қилинишини таъминлашлари керак.

Тортишув принципи айблов ва ҳимоя функциялари бир-биридан ажратилган ҳолда амалга оширилишини тақозо этади. Бунда суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмаслиги ҳамда уларнинг бирон бир манфаатларини ифода этмаслиги лозим. Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда фақат ишни ҳал этиш функциясини амалга ошириши, яъни тарафларга процессуал ҳуқуқларини амалга ошириш йўли билан ўз нуқтаи назарларини ҳимоя қилишлари учун тенг имконият яратиб бериши керак.

Қонунга биноан, суд процессида тарафлар далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши, қонуний ва асослантирилган қарор чиқарилиши учун аҳамиятга молик ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, судда ишларни юритишда тортишув суд мажлисида прокурор ва ҳимоячининг узлуксиз иштироки таъминланган ҳолдагина рўёбга чиқади (судланувчи қонунда белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечган ҳоллар бундан мустасно).


7. Гумон қилинувчини, айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашнинг муҳим элементларидан бири қонун томонидан унга суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд (судья)нинг процессуал ҳаракати ёки қарори устидан белгиланган тартибда шикоят бериш ҳуқуқининг берилишидир.

Жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан ҳам берилиши мумкин.


8. Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасига мувофиқ жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса, унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб ишда ҳимоячининг иштирок этишига рухсат берилади.

Бу ўринда шуни назарда тутиш керакки, шахс ЖПК 221-моддасида кўрсатилган асосларга кўра ушланган ҳолларда, гарчи қонунда бу ҳақда тегишли баённома шахс ички ишлар органи ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилгандан сўнг расмийлаштирилиши белгиланган бўлса-да, унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб гумон қилинувчи деб ҳисобланади. Айнан шу пайтдан бошлаб ушлаб турилган шахс гумон қилинувчига берилган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан, ҳимоячи олиш, яқин қариндошларига ёхуд адвокатига телефон қилиш ёки хабар юбориш, кўрсатув беришдан бош тортиш, шунингдек ўзи берган кўрсатувлари жиноят иши бўйича унга қарши далил сифатида ишлатилиши мумкинлигини билиш ҳуқуқидан фойдаланади. Шу туфайли, бундай ҳолларда у гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши, жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганлиги ҳақидаги қарор унга эълон қилинмасдан ҳамда тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмасдан туриб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиши мумкин эмас.

Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз билан тегишли давлат органига мурожаат қилган шахс ҳам шундай ҳуқуқий ҳолатга эга (ЖПК 113-моддаси).

9. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини реал таъминлаш мақсадида, шахс ЖПК 221, 227-моддаларида назарда тутилган тартибда ушланган, унга нисбатан қамоққа олиш (ЖПК 242-моддаси) ёки уй қамоғи (ЖПК 242-1-моддаси) тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, шунингдек шахс суд экспертизаси ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган (ЖПК 265-моддаси) ҳолларда жиноят ишини юритишга масъул давлат органларининг мансабдор шахслари шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораси қўлланилганлиги ва унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол ЖПК 217-моддасида кўрсатилган шахслар ёки ташкилотларга хабар беришлари шарт.

10. Судларнинг эътибори Жиноят-процессуал кодексининг гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳимоячи олиш, айнан нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини, маҳкумга эса, у қандай жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлигини билиш ҳуқуқини кафолатловчи 46, 48-моддалари талабларига қатъий риоя қилиниши зарурлигига қаратилсин.

Шунинг учун, жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов далолатномасида, айблов хулосасида ва суд ҳукмида Жиноят-процессуал кодексининг 360, 361, 379, 381-12, 467-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқ баён этилиши керак.

Агар шахс бир неча жиноят содир этганликда айбланаётган бўлса, бу ҳолатлар ҳар бир айбловга нисбатан алоҳида баён этилиши лозим.


11. Иш бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин бўлган шахслар тоифаси ЖПК 49-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган. Улар жумласига, хусусан, адвокатлар ҳамда гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин  қариндошларидан бири ёки қонуний вакиллари киради. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндоши ёки қонуний вакили иш бўйича ҳимоячи сифатида фақат адвокат билан бирга қатнашишига йўл қўйилади.

Қонунга биноан, белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олган ва адвокатлар тузилмаларининг: адвокатлар ҳайъати, адвокатлик фирмаси, бюроси аъзоси бўлган шахслар адвокат ҳисобланади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари деганда, унинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укаси ва опа-сингиллари, эри(хотини), фарзандлари (фарзандликка олинганлар), бобоси, бувиси, неваралари, шунингдек, эр(хотин)ининг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укаси ва опа-сингиллари назарда тутилади.

Адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва унинг муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг йўл қўйилади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат берилган яқин қариндоши ёки қонуний вакилига суриштирув, дастлабки тергов органи, суд томонидан қарор, ажрим берилиб, унда ҳимоячининг ЖПК 53-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Қарор (ажрим) суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд (судья) томонидан ҳимоячи сифатида танланган шахснинг қариндошлиги ёки вакиллик ваколатини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг дарҳол чиқарилиши ва унга берилиши лозим.

12. Ҳимоячи қонунга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг илтимоси ёки розилиги асосида бошқа шахслар томонидан таклиф этилади. Гумон қилинувчи, айбланувчи иш бўйича бир неча ҳимоячи таклиф этиши мумкин.

Бу ўринда гумон қилинувчи, айбланувчи ҳимоячини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Суриштирувчи, терговчи, суд (судья) иш бўйича тайинлов асосида давлат ҳисобидан ҳимоячи иштирок этаётган тақдирда ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан таклиф этилган ҳимоячининг ишда қатнашишига монелик қилишга ҳақли эмас.

Ҳимоячининг жиноят ишига киришишини рад этиш тўғрисида суриштирув, тергов органи, суд (судья) томонидан чиқарилган қарор устидан жиноят-процессуал қонунида кўрсатилган (ЖПК 27-моддаси) тартибда шикоят берилиши мумкин.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқига оид қонун нормалари мазмунига қўра, иш материалларида давлат сири билан боғлиқ маълумотларнинг мавжудлиги бундай маълумотлар билан ишлашга махсус рухсати бўлмаган ҳимоячининг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолларда ҳимоячи давлат сирига алоқадор маълумотлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танишиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, ҳимоячининг суд иши юритилаётган тилни билмаслиги ҳам унинг ишда иштирок этишига монелик қилмайди. Бу ҳолда у ЖПК 20-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ таржимон билан таъминланиши керак.


13. Қонунга мувофиқ, иш бўйича ЖПК 51-моддасида кўрсатилган ҳоллар мавжуд бўлганда, унда ҳимоячининг иштироки шарт эканлиги белгиланган бўлиб, бу талабга риоя этмаслик жиноят-процессуал қонуни нормаларини жиддий бузиш деб ҳисобланади.

Тушунтирилсинки, "жисмоний нуқсони ёки руҳий ҳолати бузилгани сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган шахслар" деганда, жумладан, ақли расо деб топилган бўлса-да, аммо руҳий фаолияти доимий ёки вақтинча бузилган, нутқида, кўришида, эшитишида жиддий камчиликлари бўлган ёки бошқа оғир хасталик билан касалланган шахслар тушунилиши лозим.

14. Жиноят иши бўйича ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ҳуқуқи ҳисобланади. Шу туфайли ҳам у иш юритувнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечиши мумкин.

Ҳимоячидан воз кечганлик тўғрисида сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма мурожаат тақдим этилади.

Ҳимоячидан воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ташаббуси билан ва суриштирувчи, терговчи, суд томонидан ҳимоячининг реал иштироки таъминланган ва у ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан сўнг ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлаган ҳолда амалга оширилади. Бунда ҳимоячидан воз кечиш жараёни, албатта, видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Ҳимоячидан воз кечилганлиги ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилиши ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши шарт.

Видеоёзув материаллари ва ҳимоячининг ишда иштирок этишга ваколати борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (адвокатнинг ордери, қонуний вакил ваколатини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳ.к.) баённомага илова қилинади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ҳимоячидан воз кечишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар:

у вояга етмаган бўлса;

у жисмоний нуқсони (кар, соқов, кўр ва ҳ.к.) ёки руҳий ҳолати бузилгани туфайли ўзини ўзи ҳимоя қилишга қийналса;

у судлов иши юритилаётган тилни билмаса;

у умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятни содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган бўлса;

ишда давлат ёки жамоат айбловчиси иштирок этаётган бўлса;

ишда адвокат жабрланувчининг вакили сифатида иштирок этаётган бўлса;

иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётган бўлса;

шахс ўта оғир жиноятни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган бўлса;

унга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётган бўлса;

у билан айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган бўлса.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларда, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўрилаётган ишларда, шунингдек ҳимоячидан воз кечиш тўғрисида ноиложликдан (ҳимоячининг меҳнатига ҳақ тўлаш имкониятининг йўқлиги, иш бўйича ҳимоячининг ҳозир бўлмаслиги ва ҳ.к.) арз қилинган ҳолларда ҳам ҳимоячидан воз кечиш қабул қилинмайди.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимоячидан унинг меҳнатига ҳақ тўлаш имконияти йўқлиги сабабли воз кечмоқчи бўлган тақдирда, жиноят ишини юритишга масъул давлат органларининг мансабдор шахслари ЖПК 50-моддасининг тўртинчи қисми қоидаларига биноан гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини бундай харажатлардан тўлиқ ёки қисман озод этиш чорасини кўришлари керак.

Суриштирувчи, терговчи, суд (судья) ишнинг мураккаблиги ва бошқа ҳолатлари гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини ўзи амалга оширишига қийинчилик туғдириши мумкин, деган хулосага келса, ҳимоячидан воз кечиш тўғрисидаги аризани рад этиши мумкин.

Бирон-бир сабабга кўра муайян ҳимоячидан воз кечиш ҳоллари умуман ҳимоячи хизматидан воз кечиш деб қаралмаслиги керак.

Ҳимоячидан воз кечиш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида белгиланган намунада баённома тузилади ҳамда у гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, ҳимоячи ва суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланади. Суд мажлисида бу ҳақда мажлис баённомасига тегишли ёзув киритилади.

15. Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишини талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай талаб барча ҳолларда қаноатлантирилиши лозим.

Ҳимоячининг ишга янгидан киришиши ўша пайтга қадар амалга оширилган процессуал ҳаракатлар такрорланишини тақозо этмайди.

Суд мажлиси давомида ҳимоячининг ишга киришиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди. Бироқ, бу ҳолда суд унга иш материаллари билан танишиб чиқиш ва ҳимоясида бўлган шахс ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига киришишга тайёргарлик кўриш учун имконият бериши керак. Ҳимоячининг у процессга киргунга қадар суд томонидан сўроқ қилинган шахсларни чақириш ҳақидаги илтимосномаси ЖПК 448-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ишда иштирок этиш ҳақида битим тузилган ёки тайинланган вақтдан бошлаб, адвокат ўз вазифаларини бажаришни рад этишга ҳақли эмас, ЖПК 79-моддасида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


16. Ҳимоячи қонунга кўра (ЖПК 53-моддаси) ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарли ҳуқуқлар билан таъминланган бўлиб, унинг бу ҳуқуқларини жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари томонидан бирор-бир тарзда чеклашга йўл қўйилмайди.

Ҳимоячи ўз ҳимояси остидаги шахс иштирокида ўтказиладиган барча тергов ҳаракатларида, шу жумладан, гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳуқуқлари тушунтирилаётганда ва у сўроқ қилинаётганда қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи ҳал қилинаётган, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишда, эксперимент ўтказилаётганда, таниб олиш учун кўрсатилаётганда, юзлаштирилаётганда, гувоҳлантирилаётганда, эксгумация жараёнида, олиб қўйиш ва тинтувда, ашёвий далилларни кўздан кечиришда, мол-мулкни хатлашда, прокурор томонидан сўроқ қилинаётганда қатнашишга ҳақлидир.

Ҳимоячи жиноят ишида қатнашишга ижозат олган пайтдан бошлаб, ушлаб туриш ҳақида тузилган баённома, эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим), гумон қилинувчи, айбланувчи иштирокида ўтказилган тергов ҳаракатлари баённомалари, гумон қилинувчига, айбланувчига эълон қилинган (ёки эълон қилиниши шарт бўлган) бошқа ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга. Ҳимоячининг бундай ҳуқуқи унинг ҳимояси остидаги шахс гумон қилинувчи, айбланувчи деб эътироф этилгунга қадар ўтказилган тергов ҳаракатларига оид баённомалар билан танишишга нисбатан ҳам амал қилади.

Суриштирув ёки дастлабки тергов органи гумон қилинувчи, айбланувчи иштирокида ўтказиладиган тергов ҳаракатлари куни, вақти ва жойи ҳақида унинг ҳимоячисини олдиндан хабардор этиши шарт.

17. Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ушлаб турилган, қамоқда сақланаётган ёки тиббий муассасага жойлаштирилган бўлса, ҳимоячи у билан қонунга кўра (ЖПК 53-моддасининг иккинчи қисми, 215-моддасининг учинчи қисми) сони ва давомийлиги чегараланмаган ҳолда яккама-якка (ҳоли) учрашиш ҳуқуқига эга.

Ҳимоячига қамоқда сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи билан учрашув берилиши учун қуйидагилар асос бўлади:

адвокат учун - адвокатлик тузилмаси томонидан унга муайян ишни юритиш учун берилган ордер;

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндошлари ёки қонуний вакили учун - уни ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги суриштирув, дастлабки тергов органи, суднинг қарори (ажрими).

Ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашишга, ўзининг ёки ҳимояси остидаги шахснинг талабига кўра, жиноят процессининг ҳар қандай пайтида дарҳол, гумон қилинувчи билан эса, ЖПК 48-моддасига мувофиқ рухсат берилиши шарт.

Муассаса маъмурияти ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашув беришни рад этган тақдирда, ҳимоячи бундай ҳаракат устидан прокурорга "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг 30-32-моддаларида белгиланган тартибда шикоят бериши мумкин.


18. Қонун талабига кўра (ЖПК 17, 88-моддалари) суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд (судья) гумон қилинувчининг, айбланувчининг шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳақли эмас.

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қўриқланиши таъминланиши керак.

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш қатъиян ман этилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1984 йил 10 декабрда қабул қилган "Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенция"га кўра "қийноқ" ҳар қандай тусдаги шундай ҳаракатни англатадики, у билан қандайдир шахсга ундан ёки учинчи шахсдан маълумотлар ёки эътироф олиш, уни у ёки учинчи шахс содир этган ёки содир этишда у гумон қилинадиган ҳаракат учун жазолаш, шунингдек уни ёки учинчи шахсни қўрқитиш ёки зўрлаш мақсадида, ёки бундай оғриқ ёки азоб давлатнинг мансабдор шахси ёки расмий сифатдаги бошқа шахс, ёки уларнинг гижгижлаши билан, ёки уларнинг хабардорлигида ёки индамай розилиги билан ҳар қандай тусдаги камситишга асосланган ҳар қандай сабаб бўйича қасддан кучли оғриқ ёки жисмоний ёхуд маънавий азоб берилади.


19. Қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ҳамда инсонга нисбатан бошқача шафқатсиз ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек қонунга хилоф бошқа чоралар қўллаш, шу жумладан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини бузиш натижасида олинган далиллар айблов асосига қўйилиши мумкин эмас.

Суриштирувчи, терговчи, суд (судья) қамоқ жойларидан келтирилган шахсдан ҳар доим суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказилган пайтда унга нисбатан қандай муносабатда бўлишганлиги ҳамда сақлаш шароити тўғрисида сўрашлари шарт. Суриштирувнинг ёки терговнинг қийноққа солиш ёхуд қонунга хилоф бошқа усуллари қўлланилганлиги тўғрисидаги ҳар бир мурожаат факти бўйича арз қилинган важларини синчиклаб текшириш, шу жумладан, тиббий гувоҳлантириш ўтказиш орқали синчиклаб текширишлари ва натижасига қараб, тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишга қадар процессуал ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўришлари шарт.

Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар ЖПК 22-моддасига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий текширилиши лозим.

20. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, исботлаш жараёнида тергов ҳаракатларини ўтказиш, шу жумладан, сўроқ қилиш тартиби ва шартлари қонун билан қатъий белгилаб қўйилган.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ушланганидан, қамоққа олинганидан, чақирув қоғози бўйича сўроққа келганидан ёки мажбуран олиб келинганидан сўнг дарҳол ёки йигирма тўрт соат ичида биринчи марта сўроқ қилишнинг (ЖПК 111-моддаси)да белгиланган қоидаларига риоя этилган ҳолда сўроқ қилиниши керак.

Умуман тергов ҳаракатлари, фақат соат 6 дан 22 га қадар ўтказилиши керак, ЖПК 88-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тергов ҳаракатларини юритиш тартиби ва шартларининг бузилиши прокурор ва суд томонидан гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан руҳий таъсир ўтказиш деб баҳоланиши мумкин. Бундай таъсир остида тўпланган маълумотлар далил кучига эга бўлмайди ва улар айблов ҳукми учун асос қилиб олиниши мумкин эмас.


21. Қонунга мувофиқ (ЖПК 20, 51, 497-22-моддалари) қуйидаги ҳоллар гумон қилинувчини, айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид жиноят-процессуал қонуни нормаларининг жиддий бузилиши деб баҳоланади, агар:

унинг ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган бўлса;

қонунга кўра ҳимоячининг иштироки шарт бўлган иш ҳимоячининг иштирокисиз тергов қилинган ёки судда кўрилган бўлса;

манфаатлари ўзаро қарама-қарши бўлган бир неча шахснинг ҳуқуқлари битта ҳимоячи томонидан ҳимоя қилинган бўлса;

дастлабки тергов тамомлангандан сўнг айбланувчи ишдаги барча материаллар билан таништирилмаган бўлса ва қоидабузарлик суд томонидан бартараф этилмаган бўлса;

айбланувчига айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси топширилмаган бўлса;

ҳимоячиси бўлмаган судланувчига ҳимоя нутқи сўзлаш учун имконият, шунингдек охирги сўз берилмаган бўлса;

иш судланувчининг иштирокисиз кўрилган бўлса (ЖПК 410-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);

ишни юритишни истисно этадиган ҳолатлар мавжуд бўла туриб, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган бўлса.

Иш бўйича кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг аниқланиши суд қарорининг бекор қилинишига асос бўлади.


22. Суд тарафлар айблов моҳияти ва иш ҳолатлари юзасидан ўз важларини баён қилаётганда уларнинг музокарасини муайян муддат билан чеклаб қўймаслиги керак.

Шу билан бир қаторда, раислик қилувчи кўрилаётган ишнинг моҳиятига алоқаси бўлмаган ҳолатлар бўйича гапираётган музокара иштирокчиси сўзини бўлишга ҳақли.


23. Жиноят-процессуал кодекси 473-моддаси талабига кўра, ҳукм судланувчи билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган тилда баён қилинган бўлса, ҳукмнинг қарор қисми эълон қилинганидан кейин, мазкур қисм таржимон томонидан судланувчининг она тилида ёки судланувчи учун тушунарли бўлган бошқа тилда ўқиб эшиттирилади.

Маҳкумга, оқланган шахсга тақдим этилиши шарт бўлган ҳукм ва бошқа суд (тергов) ҳужжатлари уларнинг она тилига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилинган ҳолда топширилиши керак (ЖПК 20-моддаси).

Агар ушбу талабларга риоя этилмаганлиги натижасида маҳкум, оқланган шахс суд ҳукми устидан шикоят бериш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, бу ҳолат апелляция шикояти бериш учун белгиланган муддатни тиклаш ёки апелляция инстанцияси суди ажримини бекор қилиш учун асос бўлади.


24. Раислик қилувчи ҳукм эълон қилингандан сўнг судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, унинг устидан апелляция шикояти бериш тартиби ва муддатини, шунингдек, суд мажлиси баённомаси, аудиоёзув билан танишиш ва унга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқини тушунтиради.

Агар судланувчи умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган бўлса, унга афв сўраб илтимос қилиш ҳуқуқи ва тартиби ҳам тушунтирилади.

25. Суд маҳкумга, оқланган шахсга, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакилларига суд мажлиси баённомаси, аудиоёзув билан танишиб чиқиш учун имконият яратиши шарт. Баённоманинг қонунда белгиланган муддатдан кечикиб имзоланганлиги ҳақида процесснинг манфаатдор иштирокчилари ўз вақтида хабардор қилиниши лозим.

Агар маҳкумдан, оқланган шахсдан суд мажлиси баённомаси ёки аудиоёзув билан ҳимоячи иштирокида танишиш истаги борлиги тўғрисида белгиланган муддатда ариза келиб тушган бўлса, суд бу ҳақда ҳимоячини хабардор қилиши ва уларга ушбу ҳуқуқдан биргаликда фойдаланишлари учун имконият яратиб бериши керак.

Агар баённома ҳажмининг катталиги ва бошқа узрли сабаблар туфайли процесс иштирокчиларига у билан танишиш ва эътироз билдириш учун беш суткадан ортиқ вақт талаб этилса, бу муддат суд (судья) томонидан узайтирилиши мумкин.

Суд мажлиси баённомаси ёки аудиоёзуви юзасидан тақдим этилган эътирозлар муҳим процессуал аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли суд (судья) томонидан синчиклаб ва холисона кўриб чиқилиши лозим.

Эътирозлар тўлиқ ёки қисман рад этилган ҳолларда суд (судья) бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқаради ва у эътирозлар билан бирга ишга қўшиб қўйилади.

Суд мажлиси баённомаси ёки аудиоёзуви юзасидан билдирилган эътирозлар кўриб чиқилганлиги ҳақида манфаатдор шахслар хабардор қилинади.

26. Суд берилган шикоят ва билдирилган протестлар тўғрисида маҳкумларни, оқланган шахслар, ҳимоячилар ҳамда ушбу шикоят ва протест бошқа шахслардан қайси бирининг манфаатига тааллуқли бўлса, шу шахсларни хабардор қилиши ҳамда уларнинг протест ёки шикоят устидан эътироз бериш ҳуқуқини тушунтириши шарт. Шу билан бир пайтда маҳкумга, жабрланувчига ва оқланган шахсга шикоят, протест нусхалари ёхуд уларнинг электрон нусхалари билан ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади (ЖПК 497-6, 509-1-моддалари).

Қонуннинг бу талаби бузилган тақдирда, суд уни бартараф этиш чорасини кўриши керак.


27. Суд ишнинг апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилиши куни тўғрисида ЖПК 53-моддаси талабига кўра, маҳкумнинг ҳимоячисини ва қонуний вакилини хабардор қилиши шарт. Ушбу талабга риоя этмаслик ишни кўриш бошқа кунга қолдирилишига сабаб бўлади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ишнинг ҳимоячи иштирокисиз кўрилиши, агар у суд мажлиси вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ва бу унинг суд мажлисида иштирок этиши имкониятидан маҳрум қилган бўлса, бу ҳолат жиноят-процессуал қонун талабларининг жиддий бузилиши деб ҳисобланади.

ЖПК 51-моддасида назарда тутилган ҳолларда апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида ҳимоячининг иштироки таъминланиши шарт.

Ишнинг апелляция, кассация инстанцияси судида ҳимоячи иштирокисиз кўришга маҳкум ҳимоячидан воз кечган ҳолларда, башарти воз кечиш суд томонидан ЖПК 52-моддасида назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса, йўл қўйилади.

28. Маҳкумнинг апелляция инстанцияси судида иштирок этиши унинг ўз ҳимоя ҳуқуқини амалга ошириши нуқтаи назаридан ҳам, шикоят ва протестлар холис ҳал этилиши учун ҳам жуда муҳимдир. Шунинг учун судлар маҳкумнинг, шу жумладан, қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган маҳкумнинг уни апелляция инстанцияси суди мажлисига тушунтириш бериш учун чақириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантиришлари керак (ЖПК 497-16-моддаси).

29. Маҳкумга (оқланган шахсга) берилган ҳимоя ҳуқуқи таъминланишининг жиддий кафолати шундан иборатки ЖПК 500-моддасига биноан кассация тартибида суд қарорларининг қайта кўриб чиқилишига, агар бу маҳкум (оқланган шахс) аҳволининг оғирлашишига олиб келса, айблов (оқлов) ҳукми ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб, бир йил ўтгандан сўнг йўл қўйилмайди.

30. Суд ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ЖПК 532, 542-моддалари тартибида ҳал қилишда ҳимоячининг иштирок этишига, агар бу ҳақда маҳкум, унинг қариндошлари ёки бошқа манфаатдор шахслар илтимос қилган бўлса, йўл қўйиши мумкин.

Вояга етмаган маҳкумга нисбатан, шунингдек, жисмоний ёки руҳий ҳолати бузилган маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалалар ҳимоячи иштирокида кўрилиши шарт.

31. Жиноят-процессуал кодекси 50-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд (судья) гумон қилинувчини, айбланувчини юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат ҳисобидан қопланади.

ЖПК 50-моддасига асосан юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад ушбу масала кўрилаётган вақт учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим бараваридан ортиқ бўлмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи озод қилинади. Ялпи ойлик даромад тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2008 йил 2 декабрда 1878-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 26 ноябрдаги 8, 109-сонли қарори билан тасдиқланган Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32. Судлар ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув, тергов олиб боришда, шунингдек суд муҳокамаси даврида гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан уларнинг Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида ҳимоя ҳуқуқини таъминлашга оид талабларга риоя қилинганлиги масаласини синчиклаб текширишлари ва йўл қўйилган қонун бузилиши ҳоллари юзасидан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари шарт.


33. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 41-сонли қарори ҳамда 1999 йил 24 сентябрдаги "Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 41-сонли "Ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарорининг бажарилиши тўғрисида"ги 17-сонли қарори (унга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори билан киритилган қўшимча ва ўзгаришлар билан) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                                      Ф.Ф. Муҳитдинова


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                     Х.М. Ҳасанов
































































Время: 0.1783
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск