ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Коммунал хўжалик / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2020 й. 108-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 февралдаги

108-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал

хизмат   кўрсатиш   вазирлиги   ҳузуридаги

Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат

қилиш инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериши тартибини, шунингдек, унинг раҳбариятининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Инспекция ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида давлат назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига (кейинги ўринларда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги деб аталади) ҳисобот беради.

Инспекция ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қapopларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорларига ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Инспекциянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқарорлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий инспекциялари (кейинги ўринларда ҳудудий инспекциялар деб аталади) юридик шахс мақомига эга эмас.


6. Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари фаолияти давлат бюджети ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


7. Инспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси;

қисқартирилган номи - Сувинспекция;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Инспекция по контролю за использованием питьевой воды при Министерстве жилищно-коммунального обслуживания Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Водинспекция;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Inspectorate for Oversight over Use of Drinking Water under the Ministry of Housing and Public Utilities of Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Waterinspectorate.


8. Инспекциянинг марказий аппарати жойлашган жой: Тошкент шаҳри, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уй.


9. Инспекция тизимига Инспекциянинг марказий аппарати ва ҳудудий инспекциялари киради.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатувчи корхоналар (кейинги ўринларда сув таъминоти ва канализация корхоналари деб аталади) томонидан технологик жараённи такомиллаштиришга ва энергияни тежашга йўналтирилган сув таъминоти ва канализация тизими объектлари технологик аудитдан ўтказилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик ҳамда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартлари, сув таъминоти ва канализация тизимидаги шикастланишлар ва аварияларнинг профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган меъёрларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ер ости ичимлик суви қудуқларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш.


11. Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонунлар ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналари, шунингдек истеъмолчилар томонидан сув таъминоти ва канализация соҳасида хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналари томонидан иншоотларда ичимлик сувининг технологик ҳисоби юритилиши таъминланганлигини ва ҳисоблаш ускуналари ишлашини назоратга олиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналари томонидан ичимлик сувини йўқотишнинг белгиланган меъёрларига риоя этилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, сув таъминоти ташкилотлари томонидан аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати, стандартлар ва ўрнатилган талабларга жавоб бериши юзасидан назорат ўрнатиш;

б) ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатувчи корхоналар томонидан технологик жараённи такомиллаштиришга ва энергияни тежашга йўналтирилган сув таъминоти ва канализация тизими объектлари технологик аудитдан ўтказилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

ҳудудий инспекциялар томонидан сув таъминоти ва канализация тизими объектлари технологик аудитдан ўтказилишини назоратга олиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектлари самарадорлигини ошириш бўйича техник жараён ва энергияни тежаш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;


в) сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик ҳамда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимига уланишда техник шартларга риоя этилишида қоидабузарликларни аниқлаш тадбирлари бажарилишини назорат қилиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиш, шунингдек, ҳисобга олинмаган истеъмолчиларни аниқлашга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

инвестиция дастурлари асосида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув объектларида амалга оширилган қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари натижасида истеъмолчиларнинг сув таъминоти ва канализация хизматлари билан қамраб олиниши ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари билан истеъмолчилар ўртасида шартномавий муносабатлар йўлга қўйилганлиги устидан назорат қилиш;

канализация тармоқларига зарарли моддаларнинг оқизилишида белгиланган талабларга амал қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

г) ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартлари, сув таъминоти ва канализация тизимидаги шикастланишлар ва аварияларнинг профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган меъёрларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларида техник талабларга асосан профилактика ишлари амалга оширилишини назоратга олиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларидаги авария ва носозликлар бўйича огоҳлантириш тадбирлари ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;


д) ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ер ости ичимлик сув қудуқларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ер ости ичимлик сув қудуқларидан фойдаланишнинг ҳолати ва шароитларини назорат қилиш.

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда ҳудудий инспекциялар орқали амалга оширади.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Ҳудудий инспекциялар қуйидагилар устидан назоратни амалга оширадилар:

аҳолини уларнинг яшаш жойларида ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимида носозлик ва аварияларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларни бажариш;

фойдаланиш бўлинмалари техник, хизмат ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар билан таъминланиши;

ичимлик сувининг сифати, ичимлик суви ишлаб чиқарувчи иншоотлар сувни зарарсизлантириш ускуналар билан таъминланиши;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ер ости ичимлик суви қудуқларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши;

ичимлик суви меъёридан ортиқча йўқотилишига йўл қўйилганлиги.


13. Ҳудудий инспекциялар ўзларига юкланган вазифалар доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ичимлик сувини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш устидан тафтиш ва назоратни амалга оширади;

ер ости ичимлик суви қудуқлардан фойдаланиш ва уларнинг ҳолатини назорат қилади;

ер ости ичимлик суви қудуқларини лойиҳалаштириш, бурғулаш, қуриш ва ўзлаштириш жараёнлари устидан назоратни амалга оширади;

ичимлик суви таъминоти соҳасидаги хавфсизлик талабларига риоя этилишини назоратга олади;

ичимлик суви сифатини ҳамда ичимлик суви ишлаб чиқарувчи ва оқова суви иншоотларининг сувни тозалаш ва зарарсизлантириш ускуналари билан таъминланганлигини назорат қилиб боради;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларидан фойдаланиш, шу жумладан ичимлик суви ва канализация тизимларига уланиш қоидаларига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади;

ҳисобга олинмаган истеъмолчиларни (ноқонуний уланма) аниқлашни ташкил этиш, хусусан инвестиция дастурлари асосида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув объектларида амалга оширилган қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари натижасида истеъмолчиларнинг сув таъминоти ва канализация хизматлари билан қамраб олиниши ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари билан истеъмолчилар ўртасида шартномавий муносабатлар йўлга қўйилганлигини назорат қилади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, сув таъминоти ташкилотлари томонидан аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати, стандартлар ва ўрнатилган талабларга жавоб бериши юзасидан назоратни амалга оширади;

канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг нормативдан ортиқча оқизилишида белгиланган талабларга амал қилиниши устидан назорат ўрнатади;

ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик аудитдан ўтказади;

ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация соҳасига илғор технологияларни олиб кириш бўйича тарғибот ишларини амалга оширади.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ МАРКАЗИЙ АППАРАТИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


14. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолиятига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Инспекция ваколатига кирадиган масалаларда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Инспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар барча тоифадаги сув таъминоти ва канализация корхоналарида, жумладан, ер ости ичимлик суви қудуқлардан фойдаланувчи ташкилотларда, уларнинг объектларида ваколати доирасига кирувчи масалаларда белгиланган тартибда текширув ўтказиш;

текшириш ишлари амалга оширилаётган (амалга оширилган) ташкилотларнинг текширишга дахлдор бўлган ҳужжатлари билан танишиш;

юридик ва жисмоний шахсларга тегишли объектларда, шу жумладан, яшаш жойларида, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ҳамда фойдаланиш талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда текшириш;

канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг нормативдан ортиқча оқизилиши аниқланганда, бу борада белгиланган тартибда жавобгарларга нисбатан компенсация тўловлари ҳисоблаш ва ундириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация ташкилотлари ишчиларининг техник регламент ҳамда хавфсизлик талаб ва қоидалари бўйича билим даражасини текшириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

вазифалар ва функцияларни амалга ошириш жараёнида аниқланган салбий ҳолатлар ҳамда қоидабузарликлар бўйича ҳуқуқбузарларга белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўллаш;

ер ости ичимлик суви захираларининг камайиши ёки ер ости сувларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда ер ости сувларини олишни тўхтатиш ёки бу борада ажратилган лимитни белгиланган тартибда қисқартириш чораларини кўриш;

зарурат бўлганда ичимлик ва оқова сувларни, ускуна ва материалларни тегишли ташкилотлар томонидан назорат синовидан ва таҳлилдан, шунингдек, лойиҳа қарорларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказишни тайинлаш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлардан ваколати доирасига кирувчи масалаларда зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

Инспекция ходимларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш.

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Инспекция:

унга юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида давлат назоратини самарали амалга ошириш;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига Инспекция томонидан киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Инспекция томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати ва пировард натижалари учун жавоб беради.



5-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


16. Ҳудудий инспекциялар юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур маълумотларни давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиши учун тақдим этиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар барча тоифадаги сув таъминоти ва канализация корхоналарида, жумладан, ер ости ичимлик суви қудуқлардан фойдаланувчи ташкилотларда, уларнинг объектларида ваколати доирасига кирувчи масалаларда белгиланган тартибда текширув ўтказиш;

текшириш ишлари амалга оширилаётган (амалга оширилган) ташкилотларнинг текширишга дахлдор бўлган ҳужжатлари билан танишиш;

юридик ва жисмоний шахсларга тегишли объектларда, шу жумладан, яшаш жойларида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ҳамда фойдаланиш талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда текшириш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналаридан текшириш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни олиш;

ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналарига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

вазифалар ва функцияларини амалга ошириш жараёнида аниқланган салбий ҳолатлар ҳамда қоидабузарликлар бўйича ҳуқуқбузарларга белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўллаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ишларни юритиш.


17. Ҳудудий инспекциялар:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

ичимлик суви таъминоти объектларида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида ҳудудларда тегишли соҳани ривожлантиришга доир таклифлар тайёрлаш учун масъулдир.



6-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Инспекция бошлиғи уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Ҳудудий инспекциялар раҳбарлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишган ҳолда Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ҳудудий инспекциялар ходимлари ҳудудий инспекция раҳбарларининг тавсиясига асосан Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


19. Меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш шартларига кўра:

Инспекция бошлиғи - вазир ўринбосарига;

Инспекция марказий аппарати ходимлари - уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги марказий аппарати ходимларига;

Ҳудудий инспекциялар бош инспекторлари - ҳудудий уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари бошлиқларига;

Ҳудудий инспекция инспекторлари - ҳудудий уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларининг бўлим бошлиқларига тенглаштирилади.

20. Инспекция бошлиғи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳайъати таркибига киритилади.


21. Инспекция фаолиятига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири мутасаддилик қилади.



7-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


22. Қуйидагилар Инспекция бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Инспекцияга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Инспекция фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг топшириқлари сифатли ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш;

Инспекция фаолиятини режалаштириш, Инспекциянинг чораклик иш режаларини тасдиқлаш, улар бажарилишини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг қарорлари ва топшириқлари ижроси таъминланиши ва мониторинг олиб борилишининг амалий тизимини ташкил этиш;

Инспекция фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун марказий аппаратнинг мансабдор шахслари ва ҳудудий инспекциялар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Инспекция марказий аппарати ва ҳудудий инспекциялар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Инспекция тизимида лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, шунингдек, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига киритиш;

Инспекция раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида самарали бўлиш ва Ўзбекистон Республикасига хорижий делегациялар ташрифини ташкил этишда мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш ва ташкил қилиш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ҳудудий инспекциялар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам равишда ўтказиш, уларнинг ҳисоботларини Инспекция мажлисларида эшитиш, якунлари бўйича зарур ҳолларда уларни белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

Инспекция ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилиш, уларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Инспекция ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш, шунингдек, уларга риоя қилинишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Инспекция тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини қабул қилиш, шунингдек, ҳуқуқий амалиёт ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг юзага келишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф қилиш;

Инспекция ва унинг таркибий бўлинмалари ишини ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий қилишни таъминлаш;

"Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шу жумладан, Инспекциянинг ахборот тизими самарадорлиги ва сифатини ошириш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган муддатлар ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишни ташкил қилиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсан қабул қилишни тизимли равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойнинг ўзига чиқиб қабул қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушаётган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ишлашни ташкил қилиш, уларнинг фаолиятида Инспекция ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирокини таъминлаш;

давлат сири ва махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий инспекциялар тўғрисидаги низомларни, лавозим йўриқномаларини ва Инспекциянинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Инспекция ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижроси устидан белгиланган тартибда назорат қилиш;

Инспекция марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига белгиланган штатдаги ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига таклифлар киритиш.

Инспекция бошлиғи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функционал вазифаларни ҳам амалга оширади.


23. Қуйидагилар Инспекция марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида ҳудудий инспекцияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Инспекция таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг котибиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Инспекция баённома қарорлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ва Инспекция раҳбариятининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг иш режалари ишлаб чиқилишини, уларда кўрсатилган вазифалар ва чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятида амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Инспекция бошлиғига таклифлар киритиш, уларнинг касбий маҳорати, лаёқати, амалий тажрибаси, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий сифатлари юқори даражасининг кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини қабул қилиш;

таркибий бўлинмаларнинг ходимлари фаолияти самарадорлигини танқидий таҳлил қилиб бориш, йиғилишларда уларнинг ҳисоботларини эшитиш, натижалар бўйича зарур чора-тадбирларни қабул қилиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Инспекция ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Инспекцияда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини қабул қилиш, ҳуқуқий амалиёт ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган муддатда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

давлат сири ва бошқа махфий маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

ваколати доирасига кирадиган масалалар юзасидан фаолиятни такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни қабул қилиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш ва Инспекция бошлиғига киритиш.


24. Қуйидагилар ҳудудий инспекциялар раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш;

ҳудудий инспекциялар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Инспекция ҳужжатлари ва қарорлари билан ушбу инспекцияларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамаси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг топшириқлари ва ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий инспекциялар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Инспекциянинг буйруқлари, қарорлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Инспекциянинг фаолияти доирасига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

ҳудудий инспекция ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Инспекцияда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, ҳуқуқий амалиёт ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган муддатда ва тартибда кўриб чиқиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ҳуқуқбузарликлар бўйича далолатномалар тузиш ва кўрсатмалар бериш;

ушбу Низомга мувофиқ мажбуриятларни тақсимлашга кўра бошқа ваколатларни амалга ошириш.



8-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


25. Инспекция бошлиғи:

Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларни, шунингдек, ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


26. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Инспекция марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 23-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларини сифатли бажариш учун шахсан масъулдир.


27. Ҳудудий инспекцияларнинг раҳбарлари:

ҳудудий инспекцияларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳудудий инспекцияларнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.



9-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲИСОБОТ

БЕРИШИ ҲАМДА ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


28. Инспекция бошлиғи Инспекция фаолияти тўғрисида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Инспекция бошлиғи фаолиятининг унга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича доимий мониторингини олиб боради ҳамда Инспекция фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


29. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳолаб борилади.


30. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Инспекция фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва индикаторларга асосланади.


31. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича қуйидаги чоралар кўрилади:

Инспекция раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Инспекция фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш.


32. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



9-1-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ

33. Инспекция бюджет ташкилоти ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан, Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


34. Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги 409-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Инспекция ходимларига қўшимча тўлов ва моддий ёрдам кўрсатилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

35. Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари ўз вазифалари ҳамда функцияларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


36. Инспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 февраль













































Время: 0.2107
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск