ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Талабалар ва таълим олувчилар /

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.01.2020 й. 59-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 31 январдаги

59-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар

тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат олий таълим муассасаларининг талабаларига (хорижий талабалардан ташқари) стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом республикада фаолият кўрсатаётган хорижий олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва хусусий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


стипендия - олий таълим муассасаларида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кейинги ўринларда ўқитишнинг кундузги шакли деб аталади) давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (хорижий талабалардан ташқари) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар ойма-ой тўланадиган пул таъминоти;


стипендиянинг базавий миқдори - давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўланадиган стипендиянинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрнатиладиган энг кам миқдори;


стипендия комиссияси - олий таълим муассасаларида талабаларга стипендиялар тайинлаш учун ҳар бир ўқув йилида ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) раислигида, факультетларнинг деканлари (бакалавриат даражасида факультет деканати мавжуд бўлмаган олий таълим муассасаларида - ўқув-услубий бўлим ёки бошқарма бошлиғи), касаба уюшмаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, академик гуруҳлар, бухгалтерия вакилларидан иборат таркибда ташкил этиладиган ҳамда олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан тасдиқланадиган комиссия;


ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичи - олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) ўқув режалари асосида ўтилган фанлар (машғулотлар) бўйича талабалар билим ва маҳоратининг синови натижалари;


ўзлаштираётган талаба - бундан аввалги ўқув семестри учун ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичлари бўйича академик қарзи мавжуд бўлмаган талаба;


Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси - олий таълим муассасаларида ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни моддий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш жамғармаси.


3. Олий таълим муассасалари талабаларига ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари, алоҳида қобилият ва иқтидорга эгалиги, жамоат ишларида фаоллиги, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги каби мезонлардан келиб чиқиб стипендия комиссияси хулосасига кўра, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари асосида стипендия тайинланади ва бошқа рағбатлантириш чоралари кўрилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ГРАНТИ АСОСИДА ТАЪЛИМ

ОЛУВЧИ ТАЛАБАЛАРГА СТИПЕНДИЯ

ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


4. Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқитишнинг кундузги шаклида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


5. Биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари (баҳолари) маълум бўлгунга қадар стипендиянинг базавий миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.


6. Аввалги ўқув семестри натижаларига кўра стипендиялар:

а) қуйидаги тартибда тайинланади ва тўланади:

барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат "аъло" баҳо (рейтинг кўрсаткичи - 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдори 20 фоизга оширилган ҳолда;

фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизидан кам қисмини "қониқарли" баҳога (рейтинг кўрсаткичи - 71 баллдан кам) ўзлаштираётган талабаларга - стипендиянинг базавий миқдорида;

б) фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизи ва ундан ортиқ қисми "қониқарли" баҳо (рейтинг кўрсаткичи - 71 баллдан кам) бўлган талабаларга (тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи ҳамда 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар бундан мустасно) навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинланмайди.



3-БОБ. ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА ТАЪЛИМ

ОЛУВЧИ ТАЛАБАЛАРГА СТИПЕНДИЯ

ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


7. Тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади.

Стипендияли тўлов-контракт таркибига базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси киритилади ҳамда стипендия йил мобайнида ойма-ой тўлаб борилади.


8. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар базавий миқдордаги стипендия тайинланади ва тўланади.


9. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга стипендиялар белгиланган тартибда улар томонидан тўлов-контракт суммаси тўланганидан кейин берилади.



4-БОБ. НОМЛИ ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИНИ

ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов ва Ислом Каримов номли давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида" 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади.

Ушбу Низом Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендиялари соҳибларига талабалар учун белгиланадиган стипендиялар тайинланмайди.

10-1. Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти грантига даъвогар бўлади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ушбу тоифадаги талабаларга иккинчи курснинг ўқув йили бошидан Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси тайинланади ва тўланади.

10-2. "Аъло" баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётган талаба-қизлар учун олий таълим муассасаларининг Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қизлар учун махсус стипендия (кейинги ўринларда - Махсус стипендия) берилади.

Махсус стипендия ўқув семестри якуни натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат "аъло" баҳо бўлган ҳамда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Ягона реестр" АТ) орқали кам таъминланган оила деб эътироф этилган оиладан бўлган талаба-қизларга (кейинги ўринларда - талаба-қизлар) тайинланади ва тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш тўғрисидаги қарор "Ягона реестр" АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Махсус стипендияни тўлаш тўғрисидаги қарор "Ягона реестр" АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Махсус стипендия талаба-қизларга олий таълим муассасаларида умумий шартларда бериладиган стипендия сақлаб қолинган ҳолда стипендиянинг базавий миқдорида қўшимча тарзда ойма-ой тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича унинг ўзлаштириш кўрсаткичи фақат "аъло" баҳо бўлгандагина давом эттирилади.

Махсус стипендияни тўлаш қуйидаги ҳолларда келгуси ўқув семестридан бошлаб тўхтатилади:

талаба-қизларнинг ўқув семестри натижалари бўйича барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари "аъло" бўлмаганда;

кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома амал қилишининг (12 ойлик) муддати тугаганда.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига қопланади ва стипендия соҳибларига белгиланган миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.


5-БОБ. 1 ВА 2-ГУРУҲ НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН

ТАЛАБАЛАРГА СТИПЕНДИЯ ТАЙИНЛАШ

ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


12. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


13. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ўзлаштираётган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.



6-БОБ. ТЎЛИҚ ДАВЛАТ ТАЪМИНОТИДА БЎЛГАН

ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА ҚАРАМОҒИДАН

МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАР СИРАСИГА КИРУВЧИ

ТАЛАБАЛАРГА СТИПЕНДИЯ ТАЙИНЛАШ ВА

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


14. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


15. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар тўлиқ давлат таъминотида бўлган ўзлаштираётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга базавий стипендия миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.

Бунда, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.


7-БОБ. ТАЛАБАЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЖАМҒАРМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА ТАЛАБАЛАРГА МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШЛАРНИ ТАЙИНЛАШ

ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


16. Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларидан фойдаланиш, Жамғарма маблағлари ҳисобига талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш олий таълим муассасасининг кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Жамғарма маблағларидан давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўлов қайси шаклда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширилишидан қатъи назар, белгиланган мезонлар асосида рағбатлантириш тўловлари тайинланади.


17. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз миқдоридаги маблағлар;

тегишли молия йилида тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар.


18. Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган (стипендияли ёки стипендиясиз шаклда эканлигидан қатъи назар), ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари "аъло" баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабалар стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида Жамғарма ҳисобига рағбатлантирилади.


19. Ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабалар белгиланган стипендияларга нисбатан қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.

Бунда, олий таълим муассасаларида стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган ва ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган талабалар қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига базавий стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.


19-1. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.

20. Жамғарма маблағлари ҳисобига олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўлови берилиши мумкин.

Бунда, стипендия тўловларига ажратилган Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг ҳисобот даври якуни бўйича бўшаб қолган қисмини талабаларни қўшимча равишда моддий рағбатлантиришга йўналтиришга рухсат берилади.


20-1. Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган бакалавр ва магистратура босқичида таълим олаётган талабаларга, уларнинг таълим олиш тури (грант ёки тўлов-шартнома асосида) ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий стипендиянинг беш баравари миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

20-2. Олий таълим муассасаларидаги бакалавр ва магистратура босқичида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга, уларнинг таълим олиш тури (грант ёки тўлов-шартнома асосида) ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий стипендиянинг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.


8-БОБ. ТАЛАБАЛАРГА СТИПЕНДИЯ ТАЙИНЛАШ

ВА ТЎЛАШНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ СТИПЕНДИЯ

КОМИССИЯЛАРИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


21. Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи билан тасдиқланади.


22. Ўзлаштираётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия аввалги семестр якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг, ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.


23. Давлат гранти асосида таълим олаётган, ўқув семестри учун ўзлаштириш натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзи (бир ёки ундан ортиқ фанлар бўйича 55 фоиздан кам рейтингга) бўлган олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.


24. Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан ортиқ фоиз тўплаган) ва фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиздан кам қисми "қониқарли" баҳо (рейтинг кўрсаткичи 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб, стипендиянинг базавий миқдорида кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади.


25. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра, академик қарзи бўлган талабалар академик қарзларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендиядан маҳрум этилмайдилар.


26. Ўқув режаси асосида амалга оширилган малака амалиётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.


27. Пенсия оладиган талабаларга стипендия умумий асосларда тайинланади.


28. Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш стипендиянинг базавий миқдорида жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).


29. Ўз хоҳишига кўра, ўқиши бошқа олий таълим муассасасига кўчирилиши, саломатлиги (тиббий комиссия маълумотномаси асосида), ўқув интизоми ва олий таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги, бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги, ўқиш учун белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан олий таълим муассасасидан четлатилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия базавий миқдорда тайинланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).


30. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун талабаларга стипендия қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади.

2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш даврида стипендия тўланмайди.


31. Белгиланган тартибда бир олий таълим муассасасидан (факультетдан) бошқасига, шунингдек, таълимнинг сиртқи шаклидан кундузги шаклига ўтказилган талабаларга стипендия улар томонидан баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича, ўқув режаларидаги тафовутлар бартараф этилганидан кейин тайинланади.

Академик қарз мавжуд бўлмаганида стипендия академик маълумотномада (рейтинг дафтарчасида) кўрсатилган, аввалги ўқув жойидаги баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича тайинланади ва янги ўқув жойига қайд этилган пайтдан бошлаб олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи асосида тўланади.

Ўқишни бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчираётган талабаларга ёзги таътил вақтида стипендия тўлаш уларнинг ўқишни кўчиришдан аввалги таълим олган олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.


32. Стипендияли тўлов-контракт миқдори битирувчи курс талабалари томонидан июль ва август ойлари учун базавий стипендия суммаси (қисмларга бўлиб тўланганда - охирги ўқув семестридаги) тўлов-контракт миқдоридан чегирилган ҳолда тўланади.

Бунда, чегириб қолинаётган стипендия суммаси талабага тўланадиган базавий стипендиянинг жорий даврдаги белгиланган миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.


33. Талабаларнинг стипендияларидан ушлаб қолинишига йўл қўйилмайди.

Талабаларга стипендия тўловларини тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан назорат қилиш олий таълим муассасасининг стипендия комиссиясига юкланади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 февраль










































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск