ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Маънавият ва маърифат /

Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси (ЎзР ВМ 31.12.2019 й. 1059-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 31 декабрдаги

1059-сон қарорига

1-ИЛОВА



Узлуксиз маънавий тарбия

КОНЦЕПЦИЯСИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Янги давр шиддати таълим-тарбия тизимига ҳам ўзининг аниқ, қатъий талабларини қўймоқда.

Ушбу талаблар доирасида таълим соҳасида педагогларнинг моддий-маънавий шароити тубдан яхшиланиб, таълим сифатини оширишнинг замонавий технологиялари жорий қилинмоқда.

Тарбия ва таълимни бир-биридан алоҳида ажратиб бўлмайди, бу икки жараён ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этилгандагина одобли, ахлоқий фазилатларга эга, юксак маънавиятли, шу билан бирга билимдон, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, кенг дунёқараш ва тафаккурга эга, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлган ватанпарвар ёшларни етиштириб беради.


2. Ўзбекистонда ёшлар тарбиясини замонавий асосда илмий-технологик ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар уни бугунги кун эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий асосланган таянч компетенциялар, фазилатлар асосида шакллантиришни талаб этмоқда.

Тарбияга янгича, тизимли ёндашув, болада таянч фазилатларни кафолатли шакллантиришда оила, мактабгача таълим, умумий таълим, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, маҳаллаларнинг ижтимоий-педагогик имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришни ва улар орасида илмий-методик узвийликни янги даражага кўтаришни тақозо этади.


3. Ватанга садоқат, бурч ва масъулият, ташаббускорлик ва бошқа фазилатлар ёшлар онгида назарий тушунчалар сифатида қолиб кетгани ҳолда унинг табиатида амалий одатларга айланмаяпти. Бунинг оқибатида уларнинг ушбу фазилатлар ҳақидаги сўзлари билан амаллари орасида тафовут намоён бўлмоқда, бу эса ҳар йили мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларида бир қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.


4. Айрим ўқувчи-ёшларда юксак мақсадларнинг шаклланмаганлиги, ўзини ўзи ўқишга сафарбар қилиш, ирода, матонат, тиришқоқлик, ҳаракат фазилатлари етарли ривожланмаганлиги таълим сифатига ҳам зарар кўрсатмоқда.


5. Маънавий тарбия соҳасида ўқитувчиларнинг фаолиятини методик таъминловчи ўқув материаллари, шу жумладан, маънавий тарбия соҳасига оид методик қўлланмалар, ўқувчилар учун зарур дарсликлар етарли эмас.

Шу муносабат билан "Узлуксиз маънавий тарбия" концепциясини (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) муваффақиятли амалга ошириш орқали маънавий тарбия тизимини янада ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.



II БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Концепциянинг мақсади - ёш авлодда мустақил ва бахтли ҳаёт учун зарур ижтимоий малака ҳамда фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантиришдан иборат.


7. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади:

маънавий-ахлоқий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш;

тарбиянинг ҳомиладорлик давридан бошланадиган, тадрижийлик ва узлуксизлик тамойилларига асосланган методикасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;

узлуксиз тарбия тизимида миллий ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш;

тарбияланувчилар билан бирга тарбиячиларнинг ҳам билими ва малакасини мунтазам ошириб бориш;

оила, таълим муассасалари ва маҳалла, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ижтимоий тузилмалар ўртасида самарали ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш;

маънавий тарбиянинг тадрижий ривожланиш ва узлуксизлик тамойилларига асосланиши.



III БОБ. КОНЦЕПЦИЯДА БЕЛГИЛАНГАН

ВАЗИФАЛАРНИ ОИЛА ВА УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ

ТИЗИМИДА АМАЛГА ОШИРИШ


8. Узлуксиз маънавий тарбия:

давлат таълим стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари;

таълим соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширувчи илмий-педагогик муассасалар;

давлат бошқаруви органлари, жамоатчилик ташкилотлари, маҳалла ва оила институтлари орқали жорий этилади.


9. Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси қуйидаги босқичларни қамраб олади:

биринчи босқич - оилаларда (икки давр асосида: биринчи давр - ҳомила даври, иккинчи давр - бола туғилганидан 3 ёшгача бўлган давр);

иккинчи босқич - мактабгача таълим 3-6 (7) ёшгача бўлган давр;

учинчи босқич - умумий ўрта таълим тизимида (икки давр асосида: биринчи давр - 7 (6)-10 ёш бошланғич синф, иккинчи давр - 11-17 ёш ўрта ва юқори синфлар);

тўртинчи босқич - ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшлар, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари тизимида (икки давр асосида: биринчи давр - ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим билан қамраб олинмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшлар - 17-30 ёш, иккинчи давр - ўрта махсус касб-ҳунар, олий таълим муассасаларининг ўқувчи-талабалари 15-22 (24) ёш).


10. Умумий ўрта таълим муассасаларининг I-XI синфлари учун "Одобнома", "Ватан туйғуси", "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари", "Динлар тарихи" фанларини бирлаштирган ҳолда "Тарбия" фанини жорий қилиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, илмий-методик ишлар комплексини амалга ошириш.


11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2019 йил 23 август куни Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлиси баёни (27.08.2019 й., 19750-ҳх-сон) 5-бандида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси - маънавий тарбиянинг ғоявий моҳият ва стратегия йўналишини белгилашга;

Вазирлар Маҳкамаси - стратегиянинг ижросини таъминлаш, амалга оширилиши лозим бўлган ишларни назорат қилиб бориш ва молиялаштиришга;

мутасадди вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар - белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга масъул эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.



IV БОБ. ОИЛАЛАРДА УЗЛУКСИЗ МАЪНАВИЙ

ТАРБИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ


12. Оилаларда узлуксиз маънавий тарбия тизими ўз ичига икки даврни қамраб олади:

биринчи даврда - ҳудудлардаги оилавий поликлиникаларда, маҳаллалардаги ҳомиладор аёллар билан олиб бориладиган ижтимоий-педагогик, маънавий-маърифий, тиббий, психологик ёрдам ишлари тизимли ташкил қилинади. Ёш ота-оналар бола парвариши ва тарбиясига тайёрланади;

иккинчи даврда - бола туғилганидан 3 ёшгача бўлган давр орасида амалга ошириладиган тарбиявий ишлар методикаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинади.


13. Ҳомиладор аёллар ўқиши тавсия қилинадиган тиббий-маърифий, тарбиявий, бадиий ва электрон адабиётлар туркумлари тайёрланади, рўйхати шакллантирилади ва тарқатилади.


14. Маҳалла, оилаларда ота-оналар ва болалар маънавий тарбиявий муносабатларини таҳлил этиш асосида "Намунавий оилавий тарбия муҳити" мезонларини белгилаш ва шу асосида маҳалла, туман, шаҳар, ҳудудлар ва республика танловларини ўтказиш.


15. Оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал этишнинг ҳуқуқий ва педагогик-психологик асосларини ўргатиш, ажралишларнинг олдини олишда "Ота-она фарзандини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялаш учун жавобгар" принципи асосида "Ота-оналик - бахт ва бурч" тарғибот тадбирларини ташкил этиш.


16. Оилада узлуксиз маънавий тарбия хусусиятлари:

мулоқот, ўйин турлари жараёнида предметлар, намунавий хулқ, хатти-ҳаракат қоидалари билан танишиш, тақлид орқали катталарнинг маънавий-ахлоқий тажрибасига эътибор қаратиш;

ўзининг ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш, баҳо беришга ўргатиш;

илк маънавий-тарбиявий мотивларни шакллантириш;

ўзига-ўзи хизмат қилиш, кундалик турмушда хавфсизлик кўникмаларини ўргатиш.


17. 3 ёшгача болаларда бадиий-эстетик дидни шакллантириш ва интеллектни ривожлантиришга мўлжалланган алла, эртак, мақоллар ва топишмоқларнинг аудио шакли яратилиб, мультфильмлар тўплами тайёрланади ва ҳудудларга тарқатилади.


18. Болаларга таклиф этилаётган ўйинчоқларни маънавий таҳлил ва тадқиқ қилиш орқали болалар руҳиятига салбий таъсирларнинг олди олинади.


19. Оилада ота-оналарнинг фарзанд тарбиялаш методларига оид билимларини мунтазам ошириб бориш мақсадида:

бола тарбиясида миллий тарбия методлари ва замонавий педагогларнинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш;

маҳаллалардаги "Ота-оналар университетлари"да ота-оналар учун фарзандларда ёшига мос ижтимоий компетенцияларни тарбиялаш бўйича тренинглар ўтказиш;

"Тарбия мактаби" рукни остида ота-оналар, педагоглар учун телекўрсатувлар, болалар, ёшлар учун турли расмлар билан безатилган ёрқин, ранг-баранг қўлланмалар, мультимедиа маҳсулотлари каби дидактик материаллар туркумини яратиш;

узлуксиз маънавий тарбия амалиётида тўпланган ижобий тажрибани оммалаштириш мақсадида "Ёш ота-она китоби" ва бошқа методик қўлланмалар асосида мультимедиали тақдимотлар сериясини яратиш ва ота-оналарга тарқатиш механизми йўлга қўйилади.


20. Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида халқимизнинг бой миллий маънавий тарбия меросини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган "Маънавий тарбия" илмий-ижодий студиясини ташкил этиш орқали:

ота-оналар, болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталарга мўлжалланган ҳужжатли, ўқув, тарбиявий ва бадиий китоблар, қўлланмалар, мультимедиа маҳсулотлари яратилади;

оилаларда ёшларнинг маънавий ривожланиши учун зарур бўлган инновацион ижтимоий-педагогик соғлом ва барқарор муҳит яратиш усуллари ишлаб чиқилади.


21. Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий қадриятларимизга зид бўлган турли маънавий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган профилактик тадбирларни ташкил этиш, ҳудудлар бўйича оилаларда соғлом тарбиявий муҳитни яратиш ва ота-оналарга тарбия усулларини ўргатишга қаратилган мақсадли ва манзилли тарғибот тадбирлари ва тренинглар ўтказилади.



V БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА УЗЛУКСИЗ

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ


22. Узлуксиз маънавий тарбия концепциясининг ушбу босқичи ўз ичига мактабгача 3-6 (7) ёшли болаларни қамраб олади.


23. Ушбу босқичда 3-7 ёшли болаларга хос хусусиятлар, жумладан:

ўз туйғуларини бошқариш кўникмаларининг ривожланиши;

ўз хатти-ҳаракатларини ахлоқий бошқариш кўникмаларининг юзага келиши;

шахсий фазилатлар асосларининг пайдо бўлиши;

ижтимоий мотивлар ва миллий анъаналарга қизиқишнинг пайдо бўлиши, ўзини намоён қилишга интилиш;

муваффақиятга эришиш эҳтиёжининг туғилиши;

ўзига ўзи баҳо бериш, теварак-атрофдагиларга маънавий-ахлоқий муносабатнинг пайдо бўлиши;

бола фаолиятининг етакчи турлари - мулоқот, ўйинлар, машғулотлар;

нутқ ва унинг асосида маънавият асосларининг ривожланиши инобатга олинади.


24. Тарбиячилар ва ота-оналар томонидан ушбу ёшдаги болаларга:

асосий фаолият турлари жараёнида ўзини ўзи англашга ўргатиш;

мулоқот, кузатиш ва тақлид орқали катталарнинг маънавий-ахлоқий тажрибасини ўзлаштириш;

ўзининг ва бошқаларнинг хулқига баҳо беришга ўргатиш;

фаолият ва сюжетли-ролли ўйинлар орқали янги мотивларни пайдо қилиш ва мустаҳкамлаш;

маънавий-ахлоқий кўникма ва малакаларни ўзлаштириш;

кундалик турмушда хавфсизлик қоидаларини ўргатиш;

катталар, уларнинг меҳнати, касблар, турли касб эгаларига хос шахсий фазилатлар тўғрисида тушунчалар бериш;

ўйин, ўзаро муносабатлар, оиладаги муносабатлар, яқин кишиларга ғамхўрлик қилиш эҳтиёжининг пайдо бўлиши орқали характер сифатларини шакллантириб бориш;

бола тарбиясида миллий тарбия усуллари ва замонавий педагогларнинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш орқали миллий ва умуминсоний қадриятлар ўргатилади.


25. "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси" асосида 3-6 (7) ёшли болаларни маънавий тарбиялаш, уларда шахсий фазилатлар, жумладан, ўз туйғуларини бошқариш, ижтимоий мотивларни уйғотиш, миллий анъаналарга қизиқишни пайдо қилиш, яқин кишиларга ғамхўрлик қилиш каби эҳтиёжларни шакллантиришга қаратилган "Бахтли бола маънавияти" комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


26. Ота-оналар ва тарбиячиларнинг бола тарбияси борасидаги билим, кўникма, малака ва компетенцияларини оширишга қаратилган илғор педагогик ва ахборот технологияларига асосланган ҳудудий ўқув тренинглар, семинарлар, форумлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


27. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштирувчи "Маънавий тарбия" республика жамоатчилик кенгаши тавсиялари асосида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги "Оилавий", "Болажон" телеканаллари, болалар нашриётлари ва оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси" асосида такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


28. Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун тайёрланадиган спектакллар, куй-қўшиқ ва рақслар, турли театрлаштирилган томошалар, саҳна кўринишлари, миллий ўйинлар сценарийларини ишлаб чиқиш.


29. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча мактабгача таълим муассасаларини ўзбек миллий эртаклари, афсонавий қаҳрамонлар, буюк боболаримиз, қадимий миллий меъморчилик обидалари, Ўзбекистон табиати, миллий Ватан тимсоллари асосида безаш, жиҳозлаш тартиби ва кўргазмали намуналарини ишлаб чиқиш.


30. Болаларда ижобий хулқ мотивларини шакллантириш бўйича "Бола азиз, одоби ундан азиз" мавзуида эртак, матал, афсона, достон, мақоллар асосида мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш.


31. Барча турдаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларида "Ўзбекистон - менинг Ватаним!" туйғусини шакллантириш, уларда давлат рамзларига ҳурмат ҳиссини тарбиялашга қаратилган тарбиявий тадбирларни ўтказиш.


32. Ўғил болаларда мардлик, шижоат, миллий ғурур, қатъият, тадбиркорлик, орият, қиз болаларда ибо, ҳаё, қаноат, меҳнатсеварлик каби маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган сериаллар, миллий қўғирчоқ ва мультипликацион фильмлар яратиш, уларни телеканалларда прайм-тайм вақтларида намойиш этишни таъминлаш.


33. Тарбияланувчиларда маънавий тарбияни янада кучайтириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш.


34. Болаларда атроф муҳит озодалиги, шахсий гигиена, табиатни асраб-авайлашга қаратилган экологик тарбия мазмунидаги "Она табиатни асрайлик!" рукнида тарбиявий роликлар яратиш.


35. Болаларда орзуга интилиш, ижодий фикрлаш, яратувчанлик, ички қобилиятларини юзага чиқаришга қаратилган ақлий ва ҳаракатли ўйинлар, конструкторлик ўйинлари ва ўйинчоқларнинг "Болалар дунёси" вариатив ўйинлар мажмуасини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш.


36. Мактабгача таълим муассасалари ҳудудида болаларни мардлик, шижоат, қатъият, зукколик, жасорат, гўзаллик, олижаноблик, меҳр-шафқат, китобхонлик намуналарини ўзида акс эттирган миллий сиймолар, миллий эртаклар ва мултфильм қаҳрамонлари кўринишлари ва лавҳалари ифодаланган тарбиявий аҳамият касб этувчи ҳайкалчалар мажмуаларини ўрнатиш.



VI БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ


37. Умумий ўрта таълим тизимида маънавий тарбия жараёни ўз ичига икки даврни қамраб олади:

биринчи давр - 7(6)-10 ёшли даврда - бошланғич синфларда;

иккинчи давр - 11-17 ёшли даврда - ўрта ва юқори синфларда.


38. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари ўқувчиларда ёшига мос таянч маънавий-ахлоқий фазилат (компетенция)лар - Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик шакллантирилади.


39. Бошланғич синфларда инобатга олиниши лозим бўлган жиҳатлар:

"Тарбия" фани орқали ўқувчиларда маънавий тарбия индикаторлари ва компетенцияларини шакллантиришга хизмат қилувчи билим, кўникма ва малакаларни таълим мазмунига кенг сингдириш;

ўқув фанлари доирасидаги маънавий тарбия индикаторларини амалиётга жорий этиш, уларни амалиётда қўллай олиш имконини берувчи амалий машқ ва топшириқлар билан бойитиш (маънавий-ахлоқий компетенциялар);

муваффақиятга эришишга интилиш мотивининг шахс устувор хусусияти сифатида мустаҳкамланиши;

боланинг ўз хулқ ва фаолиятини онгли назорат қилишини кучайтириш;

ўзининг ва атрофдагиларнинг хулқи, хатти-ҳаракатларига муносабат билдириш, меҳнатсеварликка ўргатиш;

катталар ва тенгдошлари билан ҳамкорлик қилишга ижтимоий мотивларнинг пайдо бўлиши;

билимларнинг кенгайиши, чуқурлашуви, маънавий-ахлоқий кўникма ва малакаларнинг ривожланиши;

ўз халқининг ва бошқа халқларнинг анъаналари, қадриятларига қизиқишнинг намоён бўлиши;

ижтимоийлашув жараёнида талаб этиладиган ёшига мос шахсий фазилатларни шакллантириш;

хавфсиз ҳаёт кўникмаларини мустаҳкамлаш;

касблар тўғрисида тасаввурларни кенгайтириш, касбга ва меҳнатга қизиқтириш;

виждонан меҳнат қилиш кўникмаларини ўргатиш, меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини кўрсатиш;

муваффақиятга эришиш мотивларини кучайтириш;

ўзини-ўзи баҳолашга ўргатиш;

фаолиятда ўзини кўрсатишга интилишни рағбатлантириш;

тенгдошлари билан маънавий-ахлоқий муносабатлар тажрибасини бойитиш;

миллий ва умуминсоний қадриятларни ўрганиш.


40. Умумтаълим мактабларининг ўрта ва юқори синфлари ўқувчиларини маънавий-ахлоқий тамойиллар асосида тарбиялашда инобатга олиниши лозим бўлган жиҳатлар:

ўсмирлик ёшига хос ички позициянинг пайдо бўлиши;

иродавий сифатларнинг намоён бўлиши;

ижтимоий фаоллик, билишга интилиш ва ўзини намоён қилиш мотивларининг ривожланиши;

фаолият ва мулоқот мазмунини белгиловчи шахсий қадриятлар тизимининг шаклланиши;

шахслараро муносабатларнинг дифференциаллашуви, референт гуруҳларнинг пайдо бўлиши;

фуқаролик позицияси, ўзи ва атрофдагиларга ҳамда жамиятга муносабат асосларининг шаклланиши;

миллий қадриятлар, анъаналарга ҳурматнинг намоён бўлиши;

ўзини-ўзи тарбиялаш ва шахсий сифатларнинг ривожланиши;

ўз муаммоларини ўзи мустақил ҳал қилишга интилиш;

хавфсиз ҳаёт маданияти бўйича билим ва кўникмаларнинг намоён бўлиши;

ахлоқий, сиёсий дунёқараш ва диний эътиқоднинг шаклланиши;

позитив ижтимоий мўлжалларнинг ойдинлашуви ва уларга эришиш йўлидаги интилишлар;

маънавий-ахлоқий принципларнинг қатъийлашуви;

ички ҳис-туйғуларга эътиборнинг ошиши, эмоционал муносабатларнинг танлов асосида намоён бўлиши;

мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий компетенция ва фазилатларнинг одатларга айланиши.


41. "Узлуксиз маънавий тарбия" рукнида ота-оналар, педагоглар, болалар ва ўсмирлар учун дарсликлар, адабиётлар, медиамаҳсулотлар, илмий-методик қўлланмалар мажмуасини яратиш;

давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва режалари асосида ўқувчиларда ёшига мос таянч маънавий-ахлоқий фазилат, компетенцияларни шакллантириш.

I-XI синфлар учун "Одобнома" , "Ватан туйғуси", "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари", "Динлар тарихи" фанларини бирлаштирган ҳолда "Тарбия" фанини жорий қилиш.


42. Умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этиладиган тўгараклар фаолиятини "Беш муҳим ташаббус" асосида ривожлантириш.


43. Умумий ўрта таълим муассасаларининг "Тарбия" фани ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда амалга ошириш.


44. Ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла мутахассислари учун маънавий тарбия индикаторлари ва тарбиялаш усуллари билан бойитилган "Фазилатли авлод" ва бошқа методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш.


45. Умумий ўрта таълим мактабларида буюк маърифатпарвар сиймолар меросини тарғиб этишга қаратилган "Ўн икки ой - ўн икки аллома" китобхонлик ойликларини ташкил этиш.


46. Аҳоли, педагоглар, жамоатчилик, болалар орасида узлуксиз маънавий тарбия тизими самарадорлигини ўрганиш, баҳолаш ва такомиллаштириш мақсадида бир йилда икки марта социологик сўровлар ўтказиш.


47. Мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимида узлуксиз маънавий тарбия самарадорлигини ўлчаш ва баҳолашнинг илмий-методик технологиясини яратиш ҳамда бир йилда икки марта ўлчаш ва "Маънавий тарбия" республика жамоатчилик кенгашида мунтазам муҳокама қилиб бориш.


48. Таълим муассаларида ўқувчиларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тантанали маросимларнинг янги, таъсирчан шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.


49. Ўғил болаларда она Ватанга муҳаббат, миллий ғояга садоқат, мардлик, жасорат, фидойилик, ҳалоллик, ростгўйлик, ҳожатбарорлик, виждонлилик, вазминлик, йигитлик ғурури, ор-номус, меҳр-оқибатлилик каби фазилатлар, тадбиркорлик ва оилапарварлик малакаларини шакллантиришга қаратилган тренинглар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


50. Қиз болаларда она Ватанга муҳаббат, миллий ғояга садоқат, меҳнатсеварлик, жонкуярлик, оилапарварлик, ибо, ҳаё, нафосат, дид-фаросат, қаноат, вафодорлик, меҳрибонлик, раҳмдиллик, камтарлик, зийраклик, меҳмондўстлик, болажонлик, муросалилик, орасталик, саранжомлик, хушмуомалалик, пазандалик каби малакаларни шакллантиришга қаратилган тренинглар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


51. Ҳар йили бир маротаба "Миллий тарбия ва замон" мавзусида педагогик симпозиум ўтказиб бориш.


52. Телерадиоканалларда тарбия мавзуларида ток-шоулар, кўрсатув ва эшиттиришлар, ижтимоий тармоқларда "Тарбия мактаби", "Сўранг! Жавоб берамиз, ўргатамиз" рукнида педагогик челленжлар ташкил этиш.



VII БОБ. ЎРТА МАХСУС КАСБ-ҲУНАР ВА ОЛИЙ

ТАЪЛИМ ТИЗИМИ, ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА ФАОЛИЯТ

КЎРСАТАЁТГАН ВА БАНД БЎЛМАГАН ЁШЛАР ЎРТАСИДА

УЗЛУКСИЗ МАЪНАВИЙ ТАРБИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ


53. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим тизими, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшлар ўртасида маънавий тарбия жараёни ўз ичига икки даврни қамраб олади:

биринчи давр - ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим билан қамраб олинмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшлар - 17-30 ёш;

иккинчи давр - ўрта махсус касб-ҳунар, олий таълим муассасаларининг ўқувчи-талабалари 15-22 (24) ёш.


54. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим билан қамраб олинмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшларда улар ёшига мос таянч маънавий-ахлоқий фазилат (компетенция)лар - Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликни ривожлантириш давлат ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорлиги асосида мақсадли маънавий-маърифий дастурлар орқали амалга оширилади.


55. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим билан қамраб олинмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшлар билан ишлашда инобатга олиниши лозим бўлган жиҳатлар:

келажакка ишонч, мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилишни шахснинг устувор хусусияти сифатида мустаҳкамлаш;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш;

виждонан меҳнат қилиш, тадбиркорлик, касбий-маънавий кўникмаларни ўргатиш, ҳалол меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини кўрсатиш;

мустақил ҳаётда муваффақиятга эришиш учун инновацион тафаккур, ташаббускорлик, фидойилик фазилатларини ривожлантириш;

оилавий бурч, оилада ўзаро ишонч, садоқат, меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш малакаларини шакллантириш, маънавий барқарорликни таъминлаш;

ёшлар, ёш ота-оналарда фарзанд тарбияси учун масъуллик, оилани бошқариш, моддий фаровонликка эришиш учун зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

намунали, маънавий уйғунликка эришган, фарзанд тарбиясида ибрат бўла оладиган, ота-оналар розилигига эришаётган кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилаётган ёш ота-оналарни рағбатлантириш;

ёш оилаларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, уларнинг маҳаллада интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига эришиш.


56. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим тизими ўқув дастурлари, маънавий-маърифий режалари асосида ўқувчи-талабаларнинг ёшига мос таянч маънавий-ахлоқий фазилатлар - Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик ривожлантирилади.


57. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларни маънавий-ахлоқий тамойиллар асосида тарбиялашда инобатга олиниши лозим бўлган жиҳатлар:

ижтимоий-гуманитар фанлар, маънавий-маърифий тадбирлар орқали ўқувчи-ёшларда маънавий тарбия индикаторлари ва компетенцияларини шакллантиришга хизмат қилувчи билим, кўникма ва малакаларни таълим-тарбия мазмунига сингдириш ва уларни амалиётда қўллай олиш имконини берувчи амалий машқ, топшириқ ва педагогик вазиятлар билан бойитиш;

ўқувчи-ёшларда замонавий билимларни эгаллаш, медиа маданиятни ривожлантириш, илғор педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш, хорижий давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганишни рағбатлантириш;

касбий-маънавий кўникмаларни мустаҳкамлаш, ўзини-ўзи тарбиялашга ўргатиш;

фаол фуқаролик позициясини кучайтириш;

илмий, маънавий-ахлоқий, сиёсий дунёқараш ва соғлом диний эътиқодни шакллантириш;

бахтли оилавий ҳаёт, фарзанд тарбияси учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш;

келажакка ишонч ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш.


58. "Фазилатли авлод" рукнида ўқувчи-талабалар, мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, вазирликлар ва идораларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари учун ўқув-қўлланмалар, услубий тавсиялар, маърифий адабиётлар, медиа маҳсулотлар, илмий-методик қўлланмалар мажмуаси яратилади.


59. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган тўгараклар фаолиятини "Беш муҳим ташаббус" асосида ривожлантириш ишларини амалга ошириш.


60. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари мураббийлари, профессор-ўқитувчилари, ёшлар етакчиларини "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси"ни амалга ошириш мақсадида малакасини ошириш.


61. Ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари учун маънавий тарбия индикаторлари ва тарбиялаш усулларини ишлаб чиқиш, узлуксиз маънавий тарбия тизими самарадорлигини ўрганиш, баҳолаш ва такомиллаштириш мақсадида ҳар йили икки марта социологик сўровлар ўтказиш ва натижаларни педагогик кенгашларда муҳокама қилиб бориш.


62. Мактабгача ва умумий ўрта таълим, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим тизими, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган ёшларда узлуксиз маънавий тарбия самарадорлигини баҳолашнинг илмий-методик технологиясини яратиш ҳамда ҳар йили икки марта ўлчаш ва "Маънавий тарбия" республика жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиб бориш.


63. Таълим муассасаларида ўқувчи-талабаларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тантанали маросимларнинг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.


64. Узлуксиз маънавий тарбия тизими самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришга қаратилган диссертациялар, илмий тадқиқотлар ва изланишларни йўлга қўйиш.


65. Телерадиоканалларда тарбия мавзуларида ток-шоулар, кўрсатув ва эшиттиришлар, ижтимоий тармоқларда тарбиявий мавзуларда виртуал мулоқот майдонларини ташкил этиш.



VIII БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


66. Концепциянинг жорий қилиниши узлуксиз маънавий тарбия жараёнининг тизимли ташкил этилишига, тарбия соҳасининг илғор инновацион технологиялар асосида такомиллашувига, ёшларнинг Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағри кенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч компетенциялар билан мустақил ҳаётга кириб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратади.


67. Оилалар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва корхоналарда мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш лаёқатига эга бўлган ёшларнинг маънавий камол топиши учун зарур бўлган инновацион ижтимоий-педагогик соғлом ва барқарор муҳит яратилади.


68. Жамиятда жиноятчилик, экстремизм, терроризм, коррупция, фирибгарлик, кўзбўямачилик, ёлғончилик, эгоцентризм, ахлоқий бузуқлик, оилавий ажримлар, меҳр-оқибатнинг камайиши, "оммавий маданият"га кўр-кўрона тақлид, лоқайдлик, бегоналашув, ўзибўларчилик, фарзанд тарбиясида масъулиятсизлик, оилавий қадриятлар инқирози, эл-юрт тақдирига бефарқлик каби иллатлар кескин камаяди. Банд бўлмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга, келажакка бўлган ишончи ошади. Мамлакат дунёда рақобатбардош, бой инсон капиталига эга бўлади.


69. Оила, таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар, ота-оналарда бой миллий тарбиявий меросимиз тўғрисида билимлар шаклланади, уларни ўрганиш, сақлаш, тарғиб қилиш, ўргатиш орқали миллий фазилатларнинг авлоддан-авлодга безавол ўтиб бориши таъминланади.


70. Концепциянинг амалга оширилиши жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитнинг соғлом ва барқарор бўлишига салмоқли ҳисса қўшади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 январь





































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск