Внимание!

NB! Мазкур Низомга 2024 йил июнь ойидан киритиладиган ўзгартиришларни АВ 05.03.2024 й. 3219-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошкарувининг Карорига каранг


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Курилишларни кредитлаш. Ипотека кредити /

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.02.2020 й. 3219-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг 13.12.2019 й. 30/6-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 10 февралда 3219-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2019 йил 13 декабрдаги

30/6-сон қарорига

ИЛОВА



Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари

фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга

солиш тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солинишини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) - молиявий маблағларни жалб қилиш ва уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


қарздор-банк - ташкилот томонидан молиявий ресурсларни ажратиш йўли билан ипотека кредитлари қайта молиялаштирилган тижорат банки;


риск-аппетит - ташкилот стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда ўзининг таваккалчиликларни бошқариш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, қабул қилишга тайёр бўлган таваккалчиликларнинг энг юқори даражалари ва турлари;


регулятив капитал - ташкилотнинг фаолиятини тартибга солиш ва пруденциал нормативлар ҳисоб-китобини амалга ошириш мақсадида ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланадиган капитал;


левераж - ташкилот жами активларининг капитал билан таъминланганлик даражасини акс эттирувчи кўрсаткич.


2. Ташкилот ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун қарздор-банкка ва жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредитига мувофиқлик мезонларини (бундан буён матнда мувофиқлик мезонлари деб юритилади) белгилайди.


3. Ташкилот томонидан қарздор-банкка ажратиладиган кредитлар давлат қимматли қоғозлари, қарздор-банк томонидан жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредити (бундан буён матнда ипотека кредити деб юритилади) ва банк депозитлари билан таъминланиши мумкин.


4. Қарздор-банкка қуйидаги ҳолларда ташкилот томонидан кредит ресурслари ажратилмайди:

охирги ҳисобот санасига тузилган молиявий ҳисоботига салбий фикр билдирилган аудиторлик хулосаси тузилган бўлса;

кетма-кет охирги тўрт чоракда фаолиятини зарар билан якунлаган бўлса;

пруденциал нормативларга риоя этилмаган бўлса.


5. Ташкилот қарздор-банкнинг гаров таъминотини қайта молиялаштиришдан аввал баҳолаши, шунингдек қайта молиялаштирганидан сўнг ҳар чоракда камида бир марта қайта баҳолаши лозим.


6. Қайта молиялаштириш кредити таъминотига қабул қилинган ипотека кредити муддатидан олдин тўлиқ сўндирилса ёҳуд 90 кундан ошган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса, ташкилот қарздор-банкдан бундай таъминотни мувофиқлик мезонларига мос келувчи таъминотга алмаштириб берилишини талаб қилади. Таъминотга қабул қилинган ипотека кредити қисман сўндирилган ҳолларда кредитнинг сўндирилган қисмига тенг миқдордаги таъминот алмаштириб берилади.

Қарздор-банк таъминотни алмаштириб бериши ёки унга ажратилган ресурснинг мувофиқлик мезонларига мос келувчи таъминот билан таъминланмаган қисмини ташкилотга қайтариб бериши мумкин.


7. Ташкилот ўз фаолиятини қуйидаги маблағлар ҳисобидан молиялаштиради:

ўз маблағлари;

маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидан жалб этилган молиявий ресурслар;

молиявий ташкилотлар, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Ташкилотга жисмоний ва юридик шахслардан депозитлар (омонатлар) қабул қилиш ва жисмоний шахслардан қарз маблағларини жалб этиш тақиқланади.


9. Ташкилот ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрига (бундан буён матнда реестр деб юритилади) киритилгандан кейин ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни амалга оширишга ҳақли.


10. Ташкилот асосий ҳисобварағини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) очади.


11. Ташкилот бўш пул маблағларини қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозларини сотиб олишга;

Ўзбекистон Республикасидаги банкларга депозитга йўналтириши мумкин.



2-БОБ. ТАШКИЛОТНИ РЕЕСТРГА КИРИТИШ


1-§. Ташкилотнинг устав фонди


12. Ташкилот акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ва устав фондининг энг кам миқдори 25,0 миллиард сўм этиб белгиланади.


13. Ташкилотнинг устав фонди Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилади ва муассисларининг пул маблағларидан ташкил топади.


14. Ташкилотнинг устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан, шунингдек мажбурият юклатилган бошқа маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


15. Ташкилот устав фондининг энг кам миқдори ташкилотни реестрга киритиш тўғрисидаги ариза Марказий банкка тақдим этилган кунга қадар тўлиқ шакллантирилган бўлиши керак.



2-§. Ташкилотнинг муассислари (акциядорлари)


16. Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (бундан буён матнда норезидентлар деб юритилади) ташкилот муассислари (акциядорлари) бўлиши мумкин.


17. Қуйидаги шахслар:

имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказишда ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ва ҳудудда яшайдиган норезидент бўлган жисмоний шахслар ҳамда шундай давлатда рўйхатга олинган юридик шахслар, акциядорлар (иштирокчилар), охирги бенефициар мулкдорлар;

ташкилот устав фондининг 10 ёки ундан ортиқ фоизини (улушини) сотиб олаётган (олган) шахслар иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун судланганликка эга бўлса;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса ташкилот муассислари (акциядорлари) бўла олмайди.



3-§. Ташкилотни реестрга киритиш ҳамда

реестрга киритишни рад этиш


18. Ташкилотнинг номида "ипотекани қайта молиялаштириш" сўз бирикмаси кўрсатилиши керак.


19. Ташкилотни реестрга киритиш учун қуйидаги талаб ва шартлар бажарилиши лозим:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши;

мазкур Низомнинг 12-15-бандларига мувофиқ устав капиталининг шакллантирилиши;

ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс мазкур Низомда белгиланган малака талабларига мувофиқлиги.


20. Ташкилотни реестрга киритиш учун қуйидаги ҳужжатлар Марказий банкка тақдим этилади:

реестрга киритиш тўғрисида ариза;

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

таъсис ҳужжатлари;

ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтерини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсни лавозимга тайинланганлиги тўғрисида қарор нусхаси ҳамда уларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи маълумотлар;

устав фонди (устав капитали)нинг 10 фоизидан ортиғига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

кейинги 3 йилга мўлжалланган бизнес-режа;

кредит ва инвестиция сиёсати, таваккалчилик, активлар ва пассивларни бошқариш сиёсати;

ипотекани қайта молиялаштиришнинг бош шартнома намунаси.

Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.


21. Ташкилотни реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.


22. Ташкилотни реестрга киритиш ёки рад этиш тўғрисидаги Марказий банкнинг қарори ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 30 кундан ошмаган муддатда қабул қилинади.


23. Реестр ҳамда ташкилотнинг реестрга киритилганлиги тўғрисида маълумот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


24. Ташкилот ўзининг уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни, шунингдек бошқарув органлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкка тақдим этади.


25. Қуйидаги ҳолларда ташкилотни реестрга киритиш рад этилади:

ташкилот мазкур Низомнинг 17-19-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;

мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжуд бўлса;

ташкилотни ташкил этувчи норезидент юридик шахсни назорат қилувчи орган томонидан рад этиш тавсия қилинса.

Бошқа асосларга кўра ташкилотни реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ТАШКИЛОТ ФИЛИАЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


26. Ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиаллар ташкил этиши мумкин.


27. Филиални очиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ташкилот 10 кунлик муддат ичида Марказий банкни бу ҳақида хабардор қилади ва тегишли бошқарув органининг қарори нусхасини тақдим этади.



4-БОБ. ТАШКИЛОТНИНГ РАҲБАРЛАРИГА

НИСБАТАН МУВОФИҚЛИК МЕЗОНЛАРИ


28. Ташкилотнинг раҳбарлари банк-молия тизимида бенуқсон ишчанлик обрўсига, таваккалчиликларнинг самарали бошқарилишини, ўз ваколатлари доирасида асосли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш учун зарур бўлган тажрибага, билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак.


29. Ташкилотнинг ижроия органи раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида 5 йилдан кам бўлмаган умумий иш тажрибасига, шу жумладан банк-молия тизимида раҳбар лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши лозим.

Ташкилотнинг бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга эга ва бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ йўналишда камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


30. Ташкилотнинг раҳбари банк-молия соҳасига оид қонун ҳужжатларини билиши керак.


31. Қуйидаги шахслар ташкилотнинг раҳбари бўла олмайди:

тўловга қобилиятсизликка учраган ёки молиявий аҳволи танг бўлган юридик шахс бошқаруви ва кузатув кенгаши аъзолари ёки йирик иштирокчиси (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар), шунингдек собиқ раҳбарлари, башарти юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ёки молиявий аҳволининг танглиги уларнинг ҳаракатлари оқибатида юзага келганлиги фактлари маълум бўлган;

суд қарори билан ушбу лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланган;

иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун олиб ташланмаган судланганликка эга бўлган.



5-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШ

БОРАСИДАГИ МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР


32. Ташкилотнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган риск-аппетити доирасида ташкилотнинг таваккалчиликка мойиллигини чегаралаб туриши, ташкилот фаолиятининг барқарорлигини таъминлаши ҳамда унинг муассислари капитали қийматини сақлаб туриши учун таваккалчиликларни самарали аниқлаши ва бошқариши талаб этилади.


33. Ташкилотда таваккалчиликларни бошқариш сиёсати ишлаб чиқилиши ва у ликвидлилик, фоиз, кредит, операцион ҳамда бошқа таваккалчиликларни бошқаришни назарда тутиши лозим.


34. Ташкилотга фаолиятида (балансида) очиқ валюта позициясига эга бўлишга йўл қўйилмайди. Ташкилот хорижий валютада операцияларни амалга оширганда, баланснинг қарама-қарши томонида тенг миқдорда маблағлар (актив ёки мажбурият) бўлиши ёки валюта таваккалчилиги тўлиқлигича хеджирланиши лозим.


35. Ташкилотнинг кузатув кенгаши ташкилотни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ келувчи риск-аппетити ва таваккалчиликларни бошқариш сиёсатини белгилайди, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш устидан тегишли назоратни амалга оширади.

Кузатув кенгаши томонидан ташкил этилган таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси таваккалчиликларни бошқариш бўйича самарали назоратни амалга ошириши ҳамда таваккалчиликларни бошқаришга оид сиёсатни ишлаб чиқиши лозим.


36. Ташкилотнинг ижроия органи кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган сиёсатларни амалга оширишга, шу жумладан ташкилотда таваккалчиликларни аниқлаш, ҳисоблаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва ҳисобот беришга қаратилган самарали ички назорат тизими мавжудлигини таъминлашга масъулдир.


37. Ташкилотда таваккалчиликларни бошқариш бўйича тегишли таркибий тузилма ташкил этилиши лозим. Мазкур тузилма кузатув кенгашига ҳисобдор бўлади.


38. Ташкилот инвестиция сиёсатида ликвидлиликни бошқариш бўйича тегишли назоратни белгилаши зарур, бунда инвестиция сиёсати қуйидагиларни қамраб олиши талаб этилади:

кузатув кенгаши, ижроия орган ҳамда ликвидлиликни ва таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг вазифа ва мажбуриятларини;

ликвидлилик таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича услублар ва улар ҳақида ҳисобот бериш тартибини;

ликвидлиликни стресс-тестлар асосида таҳлилини;

ликвидлиликни бошқариш режаларини.


39. Ташкилот фоиз ставкаларининг ўзгариши натижасида юзага келадиган таваккалчиликларни камайтириш мақсадида ўзининг қайта молиялаштирилган кредитлари ва уларнинг манбалари муддатлари ўртасидаги тафовутни имкон қадар мувофиқлаштириб бориши керак.


40. Ташкилот актив ва пассивларни бошқариш сиёсатини ишлаб чиқиши ва у ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:

кузатув кенгаши ва ижроия органининг актив ва пассивларни бошқаришга доир вазифа ва мажбуриятлари;

актив ва пассивларни бошқариш бўйича тегишли таркибий тузилмаларнинг вазифа ва мажбуриятлари;

фоиз таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича услублар ва улар ҳақида ҳисобот бериш тартиби.


41. Ташкилот ликвидлилик ва фоиз ставкалари бўйича номутаносибликлар лимитларини белгилайди.


42. Ташкилот кредит сиёсатини ишлаб чиқиши ва у ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:

кузатув кенгаши, ижроия органи ҳамда кредит таваккалчиликларини бошқариш бўйича тегишли таркибий тузилмаларнинг вазифа ва мажбуриятлари;

кредит таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича самарали услублар ва улар ҳақида ҳисобот бериш тартиби;

мувофиқлик мезонлари;

қарздор-банкларга кредит лимитларини ўрнатиш тартиби;

ипотека кредитларини қайта молиялаштиришда талаб этиладиган ҳужжатлар;

гаровларни бошқариш;

қарздор-банкнинг тўлов мажбуриятларини бажара олмаслик ҳолатлари.


43. Кузатув кенгаши қарздор-банкка нисбатан кредит ажратишнинг энг кўп миқдорини белгилаши мумкин.


44. Таъминотни бошқариш мақсадида ташкилот таваккалчиликларни бошқариш сиёсатида:

кредитнинг гаровга нисбати бўйича минимал талаб;

мувофиқлик талабига жавоб берувчи таъминот турлари;

кредит таъминоти, муддатидан аввал ёки тўлиқ тўланган ва муддати ўтган қайта молиялаштирилган ипотека кредитлари бўйича қарздор-банк томонидан топшириладиган ҳисоботлар турлари ва муддатларига қўйиладиган талаблар;

муддатидан аввал тўланган, муддати ўтган қайта молиялаштирилган ипотека кредитлари юзага келганда таъминотни ўзгартириш шартлари белгиланади ва ўрнатилади.


45. Агар таъминот қиймати кредит сиёсатида ўрнатилган кредитнинг гаровга нисбати бўйича минимал талабдан кам бўлса, ташкилот қарздор-банкдан мувофиқлик талабларига жавоб берувчи қўшимча таъминотни талаб қилади.


46. Қайта молиялаштирилган ипотека кредитларининг фоиз ставкалари ва ўртача сўндириш муддатлари қайта молиялаштириш кредитларининг ўртача фоиз ставкаси ва муддатларидан кам бўлмаслиги керак.


47. Ташкилот қайта молиялаштирилган кредитлар ҳолати юзасидан доимий мониторинг ўтказади.



6-БОБ. ТАШКИЛОТДА АКТИВЛАР СИФАТИНИ

ТАСНИФЛАШ ВА УЛАР БЎЙИЧА ЭҲТИМОЛИЙ

ЙЎҚОТИШЛАРНИ ҚОПЛАШ УЧУН

ЗАХИРАЛАР ШАКЛЛАНТИРИШ


48. Ташкилотнинг активлари (банкларга ажратилган ресурслар, банкларга жойлаштирилган депозитлар) сифатига кўра "стандарт", "субстандарт", "қониқарсиз", "шубҳали" ва "умидсиз" тоифаларга таснифланади.


49. Ташкилотнинг банкларга жойлаштирган активлари сифати қуйидагича таснифланади:

асосий қарз ва (ёки) фоизлар ўз муддатида қайтарилишига шубҳа туғдирмайдиган активлар - "стандарт";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 10 кунгача кечиктирилганда - "қониқарсиз";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 11 кундан 30 кунгача кечиктирилганда - "шубҳали";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 31 ва ундан ортиқ кунга кечиктирилганда, шунингдек актив жойлаштирилган банкнинг лицензияси чақириб олинган ёки бошқа тартибда уни тугатиш ишлари бошланганда - "умидсиз".

Бунда, ташкилот томонидан актив жойлаштирилган банкларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларнинг бажарилиши мунтазам ўрганиб борилади.


50. Қайта молиялаштириш кредити таъминотига қабул қилинган ипотека кредити бўйича 90 кундан ошган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса, бундай активлар сифати "субстандарт" деб таснифланади.


51. Ташкилотнинг активлари сифатига кўра:

"субстандарт" деб таснифланганда - 10 фоиз;

"қониқарсиз" деб таснифланганда - 25 фоиз;

"шубҳали" деб таснифланганда - 50 фоиз;

"умидсиз" деб таснифланганда - 100 фоиз миқдорда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захира шакллантирилади.


52. Активларнинг қуйида келтирилган асосий шартларидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўзгартирилган бўлса, улар шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб ҳисобланади:

фоиз ставкасининг пасайтирилиши, бундан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси пасайиши муносабати билан фоиз ставкасининг пасайтирилиши ҳолатлари мустасно;

асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан қисман воз кечилиши;

фоизлар ва (ёки) асосий қарзга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечилиши;

активнинг асосий ва (ёки) фоизларининг тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши.

Ташкилотнинг шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатини таснифлаш тоифаси шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги тоифасидан бир поғонага паст бўлади.


53. Ташкилот активлар сифатини таснифлаши ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захираларни Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида шакллантириши мумкин.



7-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТГА ҚЎЙИЛГАН

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР


54. Кузатув кенгаши ўз мажбуриятларини бажаришда унга кўмаклашувчи қўмиталар, хусусан аудит, таваккалчиликни бошқариш, бошқарув ва ходимлар билан ишлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича қўмиталарни ташкил этади.


55. Кузатув кенгаши ўз вазифаларини бажаришда:

ташкилотда самарали ва эҳтиёткорлик билан бошқаришни таъминловчи, жумладан унинг аъзолари ўртасида масъулиятнинг тақсимланишини ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича бошқарув тузилмасини жорий этиши;

ташкилот бошқарувига оид қарорлар қабул қилишда назорат ва текширув функцияларини бажариш ва тўлиқлигича ташкилот фаолияти ва молиявий барқарорлигини таъминлаши лозим.


56. Ташкилотнинг ижроия органи ва филиаллари ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига, ташкилотнинг устави ва сиёсатларига риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек ташкилотни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш мақсадида ташкилотда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ташкилотнинг ички аудит хизмати аудит қўмитасига ҳисобдордир.


57. Ижроия орган ташкилотнинг молиявий ҳолати, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларнинг бажарилиши, ташкилотни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек ички назоратни амалга оширишда аниқланган камчиликлар тўғрисида кузатув кенгашига ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этади.


58. Йил давомида заруратга кўра барча сиёсатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Барча сиёсатлар уларнинг изчиллиги ва мувофиқлигини таъминлаш мақсадида камида ҳар 3 йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.


59. Ташкилотда корпоратив бошқарув акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



8-БОБ. ТАШКИЛОТДА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ,

ҲИСОБОТИ ВА АУДИТ


60. Ташкилотнинг йиллик молиявий ҳисоботлари Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида тузилиши ҳамда ташқи аудит текширувидан ўтказилиши лозим.


61. Ташкилотнинг аудиторлик текширувидан ўтказилган йиллик молиявий ҳисоботи, аудиторлик хулосаси ва аудиторлик текшируви натижаси бўйича ташкилот раҳбариятига берилган тавсиялар молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ташкилот томонидан Марказий банкка тақдим этилади.


62. Ташкилот ҳар йилги молиявий ҳисоботини молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай матбуотда ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.


63. Ташкилот Марказий банкка ҳар ойда назоратга оид ва молиявий ҳисоботларни тақдим этади.



9-БОБ. ПРУДЕНЦИАЛ ТАЛАБЛАР


1-§. Капиталнинг монандлик коэффициентлари


64. Ташкилот левераж коэффициенти ҳамда регурятив капиталнинг жами таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларга нисбати сифатида аниқланадиган капитал монандлилиги коэффициентига риоя этади.


65. Ташкилот левераж коэффициентининг энг кичик даражаси 3 фоиздан, регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти эса 10 фоиздан кам бўлмаслиги лозим лозим.


66. Ташкилот капиталнинг монандлик коэффициентлари ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.



2-§. Ликвидлилик коэффициентлари


67. Ташкилот мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида ликвидлиликни қоплаш коэффициенти ва соф барқарор молиялаштириш коэффициенти меъёрларига риоя қилиши лозим.


68. Ликвидлиликни қоплаш коэффициенти юқори ликвидли активларнинг кейинги 30 кун ичидаги жами соф чиқимга нисбати сифатида аниқланади. Бунда юқори ликвидли активларга қуйидагилар киради:

нақд пул;

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари;

ташкилотнинг Марказий банкда очилган ҳисобварақларидаги маблағлари.


69. Кейинги 30 кун ичидаги кирим кейинги 30 кундаги чиқимнинг 75 фоизидан ошган тақдирда, кирим сифатида чиқимнинг 75 фоизи олинади.


70. Ликвидлиликни қоплаш коэффициенти 100 фоизлик меъёрдан кам бўлмаслиги лозим.


71. Cоф барқарор молиялаштириш коэффициенти барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммасини барқарор молиялаштиришнинг зарур суммасига нисбати сифатида аниқланади.


72. Cоф барқарор молиялаштириш коэффициенти 100 фоизлик меъёрдан кам бўлмаслиги лозим.


73. Ташкилот ликвидлилик коэффициентлари ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.



3-§. Бир қарз олувчи учун таваккалчилик даражаси


74. Ташкилотнинг бир қарз олувчи учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдори унинг жами активининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.


75. Ташкилот бир қарз олувчи учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдори ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.



10-БОБ. ТАШКИЛОТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


76. Ташкилотни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

77. Ташкилот Марказий банк у тўғрисидаги маълумотларни реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб, 30 кун ичида ўз номидан "ипотекани қайта молиялаштириш" сўз бирикмасини чиқариш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини амалга ошириши ёки қайта ташкил этиш ёҳуд тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.



11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


78. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 17 февраль, 6-сон, 69-модда















































Время: 0.2127
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск