ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Тиббиёт саноати. Микробиология саноати /

"Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 28.01.2020 й. ПҚ-4574-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 28 январдаги

ПҚ-4574-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб

чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


"Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) мамлакатнинг фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш тизимини шакллантиришга, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлашга, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Фармацевтика тармоғининг ҳозирги таҳлили шуни кўрсатадики, маҳаллий фармацевтика бозори ва фармацевтика саноати замонавий соғлиқни сақлаш эҳтиёжларини етарли даражада қаноатлантириш ҳамда аҳолининг касалликларга чалиниш ва ўлимлар сонини камайтириш муаммоларини ҳал қилиш имконини бермаяпти.

Ташқи бозорларга қарамликни минималлаштириш, фармацевтика саноатини ҳар томонлама такомиллаштириш ва уни ривожланишнинг инвестицион моделидан инновацион моделига ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида мамлакатда дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг фармацевтика секторини модернизация қилиш, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратиш, товарлар ва хизматлар экспортини кўпайтириш, илғор илмий-техник ишланмаларни молиялаштириш зарурати мавжуд.

Хусусан, фармацевтика тармоғи маҳсулот турларига кўра иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларнинг шундай тармоқларидан орқада қолмоқда. Айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар, жарроҳлик асбоб-ускуналари, стерилланган бир марталик катетерлар, ўтказувчи катетерлар, тикув материаллари, диализаторлар, анестетик ва нафас олиш ускуналари, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик ва травматологияда юқори технологик жарроҳлик аралашувларда ишлатиладиган материаллар етишмаслиги яққол сезилмоқда.



2-БОБ. КЛАСТЕРНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


Ушбу Концепция "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини (кейинги ўринларда - Кластер) ташкил этишдан кўзланган мақсадлар ва унинг вазифаларини белгилайди.

Кластерни ташкил этишдан мақсад республиканинг фармацевтика тармоғини қуйидаги уч йўналишда ривожлантириш ҳисобланади:

фармацевтика фанини ривожлантириш;

фармацевтикада таълим тизимини такомиллаштириш;

чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш.

Кластернинг вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

халқаро тажрибани қўллаган ҳолда инновацион ечимлар (ноу-хау) ва юқори технологияларни жорий этиш орқали республиканинг фармацевтика тармоғини ривожлантириш;

замонавий ўқув-лабораториялари ва илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, инновацион инфратузилмани яратиш;

дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспертиза қилиш бўйича марказ фаолиятини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот базасини халқаро инновацион тизимга интеграциялаш орқали ривожлантириш;

тажриба ва маълумотларнинг доимий алмашинувини ташкил этиш орқали хорижнинг ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманлар ва симпозиумларда амалий иштирок этишни таъминлаш;

дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун, шу жумладан хорижий фармацевтика компанияларининг инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш;

фармацевтика тармоғида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича халқаро ўқитиш дастурларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш, шу жумладан инновацион дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган таълим инфратузилмасини яратиш;

илмий-таълим ва тадқиқот марказларининг илмий-техник ва инновацион дастурлар, танловлар ва грантларда иштирок этиши учун шарт-шароитларни таъминлаш.



3-БОБ. КЛАСТЕРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Кластер иккита асосий йўналишдан иборат:


1. Кластернинг академик, илмий-тадиқот, клиник олди ва клиник таркибий қисмлари жойлашадиган технопарк яратиш.


2. Етакчи фармацевтика компаниялари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонлари жойлашадиган фармацевтика саноат зонасини яратиш.

Фармацевтика саноат зонаси ҳудудидаги лойиҳаларни молиялаштириш тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилади.

Фармацевтика, косметология, ишлаб чиқариш технологияси, бизнесни бошқариш ва бошқа соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган кўп тармоқли университет (кейинги ўринларда - университет) барпо этиш кўзда тутилади. Университет қуйидаги инфратузилмани ўз ичига олади:

янги дори воситалари ва биотехнологик препаратлар ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш, шунингдек, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни такомиллаштириш, тажриба-экспериментал ишлаб чиқариш билан бирга клиник олди тадқиқотларни ўтказиш бўйича илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар;

ўқув-илмий лабораториялари ва виварийлар;

фармакопея маркази;

меҳмонхонага эга симпозиум маркази;

талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жойлар;

спорт-соғломлаштириш мажмуаси, сув ҳавзаси ва стадион.

Халқаро таълим муассасасини ташкил этишнинг ушбу модели хориждаги шундай ўқув муассасаларида қўлланилади.

Шунингдек, кластер моделига саноат зонаси ҳам интеграциялаштирилган бўлиб, унда инновацион дори воситалари ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлаштирилади.

Келгусида Кластер ҳудудида чет эл клиникалари, тиббиёт марказлари ва бошқа зарур инфратузилмаларни жойлаштириш кўзда тутилмоқда, бу эса умуман Кластерни уйғун равишда ривожлантиради.

Ушбу йўналишларни амалга ошириш қуйидагиларга ёрдам беради:

таълим жараёнининг илмий ва ўқув-услубий таъминотини ривожлантириш орқали малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

фармацевтика тармоғининг ҳозирги ривожланиш тенденциялари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда фармацевтика саноати учун мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;

илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини жаҳон стандартларига мувофиқ янгилаш;

олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар профессор-ўқитувчиларининг илмий-амалий жараёндаги иштирокини моддий рағбатлантириш орқали уларнинг юқори малакали кадрлар тайёрлашда, янги илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этишдаги ролини ошириш;

энг самарали генерик дори воситалари турини кенгайтириш орқали янги дори воситаларини ишлаб чиқиш тизимини такомиллаштириш, янада яхшиланган фармакокинетик ва фармакодинамик хусусиятларга эга янги, замонавий инновацион дори шакллари, фаол моддани организмга мақсадли етказиб бериш тизимларини яратиш;

инновацион самарали дори воситалари ва тайёр дори шаклларини яратиш ва ишлаб чиқишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистондаги ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмлардан ажратиб олинган биологик фаол бирикмаларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, фармацевтика саноатида ишлатиш учун ўсимликлар, микроорганизмлар ва ҳайвонлардан биологик фаол моддалар олиш технологиясини ишлаб чиқиш.

Кластерни ривожлантириш мезонларидан бири бу экспертлик марказини ташкил этиш, илмий-тадқиқот базасини ривожлантириш, биофармацевтика саноатини ривожлантиришда халқаро тажрибани жорий этиш, маҳаллий мутахассисларни умум эътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўқитиш, янги жиҳозлар, муҳандис-техник кадрлар тайёрлашда зарур бўлган мезон ва мутахассисликлар ҳисобланади.

Кластер ривожланишининг бошқа бир мезони бу халқаро кластер ҳамжамиятларига қўшилиш, хорижий илмий-тадқиқот марказлари ва клиникалар билан шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, халқаро симпозиумлар, конференциялар, ярмаркалар ўтказиш, Кластерни Марказий Осиё минтақасидаги ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари маркази сифатида шакллантириш ҳисобланади.

Лойиҳанинг ўзига хослиги шундан иборатки, кўп тармоқли университетда ўзининг экотизими яратилади, бу эса таълим ва илмий-тадқиқот таркибий қисмларининг ҳамоҳанг ривожланишига имкон беради. Уларнинг барчаси бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлади ва маҳаллий кадрларни тайёрлаш ушбу майдонларда амалга оширилади.

Кўп тармоқли университетнинг кампуси (талабалар шаҳарчаси) қуйидаги функционал элементларни ўз ичига олади:

ўқув бинолари;

ўқув-илмий лабораториялар;

илмий-тадқиқот маркази;

виварийга эга клиник олди тадқиқотлар маркази;

фармакопея маркази;

ўқув-илмий кутубхона;

илмий-тажриба линиялари;

коворкинг маркази, бизнес акселератор;

талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жойлар;

спорт-соғломлаштириш мажмуаси, стадион;

меҳмонхонага эга симпозиум маркази.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар қуйидагилар бўлиши лозим:

аҳолини фармацевтика ва унга ёндош соҳаларда юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;

фармацевтика тармоғида тадқиқотлар ва ишланмаларни янада ривожлантириш учун илғор илмий-техник базанинг фаолият олиб бориши;

илм-фан ва таълимни миллий инновацион тизимнинг кадрлар таъминоти сифатида интеграциялаш;

Кластер ҳудудида чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларнинг фаолият олиб бориши;

фармацевтика соҳасида биринчи "илм шаҳарчаси" нинг шаклланиши.



5-БОБ. ЛОЙИҲАНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


Кластернинг илмий-таълим таркибий қисмини молиялаштириш манбаи Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (EDCF) линияси бўйича 188,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредитлари ҳисобланади.

Кредит линиясининг шартлари:

лойиҳанинг ижтимоий йўналтирилганлиги, лойиҳа таркибий қисмларида тижорат компонентининг йўқлиги;

кредит муддати - 40 йил, шу жумладан имтиёзли давр - 10 йил;

фоиз ставкаси: I босқич учун - йиллик 0,10 фоиз, II босқич учун - йиллик 0,05 фоиз.

Лойиҳани иккита фазада қурилиш-монтаж ишларини босқичма-босқич молиялаштириш ва амалга ошириш билан рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

I фазани молиялаштириш 2019 йил 16 августда Сеул шаҳрида "Сиёсий мулоқот" (Policy Dialogue) доирасида имзоланган Протокол ("Aide Memoire") натижаларига биноан 2018-2020 йилларга мўлжалланган амалдаги Ҳадли битим (Framework agreement) доирасида (лойиҳа 2020 йилга киритилган) режалаштирилган.

II фазани молиялаштириш Ўзбекистон учун келажакдаги Ҳадли битим (Framework agreement) доирасида 2021 йилга режалаштирилган.

Қурилиш босқичлари.

I босқич: кўп тармоқли университет:

ўқув бинолари;

ўқув-илмий лабораториялар;

виварийга эга клиник олди тадқиқотлар маркази;

фармакопея маркази;

ўқув-илмий кутубхона;

спорт-соғломлаштириш мажмуаси, стадион;

коворкинг маркази, бизнес акселератор;

талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой;

муҳандислик коммуникациялари.

II босқич: кўп тармоқли университет:

илмий-тадқиқот маркази;

илмий-тажриба линиялари;

меҳмонхонага эга симпозиум маркази;

муҳандислик коммуникациялари.



6-БОБ. МАНФААТДОР ТОМОНЛАРНИНГ

ИШТИРОКИ ВА МАСЛАҲАТЛАШУВЛАР


Лойиҳанинг концептуал қисмини амалга оширишда қуйидаги ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этдилар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги;

Тошкент вакциналар ва зардоблар илмий-тадқиқот институти;

Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти;

Тошкент фармацевтика институти;

етакчи хорижий ва маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий техника ишлаб чиқарувчилар.

Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғининг ҳозирги ҳолати бўйича тадқиқотлар ўтказилди.

Фармацевтика кластери ташкил этиш масаласини ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги кўмагида Германиянинг "Berlin Economics" иқтисодий гуруҳининг Ўзбекистондаги маслаҳатчилари жалб қилинди. Германия гуруҳи томонидан Ўзбекистонда фармацевтика кластерини ривожлантириш ва кластерли ечимларни бошқариш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Кореялик қуйидаги ҳамкорлар билан доимий равишда маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда:

Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги;

Корея Республикаси Фармацевтика ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (KPBMA);

KBIOHealth - "ОSОNG" биофармацевтик технопаркининг бошқарув компанияси (Корея Республикаси);

KHIDI - Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва фармацевтикани ривожлантириш институти.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 3 февраль, 4-сон, 32-модда








































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск