Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш /

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.01.2020 й. 28-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 16 январдаги

28-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

давлат жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) вазифалари ва фаолият йўналишларини, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.


2. Жамғарма ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Жамғарманинг бошқарув Кенгашига (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ҳисобот беради.


3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Агентликнинг қарорларига амал қилади.


4. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварағига Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.

5. Жамғарма барча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


6. Жамғарма жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Қоратош кўчаси, 1-уй (7-қават).


7. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


қарз олувчи - тадбиркорлик ташаббусини амалга оширувчи кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тааллуқли шахс (кейинги ўринларда лойиҳа ташаббускори деб аталади);


кредит - қарз олувчиларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун фойдаланиладиган кредит;


компенсация - тижорат банклари кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш;


кафиллик - қарз олувчининг тижорат банки олдидаги ўз мажбуриятларини бажариши учун жавоб бериш масъулиятини Жамғармага юклайдиган кафиллик шартномаси;


лойиҳалар - олдиндан белгиланган вақт мобайнида тадбиркорлик фаолиятидан иқтисодий, ижтимоий ва бошқа манфаат кўриш мақсадида амалга ошириладиган ўзаро боғлиқ тадбирлар ва ишлар мажмуи, қуйидагиларни назарда тутувчи мақсадлар бундан мустасно:

илгари олинган кредитларни ёки исталган бошқа қарздорликни қайтариш;

алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачилик ташкилотлари ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;

савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектлари қурилишини молиялаштириш;

банкдан ташқари кредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг ресурс базасини шакллантириш;

таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда шу мақсадлар учун ускуналарни харид қилиш;


суғурталаш - кредит гарови ва қайтарилмаслигини суғурталаш бўйича суғурта компанияларининг мажбурияти;


аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари - аҳолининг кам таъминланган қатламларидан бўлган ушбу Низомнинг 29-бандида белгиланган тартибда аниқланадиган шахслар тоифаси.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШЛАРИ


8. Ушбу Низомга иловада кўрсатилган шаклларда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Ушбу Низомга иловада назарда тутилган талаблар олдин қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган кафиллик ва компенсацияларнинг Жамғарма томонидан тақдим этилиши шартларига татбиқ этилмайди.


9. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишига кўмаклашиш;

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш имконини берадиган давлат, тармоқ дастурлари ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек, ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга қаратилган комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этиш.


10. Жамғармадан молиявий ёрдам олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш бўйича электрон ҳужжатлар айланиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича агентлик фаолиятини ташкил этиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПҚ-4417-сон қарорида маъқулланган электрон ҳужжатлар айланиши схемаларига мувофиқ амалга оширилади.


11. Битта шахсга бир пайтнинг ўзида компенсация ва кафиллик берилмайди. Жамғармадан молиявий ёрдам олган шахс Жамғарманинг буюртмасида қарз олувчи сифатида кўрсатилган солиқ тўловчининг идентификация рақами бўйича аниқланади.


12. Олдин Жамғарманинг молиявий ёрдамини олган шахс қуйидаги ҳолатларда Жамғармага такроран мурожаат қилишга ҳақли бўлади:

а) илгари компенсация олган бўлса:

илгари компенсация тақдим этиш бўйича шартнома амал қилган кредит бўйича қарздорлик тўлиқ қайтарилганда;

компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда, ҳақиқий эмас деб топилганда ёки амал қилиши тўхтатилганда;

б) илгари кафиллик олган бўлса:

қарздорликни кафиллик билан таъминланган қисми бўйича қайтариш;

кафиллик шартномаси бекор қилинганда, ҳақиқий эмас деб ҳисобланганда ёки амал қилиши тўхтатилганда.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


13. Таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган Кенгаш Жамғармани бошқарувининг олий органи ҳисобланади.


14. Кенгаш:

Жамғарма молиявий ёрдам кўрсатиши учун ишлаб чиқаришнинг устувор соҳалари ва кичик тадбиркорлик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди;

Жамғарма вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий активларига жойлаштириш бўйича чекланган параметрларни белгилайди;

Жамғарманинг фаолияти, шу жумладан маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатишга доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма раҳбарининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги, шунингдек, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакилларининг амалга оширилаётган операциялар самарадорлиги ва тақдим этилган ресурслар, Жамғарма кафиллиги ҳамда компенсациялари натижалари ҳақидаги ҳисоботларини мунтазам эшитади;

Жамғарма томонидан ушбу Низомда кўрсатилмаган молиявий ёрдамнинг бошқа турларини кўрсатиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

Жамғармани йиллик аудитдан ўтказиш учун, шу жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича аудиторлик ташкилотини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг устав капиталини ошириш тўғрисида таклифлар киритади.


15. Тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади.


16. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси:

Жамғарма жорий фаолиятини оператив бошқаради;

тижорат банкларидан тушган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ўз ваколатлари доирасида Жамғарманинг кафиллиги ва компенсацияларини тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги прогнозларини шакллантиради ҳамда тасдиқлаш учун Кенгашга киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўради;

Жамғарма даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисида ҳисоб юритилишини ва ҳисобот берилишини таъминлайди ҳамда тасдиқлаш учун Кенгашга тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб боради;

Жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий активларга жойлаштириш юзасидан Кенгашга таклифлар киритади.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда лавозимига тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Ижрочи директор Ижро этувчи дирекциянинг раҳбари ҳисобланади.

Ижрочи директор бир пайтнинг ўзида Агентлик директорининг ўринбосари ҳисобланади.

Ижрочи директор Агентлик директори билан келишган ҳолда малакали, шу жумладан, хорижлик мутахассисларни уларнинг хизмат ҳақини Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобига тўлаган ҳолда жалб қилишга ҳақли.

Ижрочи директор:

Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ Ижро этувчи дирекция фаолиятини ташкил этади ва унинг учун шахсан жавоб беради;

Ижро этувчи дирекцияни ходимларнинг белгиланган сони доирасида активларни бошқариш, бизнесни, шу жумладан, тадбиркорликнинг турли йўналишларига оид инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва молиялаштириш соҳасида юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни ташкил этади;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

Жамғарма номидан меҳнат, хўжалик, кредит шартномаларини ва бошқа шартномаларни, шу жумладан, кафиллик ва компенсациялар тақдим этиш ҳамда вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларида депозитга жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди;

бажарилган ишлар ҳамда келгуси чорак учун иш режалари тўғрисида ҳар чоракда Агентлик ва Кенгаш олдида ҳисоб беради.

Жамғарма Ижрочи директори ўринбосарини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Ижрочи директорнинг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири билан келишган ҳолда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.

Жамғарма таркибий тузилмаларининг раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Агентлик билан келишган ҳолда Ижрочи директор томонидан амалга оширилади.


18. Ижро этувчи дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвали Кенгаш томонидан тасдиқланади.

Жамғарма маблағларидан тўғри ва самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлик жамғарма Ижро этувчи дирекциясига юкланади.


19. Ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Жамғарма бюджетдан ташқари маблағларининг сарфланиши бўйича низом ишлаб чиқади ва у тўғрисидаги низом Кенгаш томонидан тасдиқланади.


20. Ижро этувчи дирекциянинг ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг марказий аппарати ходимларига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари жорий этилади.


21. Жамғарма ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантириш маблағларидан иборат бўлади.


22. Хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиш учун Жамғармага 1 дона шахсан бириктирилган ҳамда 1 дона навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ


23. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киради ва унинг ҳисоби белгиланган тартибда Давлат бюджетининг ғазна ижроси орқали амалга оширилади.


24. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотларнинг бадаллари ҳисобига шакллантириладиган бошланғич бадал;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йилги тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар йилги соф фойдасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган бир қисми;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

Жамғарманинг, шу жумладан, вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларига депозитларга жойлаштириш, кафилликлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.

26. Хорижий валютадаги маблағлар Жамғарманинг чет эл валютасидаги Ягона ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

27. Жамғарма маблағларидан:

қарз олувчиларнинг кредитлари бўйича тақдим этилган кафилликлар билан боғлиқ тўловларни тижорат банкларига тўлаш;

тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш;

кредит қайтарилмаслигини суғурталашнинг барча шартномалари, жумладан, молиявий йил давомида "Кафолат суғурта компанияси" АЖни ўз капиталининг 10 фоизи миқдорида гаров таъминоти, кафиллик ва кафолат билан (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурталаш) қопланмаган суғурта қопламаси умумий ҳажми ошиб кетганида "Кафолат суғурта компанияси" АЖнинг йўқотишларини қоплаб бериш;

Жамғарма фаолиятини моддий-техник таъминлаш, асосий воситалар ва номоддий активларни харид қилиш, Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ операцион харажатларни, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатга ҳақ тўлашга тенглаштирилган тўловларни ҳамда рағбатлантирувчи тусдаги тўловларни тўлаш харажатларини амалга ошириш учун фойдаланилади.

Ушбу бандда қайд этилган мақсадларни молиялаштириш учун ажратилган Жамғарма маблағларидан қатъий белгиланган йўналишларда фойдаланилади.


28. Жамғарма кафиллиги ва компенсациялари фақат янги ажратиладиган кредитлар учун берилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида олдин ажратилган кредитлар бўйича компенсациялар берилиши бундан мустасно.

Олдин ажратилган кредитлар бўйича компенсациялар бериш тўғрисида қарз олувчиларнинг мурожаатлари тижорат банклари томонидан кейинчалик Жамғармага юбориш учун қабул қилинади.



5-БОБ. АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА

МУҲТОЖ ҚАТЛАМЛАРИНИНГ ТАДБИРКОРЛИК

ТАШАББУСЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ КРЕДИТЛАРИНИ АЖРАТИШДА

ЖАМҒАРМА КАФИЛЛИГИ БЕРИЛИШИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШНИНГ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБОТИ


29. Лойиҳа ташаббускорларининг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Агентлик ва Жамғарма томонидан белгиланган мезонларга мослиги, шунингдек, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлиги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича Жамғарма кафиллигини бериш шарти ҳисобланади.


30. Тижорат банклари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредитлар ажратишда Жамғарма кафиллигини кредит суммасининг 50 фоизигача (шу жумладан 50 фоизи), аммо базавий ҳисоб қийматининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қабул қилади.


31. Лойиҳа ташаббускори кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар камайтирганда, биринчи навбатда, кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда Жамғарма кафиллиги таъминланишидан озод этилади. Бунда лойиҳа ташаббускори томонидан ажратилган кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этилган мулк фақат Жамғарма кафиллиги тўлиқ қопланганидан сўнг гаровдан озод этилади.


32. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича Жамғарма кафиллигини бериш хизматлари бепул ҳисобланади.


33. Лойиҳа ташаббускори лойиҳани молиялаштиришга кредит олиш учун тижорат банкининг филиалига ариза билан мурожаат қилади, унда қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Жамғарма кафиллигини олиш истагини билдиради:

қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул маблағлари тушиш прогнози (амалга ошириладиган лойиҳа бўйича пул оқими) кўрсатилган бизнес-режа;

кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этиладиган гаров тўғрисидаги маълумот.


34. Тижорат банкининг филиали ариза ва ҳужжатларнинг тўлиқ туркумини олгандан сўнг икки кун ичида:

лойиҳа ташаббускорининг белгиланган мезонларга мувофиқлигини, шунингдек, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлигини аниқлайди;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади. Ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган туркуми тақдим этилганда банк филиали бир кун муддатда тегишли ахборот (ҳужжат)ни сўраб олади;

тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади, қонунчилик ва ички кредит сиёсатида белгиланган тартиботга мувофиқ лойиҳанинг молиявий-иқтисодий самарадорлигини баҳолайди.


35. Қуйидаги ҳолларда:

кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганда банк филиали Жамғарма кафиллигини олиш учун буюртмани илова қилган ҳолда ўз хулосасини тижорат банкига юборади ва бу ҳақда лойиҳа ташаббускорини хабардор қилади;

кредит ажратиш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганда - банк филиали рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда лойиҳа ташаббускорига ёзма жавоб юборади.


36. Тижорат банки филиалдан ҳужжатларни олгандан сўнг бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

Жамғарма томонидан белгиланган тартибда буюртмани тайёрлайди;

ажратиладиган кредитлар бўйича лойиҳа ташаббускорига кафиллик бериш тўғрисида Жамғармага буюртмани юборади.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг имзо қўйган мансабдор шахси жавоб беради.


37. Буюртма қабул қилингандан сўнг Жамғарма икки кун мобайнида:

буюртмани кўриб чиқади ва уни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан текширади;

қабул қилинган қарор тўғрисида тижорат банкини хабардор қилади.


38. Кафиллик олиш учун талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда Жамғарма хабарномада рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатади.


39. Буюртма маъқулланганлиги тўғрисида хабарнома олингандан сўнг тижорат банки бир кун мобайнида банк филиали томонидан:

лойиҳа ташаббускори билан кредит шартномаси;

Жамғарма ва лойиҳа ташаббускори билан кафиллик шартномаси тузилишини таъминлайди.

Кафиллик шартномаси электрон рақамли имзо билан имзоланган бўлиши мумкин.


40. Жамғарманинг берилган кафиллик бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари кафиллик шартномаси барча томонлари томонидан имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.


41. Жамғарманинг берилган кафилликлар бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

кредит бўйича асосий қарз кафиллик суммаси миқдорида тўлиқ қайтарилганда;

Жамғарма томонидан кафиллик бўйича тўловлар амалга оширилганда;

Жамғарманинг ёзма равишдаги рухсатисиз кредит шартномаси бўйича мажбуриятлардаги шахслар ўзгарганда.

Жамғарманинг кафилликлар бўйича мажбуриятлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам тўхтатилиши мумкин.



6-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯНИ БЕРИШ,

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ҚАЙТА ТИКЛАШ ТАРТИБИ


42. Жамғарма ушбу Низомга иловада назарда тутилган тартибда компенсациялар беради.


43. Тижорат банклари компенсацияларни олувчи ҳисобланади.


44. Кредит ставкалари, муддатлари ва бошқа параметрлари ўзгарган тақдирда компенсацияларнинг ставкаси ва суммаси ўзгармасдан, компенсация бериш тўғрисида қарор қабул қилинган санада қайд этилган даражада қолади.


45. Жамғарма жорий кредитлар ёки бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган қарз олувчиларнинг лойиҳалари бўйича компенсация бермайди.


46. Кредит берилиши учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари ва тижорат банкининг кредит сиёсатида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда қарз олувчининг тижорат банки филиалига мурожаат қилиши компенсация ташаббусига асос ҳисобланади.


47. Кредит беришнинг имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиққандан сўнг тижорат банкининг филиали қарор қабул қилинган санадан бошлаб икки кун мобайнида:

кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилса - компенсация бериш тўғрисидаги буюртмани илова қилган ҳолда ўз хулосасини тижорат банкига тақдим этади ва бу ҳақда қарз олувчини хабардор қилади;

кредит ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса - рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади.


48. Тижорат банки филиалдан ҳужжатлар олингандан сўнг бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

Жамғарма томонидан белгиланган шаклга кўра буюртмани тайёрлайди;

қарз олувчига компенсация берилиши учун Жамғармага буюртмани юборади.

Буюртма электрон рақамли имзо орқали имзоланиши мумкин.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг уни имзолаган мансабдор шахси жавоб беради.


49. Ижро этувчи дирекция буюртма Жамғармага тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида уни кўриб чиқади ва компенсация бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


50. Жамғарма бир кун мобайнида тижорат банкини қабул қилинган қарор тўғрисида (рад этилганда тақдирда - асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) кейинчалик банк филиали ва қарз олувчини бохабар қилиши учун хабардор қилади.


51. Компенсация берилгани тўғрисида билдиришномани олган тижорат банки икки кун мобайнида:

компенсация берилгани тўғрисида банк филиалини хабардор қилади;

Жамғарма ва қарз олувчи билан компенсация берилиши тўғрисида шартномани имзолайди.

Компенсация берилиши тўғрисидаги шартнома электрон рақамли имзо орқали имзоланиши мумкин.


52. Тижорат банкининг филиали компенсация берилиши тўғрисидаги билдиришномани олгандан сўнг уч кун мобайнида қарз олувчи билан кредит шартномасини имзолайди.


53. Компенсация берилиши рад этилгани тўғрисидаги билдиришномани олган тижорат банки бир кун мобайнида бу ҳақда банк филиали ва қарз олувчини хабардор қилади.


54. Ҳар бир ой учун компенсация Жамғарма томонидан ой якунлангандан сўнг 20 кун мобайнида, тижорат банки томонидан Жамғармага ой якунлангандан сўнг 15 кун мобайнида тақдим этиладиган компенсация реестри асосида тўланади.


55. Тижорат банки компенсация берилиши тўғрисидаги шартнома амал қиладиган ҳар бир кредитнинг қолдиқлари бўйича ҳисобланган фоизлардан келиб чиққан ҳолда компенсация реестрини тузади.


56. Тижорат банклари компенсация реестрининг ҳаққонийлиги ва тўлиқлиги, шунингдек, Жамғармага ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб беради.


57. Тижорат банклари белгиланган тартибда:

мазкур Низом доирасида ажратилган кредитларни муддати ва қарз олувчиларнинг тури бўйича алоҳида баланс ҳисобварақларда;

компенсация шартномаларига асосан ҳисобланган Жамғарма томонидан компенсация қилинадиган фоизларни алоҳида баланс ҳисобварақларда ҳисобини юритади.


58. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича компенсацияларни тўлаш миллий валютада, компенсация тўлови амалга ошириладиган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича амалга оширилади.


59. Жамғарма компенсацияси банкнинг билдиришномаси асосида бир пайтнинг ўзида бир қанча кредит шартномалари бўйича асосий банкнинг 29801-"Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" транзит ҳисобварағига ўтказилади.


60. 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" транзит ҳисоб-варағига тушган маблағлар банкнинг 16300 - "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси субсидиялари ҳисобига қопланадиган ҳисобланган фоизларни олиш" ҳисобварағига автоматик равишда ўтказилади.


61. Қарз олувчилар кредитни муддати ўтганидан сўнг қайтарган ҳолатларда ажратиладиган компенсация суммаси тасдиқланган қайтариш жадвалида қайд этилган суммадан ошмаслиги лозим.


62. Жамғарма компенсация беришни:

компенсация бериш тўғрисидаги шартнома амал қиладиган кредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганда;

қарз олувчи томонидан кредит бўйича асосий қарзнинг тегишли қисми кредит шартномаси бўйича тўловлар жадвалига мувофиқ мажбуриятлар юзага келадиган санадан бошлаб 90 кун мобайнида қайтарилмаганда;

қарз олувчи ва/ёки тижорат банкининг буюртмасида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар аниқланганда тўхтатиб туради.

Тижорат банки ушбу бандда назарда тутилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида қарз олувчининг фаолияти юзасидан, шу жумладан, жойига чиқиб мониторинг олиб боради ва улар аниқланганда бу тўғрида Жамғармани уч кун мобайнида хабардор қилади.


63. Жамғарма компенсация беришни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳолат аниқлангани тўғрисида тижорат банкининг билдиришномасини олгандан сўнг уч кун мобайнида компенсация беришни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу тўғрисида тижорат банкини хабардор қилади.


64. Компенсация беришни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган сабаблар бартараф этилгач, компенсация бериш қайта тикланиши мумкин.


65. Жамғарма:

қарз олувчи кредит шартномаси бўйича кредитни тўлиқ қайтарса;

кредит шартномасининг амал қилиши тўхтатилса;

компенсация бериш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тўхтатилса компенсация беришни тўхтатади.

Жамғарма қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам компенсация беришни тўхтатиши мумкин.


66. Компенсация бериш тўхтатилган ёки компенсация бериш тўғрисидаги шартнома муддатидан олдин бекор қилинган ҳолатларда:

бу қарз олувчининг айби билан содир бўлса - қарз олувчи кредит бўйича фоизларни тўлиқ тўлайди;

бу банкнинг айби билан содир бўлса - банк компенсацияни ўз маблағлари ҳисобига тўлайди.



7-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ КРЕДИТЛАРИ

БЎЙИЧА  КИЧИК  БИЗНЕС  ВА  ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИГА ЖАМҒАРМАНИНГ КАФИЛЛИГИ

БЕРИЛИШИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ

ВА ТАРТИБИ


67. Жамғарма ушбу Низомга иловада назарда тутилган кафилликларни беради.


68. Жамғарма фақат:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган;

тугатилиш босқичида бўлмаган;

жорий кредит ва бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги бўлмаган;

уларга нисбатан банкротлик тартиботи қўзғатилмаган;

ушбу Низомда белгиланган бошқа талабларга риоя қиладиган қарз олувчиларга кафиллик беради.


69. Қонун ҳужжатларида ва тижорат банкининг кредит сиёсатида назарда тутилган кредит бериш учун зарур бўлган ҳужжатларни илова қилган ҳолда қарз олувчининг тижорат банки филиалига мурожаат қилиши кафиллик ташаббуси билан чиқиш учун асос ҳисобланади.


70. Кредит бериш имконияти тўғрисида масала кўриб чиқилгандан кейин тижорат банкининг филиали қарор қабул қилинган санадан бошлаб икки кун мобайнида:

кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинса - кафиллик олишга буюртмани илова қилган ҳолда ўз хулосасини тижорат банкига тақдим этади ва бу ҳақда қарз олувчини хабардор қилади;

кредит ажратиш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинса - рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда қарз олувчига ёзма жавоб юборади.


71. Тижорат банки филиалдан ҳужжатлар олинганидан кейин бир кун мобайнида:

олинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

Жамғарма томонидан белгиланган шаклга мувофиқ буюртма тайёрлайди;

қарз олувчига кафиллик берилиши учун Жамғармага буюртма юборади.

Буюртма электрон рақамли имзо орқали имзоланиши мумкин.

Буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун тижорат банкининг уни имзолаган мансабдор шахси жавоб беради.


72. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси буюртма Жамғармага тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида уни кўриб чиқади ва кафиллик бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


73. Жамғарма бир иш куни мобайнида тижорат банкини қабул қилинган қарор тўғрисида (рад этилганда тақдирда - асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) кейинчалик банк филиали ва қарз олувчини бохабар қилиши учун хабардор қилади.


74. Кафиллик берилгани тўғрисида билдиришнома олинганда тижорат банки икки кун мобайнида:

кафиллик берилгани тўғрисида банк филиалини хабардор қилади;

Жамғарма ва қарз олувчи билан кафиллик берилиши тўғрисида шартномани имзолайди.

Кафиллик берилиши тўғрисидаги шартномани электрон рақамли имзо орқали имзолаш мумкин.


75. Кафиллик берилганлиги учун Жамғарма қарз олувчидан миллий валютада кафиллик суммасининг бир фоизи миқдорида бир марталик воситачилик ҳақини ундиради.

Жамғарманинг кафиллик бўйича мажбуриятлари воситачилик ҳақи тўлиқ тўланган санадан бошлаб кучга киради.


76. Кафиллик бўйича мажбуриятлар қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

кредит бўйича асосий қарзнинг кафиллик билан таъминланган қисмининг тўланиши;

Жамғарма томонидан кафиллик бўйича тўловнинг амалга оширилиши;

Жамғарманинг ёзма рухсатисиз кредит шартномаси бўйича мажбуриятларда шахсларнинг алмаштирилиши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


77. Жамғарма кафиллик портфелининг қисман ёки тўлиқ ҳажми учун суғурта қопламасини жалб этиш ҳуқуқига эга. Бунда суғурта қопламаси бўйича сарф-харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


78. Кредит қайтарилмаслигини суғурта қилишнинг барча шартномалари бўйича суғурта қопламасининг умумий ҳажми (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурта қилиш) молиявий йилда "Кафолат" суғурта компанияси АЖ ўз капиталининг 10 фоизидан ортиқ бўлган тақдирда компаниянинг ўз капиталининг 10 фоизидан ортиқ суммадаги йўқотишлари Жамғарма маблағлари ҳисобига компенсация қилинади.



8-БОБ. БЕРИЛГАН КАФИЛЛИК БЎЙИЧА

МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ ЖАМҒАРМА

ТОМОНИДАН ИЖРО ЭТИЛИШИ

ТАРТИБИ


79. Қарз олувчи кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар камайтирганда, биринчи навбатда, кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда Жамғарма кафиллиги таъминланишидан озод этилади. Бунда қарз олувчи томонидан ажратилган кредит бўйича таъминлаш сифатида тақдим этилган мол-мулк фақат Жамғарма кафиллиги тўлиқ қопланганидан сўнг гаровдан озод этилади.


80. Тижорат банки берилган кредит бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши бўйича мажбуриятлар ижроси юзасидан қарз олувчи фаолиятининг, шу жумладан, жойига чиқиб мониторингини олиб боради.


81. Қарз олувчи берилган кредит бўйича мажбуриятларни бажармаса ёки тегишли равишда бажармаса, бажарилмаган ёки тегишли равишда бажарилмаган санадан бошлаб ўн кун мобайнида банк қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унга ёзма талаблар қўяди.


82. Қарз олувчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган санадан (тегишли равишда бажармаганда) бошлаб банк 90 календарь кун мобайнида қарз олувчидан кредит бўйича асосий қарзнинг қайтарилмаган суммасини олиш, ундан фоизларни ундириш ва кредит шартномасида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши учун, жумладан:

қарз олувчининг ҳисоб рақамидаги маблағларни унинг рухсатисиз олиб қўйиш;

ундирувни гаров предметига қаратиш ва таъминлашга талаблар қўйиш (Жамғарма кафиллиги бундан мустасно) йўли билан барча оқилона ва юзага келган вазиятда мумкин бўлган чораларни кўришга мажбур.

Муддатлар тугагач ва ушбу бандда назарда тутилган барча зарур тартиботлар бажарилгандан сўнг, агар кредит шартномасида белгиланган тартибда банк олдидаги қарз суммаси қайтарилмаса, банк Жамғармага қуйидагилар қайд этилган талабларни қўяди:

кафиллик шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами, банк ва Жамғарма кафил бўлган қарз олувчининг номи);

кафиллик шартномаси билан таъминланадиган кредит шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами ва бошқалар);

кредит бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизлар суммасига бўлинган талаблар ҳажми;

қарз олувчининг шартнома бўйича бажарилмаган мажбуриятлари ҳажми бўйича жавобгарликнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда Жамғарманинг кафиллик шартномаси бўйича молиявий жавобгарлик ҳажми ҳисоб-китоби;

тўлов реквизитлари кўрсатилган Жамғарма томонидан тўланадиган маблағлар ўтказилиши керак бўлган банк ҳисобварағи;

банк талабларини қаноатлантириш муддатлари.


83. Талаб (эътироз) тижорат банкининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва банк муҳрининг босма изи билан тасдиқланиши керак.


84. Ушбу талабга қуйидагилар илова қилинади:

талабни (эътирозни) имзолайдиган шахснинг ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси;

қарз олувчининг қарздорлиги ҳисоб-китоби ва Жамғарма жавобгарлигининг ҳисоб-китоби;

қарз олувчининг банк олдидаги қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

банкнинг қарз олувчига йўллаган талабининг (эътирозининг) нусхаси;

тижорат банки ушбу Низомда қайд этилган қарз олувчига нисбатан чоралар кўргани ва тегишли ишларни амалга оширганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхалари билан биргаликда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотнома.

Банкнинг Жамғармага нисбатан талаби (эътирози) қайд этилган барча ҳужжатлар тижорат банкининг ваколатли вакили томонидан тасдиқланиб, банк муҳрининг босма изи билан мустаҳкамланиши лозим.


85. Тақдим этилган талаб Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан берилган кафиликка ва илова қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш кафиллик шартномасида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.


86. Жамғарма қуйидаги ҳолатларда тижорат банкига кафиллик суммасини тўлаш ҳақидаги талабни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга:

талаблар ва илова қилинган ҳужжатлар кафиллик шартномаси шартларига мувофиқ эмаслиги;

у бўйича Жамғарманинг кафиллик шартномаси тузилган кредитдан мақсадли фойдаланиш устидан белгиланган тартибда тегишли назорат амалга оширилмаслиги.

Эътирозлар билдирилган тақдирда, Жамғарма банкдан талаб тушган санадан бошлаб уч кун мобайнида тижорат банкига мавжуд барча эътирозлар кўрсатилган хатни юборади.


87. Жамғарма эътирозлар билдирилмаганда тижорат банки томонидан кўрсатилган ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиши шарт. Жамғарма тижорат банкининг талаблари асосида ва кафиллик шартномасига мувофиқ тижорат банкига кредитнинг тўланмаган қисми бўйича кафиллик шартномасида кўрсатилган мажбуриятлар суммасидан ошмайдиган миқдорда тўловни амалга оширади.


88. Жамғарма мажбуриятлари Жамғарма томонидан тижорат банкига пул маблағлари ўтказилган пайтдан ижро этилган ҳисобланади.


89. Кафиллик бўйича тўловларни тўлагандан сўнг Жамғарма тижорат банки билан биргаликда харажатлар қарз олувчининг бошқа ликвид мулки ҳисобига, шу жумладан, судга мурожаат қилиш орқали қопланишини регресс тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.



9-БОБ. ЖАМҒАРМА ТОМОНИДАН МОЛИЯВИЙ

КЎМАК БЕРИЛИШИДА ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-

КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


90. Жамғарма замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи "Тадбиркор" ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда кафиллик, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар бериш тўғрисида электрон шартномалар тузиш;

тижорат банклари ва уларнинг мижозларига Жамғарманинг расмий  веб-сайти орқали реал вақт режимида кредит буюртмаларининг кўриб чиқилиши ва бажарилиши ҳолатини кузатиб бориш имконини бериш.



10-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


91. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва уларнинг сарфланишини ҳисобга олади ҳамда улар бўйича ҳисобот тузади.


92. Тижорат банклари ҳар ойнинг 15-кунидан кечиктирмай Жамғармага унинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.


93. Ижро этувчи дирекция Жамғарма маблағларидан фойдаланилгани тўғрисида ҳар чоракда - тасдиқлаш учун Кенгашга ҳисобот тақдим этади.


94. Ижро этувчи дирекция 1 февралгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига молиявий ҳисобот йили учун қарз олувчилар бўйича кафилликлар юзасидан амалда тўланган компенсациялар ва тўловлар тўғрисида ахборот тақдим этади.


95. Ижро этувчи дирекция, тижорат банклари ва давлат молиявий назорати органлари қарз олувчилар томонидан кафилликлар бўйича компенсациялар берилиши ва тўловлар тўланишининг ушбу Низомда белгиланган шартлари, мақсадлари ҳамда тартибига риоя этилишини текширади.


96. Қарз олувчи тўғрисидаги ахборотни олиш ва текшириш учун Жамғарма қарз олувчининг кредит тарихи ҳақида ахборотни сўраб олишга ёки кредит бюроси, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ахборот тизмларига уланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик ҳақида ахборот сўраш ҳуқуқига эга.


97. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти йилда камида бир марта Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини белгиланган тартибда текширади.


98. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар чоракда камида бир марта берилган кафилликлар юзасидан компенсациялар ва тўловлар миқдорини аниқлашда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини жойида ўрганади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


99. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


100. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, суд тартибида ҳал этилади.


101. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

давлат жамғармаси томонидан кўрсатиладиган

молиявий ёрдам шакллари


1. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради), бироқ базавий ҳисоб-китоб миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш.


2. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради) миқдорда кафиллик бериш, бироқ 8 миллиард сўмдан ортиқ эмас.


3. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш, шу жумладан:

а) суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоизли ставка билан қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлган, бироқ 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича миллий валютада;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сон қарорига 2-иловадаги рўйхатда кўрсатилган чекка ва тоғли туманларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармони билан тасдиқланган "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга ошириладиган суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган лойиҳалар учун - 8 фоизли пункт миқдорида қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган фоизли ставка билан миллий валютада;

в) суммаси 10 миллиард сўмга тенг миқдордан ошмайдиган хорижий валютада - тижорат банклари томонидан белгиланган фоизли ставканинг 30 фоизгача миқдорда, бироқ 3 фоизли пунктдан ортиқ эмас;

г) хорижий валютада - иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совутгичлар қуриш учун 2017 йил 5 сентябргача халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган валюта кредитлари бўйича - белгиланган фоизли ставканинг 50 фоизи миқдорида;

д) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига, "Томорқа хизмати" МЧЖлар ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

Изоҳ. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бош битимлар асосида ваколатли тижорат банклари орқали миллий ва хорижий валютада амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 январь





































Время: 0.1386
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск