ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси /

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.03.2020 й. 123-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 5 мартдаги

123-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда

Қорақалпоғистон  Республикаси  Молия  вазирлиги,

Вилоятлар  ва  Тошкент  шаҳар  ҳокимликлари  молия

бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини

ривожлантириш мақсадли жамғармалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги) ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда - Республика жамғармаси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари (кейинги ўринларда - Ҳудудий жамғармалар) маблағларини бошқариш, уларнинг маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар тегишли равишда:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, корхоналарни модернизация қилиш, сақлаш, қишқи қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари учун технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш (кейинги ўринларда - жиҳозлаш) ишларини молиялаштириш;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини (кейинги ўринларда - минтақавий йўллар) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун йўналтириладиган маблағларни тўплаш, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.


3. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар юридик шахс мақомига эга бўлмайди.


4. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари Молия вазирлигининг ахборот тизимида республика ва ҳудудий даражада очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.



2-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА ҲУДУДИЙ

ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


5. Республика жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда жиҳозлаш бўйича ишларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда - Автомобиль йўллари қўмитаси) ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси марказий аппаратини, "Автойўлинвест" агентлигини, "Республика диспетчерлик маркази" унитар корхонаси, "Ахборот коммуникация технологиялари маркази" унитар корхонасини (кейинги ўринларда - бош бошқармалар) сақлаш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш учун республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда - ЎТТЖ) маблағлари ҳисобига 30 йил давомида узиш шарти ва 5 йиллик имтиёзли давр билан ажратиладиган фоизсиз кредитлар шаклида 2020 йилда 50 млн АҚШ доллари ва 2021-2024 йилларда ҳар йили 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров, кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ҳудудий жамғармалар маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетлардан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;

минтақавий йўлларни ривожлантириш учун маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари томонидан жорий этиладиган йиғимлар;

автомобиль йўллари ва кўчалари бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар;

транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағлар;

Республика жамғармасидан трансфертлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқни тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун ушбу ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилансинки, автомобилга эгалик учун йиллик йиғим туман (шаҳар)ларнинг тегишли бюджетларига йўналтирилади ҳамда ушбу туман (шаҳар)ларнинг минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун мақсадли сарфланади.

Умумий фойдаланишдаги йўлларда жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларида назарда тутилган маблағларни бошқа мақсадлар учун қайта тақсимлаш тақиқланади.


7. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган параметрларида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, корхоналарни модернизация қилиш, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини, жиҳозлаш ҳамда бошқа харажатларни молиялаштириш учун режалаштирилган маблағлар Республика жамғармасига Молия вазирлиги томонидан келгуси ой учун жорий ойнинг учинчи ўн кунлигида ўтказиб берилади.


8. Республика жамғармасидан Ҳудудий жамғармаларга ажратилиши режалаштирилган трансфертлар Ҳудудий жамғармаларга Республика жамғармаси томонидан келгуси ой учун жорий ойнинг учинчи ўн кунлигида ўтказиб берилади.

Трансфертлар Республика жамғармасидан Ҳудудий жамғармаларга қуйидаги харажатларни молиялаштириш учун ажратилади:

минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига;

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурлари доирасида минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига;

эркин иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналарига олиб борувчи минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига;

янги қурилаётган намунавий уй-жой массивларига олиб борувчи ва ички йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга.


9. Ушбу Низомнинг 5-банди учинчи хатбошисида кўзда тутилган маблағлар ЎТТЖ томонидан Молия вазирлиги ва ЎТТЖ ўртасида тузиладиган фоизсиз қарз шартномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Ушбу маблағлар белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан Республика жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Молия вазирлиги ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (келгуси ўринларда - Давлат бюджети) параметрларини шакллантиришда ЎТТЖ томонидан ажратиладиган фоизсиз кредитларни қоплаш учун тегишли маблағ ажратилишини назарда тутади.

ЎТТЖ томонидан ажратиладиган фоизсиз кредитларнинг Республика жамғармасига мақсадли йўналтирилиши юзасидан назорат ЎТТЖ томонидан амалга оширилади.


10. Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг (кейинги ўринларда - маҳаллий бюджетлар) тасдиқланган параметрларида режалаштирилган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари (кейинги ўринларда - молия бош бошқармалари) ҳамда туман (шаҳар) молия бўлимлари томонидан, хусусан:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун режалаштирилган маблағлар Республика жамғармасига;

минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун режалаштирилган маблағлар Ҳудудий жамғармаларга келгуси ой учун жорий ойнинг учинчи ўн кунлигида ўтказилади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган параметрларида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига режалаштирилган маблағлар Республика жамғармасига Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келгуси ой учун жорий ойнинг учинчи ўн кунлигида ўтказиб берилади.



3-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА

ҲУДУДИЙ ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


12. Республика жамғармаси маблағлари:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш, корхоналарни модернизация қилиш ҳамда сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатларга;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари билан боғлиқ харажатларга;

Ҳудудий жамғармаларга трансфертларга;

халқаро молия институтлари иштирокидаги "Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳ"ларини зарур ҳолларда сақлаш харажатлари, ягона ижтимоий тўловлар ва ретроактив (қисқа муддатда қайтариш шарти билан) молиялаштириш харажатларига;

Автомобиль йўллари қўмитаси ва бош бошқармаларни сақлаш билан боғлиқ харажатларга;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига мувофиқ, истисно ҳолларда, автомобиль йўллари билан боғлиқ бўлмаган бошқа харажатларга;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини давлат кадастри геоахборот тизимини яратиш ва геоахборот тизими мобил иловасини қўллаган ҳолда автомобиль йўллари объектлари жойлашувини аниқлаш харажатларига;

ерни масофадан туриб зондлаш асосида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг электрон картография асосини яратиш харажатларига;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини республика автомобиль йўлларининг ягона электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда автомобиль йўллари объектларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш мақсадида автомобиль йўллари давлат кадастрининг веб геоахборот тизимини шакллантириш харажатларига;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини давлат кадастрининг веб геоахборот тизимини Давлат кадастрлари ягона тизимига интеграция қилиш харажатларига;

автомобиль йўллари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, стандартлар ва меъёрларни ишлаб чиқишга;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа харажатларга сарфланади.


13. Ҳудудий жамғармалар маблағлари:

минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга;

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурлари доирасида минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарига олиб борувчи минтақавий йўллар ва ички йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришга;

янги қурилаётган намунавий уй-жой массивларига олиб борувчи ва ички йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришга;

минтақавий йўлларнинг давлат кадастри геоахборот тизимини яратиш ва геоахборот тизими мобил иловасини қўллаган ҳолда автомобиль йўллари объектлари жойлашувини аниқлаш харажатларига;

ерни масофадан туриб зондлаш асосида минтақавий автомобиль йўлларининг электрон картография асосини яратиш харажатларига;

минтақавий йўлларни республика автомобиль йўлларининг ягона электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда автомобиль йўллари объектларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш мақсадида автомобиль йўллари давлат кадастрининг веб геоахборот тизимини шакллантириш харажатларига;

минтақавий йўлларни автомобиль йўллари давлат кадастрининг веб геоахборот тизимини Давлат кадастрлари ягона тизимига интеграция қилиш харажатларига;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа харажатларга сарфланади.



4-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА

ҲУДУДИЙ ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ


14. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини бошқариш мос равишда Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағларини бошқариш бошқармаси (кейинги ўринларда - Бошқарма) ва Молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий жамғармалари маблағларини бошқариш секторлари (кейинги ўринларда - Секторлар) томонидан амалга оширилади.


15. Бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисида чораклик ва йиллик ҳисоботни тайёрлаш;

Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан киритилган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектлари, корхоналарни модернизация қилиш, шунингдек, жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларини кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишилишини таъминлаш;

Ҳудудий жамғармаларга трансферт сифатида ўтказиб бериладиган минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича харажатларни ҳудудлар ва йўналишлар бўйича тақсимлаш;

Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ҳамда сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари учун йўналтириладиган маблағлар бўйича киритилган прогноз параметрларини кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишилишини таъминлаш;

Республика жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган буюртмачилар томонидан киритилган манзилли рўйхатларни кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишилишини таъминлаш;

Республика жамғармаси даромадлари ва харажатларининг йил ойлари бўйича ёйилмасини тайёрлаш ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлаш;

зарурат бўлганда, жойларга чиққан ҳолда, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни шакллантиришда қатнашиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари, шунингдек, объектларни жиҳозлаш тадбирлари ижроси мониторингини олиб бориш.


16. Секторларнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги чораклик ва йиллик ҳисоботни тайёрлаш ва Бошқармага белгиланган муддатларда тақдим этиш;

Ҳудудий жамғармалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган буюртмачилар томонидан киритилган манзилли рўйхатларни кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишилишини таъминлаш;

Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатларининг йил ойлари бўйича ёйилмасини тайёрлаш ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлаш;

зарурат бўлганда, жойларга чиққан ҳолда, минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни шакллантиришда қатнашиш;

минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш тадбирлари ижроси мониторингини олиб бориш.


17. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар томонидан тегишли ҳисоботлар тақдим этилмаганда буюртмачи раҳбариятини ёзма хабардор қилган ҳолда Бошқарма ва Секторлар тегишли ҳисоботлар талаб даражасида тақдим этилгунга қадар Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалардан харажатларни молиялаштиришни (тўлашни) чеклаб қўйишга ҳақли.



5-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА ҲУДУДИЙ

ЖАМҒАРМАЛАРИНИНГ ДАРОМАДЛАРИ ВА

ХАРАЖАТЛАРИ ПРОГНОЗИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


18. Автомобиль йўллари қўмитаси:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, корхоналарни модернизация қилиш, жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларни шакллантиради ва келгусида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг асосий параметрларига киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига тақдим этади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг манзилли дастурларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси билан тасдиқлаш учун киритади.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари таклифи асосида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда минтақавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг манзилли дастурларини шакллантиради, тасдиқлайди ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.


20. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.


21. Молия вазирлиги ҳар йили навбатдаги йил учун Давлат солиқ қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинга ўринларда - ҳудудий ҳокимликлар) билан биргаликда Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари, шу жумладан, Давлат бюджетидан тушадиган тушумлар ва бошқа манбалари бўйича тушумлар прогнозини тайёрлайди.


22. Автомобиль йўллари қўмитаси Республика жамғармасининг харажатлари бўйича келгуси давр учун бюджет сўровини Молия вазирлигига жорий йилнинг 1 июлигача тақдим этади.


23. Автомобиль йўллари қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари томонидан ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда Ҳудудий жамғармаларнинг харажатлари бўйича келгуси давр учун бюджет сўровини молия бош бошқармаларига жорий йилнинг 1 июнигача тақдим этади.


24. Молия вазирлиги томонидан Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларнинг даромадлари ва харажатларининг келгуси йил учун прогноз кўрсаткичлари Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш ва тасдиқлашда инобатга олинади.


25. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларнинг келгуси йилдаги даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари тасдиқлангандан сўнг Молия вазирлиги беш кун муддатда келгуси йилга Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар харажатларининг тасдиқланган асосий параметрларини Автомобиль йўллари қўмитасига ва қонунчиликда белгиланган бошқа буюртмачиларга етказади.


26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан автомобиль бензини, дизель ёнилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёнилғи бирлиги учун 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғим (кейинги ўринларда - махсус йиғимлар) миқдорлари бўйича таклифларни кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида, муайян маъмурий-ҳудудий бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олиб ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда келгуси йиллар учун Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тузиш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ муддатларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига кўриб чиқиш учун киритади.


27. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан минтақавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича қўшимча манзилли дастурлар ҳудудий мақсадли жамғармаларга махсус йиғимлар ҳамда автомобиль йўллари ва кўчалар бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлардан тушадиган маблағлар доирасида шакллантирилади.


28. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим (кейинги ўринлар - йиллик йиғим) миқдорлари бўйича таклифларни кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида, муайян маъмурий-ҳудудий бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олиб ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тузиш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ муддатларда туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига киритади.

Белгилаб қўйилсинки, йиллик йиғим бўйича маблағлар тўлиқ туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади ҳамда минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун мақсадли сарфланади.



6-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА

ҲУДУДИЙ ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИНИ

САРФЛАШ ТАРТИБИ


29. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган тадбирларга қуйидагилар буюртмачи ҳисобланади:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва мукаммал таъмирлаш юзасидан - "Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси" ДУК;

минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш юзасидан - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳузуридаги "Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" ДУК ва қонунчиликда белгиланган бошқа буюртмачилар;

Тошкент шаҳар кўчаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари юзасидан - синов (тажриба) тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланган буюртмачилар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ҳамда сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш ҳамда жиҳозлаш юзасидан - Автомобиль йўллари қўмитаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бош бошқармалари;

марказлашган алоқа-диспетчерлик хизматини сақлаш юзасидан - Автомобиль йўллари қўмитаси;

автомобиль йўллари соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (стандартлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, идоравий қоидалар ва нормалар, йўриқномалар ва бошқалар) ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш юзасидан - Транспорт вазирлиги;

импорт қилинадиган жиҳоз ва материаллар юзасидан - Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги ташкилотлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари "Қамчиқ" довони ҳудудидан ўтган қисмида жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари ҳамда жиҳозлаш юзасидан - "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси" УК;

янги қурилаётган намунавий уй-жой массивларига олиб борувчи ва уларнинг ички йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича - қонунчиликда белгиланган ташкилотлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари билан Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган тадбирларга буюртмачи вазифаси бошқа ташкилотларга ҳам юкланиши мумкин.


30. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари Молия вазирлигининг ахборот тизимида республика ва ҳудудий даражада очилган шахсий ғазна ҳисобварақларидан сарфланади.


31. Республика жамғармаси маблағлари ҳисобига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда жиҳозлаш ишларини молиялаштириш белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатлар асосида ва харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Республика жамғармасидан Автомобиль йўллари қўмитаси, бош бошқармалар, халқаро молия институтлари иштирокидаги "Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳ"лари, шунингдек, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағлар Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.


32. Ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобига минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни молиялаштириш белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатлар асосида ва харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.


33. Шартномаларда:

а) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича:

қурилишнинг дастлабки ойида аванс тўловлари қурилишнинг прогноз қилинаётган йили учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 30 фоизи миқдорида ажратилиши;

ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизигача жорий молиялаштириш амалга оширилиши;

белгиланган тартибда тузилган шартномаларда назарда тутилган кафолатли муддат ўтгандан кейин амалга ошириладиган объект қийматининг қолган 5 фоизини пудратчига тўлашнинг мажбурий шартлари назарда тутилади.

б) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш режалаштирилган ойлик иш ҳажмининг 40 фоизи миқдорида аванс бериш йўли билан амалга оширилиши, кейинчалик ҳисобот ойининг якуни билан тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида ажратилган аванс тўловлари ҳар ойда чегириб ташланган ҳолда амалда бажарилган ишлар ойма-ой молиялаштирилиши назарда тутилади

в) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари билан боғлиқ харажатлар ишлар қийматининг 50 фоизига аванс бериш йўли билан амалга оширилади;

ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 100 фоизигача жорий молиялаштириш назарда тутилади.

г) минтақавий йўлларни жорий таъмирлаш ишлари бўйича:

жорий таъмирлаш ишларининг дастлабки ойи мобайнида аванс тўловлари таъмирлаш ишлари прогноз қилинаётган йил учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 30 фоизи миқдорида ажратилиши;

ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 100 фоизигача жорий молиялаштирилиши назарда тутилади.

д) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича:

лойиҳа ишларининг дастлабки ойи мобайнида аванс тўловлари лойиҳа ишларининг тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 15 фоизи миқдорида ажратилиши;

қолган маблағлар, шартномаларда кўрсатилган шартларда, бажарилган ишлар қийматидан келиб чиқиб, ажратилган авансни ушлаб қолган ҳолда жорий молиялаштирилиши назарда тутилади.

35. Республика жамғармаси харажатлари прогноз кўрсаткичлари тасдиқлангандан сўнг Автомобиль йўллари қўмитаси:

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни;

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, таъмирлаш, шунингдек уларда табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни, шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитаси, бош бошқармалар, халқаро молия институтлари иштирокидаги "Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳ"лари, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича харажатларнинг йиғма сметаларини тасдиқлайди.


36. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида табиий офат оқибатларининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларининг манзилли рўйхатларини келишиш ва молиялаштириш тартиби Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.


37. Ҳудудий жамғармалар харажатлари прогнози тасдиқлангандан сўнг, ҳудудий ҳокимликлар минтақавий йўлларни:

лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхатларни Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бош бошқармалари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари ва молия бош бошқармалари билан келишган ҳолда;

лойиҳалаштириш ва таъмирлаш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бош бошқармалари ва молия бош бошқармалари билан келишган ҳолда тасдиқлайди.

Ҳудудий ҳокимликлар минтақавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектлари манзилли дастурлари ҳамда рўйхатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.


38. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан олинган ва буюртмачи мажбуриятлари бўйича лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ҳамда жиҳозлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ харажатлар бўйича тўлиқ молиялаштирилмаган маблағлар олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтказилиб мақсадли равишда сарфланади.


39. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан маблағларни ушбу Низомда назарда тутилмаган мақсадларга ўтказиш ва вақтинчалик олиб қўйиш таъқиқланади.



7-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА

ҲУДУДИЙ ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


40. Молия вазирлиги, молия бош бошқармалари Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларнинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида ҳисоб ва ҳисоботларни қонунчиликда белгиланган тартибда юритади.


41. Ҳудудий ҳокимликлар:

а) белгиланган тартибда:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқни тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловлар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун ушбу ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағларнинг ҳисобланишини ҳамда тўлиқ ва ўз вақтида белгиланган тақсимот асосида Ҳудудий жамғармаларга ўтказилишини таъминлайди;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган тушумлардан Ҳудудий жамғармаларга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар ва ушбу маблағлардан юзага келган қарздорликлар бўйича Молия вазирлигига ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-кунига қадар ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) тақдим этади.


42. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда:

а) белгиланган тартибда:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари (келгуси ўринларда халқ депутатлари кенгашлари) томонидан жорий этиладиган автомобилларга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан бензин, дизель ёнилғиси, суюлтирилган газ ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёнилғи бирлиги учун минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғимлар миқдорлари (25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда) бўйича тушумларни;

автомобиль йўллари ва кўчалари бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловларнинг ҳисобланишини, тўлиқ ва ўз вақтида Ҳудудий жамғармаларга ўтказилишини таъминлайди;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган тушумлардан Ҳудудий жамғармаларга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар ва ушбу маблағлардан юзага келган қарздорликлар бўйича Молия вазирлигига ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-кунига қадар ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) тақдим этади.


43. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига транспорт воситаси двигатели қувватидан келиб чиққан ҳолда тоифаланадиган қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағлар ҳисобланишини, тўлиқ ва ўз вақтида Ҳудудий жамғармаларга ўтказилишини таъминлайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тушумлардан Ҳудудий жамғармаларга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар ва ушбу маблағлардан юзага келган қарздорликлар бўйича Молия вазирлигига ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-кунига қадар ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалари билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) тақдим этади.


44. Молия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва ҳудудий ҳокимликлардан ушбу Низомнинг 41-43-бандларида назарда тутилган йиғим ва тўловларга тааллуқли қўшимча ахборот ва маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


45. Буюртмачи ташкилотлар:

Республика жамғармасидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалари билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) Бошқармага;

Ҳудудий жамғармалардан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалари билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) Секторларга ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 5-кунига қадар тақдим этади.


46. Секторлар Ҳудудий жамғармалардан молиялаштирилган харажатлар бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалари билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 8-кунига қадар Бошқармага тақдим этади.


47. Бошқарма Секторлар ва буюртмачилар томонидан тақдим этилган тегишли ҳисобот ва маълумотлар асосида Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармалардан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши юзасидан мониторинг олиб боради ҳамда ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 15-кунига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.


48. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ва минтақавий йўлларда амалга оширилган ишлар ва ажратилган маблағларнинг шаффофлигини таъминлаш юзасидан:

Автомобиль йўллари қўмитаси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш бўйича манзилли дастурлар, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажми ҳамда фойдаланишга топширилган объектлар тўғрисидаги ахборотларни;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича манзилли дастурлар, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажми ҳамда фойдаланишга топширилган объектлар тўғрисидаги ахборотларни;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мақсадли жамғармалар тушумлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилади ва оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан мос равишда вазирликлар ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради.



8-БОБ. МИНТАҚАВИЙ ЙЎЛЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШГА МАХСУС ЙИҒИМЛАР

МИҚДОРЛАРИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ


49. Ҳудудий ҳокимликлар минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғимлар миқдорини (25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда) киритиш учун муайян маъмурий-ҳудуд бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олган ҳолда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўяди.


50. Ҳудудий ҳокимликлар махсус йиғимлар миқдорларини ҳар йили 1 апрелга қадар:

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ягона порталига ҳудудий ҳокимликларнинг тегишли қарори лойиҳасини жойлаштириш орқали;

ўзларининг расмий веб сайтлари ва ижтимоий тармоқ каналлари орқали;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ҳудудий вилоят телевидениеларида, даврий газета ва журналларда чоп этиш орқали;

жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича махсус ташкилотлар ва муассасалар билан хўжалик шартномаларни тузиш орқали муайян маъмурий-ҳудудий бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олиб, кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш учун муҳокамага жойлаштиради.


51. Махсус йиғимлар миқдорларини киритиш бўйича жамоатчилик фикри камида икки ой мобайнида ўрганилади.


52. Ҳудудий ҳокимликлар жамоатчиликдан тушган таклифларни кўриб чиқиб, махсус йиғимлар миқдорлари бўйича таклифларни тайёрлайди ҳамда ҳар йили 15 июнга қадар Молия вазирлиги билан келишган ҳолда халқ депутатлари Кенгашлари навбатдаги сессиясига тақдим этади.


53. Махсус йиғимлар миқдорлари халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маъқуллангандан сўнг ҳудудий ҳокимликларнинг тегишли қарори қабул қилинади.



9-БОБ. РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИ ВА

ҲУДУДИЙ ЖАМҒАРМАЛАРНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


54. Республика жамғармаси ва Ҳудудий жамғармаларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 5 март















































Время: 0.0107
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск