ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2020 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 14.01.2020 й. ЎРҚ-602-сон "Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 09.12.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 14.12.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.01.2020 й.

N ЎРҚ-602



НОТАРИАТ ТИЗИМИ ТУБДАН

ИСЛОҲ ҚИЛИНИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Гаров тўғрисида"ги 736-ХII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган 614-I-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 96-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 4, 156-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда) 11-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тартибда тасдиқланиши кеpак бўлган шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши лозим, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномалар мустасно".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, N 11-12; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 182-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда, N 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 4, 156, 164-моддалар, N 8, 367-модда, N 9, 416-модда, N 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, N 4, 192-модда, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2010 йил, N 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, N 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, N 4, 106, 109-моддалар, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 9, 510-модда, N 12, 773-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 673-модда; 2019 йил, N 3, 161, 166-моддалар, N 5, 267-модда, N 10, 671-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:


1) 210-модданинг:

иккинчи қисми чиқариб ташлансин;

учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча иккинчи ва учинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


2) 271-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тартибда тасдиқланиши кеpак бўлган шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши лозим, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномалар мустасно";


3) 580-модданинг биринчи қисмидаги "нотариал гувоҳлантирилиши ҳамда" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган "Нотариат тўғрисида"ги 343-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 42-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда; 2006 йил, N 9, 498-модда; 2007 йил, N 12, 608-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2010 йил, N 9, 335-модда; 2012 йил, N 4, 105-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда, N 7, 431-модда, N 10, 673-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 1-бобнинг номидаги "Асосий" деган сўз "Умумий" деган сўз билан алмаштирилсин;


2) 1-модданинг:

биринчи қисмидаги "қонунларда" деган сўз "қонунда" деган сўз билан алмаштирилсин;

иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар ушбу Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилади. Нотариусларнинг реестрини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юритади";


3) 2-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс - уч йил мобайнида.

Нотариус ёрдамчи, стажёр, шунингдек нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга эга бўлиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар, давлат нотариал идорасида ишлашидан ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар бўлиб ишлашидан қатъи назар, тенг ҳуқуқларга эга ва бир хил мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга бўлади.

Давлат нотариал идоралари нотариусларига махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади";


4) 2-1-модданинг:

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат нотариал идораси нотариусининг ёрдамчисини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия бошқармалари деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (бундан буён матнда Нотариал палата деб юритилади) тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда уни тавсия қилган нотариус томонидан амалга оширилади";

бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат нотариал идораси нотариуси ёрдамчисига махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади";


5) 2-2-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус стажёри бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар нотариус стажёри бўлиши мумкин эмас.

Давлат нотариал идораси нотариусининг стажёрини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан ушбу бошқарма томонидан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади";


6) 3-1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда тоқ миқдорда тузилади.

Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир нафар кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) тузилади.

Олий малака комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари, Нотариал палата вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари, шунингдек адвокатлар киради. Олий малака комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Танлов ўтказиш ва малака имтиҳони топшириш тартиби, Олий малака комиссияси ва малака комиссиялари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади";


7) 4-модда чиқариб ташлансин;


8) 7-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"7-модда. Нотариус фаолиятидаги чекловлар


Нотариус:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш чоғида воситачилик хизмати кўрсатишга;

факсимиледан фойдаланишга ва шахсий муҳрни бошқа шахсларга беришга, бундан унинг лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган даврга муҳрни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, адлия бошқармаларига топшириши мустасно;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда ўз идораси жойлашган ҳудуддан ташқарида фаолиятни амалга оширишга ҳақли эмас.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузмасдан туриб ўз фаолиятини амалга оширишга ҳам ҳақли эмас.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган чеклов давлат нотариал идорасининг бошқа ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади";


9) 8-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"8-модда. Давлат нотариал идораси


Давлат нотариал идоралари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади.

Давлат нотариал идораси юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

Давлат нотариал идорасининг номида "давлат нотариал идораси" деган сўзлар бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши ва зарур бўлганда, давлат нотариал идорасининг рақами бўлиши керак";


10) қуйидаги мазмундаги 8-1 ва 8-2-моддалар билан тўлдирилсин:


"8-1-модда. Хусусий амалиёт билан

шуғулланувчи нотариус


Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ўз идорасига эга бўлишга, банк ҳисобварағи ва бошқа шахсий ҳисобварақлар очишга, мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга ҳамда мажбуриятларни ўз зиммасига олишга, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга, судда ўз номидан иштирок этишга ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг идораси тугатилганда кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилгандан сўнг қолган мол-мулк нотариуснинг тасарруфида қолади ва унга солиқ солинмайди.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал идоранинг ходимларини лавозимга тайинлашда ва лавозимидан озод қилишда мустақилдир, бундан ушбу Қонуннинг 2-1 ва 2-2-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мустасно.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус идорасининг номида "хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус" деган сўзлар бўлиши ва тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши керак.


8-2-модда. Нотариал идоранинг биноси


Нотариал идора биносида фуқароларнинг нотариус ҳузурига кириш имконияти, нотариал ҳаракатларнинг сир тутилиши, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архивнинг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш, аудио- ва видео қайд этиш учун шарт-шароитлар таъминланиши керак";


11) 12-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Нотариус Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, нотариус фамилияси, исми-шарифи, лавозими ва нотариал идоранинг номи кўрсатилган шахсий муҳрига, тасдиқловчи ёзувлар битилган штампларига, нотариал идоранинг бланкаларига эга бўлади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг муҳрида лицензиянинг серияси ва рақами кўрсатилади.

Нотариусларнинг реестрига уларнинг муҳри ва имзоси намуналари киритилади.

Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ягона намуна бўйича тайёрланади.

Нотариус муҳри, штамплари, гербли (махсус) бланкалари лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган, тугатилган ва лицензия бекор қилинган ҳолларда ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳамда адлия бошқармаларига қайтарилиши лозим.

Нотариал идоралар томонидан гербли (махсус) бланкаларни ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва улар бўйича ҳисобот бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади";


12) 13-модда чиқариб ташлансин;


13) 2-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"2-боб. Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш,

унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби ";


14) 14-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"14-модда. Давлат нотариал идораларининг

тармоғи ва штатлари


Ўзбекистон Республикасида давлат нотариал идораларининг тармоғи, штатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Икки нафар ва ундан ортиқ нотариус ишлайдиган давлат нотариал идораларида нотариуслардан бири катта нотариус этиб тайинланади ҳамда унинг зиммасига ушбу нотариал идоранинг маъмурий-ташкилий ишларини назорат қилиш мажбуриятлари юклатилади";


15) 15-модданинг:

номидаги "Нотариус лавозимига тайинлаш" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

иккинчи қисми "лавозимларининг" деган сўздан кейин "энг кам" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

учинчи - бешинчи қисмлари чиқариб ташлансин;


16) қуйидаги мазмундаги 15-1-15-4-моддалар билан тўлдирилсин:


"15-1-модда. Нотариус мақомига эга бўлиш.

Нотариусни лавозимга тайинлаш ва

лавозимдан озод этиш


Лицензия шахснинг хусусий нотариал фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Лицензия Олий малака комиссиясининг нотариуслик ваколатларини бериш бўйича малака имтиҳони якунлари юзасидан чиқариладиган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) лицензия олиш учун малака имтиҳони топшириши шарт.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида олти ойдан кейин қўйилади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор бир ой муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, адлия бошқармаларига лицензия олиш учун мурожаат қилиши керак.

Талабгор томонидан лицензия олиш учун мурожаат қилиш муддатининг узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилиши лицензиянинг амал қилишини тугатишга асос бўлади.

Давлат нотариал идораси нотариусига лицензия унинг аризасига кўра, малака имтиҳони топширмасдан берилади.

Белгиланган тартибда лицензия олган, талабгор шахс лицензия олган кундан эътиборан уч ой ичида нотариал идора ташкил этиши ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга киришиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал идора ташкил этилган пайтдан эътиборан уч кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигини, адлия бошқармасини бу ҳақда хабардор қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусни хабарнома олинган куннинг эртасидан кечиктирмай ҳисобга қўяди ва бу ҳақда Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасини хабардор қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади.

Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш Олий малака комиссиясининг танлов натижалари юзасидан чиқарган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Давлат нотариал идораларининг нотариуслари иш жойини ўзгартириш (ротация) тартибида бошқа нотариал идораларга тайинланиши мумкин. Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва иш жойини ўзгартириш (ротация) тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Давлат нотариал идорасининг нотариуси ва ходимлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ушбу Қонун талабларини инобатга олган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Нотариуслар ўз касбий малакасини даврий ошириш якунлари бўйича аттестациядан ўтади.


15-2-модда. Лицензиянинг амал қилишини

тўхтатиб туриш


Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш уни ҳисобга қўйган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан малака комиссиясининг қарорига асосан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

нотариус жиноий жавобгарликка тортилганда - у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан эътиборан ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

нотариус қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда - бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари талаблари, нотариал ҳаракатлар сири ва нотариус қасамёди нотариус томонидан бузилганлиги аниқланганда;

Нотариал палатанинг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган, шу жумладан нотариуснинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари нотариус томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда;

нотариусда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мавжуд бўлмаганда ёки тузилган шартнома қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаганда - бундай шартнома тузилган ёки тузилган шартнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтирилган кунга қадар;

нотариал фаолиятни ташкил этишга оид минимал талаблар бажарилмаганда - бундай ҳоллар бартараф этилгунига қадар;

нотариус Нотариал палатага аъзолик бадалларини бир ойдан ортиқ муддат давомида тўламаганда - уч ойгача, аъзолик бадалларини тўлагунига қадар.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш даврида лицензиянинг амал қилишини ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ҳақли.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас, бундан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни, агар улар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлмаса, кўрсатилган муддатда бартараф этиши шарт.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармаларининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш нотариус мақомининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси уч кунлик муддат ичида Нотариал палатани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг мақоми тўхтатилганлиги ёки тикланганлиги ҳақида хабардор этади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида тегишли хабарни эълон қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомининг тўхтатиб турилиши нотариуснинг Нотариал палатага аъзолиги тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Нотариуснинг мақомини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳоллар тугатилганидан кейин шахс нотариал фаолиятга киришади.

Нотариус мақоми тўхтатиб турилган шахснинг Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиш имконияти тўхтатилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан белгиланади.


15-3-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш


Нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш нотариусни ҳисобга олган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

нотариус лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

ушбу Қонун 15-1-моддасининг олтинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган талаблар бажарилмаганда;

нотариус илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимга тайинланганда (сайланганда);

нотариуснинг муомала лаёқати чекланганда ёки у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

суднинг нотариусни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ҳақидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганда;

нотариус олтмиш беш ёшга тўлганда;

нотариус вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.

Лицензиянинг амал қилишини маъмурий суд томонидан тугатиш нотариусни ҳисобга олган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг мурожаатига кўра малака комиссиясининг қарори асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ўз вазифаларини олти ой мобайнида узрли сабабларсиз бажармаганда;

лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;

лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни адлия органи томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;

нотариус томонидан нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Нотариусларнинг касб этикаси қоидалари, нотариал ҳаракатларнинг сири ва нотариус қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, нотариуснинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда нотариатнинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш нотариус мақомининг тугатилишига сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси уч кунлик муддатда Нотариал палатани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг мақоми тугатилганлиги ҳақида хабардор қилади, шунингдек тегишли хабарни оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомининг тугатилиши нотариуснинг Нотариал палатага аъзолиги тугатилишига сабаб бўлади.

Нотариуснинг ваколатлари тугатилган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси нотариуснинг иш юритувидаги ҳужжатларни бошқа нотариусга топшириш ҳақида қарор қабул қилади, бошқа ҳужжатлар эса идоравий нотариал архивга топширилади.


15-4-модда. Лицензияни бекор қилиш


Лицензияни бекор қилиш нотариуснинг аризасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармасининг қарори билан, лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда эса - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармасининг аризасига асосан маъмурий суднинг қарори билан амалга оширилади.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Лицензиянинг бекор қилиниши нотариуснинг ўз касбий фаолиятини бажариш чоғидаги ҳаракатлари ғайриҳуқуқий деб топилганлигини англатмайди, бундан нотариал ҳаракатларни суд томонидан ҳақиқий эмас деб топиш ҳоллари мустасно";


17) 16-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Нотариал идора тегишли нотариал округ доирасида жойлашган бўлиши керак";


18) 18-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Лицензия олган нотариус ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

нотариал идора ташкил этилган нотариал округда камида икки йил ишлаб бериши;

фаолияти ўн кундан ортиқ муддатга тўхтатилган нотариуснинг иш юритувидаги ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси томонидан белгиланган ҳолларда қабул қилиб олиши;

Нотариал палата конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадалларини Нотариал палатага тўлаши шарт";


19) 19-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Нотариус ўз мажбуриятларини бузганлиги учун қонунда назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат нотариал идорасининг нотариуси томонидан ўз мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат томонидан қопланади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал ҳаракатлар орқали қонунни бузганлиги натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарар учун, агар ушбу моддада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мулкий жавобгар бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта бадали (суғурта суммаси) ёки суғурта бадали етарли бўлмаган тақдирда нотариуснинг шахсий мол-мулки ҳисобидан, нотариуснинг шахсий мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди ҳисобидан қопланади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг қасддан содир этган хатти-ҳаракатлари натижасида зарар етказилганлиги суднинг қарори билан тасдиқланган тақдирда, ушбу зарарнинг ўрни Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди ҳисобидан қопланмайди.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар учун давлат жавобгар бўлмайди";


20) қуйидаги мазмундаги 19-1-модда билан тўлдирилсин:


"19-1-модда. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи

нотариус фаолиятини суғурта қилиш


Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузмасдан ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсга ва (ёки) нотариал фаолиятни амалга оширишдаги учинчи шахсларга мулкий зарар етказилганлиги оқибатида юзага келадиган мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги хавфи билан боғлиқ мулкий манфаатлар фуқаролик жавобгарликни суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта объектидир.

Қонун ҳужжатларига зид нотариал ҳаракатни амалга ошириш натижасида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсга мулкий зарар етказилганлигининг суднинг қонуний кучга кирган қарори билан белгиланган ёки суғурта қилувчи томонидан тан олинган факти нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта ҳодисасидир.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта суммаси қуйидаги энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятларнинг маъмурий марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида минг бараваридан;

бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз бараваридан";


21) 4-бобнинг номи "молиявий" деган сўздан кейин "ва ижтимоий" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


22) қуйидаги мазмундаги 21-1-модда билан тўлдирилсин:


"21-1-модда. Нотариал идора ходимларининг

ижтимоий таъминоти


Нотариал идора ходимлари таътил ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича барча турдаги нафақалар олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Давлат ижтимоий суғуртасига тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланадиган миқдорларда тўланади.

Нотариал идора ходимларига давлат ва жамғариб бориладиган пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади";


23) 22-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат нотариал идоралари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиялаштирилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти:

нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божи суммасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда қоладиган қисми;

ҳуқуқий ва техник хусусиятга эга қўшимча ҳаракатларни бажарганлик, шунингдек нотариатнинг фаол модели доирасида хизматлар кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Нотариусларнинг даромадларига солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг депозит ҳисобварақларидаги маблағлар нотариуснинг даромади ҳисобланмайди. Ушбу маблағларга нотариус мажбуриятлари бўйича ундирувни қаратишга йўл қўйилмайди";


24) қуйидаги мазмундаги 4-2 ва 4-3-боблар билан тўлдирилсин:


"4-2-боб. Нотариал палата


22-4-модда. Нотариал палатанинг мақоми


Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи барча нотариусларнинг аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотдир.

Давлат нотариал идораси нотариуси ихтиёрийлик асосида Нотариал палатанинг аъзоси бўлиши мумкин.

Нотариал палата нотариусларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Нотариал палата Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда нотариатнинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Нотариал палатанинг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Нотариуслар Нотариал палатанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, нотариусларнинг мажбуриятлари бўйича эса Нотариал палата жавоб бермайди, бундан нотариус томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди томонидан амалга ошириладиган тўловлар мустасно.

Нотариал палатанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар учун мажбурийдир.

Нотариал палата фаолиятини молиялаштириш Нотариал палата конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


22-5-модда. Нотариал палатанинг асосий вазифалари


Нотариал палатанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек қонун ҳужжатларининг бир хил тарзда қўлланилишига доир таклифлар ишлаб чиқиш;

низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариатнинг ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш;

ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини ёйиш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш;

нотариал ҳаракатлар бўйича тавсиявий хусусиятга эга бўлган услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолатларда ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касбий мажбуриятларга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, хизмат текширувлари ўтказиш, шунингдек нотариусларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида малака комиссияларига таклифлар киритиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан нотариал фаолият масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш.


22-6-модда. Нотариал палатанинг органлари

ва мансабдор шахслари


Нотариал палатанинг конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, заруратга кўра, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

Нотариал палата бошқаруви Нотариал палатанинг уставига мувофиқ нотариуслар орасидан сайланадиган ижро этувчи орган бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Нотариал палатанинг тафтиш комиссияси молиявий назорат органи бўлиб, палата уставига мувофиқ шакллантирилади.

Нотариал палата раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Нотариал палата конференцияси томонидан, ушбу конференция сайлаган Нотариал палата бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Нотариал палата раиси бўлиши мумкин эмас.

Нотариал палатанинг раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Нотариал палатанинг уставида белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Нотариал палата конференцияси томонидан амалга оширилади.


22-7-модда. Нотариал палата ҳузуридаги фондлар


Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Компенсация фонди ташкил этилади.

Нотариал фаолиятга кўмаклашиш, нотариусларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Нотариуслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш фонди ташкил этилади.

Давлат нотариал идоралари нотариуслари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Давлат нотариал идоралари фаолиятини қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади.

Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди, Нотариуслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш фонди ҳамда Давлат нотариал идоралари фаолиятини қўллаб-қувватлаш фонди нотариусларнинг Нотариал палатага аъзолик бадалидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Мажбурий ажратмалар миқдори йил якунида Нотариал палата бошқаруви йиғилишининг қарорига кўра белгиланади.

Нотариал палата ҳузуридаги фондларнинг маблағларидан оқилона фойдаланиши устидан назорат қилиш Нотариал палата томонидан амалга оширилади.


4-3-боб. Нотариус фаолияти устидан назорат

ва мониторинг қилиш. Адлия органларининг

нотариат соҳасидаги ваколатлари


22-8-модда. Нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан

назорат ва мониторинг қилиш


Нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя қилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари амалга оширади.

Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти устидан мониторингни амалга оширади.


22-9-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

нотариат соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

нотариат соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўради;

нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, уларнинг ишларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

давлат нотариал идораларини ташкил этади ва тугатади, нотариус лавозимини таъсис этади ва тугатади;

муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариус лавозимларининг энг кам сонини белгилайди;

Нотариал палата фаолиятига кўмаклашади;

Олий малака комиссиясининг фаолиятини ташкил этади;

хорижда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлардаги нотариуслар имзоси ва уларнинг муҳри кўчирмаси ҳақиқийлигини тасдиқлайди, нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа вазифаларни бажаради;

нотариал иш юритиш қоидаларини, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни, нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрларининг шаклини, тасдиқлов ёзувлари ва гувоҳномаларни, нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартибини Нотариал палата билан биргаликда тасдиқлайди;

нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, нотариусларга кўрсатмалар ва услубий тушунтиришлар беради;

пуллик хизматлар ҳамда нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник хусусиятга эга қўшимча ҳаракатлар рўйхатини, ушбу ҳаракатлар амалга оширилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун, шунингдек идоравий нотариал архивлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари, реестрлардан кўчирмалар, маълумотномаларнинг ва архив ҳужжатларининг кўчирма нусхалари берилганлиги учун тўловларнинг миқдорларини тасдиқлайди;

нотариусларнинг статистик маълумотларни тақдим этиш шаклларини Нотариал палата билан келишилган ҳолда тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


22-10-модда. Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазирлигининг, адлия бошқармаларининг

нотариат соҳасидаги ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ўз ваколатлари доирасида:

нотариуслар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади;

нотариусларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

нотариал амалиётни умумлаштиради;

малака комиссиясининг фаолиятини ташкил этади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини лицензиялайди;

Нотариал палата билан биргаликда нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

Хусусий нотариал амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларнинг давлат реестрини юритади;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти ҳудудини белгилаш мақсадида уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқаришни амалга оширади;

нотариус муҳри ва штампларининг намуналари эскизларини тасдиқлайди;

нотариусларнинг реестрини юритади;

нотариал идораларни қатъий ҳисобда турувчи гербли (махсус) бланкалар билан таъминлайди;

ўз фаолиятини тугатган нотариус муҳрини йўқ қилиш ва ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга топшириш чораларини кўради;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин";


25) 23-модданинг биринчи қисми:


қуйидаги мазмундаги 6-1-банд билан тўлдирилсин:

"6-1) медиатор вазифасини бажаради";


қуйидаги мазмундаги 12-2-банд билан тўлдирилсин:

"12-2) далилларни таъминлайди";


қуйидаги мазмундаги 14-1 ва 14-2-бандлар билан тўлдирилсин:

"14-1) муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

14-2) электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди";


26) 34-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш жараёни видеоконференцалоқа орқали амалга оширилиши мумкин";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


27) қуйидаги мазмундаги 61-1-модда билан тўлдирилсин:


"61-1-модда. Медиатор вазифасини бажариш


Нотариус фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритади.

Тарафлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижаларидан келиб чиқадиган низони ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, нотариус тарафлар ўртасида тузилган медиатив келишувни тасдиқлайди";


28) 64-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларига нисбатан ипотека шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳамда тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил равишда амалга оширади";


29) қуйидаги мазмундаги 70-2-модда билан тўлдирилсин:


"70-2-модда. Далилларни таъминлаш


Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан нотариус судда ёки маъмурий органда иш юзага келган тақдирда, агар тақдим этиш кейинчалик мумкин бўлмай қолади ёки қийин бўлади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлса, далилларни таъминлайди.

Далилларни таъминлаш мақсадида нотариус гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олади, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради, экспертиза тайинлайди, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги фактларни тасдиқлайди";


30) қуйидаги мазмундаги 72-1 ва 72-2-моддалар билан тўлдирилсин:


"72-1-модда. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти

тақдим этилган вақтни тасдиқлаш


Нотариус муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш муаллифлик ва турдош ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлмайди.


72-2-модда. Электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги

ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга

эканлигини тасдиқлаш


Нотариус мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда нотариал тартибда тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларнинг электрон шакли қоғозда тақдим этилган ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқлайди.

Ҳужжатнинг тасдиқланган электрон шакли қоғоздаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эгадир.

Оддий ёзма шаклда тузилган битимларнинг, шунингдек шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон шаклини қоғоздаги ҳужжат билан тенг юридик кучга эгалигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди";


31) 74-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи - еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Нотариус пул маблағлари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш учун депозит ҳисобварағини очиши керак.

Нотариуснинг шахсий маблағларини ушбу ҳисобвараққа ўтказишга йўл қўйилмайди.

Нотариус қарздорга депозит ҳисобварағи очилган банкка тақдим этиш учун пул маблағлари депозит ҳисобварағига ўтказилганлиги тўғрисида ёзма хабарнома беради.

Кредиторнинг ёки қарздорнинг депозит ҳисобварағига қабул қилинган пул маблағларини ва қимматли қоғозларини бериш, шунингдек депозитдан фойдаланганлик учун тўлов банк томонидан нотариуснинг хабарномасига асосан амалга оширилади".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган "Лизинг тўғрисида"ги 756-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 108-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 12, 608-модда; 2016 йил, N 12, 384-модда; 2019 йил N 10, 671-модда) 9-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"мол-мулк лизинг объекти ҳисобланиб, у ҳақда тузиладиган битимлар қонунга мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланиши талаб қилинадиган ҳолларда нотариал тасдиқланиши лозим, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситалари олиш чоғидаги лизинг тўғрисидаги шартномалар мустасно".

6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 октябрда қабул қилинган "Ипотека тўғрисида"ги ЎРҚ-58-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 535-модда; 2010 йил, N 9, 337, 340-моддалар; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2017 йил, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда; 2019 йил N 10, 671-модда) 12-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ипотека тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши керак (бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк олиш чоғидаги ипотека тўғрисидаги шартнома мустасно) ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим".


7-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 декабрда қабул қилинган "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги ЎРҚ-269-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 12, 469-модда; 2011 йил, N 12/2, 363-модда; 2016 йил, N 12, 383-модда; 2019 йил, N 11, 792-модда) 18-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисидаги "давлат нотариал идоралари" деган сўзлар "нотариал идоралар" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


8-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 октябрда қабул қилинган "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги ЎРҚ-301-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 10, 271-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2019 йил N 3, 166-модда) 17-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисидаги "давлат нотариал идоралари" деган сўзлар "нотариал идоралар" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


9-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 2 январда қабул қилинган "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги ЎРҚ-364-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 1-модда; 2016 йил, N 12, 383-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда; 2018 йил N 7, 431-модда) 37-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги "ёки ижарага" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


10-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261-модда, N 9, 592-модда, N 11, 791, 792-моддалар) 76-моддаси:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ишда иштирок этувчи шахслар судгача бўлган жараёнда нотариал тартибда далилларни таъминлаш чораларини кўришга ҳақли";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин.


11-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 июлда қабул қилинган "Медиация тўғрисида"ги ЎРҚ-482-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 427-модда; 2019 йил N 7, 389-модда) 12-моддаси бешинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс, бундан нотариуслар мустасно".


12-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


14-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 январь


"Халқ сўзи", 2020 йил 15 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 20 январь, 1-2-сон, 2-модда






































Время: 0.1452
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск