ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 24.01.2020 й. ПФ-5924-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 24 январдаги

ПФ-5924-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия

ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишнинг мақсади, вазифалари ва узоқ муддатли ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаб беради, жумладан:

2025 йилга келиб мамлакат аҳолисининг саломатлик даражасини яхшилашга эришиш;

спорт мактаблари сонини ва спорт таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни молиявий таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг умумий сонини ошириш;

давлат органлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳамда аҳоли ўртасида турли оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш орқали аҳолининг ҳафталик ҳаракат фаолиятини оширишга эришиш;

Ўзбекистон спорт терма жамоаларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон, қитъа спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш;

спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркибини, хусусан олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич ошириш;

ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда "таълим муассасалари - спорт мактаби - олий спорт" тамойилида узвийлик тизимини ҳамда машғулот ва иқтидорли спортчи-ёшларни саралаш жараёнини босқичма-босқич амалга ошириш;

спорт соҳасида бошқа замонавий усуллар ва йўналишларни жорий этиш;

давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига жисмоний тарбия ва спорт тизимида рақобат муҳитини яратиш;

спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчилар ягона маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида спорт паспортини жорий этиш ва мунтазам равишда юритиб бориш тизимини қўллаш;

ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида спорт таълими муассасалари мутахассис ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш.



2-БОБ. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ТИЗИМИНИНГ

ЖОРИЙ ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР


2. Республикадаги 12 мингдан ортиқ спорт иншоотларида ёшларнинг 30 фоизи қамраб олинди. "Ёшлар ҳафталиги", "Хотин-қизлар ҳафталиги", "Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги" ва "Таълим муассасалари ҳафталиги" каби шиорлар остида аҳолининг кенг қатламларини спортга жалб этишга қаратилган спорт мусобақаларини ўтказиш тизими яратилди.

Спортчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган республика спортчиларига умрбод ойлик тўловлар тўланиши ва уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш механизми жорий қилинди.

Соҳада малакали ва замонавий кадрлар тайёрлаш билан бирга спортда фан ва амалиётнинг бир-бири билан узвий алоқадорлигини таъминлаш учун бир қатор янги спорт олий таълим муассасалари ташкил этилди.


3. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида оммавий спорт тадбирларини ўтказиш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт таълими муассасаларида замонавий талаблар асосида машғулотлар олиб боришга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, шу жумладан:


а) жисмоний тарбия ва спортни бошқариш тизимида:

бошқарув вертикалини амалга ошириш механизми етарлича ривожланмаганлиги, туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ваколатлари чегараланганлиги улар ролининг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлмоқда;

бошқарув тизими ва спорт таълими муассасалари раҳбарлари фаолиятининг очиқлик ва шаффофлик даражаси етарли эмаслиги, жамоатчилик назорати йўлга қўйилмаганлиги, айрим раҳбарларда зарур масъулият ва ташаббускорликнинг йўқлиги қўйилган вазифалар ҳамда мақсадли кўрсаткичлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

спорт таълими муассасаларига иқтидорли болаларни қабул қилиш, шунингдек, ўқув жараёнида турли шаклдаги коррупция элементларига барҳам бериш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш талаб этилмоқда;

ўқувчилар сони қувватига нисбатан кўп бўлган ҳудудларда ягона бўлган спорт мактабларида соғлом рақобат муҳити йўқлиги туфайли талаб даражасидаги спорт тайёргарлиги сифати таъминланмаяпти;

спорт муассасалари тренер ва ходимларни салоҳияти ўсишига тўсқинлик қилаётган мезонлар ва талабларнинг аниқ тавсифи бўйича стандартларнинг йўқлиги спорт муассасалари раҳбарларини тайинлаш тартибининг самарасиз бўлишига олиб келмоқда;

спорт муассасаларини бошқариш жараёнига ишни режалаштириш ва ташкил этишнинг замонавий инновацион усуллари, илғор ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий этилмаганлиги самарали бошқарув тизими яратилишига тўсқинлик қилмоқда;

спорт муассасалари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилувчи ижро этувчи ҳокимият органлари ишининг очиқлик ва шаффофлик даражаси етарли эмаслиги, жамоатчилик назоратининг заифлиги, баъзан эса мутлақо мавжуд эмаслиги ҳаддан ташқари бюрократияга ва коррупциянинг ҳар хил шаклларда намоён бўлишига олиб келмоқда;


б) олий спорт ютуқлари ва миллий терма жамоалар тайёрлаш соҳасида:

спорт федерациялари (уюшмалари) ва ҳокимликлар томонидан Олимпия спорт терма жамоасини шакллантириш ва юқори натижаларни таъминлайдиган спортчилар учун шарт-шароитлар яратишга етарли даражада эътибор берилмаяпти;

турли даражадаги халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришда спортчиларни саралаш (селекция), тайёрлаш ва мусобақаларда қатнашиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган;

спорт турларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, спортчиларни саралаш методологияси яратилмаган;

жойларда, айниқса, қишлоқ жойларда спорт мусобақаларини ташкил этиш талаб даражасида эмас;

спортчиларнинг мусобақаларда мунтазам қатнашмаслиги улар маҳоратини оширишга ва миллий терма жамоа таркибига маҳоратли спортчиларни саралаб олинишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари спорт таълими муассасаларининг фаолиятини чуқур таҳлил қилмасдан, фақатгина улардан статистик ва бошқа маълумотларни тўплаш билан чегараланаётганлиги жойлардаги ҳаққоний ҳолатни аниқлашга тўсқинлик қилмоқда;

спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг ўз спорт базасига эга эмаслиги, мавжудларида эса моддий-техника базаси бугунги талабларга жавоб бермаслиги олий спорт турларини ривожлантиришига тўсқинлик қилмоқда;

миллий терма жамоалар спортчиларининг халқаро спорт мусобақалари давридаги иштироки илмий жиҳатдан таҳлил қилинмайди;

спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар Бош тренерларининг фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлиги таҳлил этилмайди;

спорт таълими муассасаларида истиқболдаги олимпия спорт турларининг сони ҳудудларнинг хусусиятидан келиб чиқиб оширилмаяпти;

Олимпия ўйинлари ва йирик халқаро спорт мусобақаларига тизимли тайёргарлик кўриш учун ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси асосида ягона марказлашган Олимпия тайёргарлик кўриш марказини барпо этиш зарурати мавжуд;


в) спорт тиббиёти ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчилар учун тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида:

спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчи шахслар тиббий хизматдан тўлиқ фойдаланмаслиги ва тиббий хизматнинг сифати амалда таъминланмаганлиги аҳолини соғломлаштириш учун жисмоний тарбиянинг мавжуд имкониятларидан самарасиз фойдаланилаётганини кўрсатмоқда;

мусобақаларга тайёргарлик ва мусобақалар даврида катта жисмоний юклама остида ҳаракат қиладиган спортчиларни тезкорлик билан тиклаб олиш учун фармакологик кўмак бериш бўйича янги дори воситаларини яратиш, замонавий ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш юзасидан илмий изланишлар олиб борилмаган;

спортчиларнинг ўз жисмоний ва руҳий тикланишини тезлаштирадиган, соғлигини ушлаб турадиган фармакологик моддалардан фойдаланишни билмаслиги натижасида ҳамда руҳий тайёргарлик даражаси паст бўлган спортчилар турли халқаро мусобақаларда юқори кўрсаткичларга эриша олмаяпти;

республика Олимпия терма жамоалари аъзоларининг мусобақага тайёргарлиги ҳамда тикланиш жараёнини мониторинг қилиш бўйича комплекс лабораториялар мавжуд эмас ва бу соҳада илғор ҳисобланган давлатлардан спорт психологияси ва диетологияси бўйича мутахассисларни жалб қилиш зарурати мавжудлигидан дарак беради;


г) жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассис кадрларни тайёрлаш соҳасида:

олий маълумотли мутахассисларнинг етишмаслиги соҳада олиб борилаётган ишлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарасига салбий таъсир кўрсатмоқда;

жамоавий ўйин спорт турлари бўйича республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолибларини олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнида имтиёзлар чегараланган;

спорт таълими муассасаларида фаолият олиб бораётган 12 мингдан ортиқ тренерларнинг 49 фоизи ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, 7 мингдан зиёд олий маълумотли тренерларга эҳтиёж мавжуд;

спорт таълими муассасаларида психолог, диетолог ва фармаколог каби тор мутахассисликлар бўйича штат бирликлари мавжуд эмас;

спорт турлари, жумладан олимпия спорт турлари бўйича ҳакамларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими жорий этилмаган;

спорт турлари бўйича халқаро федерациялар ва йирик спорт ташкилотлари билан алоқалар йўлга қўйилмаганлиги оқибатида терма жамоалар билан ишлайдиган тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг савияси ва билими бугунги кун талабларига жавоб бермайди;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда илғор инновацион технологиялар, методикалар ва спортнинг илмий ютуқлари жорий этилмаган;


д) спорт инфратузилмаси, анжомлар билан жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида:

ҳозирда 3 мингдан зиёд умумтаълим мактабининг (32 фоиз) спорт заллари таъмирталаб ҳолатда бўлиб, қарийб 2,5 минг мактабда (25 фоиз) спорт заллари мавжуд эмас;

таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган спорт таълими муассасаларининг спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш тизими йўлга қўйилмаган;

жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасига замонавий ахборот технологияларини ва мультимедиа маҳсулотларини жорий этишга етарли даражада эътибор берилмаяпти;

спорт муассасалари бир қисмининг моддий-техника базаси ҳолати, уларнинг ортиқча юкламага эга эканлиги, айрим ҳолларда фаолиятни ташкил этиш учун зарур бўлган тегишли ускуналар, кўргазмали қўлланмалар билан лозим даражада таъминланмаганлиги уларга юкланган вазифалар етарлича самарали бажарилмаслигига олиб келмоқда;


е) жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш соҳасида:

республика бўйича мавжуд 12 мингдан ортиқ спорт иншоотларининг (стадион, спорт зали, бассейн, манеж ва бошқалар) бир кунлик спорт машғулотларини ўтказиш қуввати қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этиб, умумий аҳолининг сонига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди;

олий таълим муассасаларидаги мавжуд спорт иншоотлари талабаларнинг қарийб 50 фоизини қамраб олиш имкониятига эга бўлса-да, амалда 21 фоиз талаба-ёшлар спорт тадбирларига қатнашмоқда;

аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, ўсиб келаётган авлодни жисмонан камол топтиришни таъминлаш учун шарт-шароитларни яратиш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан етарлича ташкил қилинмаганлиги оқибатида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар етарлича қамраб олинмаяпти;

таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилмаган ва бу бўйича изчил тизим мавжуд эмас;

ҳудудларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг спорт иншоотлари ҳамда кадрлар салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия фанидан олимпиадаларни ташкил этиш ҳамда шу орқали ғолиб ўқувчиларни спорт мактабларига саралаб олиш, селекция ишлари тизимли амалга оширилмаяпти;

мактабларда ўқувчиларни жамоавий спорт ўйин турларига жалб этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни оммалаштириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасига инновацион технологиялар жорий этилмаяпти;


ж) жисмоний тарбия ўқитувчилари, тренерлар ва мутахассисларни рағбатлантириш соҳасида:

спорт муассасалари тренерлари ва ходимлари фаолияти самарадорлигини белгиловчи мезонлар ва малака талабларининг аниқ тавсифи йўқлиги оқибатида спорт муассасалари фаолияти самарасиз бўлиб қолмоқда;

умумтаълим мактабларида оммавий спортни ривожлантириш бўйича самарадорликка эришаётган жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш йўлга қўйилмаганлиги сабабли уларнинг ўз спорт тури бўйича қўшимча машғулотлар олиб бориш мотивацияси паст даражада қолмоқда;

жисмоний тарбия предметидан фан олимпиадаси жорий қилинмаганлиги ушбу фанга бўлган қизиқиш пасайишига олиб келмоқда;

спорт мактаблари, олимпия захиралари ва олий спорт маҳорати мактаблари тренерларининг ойлик иш ҳақи умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларига нисбатан номутаносиблиги малакали тренерларнинг ишдан бўшаб кетишига ва ёшларни тайёрлаш даражаси пасайишига сабаб бўлмоқда;

спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ўқувчи-талабаларни тайёрлаган жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш механизми жорий этилмаган;


з) жисмоний тарбия ва спорт тизимини молиялаштириш соҳасида:

жисмоний тарбия ва спорт тизимини молиялаштиришда маблағларни самарали ва шаффоф тизим асосида тақсимлаш ва фойдаланиш талаб этилмоқда;

жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг асосий қисми иш ҳақига сарфланиб, спорт тадбирлари календарь режаси, спорт жиҳозлари, бино ва иншоотларни таъмирлашга етарли маблағ ажратилмасдан келинмоқда;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шаҳар ва туманларда календарь режа асосида ўтказиш учун белгиланган мусобақаларни молиялаштиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар етарлича ажратилмаслиги оқибатида республика миқёсида ўтказилган спорт мусобақаларида вилоят жамоалари иштироки таъминланмаган.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ

ТИЗИМИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ

ВА РИВОЖЛАНИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Жисмоний тарбия ва спорт тизимининг ривожланиши мазкур Концепция иловасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишга асосланади.


5. Жисмоний тарбия ва спорт тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишларга асосан амалга оширилади:


5.1. Аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан кенг қамраб олиш:

миллий қадриятларимизни тиклаш, ёш авлодга етказиш мақсадида "Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари", "Улоқ", "Кўпкари" каби этнофестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш;

"Tashkent Marathon" халқаро марафони, "Save Aral" халқаро экомарофонларини ўтказиш, спорт туризмини ривожлантириш;

тасарруфида очиқ спорт иншоотлари (стадион, футбол ва бошқа спорт майдонлари) мавжуд бўлган вазирлик, идоралар томонидан аҳолининг барча қатламлари учун жисмоний тарбия (югуриш, юриш ва бадантарбия) билан бепул шуғулланиши учун шароит яратилиши;

мавжуд маданият ва истироҳат боғларида аҳоли жисмоний тарбия билан бепул шуғулланиши учун "WorkOut" - маҳалла (кўча) фитнеси, "скандинавча юриш", юриш, югуришга шароит яратиш;

"Ёшлар ҳафталиги", "Хотин қизлар ҳафталиги", "Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги" оммавий жисмоний-тарбия тадбирларини ташкил этиш;

спорт таълими муассасаларида, таълим муассасаларининг спорт иншоотларида ҳамда жисмоний тарбия, спорт марказлари ва клубларида "очиқ эшиклар" кунларини ташкил этишни анъанага айлантириш;

қишлоқ жойларида спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатлари, конкурслар ташкил этиш;

аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи "Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовларини жорий қилиш;

спорт синовларини аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида мусобақа, фестиваль тарзида ташкил этиш, спортни кундалик турмуш тарзига айлантириш;

меҳнат жамоаларида ходимларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши ва бунинг учун шарт-шароитлар яратиш масалаларини касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларига киритиш;

катта ёшдаги фуқаролар учун жисмоний тарбия ва соғломлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш;

турли тоифадаги аҳоли гуруҳларининг жисмоний фаоллигини ривожлантириш, янги спорт турлари, спорт туризми ва миллий спорт турлари билан шуғулланишига кўмаклашиш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш учун шарт-шароитлар яратадиган, шунингдек, ишчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган иш берувчиларни рағбатлантириш;

аҳолининг турли ёш гуруҳлари қизиқишларини, қобилиятларини ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда соғлиғини мустаҳкамлаш, фаол ҳаракатланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларда ходимларнинг маданий савиясини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш, жисмоний тарбия кўникмасини шакллантириш ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;

тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича ҳудудлар, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари фаолиятининг натижадорлигини муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш;

аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш ишлари доирасида спорт муассасалари ҳамда давлат органлари ва жойларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг намунавий моделини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ишлаб чиқариш жисмоний тарбиясини меҳнат шароитларини яхшилашга йўналтирилган тадбирлар тизимига киритиш, футбол, велоспорт, стол тенниси, бадминтон, енгил атлетика, волейбол, шахмат, шашка, арқон тортиш, баскетбол ва бошқалар бўйича спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиш;

спорт юлдузлари иштирокида спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказиш учун таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, спорт муассасаларининг спорт инфратузилмасидан фойдаланиш;

аҳолининг турли қатламларини қамраб олишни кенгайтиришга мўлжалланган "Спорт - ҳаёт тарзи" спорт ва жисмоний тарбия оммавий-мавзули тадбирларнинг турлари хилма-хил бўлиши ва тез-тез ўтказилишини таъминлаш;

хорижий етакчи спорт марказларида таълим олиш учун минтақалардан иқтидорли болаларни танлаш мақсадида спортнинг оммавий турлари бўйича спорт таълими муассасалари ўртасида мунтазам равишда минтақавий спорт мусобақаларини ўтказиш.


5.2. Жисмоний имконияти чекланган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш:

жисмоний имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш ҳамда Сурдлимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

имконияти чекланган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга шуғулланишлари учун жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида шароитлар яратиш ҳамда уларни махсус спорт жиҳозлари билан таъминлаш;

имконияти чекланган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг замонавий илмий асосланган усуллари, дастурлари ва технологияларини ишлаб чиқиш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида имконияти чекланган шахсларга жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

спорт мактабларида имконияти чекланган болалар учун бўлинмалар ва махсус гуруҳларни ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

имконияти чекланган шахсларнинг жисмоний ва ижтимоий мослашуви ва интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш;

имконияти чекланган шахсларни спорт-соғломлаштириш туризмига жалб этиш дастурларини ишлаб чиқиш;

жисмоний имконияти чекланган шахслар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт ишларини олиб борувчи кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.


5.3. Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида жисмоний тайёргарликнинг самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш спорт турларини ривожлантириш:

чақириққача ёшларни спорт ва техник тайёрлаш тизимини модернизация қилиш, шу жумладан техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш спорт турларини молиявий таъминлашни ошириш;

махсус хизматни ўтаётганлар, ҳарбий хизматчилар ва шахсларнинг барча тоифалари ўртасида уларнинг қизиқиш ва фаолият йўналишларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний тарбия ва оммавий спорт ишларини олиб бориш;

ҳарбий хизматчилар ва махсус хизматни ўтаётган шахслар ўртасида оммавий спорт ишлари бўйича ҳар йили кўрик-танловлар ўтказиш;

спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий ҳамда яккакураш спорт турларини ривожлантириш дастурларини қабул қилиш;

спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш турлари бўйича идоралараро жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш;

"Армия ўйинлари" дастурига киритилган ва регби спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш;

тизимдаги таълим муассасаларида "Армия ўйинлари" дастурига киритилган спорт турлари бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;

спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш турлари бўйича замонавий асбоб-ускуналар ҳамда инвентарлар билан таъминлаш;

спортнинг техник ва амалий, ҳарбий-амалий, шунингдек, яккакураш турлари бўйича тренер ва ҳакамларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини соддалаштириш.


5.4. Мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш:

мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб таълим муассасаларида жисмоний тарбиянинг инновацион усулларини такомиллаштириш ва қўллаш орқали болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ҳамда оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

кичик ёшдан болаларда спорт билан шуғулланишга соғлом, кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш ҳамда уларнинг муайян кўрсаткичлари асосида қайси спорт билан шуғулланишини аниқлаш, мустақил режалаштириш қобилиятини ривожлантириш;

соғломлаштириш ва бошланғич тайёрлов босқичларида болаларни биринчи навбатда умумий жисмоний ривожланиш ва бирор-бир спорт турига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, шуғулланувчиларнинг "жисмоний тарбия" фанини ўзлаштиришига кўмаклашиш;

спорт таълими муассасаларини бошқариш ва самарадорлигини таҳлил қилишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш;

жамоавий ўйин спорт турларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган синф ва мактабларни барпо этиш амалиётини кенгайтириш орқали умумтаълим мактабларида оммавий спортни ривожлантириш;

умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида "Мактаб спорти" фестиваллари ҳамда хар хил спорт турлари бўйича мусобақалар, шу жумладан "Мактаб футбол лигалари"ни ташкил этиш ва ўтказиш;

жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг маълум бир спорт тури бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътиборини қаратган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

спорт машғулотлари ўтишнинг замонавий назарияларини ўзлаштириш, спорт психологиясини тушуниш, спорт тайёргарлиги даврида тиббий назоратни амалга ошириш нуқтаи назаридан тренерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш;

бўлажак тренер ва мутахассис кадрларда ўз фаолиятига мойиллик ва ижодкорлик қобилиятлари мавжудлигини аниқлаш ва баҳолаш имконини берувчи услубларни ишлаб чиқиш;

спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркибини, хусусан олий маълумотга (бакалавр, магистр) эга бўлганлар сонини босқичма-босқич ошириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини, шу жумладан спорт бошқаруви соҳасига ёш кадрлар кириб келишини рағбатлантириш;

аввало чекка ҳудудларда жойлашган, ўқувчи-спортчилар сони кам бўлган спорт мактаблари тренерларига қўшимча янги ихтисослик ва малакаларни ўзлаштириш имконини берадиган қайта тайёрлаш тизимини жорий қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича стандартлаштирилган дастур ишлаб чиқиш ҳамда "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув" йўналиши бўйича малака ошириш тизимини яратиш ва битирувчиларга спорт муассасаларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш имконини бериш;

спорт таълими муассасалари раҳбар ходимлари лавозимига номзодлар ўртасида танлов асосида саралаш амалиётини жорий қилиш ва уларни рағбатлантиришни кучайтириш;

тренер ва мутахассисларнинг масофавий малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими самарадорлигини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш мазмуни ва методларини янгилаш, баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш;

олий таълим муассасаларининг спорт бўйича сиртқи таълим йўналишлари учун қабул квоталарини ошириш, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тавсияси асосида спорт мутахассисларига кучли эҳтиёж мавжуд бўлган чекка тоғли ва чўл ҳудудлардаги абитуриентлар учун имтиёзли қабул квоталарини белгилаш механизмини жорий этиш;

тренер ва спорт мутахассис ходимларининг янгиланган малака талабларини жорий қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги спорт таълими сифатини баҳолашни ташкил этиш мақсадида спортчиларнинг тайёргарлиги, муассаса самарадорлиги даражасини баҳолашга йўналтирилган мезонларни ишлаб чиқиш;

ёш тренер ва мутахассисларни касбий қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштириш;

таълим муассасаларида болалар ва ўсмирлар спорт жисмоний тарбия жамоаларини ташкил этиш;

олий таълим муассасаларида бодибилдинг ва фитнес клублари тизимини ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзи тарғиботини йўлга қўйиш;

барча турдаги спорт таълими муассасаларида имконияти чекланган болалар учун жисмоний тарбия таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ўтказишда шуғулланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавфсизликни таъминлаш бўйича талабларни белгилаш.


5.5. Спорт турларини ривожлантириш, иқтидорли болалар ва ёшларни танлаш, юқори малакали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш, спортчилар ҳамда тренерларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш:

а) болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантириш, селекция ва сифатли спорт захирасини тайёрлаш тизимини ривожлантириш:

илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда спортчилар тайёрлаш методологиясини такомиллаштириш, спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш жараёнига инновацион лойиҳаларни жорий этиш;

спорт мусобақаларини ўтказиш механизмларини қайта кўриб чиқиш ва энг қобилиятли спортчиларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш, тегишли халқаро спорт федерациялар (уюшмалар) регламентларига мослаштириш;

болалар ва ўсмирларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларини ҳамда уларнинг фаол спорт фаолиятига киришишларини таъминловчи асосий муассаса ҳисобланган спорт мактаблари тармоғини кенгайтириш;

спорт турлари бўйича республика мусобақаларини мактаб жамоалари ўртасида ўтказиш тизимини такомиллаштириш;

аҳоли сонидан ва қизиқишларидан келиб чиқиб спорт мактаблари сонини ошириш;

спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари мактабларини ташкил этишга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш;

замонавий спорт технологияларини ҳисобга олган ҳолда спорт турлари бўйича спорт мактабларининг ўқув-машғулот дастурларини ишлаб чиқиш;

иқтидорли спортчиларни аниқлаш учун спорт турлари бўйича минтақавий, республика саралаш мусобақалари, шу жумладан спорт мактаблари, таълим муассасалари ва спорт клублари ўртасида ўқув-машқ йиғинлари ўтказилишини таъминлаш;

спорт турлари бўйича республика Олий спорт маҳорати мактабларида иқтидорли спортчиларни аниқлаш, уларни миллий терма жамоаларга жалб этишга масъул Бош тренер-селекционер штатларини жорий этиш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ғолиблари ва совриндорларининг жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш.

б) ёшлар, шу жумладан талабалар спортини ривожлантириш:

ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча шароитлар яратиш, киберспорт турини тизимли ривожлантириш;

"Болалар спорт ўйинлари"нинг жамоавий ўйин турлари бўйича республика босқичи ғолибларига (1-ўрин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида мутахассислик фанларидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ёшлар жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантириш;

Ўзбекистонда талабалар спортини янада ривожлантириш, жумладан ҳар бир олий таълим муассасаларида спорт клубларини ташкил этиш ва уларни камида битта спорт турига ихтисослаштириш, шунингдек, "Универсиада" спорт мусобақаларининг барча босқичларини ташкил этиш чора-тадбирларини кўриш;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари битирувчиларига олий таълим муассасасининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишларига ўқишга киришда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонларда қўшимча баллар кўринишида имтиёз беришни жорий этиш;

истеъдодли спортчиларни аниқлаш учун спорт турлари бўйича республика мусобақалари ўтказилиши, шу жумладан уч босқичли "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" спорт мусобақаларининг барча босқичлари танқидий таҳлил қилинишини ва мониторинг олиб борилишини жорий этиш.

в) тренер ва ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни кучайтириш:

селекция бўйича тренер томонидан спорт мактабларига жалб қилинган спортчиларнинг натижаларига мувофиқ тренерларни базавий тариф ставкасининг уч бараваригача бўлган миқдорда рағбатлантириш;

мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадаси, "Болалар спорт ўйинлари"нинг ғолибларини тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини ҳамда спорт таълими муассасалари тренерларини пул мукофотлари билан рағбатлантириш;

жисмоний тарбия фанидан олимпиада, мусобақалар ғолибларини тайёрлаган умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари, спорт таълими муассасаларининг тренерларини аттестацияга жалб этмаган ҳолда уларга малака тоифалари бериш;

г) олий спорт ютуқларини ривожлантириш тизимини такомиллаштириш:

барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши чоралар кўриш;

барча турдаги спорт мактабларида селекция бўйича тренер, диетолог, психолог, фармаколог, массажчи лавозимларини жорий этиш;

ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларини камида биттадан устувор (олимпия спорт турлари), истиқболдаги (спортнинг ўйин ҳамда миллий турлари), айниқса, турдош спорт турларига ихтисослаштириш;

келгусида олий таълим муассасалари базасида ихтисослаштирилган олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг спорт тайёргарлик марказларини ташкил этиш;

республикада барча турдаги мусобақаларни тўрт босқичда ўтказиш асосида терма жамоаларнинг захирасини шакллантириш;

спорт мактаблари эришган натижаларга қараб улар мақомини қайта кўриб чиқиш ва белгилаш тартибини жорий этиш;

спорт таълими муассасаларини, шу жумладан идоравий жисмоний тарбия ва спорт жамиятларини ривожлантириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қўшимча таълим тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш, спорт мактаблари, шунингдек, секциялар ва спорт клубларини ташкил этиш;

спорт паспортини жорий этиш ва мунтазам равишда юритиб бориш тизимини жорий қилиш натижасида спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчилар эришган натижалари, тренерлари ва қайси спорт ташкилотларда фаолият юритиб келаётганлиги бўйича ягона электрон маълумотлар базасини шаклланитириш;

спорт захирасини тайёрлаш тизимининг назарий-услубий ва тиббий-биологик асослари соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар олиб бориш;

тайёргарликнинг жисмоний ва техник хусусиятлари, жисмоний ривожланиш ва саломатлик ҳолатини баҳолаш асосида иқтидорли ёш спортчиларни кўп йиллик саралаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

юқори малакали спортчиларни тайёрлаш тизимини модернизация қилиш, шу жумладан тайёрлаш жараёнини бошқариш тизимини такомиллаштириш;

спортчиларни, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни тайёрлашда ҳамда тиббий таъминлашда инновацион технологияларни жорий этиш;

республиканинг тоғли ҳудудларида спорт терма жамоалари учун Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш марказини қуриш;

ҳудудларда қишки олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммалаштириш орқали профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

ҳудудлардаги етакчи тренерларнинг спорт турлари бўйича Ўзбекистон спорт терма жамоаларида, шунингдек, чет элда амалиёт ўташ (стажировка) тизимини яратиш;

спорт тиббиёти мутахассисларини, спорт ҳакамларини тайёрлаш ва малакасини ошириш;

спортда тақиқланган воситалар ва усулларни қўллайдиган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш (допингга қарши курашиш);

спортчилар ва мураббийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш, шу жумладан тайёрлаган спортчиларини бошқа спорт таълими муассасаси ёки клубларга ўтказган тренерларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш.


5.6. Халқаро спорт сиёсати ва халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш:

халқаро спорт ташкилотларида Ўзбекистон спорт ташкилотлари вакилларининг сонини кўпайтириш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;

Осиё ва жаҳон спорт ташкилотлари, шунингдек, бошқа етакчи мамлакатларнинг спорт ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантириш;

имконияти чекланган шахсларни бирлаштирган халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

спорт шоу-бизнес ташкилотларини республикага жалб этиш;

биринчи навбатда узоқ вақт давомида спорт ютуқларига эриша олмаётган спорт турлари бўйича республика спорт жамоалари билан ишлаш учун халқаро даражадаги етакчи хорижий тренерларни жалб этиш;

халқаро майдонда Ўзбекистон спорти ва спортчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

спорт туризмини (айниқса ички) ривожлантириш мақсадида йирик спорт объектларини мамлакатнинг оммалашган туристик йўналишлари хариталарига киритиш, ҳудудларнинг спорт брендларини шакллантириш;

спорт мухлисларини, жумладан хорижлик спортчи ва мухлисларни кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида "хоспиталити хизматлари"ни йўлга қўйиш ва "Sport Visa" қўшимча (электрон бўлмаган) кириш виза тизимини жорий этиш.


5.7. Жисмоний тарбия ва спорт фаолиятини кадрлар, илмий-услубий, тиббий-биологик ва антидопинг қўллаб-қувватлашни ривожлантириш:

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш бўйича турли ташкилотларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини баҳолаш тизими ва мезонини жорий этиш;

барча даражадаги жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви тизимини такомиллаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ахборотлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва уни жорий қилиш ишларини ташкил этиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг спорт соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

а) жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари ҳамда замонавий фикрлайдиган маъмурий кадрларни тайёрлаш:

жисмоний тарбия ва спорт бўйича юқори малакали тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ва методологиясини янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида интенсив малака ошириш платформасини яратиш;

жисмоний имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилган (адаптив) спорт бўйича малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш, замонавий воситалар ва усуллардан фойдаланган ҳолда касбий қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

"энг яхши жисмоний тарбия ўқитувчиси, тренер, спортчи, спорт шифокори, психологи ва диетологи" республика кўрик-танлови ўтказилишини ташкил этиш;

тренер-ўқитувчилар тайёрлашнинг узлуксиз, кўп босқичли тизимини шакллантириш;

хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларни, шунингдек, турли даражадаги спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш тизимини ишлаб чиқиш;

юқори малакали тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ва методологиясини янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш;

спорт тайёргарлиги энг муваффақиятли тизимга эга бўлган мамлакатлардан мутахассисларни жалб этган ҳолда, янгича фикрлайдиган тренерлар ва маъмурий кадрларни тайёрлаш учун энг янги спорт технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасидаги маъмурий кадрлар тайёрлаш жараёнига спортни бошқаришнинг махсус дастурларини жорий этиш;

соҳанинг бошқарув тизимидаги мутахассисларини Sport Management (спортни бошқариш), Sport Leadership (спортда раҳбарлик қилиш), Sport Administration (спорт маъмуриятчилиги) йўналишлари бўйича етакчи жаҳон спорт марказларида тажриба орттиришларини ташкил этиш;

спорт муассасалари раҳбарлари ўртасида тажриба алмашинувини рағбатлантириш, ривожлантириш бўйича дастурларда уларнинг тизимли иштирок этишини таъминлаш;

б) жисмоний тарбия ва спортни илмий-услубий, тиббий-биологик таъминлаш ва антидопинг чораларини ривожлантириш:

жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-услубий таъминлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва спортда юқори натижаларни қўлга киритиш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотларни ташкил этиш, мувофиқлаштиришни таъминлаш ҳамда мамлакатимиз спорт терма жамоаларини илмий-методик таъминлаш мақсадида Фанлар Академияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

республиканинг спорт соҳасидаги олимларини халқаро илмий ва таълим дастурларида иштирок этишини таъминлаш;

спорт терма жамоалари ва спорт захираларини тиббий-биологик таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

олий спорт ютуқлари ва спорт захирасини тайёрлаш, антидопинг таъминотини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

допингдан фойдаланишга қарши курашиш масалалари бўйича Олимпия ва Паралимпия миллий терма жамоалари, ҳудудий терма жамоалар мураббийлари ва шифокорларини ўқитиш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жисмоний тарбия ва спортда допинг воситалари ва тақиқланган усуллардан фойдаланганлик учун спортчилар, мураббийлар ва тиббиёт ходимларининг жавобгарлигини кучайтириш;

спорт мусобақаларини тиббий таъминлаш тартибини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

спорт фаолиятини тамомлаган спортчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан самарали реабилитациясини ташкил этиш мақсадида ҳар бир ҳудуддаги тиббиёт бирлашмаларида спорт реабилитацияси бўлинмалари фаолиятини йўлга қўйиш;

спорт турлари бўйича ҳудудий терма жамоа аъзоларини ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ўсмирлар бўлимларида мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб бориш механизмини жорий этиш;

спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчилари учун илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш, тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда спорт соҳасида самарали тиббий ва фармакологик таъминотни йўлга қўйиш;

олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида босқичма-босқич допинг-тест намуналарини олишни йўлга қўйиш;

янгиланган ўқув режалари ва дастурлар талабларини, шунингдек, етакчи жаҳон спорт марказларининг илғор тажрибасини, инновацион ривожланишнинг тегишли устуворликларини ҳисобга олган ҳолда, сифати ва мазмунига кўра замонавий ўқув, ўқув-методик ва оммавий адабиётларни тайёрлаш ҳамда нашр этишни ташкиллаштириш;

спортнинг оммавий турлари бўйича электрон таълим ресурсларида турли тилларда машқ жараёнларини ўтказиш юзасидан методик тавсияларнинг республика очиқ маълумотлар базасини ташкил этиш;

тиббиёт соҳасидаги реабилитация қилувчи инновацион усуллар ва технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда спортда интенсив жисмоний юкламалардан, шунингдек, спортчилар ва аҳоли касалликни бошдан кечирганидан, жароҳатланганидан кейин тиклаш тадбирларини амалга оширишда сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишини тизимли асосда ташкил этиш;

соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида соғлом овқатланишнинг аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва тарғиб қилишни кучайтириш;

алмаштириб бўлмайдиган компонентлар, спорт билан шуғулланувчилар учун махсус озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш.


5.8. Жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни молиялаштириш самарадорлигини ошириш:

спорт соҳаси субъектлари фаолиятини монетизация қилиш мақсадида "спонсоршип" (титул ҳомийлик, реклама дистрибюцияси, ахборот ҳамкорлиги) тизимини йўлга қўйиш ҳамда телевизион трансляция медиа ҳуқуқларини ўрта ва узоқ муддатли шартларда аутсорсинг тузилмаларига ўтказиб бориш;

спорт лотереяларини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш чораларини кўриш;

халқаро илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларида илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларига таяниш;

спорт таълими муассасаларининг спорт иншоотларини замонавий спорт анжомлари, жиҳозлар, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникалари, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашни таъминлаш;

спорт таълими муассасаларида пуллик хизматларни кўрсатиш, шунингдек, ҳомийлик ва хайрия маблағлари орқали бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш амалиётини жорий этиш;

ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан спорт заллари, ётоқхона, ўқув бинолари қуриш, мавжудларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш;

замонавий энергия ва ресурсларни тежайдиган, инновацион қурилиш технологияларини фаол жорий этиш ва улардан фойдаланиш асосида спорт муассасалари инфратузилмаси бинолари ва объектларини, шунингдек, умумтаълим муассасаларининг спорт иншоотларини босқичма-босқич қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни давом эттириш;

жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш бўйича инвестиция, давлат ва бошқа манзилли дастурларни келишиш;

ҳудудларнинг ўзига хос иқлим хусусиятларини ҳисобга олиб, таниқли хорижий компанияларнинг илғор тажрибаси асосида қурилиш материалларидан, замонавий энергия ва ресурсларни тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда спорт объектлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш.


5.9. Давлат-хусусий шериклик асосида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш:

нодавлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини қуриш учун аҳоли учун қулай бўлган ҳудудлардан доимий фойдаланишга берилган ерларни бепул асосда ижарага бериш;

жойларда барпо этиладиган давлат-хусусий шериклик нодавлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари реестрини шакллантириш орқали уларнинг тизимли мониторингини олиб бориш;

тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш;

мавжуд давлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик асосида маҳаллий спорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ускуналар, спорт кийимлари тикиш, бренд ва имидж маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ва оммалаштириш соҳасида ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали ёрдам кўрсатиш.


5.10. Соғлом турмуш тарзининг энг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборотлаштиришни ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш:

жисмоний тарбия, спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

оммавий ахборот воситаларида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш, етакчи телевизион каналларнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ишлари сифатини ошириш;

соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кинематографик, босма ва кўргазмали маҳсулотлар, телерадиодастурларни ҳамда Интернет-ресурсларни яратиш ва тарқатиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш;

жисмоний тарбия ва спортнинг маънавий қадриятларини, Олимпия ғояларини тарғиб қилиш;

"Спорт барча учун" ҳаракати доирасида радио эшиттиришлар ва телевидениеда ахборот-таҳлилий кўрсатувлар туркумини эфирга узатиб бориш;

жисмоний тарбия, спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш самарадорлигини баҳолаб бориш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни ташкил этишда аҳолига ахборот ёрдамини кўрсатиш;

таълим муассасаларида, ишхоналарда, аҳолининг яшаш ва дам олиш жойларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш;

ёш авлод ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, айниқса, жисмоний соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда Интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш;

спорт тарғиботига етакчи спорт мутахассислари, спортчилар, сиёсатчилар, жамоат арбоблари, актёрларни фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзи ва спорт билан шуғулланишни тарғиб қилишда ижтимоий рекламадан фойдаланиш;

мамлакатда ва чет элда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш бўйича тадбирлар ўтказиш;

спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва реклама қилишни такомиллаштириш;

аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш ва тарғиб қилиш бўйича илмий-услубий, ижтимоий-оммабоп материаллар ҳамда қўлланмаларни нашр этиш;

илғор хорижий тажриба асосида жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасида ахборот ва статистика маълумотларини тўплаш ҳамда уларни пухта ишлаш тизими ва усулларини такомиллаштириш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


6. Концепция доирасида белгиланган вазифаларни бажариш орқали Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини 2025 йилгача ривожлантиришда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилади:

мамлакат аҳолисининг саломатлик даражасини яхшилашга эришилади;

жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сони 30 фоизгача, ўқувчи ва талабаларнинг умумий сони 20 фоизгача оширилади;

олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлиги 60 фоизгача оширилади;

спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан олий маълумотли ходимлар сони босқичма-босқич 51 фоиздан 80 фоизгача етказилади;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидаги олий тоифали тренер-ўқитувчилар ҳиссаси 72 фоизгача оширилади;

Ўзбекистон спорт терма жамоасининг Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон, қитъа ва Осиё спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиши таъминланади;

Ўзбекистонда Осиё, Жаҳон чемпионати, Осиё ва Жаҳон кубоги нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш кўрсаткичлари 34 тага оширилади;

спорт таълими ва тайёргарлиги тизимининг мазмуни сифат жиҳатидан яхшиланади, спорт мактабларида устувор олимпия спорт турлари бўйича бўлимларни очиш орқали спорт турлари улуши 32 тага оширилади;

иқтидорли спортчи-ёшларни саралаш ва уларни миллий терма жамоаларга жалб этишгача бўлган жараён босқичма-босқич, тизимли амалга оширилади;

спортчилар фаолияти ва эришаётган спортдаги ютуқлари тўғрисида мунтазам янгиланиб бориладиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади;

спорт таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва маблағ билан таъминлаш самарадорлиги оширилади, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълими тизимида соғлом рақобат муҳити яратилади;

ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда "таълим муассасаси-спорт мактаби ва олий спорт" тамойилида узвийлик тизими жорий этилади;

самарали фаолият кўрсатаётган спорт мактабларига олимпия захиралари спорт мактаблари мақоми берилади;

соҳада фаолият кўрсатишнинг жозибадорлиги, спорт таълими муассасалари мутахассис ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражаси оширилади;

олий таълим муассасаларида "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув" йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 27 январь, 3-сон, 24-модда

























Время: 0.1644
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск