Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.01.2020 й. 27-сон "Давлат қарзини самарали бошқариш ва жалб қилинаётган қарзлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.01.2020 й.

N 27




ДАВЛАТ ҚАРЗИНИ САМАРАЛИ

БОШҚАРИШ ВА ЖАЛБ ҚИЛИНАЁТГАН

ҚАРЗЛАРДАН МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизнинг жаҳон молия тизимига жадал интеграциялашуви шароитларида давлат қарзининг хавфсиз даражада бўлиши мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Халқаро мезонларга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи (кейинги ўринларда - давлат қарзи) "мўътадил" даражада бўлсада, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинглари барқарорлигини ҳамда давлат қарзининг хавфсиз даражада бўлишини кафолатли таъминлаш механизмларини яратиш бугунги кун талаби бўлмоқда.

Бунда, давлат қарзининг йиллик лимитларини белгилаш, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаб олишда устувор йўналишларни белгилаш, уларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш ва лойиҳалар натижаларини баҳолашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш устувор вазифа ҳисобланади.

Халқаро андозалар асосида давлат қарзини бошқариш тизимини такомиллаштириш, давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш ҳамда жалб қилинаётган қарзлардан самарали фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси техник кўмагида Давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегияси ишлаб чиқилганлиги;

давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегиясини мамлакатдаги макроиқтисодий ўзгаришлар ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши лозимлиги;

Халқаро валюта жамғармасининг меъёри асосидаги Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун давлат қарзининг максимал даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслиги лозимлиги;

Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунида 2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 миллиард АҚШ доллари ҳамда Давлат бюджетидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чегараланган ҳажми 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Давлат қарзини самарали бошқаришда қуйидаги устувор мақсадларга қатъий риоя қилиниши белгилаб қўйилсин:

давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатилишини кафолатли таъминлаш;

давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш, диверсификациялаш ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошиб кетиш хатарларини пасайтириш;

давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва техник-иқтисодий асос ишлаб чиқишни талаб этмайдиган дастурларни (кейинги ўринларда - дастур) уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва стратегик аҳамиятидан ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдан келиб чиқиб белгилаш;

давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурларнинг натижадорлигини, ўз-ўзини оқлашини, улар амалга оширилиши бўйича маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш орқали қарзлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улуши бўлган юридик шахслар ва банкларни босқичма-босқич бозор шартларида молиялаштиришга ўтказиш.


3. Белгилансинки:

а) Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи (кейинги ўринларда - давлат ташқи қарзи) ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурлар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан битимларни имзолаш ва Ўзбекистон Республикаси кафолатини бериш Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан маъқулланган ҳолда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган дастур ва лойиҳаларга доир масалаларни кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Давлат қарзини самарали бошқариш ва улардан мақсадли фойдаланишни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти тузилмасида давлат қарзини самарали бошқариш ва ундан мақсадли фойдаланишни мувофиқлаштириш масалалари бўйича бош мутахассис штат бирлиги қўшимча равишда киритилсин;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улуши бўлган юридик шахслар томонидан ташқи қарз мажбуриятларини жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини тегишли тартибда хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.


4. Барча даражадаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари соҳа, тармоқ ва ҳудудни ривожлантириш дастурлари учун икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, шу жумладан, халқаро ва ҳудудий форумлар, инвестицион анжуман ва бошқа ҳамкорлик доирасида ижтимоий-иқтисодий ҳамда молиявий самарадорлиги чуқур таҳлил қилинмаган Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича таклифларни киритиш амалиётига чек қўйилиши тўғрисида огоҳлантирилсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурларни танлаб олиш ва натижадорлигини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги қарорни;

2020 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажриба асосида келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган дастур ҳамда лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари, уларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва натижадорлигини назорат қилиш тартибини белгиловчи низомни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон қарорига мувофиқ:

а) Давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа ва дастурларнинг натижадорлигини баҳолаш жараёни қуйидагиларни назарда тутади:

якунланган лойиҳа ва дастурларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси аудитдан ўтказиши, аудит натижалари бўйича ахборотни ҳар чорак якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига юбориши;

тегишли вазирлик ва идоралар якунланган лойиҳа ва дастурлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига уч ой ичида тақдимотлар ўтказиши;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги лойиҳа ва дастурларнинг ишлаб чиқилиши, танлаб олиниши, мониторинги ва аудит натижаларига оид маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларда жойлаштирилишини таъминлаши;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан уч ой муддатда давлат қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурларни баҳолаш ва аудитдан ўтказиш ҳамда уларни хатарлар бўйича гуруҳлаштириш масалаларини ўз ичига олувчи тартибнинг тасдиқланиши маълумот учун қабул қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат ташқи қарзи ҳолати бўйича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги эса давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича ҳар йили бир марта Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳисобот бериб борсин.


8. Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган давлат ташқи қарзлари мақсадли йўналтирилгунга қадар Молия вазирлиги Ғазначилигининг ғазна ҳисоб варақларида сақланиши ёки вақтинчалик тижорат банклари депозитларига ўтказилиши натижасида юзага келадиган фоиз харажатларидаги тафовутлар Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши белгилансин.


9. Давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва кафолатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Кафолат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин;

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари учун тўловлар, жалб қилинган қарзларни қайта кредитлаш битимида белгиланган Молия вазирлигининг маржаси ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилсин;

Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари учун тўловлар қарзларнинг қолдиқ суммасига йиллик 0,5 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгилансин.

Давлат қарзи, жумладан Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар (банклар) ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда давлат қарзи Жамғарма маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан сўндирилсин ҳамда қарздор ташкилотлардан (банклардан) мавжуд қарздорлик ва ҳисобланган жарима тўловлари мос равишда Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилиши белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида Жамғарма маблағларини бошқариш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонаси давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари, шунингдек, техник топшириқлар ва тендер ҳужжатларининг комплекс экспертизасидан белгиланган тартибда ўтказади. Давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган дастурлар ҳамда лойиҳа қийматининг 80 фоизи ва ундан ортиқ қисми тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган лойиҳалар комплекс экспертизадан ўтказилмайди.

Бунда, комплекс экспертизадан ўтказиш учун тўлов инвестиция лойиҳалари ва харид ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш учун белгиланган тўлов миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                   А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 16 январь











































Время: 0.1998
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск