ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Гуманитар фанларга оид олий ўқув юртлари (санъат, чет тиллар ва б.) /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.03.2020 й. 117-сон "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.03.2020 й.

N 117




АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЎЗБЕК ТИЛИ ВА

АДАБИЁТИ УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармонида белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида ўзбек тилининг ўрнини кучайтириш ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (кейинги ўринларда - Университет) олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин.


2. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан хорижий фуқаролар учун Университет ҳузурида юридик шахс мақомига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилсин.


3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли асосда ошириб бориш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

давлат хизматчилари ва аҳолининг нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш;

соҳалар кесимида давлат тилида иш юритиш бўйича оммабоп қўлланмалар яратиш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

соҳага оид ўқув ва малака ошириш курсларининг, шу жумладан масофавий ўқитишнинг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш.

4. Қуйидагилар:

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ходимлари умумий чекланган сони 53 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ҳудудий бўлинмаларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳудудий бўлинмалари ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Белгилансинки:

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари учун татбиқ этиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўқув режадаги фанларни ўқитиш учун профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар штат ва соатбай асосида жалб этилади;

малака ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақининг миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга кўпайтирилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари (кейинги ўринларда - тингловчилар) пулли шартнома асосида ўқитилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тингловчилари тегишли олий таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс маркази электрон адабиётлар фондидан бепул асосда фойдаланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида аҳоли учун ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича ташкил этиладиган бепул ўқув курслари харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.


6. Марказнинг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтларининг биноларига "ноль" ставкадаги ижара тўлови асосида ҳамда тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда жойлаштирилсин.


7. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

тингловчиларни пулли шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси давлат тилини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2020 йилдан бошлаб долзарб филологик илмий-техник муаммолар ечимига бағишланган фундаментал, амалий ва инновация лойиҳалари бажарилишини мақсадли молиялаштириш;

университетнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини ошириш чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) бир ой муддатда мазкур қарор билан жорий этилаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Университетнинг янгиланган ташкилий тузилмасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

б) икки ой муддатда Марказ уставини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш;

в) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика ҳудудларида ўзбек тилини янада ривожлантириш, ушбу йўналишда республика таълим муассасаларида она тили ва адабиёти ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш ва узоқ ҳудудлардан ўқишга қабул қилинган талабалар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида давлат университетлари ҳамда педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш;

г) 2020 йилдан бошлаб илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда, ўзбек тили бўйича замон талабларига жавоб берадиган, такомиллаштирилган янги авлод ўқув адабиётларини яратишни кенгайтириш;

д) ўзбек тилининг луғат бойлигини янги сўзлар билан доимий бойитиб бориш ва ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган Ўзбек шевашунослиги марказини бир ой муддатда ташкил этиш;

е) Университетда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб "Синхрон таржима" ва "Компьютер лингвистикаси" магистратура мутахассисликлари бўйича;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич "Адабий манбашунослик ва матншунослик (этнология)", "Компьютер лингвистикаси", "Психология", "Социология", "Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)", "Фольклоршунослик ва шевашунослик", бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда "Бадиий таржима", "Илмий-техник таржима" ва "Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)" магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш чораларини кўрсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда:

давлат тилининг ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини, янги ўқитиш методикасига асосланган ўзбек тилини билиш даражасини баҳолашнинг халқаро стандартини яратиш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш;

хорижий университетларда мавжуд бўлган ўзбек тили марказларини зарур илмий, ўқув-услубий ва малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўзбек тили бўйича илмий тадқиқот ва таълим дастурларини ҳамкорликда амалга ошириш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:

жаҳон ҳамжамиятининг, хусусан, хорижлик ёшларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини фан ва таълимдаги ҳамкорлик лойиҳалари орқали ошириш;

Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги маданий-гуманитар ва илмий-таълим ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ўзбек тили тарғиботини кенг йўлга қўйиш ва бу борада хориждаги мавжуд инфратузилма, восита ва имкониятлардан самарали фойдаланиш;

хорижий мамлакатларда ўзбек тилини тарғиб қилиш, уни ўргатиш ва ўқитишни қўллаб-қувватлаш орқали ўзбек маданияти, фани ва таълимини жаҳонда оммалаштириш мақсадида ўзбек тили байрамига бағишланган комплекс акция ва тадбирлар ўтказиш чораларини кўрсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда:

2020 йилдан бошлаб Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендияси танловларини ўтказишда ўзбек тили методикаси соҳасини инобатга олсин ҳамда ушбу соҳа мутахассисларининг Жамғарма танловларида иштирок этишини таъминласин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетда ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари доирасида кадрлар тайёрлашни ташкил этсин.


13. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университет профессор-ўқитувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига қисқа муддатли стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Университетнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишига рухсат берилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 2019/2020 ўқув йили давомида олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ташкил этилишини таъминласин.


15. Белгилаб қўйилсинки, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш (шу жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш) ва сақлаш харажатлари, шунингдек, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, жумладан, мебель, ўқув ва масофавий таълим учун зарур жиҳозлар, компьютер техникаси билан таъминлаш харажатлари тингловчиларни пулли шартнома асосида ўқитишдан тушган маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


16. Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари 2020 йилдан бошлаб ўз тизимидаги ташкилотларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари харажатлар сметаларини шакллантиришда ходимларининг давлат тилида иш юритиш асослари бўйича малакасини ошириш учун тўланадиган маблағлар режалаштирилишини назарда тутсин.


17. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Марказни Тошкент шаҳрида бўш турган ва фойдаланилмаётган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 3 мартдаги

117-сон қарорига

1-ИЛОВА



Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги

Давлат тилида иш юритиш асосларини

ўқитиш ва малака ошириш маркази

ТУЗИЛМАСИ

Марказ директори - проректор

Давлат ташкилотлари ходимларини давлат тилида иш юритишга ўқитиш ва малакасини ошириш бўлими

4

Илмий-методик таъминот бўлими

3

Аҳолини ўзбек адабий тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларига ўқитиш бўлими

3

Бухгалтерия

3

Ҳудудий бўлинмалар

39

Қорақалпоғистон

Республикаси

3

Андижон вилояти

3

Бухоро вилояти

3

Жиззах вилояти

3

Навоий вилояти

3

Наманган вилояти

3

Самарқанд вилояти

3

Сирдарё вилояти

3

Сурхондарё вилояти

3

Тошкент вилояти

3

Фарғона вилояти

3

Хоразм вилояти

3

Қашқадарё вилояти

3

Марказ ходимларининг чекланган умумий сони - 53 нафар, шу жумладан ҳудудий бўлинмалар ходимлари сони - 39 нафар.






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 3 мартдаги

117-сон қарорига

2-ИЛОВА



Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида

иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш

маркази ҳудудий бўлинмаларининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Бўлинма раҳбари

1

Давлат ташкилотлари ходимларини давлат тилида иш юритишга ўқитиш ва малакасини ошириш бўлими

1

Аҳолини ўзбек адабий тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларига ўқитиш бўлими

1





Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 3 мартдаги

117-сон қарорига

3-ИЛОВА




Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида

иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш

марказининг ҳудудий бўлинмалари ташкил

этиладиган олий таълим муассасалари

РЎЙХАТИ


1. Қорақалпоқ давлат университети


2. Андижон давлат университети


3. Бухоро давлат университети


4. Гулистон давлат университети


5. Жиззах давлат педагогика институти


6. Навоий давлат педагогика институти


7. Наманган давлат университети


8. Самарқанд давлат университети


9. Термиз давлат университети


10. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти


11. Урганч давлат университети


12. Фарғона давлат университети


13. Қарши давлат университети



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 4 март


























































Время: 0.2114
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск