ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Металлургия. Қора ва рангли металл чиқиндилари ва парчаларини йиғиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2020 й. ПҚ-4629-сон "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2020 й.

N ПҚ-4629



"НАВОИЙ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ

КОМБИНАТИ" ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИ

ИСЛОҲ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4124-сон қарорида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги истиқболли конларни ўзлаштириш, "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонасининг (кейинги ўринларда - "Навоий КМК" ДК) ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилмаган ва асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, "Навоий КМК" ДК мулки негизида янги ташкил этилаётган юридик шахслар фаолиятини ташкил этиш мақсадида:


1. "Навоий КМК" ДКда давлат органлари вакиллари, халқаро ва мустақил консультантлар, аудиторлар ва баҳоловчилар иштирокида:

а) қуйидагилар:

Ҳисоб ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар (ISAR) принциплари ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотларни ошкор қилиш тизимини жорий этиш;

Глобал ҳисобот ташаббусига (GRI) мувофиқ, шу жумладан иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича ҳисоботларни чоп этиш;

Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ захираларни қайта баҳолаш бўйича ишлар бошланганлиги;

б) "Навоий КМК" ДК мулки ва мулкий ҳуқуқлари рўйхатини тасдиқлаган ҳолда корхонанинг мол-мулкини хатловдан ўтказиш якунлангани маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Навоий КМК" ДК, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) "Навоий КМК" давлат корхонаси номланишини табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси - "Навоийуран" давлат корхонасига (кейинги ўринларда - "Навоийуран" ДК) ўзгартириш;

б) бир ой муддатда "Навоий КМК" ДК мол-мулкининг қисми негизида:

қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, акциядорлик жамияти кўринишидаги "Навоий КМК" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - "НКМК" АЖ) ишлаб чиқариш корхонасини;

"НКМК жамғармаси" давлат муассасасини (кейинги ўринларда - "НКМК жамғармаси" ДМ) таъсис этиш.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Навоий КМК" ДКнинг:

эмулсиявий-портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи мулкий комплексни "НКМК" АЖ тасарруфига берилишини инобатга олган ҳолда, "НКМК" АЖ таркибига бериладиган;

"НКМК жамғармаси" ДМга бериладиган объектлар, шу жумладан агроучасткалар ва ёрдамчи объектлар, меҳмонхоналар, ҳаммом ва тозалаш хўжалиги объектлари, ишлаб чиқариш цехлари, омборхона иншоотлари, шунингдек, бошқа тижорат объектлари ва қимматбаҳо қоғозлар (кейинги ўринларда - асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлар) ва ижтимоий инфратузилма, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги объектлари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, хизмат турар жойлари ва ётоқхоналари (кейинги ўринларда - ижтимоий инфратузилма объектлари) рўйхатини тасдиқласин.


3. "Навоий КМК" ДК ўз кузатув кенгаши ва Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда "Навоий КМК" АЖ акциялари қийматини тўлашда бадал сифатида қўйилиши лозим бўлган "Навоий КМК" ДК мол-мулки ва мулк ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси мол-мулкни баҳолаш миллий стандартларига мувофиқ баҳолашни якунласин.


4. Белгилансинки:

а) Агентлик "НКМК жамғармаси" ДМ ва "Навоийуран" ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади;

б) "НКМК" АЖ устав капитали таъсисчи томонидан "Навоий КМК" ДК оператив бошқарувидан мулк ва мулкий ҳуқуқларнинг қисмини, шунингдек, асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда, "Навоий КМК" ДК томонидан "НКМК" АЖ фойдасига бериладиган қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни олиш ҳамда ушбу мулк ва мулкий ҳуқуқларни "НКМК" АЖ акциялари қийматини тўлаш ҳисобига берилиши эвазига шакллантирилади. Бунда "Навоий КМК" ДК мулки ва мулкий ҳуқуқларини "НКМК" АЖ устав капиталига бериш 2019 йил 1 март ҳолатига ўтказилган якуний хатлов далолатномаси ва 2019 йил 30 июнь ҳолатига баҳолаш натижалари бўйича хулосалар асосида амалга оширилади;

в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "НКМК" АЖ устав капиталидаги давлат улушининг акциядори (таъсисчиси) функциясини бажаради;

г) "НКМК жамғармаси" ДМ мулки таъсисчи томонидан "Навоий КМК" ДК оператив бошқарувидан унинг мулки қисмини асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда олиш ва кейинчалик ушбу мулкни "НКМК жамғармаси" ДМга оператив бошқарувга бериш орқали шакллантирилади;

д) "НКМК" АЖ ва "НКМК жамғармаси" ДМ амалдаги шартномалар бўйича асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳамда учинчи томон билан келишилган ҳолда "Навоий КМК" ДКнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади, бунда барча кредит шартномалари (кредиторлар билан келишилган ҳолда) "НКМК" АЖга ўтказилади, "Навоийуран" ДК эса асосий фаолият турига тегишлилиги ва ишлаб чиқариш жараёнларини инобатга олган ҳолда қолган шартномалар бўйича "Навоий КМК" ДК ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишни давом эттиради;

е) "Навоий КМК" ДК ходимларининг "НКМК" АЖ ва "НКМК жамғармаси" ДМга ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Бунда:

"НКМК" АЖ ва "НКМК жамғармаси" ДМга ўтган ишчи ходимлар билан янги меҳнат шартномаси тузиш талаб қилинмайди, амалдаги меҳнат шартномасига зарур ўзгартиришлар эса иш берувчи томонидан белгиланган тартибда киритилади;

ўтказилган ишчи ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, моддий ёрдам ҳамда қонун билан белгиланган район коэффициентлари сақлаб қолинади;

"НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК, "НКМК жамғармаси" ДМ ишчи ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун илгари "Навоий КМК" ДК ишчи ходимлари учун ўрнатилган ижтимоий инфратузилма объектларидан, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш объектлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда хизмат турар жойлари, ётоқхоналар ва бошқа объектлардан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи тўлалигича сақлаб қолинади;

беш йил давомида "НКМК жамғармаси" ДМ ихтиёрига берилаётган "Навоий КМК" ДК ишчи ходимлари сонини қисқартириш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолият турини ўзгартиришга йўл қўйилмайди;

"Навоий КМК" ДКдан пенсияга чиққан шахслар ҳамда "НКМК" АЖ, "НКМК жамғармаси" ДМ ва "Навоийуран" ДКда фаолият юритаётган барча ходимлар учун қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёзлар, шунингдек, товон, компенсация ва нафақаларнинг барча турлари (меҳнатда майиб бўлганлик, касб касалликлари, соғлиққа шикаст етганлик, бола парвариши ва бошқалар учун) сақлаб қолинади;

ж) "НКМК жамғармаси" ДМга берилаётган асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлардан ташқари ижтимоий инфратузилма объектларини беш йил давомида хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.


5. "Навоий КМК" ДК ишчи ходимларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Қуйидагилар устидан назорат қилиш Комиссиянинг асосий вазифаси этиб белгилансин:

"Навоий КМК" ДК қайта ташкил этилиши даврида "НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК, "НКМК жамғармаси" ДМ ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари, имтиёзлари ва кафолатларига риоя этилиши;

меҳнат шартномалари шартларига риоя этилишини ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларини таъминлаш чоралари кўрилиши;

"НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМ меҳнат шартларига кўра иш ўринларининг аттестация карталари ўз кучида қолиши қисмида қонун талаблари бажарилишини таъминлаш.

Комиссия бир ой муддатда "НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамалар, моддий ёрдам, шунингдек, район коэффициентлари ва бошқа ижтимоий имтиёзлар сақланишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Агентлик билан биргаликда икки ҳафта муддатда "НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМ фаолиятини ташкил қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин;

Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар самарали бошқарув тизимини жорий этиш, молиявий-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш ва 2025 йилгача бўлган муддатга инвестиция дастурини тасдиқлашни назарда тутган ҳолда "Навоийуран" ДК фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. 2020 йил 15 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

"НКМК" АЖнинг маъдан захиралари ва захиралар ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари, техник ҳисоботлари, конларнинг камайиши (истиқболли майдонлар) тўғрисидаги ҳисоботлари, кон ишлари бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодексига (JORC Code) мувофиқ тайёрланади ҳамда улар эълон қилиниши шарт;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат геология қўмитаси) томонидан рухсатномалар беришда Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартлари бўйича "НКМК" АЖ ҳисоботлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилмалари захираларининг давлат балансида ҳисобини олиб бориш учун белгиланган тартибда тайёрланган захиралар бўйича маълумотлар қабул қилинади.

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурида назарда тутилган "Навоий КМК" ДК инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Халқаро молия институтлари ва банкларнинг қарз маблағлари, жумладан кредитлар, облигациялар, еврооблигациялар, лизинг ҳамда қонунчиликда рухсат этилган қарзни молиялаштиришнинг бошқа турларини жалб этиш "НКМК" АЖнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни молиялаштиришнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "НКМК" АЖ билан бирга 2020 йил 1 майга қадар:

"НКМК" АЖ молиявий ҳисоботларини молиявий ҳисобот юритишнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрлаш ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказиш ишларини якунлаш;

"Навоий КМК" АЖда савдоларнинг рентабеллик даражаси, активлар, актив ва мажбуриятлар айланмаси ҳамда халқаро фонд биржалари ва молия институтлари талабларига мувофиқ аниқланадиган бошқа кўрсаткичларни ошкор этиш амалиётини татбиқ этиш ишларини якунлаш;

2020 йил 1 ноябрга қадар камида 300 миллион АҚШ доллари миқдорида корпоратив еврооблигациялар чиқариш бўйича аниқ чоралар кўрган ҳолда "НКМК" АЖнинг молиявий бошқаруви тизимини янада ислоҳ қилишни назарда тутувчи "Йўл харитаси" лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

икки ой муддатда "НКМК" АЖда, шу жумладан кузатув кенгашига икки нафар мустақил аъзони тайинлаш, кузатув кенгаши қошида қўмиталар ташкил этиш, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги низом ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бошқа ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарувнинг энг самарали амалиётлари татбиқ этилишини;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг даромадларини кўпайтиришни ва иқтисодий самарадорликни инобатга олган ҳолда, қазиб чиқариш бўйича иқтисодий самарадор режа, қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, операцион ва капитал харажатларни камайтириш чораларини ўз ичига олувчи "НКМК" АЖ ишлаб чиқариш дастури ва молиявий режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминласин.


12. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қимматбаҳо металлар активларини тўлдириш мақсадида "НКМК" АЖдан аффинланган қимматбаҳо металларни олди-сотди шартномаси асосида харид қилишда устувор ҳуқуққа эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аффинланган қимматбаҳо металларни харид қилишни рад этган тақдирда, "НКМК" АЖ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда аффинланган қимматбаҳо металларни Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциацияси савдоларида юзага келган нархларда учинчи шахсларга сотиш ҳуқуқига эга.


13. Янги ташкил этилаётган юридик шахсларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида:

Давлат геология қўмитаси икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри музокаралар асосида, очиқ савдолар ўтказмасдан ва тўловлар олмасдан, "Навоий КМК" ДК буюртманомаларига ва 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва геологик ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид рухсатномалар берилишини таъминласин;

Давлат геология қўмитаси "НКМК" АЖ ва "Навоийуран" ДК буюртманомалари асосида ўн кун муддатда "Навоий КМК" ДКга тегишли бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни мос равишда "НКМК" АЖ ва "Навоийуран" ДКга бериш ва қайта расмийлаштириш тартиб-таомиллари бажарилишини таъминласин;

"НКМК" АЖга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, фақатгина кредит ва қарз маблағларини кўчириш ҳамда уларни сўндириш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисоб рақамлари очишга ва улардан фойдаланишга рухсат этилсин;

2021 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, "НКМК" АЖга Давлат геология қўмитаси, шу жумладан Давлат геология қўмитаси тизимидаги акциядорлик жамиятлари этиб қайта ташкил қилинаётган давлат корхоналари билан геология-қидирув ишларини бажариш бўйича шартномаларни техник шартлар/спецификациялар, иш ҳажмлари ва тузилган шартномаларни мажбурий экспертизадан ўтказмасдан, рақобатлашув асосида харид қилиш тартиб-таомилларисиз тўғридан-тўғри шартномалар орқали тузишга рухсат этилсин.


14. Давлат геология қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда "НКМК" АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар ушбу қарорга 2-иловада кўрсатилган объектларни босқичма-босқич геологик ўрганишни назарда тутувчи узоқ истиқболга мўлжалланган геология-қидирув ишлари дастурини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"НКМК" АЖ ва "Олмалиқ КМК" АЖ билан биргаликда 2020 йил якунига қадар янги очилаётган Геология фанлари университети қошида геоинновацион илмий-тадқиқот маркази ташкил этилишини таъминласин.


15. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 243-моддаси 17-бандига биноан "Навоий КМК" ДК томонидан ушбу қарорга мувофиқ бепул берилаётган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;

"НКМК" АЖ ва "НКМК жамғармаси" ДМ томонидан қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайта ҳисоблаш таъсисчининг "НКМК" АЖ устав капиталига мол-мулк ва мулк ҳуқуқларини киритиши, "НКМК жамғармаси" ДМнинг мол-мулк ва мулкий ҳуқуқларни оператив бошқарувга олиши, шунингдек, мол-мулк ва мулкий ҳуқуқларни бошқа асосларда берилиши билан боғлиқ операциялар бўйича ҳақиқатда тўловлар қилинмасдан амалга оширилади;

ушбу қарорнинг 4-банди "г" кичик бандига мувофиқ томонлар - "Навоий КМК" ДКни "НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМга ўзгартирилиши белгиланган шартномаларга (шартномаларнинг амалдаги шартлари сақланган тақдирда) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 февралдаги "Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3550-сон қарори татбиқ этилмайди;

"НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМ бошқаруви ва кузатув кенгаши таркибига чет эл фуқароларини жалб этишга аъзолар умумий сонининг 35 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда рухсат берилади.


16. "НКМК" АЖ, "Навоийуран" ДК ва "НКМК жамғармаси" ДМга 2022 йил 1 январгача, истисно тариқасида, хўжалик фаолияти доирасида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб беришда, шунингдек, жалб этилаётган қарз маблағлари бўйича таклиф қилинган консультантлар билан, рақобатлашув асосида харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказмасдан ҳамда техник вазифалар/спецификациялар, иш ҳажмлари, тузилган шартномаларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда мажбурий равишда экспертиза қилмасдан ва рўйхатга олмасдан ўзаро тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


19. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банки ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


20. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4629-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Навоий КМК" ДК ишчи ходимларининг меҳнат

фаолияти ва ижтимоий ҳимояси масалаларини

комплекс ҳал этиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

Н.Б. Хусанов

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Комиссия ҳамраиси

Қ.С. Санақулов

-

"Навоий КМК" ДК бош директори, Комиссия ҳамраиси

У.Н. Мухаммадиев

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Комиссия раиси ўринбосари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари, Комиссия раиси ўринбосари

А.Д. Ташкулов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари

Қ.М. Рафиков

-

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг раиси

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4629-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Навоий КМК" ДК буюртманомаларига кўра

тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича оммавий

савдолар ўтказмасдан ва рухсатнома берганлик учун тўлов

ундирмасдан Давлат геология қўмитаси томонидан фойдали

қазилмаларни қазиб олиш ва геологик ўрганиш учун ер

қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи

рухсатномалар бериладиган геологик объектлар

РЎЙХАТИ

1. Геологик объектлар рўйхати

(фойдали қазилмаларни қазиб олишга ер қаъри

участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун)


1. Бесапантау


2. Ғарбий Амантайтау


3. Узунбулак


4. Сарыбатыр


5. Асаукак


6. Рохат


7. Ясвай


8. Колчиктау


9. Нукракон


10. Амантайтау (Марказий ва Шимолий участкалари)


11. Даугыз маъданли майдонининг кичик масштабли объектлари (Шимолий Асаукак, Ғарбий Карасай, Аксай, Ўрталик, Шимолий Даугызтау, Шимоли-Шарқий, Шимоли-Ғарбий, Тумшуктау, Тасказган, Ясаул, Марказий Карасай, Охактош, Шарқий Карасай)


12. Заркатлам


13. Шарыкты


14. Ғарбий Даугызтау (Мағрибкон)



2. Геологик объектлар рўйхати

(геологик ўрганишга ер қаъри участкаларидан

фойдаланиш ҳуқуқи учун)


1. Балпантау


2. Тамдыбулак


3. Олтин маъданли 2-зона


4. Елсой (Джелсай)


5. Майский


6. Кызылташ


7. Турбай


8. Бозтау


9. Сардор


10. Барханный


11. Телькитау


12. Каскыртау


13. Далний


14. Шимолий


15. Дайковый


16. Пистали


17. Олтин Диёр


18. Чуқурқудуқ (Триада)


19. Шимолий минераллашган зона


20. Мурунтау маъданли майдон қанотлари


21. Кокпатас кони ёнбағрлари (Ғарбий 1-4, 1-6, Ғарбий 3-2, 3-3, Йўл бўйи)


22. Караунгур


23. Даугызтау кони ёнбағрлари (Шарқий Даугызтау, Жанубий Даугызтау)


24. Лапак


25. Айбодом


26. Пистали кони ёнбағри (Шимолий, Жанубий, Ғарбий, Шарқий)


27. Сармич


28. Карабугуг


29. Олин маъданли 8-зона


30. Тайман


31. Узункудук - 2


32. Жолдас


33. Олтин маъданли 3-зона


34. Биран


35. Приконтактовый


36. Водий


37. Салын


38. Маулян


39. Қумли-2


40. Қумтош


41. Джаманкон-Бижанкара


42. Шимолий Косшоха


43. Биринчи сентябрь






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4629-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги "Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3067-сон қарори 1-иловасининг 3-позицияси чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПҚ-3487-сон қарори билан тасдиқланган Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарнинг рўйхатида:


а) 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. "Навоийуран" ДК;


б) қуйидаги мазмундаги 23 ва 24-бандлар билан тўлдирилсин:

"23. "Навоий КМК" АЖ;

24. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатининг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, вазирликлар, идоралар, давлат корхоналари ва муассасаларининг сиҳатгоҳлари ва соғломлаштириш муассасаларига, шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4124-сон қарорида:


а) 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Навоий КМК" ДК негизида қимматбаҳо металлар қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича акциядорлик жамиятини, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилмаган ва асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активлардан самарали ва оқилона фойдаланиш учун давлат муассасасини ташкил қилиш, кейинчалик "Навоий КМК" ДКни уран ва ноёб металлар қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича давлат корхонаси этиб ўзгартириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин";


б) 3-банди "г" кичик бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Навоий КМК" ДК негизида ташкил қилинаётган қимматбаҳо металларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича акциядорлик жамияти - 2023 йилда".






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4629-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган

айрим ҳужжатлари


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 23 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПФ-4256-сон Фармонига илованинг 7-банди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 3 мартдаги "Навоий кон-металлургия комбинатининг кузатув кенгашини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-809-сон қарори.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 3 мартдаги "Навоий кон-металлургия комбинатининг кузатув кенгашини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-809-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги ПҚ-1373-сон қарори.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ПҚ-1711-сон қарорига илованинг 8-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 9 март, 9-сон, 100-модда













































Время: 0.1905
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск